Кашфуш-шубуҳот (3)

    Агар: «Мен асло Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмайман, лекин солиҳларга
    илтижо қилиш ширк эмас», деса, сиз унга айтинг: «Агар сен Аллоҳ таоло ширкни
    зинони ҳаром қилганидан кўра қаттиқроқ ҳаром қилганига иқрор бўлсанг ва Аллоҳ
    таоло уни кечирмаслигига иқрор бўлсанг, хўш, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва уни
    кечирмаслигини айтган бу иш (яъни ширк) нима ўзи?». У буни билмайди. Сиз унга
    айтингки: «Сен қандай қилиб ўзингни ширкдан покман дейсан, ваҳоланки унинг
    нималигини ўзинг билмайсан?! Аллоҳ уни сенга ҳаром қилган бўлса ва уни
    кечирмаслигини айтган бўлса, сен қандай қилиб у ҳақда сўрамайсан, уни билишга
    уринмайсан?! Аллоҳ уни ҳаром қилган-у, лекин унинг нималигини бизга баён қилиб
    бермаган, деб гумон қиласанми?!».

    «Агар: «Мен асло Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмайман, лекин солиҳларга
    илтижо қилиш ширк эмас», деса…»
    Яъни, ўзидан ширкни рад қилса..

    «Сиз унга айтинг: Агар сен Аллоҳ таоло ширкни зинони ҳаром қилганидан кўра
    қаттиқроқ ҳаром қилганига иқрор бўлсанг ва Аллоҳ таоло уни кечирмаслигига иқрор
    бўлсанг,
    – у буни инкор қилиши мумкин эмас – хўш, Аллоҳ таоло ҳаром
    қилган ва уни кечирмаслигини айтган бу иш (яъни ширк) нима ўзи?».
    Яъни, сен
    менга Аллоҳга ширк келтиришнинг ҳақиқати ва моҳиятини тушунтириб бер, Аллоҳга
    ибодат қилиш маъноси нима ўзи?!

    «У буни билмайди». Яъни, ширк ҳақида, тавҳид ҳақида унинг маълумоти
    йўқ.. Бу иккиси ҳақида сўрасангиз, тўхталиб қолади.

    «Сиз унга айтингки: Сен қандай қилиб ўзингни ширкдан покман дейсан,
    ваҳоланки унинг нималигини ўзинг билмайсан?!»
    Зеро, бир нарса ҳақида бор ёки
    йўқ деб ҳукм қилиш учун ўша нарса тўғрисида билим ва тасаввурга эга бўлиш зарур.
    Сен ширк нималигини билмайсан-ку, қандай қилиб уни ўзингда йўқ дейсан, тавҳид
    нималигини билмайсан-ку, қандай қилиб уни ўзингда бор дейсан?!

    «Аллоҳ уни сенга ҳаром қилган бўлса ва уни кечирмаслигини айтган бўлса,
    сен қандай қилиб у ҳақда сўрамайсан, уни билишга уринмайсан?!»
    Уни
    билмаслигинг ва унга нисбатан эътиборсизлигинг сенинг ўз динингни билмаслигингга
    ва сен диндорликдан жуда узоқда эканингга, диндан ва динни билишдан ғофил ва юз
    ўгирган шахс эканингга далил бўлади. Сенга сукут муносиб, умуман бу ҳақда
    сўзлашга лойиқ эмассан.

    «Аллоҳ уни ҳаром қилган-у, лекин унинг нималигини бизга баён қилиб
    бермаган, деб гумон қиласанми?!»
    Агар шундай деб ўйласа, аввалги адашишидан
    ҳам узоқроқ адашган бўлади ва бунга иккинчи бир куфрни ҳам қўшиб олган бўлади.
    Зотан, Аллоҳ таоло ҳар бир катта-ю кичик нарсаларни бизга баён қилиб берди,
    динни бизга мукаммал қилди.

    Агар у: «Ширк дегани бутларга сиғиниш, биз бутларга сиғинмаймиз», деса, сиз
    унга айтинг: «Бутларга сиғиниш маъноси нима ўзи? Сен ўша бутпарастлар шу ёғоч ва
    тошлар ҳақида улар яратади, ризқ беради, ўзларига дуо қилганларнинг ишларини
    юргизади, деб эътиқод қиладилар, деб ўйлайсанми?! Қуръон буни ёлғон санайди».
    Агар у: «У (яъни бутпараст) ёғоч ё тошга ё қабр устига қурилган сағанага ё бошқа
    нарсага қасд қилиб борадиган ва унга дуо қиладиган, унга атаб жонлиқ сўядиган ва
    «У бизни Аллоҳга яқинлаштиради, унинг баракасидан Аллоҳ биздан (балони) даф
    қилади ё унинг баракасидан бизга марҳамат қилади» деб айтадиган одамдир», деса,
    айтингки: «Тўппа-тўғри айтдинг, сизларнинг тошлар ва сағаналарга бориб,
    қилаётган ишларингиз ҳам айни шунинг ўзидир». Бу одам ўзларининг мана шу
    феъллари бутларга сиғиниш эканига иқрор бўлди, мақсад ҳам шу эди.

    «Агар у: «Ширк дегани бутларга сиғиниш, биз бутларга сиғинмаймиз»,
    деса…»
    Эди бу шубҳага ўтса, ширк дегани фақат бутларга сиғиниш дегани, деб
    даъво қилса ва ўзининг бутга эмас, валийга сиғинаётганини айтса…

    «Сиз унга айтинг: «Бутларга сиғиниш маъноси нима ўзи? Сен ўша бутпарастлар
    шу ёғоч ва тошлар ҳақида улар яратади, ризқ беради, ўзларига дуо қилганларнинг
    ишларини юргизади, деб эътиқод қиладилар, деб ўйлайсанми?!»

    Агар: «Ҳа», деса, «Қуръон буни ёлғон санайди» ва рад қилади. Зеро,
    Қуръон уларнинг асло бундай эътиқод қилмаганларини баён қилади.

    «Агар у: «У (яъни бутпараст) ёғоч ё тошга ё қабр устига қурилган сағанага
    ё бошқа нарсага қасд қилиб борадиган ва унга дуо қиладиган, унга атаб жонлиқ
    сўядиган ва «У бизни Аллоҳга яқинлаштиради, унинг баракасидан Аллоҳ биздан
    (балони) даф қилади ё унинг баракасидан бизга марҳамат қилади» деб айтадиган
    одамдир», деса…»
    Унинг бу гапи бутга сиғинишнинг тўғри баёни бўлган
    бўлади.

    «Айтингки: «Тўппа-тўғри айтдинг, сизларнинг тошлар ва сағаналарга бориб,
    қилаётган ишларингиз ҳам айни шунинг ўзидир».
    Бу айтганинг айни шу
    қилаётган ишингнинг энг тўғри тафсири бўлди.

    «Бу одам ўзларининг мана шу феъллари бутларга сиғиниш эканига иқрор бўлди,
    мақсад ҳам шу эди».
    Яъни, мақсад уни ҳаққа иқрор қилдириш ва шубҳасини
    аритиш эди. Дарҳақиқат, шубҳаси очилди, ҳужжати бекор бўлди, жаҳолати ва
    залолати аниқ бўлди.

    Хулоса шуки, сиз унга: «Улар ўша бут-санамлар яратади…. деб эътиқод
    қилишадими?» деб сўрайсиз.

    Агар «Ҳа», деса, унга шу ҳақда ворид бўлган оятларни ўқиб берасиз.

    Агар у: «Бутпараст дегани ёғоч ё тошга ё қабр устига қурилган сағанага ё
    бошқа нарсага қасд қилиб борадиган киши…» деб юқоридаги гаплари билан жавоб
    берса, сиз: «Жуда тўғри айтасан, сизларнинг ишларингиз ҳам шунинг ўзи»,
    дейсиз.

    Яъни, у бутпарастликни нотўғри тушунтирса, унинг сўзи ботиллиги баён қилиб
    берилади, агар тўғри тушунтирса, ўзининг қилаётган иши шунга тўғри келишига
    иқрор бўлади.

    Унга яна айтилади: «Ширк дегани бутларга сиғиниш» деган сўздан муродинг ширк
    фақат шунга хос, солиҳларга эътимод қилиш ва уларга дуо-илтижо қилиш бунга
    кирмайди, деганими? Бу гапни Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида малоикаларга, Ийсога,
    солиҳларга боғланишнинг куфр экани ҳақида зикр қилган гап рад қилади. Энди у
    Аллоҳга ибодатда солиҳлардан бирортасини шерик қилиш Қуръонда зикр қилинган ширк
    эканига иқрор бўлмай иложи қолмайди, мақсад ҳам шу эди.

    «Унга яна айтилади…» Бу унга иккинчи жавобдир.

    ««Ширк дегани бутларга сиғиниш» деган сўздан муродинг ширк фақат шунга
    хос, солиҳларга
    – анбиёларга, авлиёларга, фаришталарга – эътимод қилиш ва
    уларга дуо-илтижо қилиш бунга кирмайди, деганими?»
    Бундай қилиш ширк
    бўлмайди, деганими?

    «Бу гапни Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида малоикаларга, Ийсога, солиҳларга
    боғланишнинг куфр экани ҳақида зикр қилган гап рад қилади.»
    Зеро, Қуръони
    карим уларга (сиғиниш ва дуо-илтижо қилиш билан) боғланадиган кишиларнинг кофир
    бўлишлари ҳақида хабар берган, бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди, бут-санамларга
    сиғиниш ширкнинг қисмларидан бир қисмдир.

    «Энди у Аллоҳга ибодатда солиҳлардан бирортасини шерик қилиш Қуръонда зикр
    қилинган ширк эканига иқрор бўлмай иложи қолмайди, мақсад ҳам шу эди».

    Маълум бўлдики, санамга, васанга ё бошқа нарсага сиғинган одам мушрик бўлади. Шу
    билан унинг шубҳаси ариган ва ҳужжати бекор бўлган бўлди.

    Масаланинг сири шундаки, агар у: «Мен Аллоҳга ширк келтирмайман», деса,
    сиз унга: «Аллоҳга ширк келтириш маъноси нима, менга тушунтириб бер?», денг.
    Агар: «Ширк бутларга сиғинишдир», деса, сиз: «Бутларга сиғиниш нима дегани,
    менга тушунтириб бер», дейсиз. Агар: «Мен фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат
    қиламан», деса, сиз: «Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш маъноси нима, менга
    тушунтириб бер», дейсиз. Агар у буни Қуръон баён қилганидек тушунтириб берса,
    хўп, мақсад ҳам шу ўзи. Агар билмаса, қандай қилиб ўзи билмаган нарсани даъво
    қилади?! Агар у уни бошқача маънода тушунтирса, сиз унга Аллоҳга ширк келтириш
    ва бутларга сиғинишнинг маъноси улар ҳозирги даврда қилишаётган ишнинг айни ўзи
    экани, Аллоҳнинг Ўзига шериксиз ибодат қилиш улар бизга инкор қилаётган ва
    ўтмишдаги биродарлари қичқирганлари каби бизга қараб: «(Шунча) худоларни
    битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»
    (Сод: 5), деб
    қичқираётган ишнинг айни ўзи эканини очиқ баён қилувчи оятларни айтиб
    беринг.

