Ўлимдан сўнг: Осий-гуноҳкорларнинг аҳволлари

    Кириш:

    Аҳли суннат вал жамоат қарор қилган нарсалардан бири – Қуръон ва суннатда баён қилинган куфр ишларни қилиб ҳужжат қоим бўлган ҳамда мажбурлик ёки жоҳиллик ёҳуд таъвил аломатлари кўринмаган гуноҳлардан бошқа гуноҳларни қилган қибладошлар устидан «кофир» дея ҳукм чиқармасликдир. Бинобарин, Оллоҳ таъоло ёки расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кофир эканликлари ҳақида ҳукм қилган мушрик, яхудий, насоро (христиан) ва бошқаларнинг кофирлигида шубҳа қилиш мумкин эмасдир.

    Шу ердан маълум бўладики, Оллоҳ таъолога шерик қилмаган ва Исломни бузадиган бирон ишни қилмаган, бироқ гуноҳ ва маъсиятларга қўл урган кимсалар, Оллоҳ таъолонинг хоҳишига хаволадирлар: уларни хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиради. Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмайди ва ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган кишиси учун кечиради» (Нисо: 48 ва 116).

    Гуноҳ қилган, бироқ у сабабли жаҳаннамда мангу қолинмайдиган ишларни Қуръон Карим талайгина оятлари ва расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадислари баён қилиб берди.

    Мен энди, истиғфор айтмаган осий-гуноҳкорларнинг ўлимларидан сўнгги аҳволларини, қудратим етганича, ожизона тақдим этаман.

    Намозни тарк этган ёки уни адо этишда сустлик ва ялқовлик қилган одамнинг аҳволи

    Намозни бутунлай тарк этган одам, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига кўра, Ислом динидан чиққан кофирдир: «Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасидаги фарқ – намоздир. Ким уни тарк этса, кофир бўлади» (Имом Термизий, ҳадис № 2623, Насоий: 1/ 231, 232 ва бошқа ривоятлар. Устозимиз Абдулазиз ибн Боз ва Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимахумоллоҳлар бу ҳадисни саҳиҳ, дедилар).

    Бошқа бир ривоятда расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «(Мўъмин) киши билан ширк ўртасидаги аҳд – намозни тарк этишдир»- дедилар (Имом Муслим, ҳадис № 82, Абу Довуд, ҳадис № 4678, Термизий, ҳадис № 2622).

    Вақтидан кечиктириш, ёки ухлаб қолиш ёҳуд буюрилганидек адо этишда камчиликларга йўл қўйган намозхонларга ҳам, гарчи улар кофир бўлмасаларда, жазолар белгиланган.

    Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу тарафидан ривоят қилинган узун ҳадисда шу сўзлар қайд қилинган. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз бириси ёнбошлаган, иккинчиси унинг бошида (қўлида) тош билан тик турган одамларнинг олдига етиб келдик. У (тик турган) ёнбошлаб ётганннинг бошига тош билан урмоқда. Тош унинг бошини мажақлаб, юмалаб кетмоқда. У тош орқасидан бориб яна (қўлига) олар экан, боши аввалги ҳолатига қайтмокда. Кейин ҳалиги одам яна қайтиб келиб, унга аввалги ишини такрорламоқда». Бу ҳадиснинг изоҳида, (боши мажақланган) одам – Қуръонни қўлига олиб (ўрганиб), кейин тарк этган ва фарз намозларидан ухлаб қолган одам экани таъкидланган. Ҳолбуки, Оллоҳ таъоло ҳам: «Намозларига бепарво бўлган намозхонларнинг ҳолларига войлар бўлсин!», деган (Маъувн: 4, 5).

    Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида шундай деди:

    «Улар ё доимо ёки кўпинча намозни (кирган) аввалги вақтидан охирги вақтига қадар кечиктирадилар, ёҳуд намозни буюрилганидек ўз рукн ва шартлари билан адо этиш ёҳуд намоздаги ҳушуъ ёҳуд намознинг мақсадларини тушунишда камчиликка йўл кўядилар. Лафз – бу нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Буларнинг биронтаси кимда топилса, унга бу ваъийднинг бир қисми берилади. Агар бу нарсаларнинг барчаси бирон кимсада топилса, унга бу жазо тўлалигича ижро этилади ва унда амалий нифоқ (мунофиқлик) камолига етади» (Ибн Касир тафсири: 4/ 554).

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам намоз ҳақида шундай дедилар: «Ким намозни (тарк этмай) риоя этса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлади. Ким намозни (тарк этиб) риоя этмаса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлмайди. У (банда) Қиёмат кунида Фиръавн, Қорун, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад: 2/ 169, Доримий: 2/ 301, ибн Хиббон, «Саҳиҳ», № 1467. Устозимиз Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни саҳиҳ, дедилар).

    (Изоҳ: юқорида зикри ўтган Фиръавн – Мусо алайҳиссалом даврида яшаб, пайғамбар даъватига қаршилик қилган ҳамда Оллоҳнинг интиқомига учраб, кофир ўлароқ ўлган золим подшоҳдир. Ҳомон – мазкур подшоҳнинг золим вазиридир. Қорун – мазкур подшоҳ даврида, Убай ибн Халаф эса расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган дунёга муккасидан кетган ҳамда Оллоҳнинг таълимотларига бўйсунмай кофир ҳолда ўлган шахслардир. Мутаржим изоҳи).

