Савоблар ва каффоратларнинг олтмиш эшиги (1)


    Абу Муҳаммад Бухорий таржимаси

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбарларнинг энг улуғи бўлган зотга салавот ва саломлар бўлсин.

    Ушбу рисола Аллоҳ таолога ибодат қиладиган ва унга бирор нарсани шерик қилмайдиган кишиларга аталади. Зеро, ҳар бир мўмин банданинг бу дунёдаги буюк мақсади шу дунёда гуноҳлари кечирилиб, қиёмат кунида жавобгар бўлмаслиги ҳамда унда абадий қоладиган жаннатларга киришидир.

    Бандага улкан савоблар олиб келадиган ва гуноҳларга каффорат бўладиган баъзи амаллар бор. Биз уларни ушбу кичик рисолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан иқтибос олган ҳолда баён этамиз.

    Шериги бўлмаган якка Аллоҳдан ушбу амалимизни қабул қилишини сўраймиз. Албатта У эшитувчи ва барча нарсани билувчи зотдир!

    (1) Тавба

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуёш кунботар тарафдан чиққунига қадар тавба қилган кимсанинг тавбасини Аллоҳ қабул қилади» (Имом Муслим ривояти, 2703-ҳадис).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Модомики банданинг жони ҳалқумига келмаган экан, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади» (Имом Термизий ривояти, 3537).

    (2) Илм излаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Илм излаб чиққан кишига Аллоҳ жаннат йўлини осон қилади» (Имом Муслим ривояти, 2699).

    (3) Аллоҳ таолони зикр қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга амалларнинг энг яхшисини, подшоҳингиз Аллоҳнинг ҳузурида энг пок ҳамда даражаларингизни кўтарувчироғини, олтин ва кумушларни сарф этишингиз ва душманларингизга дуч келиб, уларнинг бошларини олишингиз ва улар ҳам сизларнинг бошларингизни олишларидан кўра яхшироқ бўлган нарсани хабар берайинми?» дедилар. Сахобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг зикри», деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти, 3347).

    (4) Яхшилик қилиш ва яхшиликка йўллаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир яхшилик садақадир. Яхшиликка далолат қилган киши уни қилган киши билан баробардир» (Имом Бухорий (10/347) ва Имом Муслим (1005) ривояти).

    (5) Аллоҳ йўлига даъват қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳидоятга йўллаган кишига шу ҳидоятга эргашган кишиларнинг савобларича савоб берилади ва бу нарса ўша (ҳидоятга эргашган) кишиларнинг савобларидан бирон нарсани камайтирмайди» (Имом Муслим ривояти, 2674).

    (6) Яхшиликка буюриш ва ёмонликлардан қайтариш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирортангиз гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар (бунга ҳам) қодир бўлмаса, қалби билан инкор этсин. Бироқ бу (қалби билан инкор этиш) иймоннинг энг заиф (кўринишидир)» (Имом Муслим ривояти, 49).

    (7) Қуръон тиловат қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръон ўқинглар! Албатта у қиёмат кунида уни ўқиган кишилар учун шафоатчи бўлиб келади» (Имом Муслим ривояти, 804).

    (8) Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш

    «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, кейин уни (бошқаларга) ўргатганингиздир» (Имом Бухорий ривояти, 9/66).

    (9) Саломни ёйиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймонли бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Бир-бирингизни севмагунингизча мўмин бўла олмайсиз. Бир-бирингизни севишингизга сабаб бўладиган бир ишга сизларни йўллаб қўяйми? Ораларингизда саломни ёйинглар (ошкор қилинглар)». (Имом Муслим ривояти, 54)

    (10) Аллоҳ учун севиш (яхши кўриш)

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг улуғлигим йўлида бир-бирларини яхши кўрган кишилар қаерда? Бугун менинг соямдан бошқа соя бўлмаган кунда уларга ўз соямдан соя бераман», дейди» (Имом Муслим ривояти, 2566).

    (11) Касал кўриш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эрталаб бирор касални зиёрат қилган киши учун етмиш минг фаришта кечга қадар салавот айтади. Агар кечқурун зиёрат қилса, тонгга қадар етмиш минг фаришта салавот айтади. Бу одамнинг жаннатда бир боғи бўлади». (Имом Термизий ривояти, 969).

    (12) Одамларга ёрдам бериш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қийналган одамга ёрдам берган кишига Аллоҳ дунё ва охиратда ёрдам беради» (Имом Муслим ривояти, 2699).

    (13) Одамларнинг айбларини яшириш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда (бошқа бир) банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат кунида унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривояти, 2590).

    (14) Қариндошлик алоқаларини узмаслик

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қариндошлик риштаси (силаи раҳм) Аршга осилиб туради ва бундай дейди: “Ким мени боғласа, Аллоҳ уни боғласин (яъни Аллоҳ унга фазлу неъматини боғласин). Ким мени узса, Аллоҳ уни ҳам узсин (яъни Аллоҳ ундан фазлу неъматини узсин)”». (Имом Бухорий (10/350) ва Имом Муслим (2555) ривояти).

    (15) Гўзал хулқли бўлиш

    Бандани жаннатга энг кўп олиб кирадиган амал ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганида: «Аллоҳдан тақво қилиш ва гўзал хулқ», деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти, 2003).

    (16) Ростгўйлик

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ростгўй бўлинглар! Чунки ростгўйлик эзгуликка, эзгулик эса жаннатга олиб боради», дедилар (Имом Бухорий (10/423) ва Имом Муслим (2607) ривояти).

    (17) Ғазабни ичга ютиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қодир бўлатуриб ғазабини ичига ютган кишини Аллоҳ таоло қиёмат куни барча халойиқнинг кўз ўнгида чақиради ва жаннат ҳурларидан хоҳлаганича танлашига изн беради» (Имом Термизий ривояти, 3/2022).

    (18) Мажлис каффорати

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир мажлисда ўтириб, беҳуда нарсаларни кўп гапирган одам шу мажлисдан тураётганида:

    سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

    “Парвардигоро! Сенга ҳамд айтиш билан Сени барча айбу нуқсондан поклайман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Сенга истиғфор айтаман ва Сенга тавбалар қиламан”, деса, унинг шу мажлисда қилган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий ривояти, 3/153).

    Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду ан лаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайка.

    (19) Сабр

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло мусулмонга етган қайғу, алам, озор ва ғамларни, ҳатто баданига кирган тиканни унинг хатоларига каффорат қилади» (Имом Бухорий ривояти, 10/91).

    (20) Ота-онага яхшилик қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин», дедилар. У зотдан: «Ким?» деб сўралганида: «Ота-онасининг ҳар иккиси ёки битталари қариган пайтларида унинг ёнида бўлган, бироқ (уларнинг розилигини топа олмай) жаннатга кира олмаган киши», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти, 2551).

    (Давоми бор)

    Манба: www.islomnuri.com

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962