Бизга боғланинг
Руҳий мағлубият: сабаблари, давоси
2564 марта кўрилган
الهزيمة النفسية
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Азиз биродарлар, фозила опа-сингиллар, даврамизга хуш келибсиз, қадамларингизга ҳасанотлар бўлсин. Бизларни Ўзининг муборак уйида тоати устида жамлаган Аллоҳ таоло охиратда ҳам Ўзининг жаннатида даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жамласин.
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Ислом уммати ўша дастлаб содир бўлган қалтис муртадлик бўҳронидан бошлаб, мўғулларнинг аёвсиз қирғини-ю, оғир салиб урушлари оралаб, халифаликнинг заволга юз тутиши ва Андалуснинг бой берилишидан тортиб, яҳудларнинг Фаластин тупроғини ишғол қилиши каби жуда оғир йўқотиш ва мағлубиятларни бошидан кечириб келмоқда.
Бироқ, уммат шунча йўқотишлар ва мусибатларга қарамай, ғалабанинг асосий моддаси бўлган Аллоҳга сидқидилдан иймон келтириш ва ушбу дин билан азизланишни қўлда сақлаб келарди. Аммо, бугунга келиб, у нусрат ва ғалабанинг асосий моддасини ҳам қўлдан бой берди!! Ҳам иймоний-маънавий жиҳатдан, ҳам моддий жиҳатдан устунликни қўлдан бериб, ғоят хунук руҳий мағлубиятга дучор бўлди. Сизлар билан бугунги суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлади.
Суҳбатимизни «Руҳий-маънавий мағлубият» деб номладик. Одатимизга кўра, уни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:
- Биринчи: Руҳий мағлубият кўринишлари.
- Иккинчи: Руҳий мағлубият сабаблари.
- Учинчи: Давоси.
Диққат-эътибор билан, бутун вужудингиз қулоққа айланиб тинглашингизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси уммат бошдан кечираётган ушбу оғир танглик даврларида ўзига хос аҳамияти бўлган мавзулардан саналади. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини, кўзларимизни Ислом ва мусулмонлар нусрати ва иззати билан қувонтиришини сўрайман.
Биринчи: Руҳий мағлубият кўринишлари
Севикли дўстларим! Руҳий мағлубиятнинг бир қанча кўринишлари мавжудки, улардан энг муҳимлари қуйидагилар:
Биринчи кўриниш: Раббоний шариатни четлатиб, башарий қонунларни ҳукмрон қилиш
Бу шак-шубҳасиз, ислом уммати ҳозирги асрда дучор бўлган энг оғир руҳий мағлубият кўринишидир.
Аллоҳ таоло айтади: «Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140). Кунлар айланиб туради, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш то қиёмат тўхтамай давом этиб тураверади.
Шубҳасиз, ҳозирда қудрат ва ҳукмронлик ғарбнинг қўлига ўтди, мағлуб уммат ҳарбий, иқтисодий ва руҳий жиҳатларнинг ҳаммасида қўли баланд келиб турган ғарбга ўхшашга уринадиган бўлди.
Кошки эди, уммат ғарбнинг илм-технология соҳаларида эришган ютуқларини ўзига кўчирганида! Аксинча, минг афсуски, у ғарбнинг эътиқодий, иймоний, ахлоқий ва руҳий жиҳатлардан етиб борган нарсаларини ўзига кўчириб ола бошлади, айрим юртдошларимизни ғарбнинг мақомига йўрғалаётганини, ғарбни мақтаб, унга ҳамду-санолар ёғдираётганини кўрмоқдамиз. Ҳатто, айрим ғарбпарастларнинг: «Ғарбликларда бўлган ҳамма нарсани, ҳатто ўпкаларидаги шамоллашни-ю, ичакларидаги нажосатларигача қабул қилиб олишга азм қилдик» деганигача эшитилди.
Бечора уммат музаффар ғарбга тақлид қилишга киришди ва раббоний шариатни ҳаётдан четлатиш ва ғарбнинг илмоний (дунёвийлик асосидаги) қонунларини ҳукмрон қилиш билан кучли довул пайтида қудратли тўлқинлар ичра нажот кемасига миндик деб ўйлади. Бироқ, бор-будидан айрилиб, ўзи ҳам ғарқ бўлиб, бошқаларни ҳам ғарқ қилди. Ва то шу соатгача ҳам хорлик, умидсизлик самараларини теришда, руҳий, ҳарбий, иқтисодий, илмий мағлубиятларни бошдан кечиришда давом этиб келмоқда.
Парвардигори оламнинг шариатига қайтиш ихтиёрий ва нафл иш эмас. Зеро, инсон ҳаётини Аллоҳ яратган, унинг фитрати (табиати) қулфлари ҳам фақат Унинг Ўзи тарафидан ясалган калитлар билангина очилади, унинг касалликларига ҳам фақат Унинг Ўзи томонидан тавсия қилинган даволар фойда қилади, ушбу даво эса албатта Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларида баён қилиб берилган.
Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (Аҳзоб: 36).
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир» (Нур: 51, 52).
«Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир. Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 1, 2).
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозни кўтариб гапиришнинг ўзиёқ амалларнинг бекор бўлиб қолишига сабаб бўлса, энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва ишларидан ўзининг сўзи, иши ва сиёсатини муқаддам қўядиган одамнинг ҳолига нима дейсиз?!».
Аллоҳ таолодан умматни раббоний шариатга гўзал суратда қайтаришини сўрайман. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
Иккинчи кўриниш: Ўзгартириш мумкинлигига умидсизланиш
Бу ҳам ҳозирги пайтда кўпчилик мусулмонларга етган оғир руҳий мағлубият кўринишларидан саналади. Умидсизлик ва тушкунлик кайфияти уларни тўла ўраб олганини кўрасиз, улардан: «Фойдаси йўқ», «Сен харобазор ичида азон айтаяпсан», «Кулга қараб пуфлаяпсан», «Замона билан бирга қадам ташласангчи», «Болаларингни тарбияла.. тижоратинг, фарзандларинг, идоранг, курсинг, мансабинг билан машғул бўл.. бас, шу етарли, одамларни қўй, улар тугаб бўлган!!» каби мағлубнинг мағлубиятини ошириб, ҳаракат қилаётган одамни умидсизликка етаклайдиган сўзларни эшитасиз.
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кўринишдаги руҳий мағлубиятга жуда ажойиб ташхис қўйганлар. Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот айтганлар: «Агар бир киши: «Одамлар ҳалок бўлди», деса, у уларнинг энг ёмон ҳалок бўлувчироғидир» – ёки – «у уларни ҳалок қилибди». (Имом Муслим (№2623) ривояти).
Имом Нававий айтади: «Уламолар бу айблов ушбу гапни одамларни камситиш ва айбситиш ва ўзини улардан афзал санаш, уларнинг ҳолини хунук санаш мақсадида айтган одам учун эканига итифоқ қилганлар. Чунки, у Аллоҳнинг халқидаги сирини билмайди. Аммо, бу гапни одамларда ҳам, ўзида ҳам кўриб турган диний нуқсонлари учун хафа бўлиб айтган бўлса, бунинг зарари йўқ, деганлар» (Саҳиҳ Муслим бишарҳин-Нававий: (№4248).
Бу – яъни, уммат яшаб турган аламли ва аччиқ воқеликни ўзгартириш имконидан умидсизланиш руҳий мағлубият кўринишларидан энг хатарли кўринишдир. Ушбу фикрга қаноатланиб қолган кишилар Аллоҳнинг дини учун ва Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилиш учун ҳаракат қилаётган фаол кишиларни воқедаги сиёсатга бўйсундиришни истайдилар.
Учинчи кўриниш: Аллоҳга даъват ҳамда амри маъруф ва наҳий мункардаги қаттол салбийлик
Ушбу қаттол (сўндирувчи, ўлдирувчи) салбийлик туфайли уммат осмонини қора булутлар қоплаб турибди.
Мусулмон киши мусулмон биродарини бир маъсият устида кўриб туриб, бунинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқдек, елка қисиб ўтиб кетаверади.
Шеър мазмуни:
Одамларнинг айблари ичида кўрганим энг оғир айб – мукаммалликка қодир одамнинг нуқсонидир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан бир оят бўлса-да, етказинглар!», деганлар (Имом Бухорий (6/361) ривояти).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим (№49) ривояти).
Ҳаммамизга маълум бўлганидек, мункарни ўзгартириш маълум шаръий қоидалар асосида бўлади.
Ҳеч ким Аллоҳ олдида узрли эмас. Ҳаммамиз битта кемага минганмиз, унда яхши ҳам бор, ёмон ҳам. Агар кема саломат қирғоққа етиб борса, ҳамма нажот топади, агар ғарқ бўлса ҳамма тенг ҳалок бўлади. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Имом Бухорий (5/94) ривояти).
Тўртинчи кўриниш: Исломни гўё панжара ортидаги айбдордек ҳимоя қилиш
Бу ҳам хатарли кўринишдир. Ғарб олами Исломга қарши тўхтовсиз равишда хатарли шубҳалар қўзғаб келмоқда: Ислом террорчилик дини!!.. Ислом экстремизм дини!!.. Ислом аёл кишига зулмдир!!.. Мусулмон аёл уйи ичига абадий зиндонбанд қилинган!!.. Эр раҳмсиз зиндонбон!!.. Нега энди мусулмон аёл ҳайвонга ўхшаб ҳадеб туғавериши керак?!!.. Нима учун Муҳаммад тўққизта хотинга уйланган?!!.. Исломда эркак киши нима учун тўртта хотинга уйланади?!!.. Нима учун Ислом эркак-аёлларнинг аралашиб юришларини тақиқлайди?!!.. Нима учун эркак киши бегона аёл билан холи қолиши мумкин эмас?!!.. Нима учун ўғрининг қўлини кесадилар?!!.. Нима учун зинокорни тошбўрон қиладилар?!!.. Ва ҳоказо шубҳалар..
