Нега Ошуро рўзасини тутамиз?

    Абу Закария ал-Маданий тайёрлади

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аммо баъд…

    Ҳар бир замонда мутлақ ҳукмдор бўлишни истаган, Аллоҳнинг бандаларини ўзларига қул қилишга интилган золим подшоҳлар ва зодагонлар бўлган. Улар ўтмишда ҳам ҳозирда ҳам мавжуд. Аллоҳ таоло еру осмонларни, улар ўртасидаги ва ичидаги барча нарсаларни яратган ва уларни тинимсиз бошқариб туради. Аллоҳ Ўз махлуқотларини буюк бир ҳикмат учун яратди, у ҳам бўлса Аллоҳга бандачилик қилиш. Қуёш, ой, кеча ва кундуз Аллоҳнинг яратувчи эканига улкан далиллардан ҳисобланади. Чунки улар яратилганларидан бери Аллоҳ улар учун белгилаган ҳаракатдан заррача ўзгармасдан ҳаракатланмоқдалар. Планета-сайёраларнинг жойлашиши, уларнинг мунтазам ҳаракати ва улардаги ҳайратомуз мутаносиблик ҳақида гапириш учун алоҳида китоб ёзиш керак. Биз баъзи ишоралар билан кифояланамиз.

    Демак, бутун коинот Аллоҳ таолога унсиз равишда (улардан ақллилари эса билиб ёки билмасдан) итоат қилмоқда, бандаликни — баъзи қулдорликдан халос бўлмоқчилар севмайдиган ибора билан айтсак «қуллик»ни — бажо келтирмоқдалар. Ҳаттоки, ана шу Аллоҳга қул эканига иқрор бўлгиси келмаётган жоҳил инсон ҳам Аллоҳнинг ҳаёт-тириклик учун қўйган қонунидан заррача чиқа олмаяпти. У Аллоҳнинг қонунига хилоф ўлароқ ҳаводан нафас олишни бас қила олмаяпти, овқат еб, сув ичишдан ўзини тия олмаяпти, кеча-кундуз уйқуни йиғиштириб қўя олмаяпти. Агар у шундай қиладиган бўлса — яъни шу ишларда ва бошқаларида Аллоҳга қулчилик қилмайман деса — дарҳол жонини таслим қилишдан бошқа илож йўқ.

    Аллоҳ таоло махлуқотларидан ақлли ва ихтиёрли қилиб яратилганлари ҳақида шундай деди:

    «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.» Зориёт: 56

    Демак, бу икки жинснинг яратилиш ҳикмати ибодат қилиш экан. Аллоҳнинг берган умри, ризқи, сиҳат-саломатлиги ва бошқа неъматлари шукронасига У учун бандачилик қилиш. Бироқ ҳозиргина айтиб ўтганимиз золим ҳукмдорлар уларни яратмаган ва уларга ризқ бермаган ҳолда уларни ўзларига қул қилмоқчи бўладилар ва Аллоҳга қарши туғён қиладилар.

    Аллоҳ таоло деди:

    Албатта Парвардигорингиз  Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни)кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким,яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори  Аллоҳ буюкдир. Аъроф: 54

    Яратган зот буйруқ беришга, ҳукм қилишга ҳақли. Ундан бошқанинг ҳукмни қўлга олишга интилиши зулм, ҳаддан ошиш. Аллоҳ азза ва жалла ҳаддидан ошганларни огоҳлантириш, уларни эсларини жойига келтириб, ким эканликларини танитиб қўйиш учун Ўз элчиларини юборган. Улар орқали Ўзининг буюклигига далолат қилувчи оят-аломатларни кўрсатган.

