Бизга боғланинг
Зараркунандалик ҳаромлиги ҳақида
1973 марта кўрилган
Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд…
Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Аллоҳ атаганидек, Унинг оға-ини ва биродар бандалари бўлингиз, сизлардан ҳар бирингиз ўзининг биродарига ўзи учун яхши кўрган яхши нарсаларини илинсин, ўзи учун ёмон кўрган нарсаларини унга ҳам истамасин, биродарига имкон қадар яхшилик қилсин, ёмонлик қилишдан ва озор беришдан тийилсин. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Исломда ўзига) зарар бериш ҳам, (бировларга) зарар етказиш ҳам йўқ», деганлар (ҳасан ҳадис, Ибн Можа, Дорақутний ривоятлари, бир-бирини қувватловчи бошқа бир неча йўллардан ривоят қилинган). Жумҳур уламолар бу ҳадисни қабул қилганлар ва уни ҳужжат қилганлар. Ҳадис зараркунандаликнинг, яъни одамларнинг жисму-жонларига бўлсин, обрў-номусларига бўлсин, мол-мулклари ё аҳли-оилаларига бўлсин, ноҳақ зарар етказиш ҳаромлигига далил бўлади. Бошқа бир ҳадис ҳам борки: «Ким бировга зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади, ким бировга машаққат етказса, Аллоҳ унга машаққат етказади» (Абу Довуд, Аҳмад, Термизий ва бошқалар ривояти, Термизий ҳасан санаган).
Одамларга зарар етказиш икки турли бўлади:
· Биринчи тури: Ортидан ўзига бирон фойда келмагани ҳолда зарар етказиш. Бунинг ҳаром ва қабиҳ иш эканида шак-шубҳа йўқ. Қуръони каримда бир неча ўринда бировларга зарар етказишдан қайтариқлар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади: «(Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо қилингандан кейин бўлур» (Нисо: 12).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: «Бир киши олтмиш йил Аллоҳнинг тоатида амал қилади, сўнг унга ўлим ҳозир бўлади, шунда васиятда меросхўрларига зарар етказади-да, унга дўзах вожиб бўлади». Сўнг қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Бу катта зафардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилувчи азоб бордир» (Нисо: 13,14). (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоят қилганлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Васиятда ворисга зарар етказиш гуноҳи кабирадир», дедилар ва мазкур оятни тиловат қилдилар (Абдурраззоқ, Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Чунки, Аллоҳ таоло ундай кишини абадий дўзахга киритиши билан огоҳлантирди, бу эса фақат гуноҳи кабираларда бўлади.
Васиятда зарар етказиш икки хил бўлади:
1) Ворисларидан бирига Аллоҳ таоло унга меросда белгилаб қўйган улушидан ортиқроғини васият қилиши ва бу билан бошқа ворисларига зарар етказиши. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққини бериб қўйди), ворисга васият қилиш мумкин эмас», деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган).
2) Ворис бўлмаган кишига молининг учдан биридан кўпроғини васият қилиши ва шу билан ворисларининг ҳақларини камайтириши. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам молнинг фақат учдан бири ёки ундан ҳам камроғини васият қилишга рухсат берганлар ва: «Учдан бирини (васият қилсангиз бўлади), учдан бири ҳам ўзи кўп», деганлар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бировларга зарар етказишнинг Қуръонда қайтарилган кўринишларидан яна бири оилавий ҳаётда, турмуш ўртоғига зарар етказишдир. Яъни, масалан, аёлини талоқ қилади-да, кейин унга рағбати бўлмаса ҳам, бошқа бировга тегиб кетишидан тўсиш мақсадида яна қайтариб олади, бу билан у аёл на эрлик аёл ва на талоқ қилинган хотин бўлолмай, муаллақа бўлиб қолади.
Жоҳилиятда шундай бўларди. Яъни, бир киши хотинини талоқ қилар, идда муддати чиқишига яқин бошқа бировга тегиб кетиб қолмаслиги учун қайтариб олар, сўнг яна талоқ қилар, шундай қилиб унга унга зарар етказиб ушлаб турар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса ўзига зулм қилибди» (Бақара: 231), деди, «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар» деди (Бақара: 228). Ушбу оятлар далолатига кўра, кимда-ким аёлини қайтариб олишдан унга зарар етказишни мақсад қилса, гуноҳкор бўлади.
