Тарбиячиликка моне бўлувчи ҳолатлар ҳақидаги боб

    Тарбиячиликка моне бўлувчи ҳолатлардан бири қулликдир. Оз бўлса-да қуллик бор бўлган киши тарбиячи бўлолмайди. Чунки, тарбиячилик валийликдир, қул эса валийлик аҳлидан эмас, у саййидининг хизмати билан машғул, унинг манфаатлари саййидининг мулки саналади.

    Фосиқ одам ҳам тарбиячи бўлолмайди. Чунки, унга ишонч йўқ. Тарбияга олинувчи боланинг унинг қўлида қолиши бола учун зарар бўлади. Чунки, у боланинг тарбиясини бузади ва ўз йўлида ўстиради.

    Кофир мусулмонга тарбиячи бўлолмайди. Чунки, у ҳақли бўлмасликка фосиқдан кўра лойиқроқ. Чунки, унинг зарари кўпроқ, у тарбияга олинувчи болани динида фитнага солади, унга куфрни таълим бериб ва куфр устида тарбиялаб, Исломдан чиқаради.

    Боланинг қариндоши бўлмаган бегонага турмушга чиққан аёл тарбиячи бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўдакнинг онасига: «Турмушга чиқмагунингча болага сен ҳақлироқсан», дедилар (Абу Довуд (2276), Аҳмад (2/182, №6707), Ҳоким (2/225) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Ҳоким саҳиҳ санаган). Чунки, эр хотиннинг манфаатларига эгалик қилади ва уни тарбиячиликдан ман қилишга ҳақли бўлади. Бу ердаги бегона дегандан мурод – тарбияга олинувчи боланинг қариндоши бўлмаган кишидир. Агар аёл боланинг қариндошига турмушга чиқса, тарбиячилиги соқит бўлмайди.

    Агар ушбу монеълардан биронтаси кетса, яъни қул озод бўлса, фосиқ тавба қилса, кофир мусулмон бўлса, турмушга чиққан аёл талоқ қилинса, монеълиги йўқолган киши тарбиячиликдан бўлган ҳаққини қайтариб олади.

    Агар тарбияланувчининг ота-онасидан бири узоқ ўлкага яшаш учун сафарга чиқмоқчи бўлса, йўл ва сафар қилинадиган ўлка тинч-хатарсиз бўлса, тарбиячилик отанинг зиммасида бўлади, ота сафар қилувчи бўладими, қолувчи бўладими, фарқсиз. Чунки, боласининг одоб-ахлоқини муҳофаза қилишга у масъулдир. Агар боладан узоқда бўлса, бунга қодир бўлмайди ва бола зое бўлади.

    – Агар яшаш мақсадидаги сафар намозни қаср ўқиш масофасига етмаган яқин ўлкага бўлса, тарбиячилик она зиммасида бўлади, она сафар қилувчи бўладими, муқимми, фарқсиз. Чунки, у бола учун меҳр-шафқати кучлироқдир ва ота ҳам бу ҳолатда болани назорат қилиб туришга имкони бўлади.

    – Амо, агар сафар бирон ҳожат учун бўлиб, кейин қайтиб келадиган бўлса, ёки йўл ё сафар қилинадиган ўлка тинч бўлмаса, у ҳолда тарбиячилик ота-онанинг қай бири қолаётган бўлса, ўшанисига бўлади. Чунки, бундай ҳолатда сафар қилиш бола учун зарарли бўлади.

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар (ота) онанинг тарбиячилигини соқит қилиш мақсадида зарарлаш ва ҳийла қилишни истаса ва бола у билан бирга кетиши учун сафарга чиқса, бу шариат соҳиби қасд қилган нарсага зид бўлган ҳийладир. Зеро, у уй-жойи яқин бўлиб, ҳар доим учрашиб туриши имкони бўлган ҳолатда онани болага отадан кўра ҳақлироқ қилди….

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимда-ким она билан боласи ўртасини ажратса, қиёмат куни Аллоҳ у билан суюмли кишилари ўртасини ажратиши ҳақида хабар берганлар, иккаласи битта шаҳарда бўлса ҳам онани боласидан ажратиб, болани онасидан ажратиб сотишдан қайтарганлар. Шундай экан, қандай қилиб она билан болани бир-бири билан кўришиши қийин бўладиган ва она боласининг фироқига чидаши оғир бўладиган ҳолатда ажратиб юбориш жоиз бўлсин?! Бу жуда маҳол ишдир. Балки, ота сафарда бўладими, муқимликда бўладими, Аллоҳ ва Расулининг бола онага бўлиши ҳақидаги ҳукми ҳақлироқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Турмушга чиқмагунингча болага сен ҳақлироқсан», дедилар. Қандай қилиб унга: «Ота сафарга чиқмаган ҳолатдагина сен унга ҳақлироқсан» деб айтилади?! Аллоҳнинг Китобида, Расулининг суннатида, асҳобларининг фатволарида ва саҳиҳ қиёсда қаерда шундай гап бор экан?! Нас ҳам, қиёс ҳам, маслаҳат ҳам йўқдир» (Иъламул-муваққиъийн: 2/295).