    Нуҳ алайҳис-салом қавми, хусусан, уларнинг зодагонлари ҳадларидан тажовуз қилгандилар. Аллоҳ таоло деди:

    Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк КУН (Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди. У айтди: «Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман! Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман……. Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган(унга иймон келтирган) зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар. Аъроф: 59-64 

    Сўнгра (Нуҳдан) кейин ҳам (кўп) пайғамбарларни ўз қавмларига юбордик. У пайғамбарлар уларга очиқ ҳужжат-мўъжизалар келтирганларида, улар илгари ёлғон деган нарсаларига (пайғамбарларнинг мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам) иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкор кимсаларнинг дилларини мана шундай муҳрлаб қўюрмиз. Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Ҳорунни Ўз оят-мўъжизларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборганимизда, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар. Қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақиқат келганида, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар. Мусо деди: «Сизларга ҳақиқат келган вақтида («Бу сеҳр»), дейсизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар муваффақият қозонолмайдилар-ку?!» Улар дедилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни амал қилган ҳолда топган динимиздан буриш учун ва икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтирувчи эмасмиз!»

    Золимларнинг баҳонасига қаранг, Пайғамбар уларни тавҳидга, Ёлғиз Аллоҳга чақирса, улар унга дарҳол лақаб қўйиб сен сеҳргарсан, бизни ота-боболаримиз йўлидан чалғитма, энг муҳими бизнинг еримизга, мулкимизга, салтанатимизга эгадор бўлишда тама қилма дедилар. Золимлар аввалда ҳам ҳозирда ҳам бир хил, улар айни сўзларни такрорлайдилар. Улар курсиларидан, ерларидан ажралиб қолишдан қўрқадилар. Ҳаққа чақирувчи одамлар фақат Аллоҳдан қўрқишлари, бандалар ўртасида Аллоҳнинг адолатли ҳукмини жорий қилишга интилишлари уларни ташвишга солади.

     Шунда Мусо қавмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар. Чунки Фиръавн ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир. Мусо (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!» Улар айтдилар: «Аллоҳнинг ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим кавмга мафтун — алданувчи қилиб қўйма ва ўзинг раҳм айлаб бизларни бу кофир қавмдан қутқар».

    Аллоҳ таоло Ўзига таваккул қилган, холис ибодат қилган мусулмон бандаларини золимлар зулми остига ташлаб қўймайди. Уларни золимлардан қутқаради. Бу эса ўзига хос илоҳий тадбирлар билан бўлади. Мусонинг қавми Аллоҳга иймон келтириб Унга таваккул қилганлари ва золим қавмдан қутқаришини сўраб дуо қилганларидан сўнг Аллоҳ уларни золимлардан қутқариш тадоригини бошлашни Мусога амр этди.

    Биз Мусо ва унинг биродарига: «Қавмларингиз учун Мисрда (сизлар учун бошпана бўладиган, улар ичида ҳимояланадиган) уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар. (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида)хушхабар беринг», деб ваҳий юбордик.

    И з о ҳ. Фиръавн ва унинг одамлари Бани Исроил қавмини қўрқитиб, уларнинг ибодатхоналарини вайрон қилиб юборганида, Тангри таоло Ўз пайғамбарлари Мусо ва Ҳорунга юқорида мазкур бўлган фармонни ваҳий қилиб юборган ва уларга яқин орада Фиръавн зулмидан халос бўлиб ғалаба қозонишлари ҳақида хуш­хабар берган.

    Баъзи муфассирлар «уйларингизни қибла-намозгоҳ қилиб» оятига уйларингизни бир-бирига қаратиб қуринглар (токи ким кириб чиқаётганини билинглар) қибтийларга аралашиб яшаманглар деган маънони берганлар. Бу маъно жамланишни ва кези келганда биргалашиб чиқиб кетишни англатади.

    Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар(мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришлари учун шундай қилдинг. Парвар­дигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар. (Аллоҳ) деди: «Дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳатто ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!» Юнус сураси

    Биз Мусога: «Бандаларим (яъни Бани Исроил қавми) билан тунда йўлга чиққин! Албатта сизларнинг изингизга тушилур (яъни Фиръавн ва унинг қўшини ортингиздан қувиб етур)» деб ваҳий юбордик. (Мусо ва унинг қавми йўлга тушганларидан хабар топгач), Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди):  «Аниқки улар бир ҳовуч ялангоёқлардир. Дарҳақиқат улар (қўл остимиздан чиқиб кетишлари билан) бизларни ғазаблантирдилар. Шубҳасиз бизлар эҳтиёт чораларини кўриб турувчи қавмдирмиз». Мана шундай қилиб Биз уларни (яъни Фиръавн ва унга эргашганларни) боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал маскандан чиқардик ва уларни(нг барчасига) Бани Исроилни ворис қилдик.  (Фиръавн) тонг пайтида уларни қувиб етди. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: «Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ, фақат денгиз бор) дедилар.»

