Бизга боғланинг
Тарози
2188 марта кўрилган
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
إلى الجنة بغير حساب
Охират ҳовлиси силсиласи
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Сиз билан биз бугун Аллоҳнинг мадади билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан ўн саккизинчи суҳбат устида йиғилиб турибмиз. Бундан олдинги суҳбатимизда бутун башариятни маҳшаргоҳ узра, адолат маҳкамасида, ҳисоб-китоб майдонида турган ҳолида қолдирган эдик. Нима деб ўйлайсиз, ҳисоб-китоб ниҳоясига етиши билан қиёматнинг барча даҳшатлари тамом бўладими?! Йўқ, ундай эмас!!
Ҳисоб тамомига етганидан сўнг Аллоҳ жалла ва ало энди тарози ўрнатилишига амр этади. Ҳисоб амалларга иқрор қилдириш учун эди. Тарозида ўлчаш эса амаллар миқдорини кўрсатиб бериш ва шунга кўра жазо-ю мукофотлар бериш учун, шунингдек, ҳисоб майдонида турган бутун башариятга Аллоҳнинг адолатини изҳор қилиш учундир. Мўминнинг амаллари унинг фазлини кўрсатиш учун, кофирнинг амаллари эса майдонда турган барча гувоҳлар кўзида унинг хорлиги ва шармандалигини изҳор қилиш учун тарозида ўлчанади.
- Хўш, тарози ўзи нима?!
- Унда нималар ўлчанади?!
- Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган амаллар қайсилар?!
Мана шу учта савол бугунги суҳбатимиз мавзусидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, эшитганига амал қиладиган кишилардан қилишини сўрайман.
Биринчи: Тарози нима?
Тарозининг ҳозирда мавжуд бўлган сурати ва кўриниши қандайлиги – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни унга қандай бўлса, шундай иймон келтиришга буюрган ғайб ишларидан биридир. Иймоннинг ҳақиқати ҳам шудир аслида ўзи. Ғайбни ёлғон сановчи ва тарози ўрнатилишини инкор қилувчи кимсалар нақадар зиёнкор бўлдилар!! Улар Аллоҳ таборака ва таолонинг оятларига тил теккиздилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини масхара қилдилар, худосиз нопок кимсалар каби: «Тарози дегани фақат баққол ва мевафурушларга керак бўлади», дейишди, улар бу билан қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида ҳеч қандай қадр-қийматга эга бўлмайдиган кимсалар қаторига кирдилар! (Таҳовий ақидаси шарҳи, Албоний таҳқиқи билан: 419-с).
Чунки, бундай кимса ўзининг жаҳолати, нодонлиги ва қалбига қулф урилгани боис охиратдаги тарозини дунёдаги тарозидек деб гумон қилди. Ваҳоланки, охиратдаги аҳволларнинг ҳеч бири дунёдаги аҳволларга асло қиёс қилинмаслиги очиқ-ойдин ишдир. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ аҳли сунна мезон (тарози)га ҳамда унинг икки палласи ва тили (кўрсаткичи) борлигига ҳамда қиёмат куни бандаларнинг амаллари тарозида тортилишига иймон келтиришга иттифоқ қилганларини нақл қилганлар.
Имом Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий «Таҳовия ақидаси шарҳи»да айтадилар: «Суннат далолат қилишича, қиёмат куни амаллар тортиладиган тарозининг сезилиб ва кўриниб турадиган икки палласи бордир» (Таҳовий ақидаси шарҳи, Албоний таҳқиқи билан: 417-с).
Унинг ортидаги кайфиятлар Аллоҳнинг Ўзигагина маълум.
Тарозининг моҳиятини, тарозининг табиатини, тарозининг кайфиятини (қандайлигини) фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Йўқса, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб берганларидек: «У билан осмонлару ерни тортилса, албатта уларни тортадиган» тарози ўрнатилишини тасаввур қила оласизми?!