    «Масаланинг сири шундаки…» Яъни, юқорида ўтган учта шубҳага
    берилган жавобларнинг хулосаси ва йиғиндиси шуки… Мусанниф раҳимаҳуллоҳ аввал
    шубҳаларнинг жавобини зикр қилиб, ҳар бир шубҳага битта ёки иккита жавобни
    хослагач, охирида ихчам шаклда уларнинг хулосасини келтирди.

    «Агар у: «Мен Аллоҳга ширк келтирмайман», деса, сиз унга: «Аллоҳга ширк
    келтириш маъноси нима, менга тушунтириб бер?», денг.
    Агар: «Ширк бутларга сиғинишдир», деса, сиз: «Бутларга сиғиниш нима дегани,
    менга тушунтириб бер», дейсиз.
    Агар: «Мен фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қиламан», деса, сиз: «Ягона
    Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш маъноси нима, менга тушунтириб бер», дейсиз.

    Агар у буни Қуръон баён қилганидек тушунтириб берса, хўп, мақсад ҳам шу
    ўзи. Агар билмаса, қандай қилиб ўзи билмаган нарсани даъво қилади?! Агар у уни
    бошқача маънода тушунтирса, сиз унга Аллоҳга ширк келтириш ва бутларга
    сиғинишнинг маъноси улар ҳозирги даврда қилишаётган ишнинг айни ўзи эканини
    айтинг…»
    Яъни, мазкур учта шубҳага берилган жавобнинг ҳосили-хулосаси
    шуки, сиз унга савол бериб, жавоб беришини талаб қиласиз. Шунда учта ҳолатдан
    бири бўлади.

    Агар тўхталиб қолса, сиз унга: «Сен ҳақ билан ботилни ажрата билмас экансан»,
    денг. Шунда агар индамай қолса ва нима дейишни билмаса, унга бошқа гап айтишга
    ўрин қолмайди. Бутларга сиғинадиган кишилардан кўпларининг ҳолати ана шундай
    бўлади, ширк ҳақида, ширк аҳли ҳақида маълумоти бўлмайди, бутларга сиғиниш
    маъносини тушунмайди, бутларга сиғиниш нима, Аллоҳга ибодат қилиш қандай бўлади,
    билмайди.

    Агар у мазкур саволларга Қуръон баён қилганидек жавоб берса, унга ҳам ортиқча
    сўз айтишга ўрин қолмайди. Чунки, ўзи қурган бино пойдеворини ўзи бузган бўлади.

    Агар уни Қуръон айтганига зид бўлган ботил гаплар билан тушунтирса, сиз унга
    Аллоҳга ширк келтириш ва бутларга сиғиниш маъносини очиб берадиган Қуръон
    оятларини ўқиб берасиз.

    Хулоса, унинг учта шубҳасига жавоб бериш орқали тўққизта ҳолат ҳосил
    бўлади.

    «Аллоҳнинг Ўзига шериксиз ибодат қилиш – яъни Унинг тавҳиди – улар
    бизга инкор қилаётган ва ўтмишдаги биродарлари
    – пайғамбар уларни тавҳидга
    чақирганида уни инкор қилишиб – қичқирганлари каби бизга қараб: «(Шунча)
    худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»
    (Сод:
    5), деб қичқираётган ишнинг айни ўзи эканини очиқ баён қилувчи оятларни айтиб
    беринг».

    Шу билан маълум бўладики, уммат ичида Исломга нисбатланадиган кишилардан
    кўплари динда эмаслар, уларда диннинг номигина бор, холос. Улар илгаригиларнинг
    ширки нимада бўлганини ҳам билишмайди. Агар аввалгиларнинг ширкини ва бу замон
    аҳлининг ширкини билишганда эди, ҳар иккисини бир хил деб топган бўлишарди. Ва
    ҳатто бу замондаги мушрикларнинг ширки илгаригиларнинг ширкидан каттароқ эканини
    ҳам билган бўлишарди. Аввалгиларнинг ширки бор-йўғи ўзлари эътиқод қўйган
    шахсларидан улар учун Аллоҳдан сўраб беришни талаб қилиш эди, уларни Аллоҳга
    бўлган ҳожатларига етказувчи эшик қилиб олишган эди, холос. Аллоҳ таоло
    айтганидек: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин
    қилишлари учунгина ибодат қилурмиз»,
    (дерлар) (Зумар: 3).

    Агар замонамиздаги мушриклар эътиқод деб номлаётган нарса у ҳақда Қуръон
    оятлари нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу хусусда
    одамлар билан урушган ширкнинг айни ўзи эканини билган бўлсангиз, билингки,
    аввалгиларнинг ширки замонамиз аҳлининг ширкидан кўра икки жиҳатдан енгилроқ
    эди:

    «Агар замонамиздаги мушриклар эътиқод деб номлаётган нарса…» Уни
    тавассул деб ҳам номлашади.

    «… у ҳақда Қуръон оятлари нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
    ва саллам шу хусусда одамлар билан урушган ширкнинг айни ўзи эканини билган
    бўлсангиз…»
    Яъни, унинг Қурайш ва унга ўхшаганларда бўлган катта ширк
    эканини билган ва юқоридаги шубҳаларга жавобларда келтирилган гапларни яхши
    англаб олган бўлсангиз..

    «… билингки, аввалгиларнинг ширки замонамиз аҳлининг ширкидан кўра икки
    жиҳатдан енгилроқ эди..»
    Замонамиз аҳлининг ширки каттароқ ва улканроқдир.
    Замондошларимизнинг ширки қуйида айтадиганимиз икки жиҳатдан каттароқ бўлиши
    унинг фақат шу икки иш билангина катта бўлишини англатмайди, балки шу икки иш
    сабабли у катталашганини англатади.

    Биринчиси: Аввалгилар фаровонлик пайтларидагина Аллоҳга ширк келтиришар,
    Аллоҳга қўшиб малоикаларга, авлиёларга ва бут-санамларга дуо қилишар, аммо
    шиддатлар пайтида дуони холис Аллоҳнинг ўзига қилишарди. Аллоҳ таоло айтганидек:

    «Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган
    бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга
    нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат,
    инсон куфрони неъмат қилувчидир»
    (Исро: 67).

    «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам),
    «Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор» деган сўзингизда ростгўй бўлсангизлар, хабар
    берингиз-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки Қиёмат қойим бўлса,
    Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қиласизларми?! Йўқ, Унинг Ўзигагина илтижо
    қиласизлар, бас, У агар хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани
    (бало-мусибатни) аритур. Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса
    унутиб юборурсизлар»
    (Анъом: 40, 41).

    «Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ
    қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон
    (Аллоҳ) Ўз
    томонидан унга бирон неъмат ато этса,
    (инсон) илгари
    (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўюр ва
    (ўзгаларни ҳам)
    Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга
    «тенг»ларни
    (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам),
    айтинг: «Сен ўз куфринг билан
    (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз
    сен дўзах эгаларидандирсан»
    (Зумар: 8).

    «Қачон (кофирларни) тоғлардек
    тўлқин
    (лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо
    илтижо қилурлар. Энди қачонки,
    (Аллоҳ) уларга нажот бериб,
    қуруқликка
    (чиқарса), у ҳолда улардан
    (айримларигина)
    тўғри йўл тутувчидир» (Луқмон:
    32).

    «Биринчиси: Аввалгилар фаровонлик пайтларидагина Аллоҳга ширк келтиришар,
    Аллоҳга қўшиб малоикаларга, авлиёларга ва бут-санамларга дуо қилишар, аммо
    шиддатлар пайтида дуони холис Аллоҳнинг ўзига қилишарди».
    Аввалги
    мушрикларнинг аҳволи шундай эди. Зеро, улар бу ишлар хусусида ақллари дурустроқ
    ва фаҳмлари ўткирроқ эди, чунки шиддат ва машаққатларда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким
    нажот беролмаслигини билишарди, шунинг учун шиддатлар пайтида динни Аллоҳга
    холис қилишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    Ҳусойндан: «Сен нечта худога сиғинасан?», деб сўраганларида у: «Жами еттита
    илоҳга сиғинаман, олтитаси ерда, биттаси осмонда», деб жавоб берган, «Қаттиқ
    умид қилган ва қаттиқ қўрққан пайтингда қай бирига сиғинасан?», деб
    сўраганларида: «Осмондагисига», деб жавоб берганди. (Ибн Хузайма «Тавҳид»
    китобида (1/ 174) шу мазмунда ҳадис келтирган).

    «Аллоҳ таоло айтганидек:

    «Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган
    бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонки, У зот сизларга
    нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан
    – яъни Унга ибодат ва
    илтижо қилишдан – юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат
    қилувчидир»
    (Исро: 67).

    «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), «Аллоҳдан ўзга
    илоҳлар бор» деган сўзингизда ростгўй бўлсангизлар, хабар берингиз-чи, агар
    сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки Қиёмат қойим бўлса, Аллоҳдан ўзгага
    дуо-илтижо қиласизларми?! Йўқ, Унинг Ўзигагина илтижо қиласизлар, бас, У агар
    хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани
    (бало-мусибатни) аритур.
    Аллоҳга шерик деб биладиган бутларингизни эса унутиб юборурсизлар»
    (Анъом:
    40, 41).

    «Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган
    ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон
    (Аллоҳ) Ўз томонидан унга бирон
    неъмат ато этса,
    (инсон) илгари (Аллоҳга) қилган дуо-илтижоларини
    унутиб қўюр ва
    (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга
    «тенг»ларни
    (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам),
    айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб
    қол! Шак-шубҳасиз сен дўзах эгаларидандирсан»
    (Зумар: 8).

    «Қачон (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар
    чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Энди қачонки,
    (Аллоҳ)
    уларга нажот бериб, қуруқликка
    (чиқарса), у ҳолда улардан
    (айримларигина) тўғри йўл тутувчидир» (Луқмон: 32).

    Бу ва шу мазмундаги бошқа оятлар далолатига кўра, улар фаровонлик пайтларида
    ширк келтиришар, шиддат ва машаққатлар пайтида эса ихлос билан ибодат қилишар ва
    Аллоҳнинг Ўзигагина дуо қилишарди.