    Ҳолатни тасаввур қилинг! Олдларида мавж уриб турган денгиз на кема бор ва на кўприк, ортларида ер юзининг энг золим подшоҳи бутун аскарлари билан қувиб етмоқда! Уларнинг ўрталаридаги масофа шунчалик яқинки қочувчилар қўлга тушганига амин, қувувчилар эса етганларига. Мўъмин-мусулмонлар иймонли бўлсаларда, инсонийлик қилиб «Бизлар аниқ тутилдик» дедилар.Пайғамбарларнинг иймонлари шу даражада кучли бўладики, уларни бирон даҳшат ларзага сола олмайди. Мусога Фиръавн қувиб келиши ҳақида ваҳй қилинган лекин нажот ҳақида айтилмаган. Шундай бўлсада у роббиси албатта нажот беришига ишонди ва қавмига жавобан: айтди: «Йўқ, аниқки мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар».

    Биз Мусога: (Асоинг билан) денгизни ургин», деб ваҳий юбордик. (Денгиз Бани Исроилнинг қабилалари ададига мувофиқ ўн иккига) бўлиниб, ҳар бир бўлак(сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар.) Шуаро сураси

    Аллоҳ бир ишни хоҳлаган пайтида унга «Бўл» дейди у бўлади. Яралганидан бери ости қуёш кўрмаган денгиз бир сонияда қуп-қуруқ йўлга, сув эса улкан тоғларга айланди.

    Дарҳаҳиқат Биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни Бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил – (ортларингдан Фиръавн)етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юборганмиз. Тоҳа: 77

    Аллоҳ таоло Мусога шундай амр қилди: «денгизни сокин (яъни сизлар ўтаётганда ўн иккига бўлинган эди, ана ўша ҳолида) қўявергин (ва Фиръавн ўз қўшини билан ундан ўтиб олишидан қўрқма). Шак-шубҳасиз улар ғарқ қилинувчи қўшиндир». Духон: 24

    Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди.

    Сувлари тоғдек бўлиб қуп-қуруқ йўл очиб турган денгизни кўрган Фиръавн дилида бу Аллоҳнинг амри билан бўлганини билсада, унинг кибри буни тан олишга йўл қўймади ва аскарларига қарата қаранглар, Бани Исроилни қувиб етишим учун денгиз мени кутиб турибди. Қани, юринглар деб иккиланиб турган аскарларини олға бошлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: . «Фиръавн қавмини Тўғри йўлга бошламади, (балки) Тўғри йўлдан оздирди.»

    Муфассирлар айтадилар: Бани Исроилнинг охирги кишилари денгиздан чиққач ва Фиръавннинг аввалги одамлари денгиздан чиқишга яқин бўлганида ва охиргилари денгизга тушиб бўлганларида Аллоҳ денгизни аввалги ҳолатига қайтариб қўйди. Уларнинг ҳаммалари ғарқ бўлиб ўлдилар. Баъзи тафсирларда айтилишича уларнинг 1 миллион 600 минг бўлган экан. Уларнинг ҳаммаси бир лаҳзада ер тишладилар.

    Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот — Аллоҳгина барҳақлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман — Аллоҳга бўйсунувчилардандирман». Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку! Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят — ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни улардан ибрат олмайдилар).

    Мусулмонларнинг Фиръавн зулмидан ва ғарқ бўлишдан нажот топишлари улкан ғалаба эди. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳис-салом бу кунда тил шукронасига қўшимча ўлароқ бадан ибодати билан шукрона келтириш учун рўза тутган, у кишига эргашиб Бани Исроил ҳам рўза тутган. Бу кун Бани Исроил назарида шунчалик улуғлигидан улар Мусо алайҳис-саломнинг шариатини ўзгартириб, бузиб юборган бўлсаларда, Ошуро куни рўза тутишни тарк қилмаган эдилар.

