Тарвия куни ва Арафа куни қилинадиган амаллар ҳақидаги боб

    Ҳаж қилишга келаётган одам мийқотга етганида ҳажнинг қуйидаги уч турли кўринишидан бирига ният қилиб, эҳромга киради:

    Ифрод. Яъни, фақат ҳажнинг ўзига ният қилиб, эҳромга киради ва то ийд куни тош отиш, соч олдириш, ифоза тавофи қилиш, агар қудум тавофидан кейин саъй қилмаган бўлса, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш амаллари (дан иккитаси)ни адо этмагунича эҳромида қолади. (Икки амални қилгач биринчи таҳаллулни қилган бўлади. Иккинчи таҳаллул – тамомила ҳалол бўлиш – эса мазкур уч ишнинг ҳаммасини қилиш билан адо топади. Бунинг баёни қуйироқда келади. ИНТ изоҳи)

    Қирон. Мийқотда умра билан ҳажга битта ният қилиб, эҳромга киради, бунинг амали ҳам ифрод билан бир хил бўлади. Фақат, унга ҳадя (қурбонлик) вожиб бўлади.

    Таматтуъ. Мийқотда умрага ният қилиб, эҳромга киради. Маккага етиб келиб, умра амалларини, яъни, тавоф, саъй ва соч олдириш ишларини адо қилганидан сўнг эҳромидан чиқади ва то ҳаж эҳромига киргунича ҳалол бўлиб қолади.

    Нусуклар (яъни, ҳаж ибодати турлари) ичида энг афзали таматтуъдир. Ифрод ёки қирон нияти билан эҳромга кирган ва ҳадя (жонлиқ) келтирмаган киши нусукини таматтуъга айлантириши ва мутаматтиънинг амалларини бажариши яхши бўлади.

    Таматтуъ нияти билан эҳромга кирган ёки ифрод ё қиронни таматтуъга айлантирган киши умра эҳромидан чиққанидан кейин, шунингдек, Макка ичида ва атрофида яшовчи киши тарвия куни – зул-ҳижжанинг саккизинчи куни – ҳаж учун эҳромга киришлари мустаҳабдир. Жобир розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари кўриниши ҳақида қилинган ривоятда айтилишича: «Ҳамма одамлар эҳромдан чиқдилар, сочларини қисқартирдилар, фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зот билан бирга ҳадя (жонлиқ) келтирган кишилар (эҳромда қолдилар). Тарвия куни бўлгач, Минога қараб йўналдилар ва ҳаж учун лаббайка айтдилар» (Муслим (1218) ривояти).

    Ҳаж учун Макканинг ичи ё ташида бўлсин ё Минода бўлсин, ўзи турган жойидан эҳромга киради, эҳромга кирганидан сўнг тавоф учун Байтга бормайди.

    Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тарвия куни бўлгач, эҳромга кириб, ҳажга лаббайка айтади, мийқотда нима қилган бўлса, шу ишларни қилади. Хоҳласа, Маккадан, хоҳласа Макка ташқарисидан эҳромга киради, шуниси тўғрироқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари у зот буюрганларидек, Батҳоъдан эҳромга кирганлар. Ўзи келиб тушган ўриндан эҳромга кириш суннатдир.

    Шунингдек, Маккалик киши ўз уйидан эҳромга киради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Манзили Макканинг берироғида бўлган кишилар ўз уй-жойларидан эҳромга кирадилар, ҳатто Макка аҳли ҳам Маккадан эҳромга киради» (Бухорий (1524) ва Муслим (1181) ривоятлари), деганлар» (Мажмуъул-фатава: 26/129).

    Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайшанба куни чошгоҳ маҳали бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан биргаликда Минога йўл олдилар. Эҳромда бўлмаганлар ўз кўчлари турган ердан ҳаж учун эҳромга кирдилар, эҳром учун Масжидга кирмадилар, балки Маккани орқаларига қўйган ҳолда эҳромга кирдилар» (Зодул-маъод: 2/233).

    Эҳромга киргач, талбия айтиш билан машғул бўлади, талбияни эҳром боғлашдан бошлайди, шундан сўнг то ийд куни Ақаба жамрасини (тошини) отгунича кўп вақтини овоз чиқариб талбия айтиш билан ўтказади.

    Тарвия куни Маккадагилар эҳромга кирган ҳолда Минога йўл оладилар. Заволдан олдин чиқиш, пешиндан тортиб то бамдодгача намозларни (ҳар бирини ўз вақтида) ўша ерда ўқиш, шу куни кечани ўша ерда ўтказиш афзалдир. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоятига кўра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Минога) отландилар, пешин, аср, шом, хуфтон ва бамдодни ўша ерда ўқидилар, сўнг бироз турдилар, ҳатто кун чиқди» (Муслим (1218) ривояти). Бундай қилиш фарз эмас, баки суннатдир. Шунингдек, Тарвия куни эҳромга кириш ҳам фарз эмас, агар ундан олдинроқ ёки кейинроқ кирса ҳам жоиз.

