Раббоний бўлинг, рамазоний эмас(2)

    الشيخ محمد حسان
    كن ربانيا ولا تكن رمضانيا
    Раббоний бўлинг, рамазоний эмас
    Шайх Муҳаммад Ҳассон

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд..

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугун сиз билан ўта муҳим мавзулардан бири ҳақида суҳбатлашамиз. Суҳбатимиз «Раббоний бўлинг, рамазоний эмас» деб аталади.

    Одатимизга кўра, уни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

    Биринчи: Ўзгармас иймоний омиллар.

    Иккинчи: Билдингми, маҳкам тут.

    Учинчи: Аллоҳдан мадад сўра ва сустлашма.


    Сўзларимга диққат билан қулоқ тутишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. «Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир» (Зумар: 18).


    Биринчи: Ўзгармас иймоний омиллар


    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Мана, Рамазон ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ким Рамазонга ибодат қилган бўлса, у ўтди. Ким Аллоҳга ибодат қилса, Аллоҳ абадий ўлмас, Барҳаёт зотдир. Рўза ойи ниҳоясига етди, таровиҳ ва тиловати Қуръон ойи ўтиб кетди, эзгулик, саховат, инъому эҳсон ойи ўтди. Унда фойда қилган фойда қилиб қолди, зиён қилган эса зиён қилиб қолаверди.

    Эй кўзим, ёш тўк надоматлар қилиб,

    Нур ёғилган кечалар ўтди елиб.

    Барча бирдек маъсиятлардан қочиб,

    Бағрини тоат-ибодатға очиб,

    Бир бировдан ортиқ эрмасди ҳама,

    Ким намозда, ким тиловатда яна…

    Фозил биродарлар!

    Шубҳасиз, Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ой-у кунлардан афзал қилган, уни Ўзининг мўл-кўл раҳмат-у баракотлари билан хослаган, унда бандаларини тоат-ибодатларга муяссар этган.

    Рамазон ойи киргач, мусулмонлар ўзгача бир шукуҳ ва интиқлик билан Аллоҳ жалла ва алонинг тоат-ибодатига берилишларига гувоҳ бўласиз. Тўғрида, ахир, нега ҳам ундай бўлмасин?! Жаҳаннам қопқалари ёпилган, жаннат дарвозалари очиб қўйилган, жин-шайтонларнинг ашаддийлари кишанга солинган бўлса!!

    Одамлар ажиб бир соғинч ва иштиёқ билан ибодатлар сари ошиқадилар.. Бироқ… Рамазон чиқиши билан дилни оғритадиган, кўнгилни хира қиладиган ҳолат вужудга келади.. Рамазонда пок нафаслари билан масжидларни муаттар этган кишилардан кўплари Рамазон чиқиши билан оламлар Парвардигори тоатидан юз ўгириб кетадилар.. Худди Рамазонда бошқа бир парвардигорга ибодат қилишгандек!!

    Иймоннинг ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳеч қачон ўзгармайдиган собит асослари ва ўзгармас омиллари мавжуд.

    Масалан, намоз.. Қайси бир ҳақиқий мўмин Рамазондан кейин намоздан беҳожат бўлиши мумкин?! Рамазон чиқди, энди намоз ўқимасам ҳам бўлаверади, деган фикр қайси бир ҳақиқий мўминнинг кўнглига келиши мумкин?!

    Масжидларнинг Рамазондаги кўринишига ва Рамазондан кейиги кўринишига бир назар солинг..

    Мўмин биродар! Иймонида содиқ бўлган ҳеч бир мўмин диннинг иккинчи рукни бўлмиш ушбу асл-асосдан ҳеч қачон ўзини беҳожат санамайди! Зотан, Аллоҳ таоло айтганки:

    «Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 238).

    Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз, шоядки нажот топсангизлар» (Ҳаж: 77).

    Аллоҳ таоло хоҳ Рамазонда, хоҳ Рамазондан кейин бўлсин, намозни зое қилиш ва тарк қилишдан огоҳлантирган.

    Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям: 59).

    Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни ҳаёти- дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилгаи саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топувчидирлар. Улар жаннатларда бир-бирлари билаи (дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида савол-жавоб қилишурлар. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида,) Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик» (Муддассир: 38-43).

    Эй Рамазон рўзасига мушарраф бўлган мусулмон биродар, намозни асло зое қилмагин! Зеро, намоз Аллоҳ билан сенинг ўртангдаги алоқадир, сени гуноҳу маъсиятлардан покловчи чашмадир.

    «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким эрта-кеч масжидга бориб-келиб юрса, ҳар бориб келгани сайин Аллоҳ унга жаннатдан бўлган ўрнини ҳозирлайверади» (Бухорий: №662, Муслим: №669).

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?», дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, йўлланг, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Қийин пайтларда таҳоратни комил қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва бир намоздан сўнг кейинги намозни кутиш. Мана шу риботдир (Аллоҳ йўлига ўзни боғлашдир), мана шу риботдир, мана шу риботдир», дедилар (Муслим: №251, Муватто: 1/161, Термизий: №51, Насоий: 1/89,90).

    Аллоҳ таоло мўминларга намозни фарз қилди ва барча замону маконларда уни Ўзига сиғиниладиган ибодат қилди. Банда қиёмат куни энг биринчи бўлиб айни шу амалидан – намозидан сўралади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар намози яхши бўлса, зафарга эришади ва нажот топади. Намози ёмон бўлса, зиёнкор ва номурод бўлади» (Термизий: №413, Насоий: 1/232, Ҳоким: 1/263, Аҳмад: 5/72, Саҳиҳул-жомиъ: №2573).


    Муваҳҳид биродарлар! Собит-ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Қуръондир.

    Қуръон қалблар ва руҳлар ҳаётидир. Руҳдан беҳожат мўмин бўладими?! Ҳаётининг асл-асосидан беҳожат мўмин бўладими?!

    Қуръон энг тўғри йўлга йўллайди. Ушбу йўлни зое қилмангиз, ундан бурилиб кетмангиз!

    Қуръон – бир томони Аллоҳнинг қўлида, иккинчи томони сизнинг қўлингизда бўлган арқондир. Агар бу мустаҳкам арқонни маҳкам ушласангиз , ҳаргиз адашмайсиз ва асло ҳалокат гирдобига отилмайсиз! Ҳар куни бир неча марта Аллоҳ унга хитоб қилишидан беҳожат инсон борми дунёда?! Кимда ким Аллоҳга хитоб қилишни истаса, намозга кирсин! Ким Аллоҳ унга сўзлашини истаса, Қуръон ўқисин! Парвардигорингдан беҳожат бўла оласанми, эй муваҳҳид?!

    Рамазондан кейин ҳам Қуръон ўқишни зое қилманг. Билингки, Аллоҳ таоло Рамазонда сизни Қуръон ўқиш бахтига муяссар қилди ва сиз ўзингизга Қуръон ўқишни кундалик вазифага айлантириб олдингиз. Нега энди мана шу кундалик вазифангизни тарк этмоқдасиз ва Қуръонни сизга Рамазондан бошқа ойларда керак бўлмайдигандек жавонга солиб қўймоқдасиз?!

    Севикли биродарим! Қуръонни ўқинг ва унга амал қилинг. Зеро, Қуръон қиёмат куни ўз эгаларига шафоатчи бўлиб келади. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз эгаларига (яъни, уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади, икки нур сочувчини – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди» (Муслим: №804, Термизий: №2886).

    «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фақат икки нарсага ҳасад (ҳавас) қилса бўлади: Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато қилган ва у кеча-ю кундуз уни ўқийди. Яна бир кишига Аллоҳ мол-дунё ато этган, у кеча-ю кундуз уни инфоқ-эҳсон қилади» (Бухорий: №5026, Муслим: №815).