Турмуш ўртоғига зарар етказиш кўринишларидан яна бири ийло – яъни, аёли билан жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишдир. Аллоҳ таоло бундай қасам ичган киши учун тўрт ой муҳлат белгилаб қўйган, агар шу муддат ичида қасамидан қайтса ва қасамига каффорат бериб, аёлига яқинлашса, шу унинг тавбаси бўлади. Борди-ю, тўрт ой ўтганидан кейин ҳам қасамида туриб, аёлига яқинлик қилмаса, ҳоким (қози) уни ё қасамига каффорат бериб аёли билан қўшилишга ё эса аёлини талоқ қилишга мажбур қилади. Боиси, аёлдан зарарни кетказиш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 226, 227).
Турмуш ўртоғига зарар етказиш кўринишларидан яна бири – эр киши ҳеч қандай узри бўлмаган ҳолда сафарда узоқ қолиб кетиши ва аёли унинг қайтиб келишини талаб қилса кўнмаслигидир. Бунинг ҳукми шуки, унга олти ой муҳлат берилади, агар олти ой ўтганидан кейин ҳам келишдан бош тортса, қози аёлнинг талаби билан, ундан зарарни даф қилиш учун улар ўртасини ажратиб юборади.
Бошқаларга зарар етказишнинг Қуръони Каримда ман қилинган кўринишларидан яна бири – болалар тарбиясидаги зараркунандалик бўлиб, эмизиш борасида зарар етказиш бунга мисол бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли ота ҳам, она ҳам зарар тортмасин» (Бақара: 233).
Боласи сабабли она зарар тортиши – унга зарар етказиш мақсадида боласини ундан олиб қўйиш билан бўлади, боласи сабабли ота зарар тортиши эса она боласини эмизишдан бош тортиши ва отани бола учун эмизувчи ва мураббия олишга мажбур қилиш билан унга молиявий жиҳатдан зарар етказиши билан бўлади.
Қуръонда қайтарилган зарар етказиш кўринишларидан яна бири олди-берди муомалаларидаги зараркунандалик бўлиб, бунга ўртадаги васиқаларни ёзувчи котиб ва гувоҳларга зарар етказишни мисол қилиш мумкин. Аллоҳ таоло уларга зарар етказишдан, шунингдек улар сабабли ҳақ эгаларига зарар етишидан қайтариб, айтади: «Ва на котиб, на гувоҳга зарар етмасин. Агар шундай килсангиз (яъни улардан биронтасига зарар етказсангиз), бу Аллоҳга итоатсизлигингиздир» (Бақара: 282).
Котиб ва гувоҳга зарар етказиш улар учун зарарли бўлган пайт ё ҳолатда котиблик қилишга ё гувоҳлик беришга чақириш билан бўлади, котиб ва гувоҳнинг ҳақ эгасига зарар етказиши эса котиб ўзига айтилганидан бошқача қилиб ёзиши, гувоҳ эса эшитган-кўрган нарсасидан бошқача гувоҳлик бериши ё унинг гувоҳлигига муҳтож бўлиб турилган пайтда гувоҳликни буткул яшириши билан бўлади.
Муомалалардаги зарар етказишга яна қийин аҳволдаги қарздорга зарар етказиш ҳам кирадики, Аллоҳ таоло унга то бойигунича муҳлат беришни ё қарзидан кечиб юборишни буюрган эди: «Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 280). Қарзини тўлаш имконияти бўлмаган кишини қийин-қистовга олиш ё уни қамаб қўйиш жоиз бўлмайди. Шу билан бирга қўлида имконияти бор қарздор қарзни эгаси сўраган пайтда бермасдан ҳақ эгасига зарар етказиши ҳам жоиз эмас.
