Пайғамбарнинг (сав) ҳақ-ҳуқуқларидан: у зотга салавот ва салом айтишимиз

    Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ
    Ислом Нури таржимаси

    Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ.

    Аммо баъд…

    Саййидимиз Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматга, балки бутун ер юзига Аллоҳ таолонинг энг улкан миннати ва буюк неъмати бўлдилар. Зеро, у зотни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳидоятга етакловчи йўлбошчи, Ўзининг изни билан Ўзига даъват қилувчи набий, нури билан оламни мунаввар этувчи чароғ қилиб юборди. Унинг рисолати билан барча рисолатларга, унинг нубуввати билан барча нубувватларга муҳр урди, у зотга олдидан ҳам, ортидан ҳам ҳеч қандай ботил-ноҳақлик келмайдиган Қуръонни нозил қилди, у зотга илоҳий шариатларининг охиргисини комил суратда туширди, одамлар уни ўз ҳаётларида намуна қилиб ушлайдилар, у билан ишларини ва аҳволларини ислоҳ қиладилар. Шундай қилсалар, тўғри йўлда – ҳар икки дунё саодатига элтувчи ҳақ йўлда барқарор бўладилар. Усиз башарият ҳаёти қандай кечарди, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилмаганларида одамларнинг аҳволи не кечарди?! Ҳайвонлардек, балки ундан ҳам ёмонроқ аҳволга тушган бўлардик! Аллоҳ таоло мўминларга марҳамат қилдики: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикмат (Суннат)ни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164). Бу яхшилиги учун Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган яхшиликлари жуда кўп. Лекин, бу катта яхшилиги ва бу буюк марҳамати учун мўминлар Унга ҳар қанча шукр бажо келтирсалар оз. Модомики, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча мўмин ва мусулмонларнинг ҳидоятларига сабабчи бўлган зот эканлар, ҳар бир мўмин ва мусулмоннинг зиммасида бу неъматга нисбатан битмас-туганмас шукр вазифаси турибди.

    Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан зиммамизда жуда кўп ҳақ-ҳуқуқлар бўлиб, улардан бири у зотга салавот ва салом айтишимиздир. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтади: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

    Абул-Олия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳнинг пайғамбарига салавоти уни Ўз олий даргоҳида зикр қилиши ва фаришталири ҳузурида унга мақтов айтишидир. Малоикаларнинг салавоти эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларига дуо қилишларидир».

    Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таолонинг салавоти раҳмат, малоикаларнинг салавоти истиғфордир».

    Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мазкур оятда Ўз бандаси, пайғамбари, халили ва мустафоси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Унинг ҳузуридаги мартабасини зикр қилади. Яъни, Аллоҳ таоло у зотни Олий Даргоҳда, улуғ фаришталири ҳузурида мақтов билан тилга олади, малоикалар эса у зотнинг ҳақларига истиғфор ва дуо қиладилар. Парвардигор азза ва жалла бизни ҳам, яъни, қуйи олам аҳлини ҳам у зотга салавоту саломлар айтишга буюрди. Шундай қилиб, бизларнинг, яъни қуйи олам аҳлларининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида айтган салавоту саломларимиз юқори олам аҳлларининг салавоту саломлари билан бирлашади.

    Мазкур ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айримлар айтгандек ҳеч йўқ умрда бир марта эмас, балки жуда кўп ўринларда ва кўплаб муносабатларда салавот айтиш вожиблигига далолат қилади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга намозларда салавот айтиш вожиб бўлади. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Намозда ташаҳҳудга ўтирилганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш вожиб, уни тарк қилган кишининг намози ботил бўлади». Бу саҳоба ва тобиинлардан бир жамоанинг мазҳабидир ва Имом Аҳмаддан бир ривоятда ҳам шундайдир. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳам шу фикрни ихтиёр қилганлар.

