Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (2): Аллоҳнинг фазлу марҳаматига биринчи бўлиб мен эришаман

    Аллоҳнинг фазлу марҳаматига биринчи бўлиб мен эришаман

    Шу сизнинг шиоринингиз бўлсин!

    Шу сизнинг қўлингиздан келадими?! Сиз: “Мен бунинг уддасидан чиқаман”, деб айтоласизми?!

    Ҳозир менга айтингчи, хаёлингизга нима келди? “Қўлимдан келмайди”, деб айтасиз. Биз ўз куч-қувватимиз билан бунга эриша оламиз, деб сизга ким айтди?! Ҳа, бундай даражага фақат саховати кенг Аллоҳнинг фазлу марҳамати ила етиша оламиз. Аллоҳ сизга фазл-марҳамати ила куч-қувват ато этсагина бунга эришишга сабаб бўладиган амалларни қила оласиз. Агар марҳаматидан дариғ тутса, гарчи орифларнинг, фақиҳларнинг, зоҳидларнинг тўраси бўлсангиз ҳам, Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса қилишга кучингиз етмайди. Зеро, бандаларнинг ҳар бир ҳаракати ва бирон амални қилишга сарфлайдиган кучи фақат Аллоҳнинг ёрдами ва изни ила бўлади.

    Айтингчи, нега уддасидан чиқа олмайман дейсиз? Нега Аллоҳ кўрсатган йўлдан юришга кучим етмайди деб ўйлайсиз? Билиб қўйингки, биргина ҳолатда бу иш қўлингиздан келмаслиги мумкин: қачон сиз ўзингиз хоҳламасангиз. Шундагина умид қилмасангиз ҳам бўлади. Аммо сиз чиндан ҳам хоҳламайсизми?

    Биламан: “Йўқ, хоҳлайман. Лекин шу билан бирга бошқа мақсадларимга ҳам эришсам дейман”, дейсиз. Йўқ, бўлмайди. Юқорида олдимизга биргина муайян мақсадни қўямиз, деб айтдик-ку!

     Жаннатни хоҳлаймизми? Аллоҳнинг йўлидан юришни хоҳлаймизми? Аллоҳ биздан рози бўлишини хоҳлаймизми? Агар чиндан ҳам хоҳлаётган бўлсангиз, албатта, бунинг уддасидан чиқасиз.

    Аллоҳга юзланинг, Аллоҳ ҳам сизга юзланади

    “Сифату ас-сафва” китобида нақл қилинишича, Бишр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шом диёридаги тоғларнинг биридан ўтиб бораётган эдим. Бир ерга етганимда териси суягига ёпишиб қолган озғин йигитга кўзим тушди. Унга салом бердим, саломимга алик олди. Ичимда дедим: “Ҳозир мен унга, менга аямай панд-насиҳат қилинг, деб айтаман”. Гап бошлашимдан олдин у менга: “Ўзингга ўзинг панд-насиҳат қил. Ўзингни гуноҳ-маъсият кишанларидан бўшат. Ўзингга ўхшаган бир банданинг панд-насиҳатидан фойда оламан, деб овора бўлма”, деди. 

    “Ўзингга ўзинг панд-насиҳат қил”. Яъни сиз учун ўзингизда улкан панд-насиҳат бор. Аллоҳга муҳтожмисиз, ё ундай эмасми? Аллоҳнинг таот-ибодатида камчиликка йўл қўймоқдамисиз, ё йўқми? Гуноҳкор бандамисиз, ё ундай эмасми? Шу тариқа ўзингизга ўзингиз панд-насиҳат қилинг!

    “Ўзингни гуноҳ-маъсият кишанларидан бўшат”. Яъни дунёга боғланиб қолганмисиз, ё йўқми? Дунё хоҳиш-истаклари қалбингизни забт этганми, ё йўқми? Ҳавои нафсга – энг хатарли душманингизга эргашиб тўғри йўлдан тойилмоқдамисиз? Гуноҳларга ва фоний дунё матосига асир бўлиб қолганмисиз? Ўзингизни ўз чангалингиздан қутқаринг!