    Аммо, замонамиз мушриклари ҳар икки ҳолатда ҳам ширк келтиришади. Бошларига
    иш тушган пайтларда хоссатан, Аллоҳни бутунлай унутиб, Аллоҳдан бошқа
    маъбудотларига илтижо қила бошлайдилар. Кемага миниб боришаётганда тўлқинлар
    кўтарилиб, кемани ўйната бошласа, тилларига Аллоҳдан аввал «ё Матбулий, ё
    Бадавий, ё Абдулқодир, ё Алий, ё Ҳусайн» деган сўзлар келади. Аввалгиларнинг
    ширки ёмонроқми, ҳозиргиларнингми?! Буни баҳолаш энди ўзингизга ҳавола.

    Ким Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида очиқлаб берган бу масалани, яъни:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган мушриклар фаровонлик
    пайтида Аллоҳга ҳам, бошқаларга ҳам дуо қилишганини, машаққатлар пайтида эса
    фақат ягона Аллоҳнинг ўзигагина дуо қилиб, бут-санамларини унутиб юборишганини
    яхши тушуниб олган бўлса, у учун замонамиздаги ширк аҳли билан аввал ўтган
    мушриклар ўртасидаги фарқ ойдинлашади.
    Лекин, қани у, бу масалани қалби билан яхшилаб, пухта англаб оладиган одам?!
    Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин.

    «Ким Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида очиқлаб берган бу масалани… яхши
    тушуниб олган бўлса…»
    Уни Аллоҳ ва Расули истаганларидек, ҳақиқий тушуниш
    билан тушунса, таассуб ва ҳавои нафсдан саломат бўлса, жаҳолатдан саломат
    бўлса..

    «Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган
    мушриклар фаровонлик пайтида Аллоҳга ҳам, бошқаларга ҳам дуо қилишганини,
    машаққатлар пайтида эса фақат ягона Аллоҳнинг ўзигагина дуо қилиб,
    бут-санамларини унутиб юборишганини яхши тушуниб олган бўлса, у учун
    замонамиздаги ширк аҳли билан аввал ўтган мушриклар ўртасидаги фарқ
    ойдинлашади».
    Яъни, замонамиз аҳлининг ширки каттароқ, улканроқ ва қамрови
    кенгроқдир, улар Қуръонни тарк қилишлари, уни тафаккур ва тадаббур қилишдан юз
    ўгиришлари сабабли адашдилар.

    «Лекин, қани у, бу масалани қалби билан яхшилаб, пухта англаб оладиган
    одам?! Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин».
    Иккинчи: Аввалгилар Аллоҳ билан бирга Аллоҳ ҳузурида муқарраб бўлган анбиё
    ва авлиёларга ёки малоикаларга дуо қилишарди ёки Аллоҳга итоатли бўлган ва осий
    бўлмаган тошлар ва дарахтларга дуо қилишарди. Замондошларимиз эса Аллоҳга қўшиб
    энг фосиқ инсонларга дуо қилишади. Ўзлари дуолар қиладиган кимсаларнинг зино,
    ўғирлик, бенамозлик каби фисқу фужур ишларини айтиб ҳам юришади. Солиҳ кишиларга
    ёки осий бўлмаган тош ва дарахтларга эътиқод қиладиган киши фисқу фужури ва
    фасодига гувоҳ бўлиб турилган кимсага эътиқод қилган кишидан енгилроқдир.

    «Иккинчи иш…» Юқорида биринчи ишни, яъни илгариги мушриклар
    замонамиз аҳлидан кўра енгилроқ ширкда бўлганларини айтиб ўтилди…

    «Аввалгилар Аллоҳ билан бирга Аллоҳ ҳузурида муқарраб бўлган анбиё ва
    авлиёларга ёки малоикаларга
    – ёки солиҳларга – дуо қилишарди ёки Аллоҳга
    итоатли бўлган ва осий бўлмаган тошлар ва дарахтларга дуо қилишарди».
    Зеро,
    борлиқ коинот У зотга итоат қилувчидир: «Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано
    айтиш билан У зотни поклар»
    (Исро: 44), «Осмонлар ва Ердаги барча жонзот
    ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч фақат
    Аллоҳгагина сажда қиладилар
    бўйсунадилар» (Раъд: 15).

    «Замондошларимиз эса Аллоҳга қўшиб энг фосиқ инсонларга дуо қилишади».
    Балки, улар ичида энг кофир одамларга дуо-илтижо қиладиганлари бор, балки
    баъзилари яҳуд ва насоролардан ҳам кофирроқ бўлиб, масалан, ваҳдатул-вужуд аҳли
    имоми Ибн Арабийга дуо қиладиганлари бор.

    «Ўзлари дуолар қиладиган кимсаларнинг зино, ўғирлик, бенамозлик каби фисқу
    фужур ишларини айтиб ҳам юришади. Солиҳ кишиларга ёки осий бўлмаган тош ва
    дарахтларга эътиқод қиладиган киши фисқу фужури ва фасодига гувоҳ бўлиб турилган
    кимсага эътиқод қилган кишидан енгилроқдир».
    Маълумки, Аллоҳга қўшиб, ҳар
    қандай бошқа киши ё нарсага ҳам дуо қиладиган киши кофир бўлиб, Аллоҳнинг
    ҳаққини бошқасига буриб юборган бўлади. Ўша дуо-илтижо қилаётган кишиси
    пайғамбар ё бошқа бўлиши уни ширкдан қутқаролмайди, лекин унинг ширки нариги
    одамнинг ширкидан енгилроқ. Чунки, у умуман улуғланмайдиган кимсани улуғлади, у
    бу билан саркаш ҳам бўлди. Шаръий далиллар унинг ноқислигига, хор ва разиллигига
    далолат қилади. Бу эса шариатга қарши чиқди ва уни улуғлади. Гарчи, ҳамма ширк
    ҳам куфр ва залолат бўлса-да, унинг ширки каттароқ бўлди.

    Шу билан мусанниф айтган гап, яъни замонамиз аҳлининг ширки аввалги
    мушрикларнинг ширкидан каттароқ ва ёмонроқ экани ойдинлашди. Лекин, аввалгиларда
    жоҳилият аҳлининг шубҳаси, яъни ўзлари сиғинаётган шахсларнинг умуман муаззам ва
    улуғланадиган шахслар экани ҳақидаги фикр бор эди. Фосиққа ё кофирга дуо
    қиладиган киши эса, шариатда айбли ва ёмон саналган кимсадан талаб қилади ва
    унга ибодат қилади, шу билан қайсар ва саркашга ҳам айланади. Демак, ҳар иккиси
    ширкда бўлиш жиҳатидан баробар бўлишди, умуман олганда улуғланиб келинадиган
    шахслар борасида эса фарқли бўлишди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кишилар булардан
    кўра ақллари дурустроқ ва ширклари енгилроқ эканини билган бўлсангиз, билингки
    буларнинг биз айтган нарсаларга етказадиган шубҳалари бор, бу уларнинг энг катта
    шубҳаларидан. Яхшилаб қулоқ солинг, мен уларнинг жавобини айтаман. Улар
    айтишади: «Улар ҳақида Қуръон (оятлари) нозил бўлган (мушрик)лар «Ла илаҳа
    иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришмасди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни
    ёлғончи қилишарди, қайта тирилишни инкор қилишарди, Қуръонни ёлғон ва сеҳр деб
    санашарди. Биз «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик берамиз,
    Қуръонни тасдиқлаймиз, қайта тирилишга иймон келтирамиз, намоз ўқиймиз, рўза
    тутамиз. Шундай экан, қандай қилиб сиз бизни уларга тенглаштирасиз?!»

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушган кишилар
    булардан
    – яъни, замонамиз мушрикларидан – кўра ақллари дурустроқ ва
    ширклари енгилроқ эканини билган бўлсангиз, билингки буларнинг биз айтган
    нарсаларга
    – яъни, замонамиз мушрикларининг ширки аввалгиларнинг ширкидан
    ҳам каттароқ экани ҳақидаги гапга – етказадиган шубҳалари бор…» «Бу
    уларнинг энг катта шубҳаларидан. Яхшилаб қулоқ солинг, мен уларнинг жавобини
    айтаман».
    Мусанниф раҳимаҳуллоҳ бу шубҳага тўққизта жавоб билан раддия
    беради, уларнинг ҳар бири уни тўла рад қилишга кифоя қилади аслида, бироқ уни
    бутунлай аритиб юбориш ва очиқлаб бериш учун зиёдаси билан жавоб беради.

    «Улар айтишади: «Улар ҳақида Қуръон (оятлари) нозил бўлган (мушрик)лар «Ла
    илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришмасди…»
    Яъни, икки калимаи шаҳодатни
    айтишмасди..

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилишарди» ва у
    зотга итоат қилишдан бош тортишарди..

    «Қайта тирилишни инкор қилишарди, Қуръонни ёлғон ва сеҳр деб
    санашарди».
    Намоз ўқишмасди, рўза тутишмасди..

    «Биз «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик берамиз,
    Қуръонни тасдиқлаймиз, қайта тирилишга иймон келтирамиз, намоз ўқиймиз, рўза
    тутамиз. Шундай экан, қандай қилиб сиз бизни уларга тенглаштирасиз?!»
    Яъни,
    сизлар мана шундай улуғ ишларга иқрор бўлувчи кишиларни улардан умуман бегона
    бўлган кишиларга тенглаштирдингиз, икки бир-биридан тафовутли кишини жамлаб
    қўйдингиз, устига устак бизни улардан кўра жоҳилроқ ва адашганроқ деб эълон
    қилдингиз..

    Демак, улар мусаннифнинг фикрларига қарши ўлароқ, ўзларининг улардан (яъни
    илгариги мушриклардан) эмасликларини айтишиб, мазкур хислатларга эга бўлган
    кишиларни у хислатлардан умуман бегоналар билан тенглаштиришни инкор
    қилишди.

    Қуйида муаллифнинг уларга жавоби келади. Унда таъкидланишича, улар айтаётган
    бу фарқлар Китоб, суннат ва ижмоъга таъсири ўтмайди. Балки, бу фарқлар билан
    уларнинг куфрлари кучайиши мумкин. Зеро, бу айтилган ишлардан биронтасига иқрор
    бўлмаган аслий кофирнинг куфри ҳаққа иқрор бўла туриб инкор қилган кишининг
    куфридан енгилроқ. Шунинг учун ҳукмларда муртаднинг куфри аслий кофирнинг
    куфридан каттароқ деб кўрилади.

    Жавоб шуки, ҳамма уламоларнинг иттифоқларига кўра, киши агар бир нарсада
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқласа-ю, бошқа бир нарсада у зотни
    ёлғончи қилса, у кофир бўлади ва Исломга кирган бўлмайди. Шунингдек, агар
    Қуръонга иймон келтирса-ю, баъзи жойини ёлғон санаса, масалан, тавҳидга иқрор
    бўлса-ю, намознинг фарзлигини инкор қилса, ёки тавҳид ва намозга иқрор бўлса-ю,
    закотнинг фарзлигини инкор қилса, ёки буларнинг барчасига иқрор бўлса-ю, рўзани
    инкор қилса, ёки буларнинг ҳаммасига иқрор бўлгани ҳолда ҳажни инкор қилса, у
    ҳам шундай, кофир бўлади.