Аҳли илмлардан бир гуруҳи шу каби шубҳаларга жавоб беришга уриниб, бир нарсалар дейишади, бироқ уларнинг сўзларидан гўё Ислом панжара ортидаги айбдор-у, улар уни амал-тақал ҳимоя қилаётгандек туюлади. Чунки, бу гаплар руҳий мағлубнинг раддияларидир.
Ушбу хатарли кўринишни айтиб ўтарканман, шу ўринда салафи солиҳларимизнинг ушбу дин билан азизланган ва у билан бошлари юлдузларга етгудек юксалган – ёки истасангиз юлдузлар уларнинг бошларига тож бўлиш учун тушиб келган денг – пайтлардаги мунаввар юзларини айтиб ўтмасам, инсофдан бўлмас.
Жасур мусулмон қаҳрамони Рибъий ибн Омирни олинг.. Жуссаси кичик, бироқ иймони бақувват инсон.. Отга минган ҳолда форсларнинг қўмондони Рустам билан учрашиш учун келади.. Ушбу воқеани кўпларингиз биласиз, бироқ шундай бўлса ҳам бу ерда муҳим бир нуқта борлиги учун, яъни бошни баланд тутиш, дини билан азизланиш кўриниши борлиги учун уни яна бир айтиб ўтишни истадим.. Рустамнинг қўриқчилари Рибъийнинг Рустам ҳузурига яёв киришини талаб қилишди, бироқ у отидан тушишдан бош тортди ва унинг чодирига отлиқ ҳолда кириб келди. Кисро қўшини бош қўмондони Рустам ундан: ««Кимсизлар, бу ерга нима мақсадда келдинглар?!!», деб сўради. Рибъий жавоб берди:
– Биз Аллоҳ бизни Ўзининг изни билан бандаларни бандаларга қуллик қилишдан бандаларнинг Роббига қуллик қилишга, динларнинг жабр-зулмидан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан дунё-ю охират кенгликларига чиқаришимиз учун юборган қавмдирмиз. Аллоҳ бизни Ўзининг дини билан, одамларни у динга даъват қилишимиз учун юборди. Ким бизни Аллоҳнинг динига даъват қилишимизга тўсқинлик қилса, биз то Аллоҳнинг ваъдасига етишмагунимизча у билан урушаверамиз.
Аллоҳнинг ваъдаси нима? – сўради Рустам.
Рибъий: – Шу йўлда ўлган одамга жаннат, қолганларга эса ғалаба!
Рустам: – Сўзларингни эшитдим. Сизлар бу ишни кечиктириб тура оласизларми, биз ҳам фикрлаб кўрардик, сизлар ҳам яна бир ўйланиб кўрардиларинг?
Рибъий: – Хўп, неча кун кечиктиришимизни истайсан, бир кунми, икки кунми?
Рустам: – Йўқ, то бошлиқларимизга мактуб йўллаб, уларнинг фикрларини билгунимизча.
Рибъий: – Йўқ!
Рустам: – Нега?
Рибъий: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманларимизга йўлиққан пайтимизда уларга уч кундан ортиқ муддат беришни бизларга суннат қилмаганлар. Шу фурсат ичида ўйлаб кўришинг мумкин.
Рустам: – Сен уларнинг бошлиғимисан?
Рибъий: – Йўқ. Лекин, мусулмонлар битта жасадга ўхшайдилар, уларнинг энг қуйидаги кишиси ҳам энг олийсига қарши ўз ҳимоясига ола билади!.»
Ана иззат, ана бошни юқори тутиш!!
Аммо, уммат ҳозирга келиб, хорлик ва хўрликнинг хилма-хил ва турли-туман шаклини тотиб кўришга аллақачон улгурди. Гоҳ динсиз шарқ меҳробига, гоҳ эса кофир ғарб меҳробига эгилди, сажда қилди. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ..
Бешинчи кўриниш: Исломий шахсиятни изҳор қилишдан қўрқиш
Бу ҳам руҳий мағлубиятнинг қаттол кўринишларидан биридир. Мусулмон киши ҳозир мазкур вазиятлар остида суннатни изҳор қилишга ботинолмайди, ўзининг исломий шахсиятини иззат ва олийлик билан эълон қилишга чўчийди, террорчилик тамғаси урилишидан қўрқади, экстремистлик билан айбланишдан хавф қилади, реакцион, қолоқлик, фикри торлик, замонга ҳамнафас бўлолмаслик каби туҳматларга қолишдан қўрқади.
