Бизга боғланинг
Сотиб олинган нарсани ҳали қўлига етиб келмасидан туриб тасарруф қилишга ва иқолага доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Бу бобда – иншоаллоҳ – байъ қилинган товарни ҳали қўлга тегмасидан туриб тасарруф қилишнинг дуруст ва нодуруст жиҳатлари ҳақида баҳс юритамиз, сотиб олинган нарсанинг қабзи (яъни, қўлга етиб келиши) нима билан ҳосил бўлади ва қачон саҳиҳ қабз, қачон носаҳиҳ қабз ҳисобланади, шуларни баён қиламиз.
Билингки, уламолар иттифоқига кўра, байъ қилинган нарсани – агар у кайл (сиғим) билан ўлчанадиган бўлса, кайл билан ўлчаб, вазн билан ўлчанадиган нарса бўлса, тарозида тортиб, саналадиган нарса бўлса, санаб, зироъ (газ, метр) билан ўлчанадиган нарса бўлса газлаб ўлчаб олмагунча – тасарруф қилиш (яъни, сотиш, ҳадя қилиш ва ҳоказо) дуруст бўлмайди. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَنِ ابْتَاعَ طَعَامًا فَلاَ يَبِعْهُ حَتَّى يَسْتَوْفِيَهُ ».
«Ким бир егулик сотиб олган бўлса, уни тўла қилиб олмагунича сотмасин», деганлар (Бухорий (2126) ва Муслим (1525) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Бир лафзда:
«…حَتَّى يَقْبِضَهُ ».
«… ҳатто уни қўлига олмагунича» (Бухорий (2136) ва Муслим (30/1525) ривоятлари), имом Муслимда:
« … حَتَّى يَكْتَالَهُ ».
«… ҳатто ўлчаб олмагунича» (31/1525).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:
قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ وَأَحْسِبُ كُلَّ شَىْءٍ مِثْلَهُ.
«Ундан (яъни, егуликдан) бошқасини ҳам худди шундай деб ўйлайман», деганлар (Бухорий (2135) ва Муслим (1525) ривоятлари). Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда бу аниқ-тиниқ қилиб айтиб ҳам қўйилган:
فَإِذَا اشْتَرَيْتَ بَيْعًا ، فَلاَ تَبِعْهُ حَتَّى تَقْبِضَهُ.
«Агар бир байъни сотиб олсанг, то қўлингга келмагунича уни сотма» (Муснад Аҳмад (3/402, №15316), Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). Абу Довуд ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сотиб олинган) матоларни тожирлар ўз яшаш жойларига келтирмасдан туриб, сотиб олинган ўрнида сотиб юборишдан қайтарганлар» (Абу Довуд (3499) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).
Шайхулислом Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари Ибнул Қаййим раҳимаҳумаллоҳ айтадилар: «Қўлга келмаган нарсани сотишдан қайтаришдаги иллат (сабаб) шуки, харидор уни қабул қилиб ололмай қолади. Чунки, сотувчи харидорнинг қўлига топшириши ҳам, топширолмаслиги ҳам мумкин. Айниқса, (сотувчи) агар харидорнинг бундан яхшигина фойда кўришини билса, у байъни ё инкор қилиш билан, ё бирон ҳийла билан бекор қилишга ҳаракат қилиб қолади. Бу эса кишининг ўз кафолати остига ўтмаган нарсани сотиб фойда қилишидан қайтарган ҳадис билан яна-да таъкидланди» (Мазкур ҳадисни Абу Довуд (3504), Термизий (1237), Насоий (4630), Ибн Можа (2187) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, «Ал-фатавал-кубро: 5/390, «Таҳзибус-сунан: 9/281).
Мусулмонлар бу айтилганларга риоя қилишлари фарз бўлади. Агар мусулмон киши бирон матони сотиб олса, то қўлига тўла ўтмагунича уни сотиш ё бошқа тасарруфларни қилишга қўл урмасин. Бунга жуда кўп одамлар бепарволик қилишади ёки ўзларини билмагандек тутишади, товарларни сотиб олиб, ҳали қўлларига етмай туриб, сотиб юборишади. Ёки қўлларига етиши ҳақиқий қабз (қўлга тегиш) ҳисобланмайдиган нуқсонли ҳолда бўлади. Яъни, моллар ҳали сотиб олинган жойда тургани ҳолда уларнинг қопларини ёки қутиларини санаб оладилар-да, бориб, бошқа бировга сотиб юборадилар. Бу саҳиҳ қабз саналмайди ва харидор бу ҳолда молни тасарруф қилишга ҳақли бўлмайди.