    «Бир кишига Аллоҳ Қуръон ато қилган ва у кеча-ю кундуз уни ўқийди» дегани уни йил давомида ўқийди, демакдир. Шундай экан, Қуръонни Рамазон чиққанидан кейин ташлаб қўйманг, эй Ислом уммати!


    Муҳтарам дўстим! Рамазондан кейин ҳам ўзгармас иймоний омиллардан яна бири Аллоҳнинг зикридир.

    Агар Рамазонда зикру истиғфорни муҳофаза қилган бўлсангиз, энди йилнинг қолган ойларида ўзингизни ундан беҳожат биласизми?!

     Зикр дардларга шифо, Раҳмоннинг розилигига ва шайтоннинг қувилишига сабабдир. Шундай экан, тилингиз мудом Раҳим ва Раҳмон Зотнинг зикри билан намланиб турсин.

    Муҳамммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда айтган сўзларига қулоқ тутинг. Имом Аҳмад ва Термизийлар Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амалларингиз ичида энг яхшисини, Хожаларингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчисини, олтину кумуш эҳсон қилишдан ҳам яхшироғини ва душманларингизга рўпара бўлиб, сизлар уларни, улар сизларни бўйинларингизга уришларидан ҳам хайрлироғини хабарини берайми?», дедилар. «Ҳа», дейишди (асҳоблар). «Аллоҳни зикр қилиш!», дедилар (Аҳмад: 5/239, 6/447, Термизий: №3374, Ибн Можа: №3790).

    Зикрнинг фазлини кўринг, зокир Аллоҳ билан бирга бўлади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоатда зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоатда зикр қиламан. Агар менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!» (Бухорий: №7405, Муслим: №2675).

    Аллоҳни доим ёдда тутинг, шунда У сиз билан бирга бўлади.

    Аллоҳнинг биргалиги икки хил – умумий биргалик ва хос биргалик бўлади.

    Умумий биргалик – билиш, муроқаба-назорат қилиб туриш биргалигидир.

    Хос биргалик эса сақлаш, ёрдам бериш, мадад кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш биргалигидио.

    Аллоҳ жалла ва алонинг ана шундай биргалигидан беҳожат биласизми ўзингизни?!

    Агар Аллоҳ сиз билан бирга бўлишини истасангиз, зикрдан ғофил бўлманг ва бу нурни зое қилманг. Аҳмад ва Термизий Ҳорис ал-Ашъарийдан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман. Зеро, бунинг мисоли ортидан душман тез қувиб бораётган кишининг мисолига ўхшайдики, у бир мустаҳкам қалъага етиб бориб, ўзини улардан қутқариб қолди. Худди шунга ўхшаш, банда ҳам ўзини шайтондан фақат Аллоҳнинг зикри билангина қутқариб қолади» (Термизий: №2867, Ҳоким (1\117) ривоят қилиб: Муслим шартига кўра саҳиҳ деган).

    Демак, ушбу озуқа сиз учун жуда ҳам зарурдир, унда кўп яхшиликлар бордир. Зикр Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа пайтлар ҳам мўмин киши асло беҳожат бўлмайдиган иймоний асослардан биридир.


    Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири одамларга эҳсон – яхшилик қилишдир.

    Кўпчилик одамларни кўрамизки, хайру эҳсон, саховат ва карам кўринишлари уларда фақат Рамазонда зоҳир бўлади. Рамазон чиққанидан кейин эса уларни фақир-мискинларга қовоқ уйган, вужудларини бахиллик ва хасислик эгаллаб олган ҳолда кўрасиз.

    Аллоҳ таоло сизга Рамазон ойида фақир-фуқаро ва мискинларга хайр-эҳсон қилиш ва бошқа яхши ишларга муяссар қилиб қўйган экан, энди сиз ўзингизни Рамазондан кейин ҳам оз бўлса-да инфоқ-эҳсонга одатлантириб ололмайсизми?!

    «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№6539), Муслим (№1016) ривоятлари).

    Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири тунги намоздир.

    Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан Рамазонда таровиҳ ва тунги намоз-таҳажжудга муваффақ бўлдингиз. Нега энди ана шу йўсинда давом эттиролмайсиз?! Нима учун тунги намозларни зое қиласиз?!

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига қулоқ солинг.. Ҳоким, Ибн Хузайма ва Термизий ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмул-лайлни (яъни тунги намозни) ўзингизга лозим тутинг. Зеро, у сизлардан олдинги солиҳлар одатидир, Аллоҳ таолога қурбат (яқинлик)дир, гуноҳдан тийилиш сабабидир, гуноҳларга каффоратдир» (Термизий: №3543, 3544, Албоний саҳиҳ санаган: «Саҳиҳул-жомиъ: №4079).

    Мусулмон биродар! Бир ракъат билан бўлса-да, тунги намоз ўқувчилар қаторига кириб қолишга ҳаракат қилинг, қуйидаги оятда айтилган кишилардан бўлишга қизиқинг: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар» (Сажда: 16).


    Собит ва ўзгармас иймоний омиллардан яна бири тавбадир.

    Рамазонда тавба қилмаган ва Аллоҳга қайтмаган одам қолмайди деярли. Бироқ, бу дегани Рамазондан кейин тавба вақти ўтди, энди Аллоҳга тавба қилиш ва қайтишгав эҳтиёжимиз йўқ,  деган маънони билдирадими?!

    Жуда кўп мусулмонларнинг аҳволини кузатсангиз, ийд (ҳайит) куни ҳар хил маъсиятлар ва нафс шаҳватлари сари ошиқишларини кўрасиз. Гўёки, улар қамоқда эдилар-у, Рамазоннинг сўнгги оқшоми келиши билан озодликка чиқиб келишди ва қаттиқ оч қолган одам емакка ўзини ташлагани каби гуноҳу маъсиятларга ўзларини уришди!!.. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ..

    Ҳақиқий мўминнинг ҳоли бундай бўлмайди. Чунки, мўмин ва муваҳҳид инсон бир ибодатдан иккинчи ибодатга, бир тоатдан бошқа бир тоатга, бир яхшиликдан бошқа бир яхшиликка кўчиб юради. Бинобарин, бир умр ибодат ичида ўтиши мумкин бўлади.

    «Саҳиҳул-Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» (Бухорий: №6307).

    Имом Муслим Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Албатта, мен бир кунда юз маротаба тавба қиламан» (Муслим: №2702).

    Демак, тавба ҳам мўмин киши Рамазондан кейин ҳам асло беҳожат бўлмайдиган асл-асослардан бири экан.

    Юқорида санаб ўтганларим аксарият кишилар Рамазонда муҳофаза қилиб, Рамазон чиққанидан кейин эътиборсиз ташлаб қўядиган амаллардан баъзилари эди.


    Иккинчи: Билдингми, маҳкам тут


    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Қай бир киши Рамазонда рўза тутган ва тунги намозлар ўқиган бўлса, бунинг мазасини – кўнгил ёришиши ва қалб шодликка тўлиши лаззатини ҳис қилган бўлади. Шуни билган бўлсангиз, энди маҳкам тутинг ва бу лаззатни қўлдан берманг, Тўғри Йўлда устивор бўлинг.

    «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қурбингиз етадиган ишларни ўзингизга лозим тутингиз! Аллоҳга қасамки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Дин (амаллари)нинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – эгаси унда давомли бўлганидир» (Бухорий: №6462, Муслим: №782).

    «Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар бир амални қилсалар уни сабот билан (давомли) қилардилар» (Муслим: №746).

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Амра Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафийдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Ислом ҳақида шундай бир сўзни айтингки, уни сиздан кейин бошқа бировдан сўрамай», деган эдим, у зот: «Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт, сўнгра устувор бўл», дедилар» (Муслим: №38, Термизий: №2412).

