Бизга боғланинг
Вақт – умр демакдир
الوقت هو الحياة
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин.
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Ўқув йили охирлаб, имтиҳонлар яқинлашаркан, кўпчилик хонадонларда фавқулодда ҳолатга ўхшаш ҳолат ҳукм суриб қолади, ҳамма банд, ҳамманинг вақти тиғиз, ҳеч кимнинг ортиқча вақти йўқ, болалар имтиҳонларга тайёрланган, на ўйинга, на телевизор қаршисида ўтиришга вақт топилади!
Имтиҳонлар ўтганидан кейин эса хонадонларга яна хотиржамлик, бўшлик, бекорчилик қайтиб келади!
Вақтнинг қадрига етадиган ва умрнинг қийматини биладиган, ёзги таътил кунлари бошланганда вақтдан унумли фойдаланадиган, фарзандларини улар учун ҳам дунёвий, ҳам ухровий фойдалар ҳосил бўладиган ишларга машғул қиладиган хонадонлар жуда кам эканини кўрасиз.
Таътил кунлари яқинлашаркан, аввало ўзимга, кейин бошқа ота-оналар ва оға-иниларга вақтнинг қийматини яна бир бор эслатиб қўйишни лозим деб топдим. Шу боис бугунги суҳбатимизни «Вақт – умр демакдир» деб номладим.
Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддага бўлиб олиб борамиз. Уларни қуйидагича номладик:
- Биринчи: Вақтнинг қиймати.
- Иккинчи: Вақтдан унумли фойдаланишга тўсиқ бўлувчи омиллар.
- Учинчи: Қандай қилиб умрни узайтириш мумкин.
- Тўртинчи: Қотилларга нома.
Диққат-эътибор билан тинглашингизни, бутун вужудингиз қулоққа айланишини умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир.
Биринчи: Вақтнинг қиймати
Севикли дўстларим! Вақт – ҳаётдир, вақт – умрдир, вақтининг қадрига етадиган, ўтиб бораётган фурсатлар қийматини яхши биладиган ва умрининг бир соатини ҳам дунё ё охират яхшилигидан бошқа нарса учун зое қилмайдиган киши оқил инсондир.
Вақт Аллоҳнинг энг катта неъматларидан. Аллоҳ таоло айтади: «У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир» (Фурқон: 62).
Роббимиз диққатимизни вақтнинг аҳамиятига ва қийматига тортиш учун бўлса керак, Қуроъннинг бир неча ўрнида вақтга қасамёд қилган:
«(Борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кечага қасам. Ёришиб-кўринган кундузга қасам» (Вал-лайл: 1, 2).
«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Вал-фажр: 1, 2).
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. 3. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топувчидирлар)» (Вал-аср: 1-3).
Вақт – умрдир… Вақт – ҳаётдир.
Оқил – вақтининг қадрига етадиган, замонининг шарафини англаб етган, умрининг бир соатини ҳам ё дунёсига ё охиратига фойдали бўлмаган ишга сарф қилмайдиган кишидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон қиёмат кунида умрининг ҳар бир соати учун сўроққа тутилишидан хабар берганлар. Имом Термизий Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни банда умрини нима билан ўтказгани ҳақида, илмини нимага ишлатгани ҳақида, молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча унинг қадами силжимайди» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 122).
Салафларимиз — розияллоҳу анҳум — вақтни қизғаниш қандай бўлишини жуда яхши билардилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қуёши ботиб, умрим муҳлати бир кунга қисқарган, аммо амалим зиёда бўлмаган кунга ачинганимча бирор нарсага ачинмадим».
Салафлардан бирлари айтади: «Агар бир куним ўтса, унда ҳидоятим зиёда бўлмаган, бирор илм ҳосил қилмаган бўлсам, у менинг умримдан эмас».
Вақтнинг энг муҳим хусусиятларидан яна бири шундаки, у шамолдек елиб, булутдек сузиб ўтиб кетади. Кунлар, ойлар ўз ортидан йилларни эргаштириб кетади, ўзи билан бир авлод кетидан иккинчи авлод умрини олиб кетади.