    “Ўзингга ўхшаган бир банданинг панд-насиҳатидан фойда оламан деб овора бўлма”. Бир одам мана бу амални қилаётганини, буниси бошқа бир амални қилаётганини кўриб, улар ҳақида ўйлаб чалғиб қолманг. Дўстингиз, ёру биродарингиз, ака-укангиз ва опа-синглингизнинг ҳолати билан ўзингизни банд қилиб ўтирманг.

    Ҳозир бошқа бировнинг ҳолати билан овора бўлманг. Балки аввал ўзингизнинг ҳолатингизга назар солинг. Ҳатто энг яқин одамларингиз, хоҳ аёлингиз, хоҳ фарзандларингиз бўлсин, уларнинг ҳолати ҳақида бош қотириб ўтирманг.

    Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, уни танлаб олади. Кейин уни на хотини, на боласи ва на мол-дунёси чалғита олади”.

     Дастлаб ўз ҳолатингиз ҳақида ўйланг. Аввал ўзингиз дунё ва охират ёмонликларидан қутулиб олинг, кейин қўл остингиздагиларни қутқаришга ўтасиз.

    Бишр раҳимаҳуллоҳга панд-насиҳатли сўзларни айтган йигит яна бундай деди: “Аллоҳни холи қолганингда зикр қил. Шунда У сени гуноҳлардан сақлайди. (Алоҳни рози қиладиган) амалларни бажаришга жидду жаҳд билан кириш”. Сўнг йиғлаб бундай деди: “Қалблар арзимас фоний нарса учун овора, баданлар танбаллик ва орзу ҳавасга берилиш ила адо бўлди”.

    Сиз гуноҳлардан қутула олмай юрибсизми? Улардан қутулиш йўли мана шу.

    “Аллоҳни холи қолганингда зикр қил”. Ҳеч ким йўқ хонага киринг, сўнг эшикни қулфлаб олиб, Раббингизга муножот қилинг. Шу нарса сизни гуноҳга қўл уришдан сақлайди ва Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида бўласиз.

    “Қалблар арзимас фоний нарса учун овора, баданлар танбаллик ва орзу ҳавасга берилиш ила адо бўлди”. Барчамиз фониий ва арзимас нарсалар билан машғулмиз. Дунёнинг иши шунақа.

    Сўнг Бишр айтади: “Аллоҳнинг шундай бандалари борки, қалбларидаги маҳзунлик уларга кечаси уйқу бермайди, кундузи туз тоттирмайди, кўзларидан шашқатор ёш оқизади. Аллоҳ таоло бу бандаларини сифатлаб: “Улар кечаси озгина (фурсат) ухлайдилар ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрайдилар” (Зориёт, 17-18), деган”.

    Демак, жидду жаҳд қилишнинг калити биз Аллоҳга Уни рози қилишни чиндан ҳам хоҳлашимизни исботлай олишимизда экан.

    Аллоҳ таолодан сўз ва амалларимизни чин юракдан ва ихлос билан қиладиган бандалар қаторида қилишини сўраймиз.

    Муҳим савол:

    “Сиз юқорида айтган мартабага қандай қилиб эришаман? Ушбу ғоя (идея, тушунча)ни ичимга қандай қилиб сингдирсам бўлади?” деб сўрасангиз, унинг жавоби қуйидагича:

    Ичингизда бунга ундайдиган чинакам куч бўлиши керак. Сиз ҳеч қандай тайёргарликсиз амал қила оламан, деб ўйлайсизми? Қандай қилиб?! Ичингизда амалга ҳамиша ундаб турадиган куч бўлиши лозим. Бунга эришиш йўли қалбингизда: “Мен бу йилги Рамазонга етолмай ўлиб қолсамчи?!” деган туйғу бўлишидир. Қўлингизда сиз шу йилги Рамазонга эсон-омон етасиз, деган кафолат қоғози борми? Агар ич-ичингиздан бу йилги Рамазонга ета олмай қолишим мумкин, деган ўйга ишонсангиз, қўрқиб амал қила бошлайсиз. Бугун: “Ёзги таътилни қаерда ўтказсам экан? Бўш вақтимни у ерда ўтказсамми ё бу ердами?” дея ўй-хаёлингизни банд қилманг. Балки дунёга келишингиздан кўзланган бош мақсадга қандай эришиш ҳақида ўйланг.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963