Агар сиз: «Харидорга молни тасарруф қилишига имкон берадиган саҳиҳ қабз қандай бўлади?» деб сўрасангиз, бунга қуйидагича жавоб берамиз:
Молни қабул қилиб олиш унинг нави турлича бўлишига қараб фарқланади, ҳар бир навни ўзига муносиб келадиган кўринишда қабз (қабул) қилинади.
Агар мол кайл (сиғим ўлчов бирлиги) билан ўлчанадиган бўлса, уни кайл билан ўлчаб, вазн билан ўлчанадиган бўлса, тарозида тортиб, зироъ (газ – узунлик ўлчов бирлиги) билан ўлчанадиган бўлса, газ билан ўлчаб олиш билан ҳамда ушбу молни харидорнинг жойига етказиш билан бўлади.
Агар кийим-кечак, ҳайвонлар, автомашиналар бўлса, уларни харидорнинг маконига келтириш билан бўлади.
Агар мол қўлга тегиши керак бўлган, жавоҳирлар, китоблар ва шу каби нарсалар бўлса, унинг қабзи харидорнинг қўлига тегиши билан бўлади.
Агар мол жойидан жилиши имконсиз бўлган, уй-жой, ер-мулк ва дарахтидан узилмаган мева каби нарса бўлса, унинг қабзи бўшатиб қўйиш билан, яъни, харидор уни тўла тасарруф қила оладиган даражада унга ўша нарсанинг йўлини бўшатиб қўйиш билан бўлади.
Уй-жойни топшириш унинг эшигини очиб қўйиш ёки калитини топшириш билан бўлади.
Юқорида сотиб олинган молни шариатда мўътабар бўлган кўринишда қўлга тегмасидан туриб тасарруф қилишдан қайтарувчи ҳадислар ўтди. Чунки, бунда сотувчининг ҳам, харидорнинг ҳам манфаати бор бўлиб, одамлар ўртасида келиб чиқаётган кўпгина келишмовчиликлар ва жанжалларнинг олдини олади. Бундай келишмовчиликлар одатда қабзга бепарво қараш, харидор сотиб олган моли ҳақида қайғурмаслиги ва уни аввал тўла қабул қилиб олиб, сотувчининг қўлидан тамомила ажратиб олиб, кейин тасарруф қилишга қасд қилмаслиги орқасидан келиб чиқади. Мусулмон киши бу борада ҳушёр бўлиши ва шариат кўрсатмаларига риоя қилиши зарур.
Жуда кўпчилик одамлар ҳозирда сотиб олинган молларнинг қабзи ҳақида бепарволик қилишади ва ҳали қўлга тегмасидан туриб тасарруф қилишга киришадилар, бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ишни қилган бўладилар. Охир-оқибат, жанжал ва хусуматларга тушиб қолишади, мол улар айтганидан бошқача чиқиб қолганидан сўнг уни тасарруф қилиб қўйишганига надомат қилишга бошлайдилар. Ишлари чигаллашиб, ундан қутулиб чиқиб кетолмай қоладилар, бир-бирини қозима-қози судраб юрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф қилган кишининг иши ана шундай бўлади, бундай ишнинг охири пушаймонлик билан тугайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундаган ва тарғиб қилган ишлардан яна бири – олди-сотди қилган кишилардан бирлари қилган байъидан пушаймон бўлган ёки ўша сотиб олган нарсасига эҳтиёжи йўқ экани маълум бўлиб қолган ёки унинг пулига қийналиб қолган пайтда иккинчилари унга иқола қилиши – яъни, байъни бузишига рухсат ва имконият беришидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ : مَنْ أَقَالَ مُسْلِمًا ، أَقَالَهُ اللَّهُ عَثْرَتَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ.
«Ким бир мусулмонга иқола қилса (яъни, унга сотган нарсасини қайтариб олса), Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг гуноҳини иқола қилади (яъни, кечади)» (Абу Довуд (3460), Ибн Можа (2199) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Иқоланинг маъноси – савдо ақдини бекор қилиш ва ҳар икки тараф ҳам
байъдан бирон зиёдалик ёки нуқсонсиз (яъни, мол эгаси ўз молини, харидор эса
пулини ўз ҳолида олиб) қайтишларидир. Зарурат пайтидаги иқола – мусулмон
кишининг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир. Шу билан бирга у гўзал
муомала турларидан ва иймоний биродарлик тақозоларидан саналади.