Сиз бу тарозини қандай тасаввур қиласиз?!
Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ деган, Ҳофиз Заҳабий унга мувофиқ бўлган, Албоний иснодини саҳиҳ санаган, Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мезон-тарози қўйилади, у билан агар осмонлару ерни тортилса, у албатта уларни ўзига сиғдиради. Фаришталар уни кўриб: «Эй Парвардигор! Бу кимни (амалларини) ўлчайди?», деб сўрайдилар. «Халқим ичидан Ўзим хоҳлаган кишини (амалини тортади)», деб жавоб беради. Шунда фаришталар: «(Субҳанака (Сени поклаймиз), биз Сенга ҳақиқий ибодат қилолмадик», дейдилар».
Фикр қилинг.. Даҳшат ва қўрқувнинг зўридан фаришталар ҳам Раҳмон таолога ҳақиқий ибодат қилолмаганликларини эътироф этишади. Зотан, мезон кўриниши қиёматдаги энг оғир кўринишлардан биридир. Мезон ҳақдир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло адолатли тарозилар қўйишини ва Ўзининг етарли ҳисоб-китоб қилувчи Зот эканини баён қилди. Илм аҳлларининг қувватлироқ сўзларига кўра, қиёмат куни фақат битта тарози қўйилади. Унда оятда нима учун «тарозилар» деб кўплик шаклида зикр қилинди? Уламолар бунга шундай жавоб берадилар: Оятда кўплик шаклида зикр қилиниши ўлчанадиган нарсалар кўплиги эътибори биландир. Чунки, қиёмат куни тарозида жуда кўп нарсалар ўлчанади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса), бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчидирлар. Уларнинг юзларини ўт куйдириб бадбашара бўлиб қолувчидирлар» (Муъминун: 101-104).
Улуғ Подшоҳнинг адолатига қаранг. Кимнинг мезони биргина ҳасана (ажр-савоб) билан оғир келса ҳам, у бундан кейин ҳечам бахтсиз бўлмайдиган абадий саодатга эришар экан. Кимнинг мезони енгил келса, асло саодат топмайдиган бахтсизликка йўлиқар экан. Аммо, кимнинг мезонлари тенг келса, яъни яхшиликлари билан ёмонликлари баробар келса, уламоларнинг қувватлироқ сўзларига кўра, у одам аъроф аҳлидан бўлади. Аъроф аҳли – ёмонликлари жаннатга киришидан тўсган, яхшиликлари эса дўзахга киришига тўсиқ бўлган аросатдаги кишилар бўлиб, жаннат билан дўзах ўртасидаги бир кўприкда ушлаб туриладилар. Аъроф аҳли жаннат аҳлига боқиб, уларга салом берадилар: «Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик-салом бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган —истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар» (Аъроф: 46).
Яъни, аъроф аҳли жаннатга кирмаган бўладилар ва Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб, жаннатга кириш истагида турадилар.
Улар иккинчи тарафга, жаҳаннам аҳлига боқиб, Аллоҳ таолодан уларни ўша золим қавмлар билан бирга қилмаслигини илтижо қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган —истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар. Қачон кўзлари дўзах эгалари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар» (Аъроф: 46-47).
Шундай экан, эй мусулмон биродар, мезон-тарозининг учала қисми ҳақида маълумотга эга бўлган бўлсангиз, энди ҳар қандай солиҳ амални, гарчи жуда кичик бўлса ҳам, асло ҳақир санаманг, ҳар қандай маъсиятни, гарчи бир донагина бўлса ҳам, арзимас санаманг. Билингки, биргина ҳасана ҳам тарозини оғирлаштиради, биргина гуноҳ ҳам тарозини енгиллаштириб қўяди. Ҳатто, биргина калима билан ҳам Раҳмоннинг розилигига эришиш, биргина калима билан ҳам Жабборнинг ғазабига дучор бўлиш мумкин.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг розилигидан бўлган бир сўзни гапиради ва Аллоҳ уни шу сабабли жаннатда юксалтиради. Банда ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳнинг ғазаби келадиган бир сўзни гапиради ва шу сабабли у жаҳаннамга тушади» (Бухорий (№6478), Муслим (№2988) ривоятлари).