    Чунки, бу тўрт шахс ё бойлиги ё подшоҳлиги ё вазирлиги ёҳуд тижорати сабабли намоз ўқимаган эдилар. Шунинг учун ҳам намозни бойлиги сабабли ўқимаса Қорун, подшохлиги сабабли ўқимаса Фиръавн, вазирлиги сабабли ўқимаса Ҳомон, тижорати сабабли ўқимаса Мака савдогари – Убай ибн Халаф билан бирга Қиёмат куни бирга тирилади (Имом Заҳабий, «ал-Кабаир»: 16). Оллоҳ таъолодан ёрдамсиз қолиш ва бундай ҳолатлардан паноҳ сўраймиз.

    Закотни бермаган кимсанинг аҳволи

    Оллоҳ таъоло деди: «Олтин ва кумушни тўплаб, Оллоҳ йўлида сарфламаган кимсаларга аламли азобдан хабар беринг! У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва орқаларига босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилади)» (Тавба: 34, 35).

    Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Оллоҳ бойлик ато этган, бироқ унинг закотини бермаган кимсага (шу бойлиги) Қиёмат кунида кўз қорачиқлари қоп-қора катта илон бўлиб гавдаланади ва у (одам)ни оғизлари билан тишлайди-да: «Мен сенинг бойлигинг ва хазинангман!» дейди». Сўнгра расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқидилар: «Оллоҳ ўз лутфи билан ато этган нарсаларни қизғанган одам, бу бахилликларини ўзлари учун яхши бўлди деб ўйламасинлар. Балки, бу бахиллик – улар учун ёмонликдир. Бахиллик қилган нарсалари эса, Қиёмат кунида уларнинг бўйинларига ўралажакдир» (Оли Имрон: 180)» (Ҳадис № 1304).

    Имом Муслим ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Олтин ва кумуши бўла туриб закотини бермаган кимса учун Қиёмат кунида оловдан товоқлар қилинади. Бу товоқларни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у одамнинг биқини, пешонаси ва орқасига босилади. Улар совугани сайин, қайта (қизитилади). Бу бир кундаки унинг узунлиги эллик минг йилга тенгдир. Бу азоб бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, унинг йўли ё жаннат ва ёки жаҳаннам томон экани кўрингунича давом этади».

    Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, туя-чи?»- деб сўрадилар.

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Туяларнинг эгаси ҳам, уларнинг ҳақкини бермаса, Қиёмат куни бўлса улар учун кенг ва текис ер қилинади. У ерда биронта ҳам туя сиғмай қолмайди. Ва туялар уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Бир туя ўтганидан кейин, (навбатдаги) иккинчиси келади. Бу, муддати эллик минг йил бўлган кунда бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, унинг йўли ё жаннат ва ё жаҳаннам томон кўрингунича давом этади».

    Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, сигир ва қўйлар-чи?»- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: ««Сигир ва қўй эгаси ҳам уларнинг ҳақкини бермаса, Қиёмат кунида улар учун кенг ва текис ер қилинади. У ерга ҳамма (сигир ва қўйлари) сиғади. Ва улар ичидаги шохли, шохсиз ва шохи синган сигир ва қўйларнинг барчаси уни сузадилар ва туёқлари билан босадилар. Бир сигир ёки қўй ўтганидан кейин, (навбатдаги) иккинчиси келади. Бу, муддати эллик минг йил бўлган кунда бандалар ўртасида ҳукм қилиниб, банданинг йўли ё жаннат ва ё жаҳаннам томон кўрингунича давом этади» (Ҳадис № 987).

    Судхўрларнинг аҳволи

    Оллоҳ таъоло Қуръон Каримда Қиёмат – қайта тириладиган кунда судхўрларнинг ҳолини тавсифлар экан, уларнинг ёмон ҳолатда бўлишларини баён қилди: «Судхўрликни ейдиганлар (қабрларидан) худди Шайтон чалган одамлар каби (қайта) турадилар» (Бақара: 275).

    Яъни, улар Қиёмат кунида қабрларидан, мажнун, Шайтон чалган пайтидаги телбалигидан ўзига келганидек, қабрларидан турадилар.

    Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Судхўр – қиёмат кунида бўғилган телба каби (қабридан) туради»- деди (Ибн Касир тафсири: 1/ 326).

    Судхўрларнинг Қиёмат кунида хомиладор аёллар каби коринларининг шишиши, турганлари сайин янада шишиб, одамлар уларнинг коринлари устидан юришлари ҳам ривоят қилинган.

    Баъзи уламолар: «Бу – уларнинг Қиёмат кунидаги таниқлик белгиларидир. Азоб ва қийноқлар ундан кейин бўлади»- дедилар (Қуртубий тафсири: 3/ 354).

    Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан «Узун уйку (туш)» ҳадисини нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Биз бир дарёга етиб келдик». – Самура разияллоҳу анҳу менимича «қон каби кизил рангдаги дарёга» дедилар шекилли. –Дарёда бир одам сузар эди. Дарёнинг лабида эса бошқа бир киши бўлиб, у талайгина тошларни тўплаган эди. Сузаётган одам узоқ сузди-да, соҳилдаги одам олдига келди ва оғзини очди соҳилдаги одам унинг оғизига бир дона тошни ташлади. У сузиб кетди кейин ўша одамга яна қайтиб келди. У яна унинг оғзини очиб, тош билан тўлдирди»» (Имом Бухорий, ҳадис № 7048). Бу ҳадиснинг шарҳида сузган одамнинг судхўр эканлиги ифодаланди.

    Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ деди: «Сўдхўрнинг дарёда сузиш ва оғзига тош тўлдириш билан жазоланиши – судхўрликнинг (кўпинча) олтин билан бўлиши, олтин ранги эса кизил бўлишидир. Аммо фариштанинг судхўрнинг оғзига тош тўлдириши – судхўрликнинг судхўрга фойда бермаслигига ишоратдир. Зотан, судхўр бойлигининг кўпаяётганини хаёл қилади, бироқ, Оллоҳ унинг бойликларини нобуд қилади» (Фатхул-Борий: 12/ 445).

    Зоний ва зонияларнинг аҳволлари

    Оллоҳ таъоло зино (ношаръий жинсий алоқа)ни ҳаром қилди. Унинг Ислом динида ҳаром экани ҳаммага маълумдир. Шунинг учун ҳам, мусулмон эркак ва аёл, зинонинг ҳаром эканини жуда яхши билади. Оллоҳ таъоло деди: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у, бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир» (Исро: 32).

    Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Самура ибн Жундубдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис, барзах ҳаётида зоний ва зониялар ҳақида баён қилинган маълумотлардан биридир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам «Узун уйку (туш)» ҳадисида шундай дедилар: «Тандирга ўхшаган бир ерга келдик». Самура разияллоҳу анҳу: «Менимча расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «У ерда фарёд ва шовқинлар бор эди»- дедилар. – У ерга қарадик. У ерда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. Уларнинг остларидан олов кўтарилар, айни шу аснода улар фарёд солар эдилар…». Буларнинг кимлиги ҳақида сўралганида, у одамларнинг зоний ва зониялар экани баён қилинди (Имом Бухорий, ҳадис № 7047).

    Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди: «Уларнинг яланғоч бўлишлари – уларни расволикка лойиқликларидир. Чунки улар, одатда, жазосиз қолишни хоҳлар эдилар. Бироқ, «пардалари»нинг очилиши билан жазоландилар. Азобнинг остларидан келишининг сабаби эса, пастки аъзолари билан жиноят қилганликларидир» (Фатхул-Борий: 12/ 443).

    Мусулмон эркак ва аёл бу буюк гуноҳдан, бунга олиб борадиган: номаҳрам билан ёлғиз қолишдан, ёки аёллар пардозланиш, ўзларининг жозибали аъзоларини кўрсатишдан, ёки ўзи билан бирга чиқса уйланишни таклиф қилган, чиққанидан сўнг ўзининг шаҳвоний мақсадларига эришиб, ташлаб кетадиган фосиқларнинг тузоғларидан ва бошқа шу каби сабаблардан жуда ҳам эхтиёт бўлишлари керак.

    Ғийбатчи ва чақимчиларнинг аҳволи(*)

    (*) Ғийбат – бир инсон ҳақида ёмонликларни, гарчи унда бўлсада, гапиришдир. Чақимчилик эса – одамлар ўртасини бузиш учун гап ташишдир. Чақимчиликнинг ғийбатдан фарқи, унинг бузғунчилик қасдида бўлишидир. Ғийбатда эса бу шарт йўқдир. Ғийбат – ўзининг сўз юритилаётган одамга нисбатан айтилган ёмон сўзлар билан ажралиб туради. Бошқа жиҳатларда ғийбат ва чақимчилик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Қаранг: Фатхул-Борий: 10/ 469 – 473).

    Ҳозирги кунда чақимчилик ва ғийбатнинг бозори одамлар ҳусусан аёллар ўртасида қизиган. Шунинг учун ҳам, бу иллатларнинг иккисини ёҳуд бирини қилган одамлар учун берилажак жазоларни бошқаларга нисбатан кенгроқ ёритдим. Шояд Оллоҳ таъоло каминанинг –Оллоҳ менга офият бериб, афв этсин- ушбу камтарона сатрларимни бу иллатни юқтирганлар ва улар атрофидагилар учун эслатма-огоҳлантириш қилса. Оллоҳ таъоло барчамизни ғийбатчи ва чақимчиларнинг ёмонликларидан сақласин ва (уларни) биздан узок қилсин!.

    Ғийбатчи, чақимчи ва одамлар ўртасида фасод ва бузғунчиликларни ёядиган: одамлар ўртасини гап ташиш билан бузадиган, ўрталаридаги меҳр-мухаббатни нафрат-адоватга айлантирадиган одам – ўша одамлар энг бадбахт ва фосиқ одамдирлар. Улар бир тоифадан эшитган нарсаларини бошқа тоифага бошқача қилиб олиб борадилар. Уларнинг ўз хоҳишларига кўра сўзлайдиган тез ўзгарувчан тиллари бор. Шунинг учун ҳам, Оллоҳ таъоло уларни: «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай» (Хумаза: 1)- деб огоҳлантирди. Улар одамларни гаплари ва ҳаракатлари билан айблайдилар. Ҳолбуки улар, нафрат ва таҳқирга лойиқдирлар. Нега лойиқ бўлмасинлар? Ахир улар бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, хиёнат, гина, ҳасад ва алдовни тарк этмаяптилар-ку!

    Шунинг учун ҳам, қабр азобининг сабабларидан бири – одамлар ўртасида гап ташиб чақимчилик қилишдир.

    Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ёки Маккада, атрофлари девор билан ўралган бир ердан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозларини эшитдилар ва: «Улар азобланмоқдалар. Улар катта гуноҳ сабабли азобланмаяптилар!» улардан бири ўз бавли (сийдиги)дан сақланмас, бошқаси эса чақимчилик қилар эди …»- дедилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 218; Имом Муслим, ҳадис № 292; Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 20; Термизий, ҳадис № 70; Насоий: 1/ 28; 30; Ибн Можа, ҳадис № 347).

    Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мени Осмонга олиб чиқилганида юзлари ва кўкракларини тирнаётган мис тирнокли инсонларни кўрдим ва: «Эй Жибрил, булар кимлар?»- дедим. Жибрил: «Улар – одамларнинг гўштларини еб, шарафларини булғайдиган одамлар»- деди» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 4879; Имом Аҳмад, Муснад: 3/ 224. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди.

    Қатода разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга қабр азоблари уч қисмдан иборат эканини зикр қилдилар: учдан бири ғийбат, учдан бири сийдикдан сақланмаслик ва учдан бири чақимчиликдир» (Ибн Абид-Дунё, Китабус-сомти ва одобил-лисани: 129; Бу ҳадисни тадқиқ этган Абу Исҳоқ Ҳувайний: «Бу ҳадиснинг Қатодага қадар ривоят силсиласи ишончлидир»- деди).

    Ғийбатчи ва чақимчи бўҳтон гапириши аниқ бўлгани учун ҳам, бўҳтончи-каззобларга бериладиган жазолар билан огоҳлантирилгандир. Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган «Узун туш» ҳадисида қуйидаги сўзлар бор: «Юзининг бир томони билан юзтубан ётган одам олдига етиб келдик. Унинг устида бошқа биров қўлидаги учи илмоқди темир билан турарди. У, ётган одамнинг юзини (темир билан шундай тортдики), оғзининг бир тарафи, бурни ва кўзлари пешонасига қадар орқа томонига ўтиб кетди. Кейин ётган одамнинг бошқа томонига ўтди ва (юзнинг) биринчи томонида қилганини, иккинчи томонида ҳам қилди. Иккинчи томонни тугатмай туриб, биринчи томон аввалгидек ўз ҳолатига қайтди. Яна қайта аввалгидек (озоблаш) давом этди» (Имом Бухорий, ҳадис № 7047). Ҳадиснинг давомида азобланаётган одамнинг уйидан чиқиб, бутун оламни бўҳтонга тўлдирган одам экани баён қилинди.

    Чақимчига қаттиқ жазолар ваъда қилинган. Хузайфа разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилган: «Чақимчи жаннатга кирмас!» (Имом Бухорий, ҳадис № 6056; Имом Муслим, ҳадис № 105).

    Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу дунёда икки юзи бўлган одамнинг, Қиёмат кунида оловдан икки тили бўлади» (Абу Довуд, ҳадис № 4873; Имом Бухорий, ал-Адабул-Муфрад, ҳадис № 1310; Бағавий, Шарҳус-сунна, ҳадис № 3568. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларни айтганларини эшитганман: «Оллоҳ бир мўъмин ҳақида унда бўлмаган нарсани айтган одамни, шу айтган нарсасидан қайтмагунича телбалик лойига жойлаштиради» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3597; Имом Аҳмад, Муснад: 2/ 70. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

    Абу Яъло разияллоҳу анҳу Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан, улар эса расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: «Бу дунёда биродарининг гўштини еган одамга Қиёмат кунида ҳам шу гўшт яқинлаштирилади ва унга: «Буни тириклигида еган эдинг, энди ўлик ҳолда ҳам е!»- дейилади ва у ейди-да, қош-қовоғи осилиб, фарёд чекади» (Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, Фатҳул-Борий: 10/ 470. У бу ҳадиснинг ривоят силсиласи ишончли эканини ёзди).

    Мутакаббирларнинг аҳволи

    Амр ибн Шуайб разияллоҳу анҳу отасидан, у эса бобосидан ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мутакаббирлар Қиёмат кунида (кўпликларидан) қумурсқалар каби инсонлар шаклида жамланадилар. Уларни хорлик қамрайди ва жаҳаннамдаги «Булас» номли зиндонга хайдаладилар. У ерда мутакаббирларни олов ўрайди ва “тийнатул хобал” жаҳаннамдагилардан оқиб чиққан йиринглар билан суғориладилар» (Термизий, ҳадис № 2492. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

    Ҳолбуки, қумурсқа – ҳеч ким эътибор бермай босиб кетаверадиган митти махлуқдир.

    Етарли нарсалари бўла туриб, одамлардан гадойлик қилиб сўраган одамнинг аҳволи

    Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Етарли нарсалари бўла туриб, одамлардан гадойлик қилиб сўраган одамнинг шу сўраган нарсаси Қиёмат кунида унинг юзида бўлиб келади»- дедилар. Сахобалар: «Ё расулуллоҳ, етарли нарсанинг миқдори қанча?»- деб сўраганларида расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Эллик дирҳам ёки шу миқдордаги олтин»- деб жавоб бердилар». (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 1626; Термизий, ҳадис № 650; Насоий: 5/ 97; Ибн Можа, ҳадис № 1840. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

    Қўл остидагиларнинг ҳолидан хабар олмаган (ёки уларга кўринмаган) подшоҳ ва масъул шахсларнинг аҳволлари

    Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «У зот дедилар: «Одамлар ишига раҳбарлик қилган, бироқ, заиф ва хожатманд одамлардан яширинган (улардан хабар олмаган) одамдан, Қиёмат кунида Оллоҳ ҳам яширинади» (Имом Аҳмад, ал-Муснад: 5/ 238. Қаранг: аллома Албоний, ас-Силсилатус-саҳиҳа: 2/ 206).