Мусулмон киши бугунга келиб, мусулмон бўлмаганлар билан муомала қилганида ёки шарқ ё ғарб давлатларига сафар қилганида улар каби еб-ичадиган, улар каби кийинадиган, улар каби сўзлайдиган бўлиб қолди. Бу нарса ҳаром, мана бу ҳалол, деб айтишдан қўрқади. Бу бидъат, мана бу суннат, бу ботил, мана бу ҳақ, деб айтишдан ҳайиқади. Нега?!! Чунки, у ич-ичидан мағлуб бўлган.. Чунки, у руҳий жиҳатдан мағлуб, ўз дини билан азизланолмайди.
Мана бу мазмундаги шеър соҳибини Аллоҳ раҳматига олсин:
«Эй Парвардигор! Сенинг «Эй бандаларим!» деган хитобинг остига киришим ва менга Аҳмадни Пайғамбар қилиб юборганинг менинг фахру ифтихоримни ошириб юборди»..
Бошингни баланд кўтар ва тавҳидинг билан иззатталаб бўл!! Ўз шахсиятингни ифтихор билан изҳор қил!! Суннатни эълон қил!! Ушбу диннни маҳкам тутиш сенинг асосий вазифанг, сенинг энг катта ғоянгдир! Аллоҳ таолонинг қуйидаги мазамматига дучор бўлувчи кимсалар каби ҳаёт кечирма: «Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).
Аллоҳ таоло айтган: «Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139).
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ушбу кўринишлар бир неча сабабларга бориб тақалади. Суҳбатимиз давоми ана шу ҳақда боради.
Иккинчи: Руҳий мағлубият сабаблари
Руҳий-маънавий мағлубиятнинг воқеликда бир неча сабаблари мавжуд бўлиб, улар ички ва ташқи сабабларга бўлинади. Рухсатларингиз билан аввал ички сабаблар ҳақида сўз юритсам. Чунки, минг афсус, айни шу сабаблар кўпчилик мусулмонларнинг шаънини ерга ураётганига гувоҳ бўлинади. Ваҳоланки, Аллоҳ азза ва жалла айтган: «(Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?» — дейсизми?! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» (Оли Имрон: 165).
1) Ички сабаблар:
Биринчи сабаб: Аксарият мусулмонлардаги иймон заифлиги
Бу, шубҳасиз, руҳий мағлубиятнинг энг катта сабабларидандир. Иймон фақат тил билан айтиб қўйиладиган сўз эмас, балки у тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш, аъзо ва рукнлар билан амал қилишдир.
Иймон зиёдалашади, камаяди, қувватланади, заифлашади. Бу аҳли суннат асл-асосларидан биридир. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳолатни жуда дақиқ-нозик тасвирлаб берганлар. Абу Нуъайм, Ад-Дийламий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди».(«Ас-силсилатус-саҳиҳа»: №2268).
Вақти-вақти билан қалбни гуноҳ ва маъсиятлар асорати бўлмиш қора булутлар ўраб олади ва улар қалбдаги иймонни заифлаштиради. Ушбу булутлар чекингач, қалбдаги иймон яна зиёдалашиб, қалб тавҳид нури билан ёришади.
Севикли дўстим! Агар иймоннинг қалбларда ўрнашган ва зиёдалашган пайтидаги сирини билишни истасангиз, тарихга мурожаат қилинг, иймон уларни туябоқарлик, сигирбоқарлик, қўйбоқарликдан бутун ер юзи халқларининг йўлбошчиларига айлантириб қўйган саҳобаи киромлар тарихини ўқинг. Улар қалбдаги иймонлари билан ер юзидаги энг улкан империяларга қарши дадил бордилар ва замон тарозисида жуда арзимас саналадиган озгина вақт ичида куфр билан тўлиб-тошиб ётган саҳро ўртасида ислом давлатини барпо қилдилар.
Араб жазирасида ном-нишони бўлмаган бир бадавийни ўз кўксини Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалқон қилиб, душман ўқларидан у зотни ўз кўкси билан ҳимоя қилган ва: «Кўксим кўксингизга қалқон, эй Расулуллоҳ!» деган кунида осмон баробар юксалтириб қўйган нарса унинг иймони эди!!
Араб жазирасидаги оддий бир бадавий арабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «Аллоҳга қасамки, биз сизга Бану Исроил Мусога айтганидек, боргин, сен Парвардигоринг билан бориб урушинглар, биз бу ерда ўтириб турамиз, деб айтмаймиз. Балки, сизга, эй Расулуллоҳ, Парвардигорингиз билан бирга бориб урушинглар, биз ҳам сиз билан бирга урушамиз, деб айтамиз, дегиздирган нарса унинг иймони эди!