Демак, биргина калима ҳам Аллоҳнинг динида жуда катта аҳамиятли саналар экан. Биргина калима билан Раҳмоннинг розилигига эришиш ва биргина калима билан Жабборнинг ғазабига йўлиқиш мумкин экан. Биргина ҳасана (савоб) банданинг тарозисини оғирлаштириб, уни жаннатга киритиши ва биргина саййиа (гуноҳ) тарозисини енгиллаштириб, уни дўзахга тушириши мумкин экан. Шунинг учун ҳам «Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда собит бўлганки: «Яхшиликдан бирор нарcани ҳам арзимаc cанамагин, ҳатто биродарингга очиқ юз билан юзланишинг ҳам (яхшиликдир)» (Муслим: №2626).
Сиз буни асло арзимас иш санаманг. Бу ўзи кичиккина ва енгилгина тоат амали бўлса ҳам, қанча кичик амаллар борки, ният уни катта ишга айлантириб қўяди. Қанча катта амаллар борки, ният уни арзимас ва ҳақир ишга айлантириб қўяди.
Яхшиликдан бирон нарсани ҳам арзимас санаманг.. Ҳеч йўқ, биродарларингиз юзига табассум билан боқишга ожиз эмасдирсиз.. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир ит қудуқ атрофида айланиб юрар, ташналик уни ҳалок қилаёзган эди. Шунда Бани исроилдан бир зинокор аёл уни кўриб, оёқ кийимини ечди-да, шу билан сув олиб, уни суғорди. Шу сабабли унинг гуноҳлари кечирилди» (Бухорий: №3321, №2245, Абу Довуд: №2550).
Итларга раҳм-шафқат қилиш фоҳиша аёлларнинг гуноҳи кечирилишига сабаб бўлса, Аллоҳ Роббул оламийнга иймон келтирган мўминларга раҳм-шафқат қилиш ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ҳа, биз раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват касб қилишга муҳтожмиз. Раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ҳеч қачон бузмайди ва емирмайди. Қаттиққўллик ва қўполлик бузади, вайрон қилади. Аллоҳнинг ўз халқлари ичидаги қонунияти шудир. Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади.
«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шунинг ортидан азобга дучор бўлди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади». (Бухорий: №2365, Муслим: №2619).
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бизларга буюрганлар: «Яримта хурмо билан бўлса-да, дўзахдан сақланинглар!» (Бухорий: №1417, Муслим: №1016).
Иккинчи: Тарозида нимани тортилади?
Уламолар бу савол жавобида уч хил сўз айтганлар.
Биринчи сўз:
Тарозида амалларнинг ўзи, яни бандаларнинг намоз, рўза, закот, ҳаж, умра, садақа, яхшилик каби солиҳ ва яхши амаллари тортилади.
Айримлар бу гапни рад қилиб: «Амаллар жисм эмас, араз (маънавий) нарса, маънавий нарсаларни тарозида тортиш мумкин эмас. Бинобарин, намозу рўзалар жисмдан холи нарса бўлса, уларни қандай қилиб тарозида тортиш мумкин?! Қандай қилиб, қиёмат куни амалларни тарозида тортилади, деб айтасизлар?!», дейишади.
Бунга жавоб шуки, Аллоҳ таоло қиёмат куни аразларни тарозига қўйса бўладиган жисмларга айлантириб қўяди, ҳасанотлар (савоблар) ва саййиотлар (гуноҳлар) миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.
Саҳиҳ суннатдан бунга далиллар кўп, ушбу далиллардан баъзиларини олиб келамиз.