    Бўҳтончи-каззобларнинг аҳволи

    Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу «Узок уйку (туш)» ҳадисида расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: ««Юзининг бир томони билан юзтубан ётган одам олдига етиб келдик. Унинг устида бошқа бир одам (фаришта) қўлида эгри темир билан турарди. У, ётган одамнинг юзини (темир билан шундай тортдики), оғзининг бир тарафи, бурни ва кўзлари пешонасига қадар шилинди. Кейин ётган одам юзининг бошқа тарафи билан юзтубан ётди. Тепасидаги одам (юзнинг) биринчи томонида қилганини, иккинчи томонида ҳам қилди. Иккинчи томонни тугатмай туриб, биринчи томон аввлгидек ўз ҳолатига қайтди. Яна қайта аввалгидек (жазолаш) давом этди» (Имом Бухорий, ҳадис № 7047). Ҳадиснинг шарҳида жазоланаётган одамнинг уйидан чиқиб, бутун оламни бўҳтонга тўлдирган одам экани баён қилинди.

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларни айтганларини эшитганман: «Оллоҳ бир мўъмин ҳақида унда бўлмаган нарсани айтган одамни, шу айтган нарсасидан қайтмагунича телбалик лойига жойлаштиради» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3597; Имом Аҳмад, Муснад: 2/ 70. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деди).

    Ёктирмасликларига қарамай одамларнинг сўзларига ўғринча қулоқ солиш ва улар зарарига жосуслик қилиш

    Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Одамлар ёктирмаган ёки қочсаларда, уларнинг сўзларига қулоқ солган одамнинг кулоғига Қиёмат кунида эритилган қўрғошин қуйилади» (Имом Бухорий, ҳадис № 7042).

    Одамларнинг сўзларига ўғринча қулоқ солиб қилинган жосуслик ғийбат, чақимчилик ва каззобликнинг бир парчаси бўлгани учун ҳам, унга берилган жазолар ҳам айнандир.

    Рассомларнинг аҳволи

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Бу (жонли махлуқлар) сурат(и)ни чизган кимсалар, Қиёмат кунида азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизни тирилтиринглар!»- дейилади» (Имом Бухорий, ҳадис № 4951; Имом Муслим: 3/ 1668).

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳума деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бу дунёда сурат чизган одамни Қиёмат кунида (шу суратга) руҳ киритишга мажбур қилинади ва у кирита олмайди (Имом Бухорий, ҳадис № 5963; Имом Муслим, ҳадис № 100 ва № 2110).

    Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланадиганлар – рассомлардир»- деб айтганини эшитганман» (Имом Бухорий, ҳадис № 5950; Имом Муслим, ҳадис № 2109).

    Гўянда (ўлик учун овоз чиқариб йиглаган) нинг аҳволи

    Абу Молик Ашарий разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Гўянда ўлимидан аввал тавба қилмаса, Қиёмат кунида эгнида эритилган кўрғошиндан иштони ва қўтир совут билан қайта тирилтирилади» (Имом Муслим, ҳадис № 934).

    Яъни, гўяндага эритилган кўрғошин кийдирилади ва баданларига совут қоплаганидек қўтир ва қичима қоплатилади.

    Маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган одамнинг аҳволи

    Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Маст қилувчи барча нарса – ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган одамга тийнатул-хобални ичириш – Оллоҳнинг зиммасидаги аҳддир»- дедилар. Сахобалар: «Тийнатул-хобал» нимадир?»- деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У – жаҳаннамдагиларнинг терлари» ёки «йиринглари»- дедилар» (Имом Муслим, ҳадис № 2002).

    Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Маст қилувчи барча нарса – шароб (вино)дир ва барча шароб ҳаромдир. Бу дунёда муккасидан кетиб шароб ичган ва тавба қилмаган одам, уни охиратда ичмайди» (Имом Муслим, ҳадис № 2003).

    Олтин ва кумуш идишларда еб-ичган одамнинг аҳволи

    Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кумуш идишда ичган одамнинг қорнида жаҳаннам олови гулдурайди» (Имом Бухорий, ҳадис №5634). Бошқа бир ривоятда: «Кумуш ва олтин идишда еб-ичган одамнинг қорнида жаҳаннам олови гулдурайди» (Имом Муслим, ҳадис № 2065).

    Ўз жонига қасд қилган одамнинг аҳволи

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Тоғ устидан ўзини отиб ўлдирган одам – жаҳаннамга киради ва жаҳаннам тубига шунғиб кетади-да, у ерда мангу қолади. Заҳар ичиб ўзини ўлдирган одам, (ўша) заҳари қўлида, уни ичиб, жаҳаннам оловида абадул-абад қолади. Бирон бир темир билан ўзини ўлдирган одамнинг қўлида ўша темири бўлиб, мангу қоладиган жаҳаннамда қорнига суқиб туради» (Имом Бухорий, ҳадис № 5778; Имом Муслим, ҳадис № 109);

    «ўзини бўғиб ўлдирган одам, ўзини жаҳаннамда бўғади. Ўзига (пичоқ каби нарсаларни) суққан одам, жаҳаннамда (ўша нарсаларни) суқиб туради» (Имом Бухорий ривояти, ҳадис № 1365).

    Етимлар молини ноҳақ еган ва уларга зўравонлик билан эгалик қилган одамнинг аҳволи

    Оллоҳ таъоло деди: «Етимлар молини ноҳақ еганлар, қоринларида оловни емоқдалар ва тез кунда жаҳаннамга кирадилар» (Нисо: 10).

    Яъни, етимлар молини ҳеч бир сабабсиз ноҳақ еган одамлар, Қиёмат кунида қоринларида гулдураган оловни ейдилар (Қуртубий тафсири: 5/ 53, 54; Ибн Касир тафсири: 1/ 456).

    Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят нақл қилинган: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Етти ҳалок қилувчи гуноҳдан узоқ бўлингиз!»- дедилар. Сахобалар: «Улар нима нарсалардир?»- деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳга шерик қилиш, сеҳргарлик, Оллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш (ҳақли бўлса ўлдириш мумкин), етимлар молини ейиш, (жиҳодда) ҳужум кунида ортга чекиниш, ғофила мўъмина иффатли аёлларга (зино билан) туҳмат қилиш»- деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 2766; Имом Муслим, ҳадис № 89).

    Одамларнинг кўчмас мулк каби эгадорлик ҳуқуқларини тортиб олган ёки уларга хиёнат қилган одамнинг аҳволи

    Саид ибн Зайд разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллалмнинг: «Ким (бировнинг) ерини тортиб олиб зулм қилган бўлса, Қиёмат кунида унинг бўйнига ана шу ерни етти қати билан илиб қўйилади» – деб айтганларини эшитганман» (Имом Бухорий, ҳадис № 2452; Имом Муслим, ҳадис № 1610; Термизий, ҳадис № 1418; Имом Аҳмад, «ал -Муснад»: 1/ 188, 189).

    Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни нақл қилди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: (Бировнинг) ер(и)дан бирон парчасини ноҳақ олган одамни Ернинг еттинчи катига қадар (ерга) юттирилади» – дедилар» (Имом Бухорий, ҳадис № 2454).

    Яъло Мурра разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Бир қарич ерни ноҳақ олган кимсани Оллоҳ (ўша ерни) еттинчи қатига қадар қазишга мажбур қилади, кейин Қиёмат кунида одамлар ўртасида ҳукм қилингунигача (бўйнига) ўраб қўйилади» (Ибн Хиббон: 11/ 568; Имом Аҳмад, «ал-Муснад»: 4/ 173).

    Имом Аҳмад ибн Ханбалнинг ривоятида шу жумла бор: «Ким бирор ерни ноҳақ олган бўлса, унинг тупроғини маҳшарга ташиб келишга мажбурланади» («ал-Муснад»: 4/ 172, 173).

    Абу Яълонинг ривоятида эса шу жумлалар бор: «Мусулмонларнинг йўлларидан бир қарич олган кимса, Қиёмат кунида етти қат ерни ташиб келади» (Ибн Ҳажар, «Фатхул-Борий»: 5/ 104. Ҳадиснинг ривоят силсиласи ишончлидир).

    Ҳорис ибн Барсо разияллоҳу анҳу деди: «Мен расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг икки Жамра (хаж пайтида тош отиладиган жойлар) ўртасида юрар эканлар: «Фожир (бўҳтон) қасам билан мусулмон одамнинг моли (ери)дан бир қарич олган кимса, жаҳаннамдан уйини тайёрлаб олсин!»- деганларини эшитганман» (Ибн Хиббон, «Саҳиҳ»: 11/ 570; Хоким, «ал-Мустадрак»: 4/ 294, 295).

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар ва ғулул-ғанимат тақсим қилинишидан аввал яширинча олинган нарса ҳақида сўзладилар. Ғулулнинг катта гуноҳ ва унинг оқибатлари ёмон эканини айтдилар: Сизлардан бирингизни Қиёмат кунида бўйнида маъраб турган эчки, кишнаб турган от турганини кўрмайин. У Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!»- дейдиган бўлса. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!» – дейман. Сизлардан бирингизни бўйнида ўкираётган туя бўлади ва у Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!» – дейди. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!» – дейман. Сизлардан бирингизни бўйнида шалвираган ямок (кийимлар) турганида кўраман ва у Менга: «Ё расулуллоҳ, менга ёрдам беринг!»- дейди. Мен унга: «Мен сенга бирон фойда бера олмайман, Мен сенга етказган эдим!»- дейман»» (Имом Бухорий, ҳадис № 3073; Имом Муслим, ҳадис № 1831).

    Бу ҳадиснинг маъноси: хиёнатчи, гувоҳлар ҳузурида расво бўлиши учун, хиёнат қилган ҳар бир нарсасини хоҳ ҳайвон, хоҳ инсон, хоҳ олтин-кумуш ва хоҳ бошқа нарса бўлсин, бўйнига илиб келади. Бу – Оллоҳ таъолонинг: «Ким хиёнат қилса, хиёнати билан бирга келади» (Оли Имрон: 161) оятининг тафсиридир.

    Гўзаллигини номахрамларга кўрсатиш учун пардоз қилган хотин-кизларнинг аҳволлари

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам пардозли хотин-кизларнинг Қиёмат кунидаги аҳволлари ҳақида берган хабарларида, уларнинг жаннатга киришдан узоклаштирилишлари ва (кириш учун) кечикишлари баён қилинган.

    Имом Муслим ўз «Саҳиҳ» ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл этди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг икки тоифаси борки, мен уларни кўрмадим» – дедилар. «улар ярим-ялангоч кийинган, ўзига мойил қилиб, нозланиб юрадиган, бошлари эса туянинг эгилган ўркачи каби аёллар. Улар жаннатга кирмайдилар, жаннатнинг бўй-ҳидлари фалон-фалон (узок) масофалардан келсада, унинг ҳидини ҳам топа олмайдилар». (Имом Муслим, ҳадис № 2128).

    Аёлларнинг (номаҳрамлар кўрсин дея) пардоз-андоз қилишлари катта гуноҳлардан экани, шубхасиздир. Чунки, бу гуноҳни қилган хотин-қизлар учун қаттиқ ваъийд ва жазолар айтилган ва уларнинг пардозлари сабабли жаҳаннам аҳлидан бири бўлиб қолишлари мумкиндир.