Буюк Подшоҳ ҳузурига борганда бор будини бой берган, вақтларини ва умрларини зое қилган зиёнкорлар бу дунёда ўтказган умрлари бир соатга ҳам тенг бўлмаганини билиб оладилар:
«Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингизлар (яъни-сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир). Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар У – улуғ арш соҳиби барҳақдир. Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг (гуноҳларимизни) мағфират қилгин ва (ҳолимизга) раҳм айла. Сен Ўзинг раҳм қилувчиларнинг яхшироғидирсан» (Муъминун: 113-118).
Вақтнинг муҳим хусусиятларидан яна бири шуки, у оқар сув мисоли ортга қайтмас бўлиб кетади, ўтган вақтнинг ўрнини қоплаш имконсиз бўлиб қолади.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир кун тонг отаркан, ҳол тили билан: «Эй одамзот, мен янги яратилган кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мени ғанимат билгин, то қиёматгача қайтиб келмайман», деб нидо қилади».
Эй яхшилар! Вақт энг қимматбаҳо сармоядир. Шундай бўлгани ҳолда жуда кўп биродарларни кўрамизки, вақтларини ўлдирадилар, вақтларидан ва умрларидан унумли фойдаланишга тўғаноқ бўлаётган тўсиқлардан воқиф бўлмайдилар. Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда давом этади:
Иккинчи: Вақтдан унумли фойдаланишга тўсиқ бўлувчи омиллар
1 – тўсиқ: Нафс-ҳавога эргашиш
Нафс-ҳаво ўз соҳибини дунёда ёмонликка, охиратда эса ҳалокатга судровчи золим ва жоҳил ҳукмдордир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: Аллоҳ таоло ўз Китобининг қай бир ўрнида ҳавони зикр қилган бўлса, албатта уни айблаб зикр қилган. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?» (Жосия: 23).
Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ пайғамбарларидан бирини нафс-ҳаводан огоҳлантириб дейди: «Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен одамлар ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгин ва (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир» (Сод: 26).
У Ўзининг пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай хитоб қилган: «Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф: 28).
Ҳавои нафс ўз эгасини дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмонликка дучор этади.
Баззор, Байҳақий, Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Уч нарса ҳалок қилувчидир, уч нарса нажоткордир. Учта ҳалок қилувчи – итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои нафс, кишининг ўзи билан ғурурланиб қолишидир. Нажот топтирадиган уч нарса – махфию ошкора Аллоҳдан қўрқиш, фақирлигу бойлик пайтида иқтисодли бўлиш, ғазабу розилик пайтида адолатли бўлишдир» (Шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (3045) ҳасан санаган).
Униси ҳалокат йўли, буниси эса нажот йўлидир.
Агар инсон ҳавосига бўйсунса, бекорчи кимсаларнинг, валақлашиб гап сотувчиларнинг ўтиришлари кўзига яхши кўринадиган бўлади, Роббул оламийннинг буйруқларидан бўйин товловчиларнинг ишларини ёқтирадиган бўлади.
Шунинг учун айрим мусулмонларни узоқ соатларини чойхоналарда ўтказишини, тунларни сериаллар ва филмлар томоша қилиб ўтказишини кўрасиз. Сабабини сўрасангиз, вақт ўтказаяпман, деб жавоб беради!!.
У бечора мискин ўзини ўлдираётганини билмайди. Чунки, инсон умри кунлар йиғиндисидан иборат, бир куни ўтди дегани дунёдан узоқлашиб, охиратга яқинлашди, деганидир.
Луқмони ҳаким фарзандига қилган насиҳатлар ичида келган нафис сўзлардан бири: «Эй фарзандим, сен бу дунёга келган кунингдан бошлаб, дунёни ортда қолдириб, охират сари юзлангансан!! Сен юзланиб турганинг ҳовлига узоқлашиб бораётганинг ҳовлидан кўра яқинроқсан!!».
Эй мусулмон! Ўтаётган ҳар бир вақтинг умрингнинг бир бўлагидир, умрингдан бирор соатини ҳам дунёинг ё охиратинг учун фойдасиз бўлган ишда зое қилма!
Ҳавои нафс бандани вақтидан Аллоҳ жалла ва алони рози қиладиган ишларда фойдаланишдан тўсувчи энг катта тўсиқлардан биридир.
2 – тўсиқ: Орзу-ҳавасларга берилиш
Кўнгилда борлиқни обод қилиш орзуси бўлгани яхши.. Инсон қалбига ҳаётни севиш табиати ўрнатилган.. Буни Қуръону Суннатдан бехабар жоҳилгина инкор қилиши мумкин.
