Бизга боғланинг
Замонавий рўзани бузувчи амаллар
Муаллиф: Холид ибн Алий ал-Мушайқиҳ
Ўзбекчага ўгирувчи: Абу Закария ал-Маданий
بسم الله الرحمن الرحيم
Муқаддима
Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.
Шайх Холид ибн Алий ал-Мушайқиҳ «Зодул мустақниъ» китобидан «Китаб ас-сиям»ни шарҳлаб бўлганларидан кейин, бугунги кунимизда янги пайдо бўлган замонавий рўзани бузувчи амалларни баён қилишга киришдилар. Уларни зикр қилдилар ва уламолар сўзларининг кучлиларини баён қилдилар. Аллоҳ таоло шайхга ажру азиймлар берсин, у кишининг илмидан мусулмонларга ва Исломга наф етказсин.
Ушбу рисола шайхга берилди. Шайх ундаги хатоларни тўғрилаб, уни нашр қилишга мувофиқ эканликларини изҳор қилдилар.
Нашрга тайёрловчи: Ийсо ибн Абдурроҳман ал-Утайбий.
Замонавий рўзани бузувчи амаллар
Уламолар рўзани бузувчи амалларнинг тўртта эканига иттифоқ қилганлар:
1. емоқ;
2. ичмоқ;
3. жимоъ (жинсий алоқа);
4. ҳайз ва нифос.
Емоқ, ичмоқ ва жимоъни Аллоҳ таоло Қуръон Каримда баён қилган: «Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгда субҳ содиқ кўрингунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «…ҳайз кўрганда намоз ўқимайди, рўза тутмайди эмасми?» Бунда рўзани бузувчи амалларнинг тўртинчиси баён қилинган.
Замонавий рўзани бузувчи амаллар кўп бўлиб биз улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
Биринчи: Астмапен
У ичига суюқ дори солинган баллонча бўлиб, бу баллонча уч моддани ўз ичига олади: сув, кислород ва баъзи тиббий доривор моддалар.
Астмапенни ишлатиш рўзани бузадими ёки йўқми?
Замонамиз уламолари бу масъалада турли фикрларни билдирганлар:
1-фикр: У рўзани бузмайди. Бу фикрни шайх Абдулазиз ибн Боз, шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин, шайх Абдуллоҳ ибн Жибрийн ва доимий фатво лажнаси айтган.
Улар қуйидагича далил келтирганлар:
а) Рўзадор оғзини ва бурнини чайқаши мумкин. Бунга уламолар иттифоқ қилишган. Агар у оғзини сув билан чайқаса оғизда сувнинг қолдиғи қолиши муқаррар, тупукни ютиш билан ўша қолдиқ ошқозонга ўтади. Астмапен ишлатилганда қизилўнгачга тушадиган, кейин эса ошқозонга ўтадиган сув (дориси билан) жуда оз миқдорда бўлиб, уни чайқалганда оғизда қолган сувга қиёсланади. Чунки астмапен баллончасига бор йўғи 10 мл суюқлик сиғади. Бу миқдор 200 марта пуркашга мўлжалланган. Бир марта пуркаш 1 мл нинг йигирмадан бирига тенг, бу жуда оз нарса ҳисобланади.
б) Астмапенни ишлатилганда пуркалган нарса ошқозонга кириши муқаррар эмас, балки эҳтимол. Асл эътиборидан рўза боқий, бузилмагандир. Шубҳа ишончни йўқотмайди.
ж) Астмапенни ишлатиш еб-ичишга ўхшамайди, балки таҳлил (анализ) учун қон олиш ва озиқлантирмайдиган уколларга ўхшайди.
д) Шифокорлар мисвок саккизта кимёвий моддага эга эканини айтганлар, ҳолбуки уни ишлатиш рўзадор учун мутлоқо жоиздир. Мана шу мисвокдан нимадир ошқозонга тушиши шубҳасиз. Дори суюқликнинг ошқозонга тушиши мисвок асарининг тушиши кабидир.
2- фикр: рўзадорга астмапенни ишлатиш мумкин эмас, агар уни ишлатишга эҳтиёжи бўлса ишлатади, кейин қазосини тутади.