«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Икки калима борки, тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмон таолога суюмлидир: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман, Буюк Аллоҳни поклайман)» (Бухорий: №4606, Муслим: №2694).
Икки калима – араз, жисм эмас, улар билан тарози оғирлашади.
Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббонлар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний «Мишкотул-масобийҳ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди» (Термизий: №2003, 2004, Абу Довуд: №4799, Саҳиҳул-жомиъ: №5721).
Гўзал хулқ ҳам жисм эмас, бироқ у қиёмат куни банданинг тарозисини оғирлаштиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида қиёмат куни Қуръони карим Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида бандага булут шаклида соябон бўлиб туриб, унинг учун Аллоҳ таолога шафоатчи бўлишини хабар берганлар.
Имом Муслим Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз эгаларига (яъни, уни ўқиганларга) шафоатчи бўлиб келади. Икки нур сочувчини – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди» (Муслим: №804).
«Саҳиҳ Муслим»да Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Қуръонни ва унга амал қиладиган қуръон аҳлини олиб келинади, уларнинг олдида Бақара ва Оли Имрон суралари худди иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади» (Муслим: №805, Термизий: №2886).
Ушбу келтирилган далиллар қиёмат куни аразлар жисмларга айланиши ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар эди. Сиз билан биз охиратга тааллуқли ғайбий қонунлар устидан ҳиссий дунё қонунлари билан ҳукм қилишга уринганимиз учун ушбу ҳақиқатларни англашга ожизлик қилмоқдамиз.
Мусулмон биродар! Орамизда ўтирганлардан ҳеч биримиз ер юзида биз билан бирга яшайдиган бошқа бир оламни, яъни чумолилар оламини инкор қилмаса керак. Шунингдек, Аллоҳнинг каломига иймон келтирган ҳеч бир киши чумолиларнинг ўзларига хос тилда сўзлашишларини ҳам инкор қилмайди. Уларнинг гапиришларига далил шуки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга чумолилар тили рамзини ечиб берган ва у киши чумолилар тилини тушуниб, чумолилар билан сўзлашган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръонда шундай хабар беради: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди. (Сулаймон) унинг сўзидан табассум қилди ва: «Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин», деди» (Намл: 18-19).
Бизлардан ҳеч бир киши чумолилар олами мавжудлигини инкор қилолмаганига, балки чумолиларнинг сўзлашишларини ҳам инкор қилолмаганига қарамасдан, ҳали бирон киши энг сезувчан овоз кучайтиргичлар ёрдамида ҳам ҳали ҳануз биронта чумолининг овозини эшитишга қодир бўлганини билмаймиз. Нега шундай?!
Чунки, инсон ақл-идроки учун чумолилар тилини тушуниш имконияти берилмаган, Аллоҳ таоло у учун ушбу тилнинг рамзларини ечиб бермаган. Чумолилар ҳам Аллоҳнинг халқларидан бир халқ, бор йўғи.
Шундай экан, инсоннинг ожиз ақли Аллоҳнинг зотини қандай идрок қилсин?!
Охират олами дунё оламига ўхшаган эмас. Охиратнинг ғайбий олами ва унинг қонунларига дунё олами ва унинг ҳиссий қонунлари билан ҳукм қилишимиз айни зулмдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз қудрати билан жисмдан холи бўлган аразларни тарозида тортиладиган жисмларга айлантириб қўяди ва ҳасанотлар ва саййиотлар миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.
