Бизга боғланинг
Зулматларни ёритувчи чироқлар (4)
4 – Охират зулмат, унинг чироғи эса, солиҳ амалдир
Тўртинчи зулмат: Охират зулмати
Охиратда зулматлар кўп бўлади; қабрда бошланган зулмат маҳшаргоҳда бўладиган зулматга улашиб кетади. Ундан сўнг “Сирот – кўприк” узра бўладиган зулматга рўбарў келинади. Зулматларнинг охиргиси эса, дўзахдадир. Ушбу зулматлардан Аллоҳ таоло Ўзи паноҳ берсин!
Қуръони Каримнинг баъзи сураларида мана шу зулматларга ишорат этувчи оятлар мавжуд. Улардан бири “Ҳадид” сурасидаги Аллоҳ таолонинг мана бу сўзидир: “У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: “Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб (фойдаланайлик), десалар, (уларга) “Ортингларга қайтиб нур истайверинглар”, дейилур. Сўнг улар (билан мўъминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат – жаннат, ташқарисида – олдида эса азоб – дўзах бўлур”. (Ҳадид сураси: 13)
Табарий ушбу оятни ўз тафсирларида қуйидагича шарҳ қиладилар:
“Ибн Аббос ва Абу Умомадан: “Қиёмат кунида одамларни зулмат қоплаб олади”-деб ривоят қилинган. Мовардий айтадилар: “Мен ушбу зулмат ҳисоб-китоб қилиниб, муҳокама очиқчасига адо этилгандан кейин воқеъ бўлади деб ўлайман, кейин эса, уларга бир нур ато эдиладики, унинг зиёсида юрадилар”.
Муфассирлар айтадилар: “Қиёмат куни Аллоҳ таоло мўъминларга амалларининг миқдорига яраша нур ато этади. Улар ўша нур билан “Сирот” устида юрадилар. Мунофиқларни алдаш мақсадида уларга ҳам нур берилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далилдир: “….У (Зот) уларни алдагувчидир”.
Қалбий айтдилар: “Мунофиқларнинг ўзларига нур берилмайди балки, улар мўъминларни нурларида юриб кетишаётган пайтда, Аллоҳ таоло бир шамол ва зулматни юбориб мунофиқлар фойдаланаётган нурни ўчириб кўяди. Шу пайтда Мўъминлар ҳам, ўз нурларидан мунофиқлар каби маҳрум бўлиб қолишларидан қўрқиб: “Эй Раббимиз! Бизларга нуримизни тўла қилиб бер!”— дейишади. Мунофиқлар ўз оёқларининг остини ҳам кўра олмайдиган даражада зулмат ичра қолиб кетишгач, мўъминлардан: “Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб (фойдаланайлик)”—деб сўрайдилар”. (Тафсири Табарий)
Тўртинчи чироқ: Солиҳ амал
Аллоҳ таолонинг “Таҳрим” сурасидаги: “…У Кунда Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида (уларнинг йўлларини ёритиб) юрур. Улар: “Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилгин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага Қодирдирсан”, дерлар” (Таҳрим: 8)-деб айтган мўъминлар ҳақидаги ушбу сўзида, солиҳ амалнинг Қиёмат кунидаги зулматларни тарқатиб юборишига далил бордир. Аллома шайх Абдурроҳман ас-Саъдий роҳимахуллоҳ айтадилар: “Қиёмат кунида Мўъминлар иймоннинг самараси – роҳатини кўриб, унинг зиёсида юриб турган пайтларида мунофиқларга (уларни алдаш учун) это этилган нурни ўчириб қўйилади. Буни кўрган мўъминлар ўзларига ато этилган нурни ҳам ўчириб қўйилишидан қўрқиб, Аллоҳ таоло уларнинг нурларини комил қилиб беришини У Буюк Зотдан илтижо қилиб сўрайдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат айлаб, уларга Ўзи марҳамат этган иймон нури билан жаннат ва Ўзининг улуғ живори(ҳамсоялиги, ҳимояси)га етказгай. Ушбу марҳаматларнинг барчаси насух–холис тавбанинг самарасидир”. (Тайсир ал-Карийм ар-Роҳман)
Азизлар! Мўъминларга шу дунёда қилган солиҳ амалларининг миқдорига қараб, “Қиёмат” куни нур ато этилади. Яъни, бу дунёда солиҳ амали кўп бўлган кишининг “Қиёмат”даги нури зиёда, солиҳ амални оз қилган кишининг нури эса, оз бўлади. Аллоҳ таолодан барчаларимизни ушбу дунёда солиҳ амални кўп қилиб, Қиёматдаги нуримизни кўпайтиришга муваффақ этишини сўраймиз.
5 – Сирот (жаҳаннам устига тортилган кўприк) зулматдир. Унга бўлган чироқ, яқийн – иймондир
Бешинчи зулмат: Сирот зулмaти
“Сирот”дан аввал ва унинг устида зулмат шу қадар кучли бўладики, унда фақат, Аллоҳ таоло солиҳ амал ва содиқ яқийн – қатъий иймон эгаларигагина нур это этур.