Улар қуйидагиларни далил қилишди: пуркалган дорининг бир қисми оғиз орқали ошқозонга киради, шу билан унинг рўзаси бузилади.
Бунга жавоб: агар унинг ошқозонга етишига хўп дейилса-да, кирган нарса жуда оз бўлгани учун оғиз чайқашда қолган сув қолдиғига қиёс қилинади.
Бу масъалада биринчиларнинг фикри кучли.
Иккинчи: тил остига қўйиладиган таблеткалар
Булар баъзи юрак хасталикларини муолажаси учун тил остига қўйиладиган таблеткалардир. Улар тезда сўрилиб кетади, қон уни юракка олиб боради, натижада юракда юз берган хавфли ҳолат барҳам топади.
Уни ишлатишнинг ҳукми: жоиз, чунки ундан бирон нарса ичга ўтмайди, балки оғизнинг ўзида сўрилиб кетади. Шунинг учун у рўзани бузувчи эмас.
Учинчи: Ошқозон скопи
У тиббий асбоб бўлиб, уни ошқозонга оғиз ва қизилўнгач орқали киритилади. Бундан мақсад, ошқозон ичидаги яраларни суратга олиш, ошқозон ичидан текшириш учун баъзи бўлакларни чиқариб олиш ёки булардан бошқа тиббий амалиётлардир.
Аввалги олимларимиз бу масалада «майда тош ёки бир бўлак темир ё шунга ўхшаш озиқлантирмайдиган нарсани ичига ютса (скоп ҳам шулар каби) рўзани бузадими, деб изланганлар.
Аксар илм аҳллари: Бу рўзани бузади, ҳар бир ичга кирган нарса рўзани бузади, деганлар. Аммо ҳанафийлар: шу кирган нарса рўзадор оғзини очгунича ичда қолса рўзани бузади деганлар, қолганлар бу шартни қилмаганлар. Демак, аксар илм аҳлларининг сўзларига кўра бу рўзани бузади, ҳанафийлар фикрича рўзани бузмайди, чунки скоп ичда қолмайди.
Иккинчи фикр: озиқлантирмайдиган тош ва темир бўлаги каби нарсаларнинг ичга киритилиши рўзани бузмайди. Бу фикрни Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилганлар. Айни фикрни баъзи моликийлар ва Ҳасан ибн Солиҳ ҳам айтган.
Рўзани бузувчи нарса озиқлантирувчи бўлиши кераклигига Қуръон ва Суннат далолат қилмоқда. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурмадан сақланишга буюрган ҳадислари заиф. Шунга кўра скоп рўзани бузмайди. Лекин табиб скоп осонроқ кириши учун унга озиқлантирадиган ёғли модда суртса рўза бузилади.
Тўртинчи: бурунга томизиладиган дорилар
У рўзани бузадими ёки йўқми? Бу ҳақда уламолар икки хил фикр билдирганлар:
Биринчи фикр: у рўзани бузади. Бу фикрни Ибн Боз ва Ибн Усаймин роҳимаҳумаллоҳлар айтганлар. Фикрларини Лақийт ибн Сабиранинг ҳадиси билан қувватлаганлар, унда: «…бурнингга куч билан сув олиб кейин қоқиб ташла, магарам рўза бўлсанг бундай қилма» дейилган. Бу бурун ошқозонга олиб борувчи йўл эканига далил. Модомики шундай экан, бурунга томизиладиган дорини ишлатишдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган бўладилар.
Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бурунга сув олиб қоқишда муболаға қилишдан қайтаришлари оз бўлсада, ҳар қандай нарсани бурун орқали киритишдан қайтаришни ҳам ўз ичига олади. Чунки муболаға билан бурунга кираётган нарса оз нарсадир.
Иккинчи фикр: у рўзани бузмайди.
Бу фикр соҳиблари юқорида биринчи масъалада ўтган оғиз чайқашда қолган сув қолдиғига қилинган қиёсни далил қилдилар. Бурунга томизиладиган томчилардан жуда оз миқдор ошқозонга етиб боради (агар унинг етиб бориши аниқ бўлса). Бир томчининг миқдори бир см3 нинг 0.06 сига тенгдир. Бу томчи бурунга киради, ошқозонга эса ундан жуда ҳам оз миқдор етиб боради, бу миқдор эса ўта озлиги учун эътиборга олинмайди.