Шугина эмас, балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишининг амали қабри ичида инсон суратида келишини ҳам хабар берганлар. Ҳа, ушбу ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ҳоким, Термизий, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилганлар, Ибн Қаййим ҳадисни саҳиҳ санаган ва уни иллатли санаганларга жуда узун раддия берган, ҳадисни Албоний ҳам саҳиҳ санаган. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин банданинг қабрга қўйилгандаги ҳолатини зикр қилиб, айтадилар:
«… Сўнг ҳузурига икки фаришта кириб келади. Уни ўтиргизиб: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. «Раббим Аллоҳ», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. «Диним Ислом», деб жавоб беради. «Сизларга юборилган у киши ким?», деб сўрайдилар. «У Расулуллоҳ (Аллоҳнинг элчиси)», дейди. Сен буларни қаердан биласан?», деб сўрайдилар. «Аллоҳнинг Китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим», дейди. Шунда самодан: «Бандам рост айтди, унга жаннатдан ўрин тўшанглар, жаннат либосларидан кийдиринглар, (қабрига) у учун жаннатдан дарча очиб қўйинглар», деган нидо келади. Шундан сўнг унга жаннатнинг хушбуй ҳиди ва шаббодаси эсиб туради. Қабри ҳам кўз илғарли ергача кенгайтириб қўйилади. Ҳузурига хушсурат, чиройли кийинган бир киши хушбўй ҳид таратиб кириб келиб: «Сенга хушхабар олиб келдим, хурсанд бўл, сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. Шунда у: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг яхшилик келтирувчи кишининг юзидек», дейди. У: «Мен сенинг солиҳ амалингман», дейди. Шунда (маййит): «Эй Раббим, тезроқ Қиёматни қойим қил, тезроқ Қиёматни қойим қил, токи мен аҳлим ва молим олдига қайтай», дейди… ».
Ҳадис давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофир кимсанинг қабрдаги ҳолини зикр қилдилар:
«… Ҳузурига икки фаришта кириб, уни ўтиргизадилар ва ундан: «Раббинг ким?», деб сўрайдилар. У: «Аааҳ… Аааҳ… Билмайман», деб жавоб беради. «Дининг нима?», деб сўрайдилар. У яна: «Аааҳ.. Аааҳ… Билмайман», дейди. Шунда самодан нидо келади: «Бандам ёлғон айтди. Унга дўзахдан ўрин тўшанглар, қабрига дўзахдан дарча очиб қўйинглар!». Шундан сўнг унга жаҳаннам оташи ҳарорати ва қайноқ шамоли келиб туради, қабри шу даражада торайтириладики, унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Олдига бадбашара, хунук кийинган, бадбўй ҳидли бир киши кириб: «Сени хафа қиладиган шумхабар келтирдим. Сенга ваъда қилинган кун мана шудир», дейди. У: «Ўзинг ким бўласан? Юзинг ёмонлик келтирувчи кимса юзидек», дейди. «Мен сенинг қилган ифлос амалингман», деб жавоб беради у. Шунда у: «Эй Раббим, қиёматни қойим қилмагин», дейди» (Бухорий: №1374, Муслим: №2870, Абу Довуд: №3231, Насоий: 4/97).
Қиёмат куни араз (жисмдан холи нарса)нинг жисмга айланишига далил бўлувчи яна бир ҳадисни келтираман. Унда қиёмат куни ўлимни қўчқор суратида олиб келинишидан хабар берилган. «Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Қиёмат куни ўлимни оқ-қора рангли (ола) қўчқор суратида келтирилади ва бир жарчи: «Эй жаннат аҳли!», деб чақиради. Улар бўйинларини чўзиб, қарайдилар. «Буни танийсизларми?», деб сўрайди улардан. Улар: «Ҳа, бу ўлимдир», дейдилар. Барчалари уни кўрган бўладилар. Кейин бир жарчи: «Эй дўзах аҳли!», деб чақиради. Улар буйинларини чўзиб, қарайдилар. «Буни танийсизларми?», деб сўрайди улардан. Улар: «Ҳа, бу ўлимдир», дейдилар. Барчалари уни кўрган бўладилар. Сўнгра уни (яъни қўчқор суратидаги ўлимни) жаннат билан дўзах оралиғида бўғизланади. Сўнг у: «Эй жаннат аҳли! Мангулик, ўлим йўқ! Эй дўзах аҳли! Мангулик, ўлим йўқ!», дейди».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни жаннат ахли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар» (Марям: 39) оятини ўқидилар ва қўллари билан пастга ишора қилдилар (Бухорий: №6548, Муслим: №2850).