Ҳа, бу иймон эди.. Ажойибу ғаройиб ишларни амалга оширган нарса иймон эди.. Иймон заифлиги бугунги кунда жуда кўп мусулмонларни эгаллаб олган руҳий мағлубиятнинг асосий сабабларидан биридир. Аллоҳдан сизу бизнинг иймонимизни зиёда қилишини сўраймиз.
Иккинчи сабаб: Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилиш
Жиҳодни тарк қилиш хорлик, хўрлик ва таслим бўлиш билан баробардир. Бу нафс-ҳаволаридан сўзламайдиган Содиқу Амин зотнинг сўзларидир. Имом Аҳмад ва Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ийна (рибонинг бир тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд (№3462) ривояти, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№11) саҳиҳ санаган).
Севикли дўстларим! Агар уммат Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини янгидан кўтарса, албатта шарқу ғарбни забт этишини душманлар жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам улар умматни жиҳоддан ва жиҳод руҳидан четлатишга жон-жаҳд билан уринишади. Ёш авлод жиҳод тарихи ва фотиҳ қаҳрамонлар сийрати асосида тарбияланиб қолмаслиги учун, уммат худди ёмғирли тунда тирқираб кетган қўй подаси каби тарқоқ ва заиф бўлиб қолавериши учун бор кучларини сарфлайдилар. Бу умматга азизлик фақат Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини қайтадан кўтаргандагина ва бу диннинг энг баланд ўркачига кўтарилгандагина қайтиб келади.
Учинчи сабаб: Кўпчилик мусулмонлар йўлнинг табиатини билмасликлари
Мусулмон биродарлар! Аллоҳга даъват қилиш йўли осон йўл эмас.. Аллоҳга даъват қилиш йўли гулу райҳонлар тўшалган йўл эмас.. У узоқ ва машаққатли йўлдир… У тўсиқлар, тиканлар ва балолар билан ўралган йўлдир.. У қонлар билан алвон рангга кирган йўлдир.. У озорлар, меҳнат-машаққатлар, синов ва имтиҳонлар билан тўла йўлдир.
Кўпчилик одамлар иймон калимасини осон-енгил санаб, тиллари билан айтиб қўйиш кифоя деб ўйлайдилар ва фаровонлик пайтларида уни кўп-кўп такрорлаб юраверадилар. Аммо, йўлда фитна ва озорлар чиғириғига дуч келиб қолганларида улардан кўплари ортга чекиниб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлидан бурилиб кетадилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).
Демак, меҳнат-машаққат, синов ва фитналар йўлида биринчи дуч келган бурилишдаёқ йўлдан чиқиб кетмаслик учун ушбу йўлнинг табиатини яхши билиб олиш зарурдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1-3).
Севикли биродарим! Ортга бурилиб кетувчилардан бўлиб қолмаслик учун ушбу йўлнинг табиатини яхши билиб олишингиз керак бўлади. Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмайди.
Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).
Тўртинчи сабаб: Кўпчилик мусулмонлар куч-тоқат ва имкониятларни тўғри баҳолай олмасликлари ва интилувчанликнинг камлиги
Бу ҳам руҳий мағлубият сабабларидан хатарли бир сабабдир. Кўпчилик мусулмонлар Аллоҳ таоло бизларга марҳамат қилган ер усти ва ер ости бойликлари, башарий бойлик-имкониятлар ва бошқа улкан куч-тоқат ва имкониятларни ва энг асосийси, Улуғ Парвардигоримиз бизларга ва бутун башариятга дин бўлиши учун танлаган Ислом неъматини тўғри баҳолай олмайдилар.
Мусулмон биродарлар! Шуни унутмангки, жаҳон сиёсати чархпалагини айлантираётган пуллар асосан шарқ ва ғарб банкларидаги мусулмонларнинг пулларидир.
Шарқу ғарб мамлакатларида ишлаётган, янги-янги ихтиролар ва бунёдкорлик ишларини режалаётган ақллар асосан мусулмонларнинг ақлларидир. Заррашунос (атомшунос) олимлар ҳақида суриштириб кўринг!!.. Геология соҳаси олимлари ҳақида суриштириб кўринг!!.. Ҳандаса (инженерлик) соҳаси олимлари ҳақида сўраб кўринг!!.. Исломий ақллар ўз мамлакатларида тўсиқларга учрагани ва ихтирочиликни бўғувчи тош-темир қонунлар деворига урилгани боис кучли ақл соҳиблари шарқ ва ғарб давлатларига кўчиб кетишга мажбур бўлдилар ва у ерларда қаҳрамон фотиҳлардек кутиб олиндилар, уларга ишлаш ва ихтиролар қилиш учун катта имкониятлар яратиб берилди. Бугун биз ана шундай воқеликда яшаб турибмиз.