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: «Дунёда кийинган қанча-қанча хотин-қизлар борки, охиратда яланғочдирлар», дейилган (Имом Бухорий, ҳадис № 115; Термизий, «Сунан», ҳадис № 2196; Имом Молик, «ал-Муваттоъ»: 2/ 913).

    Сўнгги ҳадис қуйидагича тафсир қилинди:

    1 – Аёл бу дунёда бойлиги ва кўп кийимлари билан кийинган, бироқ, қилган солиҳ амаллари йўқлиги сабабли охиратда кийимсиз-яланғоч бўлади;

    2 – Аёл бу дунёда кийинган, бироқ, кийимлари шаффоф бўлгани учун авратларини тўса олмаган ва охиратда қилган бу иши эвазига яланғочлик билан жазоланади;

    3 – Аёл бу дунёда Оллоҳнинг неъматларини кийган, бироқ, самаралари охиратда савоб бўлиб кўринадиган шукроналардан ялангоч (шукрона келтирмаган) бўлади;

    4 – Аёлнинг кийимлари баданини тўсган, бироқ, рўмолини орқасига ташлаган-да, кўкрақлари ва жисмининг айрим ерлари очиқ қолган. Натижада, у яланғоч хисобланган ва охиратда унга яраша жазо бўлади;

    5 – Аёл бу дунёда солиҳ умр йўлдошига турмушга чиққан, бироқ, охиратда амалсиз яланғоч қолиб, эрининг солиҳлиги унга фойда бермаган. Зотан Оллоҳ таоло: «У кунда насаблар фойда бермайди»- деган (Мўъминун: 101).

    Бундай хотин-қизлар бу дунёда шараф ва мансаб кийимини кийган бўлсаларда, охиратда жаҳаннамда яланғоч қолишлари эҳтимолдан ҳоли эмас («Фатхул-Борий»: 13/ 23).

    Ақлли хотин-қизлар бу даҳшатли манзара ва пардоз олиб бораётган натижалар ҳақида бир ўйланиб кўрсинлар!

    Бу манзара ва оқибат ҳақида, ҳижоб воситаларидан бири бўлган рўмоли ва ёпнчиқларини фитнали ва жозибали қилиб олганлар тафаккур қилиб кўрсинлар!

    Булар ҳақида ўзини мўъмин ва мўъминалар учун фитна қилиб, уларни жаннатнинг равон йўлларидан адаштирган хотин-қизлар фикр юритиб кўрсинлар!

    Оллоҳ таъоло Қиёмат кунида гапирмайдиган, қарамайдиган ва покламайдиган ҳамда аламли азоб берадиган кимсалар

    Оллоҳ таъоло ўзининг гаплашмаслиги, қарамаслиги, покламаслиги ва аламли азоблар тайинлангани билан огоҳлантирган кўплаб оят ва ҳадислар бор. Бу каби кимсаларнинг баъзилари қуйидагилардир:

    Оллоҳ таъоло нозил қилган Китобларни яширган олимлар

    Улар бу китоблардаги илм-таълимотларни ҳоким-подшоҳларни рози қилиш, бирон бир манфаатга эришиш ёки дунёвий фойдалар учун яширадилар. Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳ индирган Китоб (илми)ни яшириб, уни озгина пул эвазига сотаётган кимсалар коринларида оловни емоқдалар. Оллоҳ уларга Қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бордир. Улар залолатни ҳидоят, азоб-қийноқни эса мағфират-кечирим эвазига сотиб олдилар. Улар жаҳаннам (олови)га қандай сабр қиладилар-а?!» (Бақара: 174, 175).

    Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ деди: ««Оллоҳ уларга Қиёмат кунида гапирмайди» – яъни, Оллоҳ улар билан раҳмат ва уларни севинтирадиган нарсалар билан гаплашмайди. Балки, улар билан қўполлик билан гаплашади. Оллоҳ таъолонинг уларга нисбатан ғазабнок бўлиши ҳам нақл қилинган. Зотан ҳалқ ўртасида: «У бу одам билан гаплашмайди, чунки у, ундан ғазабланган» жумласи истеъмол қилинади» (Имом Бағавий, «Маъалимут-Танзил» (тафсир): 1/ 141).

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирон илмдан сўралган ва у илмни яширган кимсани, Оллоҳ таъоло Қиёмат кунида жаҳаннам олови билан жиловлайди»» (Абу Довуд, Сунан, ҳадис № 3658; Термизий, Сунан, ҳадис № 2651).

    Оллоҳ таъолога берган аҳдларини бузган ва қасам-онтларини озгина пул эвазига сотган ҳамда арзимас шахсий манфаатлари учун бўҳтон касам ичган кимсалар

    Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳнинг аҳди ва қасамларини арзимас пулга сотаётганларга, ўшаларга охиратда насиба йўқдир ҳамда Оллоҳ уларга гапирмас, қарамас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб-қийноқлар бордир» (Оли Имрон: 77).

    Кийимларини оёқ тўпиқларидан пастга тушириб юрган эркак, миннатчи, матоси сотилиши ёки мақбул бўлиши учун бўҳтон қасам ичган кимса

    Абу Зар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа инсонлар борки, уларга Қиёмат кунида Оллоҳ таъоло гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди. Уларга аламли азоб-қийноқлар бор»- деб, уч марта такрорладилар». Мен: «Улар зарар ва зиён кўрар эканлар! Улар кимлар, ё расулуллоҳ!»- дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Кийимларини оёқ тўпиқларидан пастга тушириб кийган одам, миннатчи ва матосини бўҳтон қасам билан ўтказган кимса» – дедилар» (Имом Муслим, ҳадис № 106).