    «Жавоб шуки…» Улар эътироз билдиришган ва таъсири бор деб гумон
    қилишган фарқлар борасидаги жавоб шуки, фарқлар икки қисмга – таъсир кўрсатувчи
    фарқлар ва таъсир кўрсатмайдиган фарқларга бўлинади. Улар айтаётган бу фарқлар
    таъсири йўқ бўлган фарқлар эканига ижмоъ бор.

    «Ҳамма уламоларнинг иттифоқларига кўра, киши агар бир нарсада Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқласа-ю, бошқа бир нарсада у зотни ёлғончи
    қилса, у кофир бўлади ва Исломга кирган бўлмайди..»
    Яъни, ундай одам
    мусулмон бўлмайди ва унда тирноқча ҳам ислом бўлмайди. Агар битта нарсада у
    зотни ёлғончи қилиб туриб, намоз, рўза, садақа каби бошқа мингта нарсада
    тасдиқласа ҳам, ўша мингта нарсага қарши ҳукм қилувчи бўлади. Агар у зотни битта
    нарсада тасдиқлаб, битта нарсада ёлғончи қилган одам кофир бўларкан, қандай
    қилиб у зот олиб келган энг улуғ фарз бўлмиш тавҳидда ёлғончи қилган одам
    мусулмон бўлиб қолсин?! Бу одам рисолатнинг қаймоғи-асосига қасд қилди,
    осмонлару ернинг яратувчисига ибодатда шерик пайдо қилди, ибодатнинг илиги-мағзи
    бўлмиш дуони унга буриб юборди.

    Ана шу фарқларки таъсир кўрсатолмас экан, тавҳид ҳақида нима дейиш мумкин?!
    Лекин – Аллоҳ сақласин – ширк уларнинг қалбларига ўрнашиб, чирмашиб кетган. Бу
    шубҳалар эгаси жаҳолат ва залолат аҳлидан бўлди. Инсоф билан назар солувчи киши
    агар мазкур шубҳалар аҳлига назар солса, уларни умуман илмдан бегона эканларини
    билади.

    «Шунингдек, агар Қуръонга иймон келтирса-ю, баъзи жойини ёлғон санаса…»
    Гарчи битта ҳарфини инкор қилса ҳам, ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламдан собит бўлган нарсалардан бир донасини инкор қилса ҳам, унинг бу иши
    очиқ куфр бўлади. Аллоҳ ва Расулини ёлғончи қилишдан кўра каттароқ куфр
    бўладими?!

    «Масалан, тавҳидга – лафзан ва маънан – иқрор бўлса-ю…»

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариатнинг энг муҳим
    қисмларидан бири бўлмиш «намознинг фарзлигини инкор қилса…» Беш вақт
    намознинг фарзлигини инкор қилган одам, гарчи тавҳидга гувоҳлик берса ва
    намозларни ўқиса ҳам, кофирлигига ижмоъ қилинган.

    «Ёки тавҳид ва намозга иқрор бўлса-ю, закотнинг фарзлигини инкор
    қилса…»
    гарчи уни адо этса ҳам, уммат унинг кофирлигига ижмоъ қилган.

    «Ёки буларнинг барчасига иқрор бўлса-ю, рўзани инкор қилса…» гарчи
    рўзани тутса ҳам, Аллоҳ ва Расулини ёлғончи қилгани учун уммат ижмоъсига кўра
    кофир бўлади.

    «Ёки буларнинг ҳаммасига иқрор бўлгани ҳолда ҳажни инкор қилса, у ҳам
    шундай, кофир бўлади».
    Гарчи ҳаж қилса ҳам, Аллоҳ ва Расулини ёлғончи
    қилгани ва уммат ижмоъсини рад қилгани учун кофир бўлади.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамлар ҳажга бўйин
    эгмаганларида Аллоҳ таоло улар ҳаққида: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида
    Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса
    (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас,
    албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир»
    (Оли Имрон: 97)
    оятини туширди. Ким буларнинг ҳаммасига иқрор бўлса-ю, қайта тирилишни инкор
    қилса, билиттифоқ кофир бўлади ҳамда қони-ю моли ҳалол бўлади. Аллоҳ таоло
    айтганидек: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан
    пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган
    (яъни Аллоҳга
    ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз,
    айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар —
    ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар»
    (Нисо: 150, 151).

    «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамлар ҳажга бўйин
    эгмаганларида Аллоҳ таоло улар ҳаққида: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида
    Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса
    (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ
    бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97) оятини туширди».
    Бу
    оят ҳажни тарк қилиш куфр эканига далил бўлади. Ким унинг фарзлигини инкор
    қилса, кофир бўлади. Шунингдек, у Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарз эканига ва бундай
    эътиқод қилмаган киши кофир бўлишига далил бўлади. Ожизлик сабабли ҳаж қилмаган
    киши бундан мустасно, албатта.

    Бахилликдан закот бермаган киши ҳам шундай, инкор қилувчининг зидди ўлароқ
    (кофир бўлмайди).

    Аммо, имом Аҳмаднинг ихтиёрига кўра намозни эътиборсизлик қилиб тарк қилувчи
    киши кофирдир. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ундай кишининг кофирлигига ижмоъ борлигини
    ривоят қилган.

    «Ким буларнинг ҳаммасига иқрор бўлса-ю, қайта тирилишни инкор қилса
    яъни ўлгандан сўнг қиёмат куни яна қайта тирилишни ва жисмларга жон киритилишини
    инкор қилса – билиттифоқ – яъни аҳли илмлар ижмоъ-иттифоқига кўра –
    кофир бўлади ҳамда қони-ю моли ҳалол бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек:
    «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг
    ораларини ажратишни истайдиган
    (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор
    қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз»,
    дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий
    кофирдирлар» (Нисо: 150, 151)».
    Аллоҳ таоло бу оятда унинг ҳақиқий кофир
    бўлишини очиқ баён қилди. Бу эса куфр бўлиши учун мана шу нарсаларнинг ҳаммасига
    кофир бўлиш шарт эмаслилига далил бўлади. Куфр икки хил бўлади: куллий (буткул)
    куфр ва навъий (бир турли) куфр. Бу навъий куфр бўлди. Ҳар икки куфр ҳам
    куфрдир, баъзисига кофир бўлган одам билан ҳаммасига кофир бўлган одам ўртасида
    фарқ йўқдир.

    Модомики, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида баъзисига иймон келтириб, баъзисини
    инкор қилган киши ҳақиқий кофирдир деб очиқ айтиб турган экан, ҳалиги шубҳа
    қолмайди. Аҳсо аҳлидан баъзилари бизга юборган мактубда зикр қилган нарса
    шудир.

    «Модомики, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида баъзисига иймон келтириб,
    баъзисини инкор қилган киши ҳақиқий кофирдир деб очиқ айтиб турган экан, ҳалиги
    шубҳа қолмайди. Аҳсо аҳлидан баъзилари бизга юборган мактубда зикр қилган нарса
    шудир».
    Шу билан ўртада фарқлар борлиги, бироқ бу фарқлар таъсир
    кўрсатолмаслиги маълум ва равшан бўлди. Зеро, ридда (муртадлик) икки
    турлидир:

    Биринчиси: Мутлақ ридда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    келтирган нарсадан буткул қайтиш.

    Иккинчиси: У зот келтирган нарсанинг баъзисини инкор қилиш. Аҳли илмлар
    ўртасида ижмоъ борки, диннинг бир қисмидан қайтган киши кофир бўлади. Балки
    уламолар сўзларига кўра, биттагина эътиқод ёки биттагина сўз ҳам баъзан ўз
    эгасини диндан умуман чиқариб юборади.

    Шу билан унинг шубҳаси очилди ва у айтган фарқлар таъсири бўлмайдиган фарқлар
    жумласидан экани ойдинлашди.

    Яна айтиладики, агар ҳамма нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни
    тасдиқ қилган, бироқ намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлиб, қони-ю
    моли ҳалол бўлишига, шунингдек, ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат қайта тирилишга
    мункир бўлган ёки ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат рўзани инкор қилган одам
    кофир бўлишига иқрор бўлсангиз (керак). У буни инкор қилмайди, мазҳаблар ҳам
    бунда ихтилоф қилмайдилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуръон ҳам бу ҳақда
    айтган.

    «Яна айтиладики…» Бу юқоридаги шубҳанинг иккинчи жавобидир.

    «Агар ҳамма нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқ
    қилган, бироқ намознинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлиб, қони-ю моли
    ҳалол бўлишига, шунингдек, ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат қайта тирилишга
    мункир бўлган ёки ҳамма нарсага иқрор бўлиб, фақат рўзани инкор қилган одам
    кофир бўлишига иқрор бўлсангиз (керак). У буни инкор қилмайди…»
    У юқорида
    санаб ўтилган нарсаларнинг фарзлигини инкор этмайди. Чунки, агар улардан
    биронтасини инкор этадиган бўлса, кишининг исломи устивор ҳолда қолмайди, балки
    исломи емирилиб, асосидан вайрон бўлади.

    «Мазҳаблар ҳам бунда ихтилоф қилмайдилар». Яъни, мазҳаблар ҳам мазкур
    фарзлардан бирортасининг фарзлигини инкор қилиш банданинг диндан чиқиши ва кофир
    бўлишига кифоя экани ҳақида ихтилоф қилмайди.

    «Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуръон ҳам бу ҳақда айтган». Яъни,
    Қуръонда ҳам баъзисига иймон келтириб, баъзисига кофир бўладиган киши ҳақиқий
    кофир бўлиши ҳақида оят борлигини юқорида айтиб ўтилди.

    Маълумки, тавҳид Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган энг улуғ
    фарздир, унинг фарзлиги намоздан ҳам, закотдан ҳам, рўзадан ҳам, ҳаждан ҳам
    улуғдир.
    Инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларнинг
    ҳаммасига амал қилгани ҳолда мазкур ишлардан фақат биттасини инкор қилса кофир
    бўлар экан, қандай қилиб барча пайғамбарларнинг дини бўлмиш тавҳидни инкор қилса
    кофир бўлмасин?! Субҳаналлоҳ, бу қандайин қизиқ жаҳолат!.
    «Маълумки, тавҳид Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган энг улуғ
    фарздир, унинг фарзлиги намоздан ҳам, закотдан ҳам, рўзадан ҳам, ҳаждан ҳам
    улуғдир.

    Инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларнинг
    ҳаммасига амал қилгани ҳолда мазкур ишлардан фақат биттасини инкор қилса кофир
    бўлар экан, қандай қилиб барча пайғамбарларнинг дини бўлмиш тавҳидни инкор қилса
    кофир бўлмасин?!»
    Яъни, Ислом рукнларидан биргина рукнни инкор қилган
    кишининг ҳоли шундай бўлар экан, диннинг ва миллатнинг асоси бўлган тавҳидни
    инкор қилган кишининг ҳоли қандай бундай бўлмасин?! Киши асл-асосни инкор
    қиларкан, унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларнинг
    қолган ҳаммасига иқрор бўлиши ва уларга амал қилиши ҳеч қандай фойда
    бермайди.

    Диннинг фаръларидан бир фаръ (шохобча)ни инкор қилиш куфр бўлса, диннинг асли
    бўлган тавҳидни инкор қилиш қандай куфр бўлмасин?!

    Улар диннинг асосини эрта-ю кеч вайрон қилаётган кишини исломни даъво
    қилишидан келиб чиқиб, мусулмон санашади. Ваҳоланки, закотнинг фарзлигини инкор
    қилган киши, гарчи уни адо қилиб турган бўлса ҳам, кофир бўлишига ижмоъ
    қилинган.

    «Субҳаналлоҳ, бу қандайин қизиқ жаҳолат!».

    Чунки, уларнинг жаҳолати энг қизиқ жаҳолатлардан. Яъни, бир киши намозни
    (фарзлигини) инкор қилиш ёки ислом рукнларидан бошқа бирон рукнни инкор қилиш
    билиттифоқ куфр эканига иқрор бўлса-ю, кейин тавҳидни инкор қилишни куфр деб
    билмаса!? Фаразан мазкур рукнларни инкор қилиши куфр саналмаганда ҳам – ундай
    бўлмаслиги эса аниқ – тавҳидни инкор қилишнинг ўзи ҳам куфр саналган
    бўларди.

    Далил шуки, асл (асос) фаръ (шохобча) кетиши билан кетмайди. Аксинча, асл
    кетиши билан фаръ ҳам кетади. Масалан, девор ёки дарахтнинг асли-танаси кетиши
    билан унинг фаръи (танаси ва шохлари) ҳам кетади.

    Хулоса: Агар тавҳидни мазкур санаб ўтилганлардан бири деб фараз қилинганда
    ҳам уни инкор қилиш куфр бўларди. Энди у уларнинг ҳаммаси учун асл-асос бўгани
    ҳолда уни инкор қилиш қандай куфр бўлмасин?! Балки, тавҳиднинг ёлғиз ўзи ҳам
    баъзан кишининг мусулмон бўлиши ва жаннатга кириши учун кифоя қилиши мумкин.
    Яъни, киши тавҳид калимасини айтгач, ҳали унга бошқа фарълар вожиб бўлмасидан
    туриб вафот этиб кетса, тавҳиднинг ўзи кифоя қилади. Тавҳид фаръларга муҳтож
    эмас, аксинча фарълар саҳиҳ-дуруст саналиши учун тавҳидга муҳтож бўлади.

    Мана шуни билмасликдан кўра ажаблироқ, хунукроқ ва ёмонроқ иш бўлмаса
    керак.

    Яна айтиладики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану
    Ҳанифа қабиласига қарши уруш қилдилар. Ваҳоланки, улар «ла илаҳа иллаллоҳу
    муҳуммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришарди, азон айтишарди, намоз ўқишарди».
    Агар у: «Улар Мусайламани пайғамбар деб айтишарди», деса, биз айтамизки: «Ҳа,
    мақсад ҳам шу ўзи. Демак, бир кишини пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    рутбаларига кўтарган киши кофир бўлиб, қони ва моли ҳалол бўлса ва айтган
    шаҳодат калимаси ҳам, намози ҳам фойда бермаса, қандай қилиб Шамсон ё Юсуфни ё
    бирон саҳобани ё пайғамбарни самовоту ернинг эгаси бўлган Зот рутбасига кўтарган
    киши кофир бўлмасин?! Субҳаналлоҳ, бу нақадар оғир иш! «Аллоҳ (ҳақиқатни)
    билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр»
    (Рум:
    59).

    «Яна айтиладики…» Бу учинчи жавобдир..

    «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари Бану Ҳанифа
    қабиласига қарши уруш қилдилар».
    Уларни кофир санадилар, бу урушни
    муртадларга қарши энг афзал уруш деб кўрдилар, уларнинг қонларини ҳалол
    санадилар, зурриётларини асир қилдилар, ваҳоланки улар Исломни даъво қилишарди.
    «Ваҳоланки, улар «ла илаҳа иллаллоҳу муҳуммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик
    беришарди, азон айтишарди, намоз ўқишарди».

    «Агар у: «Улар Мусайламани пайғамбар деб айтишарди», деса…» Яъни,
    улар Мусайламани пайғамбар деб айтишгани учун кофир дейилган, деса..

    «Биз айтамизки: Ҳа, мақсад ҳам шу ўзи». Улардан «Мусайлама пайғамбар»
    дейишдан бошқа иш содир бўлмади, шу билан улар рисолатга жиноят қилишди, бу эса
    уларнинг тавҳидларини ва динларини ботил қилди.

    «Демак, бир кишини пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рутбаларига
    кўтарган киши кофир бўлиб, қони ва моли ҳалол бўлса ва айтган шаҳодат калимаси
    ҳам, намози ҳам
    – тутган рўзаси ҳам, айтган азони ҳам – фойда
    бермаса…»
    , сиз эса бунга иқрор бўлгансиз ва бу – яъни махлуқни бошқа бир
    махлуқ даражасига кўтариш жиноят бўлса…

    «… қандай қилиб – улуҳиятга нисбатан жиноят қилган ва махлуқни холиқ
    рутбасига кўтарган ва – Шамсон ё Юсуфни ё бирон саҳобани ё пайғамбарни самовоту ернинг
    эгаси бўлган Зот рутбасига кўтарган киши кофир бўлмасин?!»
    Уламолар
    рисолатга нисбатан жиноят қилган кишини кофир санаганлари ҳолда, қандай қилиб
    улуҳиятга нисбатан жиноят қилган киши кофир бўлмасин?! Аллоҳ билан бирга
    бошқасига ҳам ибодат қилган киши жиноят қилган бўлади, балки унинг жиноятидан
    кўра оғирроқ жиноят бўлмайди, аслида. Бу кимса кофир ва адашган бўлишга
    лойиқроқ. Чунки, холиқдан бошқаси учун муносиб бўлмайдиган ибодат турларини
    махлуққа буриб юборди.

    «Субҳаналлоҳ, бу нақадар оғир иш! «Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган
    кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр» (Рум: 59)».
    Зеро,
    бир кишини бошқа бир киши даражасига кўтариш куфр бўларкан, қандай қилиб бир
    инсонни осмонлару ернинг эгаси бўлган Зот даражасига кўтариш куфр
    бўлмасин?!

    Яна айтилади: «Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар
    ҳаммаси Исломни даъво қилишарди, улар Алий розияллоҳу анҳунинг асҳоблари эди,
    саҳобалардан илм олишган эди, лекин ҳазрат Алий ҳақларида худди Юсуф ё Шамсон ва
    шу кабилар тўғрисидаги эътиқодга ўхшаган эътиқодда бўлишган эди. Қандай қилиб
    саҳобалар уларни қатл қилиш ва кофир санашга иттифоқ қилдилар?! Сиз саҳобалар
    мусулмонларни кофир санашади деб гумон қиласизми?! Тож ва унга ўхшаганлар ҳақида
    эътиқод қилишнинг зарари йўғ-у, Алий ибн Аби Толиб ҳақларида эътиқод қилиш
    кишини кофир қилади, деб ўйлайсизми?!».

    «Яна айтилади…» Бу ҳалиги шубҳа солувчи кимсанинг: «Улар ҳақида
    Қуръон оятлари нозил бўлган кишилар «ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик
    беришмасди…» деб айтган шубҳасига тўртинчи жавобдир.

    «Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ёқиб юборган кишилар…» Улар Алий
    розияллоҳу анҳунинг асҳоблари ичидан ғулувга кетган шиъалар бўлиб, у кишининг
    муҳаббатида чуқур кетишган ва ҳаддан ошишган эди. Бу эса айрим мунофиқ
    кимсаларнинг дасисалари (аврашлари) орқали юзага келган бўлиб, улар одамларга
    динларини бузиш мақсадида ўз макрларини улар ичида ёйишган Абдуллоҳ ибн Сабаъ ва
    унга эргашган кимсалар эди. Мазкур кимса мусулмонлик даъво қилган ва Ислом аҳли
    ичига фитна тарқатиш ва уларни ширкка қайтариш мақсадини кўзлаганди. Хуллас,
    унинг фитнасидан таъсирланган шиъалар Алий розияллоҳу анҳуга муҳаббатда ва у
    кишини улуғлашда ҳаддан тажовуз қилишди ва ҳатто унинг шахсида улуҳият даъво
    қилишгача етишди.

    «… ҳаммаси Исломни даъво қилишарди…» ва Ислом амалларини
    қилишарди..

    «Улар Алий розияллоҳу анҳунинг асҳоблари эди, саҳобалардан илм олишган
    эди, лекин…»
    улардан муртадликка туширувчи сўзлар содир бўлди..

    «Ҳазрат Алий ҳақларида худди Юсуф ё Шамсон ва шу кабилар – Абдулқодир,
    Айдарус ва бошқалар – тўғрисидаги эътиқодга ўхшаган эътиқодда бўлишган эди».
    Улар у кишида сирларни билишни – яъни улуҳиятни – эътиқод қилишди. Ҳазрат
    Алий розияллоҳу анҳу улардаги бу ҳолатни билганларидан сўнг у киши ҳақида айтган
    ўша гаплари учун уларни Кинда дарвозаси яқинида чоҳ қаздириб олов ёқтириб, ўша
    оловга ташлатганлар.

    Алий розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча саҳобалар маъқуллаганлар, уларни
    муртад санаб, қатл қилинишларини ҳақ билганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳам
    шу фикрни билдирганлар, бироқ уларни қиличдан ўтказилса яхши бўларди, чунки ўт
    билан фақат ўтнинг Роббигина азоблаши мумкин, деганлар. Алий розияллоҳу анҳунинг
    бу ишлари у кишининг зиёда ижтиҳодлари бўлиб, куфрлари қаттиқ бўлгани учун
    уларни ўтда ёндиришга қарор қилганлар. Илгари Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам айрим
    муртадларни шундай қилгандилар.

    «Қандай қилиб саҳобалар уларни қатл қилиш ва кофир санашга иттифоқ
    қилдилар?! Сиз саҳобалар мусулмонларни кофир санашади деб гумон қиласизми?! Тож
    ва унга ўхшаганлар ҳақида эътиқод қилишнинг зарари йўғ-у, Алий ибн Аби Толиб
    ҳақларида эътиқод қилиш кишини кофир қилади, деб ўйлайсизми?!».