    Шу куни кеч кирганидан сўнг тунни Минода ўтказиш ва беш вақт намозни у ерда ўқиш ҳам фарз эмас, суннатдир.

    Тўққизинчи куни тонг отгач, кун чиққанидан сўнг Минодан Арафотга қараб юрадилар. Арафотнинг Батни Уранадан бошқа ҳамма жойи мавқифдир (яъни, вуқуф қиладиган, турадиган жойдир). Ҳожи Арафотнинг қаерида вуқуф қилса ҳам кифоя қилади. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисно қилган жой, яъни Батни Урана бундан мустасно (Ибн Можа (3012), Аҳмад (4/82, №16751) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Арафотнинг ҳудуди белги ва ёзувлар билан ажратиб кўрсатиб қўйилган.

    Ўша белгилар ичига кирган киши Арафот ҳудудида саналади, унинг ташқарисида қолган киши Арафотдан ташқарида қолиши хавфи бор. Шунинг учун ҳожи бунга қаттиқ эътибор бериши ва белгиларга қараб, ўзининг Арафот ичкарисида эканига ишонч ҳосил қилиши керак.

    Пешин вақти киргач, пешин ва асрни қаср қилиб ва жамлаб, бир азон ва икки иқомат билан ўқийдилар. Шунингдек, Арафот, Муздалифа ва Минода ҳам ҳамма тўрт ракъатли намозларни қаср ўқийди, лекин, фақат Арафот ва Муздалифада жамлаб ўқийдилар. Минода эса жамламасдан, ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилиб ўқийди. Чунки, у ерда жамлашга ҳожат йўқ.

    Ҳожилар Арафотда пешин ва асрни пешин вақтида жамлаб ўқиганларидан сўнг, Арафотда турган ўринларида дуо-илтижо ва тазарруъга машғул бўладилар, бунинг учун Жабалур-Раҳмага боришлари ёки уни кўриб туришлари шарт эмас. Дуо пайтида Жабалур-Раҳмага эмас, Каъбаи Муаззама томонга юзланиб турадилар.

    Ҳожи бу улуғ мавқифда дуо-илтижога ва тавба-тазарруъга қаттиқ жидду-жаҳд қилиши, хоҳ отлиқ, хоҳ пиёда, хоҳ тик турган, хоҳ ўтирган, хоҳ ёнбошлаган ҳолида бўлсин, қай ҳолда бўлишидан қатъий назар, тўхтовсиз дуода бўлиши лозим. Бунда у суннатда ворид бўлган жомиъ дуоларни танлаб қилиши яхши бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунги дуодир, мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг яхши сўзлар будир: Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр», деганлар (Термизий (3585) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    То кун ботгунича Арафотда қолиб, дуо билан машғул бўлади, у ердан қуёш ботмасдан туриб кетиши жоиз эмас. Агар кун ботишидан олдин чиқиб кетган бўлса, орқага қайтиб, то кун ботгунча қолиши вожиб бўлади. Агар қайтмаса, вожибни тарк этгани учун қон вожиб бўлади. Қондан мурод – бир қўй сўйиш ёки мол ё туянинг еттидан бири бўлиб, уни Ҳарамдаги мискинларга улашиб беради.

    Вуқуф (Арафотда туриш) вақти саҳиҳ қавлга кўра, Арафа куни кун зоил бўлган (яъни, тиккадан оғган) пайтдан бошлаб, ўнинчи кун тонг отиши пайтигача давом этади. Кундузида вуқуф қилган одам кун ботгунча туриши вожиб бўлади. Кечасида вуқуф қилган кишига эса бир лаҳза бўлса ҳам туриш кифоя қилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Арафотга тунда етса, ҳажга етган бўлади», деганлар Абу Довуд (1949), Термизий (889), Насоий (3106), Ибн Можа (3015) Абдурраҳмон ибн Яъмур розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Арафотда вуқуф қилиш ҳаж рукнларидан бир рукн, балки ҳажнинг энг улкан рукнидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаж Арафотдир», деганлар (юқоридаги ҳадис манбаси).

    Вуқуф ўрни Арафот ҳудудидаги ҳамма жойдир, Арафот ҳудудидан ташқарида турган кишининг ҳажи яроқли бўлмайди.

    Аллоҳ таолодан барчаларимизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга
    муваффақ қилишини сўраймиз, У эшитувчи ва ижобат қилувчи Зотдир.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963