    Бу кунни Қурайш мушриклари ҳам улуғлашар эди.

    عَنْ عَائِشَةَ – رضى الله عنها – قَالَتْ كَانَتْ قُرَيْشٌ تَصُومُ عَاشُورَاءَ فِى الْجَاهِلِيَّةِ وَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَصُومُهُ فَلَمَّا هَاجَرَ إِلَى الْمَدِينَةِ صَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ فَلَمَّا فُرِضَ شَهْرُ رَمَضَانَ قَالَ « مَنْ شَاءَ صَامَهُ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَهُ ».متفق عليه

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, дедилар: Қурайш жоҳилият даврида Ошуро рўзасини тутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тутардилар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам тутдилар. Рамазон ойи рўзаси фарз бўлгач: «Хоҳлаган тутсин, хоҳламаган тутмасин» дедилар. Муттафақун алайҳи

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида яҳудийларни Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўриб бунинг сабабини сўраганлар:

    عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: «قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ. هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللَّهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ. فَصَامَهُ مُوسَى. قَالَ: فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ. فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ» رواه البخاري.

    Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларни Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва бу қандай кун деб сўрадилар? Улар: Бу яхши кун, бу кунда  Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан халос этган ва Мусо у кунда рўза тутган дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман» – дедилар ва бу кунда рўза тутдилар ва унда рўза тутишга буюрдилар». (Имом Бухорий ривояти)

    و في رواية مسلم: ((هذا يوم عظيم أنجى الله فيه موسى وقومه وغرّق فرعون وقومه)).

    Имом Муслимнинг ривоятларида «Бу улуғ кун  Аллоҳ унда Мусо ва унинг қавмига нажот берган, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган» дейилган.  «Мусо у кунда рўза тутган» ибораси Муслим ривоятларида «Мусо у кунда Аллоҳга шукр қилиб рўза тутган биз ҳам тутамиз» зиёдаси билан келган.

    Демак, бу кун тавҳид аҳлининг нажоти ва ғалабаси бўлгани, Аллоҳнинг Пайғамбари Мусо алайҳис-салом ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тавҳид рисолати билан келганлари боис Мусонинг ғалабасига унинг динидан чиқиб кетган яҳудийлардан кўра айни динни олиб келган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақлироқ эканлари айни ҳақиқатдир.

    Имом Бухорийнинг бошқа ривоятларида шундай келган:

    فَقَالَ النَّبِىُّ – صلى الله عليه وسلم – لأَصْحَابِهِ « أَنْتُمْ أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْهُمْ ، فَصُومُوا »

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига дедилар: «Сизлар улардан (яҳудийлардан) кўра Мусога ҳақлироқсизлар, рўза тутинглар».

    Биз аҳли тавҳид мусулмонлар ҳам бу ғалабага шукрона, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буруқларига итоат қилиб, Мусо алайҳис-саломга яҳудийлардан ҳақлироқ бўлганимиз учун Ошуро кунида рўза тутамиз. Ошуронинг кириб келиши бизга мусулмонлар учун нусратнинг яқинлиги ва муқаррарлигини эслатади ва қалбларда умид учқунлари куртак ёзади.

    Нусрат ва ғалаба ҳамиша ҳам жанг майдонида душманнинг енгилиши ва улардан ғаниматлар олиш билан бўлвермайди. Гоҳида у мусулмонларга бирон зиён-заҳмат етмасдан, Аллоҳ душманни яксон қилиб юбориши билан ҳам бўлади. Ошуро бунга очиқ далил.

    Эй, Аллоҳим, Бани Исроил душманларига кифоя қилганингдек бизларнинг душманларимизга ҳам ўзинг кифоя қил. Зеро, Сен мағлуб бўлмас кучлисан.

    11/12/2010/strongltr

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963