Нью Йоркда океан устига қурилган жуда ҳам улкан кўприк устидан ўтдим. Унга қараган одам ҳайратдан лол қолмай иложи йўқ. Нариги қирғоққа етиб борганимиздан сўнг ҳамроҳим бир гап айтиб қолди, бу мен учун умуман кутилмаган гап бўлди. У менга: «Биласизми, мана шу кўриб турганингиз кўприкнинг лойиҳасини Покистонлик мусулмон муҳандис чизган», деди. Ана, мусулмонларнинг ақли!!
Мусулмон биродарлар! Агар мусулмонлар ва араблар биргина нефтнинг ўзини тўғри ишлата билганларида эди, бир неча лаҳзалар ичида мезонлар умуман ўзгариб кетган бўларди.
Бизнинг улкан куч-тоқатларимиз, имкониятларимиз, катта бойликларимиз бор. Лекин, биз улардан тўғри фойдаланишни билмаймиз ва мудом имкониятларимиз камлигидан шикоят қилиб юрамиз. Шу билан бир вақтда имкониятларни ишга солишга иштиёқимиз йўқ, бизда интилувчанлик деган нарса мутлақо кўзга ташланмайди. Қай бир ёш йигит билан гаплашсангиз, бор орзу-ҳаваси дорулфунунни битириб олса, гўзал ёри бўлса, дабдабали уй-жойи бўлса, яхши автоулови бўлса, бас!! Бошқа нарсанинг кераги йўқ.. Умумий аҳвол шу..
Дин ҳақида қайғуриш, умматнинг аҳволини ўзгартириш ҳақида бош қотириш деган нарсалар уларнинг калласига яқин ҳам йўламайди!! Ахир, мусулмон киши қачонгача фақат оёғининг остига қараб яшайди?!!
Шеър мазмуни: «Тоққа чиқишдан қўрққан одам бир умр чуқурлар ичида яшаб ўтади».
Бешинчи сабаб: Замон ва маконга ўта тор назар билан қараш
Ёшларимиз ҳозир замон ва маконга нисбатан ўта тор қарайдиган бўлиб қолишган, бу эса уларни умидсизлик сари етаклайди. Қандай дейсизми? «Фитналар кўпайиб кетди! Мултазим (динни маҳкам ушлаган) одамлар камайиб кетди! Ҳамма ёқни очиқ-сочиқ аёллар босиб кетди! Илмга қизиқиш сусайиб кетди! Яқин орада умуман ҳофизи қуръон қолмаса ҳам керак!..».
Ўзи яшаб турган маконга нисбатан бундай тор қарашлар кишини умидсизликка туширади, уни қаттол руҳий мағлубият сари етаклайди, ақли ва фикрини фалаж қилиб қўяди, бирон иш қилишга қодир одамни ҳаракатдан тўхтатади, ҳамма нарсадан ҳафсаласи совуб, қўл силтаб кетадиган қилиб қўяди. Ҳолбуки, агар ўз қишлоғи ё шаҳри ё давлатидан ташқарини кўра олса ва оламга кенгроқ назар ташласа, ер юзи ҳеч қачон нусратланувчи тоифа аҳлидан холи бўлмаганини ва Содиқу Амин зотнинг гувоҳликларига кўра, то қиёмат асло холи қолмаслигини яхши билади..
Узоқроққа боқинг, дунёқарашингиз кенгроқ бўлсин. Замонга нисбатан ҳам тор қараманг. Ёшларимиз шикоят қилиб қолишади: «Дин зое бўлди.. Уммат мағлуб бўлди.. Ислом оғир ҳужумларга дучор бўлмоқда.. Умуман, мусулмонлар душманларидан жуда қаттиқ зарбаларга учрамоқдалар.. Шундай экан, бас, ҳаракатдан фойда йўқ..». Ва ҳоказо гаплар.. Ваҳоланки, даврга нисбатан қарашларини сал кенгайтирсалар, уммат бундан ҳам оғир зарбаларни бошидан ўтказганини, шу ҳолида ҳам Аллоҳ таоло воқеликни ўзгартириб, аҳволларни тузатиб берганини билган бўлишарди.
Севикли дўстим! Мен сизга умид бахш этувчи ва дилларни иймону ишонч билан тўлдирувчи сўз айтишни истайман. Ишонинг, бу воқелик албатта ўзгаради, аҳвол албатта тузалади!.