    Яъни, иймон йўлида мустаҳкам бўл, тавба йўлида маҳкам бўл, истиғфор йўлида, тунги намозда, инфоқ-эҳсонда, умуман, Аллоҳ сени Рамазонда муваффақ этган иймоний асл-асосларда устувор бўл, деганларидир бу.

     Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32).

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни минбарда туриб ушбу оятни ўқидилар, сўнг: «Аллоҳнинг манҳажида устувор турдилар ва тулкилар каби айёрлик йўлини тутмадилар», дедилар.

    Азиз биродарим! Билдингизми, маҳкам тутинг!  Ушбу йўлни маҳкам ушланг ва ундан бурилманг!


    Иккинчи хутба:


    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.


    Учинчи: Аллоҳдан мадад сўра ва сустлашма


    Аллоҳ кимни тоатга муяссар этган бўлса, у у Аллоҳнинг мададига эришибди. Аллоҳ кимни тоатдан мосуво қилган бўлса, у Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум бўлибди. Аллоҳнинг тоат-ибодатига муваффақ бўлиш фақат Унинг мадади билангина амалга ошади. Шундай экан, Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг.. Имкон қадар Аллоҳдан тақво қилинг.. Ўзининг тоати йўлида бардавом қилишини, Пайғамбарининг йўлидан айирмаслигини сўраб дуо қилинг..

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабалга қилган васиятларини эсга олинг..

    Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга шундай дедилар: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг». (Абу Довуд: №1522, Насоий: 3/53, Ҳоким: 3/273,274, Саҳиҳул-жомиъ: №7969).

    Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Унга ибодат қилишда мадад ва ёрдам сўранг. Модомики, шу йўлни тутар экансиз, Аллоҳ сизни асло ёрдамсиз қўймайди. Аллоҳ таоло айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

    Эътибор беринг, кимнинг ваъдаси бу?! Оламлар парвардигорининг ваъдаси! Каъбанинг Роббига қасамки, Аллоҳ сизнинг кўзингизни ҳаромдан буриб қўяди, қалбингизни шаҳват-у шубҳалардан буриб қўяди, авратингизни ҳаромдан асрайди, қўлингизни ҳаромга узатишдан, оёғингизни ҳаромга қадам босишдан сақлайди!

    Хайру эҳсон қилинг эй мўмин-муваҳҳид, Аллоҳ сиз билан бирга бўлади.. Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ Ўз бандасига (уни барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36).

    Дилинггизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога боғланг! У бандаларидан беҳожат Зотдир, тоат-ибодатлар Унга ҳеч қандай фойда етказмайди, маъсиятлар Унга зарар етказмайди. Шундай бўлса-да, агар фақир ва ҳақир бандаси Унга тавба қилса, У унинг тавбасидан хурсанд бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Аллоҳ мўмин банданинг тавбасидан (қуйида ҳикоя қилинадиган) киши(нинг хурсандлиги)дан ҳам хурсандроқ бўладики, у киши (оғир сафарга чиққан ва йўлда саҳрода) хатарли жойда дам олиш учун тўхтаганди. Озиқ-овқати ва суви юкланган туяси бирга эди. У бир дарахт соясида ётиб ухлаб қолди. Уйғониб қараса, туяси йўқ. Излашга тушди. Жазирама ва чанқоқ ғолиб келганда: «Яхшиси, дам олган жойимга бориб, ўлгунимга ўша ерда ётаман», деди. Сўнг бошини билагига қўйганича ухлаб қолди. Уйғониб, қараса, туяси ёнида турибди. Озиқ-овқат ва сувлари жойида эди. Мўмин банданинг тавбасидан Аллоҳ ўша кишиниг туяси ва озиқ-овқатини топиб олиб хурсанд бўлгандан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади» (Бухорий: №6308, Муслим: №2744, Термизий: №2499, 2500).

