Бизга боғланинг
Таматтуъ ҳажини ният қилган аёл умрани адо этишидан аввал узрли бўлиб қолса, нима қилади?
Савол: Аёл уйидан Таматтуъ ҳажи ниятида чиқса, кейин ҳар ойлик одатий ҳайзи келиб қолса ва Зулҳижжанинг 8-кунигача умра қилишга улгурмаса, нима қилиши керак? Таматтуъ ҳажини умрасиз адо этаверадими? Ниятини ўзгартириши керак бўладими?
Жавоб: Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Аёл умра учун эҳромга кирса ва ҳайзи келиб қолса ҳамда Арафа кунидан аввал покланмаса, ҳаж учун ният қилади ва қорина (Қирон ҳаж қилувчи) мақомига ўтади. Ойша розияллоҳу анҳо билан шундай иш содир бўлган. У таматтуъ ҳажи ниятида умра учун эҳромга кирганидан сўнг ҳайзи келиб қолган ва ҳаждан аввал умра қилишга улгурмаган. Шунда ҳажни умрага киритиб, қоринага айланган[1].
“Зодул мустақниъ” китобида айтилади: “Аёл ҳайз кўрса ва ҳаж ўтиб кетишидан қўрқса, ҳаж учун эҳромга киради ва қоринага айланади”.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ерда аёлдан мурод таматтуъ ҳажи қилмоқчи бўлган аёлдир. У аслида аввал умра қилиши, кейин эҳромдан чиқиб, ҳалол бўлиши, сўнг шу йили ҳаж қилиши керак эди. Бироқ у Маккага, айтайлик, Зулҳижжанинг 5-куни кириб келди ва ҳайзи келиб қолди. Одатига кўра 6 кун ҳайз кўриши, Зулҳижжанинг 11-куни покланиши керак. Бу ҳолда Арафотда туришга улгурмай қолади. Лекин у тавоф ва саъй қилиб, умра қилиши мумкин эмас. Бу ҳолатдаги аёл ҳаж учун эҳромга кириши ва қорина бўлиши вожибдир. Чунки Ойша розияллоҳу анҳо Маккага киришидан аввал Сарифда ҳайзи келиб қолганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шундай қилишга буюрганлар. Буйруқ эса вожибликка далолат қилади”[2].
Сариф – Маккага яқин жой номи.
Шундан маълум бўладики, мазкур аёл таматтуъ ҳажини адо этолмайди, балки таматтуъдан қирон ҳажига ўтади. Унга таматтуъ ҳажида бўлгани каби қирон ҳажида ҳам ҳадй (ҳаж учун қурбонлик) вожиб бўлади.
Валлоҳу аълам.
Манба: Ислом савол ва жавоб (IslamQA) веб саҳифаси.
[1] Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий, 305; “Саҳиҳи Муслим”, 1211.
[2] “Аш-шарҳул мумтиъ”, 7/98.