Дунёда яшарканман, кўнглимда орзулар бўлиши табиий..
Болаларим учун уй-жойимни обод қилсам, юқори мансаб ва даражаларга кўтарилсам..
Ҳалол-пок йўл билан миллионларга эришсам..
Буларнинг ҳаммаси яхши.. Бироқ, узун орзуларга берилиш сизни Аллоҳ азза ва жалланинг тоатидан тўсиб қўйиши ёмон!!
Вақтни беҳуда кетказиш билан ва амални зое қилиш билан узун орзуларга берилиш катта мусибатдир, ёмон дарддир. Инсон бунга мубтало бўлса, бу уни Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул қилиб қўяди, дунёга овора қилиб, охиратни унуттириб қўяди.
Ўзини ўликлар ичида, охират ҳовлисига кўчиб ўтганлар сафида кўрган куни ортга қайтарилишни орзу қилиб қолади, «шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир ёки амал қилишда сусткашлик қилган инсон) айтадиган сўздир» «Муъминун: 100).
Орзу-ҳавасларга берилишдан, орзуларингиз сизни Аллоҳ таолонинг тоатидан тўсиб қўйишидан, эртага қиласан, индингга қиласан деб ортга суришидан ҳазир бўлинг.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам орзу-ҳавасларга берилишдан огоҳлантириб, Ибн Умар розияллоҳу анҳумога айтганлар: «Дунёда ғариб ёки йўловчидек бўл» (Имом Бухорий ривояти: 6413).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма (яъни тонггача яшайман деб ўйлама), кун чиқса, кеч бўлишини кутма».
Орзу-ҳаваснинг ҳақиқий тушунчаси шудир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар» (Ҳижр: 3).
Қуртубий айтадилар: «уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар, орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар» маъноси – орзу-ҳавасларга берилиш уларни Аллоҳ азза ва жалланинг тоатидан машғул қилаверсин, деганидир.»
Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дунёнг учун гўё абадий яшайдигандек, охиратинг учун эса худди эртага ўладигандек амал қил».
Орзу-ҳавасларга берилиш инсонни овора қилиб қўяди. Америкага борганимда бир мусулмон араб кишисини кўрдимки, масжидга ёнма-ён туришига қарамай, бир марта ҳам намозга кирмади!! Суриштирдим. Аллоҳ таоло унга кўп мол-дунё берган экан. Айтишларича, Аллоҳни эслатишса ҳам панд-насиҳат олмас экан, дўзах билан қўрқитишса ҳам қўрқмас экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини айтилса ҳам қалби ҳаракатга келмас экан!!
«Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).
Мен у одамнинг дўконига кирдим, дўконида ароқ ҳам сотиларкан, чўчқа гўшти ҳам сотиларкан.
Унга: «Эй биродар, Аллоҳдан қўрқинг, мусулмон экансиз, масжид уйингизнинг ёнгинасида бўла туриб, унга қадам босганингизни кўрмадим», дедим, у бечорага Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзларидан айтиб, насиҳат қилдим.
У менга: «Эй шайх, сизга ваъда бераманки, мўлжалимдаги пулни жамғариб олгач, ватанимга қайтиб, Аллоҳ учун масжид қураман, масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўламан», деб жавоб берди.
«Майли, агар ўлим фариштаси билан ўртангизда то мўлжалдаги пул йиғилиб, ватанга қайтгунча тирик туриш кафолати ҳақида битим бўлса, мен ҳам унга имзо қўйиб берай», дедим.
У: «Худо шоҳид, сиз ҳам шоҳид бўлингки, агар менда мадорсизлик ё бош оғриғи бўлиб қолса, 100 долларлик битта қоғозни шундоқ бошимга қўйсам, ҳамма оғриқларим ўша заҳоти учиб кетади», деди.
«Сиз долларнинг қули экансиз, динор ва дирҳамнинг қули экансиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Динорнинг қули, дирҳамнинг қули, латта-путтанинг қули бахтсиз бўлсинки, берилса рози бўлади, берилмаса ғазабланади! Бахтсиз бўлсин ва тузалмасин, тикон кирса чиқмасин!!», деганлар», дедим.