Муомалаларда ман қилинган зарар етказишнинг яна бир тури музтар одам билан савдо қилишдир. Яъни, бир камбағал-йўқсил одам (насияга) бирон нарса сотиб олишга мажбур бўлиб қолади, шунда молнинг нархини ўта қиммат қилиб берилади. Ёки бўлмаса, бирон нарсасини сотишга мажбур бўлиб қолса, ўша нарсасига ўта арзон нарх берилади. Имом Абу Довуд ҳазрат Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Ҳали одамларга шундай қаттиқ замонлар келадики, бадавлат киши қўлидаги нарсасига маҳкам ёпишиб олади, у бундай қилишга буюрилмаган эди. Аллоҳ таоло: «Ўзаро бир-бирларингизга фазлу карам қилишни унутмангиз!» (Бақара: 237) деган». Ушбу ҳадисни Исмоилий тахриж қилиб, давомида айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам музтар киши билан бай қилишдан қайтариб, шундай деганлар: «Агар сенда биродарингга қайтарадиган яхшилик бўлса (хўп), акс ҳолда унинг ҳалокатига ҳалокат қўшмагин!». Имом Аҳмаддан музтар билан савдо қилиш ҳақида сўралиб: «Унинг маъноси нима?» дейилганда шундай жавоб берган: «Ҳузурингга муҳтож бўлиб келади, шунда сен ўн тангалик нарсани унга йигирма тангага ўтказасан» (Жомиъул-улуми вал-ҳикам: 32/11).
Аллоҳнинг бандалари!
Аслида, хоҳ муҳтожга, хоҳ муҳтож бўлмаган кишига ортиқроқ нархда насияга мол сотишдан монелик йўқ. Лекин, ўша зиёдалик ҳаддан ошиқ бўлиши керак эмас, хусусан харидор шуни сотиб олишга муҳтож одам бўлса, унинг эҳтиёжини суиистеъмол қилмаслик ва бундан фойдаланиб қолмаслик лозим. Чунки, бундай қилиш мусулмонлар ўртасидаги ўзаро фазлу-карамга зид бўлган зараркунандалик бўлиб қолади.
Исломда ман қилинган бировга зарар етказиш кўринишларидан яна бири ибодат ўринларидаги зараркунандаликдир. Аллоҳ таоло айтади: «Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) ҳеч қачон у масжидда намозга турманг!» (Тавба: 107, 108). Аллоҳ таоло ёмонлик мақсадида қурилган ушбу масжиддан келадиган зарарни эътиборга олди ва пайғамбарини унда намоз ўқимасликка ва уни бузиб ташлашга буюрди.
· Иккинчи тури: Ўзи учун фойдаси бор бўлган ишларда бировларга зарар етказиш. Масалан, ўз ер-мулкида қўшниларига зиён етадиган тарзда тасарруф юритиши, яъни шохлари қўшнисиникига ўтиб кетадиган қилиб дарахт ўтқазиши, ё қўшниларининг сувини тортиб кетадиган қилиб қудуқ қазиб олиши, ё ўз мулкида қўшниларига овози ё ҳиди ё чанги ё тутуни билан зарар етказадиган бирон корхона қуриши, ё уйига қўшнисиникига қаратиб дераза қилиши ё деворидан туйнук очиб қўйиши, ё уйини баланд қилиб кўтариб, уларга ҳавони ва қуёш нурини тўсиб қўйиши каби ишлар билан бошқаларга зарар етказиши каби.
Шунингдек, уйини намоз ўқимайдиган ва Аллоҳдан қўрқмайдиган кимсаларга ижарага бериш ҳам қўшниларга катта зарар етказиш турларига киради. Чунки, бундай кимсалар мусулмонларга зиён етказишади ва уларга диққатчилик келтиришади, баъзан уларнинг фарзандларига ёмон таъсир ўтказишади. Уйларини кофир ва фосиқларга ижарага берадиган ва уларни мусулмонларга қўшни қилиб қўядиган кишиларга айтамизки: Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмонларга зарар етказиб топаётган пулларингиз ҳаром бўлади, мусулмонлар сизларга дуоибад қилишади ва бунинг касофатига йўлиқасизлар! Шунингдек, мусулмонлар яшаб турган жойлардаги дўкон ва шохобчаларни ҳаром-ҳариш нарсалар сотадиган кишиларга ижарага бериб қўйиш ҳаром бўлади. Қўшнилар шикоят қилса, ҳоким уларга зарар етказаётган нарсаларни йўқ қилиши лозим бўлади.
Қўшнининг ҳаққида ман қилинган зарар етказишдан яна бири уни қўшнисининг мулкидан унга зарар етмайдиган тарзда фойдаланишдан ман қилишдир. Масалан, қўшнисининг девори устига ёғоч қўйиш зарурати пайдо бўлса, девор уни бемалол кўтарадиган бўлса, девор эгаси бунга йўл қўйиб бериши лозим бўлади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз қўшнисини унинг деворига ёғоч қўйишидан ман қилмасин!», деганлар, Муҳаммад ибн Масламанинг қўшниси сувини унинг еридан ўтказишга мажбур бўлиб қолганида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сувни Ибн Масламанинг еридан ўтказишга ҳукм қилганлар ва: «Сув сенинг устингдан ошиб бўлса ҳам албатта ўтади!» деганлар.