    Аммо, болани ота-онасидан бирини танлашга ихтиёрли қилиниши у етти ёшга етганидан кейин ҳосил бўлади. Етти ёшга етиб, ақл-ҳушини таниган бўлса, унга ота-онасидан бирини танлаш ихтиёри берилади ва кимни танласа, ўшанинг ҳузурида бўлади. Умар ва Алий розияллоҳу анҳумо шундай ҳукм қилганлар. Имом Термизий ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни келтирганлар: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эрим боламни олиб кетмоқчи», деб шикоят қилди. Шунда у зот: «Эй бола! Бу отанг, бу эса онанг, улардан қай бирини истасанг, қўлидан тут», дедилар. Бола онасининг қўлидан тутди ва у билан бирга кетди» Абу Довуд (2277), Термизий (1357), Насоий (3495) Ибн Можа (2351) ривоятлари). Ҳадис далолат қиладики, бола ўзини ўзи эплайдиган бўлгач, ота-онасидан бирини танлаш ихтиёри берилади. У ўз истагини ифодалашга қодир бўладиган даражага етгач, ота-онасидан бирига мойил бўлса, бу унинг унга нисбатан меҳрибонроқ ва шафқатлироқ эканига далолат қилади ва уни муқаддам қилинади.

    Болага танлаш ихтиёри берилиши учун иккита нарса шарт қилинади:

    1. Ота ҳам, она ҳам тарбиячиликка аҳл (лойиқ, ҳақли) бўлиши.
    2. Бола эсли-ҳушли бўлиши. Агар эси паст бўлса, онасида қолади. Чунки, она унга меҳрибонроқ ва унинг манфаатларини рўёбга чиқарувчироқ бўлади.

    – Агар эсли-ҳушли бола отани танласа, туну-кун отаси ҳузурида бўлади. Ота унга қарайди, таълим беради, одоб беради, лекин онасини зиёрат қилишдан ман қилмайди. Чунки, бундан ман қилиш болани бағритош ва қариндошлар билан алоқа қилмовчи бўлиб ўсишига сабаб бўлади. Агар бола онани танласа, тунда унинг ҳузурида бўлади, кундузида эса отаси ҳузурида бўлади ва отанинг таълим-тарбиясини олади. Агар бола иккаласидан бирини танламаса, қуръа ташланади. Чунки, иккаласининг ҳам бир-биридан имтиёзи йўқдир.

    – Қиз бола етти ёшга етса, то турмушга чиққунига қадар отасининг олдида бўлади. Чунки, ота уни асраб-авайлаш ва валийлик қилишга бошқалардан кўра ҳақлироқдир. Маҳзур бўлмаганда онани қизининг зиёратидан ман қилинмайди. Агар ота қизни асраб-авайлашдан ожиз бўлса, ёки ишлари кўп бўлгани ё динида суст бўлгани учун унга эътибор қаратмаса, у ҳолда она унга қарашга лойиқроқ бўлиб, қиз онаси олдида туради.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳмад ва унинг асҳоблари агар бунда қизга зарар бўлмаса, отани муқаддам қўядилар. Агар отани унга қараш ва асраб-авайлашдан ожиз деб кўрилса ёки иши кўплиги ё динида сустлиги сабабли унга бепарво бўлса, она уни асраб-авайлашга қодир бўлса, бу ҳолда онани муқаддам қилинади. Биз ота-онадан бирини қачонки, шу билан қизнинг манфаати ҳосил бўлса ва ундан зиён бартараф бўлса, шундагина муқаддам қиламиз. Аммо, агар ота-онадан бири билан қолганида иши яхши бўлмаса, бошқаси шаксиз, унга ҳақлироқ бўлади» (Мажмуъул-фатава: 34/131).

    Яна айтади: «Агар ота кундошга уйланса ва қизини онанинг кундошига
    қолдирадиган бўлса, кундоши унинг қизига яхши қарамаса, балки унга озор берса ва
    манфаатини нуқсонли қилса, бу ҳода тарбиячилик қатъан онага бўлади»
    (Мажмуъул-фатава: 34/132). Валлоҳу аълам.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963