    Агар саҳобалар даврида Алий розияллоҳу анҳудан шу иш содир бўлганини билган
    бўлсангиз, энди бу шубҳа аҳлига уч ишдан бири лозим келади:

    Ё саҳобалар хато қилганлар ва мусулмонларни кофир санаб, куфрга ва қатлга
    лойиқ бўлмаган одамларни ўлдирганлар, улар залолатда бўлдилар, деб айтиши.
    Бундай дейишолмайди, чунки сийрат ва тарих китобларида бу нарса очиқ-ойдин
    келтирилган. Агар саҳобалар ҳақларида шундай дейдиган бўлишса, уларга рад
    қилишга шунинг ўзи кифоя қилади. Чунки, саҳобаларни кофир санайдиган ва уларни
    сўкадиган хаворижларга айланадилар.

    Ё бўлмасам: «Улар мусулмонларни кофир санашдан, уларга зулмни қасд қилишдан
    ва хатога иттифоқ қилишдан пок бўлганлар» деб айтиши лозим келади.

    Ё эса: «Тож ва у кабиларга эътиқод қўйиш, солиҳларни воситачи қилиш, улардан
    ҳожатларни бароридан келтиришни, кулфатларни аритишни ва музтарларга мадад
    беришни сўрашнинг зарари йўқ, Алий ибн Аби Толиб ҳақларида эътиқод қилиш эса
    кишини кофирликка туширади», деб айтишлари лозим келади. Улар бундай демайдилар.
    Чунки, агар уларга эътиқод қўйиш кофирликка туширмайди, деб айтадиган бўлсалар,
    шунинг ўзи куфр ва ширк бўлишга кифоя қилади ва уларнинг жаҳолатлари нақадар
    улканлиги маълум бўлади. Зеро, Алий розияллоҳу анҳу уларга қараганда қиёс қилиб
    бўлмас даражада фазллари буюк инсондирлар. Мабодо, Аллоҳдан бошқага дуо қилишга
    йўл берилганида, Алий розияллоҳу анҳуга дуо қилиш енгилроқ ва яқинроқ иш
    бўларди.

    Демак, бу ерда учинчи иш лозим келади. Яъни, улар таслим бўлишлари ва
    Аллоҳдан бошқага қай йўл билан бўлса ҳам ибодат билан боғланган киши кофир
    бўлиб, диндан чиқишига ва муртад бўлишига бўйин эгишлари, бундайларнинг
    бошқалардан кўра куфри каттароқ эканига, икки шаҳодат калимасини айтишлари,
    намоз ва закотни адо қилишлари бефойда ва таъсирсиз эканига тан беришлари лозим
    келади. Демак, шу билан уларнинг шубҳа солишлари ва шубҳаларини
    ривожлантиришлари қаттиқ адашиш экани зоҳир бўлди. Чунки, Алий розияллоҳу анҳу
    ҳақларида ғулув кетган кишилар Тож ва шу кабиларга эътиқод қўйишдан ортиқ иш
    қилмаганлар.

    Яна айтилади: «Банул-Аббос даврида Мағриб ва Мисрга ҳукмронлик қилган Бану
    Убайд ал-Қаддоҳ қавми ҳаммаси «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун расулуллоҳ» деб
    гувоҳлик беришарди, мусулмонлик даъво қилишарди, жумъа ва жамоат намозларини
    ўқишарди. Қачонки, шариатдаги баъзи нарсаларга мухолиф чиқишгач, уламолар уларни
    кофир санашга ва уларга қарши уруш қилишга иттифоқ қилдилар, уларнинг диёрини
    ҳарб (уруш ҳолидаги душман) диёри санадилар, мусулмонлар уларга қарши жанг
    қилиб, уларнинг қўллари остидаги мусулмон юртларини улардан қутқариб
    олдилар».

    «Яна айтилади…» Бу юқоридаги шубҳага бешинчи жавобдир.

    «Банул-Аббос даврида Мағриб ва Мисрга ҳукмронлик қилган…» ва икки
    Ҳарами Шарифга ҳам ҳукмронлиги ўтган, подшоҳлари ҳокимлар деб аталиб, «ҳоким
    фалончи» деб ном олган…

    «Бану Убайд ал-Қаддоҳ қавми…» Улар ўзларини фотимийлар деб деб даъво
    қилишган ва бунда улар учун ёрдамчилар ҳам топилган, аслида улар сохта
    фотимийлар бўлиб, оталари ва унинг бир аёлга уйланиши қиссаси ҳамда бошқа
    тарихлари машҳурдир.

    «Ҳаммаси «ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик
    беришарди, мусулмонлик даъво қилишарди, жумъа ва жамоат намозларини ўқишарди»,
    қози ва муфтийларни тайин қилишарди.

    «Қачонки, шариатдаги баъзи нарсаларга мухолиф чиқишгач…» айрим
    маҳрамларни ҳалол санаш, опа-сингилни ўртасини (никоҳда) жамлаш каби..

    «Уламолар уларни кофир санашга ва уларга қарши уруш қилишга иттифоқ
    қилдилар…»
    Икки шаҳодат калимасини айтишларини, намоз, рўза, жумъа ва
    жамоатларини таъсирли фарқ деб кўрмадилар, балки уларни беҳуда санадилар.
    Сабаби, уларда кишини кофир қилувчи амал топилди, шу боис бошқа ишлари бефойда
    бўлди.

    «Уларнинг диёрини ҳарб (уруш ҳолидаги душман) диёри санадилар,
    уларга қарши жиҳод қилишни афзал жиҳод деб санадилар, – мусулмонлар уларга
    қарши жанг қилиб, уларнинг қўллари остидаги мусулмон юртларини улардан қутқариб
    олдилар».
    Ибнул Жавзий «Мисрга нусрат» деб номланган китоб тасниф
    қилган.

    Шундай экан, бизнинг ўзимизни Ислом динида қилиб кўрсатишимиз ва шу пайтнинг
    ўзида Аллоҳдан бошқага сиғиниш билан диннинг асосини вайрон қилишимизни нима деб
    тушуниш керак?!

    Кофирлиги саркашлик ёки жоҳиллик сабабли бўлган киши ўртасида фарқ йўқ. Куфр
    саркашлик билан бўлиши мумкин, жоҳиллик билан бўлиши мумкин. Кофирнинг зиёнига
    ҳужжат барпо бўлиши учун у уни англаб етган бўлиши шарт эмас. Балки, бировга
    қарши ҳужжат барпо бўлиши учун уни ўзига ўхшаган бир одам тушунадиган бўлиши
    кифоя қилади ва у шу билан кофир саналаверади. Уни айнан ўзи тушуниб етган
    бўладими, бўлмайдими, фарқсиз. Агар уни англаб етиши шарт бўлганда эди, куфр
    фақат бир қисмдангина, яъни инкор қилиш куфридангина ташкил топган бўларди. Куфр
    эса бир неча хил, жаҳолат сабабли ва бошқа сабабли бўлган куфрлар бор.

    Мақсуд шуки, уламолар уларга қарши уруш қилишга ва уларни кофир санашга
    иттифоқ қилдилар, уммат залолат устида жамланмайди.

    Шу билан мазкур шубҳа ариган бўлди. Яъни, икки шаҳодатни тил билан айтиб
    қўйиш ва бошқа тоат амалларини қилиш қачонки кишини кофир қилувчи ишлардан
    биронтаси топилса кифоя қилмайди.

    Яна айтилади: «Агар илгаригилар фақат ширк, пайғамбарни ва Қуръонни ёлғончи
    қилиш, қайта тирилишни инкор қилиш ва бошқа ишларнинг ҳаммасини жамлаганларидан
    кейингина кофир саналган бўлсалар, унда ҳар бир мазҳаб уламолари «Муртаднинг
    ҳукми ҳақидаги боб» деб атаган бобнинг нима маъноси қолади, ахир муртад деб
    мусулмонликдан кейин кофирликка қайтган кишига айтилади-ку? Сўнг (уламолар)
    бошқа кўп турларни зикр қилганларки, ҳар бир тур кишини кофир қилади, қони ва
    молини ҳалол қилади, ҳатто улар одам арзимас санаб қиладиган айрим ишларни ҳам
    зикр қилганлар, масалан, дилида қасд қилмасдан фақат тилида айтиб қўйиш ё
    ҳазил-мазах тарзида айтилган гаплар каби».

    «Яна айтилади…» Бу эса мазкур шубҳага олтинчи жавобдир.

    «Агар илгаригилар фақат ширк, пайғамбарни ва Қуръонни ёлғончи қилиш, қайта
    тирилишни инкор қилиш ва бошқа ишларнинг ҳаммасини жамлаганларидан кейингина
    кофир саналган бўлсалар, унда –
    тўрт мазҳаб ва бошқа уламолардан – ҳар
    бир мазҳаб уламолари «Муртаднинг ҳукми ҳақидаги боб» деб атаган бобнинг нима
    маъноси қолади, ахир
    – улар берган таърифларга кўра – муртад деб
    мусулмонликдан кейин кофирликка қайтган кишига айтилади-ку?»
    Бу хусусда зикр
    қилинган нарсалар – гарчи икки шаҳодат калимасини айтган тақдирда ҳам – бир
    эътиқод сабабли ёки бир амал ё биргина сўз туфайли кишини диндан чиқариши ҳақида
    уламолар томонидан бўлган ижмоъдир. Аҳли илмларнинг бу ҳақда ижмоъ қилишлари ўзи
    кифоя қилади.

    «Сўнг (уламолар) бошқа кўп турларни зикр қилганларки, ҳар бир тур кишини
    кофир қилади, қони ва молини ҳалол қилади…»
    ва айтганларки, ким мана бу
    сўзни айтса ёки мана бундай эътиқод қилса, кофир бўлади, қилган амалларининг ҳеч
    бири унга фойда бермайди…

    «Ҳатто улар қилган одам арзимас санаб қиладиган айрим ишларни ҳам зикр
    қилганлар, масалан, дилида қасд қилмасдан фақат тилида айтиб қўйиш ё ҳазил-мазах
    тарзида айтилган гаплар каби».
    Ҳатто, баъзи мазҳаб уламолари масжидни ёки
    мусҳафни (Қуръонни) тасғир сийғасида (кичрайтирилган шаклда) айтган кишини ҳам
    кофир санаганлар.

    Улар айтган ва таъриф берган нарсалар умумий бўлиб, улар орасида шундайлари
    борки, киши икки шаҳодат калимасини айтса ва намоз ўқиса ҳам, бунга қўшимча
    равишда ҳаром ишлардан тийилган бўлса ҳам, битта кофирликка туширувчи ишни
    қилиши билан ўзидаги барча исломни вайрон қилган бўлади. Кишини кофир ва муртад
    қиладиган ишлар эса жуда кўп.