Эй мусулмонлар! Мўғул-татарлар мусулмонларга қақшатқич зарба бериб, Бағдод кўчалари жасад уюмлари билан тўлиб-тошган, кўчаларда қонлар муболағасиз анҳор бўлиб оққан, ўликлар кўплигидан жасадлар сасиб кетган, Бағдод масжидларидан биронта ҳам масжидда қирқ кунгача жамоат намози ўқилмаган, масжидлар тақа-тақ беркитилган эди! Ҳа, аҳвол шу даражага етганди!
Мусулмон киши ўлдирилишдан қўрқиб, масжидга ҳам чиқишга юраги бетламай қолганди!
Мусулмон киши кўчада мўғул аскарини кўриб қолса, ўрнида қотиб қолар, то келиб, уни ўлдирмагунича қимирламай тураверарди! Қаранг, ички мағлубият қай даражага етганди!
Шунга қарамай, Аллоҳ таоло мўғулларни хунук суратда тор-мор этувчи кишиларни чиқарди, Ўзи ҳолатни ўзгартириб, аҳволларни тузатди.
Салибчилар мусулмонларни мағлуб этиб, Ал-масжидул-Ақсонинг деворларига салибларни (хочларни) қаторлаштириб ташладилар.. Тўқсон бир йил мобайнида ушбу муборак масжидда намоз ўқиш тақиқлаб келинди.. Шунча хорликдан сўнг Аллоҳ таоло яна Ал-Ақсони тозаловчи инсонларни чиқарди, аҳволларни Ўзи ўзгартирди.
Модомики, Аллоҳ таоло Ал-Ақсони тозалайдиган инсонларни чиқарган экан, биз Ал-Ақсони қайтариб олган инсонларни чиқарган Зот Тирик ва Барҳаёт эканига қатъий ишонамиз!
Мусулмон биродарлар! Қарматийлар Аллоҳнинг уйида – Ҳарами Шарифда мусулмонларга ҳужум қилишди.. Каъбада, эгниларида эҳром либоси бўлган мусулмонларни ўлдиришди.. Байтуллоҳ қонга беланди, жасадларга тўлди.. Қарматийлар бошлиғи жиноятчи Абу Тоҳир Қарматий Каъбаи Мушаррафадан Ҳажар Асвадни (қора тошни) суғуриб олди, Байтулоҳнинг ичида туриб, бошини осмонга қаратиб: «Қани абобийл қушлари?! Қани сополдан бўлган тошлар?!», деб ҳайқирди.
Бу мусулмонлар бошига келган жуда оғир синов эди. Ҳажар Асвад йигирма йилдан ошиқроқ вақт Каъбаи Мушаррафадан узоқда қолиб кетди.
Бироқ, шунга қарамай, яна Аллоҳ таоло аҳволни ўнглади, воқеликни ўзгартирди.
Эй мусулмонлар! Асло ноумид бўлманг, замон ва маконга тор назар билан боқманг! Бу ички руҳий-маънавий мағлубиятнинг энг хатарли кўринишларидан биридир.
2) Ташқи сабаблар:
Ташқи сабаблар ҳақида узоқ гапириб ўтирмаймиз, бу сабаблар асосан хатарли бир сабаб, яъни «Ислом душманларининг куч-қудратини ҳаддан зиёд ошиқ баҳолаш ва ошириб-тошириб сифатлаш» остига умумлашади.
Кеча-ю кундуз, қасд билан ё қасдсиз равишда душманларнинг куч-қудрати ҳақида, ядровий бомбалари ҳақида, бактериологик қуроллари ҳақида, ракеталари ҳақида, самолётлари ҳақида, танклари ҳақида, илм ва технологиялари ҳақида.. ва ҳоказолари ҳақида гапирамиз.
Биз ғарбнинг бу жиҳатдан эришган ютуқларини рад қилмоқчи эмасмиз. Лекин, шу нарсани яхши билишимиз керакки, Аллоҳ таоло мусулмонларни душманга қарши имконият доирасида куч-қувват ҳозирлашга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур» (Анфол: 60).
Аллоҳ таоло мусулмонларни имконлари борича куч тайёрлаб қўйишга буюрди, мусулмонлар ҳар бир замон ва маконга мос ва мувофиқ куч тайёрлаб қўйишлари зарур бўлади.
Сиздан фақат имкониятингиз доирасида куч сарфлаш талаб этилади. Қўлингиздан келган ҳамма ишни қилиб қўйинг-да, сабр қилинг, кўнглингиз хотиржам бўлсин, натижаларни бутун борлиқнинг Хожасига топшириб қўйинг.
Аллоҳ таоло айтади:
«Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).
«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир» (Фажр: 14).
«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз» (Ғофир: 51).
Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар мусулмонлар Аллоҳнинг куч-қудрати миқдорини билишса ва Аллоҳга бўлган ишончу иймонлари зиёдалашса эди, албатта Аллоҳ таоло аҳволларни ўнглаган, воқеликни ўзгартирган бўларди. Чунки, Аллоҳ таолони еру осмонлардаги бирон нарса ожиз қолдиролмайди.