3 – тўсиқ: Бекорчилик-бўшлик
Эвоҳ, ёш йигит-қизларимиз бекорчиликдан боши чиқмай қолди!! Бекорчилик нақадар хатарли иллат!!
Аслида, бўш вақт энг катта неъматлардан, биз эса унинг қадрига етмаймиз!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўп одамлар алданиб, ундан унумли фойдалана олмайдиган икки неъмат бор – соғлик ва бўш вақт», деганлар (Имом Бухорий ривояти: №6412).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ким соғлиги ва бўш вақтидан Аллоҳнинг тоатида фойдалана олса, у бахтлидир. Ким сиҳҳати ва бўш вақтини Аллоҳнинг маъсиятига бағишласа, у зиёнкордир».
Бўшликнинг ҳам қалб бўшлиги, нафс бўшлиги, ақл бўшлиги каби бир неча тури бор.
Қалб бўшлиги:
У қалб иймондан фориғ бўлишидир. Бу бўшлик ва бекорчиликлар ичида мутлақо энг хатарлисидир!
Агар қалб иймондан холи бўлса, бу қалб эгаси гарчи тириклар ичида қимирлаб юрган бўлса ҳам, аслида ўликдир. Қалб иймоннинг идишидир. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир» (Бухорий (№52), Муслим (№1599) ва бошқалар ривоят қилганлар).
Қалб подшоҳ, аъзолар унинг лашкари ва раиятидир. Агар подшоҳ яхши бўлса, халқи ва лашкари ҳам яхши бўлади, подшоҳ ёмон бўлса, халқи ва лашкари хам ёмон бўлади.
Қалб иймон билан обод бўлса, инсон ҳеч қачон бўшликни ҳис қилмайди. Чунки, ҳар бир лаҳзасида у Аллоҳ билан яқинлашув лаззатини ҳис қилади.
Шайхулислом Ибн Таймия айтдилар: «Бечора аҳли дунёлар, дунёдан ундаги энг лаззатли ва энг мазали нарсани тотмасдан чиқиб кетадилар».
«Ундаги энг мазали нарса нима?» деб сўралди.
«Аллоҳнинг зикри ва У билан бирга бўлиш лаззати», деб жавоб бердилар.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалб борки, унинг ой юзини тўсувчи булутга ўхшаш бир булути бўлади. Ой нур сочиб турганда тўсатдан уни булут ўраб, қоронғилатиб қўяди. Булут очилгач, яна ёрита бошлайди» (Абу Нуъайм, Дийламий ривоят қилганлар, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (2268) саҳиҳ санаган).
Қалбдаги иймон нури ҳам худди шунга ўхшайди. Иймон нурини зулм, гуноҳ ва маъсиятлар булутлари ўраб олса, инсон Аллоҳнинг тоатидан сусайиб қолади.
Қалбнинг иймондан фориғлиги уни ҳар турли фитналарга дучор этади. Чунки, фитналар қалбларга тўхтовсиз кўндаланг бўлиб туради. Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Фитналар қалбларга бўйра (тўқилгандаги) қамиш новдалари каби бирин-кетин кўндаланг бўлаверади. Бирон фитна қайcи бир қалбга кириб ўрнашиб олcа, бу қалбда битта қора нуқта пайдо бўлади. Қай бир қалб уни инкор қилса, унда битта оқ нуқта пайдо бўлади. Бориб-бориб қалблар икки турлига ажралади: биринчиси силлиқ тош каби оппоқ қалб бўлиб, унга модомики осмонлару ер турар экан, бирон бир фитна зарар етказолмайди. Иккинчиси тўнкарилган қумғон каби қоп-қора қалб бўлиб, на бир маъруфни тан олади ва бир мункарни инкор этади. Фақат ҳавои-нафcига ўрнашиб қолган нарcанигина тан олади» (Имом Муслим (№144) ривояти).
Қалб иймоннинг идишидир, у фитналар кириб келадиган ўриндир. Агар қалб иймондан фориғ бўлса, инсон ҳар қандай фитнага гирифтор бўлаверади, қалби уни ўзига қабул қилиб олаверади.