    Сув танқис бўлган жойда яшаган, бироқ, ўзида етарли, балки ортиқча суви бўла туриб, сўраганларга бермаган одам ва унга ўхшаганлар, имом (раҳбар)га дунё мато ва манфаатлари учун байъат қилган одам

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одам борки, Оллоҳ уларга Қиёмат кунида гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди ҳамда уларга аламли азоб-қийноқ бордир: саҳро-чўлда ортиқча суви бўла туриб мусофирга бермаган, аср вақтидан сўнг матосини фалон-фалон нархга сотиш илинжида Оллоҳ номига онт ичган ва харидор уни тасдиқлаган сотувчи ҳамда дунё (матолари) учун имом (раҳбар)га байъат қилган: дунё матоларини берса вафодор, бермаса бевафо бўлган одам»» (Имом Бухорий, ҳадис № 2358, № 2369, № 2672, № 7212, № 7446; Имом Муслим, ҳадис № 108). Ҳадис лафзи имом Муслимники.

    Зоний чол, каззоб подшоҳ, кибрли камбағал

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одамга Оллоҳ Қиёмат кунида гапирмайди, қарамайди ва уларни покламайди ҳамда уларга аламли азоб бордир: зоний чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал» (Имом Муслим, ҳадис № 107).

    Ота-онасига оқ бўлган одам, эркакларга кийиниши ва ҳаёт тарзида тақлид қилган аёл ва даюс – махрамларидаги ёмон ишларни кўра-била туриб рашки келмаган эркак

    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одам борки, Оллоҳ Қиёмат кунида уларга қарамайди: ота-онасига оқ бўлган одам, ўзини эркакларга ўхшатган аёл ва даюс. Уч тоифа одам борки, улар жаннатга ҳеч ҳам кирмайдилар: ота онасига оқ бўлган одам, муккасидан кетиб маст қилувчи ичимликларни ичган (пиёниста) ва берган нарсасини миннат қилган миннатчи» (Насоий, Сунан: 5/ 80; Ибн Хузайма, «ат-Тавҳид»: 634- б.; Имом Аҳмад, ал-Муснад: 2/ 134; Ибн Хиббон, ал-Маворид: 566 Хоким: 4/ 136 – 147. Албоний, ас-Силсилатус-саҳиҳа: 674).

    Мухтарам китобхон! Бу – бу ерга қадар баъзи гуноҳкор-осийларнинг аҳволлари ва тавба қилмай вафот этсалар ёки Оллоҳ таъоло кечирмаса, ўлганларидан сўнг дуч келишлари мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида нақл қилганимиз сатрлардир.

    Хуллас, Оллоҳ ғазабига сабаб бўлувчи гуноҳларни қилган ва бу гуноҳлари учун каффоротлар бермай ёки истиғфор айтмай вафот этган барча мувахҳидлар, Оллоҳ таъолонинг хоҳиши остидадирлар: хоҳласа уларни кечиради, хоҳласа азоблайди. Азоблаш эса, ўлимдан сўнгра бўлади.

    Агар банда қабрида азобланса, азобланиш Қиёмат кунига қадар давом этади. У бир муддат азобланиб, бир муддат азобланмаслиги ҳам мумкин. ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ бу масалани ўзининг «ар-Руҳ» китобида батафсил ёритгандир («ар-Руҳ»: 1/ 370).

    Осий-гуноҳкор, юқорида – закот бермаган одамлар мавзусида айтиб ўтганимиздек, Маҳшаргоҳда ҳам азобланиши мумкин.

    Гоҳо осий-гуноҳкорлар жаҳаннамга кириб, гуноҳлардан поклангунларига қадар у ерда қолиб, кейин чиқадилар. Бу – расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларида баён қилинган: «Тавҳид аҳлидан бўлган одамлар жаҳаннамда кўмир бўлгунларига қадар азобланадилар, кейин улар раҳматга сазовор бўладилар-да, (жаҳаннамдан) чиқадилар ва жаннат дарвозаси олдига ташланадилар». «Жаннат аҳли улар устидан сув сепадилар. Улар селдан кейин майсалар қандай унса, шундай унадилар, кейин эса жаннатга кирадилар» (Термизий, ҳадис № 600; Имом Аҳмад, «ал-Муснад»: 3/ 391; Албоний, ас-Силсилатус-саҳиҳа», ҳадис № 2451).

    Бу маънога яъни, мусулмонлар ҳам қилган гуноҳлари эвазига Оллоҳ қанчалигини билган бир муддат давомида жаҳаннамга киришларига далолат қилган, бундан бошқа ҳадислар ҳам кўпдир. Мисол тариқасида имом Муслимнинг «Саҳиҳ»идаги № 182 ҳадисдан № 197- ҳадисгача қаранг.

    Қиёмат куни нажот бўладиган барча нарсани қилиш, сустлик ва дунё ҳаётига қайтишни ҳамда ўлим фаришталари жонни олиш учун келганларини кўриб умрни узайтиришни умид қилиш замони келмай туриб, имконият қўлда бўлган пайтда Оллоҳ таъоло ғазабланадиган нарсалардан Оллоҳга тавба қилиш учун шошилиш керак. Оллоҳ таъоло деди: «Оллоҳ муддати-ажали келгани замон ҳеч бир жонни (ўлдиришни) кечиктирмайди. Оллоҳ сизлар қилаётган ишлардан бохабар зотдир» (Мунофиқун: 11).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963