Демак, саҳиҳ далиллар билан исботландики, қиёмат куни жисмдан холи нарсалар (аразлар) тарозига қўйиладиган жисмларга айланади ва ҳасанотлар ва саййиотлар миқдорига қараб, тарози оғир ё енгил келади.
Ушбу далиллар биринчи сўз эгаларининг, яъни қиёмат куни тарозида амалларнинг ўзи тортилади, деб айтадиган кишиларнинг далиллари эди.
Иккинчи сўз:
Тарозида амаллар эмас, амал қилувчи шахс тортилади.
Ушбу сўз эгалари ҳам саҳиҳ далиллар келтирганлар. Жумладан, Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасамки, қиёмат куни жуда катта ва семиз бир киши келади, Аллоҳ наздида у пашшанинг қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди», дедилар ва: «Бас, Биз Қиёмат кунида улар учун ҳеч қандай вазн (қадр-қиймат) бермасмиз!» (Каҳф: 105) оятини ўқинглар», дедилар (Бухорий: №4729, Муслим: №2785).
Семириб, шишиб кетган, йўғон бир одам қиёмат куни тарозига қўйилганида Аллоҳ наздида бир пашша қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди. Чунки, у куни бандалар тарозига қўйилганда тарози уларнинг баданларининг семизлиги ва эт-ёғларининг кўплигига қараб оғир ё енгил келмайди. Балки, савоб ва гуноҳларининг кўп-озлигига қараб оғир ё енгил келади.
Юқорида ҳам айтдим, яна бир бор таъкидлайманки, охират қонунлари устидан бу дунё қонунлари билан ҳукм қилишга уриниш айни зулм бўлур эди!
Энди бунинг муқобилида, ўзи нозик, болдирлари ингичка бир киши келади, унинг ўша этсиз болдирлари тарозининг бир палласига қўйилиб, иккинчи палласига Уҳуд тоғи қўйилса, болдирлар турган палла босиб кетади. Бу ким бўлди экан, дейсизми?!
Жисми ориқ ва нозик, лекин иймони ўта бақувват, бадани енгил, бироқ амаллари оғир бу киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудир. Имом Аҳмад «Муснад»ида яхши санад билан ривоят қилган ҳадисда Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир куни меваларини йиғиш учун Арок дарахти устига чиққанида уни шамол тебрата бошлади. Одамлар кулдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега куляпсизлар?», деб сўрадилар. «Унинг болдирларининг нозиклигига куляпмиз, ё Расулуллоҳ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, унинг болдирлари тарозида Уҳуд тоғидан оғирроқдир», дедилар. (Аҳмад: №920, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган).
Учинчи сўз:
Қиёмат куни банданинг мезонида унинг саҳифалари (номаи аъмоли) тортилади.
Бу фикр эгалари ҳам саҳиҳ ҳадисни далил қиладилар. Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган, Ҳоким «Мустадрак»да келтириб, икки шайх шартига биноан саҳиҳ деган ва Заҳабий бунга мувофиқ бўлган, Ибн Ҳиббон, Абу Довуд ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Қиёмат куни Аллоҳ таоло умматимдан бир кишини халқлар орасидан ажратиб олади, унинг тўқсон тўққизта китоби очилади, ҳар бир китоб кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Шу (китобларда ёзилган амалларинг)дан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилибдиларми?!», дейди. Банда: «Йўқ, эй Раббим», дейди. «Бирон узринг борми?», деб сўрайди. У: «Йўқ, эй Раббим», дейди. Шунда
(قَالَ: لَا يَا رَبِّ! فَيَقُولُ: بَلَى) أَيْ: لَكَ عِنْدَنَا مَا يَقُومُ مَقَامَ عُذْرِكَ
Аллоҳ таоло: «Йўқ (ундай эмас, балки сенинг узринг ўрнига ўтадиган), ҳузуримизда сенинг битта ҳасананг (савобли амалинг) бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейди ва бир битоқани (яъни, бир парча қоғозни) чиқаради, унда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» деб ёзилган бўлади. Сўнг: «Тарозингнинг олдида ҳозир бўл», дейди. У: «Эй Раббим, шунча катта китоблар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. «Сенга зулм қилинмайди», дейилади унга. Сўнг китоблар бир паллага, битоқа иккинчи паллага қўйилади, шунда китоблар енгил келиб, битоқа оғир келади. Зеро, Аллоҳнинг исми бўлган ҳолда унда бирон нарса оғир келолмайди» (Термизий: №2641, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№135) саҳиҳ санаган).