Қалб бўшлигининг давоси иймонни зиёда қилиш билан бўлади. Чунки, иймон зиёда бўлиб ва камайиб туради, у тоатлар билан зиёдаланиб, маъсиятлар билан камаяди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Қалбингни учта ўринда: Қуръон эшитаётганда, зикр ва илм мажлисида, Роббинг билан ёлғиз қолган пайтингда йўқлаб (текшириб) кўр. Агар шу уч ўринда қалбингни топмасанг, қалбингни қидир, сен уни йўқотиб қўйибсан!».
Инсон сезмаган ҳолида қалб касалликка дучор бўлади, инсон сезмаган ҳолда қалб ўлади!
Инсоннинг юраги агар бирон касалликка чалинса, у шифокорга шошилади. Зеро, бемор бўлганда шифокорга мурожаат қилиш инсон табиатида бор нарса. Аммо, қалб шаҳватлар сабаб касалланади, маъсиятлар сабаб ўлади, бироқ эгаси буни мутлақо билмай қолаверади!!
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Парвардигорини зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кимсанинг мисоли гўё тирик билан ўликнинг мисолидадир» (Имом Бухорий (№6407), Имом Муслим (№779) ривоятлари).
Аллоҳни зикр қилувчи киши гарчи унинг аъзолари қимирламай қолса ҳам тирикдир, Аллоҳнинг зикридан ғофил кимса гарчи тириклар ичида ҳаракатланиб юрса ҳам, аслида ўликдир.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига қалб касаллигидан шикоят қилиб келган кишига айтиб берган малҳам рецептини ёзиб олинг:
У деди: «Эй Суфён! Қалб касаллигига мубтало бўлдим, менга даво айтиб беринг».
Суфён дедилар: «Ихлос илдизи, сабр барги ва тавозуъ шарбатидан олиб, буларнинг ҳаммасини тақво идишига сол, устидан хошят (қўрқув) сувидан қуй, сўнг маъсиятдан қайғуриш оловида қайнат, муроқаба (ўзни текшириш) сузгичида суз, сўнгра уни сидқ кафти билан олиб, истиғфор косаси билан ич, вараъ (парҳезкорлик) билан оғзингни чай, ҳарислик ва тамаъгирликдан узоқ бўл, шунда Аллоҳнинг изни билан қалбинг шифо топади».
Аллоҳ таоло барчамизни ғоят фойдали мана шу даводан фойдалантирсин.
Нафс бўшлиги:
Нафсни агар ҳақ билан машғул қилмасангиз, у сизни ботил билан машғул қилади. Агар уни тоатлар билан тизгинлаб олмасангиз, у сизни маъсият ва тойилишлар сари судраб кетади.
Зеро, нафс амморадир, яъни ёмонликка буюрувчидир: «Нафс — агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюрувчидир» (Юсуф: 53).
Азиз биродарлар, муҳтарам оталар! Нафс бўшлиги ёшларимиз учун қатлгоҳдир гўё! Нафслари фориғ бўлгач, улар ҳар қандай маъсиятга қўл ураверадилар, тўғри келган йўлларга юриб кетаверадилар!
Агар ёш йигит-қизнинг машғул бўладиган бирон иши бўлмаса, бекорчиликдан ҳар қандай гуноҳдан тоймайди.. Фитналар ва шаҳватлар билан машғул бўлади.. Филмлар, сериаллар, мусобақалар кўриш билан умрини ўтказади.. Жинсий ахлоқсизликни тарғиб қилувчи беҳаё журналлар варақлаш билан, обиду зоҳидларни ҳам фосиқу фожирга айлантириб юборадиган шармсиз қиссалар ўқиш билан вақт ўтказади!!.
Нафсни агар тоат тизгини билан тизгинлаб олсангиз, у бўйсунади.
Чунки, Аллоҳ таоло нафсни икки йўлдан бирига йўллаб қўйгандир:
«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки, дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 7-10).
«Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур! Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Ван-назиъиат: 37-41).
Одамлар икки турлидир.
Бир турли одамлар нафсларига ғолиб бўлиб, уни тоат тизгини билан тизгинлаб олган, нафсини Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига етказувчи уловга айлантириб олганлар, Аллоҳдан сизу бизни ўшалар жумласидан қилишини сўраймиз.
Яна бир турли одамлар эса нафсга мағлуб бўлган, нафслари уларни дунёдаги ҳар қандай ёмонликка ва охиратда ҳалокатга қараб судрайди, Аллоҳдан барчамизни бундай нафси амморадан сақлашини сўраймиз.