    Дуода ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш лозим бўлади. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини намозида дуо қила туриб, Аллоҳга ҳамду сано ва Расулига салавот айтмаганини эшитдилар ва: «Бу одам шошилди», дедилар. Сўнг уни чақириб, унга (ёки бошқа бировга) айтдилар: «Агар намоз ўқисанг – яъни, намоз ичида дуо қилсанг – Аллоҳни улуғлаш билан бошла ва Пайғамбарга салавот айт, сўнг истаганингча дуо қил» (Аҳмад (6/18), Термизий (3477), Абу Довуд (1481) ва Насоий ривоят қилганлар, Термизий, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Ҳоким саҳиҳ санаганлар).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинганда ҳам у зотга салавот айтиш вожиб бўлади. Набий Мустафо ва Халил Мужтабо соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилинганда у зотга салавот айтинг. Акс ҳолда жуда катта хатарда қоласиз. Зеро, набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай кишини дуоибад қилиб, айтганлар: «Ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган одам хор бўлсин» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (646) ва Ибн Хузайма (1888) ривоят қилганлар, саҳиҳ ҳадис). Эй Аллоҳим, саййидимиз ва набийимиз Муҳаммадга салавот ва саломлар йўллагин. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига салавот айтмаган кишини бахил деб атаганлар: «Бахил – ҳузурида зикр қилинганимда менга салавот айтмаган одамдир» (Термизий ривояти). Эй Аллоҳим, саййидимиз ва набийимиз Муҳаммадга Ўзинг салавот ва саломлар йўллагин.

    Азон эштилганидан сўнг у зотга салавот айтиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муаззиннинг азон айтаётганини эшитсангиз, у айтаётган калималарни айтинглар, сўнгра менга саловот айтинглар, чунки ким менга бир марта саловот айтса Аллоҳ унга ўнта саловот айтади, кейин Аллоҳдан менга васила сўранглар, зеро у жаннатдаги олий манзилат бўлиб, унга Аллоҳнинг бандалари ичидан фақат бир бандасигина етади. Ўша банда мен бўлишимни умид қиламан. Ким менга Аллоҳдан васила сўраса шафоатимга эришади», дедилар (Муслим (1/288, 289, №384) ривояти).

    Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менга салавот айтса, сўнг: «Эй Аллоҳим, уни қиёмат куни Ўз ҳузурингда муқарраб ўринда тургизгин» деса, унга шафоатим вожиб бўлади».

    Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг қуйидагича дуо қилганлари ривоят қилинган: «эй Аллоҳим, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг катта шафоатларини мақбул айлагин, у зотнинг олий даражаларини юксалтиргин, охиратда ҳам, дунёда ҳам у зотнинг сўровларини – Иброҳим ва Мусога берганингдек – ато этгин» (Абдурраззоқ «Мусаннаф»да (2/211, №3104), Исмоил ал-Қозий (52) ривоят қилганлар, исноди саҳиҳ).

    Масжидга кирганда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш машруъдир. Ўнг оёғингиз билан кирасиз ва: «Бимиллаҳи вас-солату вас-саламу ала расулиллаҳ, Аллоҳуммағфир лии ва вафтаҳ лии абваба роҳматик», дейсиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид(га кириш) олдида Пайғамбарга салавот ва салом айтардилар, сўнг: «Аллоҳуммағфирлий зунубий вафтаҳ лии абваба роҳматик», дердилар». (Маъноси: Эй Аллоҳим, гуноҳларимни кечиргин ва мен учун раҳматинг эшикларини очгин). (Термизий (314, 315) ва Аҳмад (6/282) ва бошқалар ривоят қилганлар, санадида узилиш борлиги туфайли заиф).

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундан бошқа ҳам жуда кўп ўринларда салавот айтиш машруъ бўлиб, айримлари вожиб, айримлари мустаҳаб бўлади. Мусулмон киши кўп вақтлар тилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга машғул қилса, унга жуда кўп ажру савоблар бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хушхабар берганлар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен сизга кўп салавот айтаман, дуойимдан қанчасини сиз учун салавот айтишга ажратай?» деб сўрадим. «Истаганингча» дедилар. «Тўртдан бирини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Ярмини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Учдан иккисини ажратсам бўладими?» дедим. «Истаганингча, агар зиёда қилсанг ўзингга яхши» дедилар. «Дуойимнинг ҳаммасини сизга салавот айтишга айлантирсамчи?» дедим. «Унда ғам-ташвишларингдан қутуласан ва гуноҳларинг кечирилади» дедилар (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари. Саҳиҳут-тарғиб: 1670).

    Мусулмон биродар! Аллоҳни зикр қиладиган вақтларингизнинг ҳаммасини салавот ва салом айтишга бағишласангиз, сиз ҳам ана шу башоратга дохил бўласиз.

    Муҳтарам мусулмонлар! Шундай экан, Аллоҳ таборака ва таолога бу буюк неъмати ва улкан раҳмати эвазига кўпдан-кўп шукр бажо келтирингиз. Зеро, бу ҳақиқий неъматки, одамлар уни қўйиб бошқа дунё ишларига машғул бўлиб кетишлари яхши бўлмайди. Одамларнинг дунё ишларидан кўплари эса кўриб, гувоҳ бўлиб турганимиздек, алдов, ёлғон, нифоқ ва беҳуда ишлардан иборат.

    Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш даъвосини қилувчилар, у зотнинг зиммаларингиздаги ҳақ-ҳуқуқларига огоҳ бўлингиз. Сизлар у зот сабабли ҳидоят топдингиз, тўғри йўлда барқарор бўлдингиз. У зот сабабли устингизга Аллоҳ таолонинг баракотлари ёғилди. Демак, ҳар бир мажлис ва ўтиришларимизда у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўллашимиз лозим бўлади, Аллоҳнинг зикри ва Расулининг салавотидан тилларимизни бўш қўймаслигимиз керак бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг ҳузурида менинг номим зикр қилинса-ю, у менга салавот айтишни унутса, жаннат йўли ундан бурилиб кетибди», деганлар (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2337). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси қавм бир мажлисда ўтирсалар-у, Аллоҳ таолони зикр қилмасалар ва ўз Пайғамбарларига дуою-саловот айтмасалар, қиёмат куни уларга бу мажлис ҳасрат бўлади. Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди ва хоҳласа кечириб юборади», дедилар (Имом Термизий (3380) ривояти).

    Мўмин биродарлар! Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва салом айтиш мустаҳаб бўлган ўринлардан яна бири жумъа куни ва жумъага ўтар кечасидир. Бу ҳақда Абу Умома, Абу Масъуд, Абу Дардо розияллоҳу анҳумлардан санади ҳасан ҳадис ривоят қилинган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жумъа куни менга кўп салавот айтинглар, чунки у малоикалар ҳозир бўладиган кундир. Бирон киши агар менга салавот айтса, ҳали фориғ бўлмасидан туриб салавоти менга етказилади» дедилар. «Вафотингиздан кейин ҳамми?» деб сўрадим. «Аллоҳ таоло ерга пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ҳаром қилган, Аллоҳнинг пайғамбари тирик, ризқланиб туради» дедилар (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 1672).

    Набий Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишнинг энг афзал кўриниши у зотнинг ўзлари асҳобларига таълим берган салавот сийғасидир. Улар: «Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салавот ва салом айтайлик?», деб сўраганларида у зот қуйидагича салавот айтишга буюрдилар:

    اللهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَّعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَما صَلَّيْتَ عَلَى ابْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ ابْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَّجِيد. اللهُمَّ بارِكْ عَلَى مُحَمَّدِ، وَّعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَما بارَكْتَ عَلَى ابْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ ابْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَّجِيد.

    «Аллохумма солли ъала Муҳаммад ва ала а΄ли Муҳаммад, кама΄ соллайта ъала Иброҳима ва ъала а΄ли Иброҳим иннака Ҳамидум-Мажид. Аллоҳумма борик ъала Муҳаммад ва ъала а΄ли Муҳаммад, кама΄ боракта ъала Иброҳима ва ъала а΄ли Иброҳим иннака Ҳамидум-Мажид». (Маъноси: Эй Аллоҳ, Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳлига салавот йўллаганинг каби Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳлига салавот йўллагин, албатта Сен мақталган улуғ зотсан. Эй Аллоҳ, Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳлига баракот берганинг каби Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳлига баракот бер, албатта сен мақталган улуғ зотсан). (Имом Бухорий (3/1233, №2370) ривоят қилган).

    Бу у зотнинг ўзлари таълим берган энг афзал салавот сийғасидир. Мўмин киши бундан бошқа кўринишларда салавот айтса ҳам, агар бидъат ва ширк лафзларидан холи бўлса, мақбул бўлиши ва ажру савобларга эришиши умид қилинади.

    Саҳобалар мазкур ҳадисда ишора қилган салом айтиш намоздаги ташаҳҳудда айтиладиган саломдир. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари таълим берганларидек: «Ассаламу алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейишдир.

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менга бир бор салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади ва ўнта гуноҳини ўчириб, ўн даража юксалтиради» (Аҳмад, Насоий, Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6359).

    Эй Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳлига салавот йўллаганинг каби Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳлига салавот йўллагин, албатта Сен мақталган улуғ зотсан. Эй Аллоҳим! Иброҳимга ва Иброҳимнинг аҳлига баракот берганинг каби Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг аҳлига баракот бер, албатта Сен мақталган улуғ зотсан.

    Саййидимиз Муҳаммад Расулуллоҳга, у зотнинг аҳлу асҳобларига ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963