    Муртадлик сабабларидан биргинаси, яъни ўзи учун Роббул оламийннинг ҳақларидан
    бир ҳақни қилишининг ўзи унинг куфрига кифоядир. Киши муртад бўлиши учун
    муртадликнинг барча жиҳатларини тўла қамраб олган бўлиши ёки ширк амалларининг
    ҳаммасини қилган бўлиши ёки Роббул оламийн билан унинг (сохта) маъбуди барча
    ишларда баробар кўрилган бўлиши шарт қилинмаган.

    Шу билан унинг шубҳаси ариди. Яъни, барча уламолар наздида, агарчи икки
    шаҳодат калимасини айтган, намоз ўқиган ва рўза тутган бўлса ҳам, муртадга
    айланади ва аслида Исломда бўлмаган кишидан кўра ҳолати ёмонроқ бўлади.

    Уламоларнинг икки сўзларидан саҳиҳроғига кўра, бу замон кофирлари
    муртаддирлар, уларнинг эрта-ю кеч «ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлари ва эрта-ю кеч
    унга зид иш қилишлари (уларни муртадга айлантиради), «ла илаҳа иллаллоҳ» билан
    исломга умумий суратда кирилади.

    Иккинчи қавлга кўра, улар аслий кофирлардир. Чунки, улар мусулмон саналишлари
    учун бирон кун бўлса-да, тавҳидда бўлмадилар.

    Яна айтилади: «Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар (яъни, мунофиқлар сизга
    етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр
    сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган
    эдилар»
    (Тавба: 74) деб айтган кишилар (ҳақида нима дейсиз), ахир Аллоҳ
    таоло уларни бир оғиз сўзлари сабабли кофир санамадими, ваҳоланки улар
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида, у зот билан бирга жиҳод
    қилардилар, у зотнинг ёнларида намоз ўқирдилар, закот берардилар, ҳаж
    қилардилар, тавҳидга гувоҳлик берардилар?!

    «Яна айтилади…» Бу уларнинг юқорида ўтган шубҳаларига еттинчи
    жавобдир. Аслида, юқорида ўтган жавобларнинг ўзи ҳам мазкур шубҳа юзини очиб
    ташлашга кифоя эди.

    «Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган
    ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини
    аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар»
    (Тавба: 74) деб айтган кишилар (ҳақида нима дейсиз), ахир Аллоҳ таоло уларни бир
    оғиз сўзлари сабабли кофир санамадими, ваҳоланки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу
    алайҳи ва салламнинг замонларида, у зот билан бирга жиҳод қилардилар, у зотнинг
    ёнларида намоз ўқирдилар, закот берардилар, ҳаж қилардилар, тавҳидга гувоҳлик
    берардилар?!»
    Икки шаҳодат калимасини айтардилар, зоҳирда мусулмонларнинг
    динига амал қилардилар. Энди нид (шерик)ларни ўзи учун паногоҳ ва нажотгоҳ деб
    биладиган, қийинчиликлар пайтида унга мурожаат қиладиган кишининг ҳолига нима
    дейсиз?! Бу нарса ҳозирда қубурийларда (яъни қабрларга топинадиган кишиларда)
    мавжуд, Аллоҳ сақласин. Уларнинг тиллари «ла илаҳа иллаллоҳ» дегани билан
    амаллари «ла илаҳа илла фулан» (фалончидан бошқа барҳақ илоҳ йўқ) деб
    туради.

    Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг
    пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон
    келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз»
    (Тавба: 65, 66) деб айтган
    кишилар ҳам айни шундай бўлгандилар. Аллоҳ таоло иймон келтирганларидан сўнг яна
    куфрга қайтишганини очиқ айтган ўша кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    саллам билан бирга Табук ғазотида эдилар, улар ҳазил-мазах йўсинида бир калима
    гап айтган эдилар».

    «Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг
    пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон
    келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66) деб айтган кишилар
    ҳам айни шундай бўлгандилар. Аллоҳ таоло иймон келтирганларидан сўнг яна куфрга
    қайтишганини очиқ айтган ўша кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
    билан бирга Табук ғазотида эдилар, улар ҳазил-мазах йўсинида бир калима гап
    айтган эдилар».
    Улар бир калима гап сабабидан кофир бўлдилар, ҳолбуки
    шаръий амалларни қилишарди, мусулмонлар қиладиган ишларни қилишарди. Шу билан
    улар иймонларидан сўнг кофир бўлдилар, биргина иш содир бўлиши билан кофир ва
    муртадга айландилар.

    Сиз уларнинг мана бу шубҳалари ҳақида фикрлаб кўринг. Яъни, айтишадики:
    «Сизлар мусулмонлар ичидан «ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берадиган, намоз
    ўқийдиган, рўза тутадиган кишиларни кофир санайсизлар». Энди бу гапларига
    берилган жавобни ўйлаб кўринг, бу ушбу китоб саҳифалардаги энг фойдали
    гаплардандир.

    «Сиз уларнинг мана бу шубҳалари ҳақида фикрлаб кўринг. Яъни, айтишадики:
    «Сизлар мусулмонлар ичидан «ла илаҳа иллаллоҳ » деб гувоҳлик берадиган, намоз
    ўқийдиган, рўза тутадиган кишиларни кофир санайсизлар». Энди бу гапларига
    –мусанниф тарафидан – берилган жавобни ўйлаб кўринг, бу ушбу китоб
    саҳифалардаги энг фойдали гаплардандир».
    Зеро, бу гаплар мусанниф ушбу
    китобида айтган энг фойдали гаплардандир. Чунки, бу шубҳа илмсиз ва онгсиз
    кишилар ичида кенг тарқалган бўлиб, шубҳа солувчи кишининг бу гапини таъсирчан
    шубҳа деб санайдилар. Муаллиф раҳимаҳуллоҳ зикр қилган гаплардан сиз уларнинг
    таъсир қилмайдиган фарқлар эканини ва аҳли илмлар уларнинг таъсир қилмайдиган
    фарқлар эканига иттифоқ қилганларини билиб олдингиз.

    Бунга далиллардан яна Аллоҳ таоло Бану Исроил ҳақида айтган гап, яъни улар
    исломлари, илмлари ва салоҳлари билан бирга Мусога: «Эй Мусо, бизларга ҳам
    уларнинг илоҳлари каби худо қилиб
    (ясаб) бер» (Аъроф:
    138), деб айтишгани, шунингдек, саҳобалардан баъзилари: «Бизга ҳам «зоту анвот»
    қилиб беринг» деб айтишганидир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам
    ичиб: «Бу худди Бану Исроилнинг Мусога:
    «бизларга ҳам уларнинг
    илоҳлари каби худо қилиб
    (ясаб) бер»
    деган гаплари билан бир
    хил эканини айтгандилар.

    «Бунга далиллардан яна…» Бу эса унинг: «Сизлар «ла илаҳа иллаллоҳ»
    дейдиган… мусулмонларни кофир санайсиз…» деган мазмундаги шубҳасини очиб
    ташлаган юқоридаги еттита жавобга қўшимча жавобдир.

    «Аллоҳ таоло Бану Исроил ҳақида айтган гап, яъни улар исломлари, илмлари
    ва салоҳлари билан бирга…»
    Уларнинг илмларидан мурод – ўз замонасида
    бошқаларга нисбатан илмлироқ эканларидир, яъни улар Мусо алайҳиссаломнинг
    издошлари эди, у кишининг илмларидан ва у киши олиб келган нарсалардан ўзларига
    олишганди. Мусо алайҳиссаломнинг уларга: «Албатта, сизлар билмайдиган
    қавмдирсизлар»
    деб хитоб қилишлари бунга зид келмайди. Чунки, бу ўша ишнинг
    улардан жаҳолат (билмаслик) сабабли содир бўлганига далолат қилади.

    «… Мусога: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб
    (ясаб) бер» (Аъроф: 138), деб айтишгани…» Бу нарса (яъни,
    мушрикларда бўлган бутлар) улардан баъзиларига ёқиб қолгани сабабли ана шу
    сўзларни айтишганида Мусо алайҳиссалом уларнинг бу сўзларини мункар санаб:
    «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар» (Аъроф: 138) деб хитоб
    қилганлар.

    «Шунингдек, саҳобалардан баъзилари – аслаҳаларини (ғалаба ёр бўлади
    деган ирим билан) бир дарахтга осиб қўядиган ва у дарахтни «зоту анвот» деб
    атайдиган бир қавм ёнидан ўта туриб – : «Бизга ҳам «зоту анвот» қилиб беринг»
    деб айтишганидир,
    – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу сўзларини
    мункар-ёмон санадилар ва бундай сўзлардан қаттиқ қайтардилар, – Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичиб: «Бу худди Бану Исроилнинг Мусога:

    «бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер» деган
    гаплари билан бир хил эканини айтгандилар».

    Лекин, мушрикларнинг бу ҳикоя борасида далил қиладиган шубҳалари бор. Улар
    айтишади: «Бану Исроил бу билан кофир бўлмаган, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу
    алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам зоту анвот қилиб беринг» деган саҳобалар ҳам
    кофир бўлмаганлар».
    Жавоб шуки, Бану Исроил (айтганлари билан мазкур ширкни) қилмаган, Набий
    соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган саҳобалар ҳам қилмаганлар. Хилоф йўқки,
    агар Бану Исроил шу ишни қилган бўлганида аниқ кофир бўлишарди. Яна хилоф йўқки,
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтарган саҳобалар агар у зотга
    итоат қилмасдан, ўзларига зоту анвот қилиб олганларида албатта кофир
    бўлишарди.

    «Лекин, мушрикларнинг бу ҳикоя борасида далил қиладиган шубҳалари бор…»
    Шу билан шубҳаларини кучайтирадилар ва уни далил қилишга зўр бериб
    уринадилар.

    «Улар айтишади: «Бану Исроил бу билан кофир бўлмаган, шунингдек,
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга ҳам зоту анвот қилиб беринг»
    деган саҳобалар ҳам кофир бўлмаганлар».
    Яъни, улар айтишадики: «Мазкур икки
    воқеа ҳужжатликка ярамайди. Чунки, сизлар бу ҳикояларни бизнинг кофир
    бўлишимизга ҳужжат қилиб келтирдингиз, улар эса кофир бўлмаганлар».

    «Жавоб шуки, Бану Исроил (айтганлари билан мазкур ширкни) қилмаган…»
    Кофир бўлмасликлари унинг куфр бўлишга етмаган иш бўлиши туфайли эмас…

    «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган саҳобалар ҳам
    қилмаганлар…»
    Балки шу ишни ёқтириб қолиб, ўзларига ҳам шундай бир нарсани
    сўраганлар..