Ман қилинган зарар етказиш турларидан яна бири одамларни умумий ва муштарак нарсалардан тўсишдир. Масалан, дарё ва сойларда оқувчи ё сув омборларига тўпланувчи сувнинг ортиқчасини тўсиб олиш, умумий яйловларда чорвани ўтлатишдан ман қилиш, эгасиз ерлардан ўтин-чўп теришни ман қилиш, туз кони ва шу каби умумий конлардан фойдаланишдан тўсиш каби. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сувнинг ортиқчасини экинлар(ни суғориш учун ўтказиш)дан тўсманглар!», деганлар. Абу Довуд «Сунан»ида келтирган ҳадисда айтилишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, нимани ман қилиш ҳалол бўлмайди?» деб сўради. «Сувни», дедилар. У яна: «Ё Расулуллоҳ, нимани ман қилиш ҳалол бўлмайди?» деб сўради. «Тузни», дедилар. У яна: «Ё Расулуллоҳ, нимани ман қилиш ҳалол бўлмайди?» деб сўради. «Яхшилик қилишинг ўзингга яхшидир», дедилар. Яна айтдилар: «Одамлар уч нарсада: сув, олов ва ўт-ўланда шерикдирлар».
Ман қилинган зарар етказиш кўринишларига яна одамларнинг юрадиган йўлларига чиқинди тўкиш, бирор нарса билан йўлни тўсиб қўйиш ё йўл ҳодисасига сабаб бўлиш, шунингдек одамларни хавф-хатарга қўядиган даражада йўл қоидаларини бузиш ҳам киради, буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинган зараркунандаликдир.
Мўмин биродарлар, Аллоҳдан қўрқингиз, биродарларингиз ва қўни-қўшниларингизга манфаат етказишга ҳаракат қилингиз, ўзингизга ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказишдан сақланингиз! «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Моида: 2).
Мусулмон биродарлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, мусулмон киши бировларга зарар етказиши қанчалик ҳаром бўлса, ўзига зарар етказиши ҳам, яъни ўз жонини бефойда хатарга дучор қилиши ҳам шунчалик ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара: 195).
Аллоҳ таоло ўзини ўлдирган кишига қаттиқ азоб бўлиши билан огоҳлантирган: «Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир. Ким ҳаддан ошиб ва зулм билан шундай қилса, биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир» (Нисо: 29, 30).
Шунингдек, ким маст қилувчи ва наркотик моддалар истеъмол қилиш билан ўзининг қатлига ё жисмининг касалликка чалинишига ё ақлининг сусайишига сабаб бўлса, у ҳам дунё-ю охиратда қаттиқ азобга дучор бўлади.
Киши ўз нафсини ўта қийнаши ва ибодат ишларида уни қаттиқ машаққатга дучор қилиши ҳам ўзига зарар етказишга киради. Аллоҳ таоло бандаларига машаққати бўлмаган қулай-енгил шариатни машруъ қилган. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185). Яна айтади: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).
Аллоҳ таоло намоз ва рўзада узр соҳиблари бўлмиш беморлар, мусофирлар ва хавф-хатар ҳолатида бўлган кишиларга хос ва уларнинг аҳволларига муносиб келадиган ҳукмларни машруъ қилди, бандаларига ибодатларда мўътадил ва давомий бўлишни машруъ қилди, ишларнинг яхшиси – оз бўлса-да эгаси унда давомий бўлганидир.
Ғулув кетиш (ҳаддан ошиқ чуқур кетиш) ва ўта қаттиқлаштиришдан қайтарди. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг» (Моида: 77).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283).
Ғулув деб машруъ бўлган чек-чегарадан ошириб юборишга айтилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга учта саҳобаларидан битталари умрбод рўзадор ўтишга, иккинчилари умрбод тунларини ухламасдан намоз билан ўтказишга, учинчилари ҳеч қачон уйланмасликка қарор қилганлари хабари етгач, уларга: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Эй Аллоҳнинг бандалари! Шундоқ экан, ибодатларингизда Китобу Суннатга эргашишга ҳаракат қилингиз! Сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганларидир.
4.07.2009.