Ақлий бўшлик
Бундай кишининг ҳаёти вайрон, охирати ҳалокатдир. Зеро, дўзах аҳли дўзахда туриб ақлимиз бўлмаган экан, деб қиладиган фарёдлари бунга далилки: «Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантирувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар» (Мулк: 10).
Севикли дўстим! Аллоҳ таоло бизларга ақл бериб қўйди, у Аллоҳнинг энг катта неъматларидан.
Руҳий касаллар шифохонасига беморлар ҳолидан хабар олгани борганимизда бизни аёллар бўлимига ҳам олиб ўтишди. Палаталарда туппа-тузук, тўрт мучаси соғ аёллар кўринарди. Тўсатдан бир қиз – ёши 22да экан – бизга яқинлашиб келди-да, устидаги бор кийимларини ечиб улоқтирди ва қип-яланғоч бўлиб қолди. Биз чиқиб кетдик. Ўша куни шерикларимга айтдим: «Аллоҳ шоҳид, сизлар ҳам шоҳид бўлинглар, мен ақл неъматининг қадрини мана шу лаҳзаларда билдим».
4 – тўсиқ: Фитналар
Олдимизда фитналар жуда кўп, улар асосан иккига – шаҳватлар фитнаси ва шубҳалар фитнасига бўлинади.
Ушбу фитналар орасида вақтингиздан яхши фойдаланиш фақат Аллоҳдан ёрдам сўраш, яхшилик ва илм мажлисларига иштиёқ кўрсатиш орқалигина амалга ошиши мумкин.
Аллоҳдан сизу бизни ошкору махфий фитналар чангалидан сақлашини сўрайман. У бунинг Эгаси ва Хожасидир.
Учинчи: Қандай қилиб умрни узайтириш мумкин
Инсонда ҳаётни яхши кўриш табиати ўрнатиб қўйилган, умри узун бўлишини истайди, иложи бўлса абадий яшаб қолсам эди деб орзу қилади.
Бироқ, ўлим ёш йигит-қизни айни гуллаган чоғида ҳаётдан юлиб кетади!!
Оиласида якка-ёлғиз, эрка болани олиб кетади!!
Тўйи куни, чимилдиққа эндигина қадам қўйиб келаётган келинчакка чанг солади!!
Қудратли ҳокимни қўриқчилари ва хизматкорлари орасидан суғуриб олиб кетади!!
Кунлар ҳисобли, муҳлатлар саноқли.. Модомики, ҳаётнинг ниҳояси ўлим бўларкан, демак умр қисқа экан.
Кунлар ойларни, ойлар эса йилларни эргаштириб ўтаверади, умр тугаб бораверади!!
Модомики, охирги бекат ўлим бўлар экан, демак умр қисқа экан. Илм-фан ҳали кексаликни ёшликка қайтаришга ёки инсон билан ўлим орасига тўсиқ қўйишга қодир бўлмади, қодир бўлмайди ҳам!!
Бироқ, шундай бўлса ҳам, инсон баъзан умрини узайтиришга эришиши мумкин!! Қандай қилиб дейсизми?!
Севикли биродарим! Шуни яхши билингки, инсоннинг ҳақиқий умри унинг туғилганидан тортиб вафотигача яшаб ўтган йиллари билан ўлчанмайди. Балки, инсоннинг ҳақиқий умри унинг умри мобайнида қилиб ўтган улуғ солиҳ амаллари ва буюк яхши хизматлари билан ўлчанади.
Яхшиликлар ва тоатлар билан ўлчанади сизнинг ҳақиқий умрингиз!!
Қанча умрлар бўладики, муддати узун, яхшиликлари кам!!
Қанча умрлар бўладики, муддати қисқа, яхшиликлари мўл!!
Ҳа, ҳақиқий умр йиллар билан эмас, амаллар ва тоатлар билан ўлчанади!
Қаранг, Нуҳ пайғамбар тўққиз юз эллик йил умрларини Аллоҳ йўлига даъватга бахш этдилар, бироқ Аллоҳ азза ва жалла унга оз сонлик кишиларгина иймон келтиришини тақдир қилди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умрларига назар солинг, неча йил яшадилар, умрларининг қанча йилини даъватга сарфладилар?! Йигирма йилдан сал ошиқ муддат, шундай эмасми?! Шунга қарамасдан Аллоҳ таоло мана шу қисқа умр мобайнида у зотга тарқоқ бўлакларни бирлаштириб, Ислом давлати барпо қилишни тақдир қилди, ушбу давлат жуда тез вақт ичида кучайиб, куфр билан мавжланиб турган саҳродаги инсонларни Аллоҳ жалла ва алога иймонга қайтаришга қодир бўлди!
