Бизга боғланинг
Сотилган молга тобеъ бўладиган ва тобеъ бўлмайдиган нарсаларга доир боб
Айрим нарсалар бўладики, улар агар сотувчи истисно қилмаган бўлса, сотилган молга қўшилиб харидорнинг мулкига ўтади. Жумладан:
Биров бир қул ёки от-улов сотган бўлса, қулнинг эгнидаги одатий кийими, шунингдек, от-уловга тақилган юган, тизгин, тақа кабилар ҳам мутлақ байъ остига киради, чунки, одат шунга жорий бўлган. Одатда сотилган нарсага қўшиб бериш жорий бўлмаган ва сотилган молнинг унга эҳтиёжи бўлмайдиган нарсалар, масалан, қулнинг мол-мулки, эгнидаги зийнат кийими унга қўшилмайди.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى
اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «…وَمَنِ ابْتَاعَ عَبْدًا وَلَهُ مَالٌ،
فَمَالُهُ لِلَّذِي بَاعَهُ، إِلَّا أَنْ يَشْتَرِطَ المُبْتَاعُ.»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қул сотса, унинг моли сотган одамгадир, фақат харидор шарт қилса (бундан мустасно)», деганлар (Бухорий (2379) ва Муслим (1543) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Ҳадис далолатига кўра, қул сотилса, байъга унинг моли қўшилмайди. Чунки, байъ қул устида бўлади, мол эса алоҳида нарсадир. Бу гўё иккита қули бор одам улардан бирини сотгандек гапдир. Чунки, қул ҳам, унинг моли ҳам хожаники, қулни сотгач, моли қолаверади.
Агар харидор қул билан бирга унинг моли ҳам байъ остига киришини шарт қилса,
унинг моли ҳам байъ остига киради. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам
юқоридаги ҳадисда: «фақат харидор шарт қилса (бундан мустасно)», дедилар.