Асл рўзанинг саломат қолиши, бунчалик оз миқдор билан унинг рўзасининг очилган бўлиши шубҳали иш. Асл эътиборидан рўза боқий, бузилмагандир. Ишонч шубҳа билан йўқолмайди.
Бу икки фикрнинг ҳар бирининг қуввати бор.
Бешинчи: бурунга дори пуркагич
Бунинг баҳси ҳам худди астмапенники кабидир. Бу ҳам рўзани бузмайди.
Олтинчи: наркоз
У бир неча турдан иборат:
Биринчи: бурун орқали бериладиган наркоз (ингаляцион наркоз). Бу турда беморга эфир, флюотан ва хлороформ каби моддаларнинг буғи ҳидлатилади, натижада наркоз ҳолати юз беради. Бу тур рўзани бузмайди, чунки бурунга кирадиган газ моддаси жисм эмас ва озиқлантирувчи моддалардан ҳам холи.
Иккинчи: ҳитой игналари билан жузъий ҳушсизлантириш. Бу қуруқ игналарни тери ости сезги нуқталарига санчиш билан бўлади, бу эса муайян безларни қўзғатади ва улар жисм таркибида мавжуд бўлган табиий морфийни ишлаб чиқаради, бемор бунинг натижасида ҳис қилишни йўқотади.
Бу модомики жисмнинг муайян қисмига қилинар ва бирон модда ичга кирмас экан, рўзани бузмайди.
Учинчи: укол билан жузъий (вақтинча) ҳушсизлантириш.
Бу вена қон томирига тез таъсир қилувчи дорини юбориш билан бўлади, у бир неча сонияда беморни ҳушсизлантиради. Модомики бу вақтинча ва ичга кирмас экан, рўзани бузмайди.
Тўртинчи: тўла беҳуш қилиш.
Бу ҳақда аввалги уламолар ҳушидан кетган одамнинг рўзаси яроқлими, деб баҳс юритганлар ва ихтилоф қилганлар.
Бу масала икки ҳолатдан бири бўлиши мумкин:
Биринчи: одам кун бўйи ҳушидан кетиб, куннинг бирон қисмида ҳушига келмаслиги мумкин. Бу одамнинг рўзаси аксар уламолар наздида яроқли эмас. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси қудсийдаги сўзлари: «…таомини ва шаҳватини мен учун тарк қилади» ҳадисда тарк қилишни рўзадорга нисбат берган, беҳуш одамга бу маъно тўғри келмайди.
Иккинчи: одам куннинг ҳаммасида беҳуш бўлмаслиги, мана шу ҳақда ихтилоф қилишган. Тўғриси ва саҳиҳи беҳуш бўлган рўзадор куннинг бир қисмида хушига келса унинг рўзаси яроқлидир. Бу фикрни имом Аҳмад ва Шофиий айтган.
Имом Молик: бундай одамнинг рўзаси мутлақо яроқли эмас, деган.
Имом Абу Ҳанифа айтганларки: агар у заволдан аввал ҳушига келса ниятини янгилайди, рўзаси яроқли бўлади.
Бу масалада имом Аҳмад ва Шофиийларнинг сўзлари тўғридир. Чунки рўза нияти куннинг бир қисмида ҳосил бўлди. Беҳуш қилишнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
Еттинчи: қулоққа томизиладиган дори:
Бу рўзани бузадими ёки йўқми?
Бу ҳақда уламолар қадимда «ўзини қулоғига сув қуйиб даволаса» унвони остида баҳс қилганлар.
Жумҳури уламо: бу рўзани бузади, дейдилар.
Ҳанбалийлар: мияга етиб борса рўзани бузади, дейдилар.
Ибн Ҳазмнинг фикрича у рўзани бузмайди, сабаби қулоққа томизиладиган нарса мияга етиб бормайди.
Замонавий тиббиёт қулоқ пардаси йиртилмаган бўлса суюқлик қулоқ орқали мияга ўтиши мумкин бўлган канал йўқлигини исботлади. Демак қулоқ томизғиси рўзани бузмас экан.
