То ўзларини ўзгартирмагунларича…

    Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.

    Ислом уммати оғир кунларни ва аянчли аҳволларни бошдан кечирмоқда. Кофир халқлар ислом умматига қарши кураш учун бор куч-қудратларини ишга солиб, мусулмонларни қириб ташлашга ўзаро аҳдлашганлар. Урушлар мусулмонлар ерларида содир этилмоқда. Оммавий қирғин қуроллари уларнинг устларида синаб кўрилмоқда.

    Маргарет Тетчер: “Бирор бир фикр мухолиф душмансиз яшаши мумкин эмас. Биз ким, ғарб давлатлари бардавомийлигимиз учун бизга қарши душман бўлиши шарт. Совет иттифоқи қулади, энди у бизга душман эмас. Демак, янги душман топишимиз керак. У душман Исломдир” – деган эди.

    Бу иқтибосни келтириш билан Ғарбнинг Ислом ва мусулмонларга қарши дилида яшириб турган адоватини ошкор этмоқчи эмасмиз. Бу ҳақда қанчадан-қанча китоблар ёзилган. Мақсад Ғарбни тинчлик, адолат ва тенгликни ўрнатишда энг юқори чўққига етган деб тасвирлайдиганларнинг – уларнинг башараси қурсин! – оғзини ёпиб қўядиган бир мисол келтириш, холос.

    Бугун исломий давлатлар ҳар соҳада ўта қолоқликда яшамоқда. Бу қолоқлик уларни Ғарбга тўла қарам қилиб қўйгандир. Ибн Халдун “Муқаддима” номли китобида нақадар рост сўзлаган: “Мағлуб ғолибга тақлид қилишни яхши кўради”. Бу бизнинг асримизда шунчалик равшанки, уни тушунтириш учун ҳаракат қилишга ҳеч ҳожат йўқ. Қачонгача қарам бўлиб яшаймиз?! Аллоҳ биз учун хоҳлаганидек мустақил яшаш фурсати келмадими, ахир?!

    Аллоҳ азза ва жалла ўзгармас қадарий қонунлар қилиб қўйган. Ким уларни тўғри тушунса ва тўғри татбиқ этса, у сўзсиз ғолиб бўлади. Умумий суратда бир халқ бошқа халқдан ақллироқ ёки ихтиро қилишда кучлироқ бўлмайди. Бу нарса шахсларда бўлиши мумкин, аммо бутун бир халқ барча халқлардан мутлақо устун бўлиши амри маҳолдир. Шундай бўлсада, халқлардан айримлари Аллоҳ таоло қўйган табиий қонунлардан унумли фойдаланиши, бошқалари эса улардан ғафлатда ва уларга беэътибор бўлишлари ва ўша “айримлар”га қарам бўлиб яшашлари мумкин. Аллоҳ таоло деди:

    هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً [البقرة : 29]

    Ягона Аллоҳнинг ўзигина ердаги сизлар фойдаланадиган неъматларнинг барчасини сизлар учун яратди” (Бақара, 29).

    Яъни бу нарсаларни Аллоҳ сизлар ундан фойдаланасизлар деб яратди. Агар ислом уммати қолоқлик ва хорликдан қутилишни истаса, азизлик ва тараққиётни хоҳласа, албатта бунга олиб борувчи чораларни кўриши лозим.

    إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ [الرعد : 11 ]

    Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд, 11).

    Бу уммат модомики динига ва умматига холис бўлган, қарамлик сабабларини ўрганиб ундан қандай қутилиш йўлларини обдон ўйлайдиган, ғарбдан таъсирланган ва улар олдида мағлуб бўлган одамларни оммавий ахборот воситаларидан ва таълим соҳаларидан четлатадиган кишиларга ишни топширмас экан, ҳаргиз оёққа тура олмайди.

    Умматнинг оёққа туриши учун энг муҳим чоралардан айримлари қуйидагилардир:

    Аллоҳ таолонинг Ўзигагина боғланиш ва унга ширк келтирмаслик. Уммат мубтало бўлган авлиёлар ва мозорлардан мутлақо алоқани узиш;

    Шижоат ва иззатни ёлғиз Аллоҳ таолонинг мададидан талаб қилиш;

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, тараққиёт ва ривожланиш чораларини кўриш ва жиддий ҳозирлик кўриш;

    Ёш авлодни тарбиялаш ва Уммат қалбига юксакликка интилиш ғамини жойлаш;

    Иқтидорли шахсларга эътибор қаратиш ва уларни ўстиришга интилиш;

    Илмий фанларни назарий ўрганишдан амалий ўрганишга ўтиш;

    Ихтиро ва кашфиётга қизиқтириш ҳамда ихтирочиларни муносиб тақдирлаш;

    Ихтирочилик ҳаққини узоқ йиллар музлатиб қўйиш ўрнига уни тезлик билан рўйхатдан ўтказиш;

    Саноатчиларнинг ойлик маошларини ошириш ва уларнинг жамиятдаги ўринларини кўтариш;

    Исломий иқтисод барпо қилиш ва исломий давлатлар ўртасидаги алоқаларни қулайлаштириш. Ишбилармонларни ўзларининг исломий юртларида сармоя ётқизишга чорлаш. Зеро, исломий давлатлар жуда катта ерости бойликларига эга экани диққатга сазовор.

    وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْناً يَعْبُدُونَنِي لا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئاً وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ [النور : 55 ]

    Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган иймон-эътиқодли зотларни ер юзига халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган Ислом динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг аҳволини хавфу хатарлардан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қиладилар ва Менга бирон нарсани шерик қилмайдилар. Ким мана шу ваъдадан кейин куфрони неъмат қилса, улар итоатсиз кимсалардир” (Нур, 55).

    الَّذِينَ يَتَّخِذُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاء مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ أَيَبْتَغُونَ عِندَهُمُ الْعِزَّةَ فَإِنَّ العِزَّةَ لِلّهِ جَمِيعاً [النساء : 139 ]

    Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир” (Нисо, 139).

    Аллоҳ таоло айтади:

    وَأَعِدُّواْ لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ وَمِن رِّبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدْوَّ اللّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآخَرِينَ مِن دُونِهِمْ لاَ تَعْلَمُونَهُمُ اللّهُ يَعْلَمُهُمْ } [الأنفال : 60 ]

    “(Эй мўминлар,) улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар” (Анфол, 60).

    Аллоҳ таолодан бу умматга тоат аҳли азиз бўладиган, аҳли маъсият ҳидоят топадиган тўғри йўл беришини сўрайман.Муаллиф: Мусо ибн Зокир ҲарбийМанба: www.islamnuri.com

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962