    «Хилоф йўқки, агар Бану Исроил шу ишни қилган бўлганида аниқ кофир
    бўлишарди. Яна хилоф йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни
    қайтарган саҳобалар агар у зотга итоат қилмасдан, ўзларига зоту анвот қилиб
    олганларида албатта кофир бўлишарди».
    Агар қабрларга сиғинишса эди, ё эса
    ўзларига бирон илоҳ қилиб олишганда эди, албатта кофир бўлишарди. Бунда ҳеч ким
    тортишиб ҳам ўтирмайди, у ҳолда Пайғамбарга эргашиш ҳам, бошқа амаллар ҳам фойда
    бермаган бўларди. Уларнинг кофир бўлмаганликлари ўша амалнинг кофирликка
    туширишга етмаганидан эмас – яъни, бизнинг бу амални ҳужжат қилишимиз шу амални
    қилинган тақдирда деган маънода бўлиб, мабодо шу амал содир бўлса, албатта куфр
    бўларди. Демак, ҳужжат қилишимиз ўз ўрнидаги иш бўлган – балки улар бу ишни
    қилмадилар, агар қилишганида албатта кофир бўлган бўлишарди.

    Лекин, бу қиссадан ҳисса шуки, баъзан мусулмон киши, балки олим одам ҳам
    билмаган ҳолда ширкнинг бирон турига тушиб қолиши мумкин. Ушбу қисса ўрганиш ва
    эҳтиёт бўлиш ҳамда жоҳил кишининг: «Тавҳидни тушуниб бўлдик» деб айтган сўзи энг
    катта жаҳолат ва шайтоннинг макр тўрларидан эканини билиш кераклигини
    ифодалайди.

    «Лекин, бу қиссадан – яъни, Бану Исроил қиссасидан ва Набий соллаллоҳу
    алайҳи ва салламдан «зоту анвот» қилиб беришларини сўраган кишиларнинг
    қиссасидан – ҳисса шуки…»

    «Баъзан мусулмон киши, балки олим одам ҳам билмаган ҳолда ширкнинг бирон
    турига тушиб қолиши мумкин».
    Чунки, Мусо пайғамбар билан бўлган воқеада у
    кишидан сўраган кишилар бу одамдан кўра илмлироқ эдилар, иккинчи қиссада
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган кишилар ҳам илм ва фазилатда
    муқаддам кишилар эди. Шундай бўлишига қарамай, улар бу ишни Аллоҳ яхши кўрса
    керак, деган гумонда яхши иш санагандилар ва уни Аллоҳга яқинлаштирадиган
    ибодатлар сирасидан деб билгандилар. Шундай экан, энди улардан қуйи даражада
    бўлган кишилар ҳақида нима дейиш мумкин?!

    «Ушбу қисса ўрганиш кераклигини…» яъни, нажот сабабларини ўрганиш
    кераклигини ифодалайди. Чунки, нажот фақат илм ва билим билан ҳосил бўлади. Киши
    ширкка тушиб қолишдан саломат бўлиши учун ширк ўзи нималигини, унинг қисмларини,
    унга олиб борувчи воситаларни билиши лозим. Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз
    сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам «синаб» имтиҳон қилурмиз».

    (Анбиё: 35). Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
    салламнинг асҳоблари у зотдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар, мен эса ўзимга етиб
    қолишидан қўрққанимдан ёмонлик ҳақида сўрардим».

    (Шеър мазмуни:)

    «Ёмонликни ёмонлик қилиш учун эмас, балки ундан сақланиш учун ўргандим.

    Қай бир одам ёмонлик нималигини билмаса, унга гирифтор бўлиб қолиши
    мумкин».

    «… ва эҳтиёт бўлиш кераклигини…» яъни, бу қисса амалга ширкдан
    бирон аралашма аралашиб қолишдан сақланиш лозимлигини, балки бир амалга қўл
    уришдан олдин киши ўзида ихлос пайдо қилдими, йўқми деган фикрни кўнглига
    маҳкамлаши ва нафсни текшириб, шу ўтаётган лаҳзаларни кимга бағишлаётганини
    билиши кераклигини ифодалайди.

    «… ҳамда жоҳил кишининг: «Тавҳидни тушуниб бўлдик» деб айтган сўзи энг
    катта жаҳолат ва шайтоннинг макр тўриларидан эканини билиш кераклигини
    ифодалайди».
    Бу гап тавҳид ҳақида кўп дарс ўтилаверганидан зерикиб,
    малолланиб қолган ва бошқа китобларни ўқиш истагида бўлган айрим толиби
    илмлардан содир бўлган эди. Баъзилар бу гапни ўзаро ёзишмаларда келганини ҳам
    айтишган. Мусанниф бу сўзлари билан ана шу гапни айтган кишига танбеҳ беради ва
    у ҳали-ҳануз тавҳидни мукаммал тушуниб етмаганини айтади. Мазкур қиссада ундай
    кишиларга ҳам раддия бордир, чунки қиссада айтилган кишилар ўзингиз кўриб
    ўтганингиздек, аҳли илмлар эди, улардан ана шундай гаплар содир бўлди.

    Демак, тавҳид (ўрганиш)дан юз ўгирмаслик керак. Чунки, ундан юз ўгириш билан
    унинг зиддига тушиб қолиш мумкин. Исломни даъво қилган кишилар ичидан ҳалокатга
    дучор бўлганлари унинг (яъни тавҳиднинг) ҳаққини тўла адо қилмаганлари ва уни
    ҳақиқий кўринишда ўрганмаганлари туфайлигина ҳалок бўлдилар. Улар (мусулмонча)
    исм ва икки шаҳодат калимаси кифоя қилади, деб гумон қилгандилар. Тавҳидга ва
    унинг камолига зид келадиган нарсалар ўзларида мавжудми ё йўқми эканига эътибор
    қаратмагандилар. Буларнинг ҳаммаси эҳтиётсизликдан ва тавҳид лафзларини
    сўзма-сўз билмасликдан келиб чиқди. Қани, ким мен тавҳидни буткул ўрганиб олдим,
    деб айта олади?! Тўғри, унинг асли – Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки – маъруф, бироқ
    унинг қисмлари, фарълари, шохобчалари мавжуд. Шунингдек, унинг зидди бўлмиш
    ширкнинг ҳам турлари ва фарълари бор.

    Айтишларича, бир куни муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳузурида ўтирган кишиларга: «Кеча
    айтишларича, биров онасини жимоъ қилган эмиш», дейди. Одамлар буни жуда катта
    гуноҳ санаб, ғала-ғовур билан овозларини кўтарадилар. Бошқа бир куни: «Бир киши
    қаттиқ касал бўлиб қолган экан, унга: «Фалон авлиёга атаб, хўроз сўйиб, қон
    чиқаргин», деб айтишган эмиш», дейди. Одамлар буни у қадар катта гуноҳ сифатида
    қабул қилмайдилар.

    Шундан сўнг у уларга биринчи кишининг қилган иши фаҳш амал бўлгани ҳолда унда
    тавҳид сақланиб қолганини, иккинчи кишининг иши эса тавҳидга буткул зид келишини
    тушунтириб, уларнинг иккинчи кишининг ишини аввалги одамнинг ишича ёмон
    санамаганларини айтиб, танбеҳ беради. Ҳозирда жуда кўпчилик одамларнинг воқелиги
    айни шундан ўзгача эмас. Нафслар тавҳидга зид бўлган ишларни қўйиб, ундан
    берироқда бўлган бошқа ишлардан кўпроқ жирканадиган бўлиб қолган.

    Яна шуни ифодалайдики, ижтиҳодли мусулмон киши агар ўзи билмаган ҳолда бирон
    куфр сўзини айтса, унга бу сўзи куфр эканини айтиб огоҳлантирилса ва дарҳол
    тавба қилса, у кофир бўлмайди. Бану Исроил ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламдан сўраган саҳобалар қилганлари каби.

    Яна шуни ифодалайдики, агарчи у кофир бўлмаса ҳам, унга худди Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби қаттиқ гапирилади.

    «Яна шуни ифодалайдики, ижтиҳодли мусулмон киши агар ўзи билмаган ҳолда
    бирон куфр сўзини айтса, унга бу сўзи куфр эканини айтиб огоҳлантирилса ва
    дарҳол тавба қилса, у кофир бўлмайди».
    Чунки, айрим ишлар бўладики, кишига
    унинг куфр ва хатолиги махфий бўлади. Ижтиҳодли-ғайратли одам ҳақни
    тушунтирилса, дарҳол унга қайтади. «Бану Исроил ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва
    салламдан сўраган саҳобалар қилганлари каби».

    «Яна шуни ифодалайдики, агарчи у кофир бўлмаса ҳам, унга худди Расулуллоҳ
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби қаттиқ гапирилади».
    Яъни,
    юқорида айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизга ҳам
    худди уларда бўлгани каби «зоту анвот» қилиб беринг», деб айтган саҳобаларга
    жуда қаттиқ рад қилгандилар.

    Шамсон, Тож, Абу Ҳадида ва бошқалар Наждда ва бошқа жойларда маъруф бўлган сиғиниладиган шахслардир.

    Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ Юсуф, Шамсон ва Тож ҳақидаги саволга шундай жавоб берганлар:

    «Юсуф, Шамсон ва Тож кофир ва тоғут кимсаларнинг исмларидир».

    Тож – Харж аҳлидандир, унга назрлар тортиқ қилинади, унга дуо қилинади, унинг фойда ва зарар етказишга қодирлигига эътиқод қилинади. У ўз диёри Харждан Диръийя аҳлига келар, улардан ўзига аталган назрларни йиғиб оларди. Унга эътиқод қўйганларнинг жуда кўплари ундан қўрқишарди. Унинг ёрдамчилари ва ён-верида юрадиган кишиларга ҳам тил теккизиш мумкин бўлмасди. Улар ҳақида турли ёлғон даъволар қилинар, уларга ҳар турли афсоналарни нисбат бериларди. Тожга нисбат бериладиган гаплардан бири шуки, у кўзи ожиз бўлгани ҳолда ўзиинг диёри Харждан бировнинг етакловисиз ўзи келар экан.

    Шамсон эса – даъват имоми раҳимаҳуллоҳнинг рисолаларидан билинишича – ориз (тасодифий шахс) бўлиши эҳтимоли катта. Унинг авлодига эътиқод қилишади.

    Юсуф эса, қабри устида васан (бут) бор бўлиб, унга сиғиниладиган бир шахсдир, шайхнинг китобларидан англанишича, унинг қабри Кувайтда ёки Аҳсода бўлиши керак.

    Уларнинг яшаб ўтган тарихлари шайх Муҳаммад ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ
    даврларидан унча узоқ эмас (Фатава ва росаилиш-шайх Муҳаммад ибн Сулаймон:
    1/134).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963