Масала: агар қулоқ пардасида тешик бўлса, у ҳолда қулоқ орқали даволашнинг ҳукми ҳудди бурун орқали даволаш ҳукмида бўлади. Бу юқорида айтиб ўтилди.
Саккизинчи: қулоқни чайқаш
Бу ҳам қулоқ томизиғининг ҳукмидадир. Бироқ олимлар: агар қулоқ пардаси тешилган бўлса қулоқдан кирган нарса кўп бўлиб рўзани бузади.
Демак қулоқни чайқаш икки қисмга бўлинар экан:
1) Агар қулоқ пардаси бутун бўлса, рўза бузилмайди.
2) Қулоқ пардаси тешилган бўлса, рўза бузилади, чунки кирган суюқликнинг миқдори кўп.
Тўққизинчи: кўз томизиғи
Бу масалада ҳозирги замон олимлари ихтилоф қилишган, бу хилоф эски бир хилоф асосидадир-ки, аввалгилар сурма рўзани бузадими ё бузмайдими, деб ихтилоф қилишган.
Биринчи фикр: у рўзани бузмайди. Бунга ҳанафийлар ва шофиийлар қоил бўлганлар. Улар кўздан ичга ўтадиган йўл йўқ эканлигини далил қилганлар. Агар шундай бўлса, у рўзани бузмайди.
Иккинчи фикр: моликий ва ҳанбалийларники уларнинг наздида сурма рўзани бузади. Чуки кўз билан ич ўртасида йўл бор, дейдилар.
Шунга кўра ҳозирги замон уламолари кўз томизиғида ихтилоф қилдилар:
Биринчи фикр: кўз томизиғи рўзани бузмайди. Бунга Ибн Боз, Ибн Усаймин роҳимаҳумаллоҳ ва бошқалар қоил бўлганлар.
Улар кўз томизиғининг бир томчиси 1 см3нинг 0.06сига баробар эканлиги ва бу миқдор ўта оз бўлгани учун ошқозонга етиб бормаслиги, унинг ҳаммаси кўз ёш канали орқали ўтаётганда сўрилиб кетиб ҳатто ҳалқумга ҳам етиб бормаслигини далил қилганлар. У ошқозонга етиб борди ҳам дейлик, бироқ ўта оз миқдорда бўлгани учун худди оғиз чайқалганда қолган сув эътиборга олинмагандек оз нарса эътиборга олинмайди. Чунки бу нарса мансус (очиқ ҳужжатли) ҳам, унинг маъносида ҳам эмас.
Иккинчи фикр: сурмага қиёсланган ҳолда у рўзани бузади
Тўғриси биринчи фикр: у рўзани бузмайди.
Унинг сурмага қиёсланиши тўғри эмас:
1) сурманинг рўзани бузиши тасдиқланмаган, бу ҳақдаги ҳадис заиф.
2) бу фарқли нарсаларни қиёс қилиш.
3) биринчи фикр эгаларининг далилларига биноан.
Ўнинчи: уколлар
Улар учга бўлинади:
1) тери ости уколлари;
2) мускул ораси уколлари;
3) вена қонтомири уколлари.
Тери ости ва мускул орасига бериладиган озиқлантирмайдиган уколлар ҳозирги уламолар наздида рўзани бузмайди. Ибн Боз ва Ибн Усаймин роҳимаҳумаллоҳлар шундай деганлар. Бунга далил: рўзанинг бузилганига далил топилмагунча рўзанинг яроқли эканидир. Шунингдек, уколлар емак ҳам, ичмак ҳам эмас, уларнинг маъносидаги нарса ҳам эмас.
Венадан бериладиган озиқлантирувчи уколлар ҳақида ихтилоф қилинган:
Биринчи фикр: рўзани бузади. Бунга Саъдий, Ибн Боз, Ибн Усайминлар ва Исломий фиқҳ уюшмаси қоил бўлган. Далили: бу каби уколлар емак ва ичмак маъносидадир, уни олган бемор еб-ичишдан беҳожат бўлади.
Иккинчи фикр: рўзани бузмайди. Чунки ундан бирон нарса одатий йўллар билан ичга кирмайди. Киради деб фараз қилинган тақдирда ҳам у майда тешикчалар орқали сўрилиб боради, бу ич ҳам эмас, ичнинг ҳукмида ҳам эмас.