    «Саҳиҳул Бухорий»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига асирлар келтирилди. Шунда асирлар ичидан бир аёл кўкрагини соғиб, (гўдакларга) сут бера бошлади. У асирлар ичидан бир гўдакни олиб, бағрига босиб эмиза бошлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима дейсизлар, шу аёл боласини ўтга ташлайдими?!», деб сўрадилар. Биз: «Йўқ, ташламасликка қодир экан (асло ташламайди)», дедик. У зот дедилар: «Қасамки, Аллоҳ бандаларига мана шу аёлнинг боласига меҳрибонлигидан кўра ҳам меҳрибонроқдир» (Бухорий: №5999, Муслим: №2754).

    Ушбу ҳадисни яхшилаб тадаббур қилиб кўрсангиз, жуда ажойиб ҳолатга тушасиз. Шунинг учун ҳам салафлардан бири дуосида айтган экан: «Эй Аллоҳ, Сен яхши биласанки, онам мен учун одамларнинг энг раҳмлироғидир. Мен биламанки, Сен менга онамдан ҳам раҳмлироқсан. Онам менинг ҳалок бўлишимга рози бўлмайди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўла туриб бунга рози бўласанми?!».

    Ҳа, Аллоҳ жалла ва ало ана шундоқ меҳрибон Зот, У бандаларига шундай нидо қилади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

    Ҳа, бу Аллоҳнинг ҳамма нарсани ўз ичига сиғдирадиган кенг-мўл раҳматидир. Шундай экан, сиз Аллоҳдан мадад сўранг ва сустлашманг.. Агар қадамингиз тойилса, дарҳол қайтинг. Яна тойилса, яна қайтинг. Агар минг бор тойилса, минг бор қайтинг. Билингки, сиз билан биз малолланмас эканмиз, Аллоҳ малолланмайди. Биз унинг қулларимиз, У бизни яратган ва бизнинг ожизлигимизни, заифлигимизни, муҳтожлигимизни Ўзи яхши билади. У бизнинг ўз қуллигимизни эътироф этишимизни истайди, холос.

    Тоат-ибодатингиз ўзингиз учун, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога сизнинг тоатингиз фойда келтирмаганидек, маъсиятингиз зарар ҳам етказолмайди. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ таоло айтади: … Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги бир энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар аввалингиз-у охирингиз, инсу жинларингиз энг фожир инсоннинг қалбидек бўлса ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтира олмайди…» (Муслим: №2577, Термизий: №2497).

    Эй муваҳҳид! Тоат учун Аллоҳдан мадад сўранг, Аллоҳдан сизни шу йўлда мустаҳкам қилишини сўранг. Билингки, бандага Аллоҳнинг тоатида сабот билан туришига ёрдам берувчи энг катта сабаблардан бири – Парвардигорига тоатида мўътадил бўлишидир. Исломда ғулув ва чуқур кетиш йўқдир. Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир, ҳаддан ошиш ҳам, сусткашлик ҳам эмас. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар» (Имом Бухорий (8/122, 123) ва Имом Муслим (4/2169) Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Бухорий лафзи).

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ухлаб олсин», дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №1150, Муслим: №784).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадон аҳлларидан у зотнинг амаллари ҳақида сўраб келган жамоа ҳақидаги ҳадисни кўпчилигингиз билсангиз керак.  «Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда айтилишича, уч киши Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ  ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у Мендан эмас»,  дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №5063, Муслим: №1401).

    Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мўътадил ва ўртачалик манҳажини жамлаганлар ва уни мана бу ажойиб дуоларида ер воқелигидаги амалий манҳажга айлантирганлар: «Аллоҳим, мен учун ишимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгайсан! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёдаланиши, ўлимни мен учун барча ёмонликлардан роҳат қилгайсан!» (Муслим: №3427, 3428).

    Ўрта йўл мана шудир, мўътадиллик йўлидир бу. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ушбу сўзлари билан дунё ва охират яхшилигини жамладилар. Чунки, ким солиҳ амал билан дунё топса, Аллоҳнинг изни билан охиратни ҳам топади. Ким ёмон амал билан дунёсини зое қилса, охиратини ҳам қўлдан беради. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

    Дуо…


    28.06.2010.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962