Ушбу умматнинг буюк Сиддиқи бор йўғи икки ярим йил давом этган халифалик даврида уммат бошига келган улкан мусибатларни неъматларга айлантиришга қодир бўлди!
Икки ярим йил ичида ридда (муртадлик) фитнасига барҳам бера олди!
Икки ярим йил ичида Усома лашкарини (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган йўналишда) юборишга қодир бўлди!
Икки ярим йил ичида Қуръони каримни йиғишга ва умматни улуғ Пайғамбари йўлига қайтаришга қодир бўлди!
Умматнинг Форуқи бўлган Ҳазрат Умарнинг халифалиги ўн йилу олти ой давом этди. Жуда оз муддат, замонлар ҳисобида кўзга кўринмай кетадиган даражада оз.. Бироқ, шу озгина муддат ичида Умар розияллоҳу анҳу инсонлар оламига абадий ўчмас намуна тақдим эта олди. Дунё унинг остонасига тиз чўккан, ўлжалар, мол-мулклар, хазиналар оёқлари остига оқиб келган ҳоким шахсида мужассам бўлган намуна эди бу!! Умар мана шуларнинг ҳаммасидан осонлик билан воз кеча олди!!
Ҳазрат Умар подшоҳлар ва ҳокимлар қалбига қўрқув солган, икки буюк империянинг – Форс ва Рум империялари калитлари оёқлари остига ташланганди. Унинг ўн ярим йиллик халифалик даврида Ислом шарқу ғарбга, шимолу жанубга ғолиб бўлган, Ислом байроғи Франция, Русия ерлари узра ҳилпираганди!!
Умрнинг баракасидир бу, Аллоҳ таоло томонидан барака ато этилган покиза ва узун умр ана шундай бўлади!!
Муъоз ибн Жабални кўринг, умматнинг ёш йигитларидан бири эди у! Ўн саккиз ёшида Исломни қабул қилган ва ўттиз уч ёшида вафот этган.
Ўн беш йиллик мана шу қисқа давр ичида Муоз замон пешонасига ва тарих саҳифаларига то қиёмат ўчмас буюклик ва абадийлик сатрларни бита олди! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман», дедилар (Абу Довуд (№1522), Насоий (3/53) ривоятлари, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (7969) саҳиҳ санаган).
Ёки бўлмасам, Умар ибн Абдулазиз умрининг айни ёшлик даврида волий бўлган, икки ярим йил давом этган халифалик даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичида авж олган дардга барҳам беришга, покиза қўллари билан унинг илдизини суғуриб олишга, башариятни яна қайтадан тўғри изига солишга, худди ваҳий замонасида яшаётгандек қилишга қодир бўлди!! Ҳатто, жарчи айланиб: «Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, уни мусулмонларнинг байтул-молидан тўланади!» деб жар соларди.
Шер авлоди бўлган бу шерзода (Ҳазрат Умарнинг авлодидан эканига ишора) Умар ибн Абдулазиз қарздорларнинг қарзларини тўлади, байтул-мол баракасини йўқотмай тураверди. Шундан сўнг жарчи чиқиб: «Уйланолмай юрган ёшларни байтул-мол ҳисобидан уйлантирилади!» деб жар солди. Ёшлар уйландилар, байтул-мол эса ўша-ўша баракали бўлиб қолаверди. Жарчи учинчи марта чиқиб: «Эй одамлар! Байтуллоҳни ҳаж қилишни истаган, бироқ бунга қодир бўлмаётган кишилар келсин, мусулмонларнинг байтул-молидан бунинг учун нафақа ажратилади», деб жар солди. Ҳаж қилишни истаганлар ҳаж қилишди, байтул-мол эса баракасини йўқотмай қолаверди!!
Юз йилда қилдими бу ишни?! Минг йилдами?! Йўқ!! Аллоҳга қасамки, бор-йўғи икки ярим йилда қилди ҳаммасини!! Ҳа, мен сизга айтмадимми, умрлар буюк амаллар ва улкан жасоратлар билан ўлчанади деб?!!
