005. Расулуллоҳ (сав): насаблари, туғилишлари, улғайишлари

    Расулуллоҳнинг (сав) насл-насаблари ва оилалари
    Расулуллоҳ (сав) насаблари

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабларини уч қисмга бўлиш мумкин: Муаррихлар ва насабшунослар билиттифоқ тўғри деб топган қисм (Аднонгача бўлган шажара), саҳиҳлиги хусусида кимдир сукут қилиб, кимдир салбий фикр билдирган қисм (Аднондан Иброҳим алайҳис-саломгача бўлган шажара) ва орасида носаҳиҳ ўринлар борлиги шубҳасиз бўлган қисм (Иброҳим алайҳис-саломдан Одам алайҳис-саломгача чўзилган шажара). Биз юқорида уларнинг баъзиларига ишора қилиб ўтган эдик. Қуйида мазкур қисмларни тўлиқ санаб ўтамиз:

    Биринчи қисм: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолиб (исми Шайба) ибн Ҳошим (исми Амр) ибн Абдуманоф (исми Муғийра) ибн Қусой (исми Зайд) ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр (Қурайш унинг лақаби бўлган ва қабила Фиҳрнинг ана шу лақаби билан аталиб кетган) ибн Молик ибн Назр (исми Қайс) ибн Кинона ибн Ҳузайма ибн Мудрика (исми Омир) ибн Илёс ибн Музор ибн Низор ибн Маъад ибн Аднон.

    Иккинчи қисм: Аднон ибн Удад ибн Ҳамайсаъ ибн Саламон ибн Авс ибн Бувз ибн Қомвол ибн Убай ибн Аввом ибн Ношид ибн Ҳаззо ибн Балдос ибн Ядлов ибн Тобих ибн Жоҳим ибн Ноҳиш ибн Мохий ибн Ийз ибн Абқар ибн Убайд ибн Даъа ибн Ҳамдон ибн Санбар ибн Ясрибий ибн Яҳзан ибн Ялҳан ибн Аръаво ибн Ийз ибн Дийшан ибн Айсар ибн Афнад ибн Айҳом ибн Муқсир ибн Ноҳис ибн Зориҳ ибн Самий ибн Музий ибн Авза ибн Аром ибн Қайдор ибн Исмоил алайҳис-салом ибн Иброҳим алайҳис-салом.

    Учинчи қисм: Иброҳим алайҳис-салом ибн Торах (исми Озар) ибн Ноҳур ибн Соруъ (ёки Соруғ) ибн Роуъ ибн Фолах ибн Обир ибн Шолах ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ алайҳис-салом ибн Ломик ибн Матушалха ибн Ахнух (Ахнухни Идрис алайҳис-салом деювчилар ҳам бор,) ибн Ярд ибн Маҳлаил ибн Қайнон ибн Онуш ибн Шис ибн Одам алайҳис-салом.

    Пайғамбар хонадони:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боболари Ҳошим ибн Абду Маноф номидан олинган Ҳошимийлар сулоласига мансубдирлар. Бинобарин, биз Ҳошим ва ундан кейингилар ҳаётига ҳам бир қур назар ташлаб ўтамиз.

    1) Ҳошим:

    Бану Абду Маноф билан Бану Абду-д-Дор Байтуллоҳга тегишли хизматларни ўзаро тақсимлаб олишгач, Абду Маноф тасарруфига ўтган рифодат ва сиқоятга Ҳошим эгалик қиладиган бўлди. Қавми орасида обрў-эътибори кучли ва бадавлат киши бўлган Ҳошим Маккада биринчи бўлиб ҳожилар учун сарид[1]тайёрлатди. Ана шу егуликни тайёрлатиш учун нонни майдалагани боис Ҳошим (майдаловчи) номини олган. Унинг асл исми Амр эди. Қурайш ичида машҳур бўлган қиш ва ёз сафарини ҳам Ҳошим жорий қилган. (Қурайш қишда Яманга, ёзда Шомга тижорат сафарига чиқарди).

    Шомга тижорат сафарига чиққан Ҳошим Мадинага келгач, Бану Адий ибн Нажжор қабиласидан Салмо бинти Амрга уйланди. Салмонинг олдида бироз тургач, уни ота-онасининг қарамоғида қолдириб ўзи Шомга йўл олди. Ўшанда Салмо Абдул Муттолибга ҳомиладор эди. Ҳошим Фаластиннинг Ғаззо деган ерида вафот этади. 497 милодийда Салмонинг кўзи ёриб, Абдул Муттолиб дунёга келди. Гўдакнинг бошида оқ соч борлиги учун унинг исмини Шайба (оқлик, қарилик) деб қўйишди. Шайба Ясриб (Мадина)да бобоси Амрнинг уйида тарбия топди. Шайбанинг Маккадаги ота уруғлари у ҳақда ҳеч нарса билмасди. Ҳошимнинг Шайбани қўшиб ҳисоблаганда тўрт ўғли ва беш қизи бор эди. Ўғиллари: Асад, Абу Сайфий, Назла ва Шайба (Абдул Муттолиб). Қизлари: Шифоъ, Холида, Заифа, Руқайя ва Жанна.[2]