Ҳақиқатга яқинроғи – бу каби уколлар рўзани бузади. Чунки асосий сабаб нарсанинг ичга кириши эмас, балки баданни озиқлантирадиган нарсанинг ҳосил бўлиши. Бу уколларда озиқлантириш ҳосил бўлмоқда.
Масала: қанд касали билан оғриган бемор қабул қиладиган укол (инсулин) рўзани бузмайди.
Ўн биринчи: доривор крем, малҳам ва пластирлар
Мазкур нарсалар тери орқали ўта секин сўрилади. Шунга кўра улар рўзани бузадими ёки йўқми?
Шайхулислом: суртиладиган малҳамлар рўзани бузмайди, деганлар. Айни фикрни Исломий фиқҳ уюшмаси ҳам айтган.
Баъзилар бунга ҳозирги замон олимлари иттифоқ қилганларини айтганлар.
Ўн иккинчи: артерия катетери
У даво ёки суратга олиш учун артерия ичига киритиладиган ингичка найдан иборат асбобдир.
Исломий фиқҳ уюшмаси: у рўзани бузмайди, чунки у емак-ичмак ҳам, уларнинг маъносидаги нарса ҳам эмас, ошқозонга ҳам тушмайди, деган.
Ўн учинчи: буйракни ювиш
Бу икки турли бўлади:
Биринчи: «Сунъий буйрак» деб аталувчи асбоб ёрдамида ювиш. Бунда қонни ушбу асбобга сўриб олинади ва унинг ёрдамида қон зарарли моддалардан тозаланиб, сўнг вена орқали қайтадан организмга қайтарилади. Бу муолажа асносида гоҳо вена орқали бериладиган озиқлантирувчи суюқликларга ҳам муҳтож бўлинади.
Иккинчи: қорин пардаси орқали ювиш. Бунда киндикнинг юқорисидан қорин девори ичига кичкина найча киритилади, сўнгра одатда икки литр юқори миқдордаги шакарли глюкоза суюқлиги қорин ичига киритилиб, у ерда бир муддат қолдирилади, сўнг тортиб олинади. Бу амалиёт бир кунда бир неча бор қайтарилади.
Замонамиз уламолари унинг рўзани бузиш-бузмаслиги хусусида ихтилоф қилганлар.
Биринчи фикр: у рўзани бузади. Бунга Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ ва доимий фатво лажнаси қоил бўлган. Далили: буйракни ювишлик қонни тоза қон билан таъминлайди, баъзан бошқа озиқ моддалари билан ҳам таъминлайди. Демак, икки рўзани бузувчи жамланди.
Иккинчи фикр: рўзани бузмайди. Далили: бу нарса мансус (очиқ ҳужжатли) ҳам, унинг маъносида ҳам эмас.
Ҳаққа яқинроғи – у рўзани бузади.
Масала: агар қоннинг ўзигина тозаланса, бу рўзани бузмайди. Лекин буйрак ювишда баъзи озиқлантирувчи моддалар, тузлар ва бошқа нарсалар ҳам қўшилса, бу ҳолатда рўза бузилади.
Ўн тўртинчи: аёл кишининг жинсий аъзосига тиббий кўрик ёки даволаш учун киритиладиган тиббий асбоб ва дори-дармонлар, шунингдек бачадонни ювиш
Бу нарсалар рўзани бузадими ёки йўқми?
Бу ҳақда қадимги ва ҳозирги уламолар турли фикрлар айтишган:
Моликий ва ҳанбалийлар: аёл киши агар жинсий аъзосига суюқлик томизса рўзаси бузилмайди. Сабаби – аёлнинг жинсий аъзоси билан ички аъзолари ўртасида ўтиш йўли йўқ, дейишади.
Ҳанафий ва шофиийлар: бу билан рўза бузилади. Сабаби – қовуқ билан жинсий аъзо ўртасида ўтиш йўли бор, дейишади.
Замонавий тиббиётнинг айтишича, аёл кишининг таносил аъзолари билан ички органлари ўртасида ўтиш йўли йўқ. Шунга кўра, бу нарсалар билан рўза бузилмайди.
