Бизга боғланинг
Зикрнинг фазилати
Аллоҳ таолони тилда ва дилда ёд этиш, эслаш зикр дейилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
} فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ {
«Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!» (Бақара, 152).
}يا أَيَّهَا الَّذِيْنَ آمنُوْا اذْكُرُوْا اللهَ ذِكْرًا كَثِيْرًا{
«Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!» (Аҳзоб, 41).
}وَالذَّاكِرِيْنَ اللهَ كَثِيْرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيْمًا{
«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).
}وَاذْكُرْ رَبَّكَ فِيْ نَفْسِكَ تَضَرُّعاً وَخِيْفَةً وَدُونَ الْجَهْرِ مِنَ الْقَوْلِ بِالْغُدُوِّ وَالآصَالِ وَلاَ تَكُنْ مِنَ الْغَافِلِيْنَ{
«Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!» (Аъроф, 205).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
مَثَلُ الَّذِي يَذْكُرُ رَبَّهُ وَالَّذِي لاَ يَذْكُرُ رَبَّهُ مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ.
«Раббини зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кимсанинг фарқи тирик билан ўликнинг фарқи кабидир» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
أَلاَ أُنَبِّؤُكُمْ بِخَيْرِ أَعْمَالِكُمْ، وَأَزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيْكِكُمْ، وَأَرْفَعِهَا فِي دَرَجَاتِكُمْ، وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ إِنْفَاقِ الذَّهَبِ وَالْوَرِقِ، وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أَنْ تَلْقَوْا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أَعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أَعْنَاقَكُم؟ قَالُوا: بَلَى، قَالَ: ذِكْرُ اللهِ تَعَالَى.
«Сизларга амалларингиз ичида энг яхшисини, Эгаларингиз ҳузурида энг покизасини, даражаларингизни кўтарувчисини, олтину кумуш эҳсон қилишдан ҳам яхшироғини ва душманларингизга рўпара бўлиб, сизлар уларнинг, улар эса сизларнинг бўйинларингизга қилич уришларидан ҳам хайрлироғининг хабарини берайми?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У Аллоҳ таолонинг зикридир», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي، وَأَنَا مَعَهُ إِذَا ذَكَرَنِي، فَإِنْ ذَكَرَنِي فِي نَفْسِهِ ذَكَرْتُهُ فِي نَفْسِي، وَإِنْ ذَكَرَنِي فِي مَلأٍ ذَكَرْتُهُ فِي مَلأٍ خَيْرٍ مِنْهُمْ، وَإِنْ تَقَرَّبَ إِلَيَّ شِبْراً تَقَرَّبْتُ إِلَيْهِ ذِرَاعاً، وَإِنْ تَقَرَّبَ إِلَيَّ ذِرَاعاً تَقَرَّبْتُ إِلَيْهِ بَاعاً، وَإِنْ أَتَانِي يَمْشِي أَتَيْتُهُ هَرْوَلَةً.
«Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман. У Мени зикр қилганида Мен у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар у Мени жамоат (кишилар ораси)да зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ халқ-жамоат (ораси)да зикр қиламан. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар у Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен (томон)га юриб келадиган бўлса, Мен унга югуриб пешвоз чиқаман» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бир газ 65-75 см узунлигидаги ўлчов бирлигидир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ أَنَّ رَجُلاً قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ شَرَائِعَ الإِسْلاَمِ قَدْ كَثُرَتْ عَلَيَّ، فَأَخْبِرْنِي بِشَيْءٍ أَتَشَبَّثُ بِهِ. قَالَ: لاَ يَزَالُ لِسَانُكَ رَطْباً مِنْ ذِكْرِ اللهِ.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, Ислом(нинг нафл) амаллари менга кўпайиб кетди. Сиз менга (ўзи енгил, савоби кўп) бир нарсани ўргатинг, мен унга қаттиқ амал қилай», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тилинг ҳеч қачон Аллоҳнинг зикридан тўхтамасин», дедилар» (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
مَنْ قَرَأَ حَرْفاً مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لاَ أَقُولُ: الم حَرْفٌ، وَلَكِنْ: أَلِفٌ حَرْفٌ، وَلاَمٌ حَرْفٌ، وَمِيْمٌ حَرْفٌ.