Эй мусулмон биродар! Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, яхши ишлар ва тоатлар билан умрингни узайтир! Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у зот марҳамат қилганлар: «Беш нарсадан олдин беш нарсани – кексаймасдан туриб ёшлигингни, касал бўлмай туриб соғлигингни, фақирликдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлимингдан аввал ҳаётингни ғанимат бил!» (Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (1077) саҳиҳ санаган).
Ушбу фурсатларни ғанимат бил, умрингни зое қилма, вақтларингни бекорга кетказма! Умр ғиз этиб ўтиб кетади, эртага ўзингни Аллоҳ ҳузурида кўрасан!!
Суҳбатимизнинг охирги қисмида қотилларга нома йўллайман. Улар кимлар дейсизми?! Улар билан сиз бир оздан кейин танишасиз. Ушбу сўзларимни айтарканман, Аллоҳ таолодан ўзимга ва сизларга истиғфорлар айтаман.
Иккинчи хутба:
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд…
Тўртинчи: Қотилларга нома
Вақтларини ўлдирадиган, умрларини хароб қиладиган, ҳаётларини зое қиладиган қотилларга..
Эй вақтини зое қилаётган инсон! Сен умрингни зое қилмоқдасан, ҳаётингни зое қилмоқдасан, ўзинг билмаган ҳолда ўзингни ўзинг аста-секин ўлдирмоқдасан!!
Ва ҳатто биров сени ўзингга нисбатан қилаётган бу қабиҳ жиноят билан тилга олмайди ҳам.
«Нега ундай қиласан?», деб сўрасангиз «Вақт ўтказаяпман», дейди!!
Каъбанинг Роббига қасамки, Арафа куни Арафотда ўз кўзим билан кўрган нарсани айтаман. Эҳром либосига ўраниб олган айрим одамларни чилим чекиб ўтиришганини кўрдим, айримларини нарвон ва илон ўйини (нардага ўхшаш ўйин тури) устида ўтиришганини, айрим одамларни карта ўйнаб ўтиришганини кўрдим. Ажабланиб, уларга яқинлашиб: «Эй биродар, Аллоҳдан қўрқинг! Бугун Арафа куни, эҳром либосидасиз, гуноҳлардан поклангани, қўлларингизни Буюк Подшоҳга кўтариб, тазарру билан илтижо қилгани келгансиз ахир!! Сиз бўлса беҳуда ўйин билан банд бўлиб ўтирибсиз», дедим.
Биласизми, улар нима деб жавоб беришди?!
Кўпчилигининг жавоби бир хил бўлди: «Эй шайх, кун узун, шу билан вақт ўтказаяпмиз!».
Арафотда вақтинг ўтмай қолдими?!
Тоатлар фурсатини зое қиласанми?!
Еру осмонлар Парвардигори тушиб келадиган, Унинг розилиги ва мағфиратини сўраб, узоқлардан чанг-ғуборга беланиб келган бандаларини фаришталарига кўрсатиб, мақтайдиган вақтни ўлдирасанми?!
Эй вақтининг қотили, ҳаёти ва умрининг қотили!!
Ундан ўзга барҳақ маъбуд бўлмаган Ягона Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, тез кунда пушаймон бўласан, бироқ у куни пушаймонлик фойда бермайди!! Яқинда бир соат келадики, унда вақтнинг қадрини жуда яхши тушуниб оласан!!
Ўлим тўшагида ётган соатинг бир соатгина бўлса ҳам Аллоҳ учун солиҳ амал қилиб олиш учун ортга қайтарилишни орзу қилиб қоласан.
Аллоҳим, бизларни (гуноҳларимизни) ер юзида ҳам, ер остида ҳам, амаллар арз қилинадиган кунда ҳам парда билан ўрагайсан!
Севикли биродарим! Вақтнинг қадрига етинг, фурсатнинг қийматини билинг, умрнинг моҳиятини, ўтиб бораётган кунларингиз ҳақиқатини англаб етинг, шу бугуноқ Аллоҳ томонга қайтинг!
Шошилинг! Вақт ўтмай туриб, умр зое бўлмай туриб шошилинг!! Қудратли ва Кечирувчи Зотнинг сизга қилган хитобига қулоқ тутинг: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).
2010-06-04