Риёнинг ҳукми

    Савол:

    Риёнинг ҳукми нима?

    Жавоб:

    Риё кичик ширкдир. Чунки, инсон ибодатида бировни Аллоҳга шерик қилган бўлади. баъзан риё катта ширкка ҳам етиб боради. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ кичик ширкка озроқ риёни мисол қилиб келтиради. Бундан чиқадики, катта ва кўп риё катта ширкка етказиб қўйиши мумкин.

    Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110). Яхши амал деб тўғри ва холис амалга айтилади.

    Тўғри бўлиши Аллоҳнинг шариатига мувофиқ бўлишидир.

    Холис бўлиши эса у билан Аллоҳнинг Юзи мақсад қилинган бўлишидир.

    Қайси бир амал билан Аллоҳдан бошқани мақсад қилинган бўлса, у амал яхши бўлмайди, Аллоҳнинг шариатидан чиққан иш ҳам яхши бўлмайди ва у мардуд (рад қилинган) бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким биз буюрмаган бир ишни қилса, у рад қилинади» (Имом Муслим ривояти). Яна айтганлар: «Амаллар фақатгина ниятлар билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсасигина (бўлади)» (Муттафақун алайҳ). Баъзи уламолар бу икки ҳадисни амалларнинг мезони дейишган. Ният ҳақидаги ҳадис ботиний амаллар мезони, иккинчи ҳадис эса зоҳирий амаллар мезонидир.

    (Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/205).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962