«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана ёзилади. Мен «алиф, лом, мим» бир ҳарф, деб айтмайман. Лекин «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф, «мим» бир ҳарфдир» (Термизий ривояти).
عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ وَنَحْنُ فِي الصُّفَّةِ فَقَالَ: أَيُّكُمْ يُحِبُّ أَنْ يَغْدُوَ كُلَّ يَوْمٍ إِلَى بُطْحَانَ أَوْ إِلَى الْعَقِيْقِ فَيَأْتِيَ مِنْهُ بِنَاقَتَيْنِ كَوْمَاوَيْنِ فِي غَيْرِ إِثْمٍ وَلاَ قَطِيْعَةِ رَحِمٍ؟ فَقُلْنَا : يَا رَسُولَ اللهِ نُحِبُّ ذلِكَ. قَالَ : أَفَلاَ يَغْدُو أَحَدُكُمْ إِلَى الْمَسْجِدِ فَيَعْلَمَ – أَوْ يَقْرَأَ – آيَتَيْنِ مِنْ كِتَابِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ خَيْرٌ لَهُ مِنْ نَاقَتَيْنِ، وَثَلاَثٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ ثَلاَثٍ، وَأَرْبَعٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَرْبَعٍ، وَمِنْ أَعْدَادِهِنَّ مِنَ الإِبِلِ.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз суффада эканимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва: «Сизларнинг қайси бирингиз ҳар куни Бутҳон ёки Ақиққа бориб, ҳеч қандай гуноҳсиз, қариндош-уруғ ўртасини узмасдан, ўркачлари катта-катта бўлган икки туя олиб келишни хоҳлайди?» дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, барчамиз хоҳлаймиз», деб жавоб бердик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз масжидга эрталаб бориб, Аллоҳнинг китобидан икки оят ўрганмайдими ёки ўқимайдими? Бу унга икки туядан яхшироқ, учта оят унга уч туядан, тўрттаси тўртта туядан яхшироқдир. Оятлар сонига қараб туялар адади ортаверади» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
مَنْ قَعَدَ مَقْعَداً لَمْ يَذْكُرِ اللهَ فِيْهِ كَانَتْ عَلَيْهِ مِنَ اللهِ تِرَةٌ، وَمَنِ اضْطَجَعَ مَضْجَعاً لَمْ يَذْكُرِ اللهَ فِيْهِ كَانَتْ عَلَيْهِ مِنَ اللهِ تِرَةٌ.
«Ким бир жойга ўтириб, у ерда Аллоҳни зикр қилмаса, унга Аллоҳ таолодан бир қасос – тира бўлади. Бир ўринга ётиб, унда Аллоҳни зикр қилмаса, унга ҳам Аллоҳ томонидан бир қасос – тира бўлади» (Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадисда бундай дедилар:
مَا جَلَسَ قَوْمٌ مَجْلِساً لَمْ يَذْكُرُوا اللهَ فِيْهِ وَلَمْ يُصَلُّوا عَلَى نَبِيِّهِمْ إِلاَّ كَانَ عَلَيْهِمْ تِرَةٌ، فَإِنْ شَاءَ عّذَّبَهُمْ وَإِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُمْ.
«Қай бир қавм бирон даврада ўтириб, у ерда Аллоҳни зикр қилмасалар ва Пайғамбарларига салавот айтмасалар, уларга тира (қасос) бўлади. Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади (кечиради)» (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
مَا مِنْ قَوْمٍ يَقُومُونَ مِنْ مَجْلِسٍ لاَ يَذْكُرُونَ اللهَ فِيْهِ إِلاَّ قَامُوا عَنْ مِثْلِ جِيْفَةِ حِمَارٍ، وَكَانَ لَهُمْ حَسْرَةً.
«Аллоҳни зикр қилмасдан ўринларидан қўзғалган қавм эшак ўлимтиги каби нарса устидан турган (яъни унинг гўштидан тановул қилиб тургандек) бўладилар ва бу улар учун (қиёматда) ҳасрат бўлади» (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).