“Ақидатут-таҳовийя”нинг шориҳи айтадилар: “Сиротга иймон келтирамиз. У жаҳаннам устидаги кўприкдир. Одамлар мавқиф (ҳисоб-китоб учун тўхталинадиган жой)дан бўшасалар, “Сирот” олдидаги қоронғи-зулматга етиб борадилар. Чунончи, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва салламдан: “Еру осмонларни бошқа Еру осмонларга алмаштирилган кунда одамлар қаерда бўладилар”?—деб сўрашганида, У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар (у кунда) “Сирот – кўприк” олдидаги қоронғилик ичида бўладилар”-деб, жавоб бердилар”. (Абулиззул-Ҳанафий; “Ақидатут-таҳовийя”нинг шарҳи. Ҳадисни Имом Муслим ривоят қилганлар)
“Сирот” устида зулмат пайдо бўлиши ва одамларнинг амалларига яраша уларга нур ато этилишини Имом Ҳоким ривоят қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари баён қилиб беради: “Уларга иймонларига яраша нур ато этилади…. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини давом этказиб айтадилар:) “Баъзиларига ато этилган нур, унинг қошида тоғдек бўлиб туради ва баъзиларига бундада ортиқроқ нур берилади. Яна бошқа бировларига берилган нур эса, унинг ўнг ёнида салобатли хурмо дарахти каби гавдаланади ва баъзиларига бундан кўра озроқ ато этилади, ҳаттоки, охирги нур насиб этган кимсанинг нури оёғининг бош бармоғича бўлади, у нур гоҳида ёниб, гоҳида ўчиб туради. Ундай мўъмин, у нур зиё тарқатган пайтда “Cирот” узра олдинга одимлайди, зиёси ўчиб турган вақтда эса, тўхтаб туради. “У ҳам бошқа (мўъмин)лар ҳам “Сирот”дан ўтиб кетадилар. “Сирот” – қиличдек ўткир, тойғанчоқдир. Уларга унда: (Эй мўъминлар!) сизларга ато этилган нур миқдорига қараб ўтинглар,—дейилади”. (Ҳоким ривоятлари: Ақидатут-таҳовияни таҳқиқлаш пайтида ушбу ҳадисни Албоний: “Ушбу ҳадис саҳиҳдир”- дедилар)
Бешинчи чироқ: Яқийн – иймон
Шак-шубҳанинг зидди бўлган яқийн – қатъий иймон тасдиқ этишнинг энг олий даражасидир. У инсон тасдиқлаши лозим бўлган нарсани кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб кўргандек, шак-шубҳага ўрин қолдирмай, ўша нарсага қатъий ишонмоғидир.
Ушбу яқийн – қатъий иймон Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида, Унинг пайғамбари ўзининг муборак ҳадисларида хабарини берган ғайбий ишларга боғлиқ бўлса, ҳақиқий иймон соҳиби ўша ишларни кўзи билан кўрган, қўли билан ушлаган, қулоғи билан эшитган киши каби қатъий ишонч билан тасдиқламоғи лозимдир. Масалан, охират ҳақида сўз кетганда охират манзараларини кўз олдига келтириб, қатъий ишонч билан тасдиқлаб иймон келтирмоғи керак.
Мана шундай шубҳасиз яқийн – қатъий иймон насиб қилган киши, шу иймоннинг зиёсида “Сирот”ни босиб ўтишга қодир бўлади. Бу каби яқийн-қатъий иймон соҳибига дунё ҳаётида етган мусибатларини унинг иймони енгил қилиб кўяди. Ундай шахс бошига турли мусибатлар тушган пайтда ҳам эсанкираб қолмайди. Охиратда эса, иймонининг нури билан жаҳаннам устига тортилган “Сирот”дан тезлик билан ўтиб кетади.
Дўстлар! Жаҳаннам узра тортилган “Сирот” ва унда бўладиган қоронғи-зулматлар ҳақдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Ўша пайтда мўъминларнинг бу дунёда қилган солиҳ амалларига яраша это этилажак нур берилиши ҳам айтиб ўтганимиздек саҳиҳдир. Шунинг учун мўъмин киши ўша кунда нурсиз, қоронғи зулмат ичра ҳайратда қолиб кетмаслиги учун ҳаёти дунёда вақтини ғанимат билиб, солиҳ амалларни кўп ва хўб қилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни бу дунёда Ўзининг Сироти Мустақимида бардавом қилиб, охиратда жаҳаннам узра тортилган “Сирот – кўприк”дан яшиндек ўтмоғимизга муваффақ айласин ва дўзахдан паноҳ бериб, жаннатга насиб этсин!
Хотима ўрнида
Ҳурматли ўқувчи, улуғ саҳоба Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қимматли сўзларидан олган ўгитларимизни сиз билан ўртоқлашганимиздан сўнг хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки: инсон ушбу дунёда ҳақиқий мўъмин бўлиб ҳаёт кечирадиган бўлса, унинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам нурга тўлгай. У асло қоронғи-зулматларга тушиб қолмагай. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ китоби Куроъни Каримда, иймон келтирган мўъмин бандаларини Ўзига дўст тутиб, уларни қоронғи зулматлардан нурга олиб чиқишини ва иймон келтирмаган кофир кимсаларнинг дўстлари бўлмиш Шайтонлар уларни нурдан қоронғи зулматларга чиқаришларини хабар берди.
Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ мўъминларнинг Дўстидир. Уларни қоронғи – зулматлардан ёруғлик – нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик-нурдан қоронғи – зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар”. (Бақара сураси: 257)