Бу учинчи фикр эгаларининг далили эди.
Юқорида қиёмат куни тарозида нимани ўлчаниши хусусида уч хил фикр билан танишиб ўтган бўлдик. Ушбу сўзлар ичидан қувватлироғи қай бири экани, тарозини оғирлаштирадиган амаллар нималар экани билан суҳбатимиз давомида танишасиз.
Иккинчи хутба
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
Аммо баъд..
Валлоҳу аълам, қувватлироқ гап шуки, амаллар ҳам, амал қилувчи ҳам, саҳифалар ҳам тарозига қўйилади, амал қилувчи ўз амаллари ва номаи аъмоли билан бирга ўлчанади. «Маъорижул-қабул бишарҳи сулламил-вусул ила илмил-усул» соҳиби шу фикрни қувватли санаган, мен ҳам шу гапга мойилман.
Бинобарин, аввало ўзимни, кейин сиз азиз биродарларимни қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган айрим амаллардан бохабар қилиб ўтишни вазифам деб билдим.
Учинчи: Қандай амаллар қиёмат куни тарозини оғирлаштиради?
Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган амаллар ичида энг катталаридан бири гўзал хулқдир.
Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббонлар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний «Мишкотул-масобийҳ»да саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди, Аллоҳ таоло фаҳш сўзлар айтувчи, оғзи бузуқ кимсани ёмон кўради» (Термизий: №2003, 2004, Абу Довуд: №4799, Саҳиҳул-жомиъ: №5721).
Қасамки, уммат бугун ҳокимлари-ю олимлари, даъватчилари-ю имомлари, эркаклари-ю аёллари, ўсмирлари-ю ёш болалари билан, ҳамма-ҳамма гўзал хулқли бўлишга нақадар муҳтож!!
Бугун нурли, назарий манҳаж бўлмиш гўзал хулқ билан воқеликда амалий манҳаж бўлиб қолган ёмон хулқ ўртасида жуда катта жарлик борлиги кўринади.
Қани Ислом ахлоқлари?! Қани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намунавий хулқлари?!
Хонадонларимиздаги, мактаб-мадрасаларимиздаги, олийгоҳларимиздаги кутубхоналар токчалари нурли назарий манҳаж ҳақида ёзилган жилд-жилд китоблар билан тўла, бироқ уммат воқелигига назар ташласангиз, одамларнинг аҳволларини текширсангиз, бу мунаввар манҳаж билан воқелик ўртасида жуда катта жарлик борлигини кўрасиз.
Эй Ислом уммати! Ростгўйлик қани?! Ихлос қани?! Мулойимлик қани?! Мурувват қани?! Афв қани?! Яхшилик қилиш қани?! Ҳаё қани?! Жўмардлик қани?! Олийжаноблилик қани?! Саховат қани?! Қани?!… Қани?!… Қани?!…
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқларига эргашиш қани?!