Энг аввал Аллоҳга қайтиб олайлик, иймонни рўёбга чиқариб олайлик! Чунки, Аллоҳ таоло нусратни шунга боғлиқ қилиб қўйган: «Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).
Куч-қувват ҳозирлаш учун ўз имкониятимизда бўлган ҳамма нарсани сарфлашимиз лозим бўлган бир вақтда биз душманнинг куч-қудратини кўпиртириб гапириб юришимиз тўғри иш бўлмайди. Аллоҳ бизнинг кўзларимизга кўрсатиб қўйди-ку!! Қаранг, ветнамликлар Американи қандай аҳволга солиб қўйди, унинг бурнини қандай қилиб тупроққа ишқалади?!!
Оч-яланғоч, ялангоёқ сомалиликлар Американинг бурнини қандай тупроққа ишқаладилар?!! Сомали ёшлари айрим америкалик ҳарбийларни кўчаларда судраб юришгани ҳақидаги суратлар жаҳон оммавий ахборот воситаларида кўрсатилгач, Америка дарҳол ўз қўшинларини Сомалидан олиб чиқишга мажбур бўлди.
Мусулмонлар Боснияда нафақат сербларнинг, балки жаҳон яҳудий-салибий-илмоний иттифоқининг бурнини қандай ерга ишқади?!!
Кузатувчилар фикрича, Босниядаги уруш бир ҳафтадан ортиқ давом этмаслиги керак эди. Қаранг, Боснияда мусулмонлар қанча вақт матонат билан турдилар?!!
Барча кузатувчилар якдиллик билан Чеченистондаги уруш уч кундан ортиқ давом этмаслигини таъкидлаган эдилар. Қаранг, Чеченистонда мусулмонлар аҳмоқ рус айиғининг бурнини қандай тупроққа ишқаладилар?!!
Афғонистон мусулмонлари Аллоҳ учун содиқ турган ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод байроғини баланд кўтарган кунларида рус айиғининг роса адабини бергандилар, бадбўй таассубчилик байроғини кўтариб чиқишгач, Аллоҳ таоло ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим бўлган раббоний қонуниятини англаб етишимиз учун уларни бир-бирига ем қилиб қўйди.
Севикли дўстларим! Ушбу ҳақиқатни яхши англашимиз ва ҳеч қачон муболаға қилмаслигимиз лозим. Чунки, муболаға (яъни душман кучини бўрттириш) мағлубнинг мағлублигини оширади, холос.
Иккинчи хутба:
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд…
Учинчи: Давоси нима?
Руҳий-маънавий мағлубиятнинг давоси ҳақида узоқ сўзлашнинг ҳожати йўқ, у бир неча нуқталардан иборат:
Биринчи: Касалликнинг сабабларини аниқлаш. Зеро, ташхис давонинг ярмидир.
Иккинчи: Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатларига жиддий ва сидқидилдан қайтиш, умматнинг ҳар бир аъзосини комил саҳиҳ ақида устида тарбиялаш. Бир нарсани яхши англаб олишимиз зарурки, бугунги кунда оламни ҳаракатга келтираётган нарса ақидадир. Чеченистондаги уруш ақида урушидир.. Сомалидаги уруш ақида урушидир.. Фаластиндаги уруш ақида урушидир.. Кашмирдаги уруш ақида урушидир.. Босниядаги уруш ақида урушидир.
Биз ёш авлодни соф ва комил ақида устида тарбия қилишимиз зарур.
Учинчи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан огоҳлантирган ваҳн-заифликдан халос бўлиш.
Абу Довуд «Сунан»ида ва Аҳмад «Муснад»ида Савбон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар» (Шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№8183) саҳиҳ санаган).
Тўртинчи: Уммат ёшларини Аллоҳ йўлидаги жиҳод руҳида тарбиялаш.
Бешинчи: Тарихга ва салаф солиҳнинг сийратларига ундан совуқ зеҳний маълумот олиш учун эмас, балки бир жиҳатдан ибрат олиш, иккинчи жиҳатдан ёш авлоднинг томирларида ғаюрлик, ҳиммат ва иззат қонлари жўш уриши учун саҳиҳ мурожаат қилиш.
Олтинчи ва охиргиси: Иззатни ва оламлар Парвардигорининг нусратини мутлақо шу дин билан талаб қилиш.
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).
«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Анфол: 36, 37).
«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33).
«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).
«Айтинг: Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81).
Аллоҳ азза ва жалладан сизу бизнинг солиҳ амалларимизни мақбул айлашини, барчамизга шу дин билан азизланиш ва олийликка эришишни насиб айлашини сўрайман. У бунга қодирдир.
Дуо…