Бизга боғланинг
Таҳажжуд намози (2)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари
Аллоҳ таоло Ўзининг китобида Пайғамбарини тунги ибодатга буюриб, бундай деди:
«Эй кийимларига ўраниб олган зот, кечанинг кўп қисмида намозда туринг! Кечанинг ярмида туриб намоз ўқинг ёки ярмидан камайтириб, учдан бирига туширинг. Ёки ярмидан бир оз кўпайтириб, учдан иккисига етказинг. Қуръонни шошмасдан, дона-дона қилиб, ҳарфларини ва тўхташ ўринларини аниқ қилиб, тиловат қилинг» (Муззаммил, 1-4);
«Эй Пайғамбар, кечанинг бир қисмида уйқудан туриб, тунги намозда Қуръон ўқинг. Шояд Раббингиз сизни аввалгилару охиргилар сизга мақтов айтадиган мақомда (мақоми маҳмудда) тургизса» (Исро, 79).
Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси икки оёқлари шишиб кетгунга қадар намоз ўқир эдилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, нега бундай қиласиз, ахир сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?!» дедим. У зот: «Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» деб жавоб бердилар»[1].
Ушбу ҳадис шукр нафақат тил билан, балки қалб, тил ва тана аъзолари билан бўладиган амал эканига далил бўлади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларида Ислом ақидасини одамларга етказиш, мусулмонларга таълим бериш, Аллоҳ йулида жиҳод қилиш ҳамда оила ва фарзандлар ҳаққини адо этиш вазифалари бўлишига қарамай Аллоҳга ибодат қилиш ҳаққини тўла-тўкис адо этганлар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бундай деди: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини ўқий бошладилар. Мен «Бақара сурасини тугатиб руку қилсалар керак», деб ўйладим. Кейин Нисо сурасини ўқий бошладилар, уни ҳам тугатиб, Оли Имрон сурасини ўқидилар. Ўқиганда ҳам шошмай, тасбеҳ ояти ўтса тасбеҳ айтиб, сўраш ояти ўтса сўраб, азоб ояти ўтса азобдан паноҳ тилаб тиловат қилар эдилар»[2].
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидим. У зот намозда узоқ давом этганлари боис бир ёмон иш қилишни ўйлаб колдим», деди. «Нима ёмон иш қилмокчи бўлдингиз?» деб сўрашган эди, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилиб, ўтириб олмоқчи бўлдим», деди[3].
Ибн Ҳажар деди: «Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозни жуда узун ўқишни яхши кўрганларига далил бўлади. Ибн Масъуд кучли ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга доим эргашувчи бўлишига қарамай, одатидагидан узоқрок намоз ўқилгани боис ўтириб олгиси келган».
Салафларнинг тунги ибодатлари
Ҳасан Басрий деди: «Туннинг ярмида намоз ўқишдан қийинроқ ибодат кўрмадим».
Абу Усмон Наҳдий айтади: «Абу Хурайра розияллоҳу анҳунинг уйида етти марта меҳмон бўлдим. У, аёли ва хизматкори кечани учга тақсимлаб олишар, бири намоз ўқиб бўлса, иккинчисини уйғотар эди».
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу ўрнига ётганида товага тушган дондек тўлғонар, кейин: «Эй Аллоҳ, жаҳаннам мени ухлашга қўймаяпти» дея намозга туриб кетар эди.
Товус ибн Кайсон ўрнидан сапчиб турар, кейин таҳорат олиб, тонг отгунича қиблага юзланиб намоз ўқир ва: «Жаҳаннамни эслаш обидлар уйқусини қочириб юборади», дер эди.
Обид Замъа кечаси узун намоз ўқир, саҳар вақти бўлганида бор овози билан: «Эй дам олиб ётганлар, туни билан ухлайверасизларми?! Туриб йўлга тушмайсизларми?!» дер эди. Шунда бир томондан йиғлаган, бошқа томондан дуо қилган, яна бир томондан таҳорат олаётган кишилар овози эшитилар эди. Тонг отгач: «Кечаси йўл босганлар эрталаб тунда қилган ишларидан мамнун бўладилар», дея нидо қилар эди.
Салафларнинг таҳажжуд намозидаги даражалари
Ибн Жавзий айтади: «Салафлар тунги намозда етти даражада бўлар эдилар:
- Тунни бошидан охиригача намоз билан ўтказувчилар. Булар ичида бомдодни хуфтоннинг таҳорати билан ўқувчилар ҳам бўлган.
- Кечанинг ярмини ибодатда ўтказувчилар.
- Кечанинг учдан бирида намоз ўқувчилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга энг суюкли намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида намоз ўқир ва кейинги олтидан бирида ухлар эди»[4].
- Кечанинг беш ёки олтидан бирини таҳажжуд ўқиб ўтказувчилар.
- Кечани тақсимлашга эътибор бермай, тоқати етганича намоз ўқиб, чарчаса ухлаб ва яна қачон уйғонса намоз ўқувчилар.
- Туннинг бир қисмида тўрт ёки икки ракаат таҳажжуд ўқувчилар.
- Шом намозидан хуфтонгача, кейин саҳар вақтида намоз ўқиб, кечанинг икки тарафини намоз билан жамловчилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тунда бир вақт бор-ки, мусулмон банда Аллоҳдан яхшилик сўраган ҳолда шу вақтни топса, албатта Аллоҳ унинг сўраган нарсасини беради. Ва бу ҳар кеча такрорланади»[5].
[1] Бухорий ва Муслим ривояти.
[2] Муслим ривояти.
[3] Бухорий ва Муслим ривояти.
[4] Бухорий ва Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.