Мен кўпинча айтаман, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам куфр билан мавжланиб ётган саҳролар орасида Ислом давлатини барпо этишга муваффақ бўлдилар. Бунга асосий сабаб шу бўлдики, у зот Исломдан аввал Араб жазирасидан ташқарида на салмоғи, на эътибори бўлган араблар ва аъробийлардан, ўша ялангоёқ ва яланғоч саҳройилардан башарият ичра мутлақо тенги бўлмаган мислсиз буюк бир қуръоний авлодни етиштириб чиқардилар. У зот исломий тарбия дастуридан минглаб нусхани чоп этдилар. Бироқ, бу нусхаларни сиёҳ билан қоғозга эмас, балки инсонлар қалбига нурдан бўлган сиёҳ билан битдилар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ушбу тарбия ва ахлоққа доир назарий дастурни одамлар оламида порлаб ва ярқ этиб кўзга ташланиб турадиган амалий воқеликка айлантирдилар. Бутун башарият уларнинг юксак ахлоқларига гувоҳ бўлди, ер юзида икки оёқ билан юриб турган тирик қуръонларни кўрди.
Бироқ, бугунга келиб, шарқу ғарбда Исломнинг йўлига тўғаноқ бўлаётган энг катта чақиртош мусулмонларнинг ахлоқи, тўғрироғи уларнинг ахлоқсизлиги бўлиб турибди!
Бугун дунёнинг шарқу ғарбида мусулмонларнинг аҳволига назар солган киши улар орасида зинокорларни, маст қилувчи ичимлик ичадиганларни, чўчқа олди-соттиси билан шуғулланадиганларни, намозларни тўкис адо қилмайдиганларни кўради, мусулмонлик даъвосини қилиб юрган кишиларга назар солиб, уларни ахлоқда ўзидан юқори даражада деб билмайди. Бугун шарқу ғарб оламида исломий ҳаракат йўлига тўғаноқ бўлаётган энг катта тўсиқ бизларнинг ахлоқимиз бўлиб қолди!
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни мўминнинг амал тарозисида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди».
Имом Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мўминларнинг энг иймони комилроғи ким бўлиши ҳақида сўралганда: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир», деб жавоб берганлар (Абу Довуд: №4682, Термизий: №1162).
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва бошқалар саҳиҳ санад билан Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шубҳасиз, мўмин киши гўзал хулқи сабабли кундузлари рўзадор, тунлари эса намоз билан бедор кишининг даражасига эришади». (Абу Довуд: 4798, Аҳмад: №24236).
Ана ўша олий хулқ эгалари қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин манзил эгаси бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менга энг суюмли бўлганингиз ва қиёмат куни менга яқин ўринда турадиганингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир» (Термизий: №2019, Саҳиҳул-жомиъ: №2201).
Қиёмат куни тарозини оғирлаштирадиган энг катта ишлардан яна бири ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай хабар берганлар: «Таҳорат-покизалик иймоннинг ярмидир. «Ал-ҳамду лиллаҳ» мезонни тўлдиради, «Субҳаналлоҳи вал-ҳамду лиллаҳи» осмонлару ер оралиғини тўлдиради» (Муслим: №223, Термизий: №3512, Насоий: №5/5, Саҳиҳул-жомиъ: №3957).
Аллоҳ йўлидаги биродарим! Таҳорат қилишдан ожизмисиз?! Энг аввал дилингиз, кейин эса тилингиз билан Аллоҳга ҳамд ва тасбеҳ айтишдан ожизмисиз?!
«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» (Аллоҳни поклайман, Аллоҳга ҳамд бўлсин, бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Аллоҳ буюкдир) деб айтишим менга қуёш нури тушган барча нарсалардан суюмлироқдир» (Муслим: №2695, Термизий: №3591).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир кунда юз марта: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, хато-гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да ўчирилади» (Термизий: №3462, Муслим: №2691).
Мени эшитиб турган ҳар бир қулоқ эгасидан тилагим шуки, ушбу калималарни диллари билан тасдиқлаб, тиллари билан такрорлаб, аъзолари билан унга амал қилсинлар..
2011 йил 15-декабр.