Ўн бешинчи: иситмани тушириш ёки бавосирнинг оғриғини пасайтириш каби тиббий мақсадлар учун орқадан тиббий асбоб ва свечалар киритиш, шунингдек ҳуқна (клизма) қилиш
1) Ҳуқна: уламоларнинг бу хусусдаги сўзлари:
Биринчи фикр: Тўрт мазҳаб имомлари: ҳуқна рўзани бузади, чунки у ичкарига ўтади, деганлар.
Иккинчи фикр: Зоҳирийлар ва шайхул-ислом Ибн Таймия: ҳуқна рўзани бузмайди, чунки у баданни умуман озиқлантирмайди, аксинча бадандаги бор нарсани чиқариб ташлайди ва ундаги суюқлик ошқозонга ўтмайди, деганлар.
Кейинги уламолар ҳам ихтилофларини аввалгиларнинг ихтилофи устига бино қилдилар:
Орқа чиқарув тешиги билан ошқозон ўртасида ўтиш йўли борми, йўқми?
Ҳуқна рўзани бузади дейдиганлар айтишади: ўртада ўтиш йўли бор, орқа чиқарув тешиги тўғри ичакка, тўғри ичак эса йўғон ичакка уланган. Озиқ моддалар сўрилиши ингичка ичаклар орқали амалга ошади, гоҳо йўғон ичак орқали ҳам баъзи туз ва қанд моддалари сўрилади.
Аммо агар тиббий дори-дармонлар каби озиқлантирмайдиган моддалар сўрилса, у рўзани бузмайди.
Шу фикр тўғриликка яқинроқ.
2) Орқа чиқарув тешигидан киритиладиган свечалар
бу ҳақда икки хил фикр мавжуд:
Ибн Усайминнинг фикри: рўзани бузмайди, чунки бундай дори-дармонларда фақат дори моддалари бор, улар таркибида озиқлантирувчи суюқликлар бўлмайди, улар емак-ичмак ва унинг маъносидаги нарса ҳам эмас.
Тўғри фикр мана шу.
Ўн олтинчи: орқа чиқарув тешигига скоп киритиш
Гоҳида табиб ичакларни текшириб кўриш учун орқа чиқарув тешигига скоп киритади. Бунинг тафсилоти ошқозон скопи тафсилотига ўхшайди.
Ўн еттинчи: Эркак олати ичидан баданга скоп, дори ё эритмалар киритиш
Қадимги уламоларнинг бу ҳақдаги фикрлари турлича бўлган.
Биринчи фикр: Ҳанафий, моликий ва ҳанбалийлар мазҳаби:
Пешоб йўлига томизилган суюқлик қовуққача етиб борса ҳам рўзани бузмайди.
Далиллари: олат ичидан ичга ўтувчи йўл йўқ.
Иккинчи фикр: Шофиийлар наздида тўғри деб билинган фикр: рўзани бузади. Чунки, қовуқ билан қорин ўртасида ўтиш йўли бор.
Замонавий тиббиёт фикри:
Пешоб йўллари билан овқат ҳазм қилиш органлари орасида боғланиш йўқ. Шунга кўра, рўзани бузмайди.
Ўн саккизинчи: Ихтиёрий қон топшириш (донорлик)
Бу ҳам қон олдириш масаласи каби.
Мазҳабнинг машҳур фикри: рўзани бузади. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрда бўлган.
Жумҳур фикри: рўзани бузмайди. (ИН таҳририяти ҳам шу фикрда)
Кучлироқ фикр: бузади.
Шунга кўра, рўзадор одам зарур бўлмаса қон топширмаслиги керак.
Ўн тўққизинчи: Таҳлил учун қон топшириш
Бу рўзани бузмайди. Чунки, у ҳижома (қон олдириш) маъносида эмас, ҳижома жисмни заифлаштиради.
Йигирманчи: Тиш пастаси
Рўзани бузмайди. Чунки оғиз ташқи аъзо ҳукмида. Лекин рўзадор одам тиш пастасини ифтордан кейин ишлатиши афзалроқ. Чунки унинг ичга сизиб кириш хавфи кучли. Унинг ўрнига мисвок ёки чўтканинг ўзини ишлатган маъқул.