    2) Абдул Муттолиб:

    Сиқоят ва рифодат Ҳошимдан кейин унинг укаси Муттолиб ибн Абду Маноф қўлига ўтди. Муттолиб қавми ичида жуда катта обрў-эътиборга эга бўлиб, одамлар уни очиқ қўллиги учун Файёз (тўлиб-тошган) деб атарди. Шайба Мадинада улғайиб, етти ё саккиз яшар бўз бола ёшига етганида Муттолиб унинг борлигидан хабар топди. У акасининг ўғлини излаб йўлга отланди. Муттолиб жияни Шайбани кўрганида кўзларида ёш билан уни бағрига босди ва туясига ўтиргизди. Шайба онасидан бесўроқ Маккага кетолмаслигини айтди. Муттолиб Салмодан Шайбани Маккага олиб кетишга изн сўради. Она рози бўлмади. Муттолиб: «У отасининг мулкига, Аллоҳнинг ҳарамига боради!» дегандагина Салмо розилик берди. Муттолиб жияни Шайбани туясининг орқасига ўтқизиб Маккага келганида одамлар: «Бу Абдул Муттолиб (яъни, Муттолибнинг қули)», дейишди. У: «Ҳой, ғам ютгурлар, ахир бу акам Ҳошимнинг ўғли-ку!», деди. Шундай қилиб, Абдул Муттолиб Маккада яшаб қолди. Муттолиб Ямандаги Радмон деган жойда ҳаётдан кўз юмгач, унинг ўрнига Абдул Муттолиб ўтирди. Оталари ишини давом эттирган Абдул Муттолиб шаън-шарафда барча аждодларидан ўзиб кетди. Қавми уни яхши кўрар ва қаттиқ ҳурмат қиларди.[3]

    Муттолибнинг вафотидан кейин Навфал Абдул Муттолибнинг қўлидагиларни куч билан тортиб олди. Абдул Муттолиб амакисига қарши Қурайшдан ёрдам сўради. Қурайшликлар: «Биз сен билан амакинг ўртасига тушмаймиз», дейишди. Абдул Муттолиб Бану Нажжорлик тоғаларига байтлар битиб, улардан кўмак сўради. Унинг тоғаси Абу Саъд ибн Адий саксонта суворий ҳамроҳлигида йўлга чиқди. Улар Абтоҳга етиб келишганда Абдул Муттолиб пешвоз чиқиб, отдан тушишга таклиф қилди. «Йўқ», – деди Абу Саъд – «Аллоҳга қасамки, Навфал билан кўришмагунимча тўхтамайман». Абу Саъд Навфални Ҳижрда, Қурайш улуғлари билан ўтирган ерида топди ва қиличини суғуриб шундай деди:

    – Каъбанинг Эгасига қасамки, тортиб олганларингни синглимнинг ўғлига қайтариб бермасанг, мана шу қилич билан чопиб ташлайман!

    Навфал «Қайтариб бердим!», деди ва ўз сўзига Қурайш улуғларини гувоҳ қилди. Абу Саъд Абдул Муттолибникида уч кун турди, сўнг умра қилиб Мадинага қайтиб кетди. Ана шу воқеалардан кейин Навфал Абду Шамс ибн Абду Маноф уруғи билан Бану Ҳошимга қарши иттифоқ тузди. Бану Нажжорнинг Абдул Муттолибга ёрдам берганини кўрган Хузоа «Абдул Муттолиб сизларга қандай фарзанд бўлса, бизларга ҳам худди шундай фарзанд, биз унинг ёнини олишга ҳақлироқмиз!», дейишди. Чунки Абду Манофнинг онаси Хузоадан эди. Шундай қилиб, Хузоа Дорун-Надвага кирди ва Абду Шамс ҳамда Навфал Уруғига қарши Бану Ҳошим билан иттифоқ тузди. Айнан мана шу иттифоқ кейинчалик Макка фатҳига сабаб бўлдики, бу ҳақда ўз ўрнида тўхталамиз.[4]

    Абдул Муттолиб даврида Каъба ишига боғлиқ икки муҳим воқеа бўлиб ўтди:

    • Биринчиси: Зам-зам қудуғининг қазилиши
    • Иккинчиси: Фил воқеаси

    Биринчи воқеанинг қисқача баёни: Абдул Муттолибга тушида Зам-замнинг ўрни кўрсатилади ва уни қазишга буюрилади. Қазишга киришган Абдул Муттолиб у ерда Журҳум қабиласи Маккани ташлаб чиқишларидан олдин кўмиб кетган нарсаларни: қиличлар, совутлар ва олтиндан ясалган икки кийикни топади. Абдул Муттолиб қиличларни Каъбанинг эшигига ишлатди. Тилла кийикларни эса Каъбанинг эшигига қоплама қилдирди. Ҳожиларга Зам-зам сувидан улашишни йўлга қўйди. Зам-зам қудуғи қазилгач, Қурайш Абдул Муттолибга «Бизни ҳам шерик қиласан» деб даъво қилди. Абдул Муттолиб: «Бундай қилмайман, бу иш менга хослаб берилди», деди. Қурайш уни тинч қўявермаганидан кейин ҳаммалари муҳокама учун Бану Саъднинг коҳини ҳузурига йўл олишди. У Шомда эди. Йўлда борарканлар, сувлари тугаб қолди. Шунда Аллоҳ таоло Абдул Муттолибни ёмғир билан сийлади, Қурайшга эса бир томчи ҳам сув тушмади. Улар буни Зам-замнинг фақат Абдул Муттолибга тегишли эканини билдирувчи аломат деб кўриб, ортларига қайтишди. Ана шунда Абдул Муттолиб «Аллоҳ менга ўнта ўғил берса ва улар мени ҳимоя қиладиган ёшга етишса, уларнинг бирини Каъба олдида қурбонлик қилиб сўяман», деб назр қилди.[5]

    Иккинчи воқеанинг қисқача баёни: Нажошийнинг Ямандаги ноиби ҳабаш Абраҳа ибн Саббоҳ арабларнинг Каъбага ҳаж қилишларини кўриб, Санъода улкан черков қурди ва арабларнинг ҳажини шу ерга кўчирмоқчи бўлди. Бундан хабар топган Бану Киноналик бир киши тунда черковга кириб, унинг меҳробини нажосат билан булғаб кетди. Ана шу ишдан кейин Абраҳа дарғазаб бўлиб, олтмиш минг кишилик улкан қўшин билан Каъбани вайрон қилишга отланди. Унинг ўзи энг катта филни танлаб олганди. Абраҳа қўшинида тўққиз ёки ўн учта фил бор эди. Абраҳа Муғаммасга етиб келгач, қўшинни кўздан кечирди, филини ҳозирлади ва Маккага киришга шайланди. Муздалифа билан Мино ўртасидаги Муҳассир (яйдоқ) водийсида фил чўккалаб олди ва Каъба томон юришдан бош тортди. Филни жануб, шимол ёки шарққа қаратсалар, у ўрнида туриб югуришга тушарди. Каъбага бурганларида эса чўкиб оларди. Абраҳанинг одамлари фил билан машғул пайтларида Аллоҳ таоло уларнинг устига тўп-тўп қушларни жўнатди. Сополдан бўлган тошларни қушлар қўшинга қарата отди. Аллоҳ таоло Абраҳанинг лашкарини чайнаб ташланган сомон каби қилиб ташлади. Қалдирғочдек келадиган бу қушларнинг ҳар бири тумшуғида битта ва панжаларида иккита нўхотдек тошни кўтариб олган эди. Кимга тош келиб тегса, ўша кимсанинг аъзолари узилиб туша-туша ҳалок бўларди. Тош уларнинг ҳаммасига келиб тегмаган. Абраҳанинг қўшини бир-бирини босиб, янчиб қочишга тушди. Улар йўлларда қолдиқларини қолдириб, ҳар ерда жонсиз жасадларини ташлаб кетардилар. Аллоҳ таоло Абраҳага шундай бир дард бердики, бу дард туфайли унинг бармоқ учлари узилиб туша бошлади. Санъога етмасларидан Абраҳанинг жуссаси жўжадек бўлиб қолди. Охири кўкси ёрилиб, жон таслим қилди.

    Абраҳанинг қўшинидан қўрқиб тоғ дараларига тарқалиб кетган, баланд-баланд жойларга чиқиб олган Қурайш лашкар ер билан яксон бўлгач, тинч-омон ўз уйларига қайтиб келди.[6]

    Мазкур воқеа муҳаррам ойида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан 50 ёки 55 кун олдин бўлиб ўтди. Бу милодий 571-йилнинг феврал ойи охирларига ёки мартнинг бошларига тўғри келади. Аллоҳ таоло ўзининг Пайғамбари ва Уйига ана шундай марҳамат кўрсатди. Байтул Мақдис атрофида мусулмонлар яшаса-да, Аллоҳ душманлари бўлган мушриклар у ерга бостириб киришган. Милоддан аввал 587-йилда Бухтунассар қўшини ва милодий 70-йилда румликлар Байтул Мақдисни босиб олишган. Бироқ Каъбанинг атрофида мушриклар яшаса ҳам, ўша пайтнинг мусулмонлари саналмиш насороларни Аллоҳ таоло Каъбага қўймади.

    Мазкур воқеа овозаси ўша кунлардаги вазият эътибори билан ҳам олис-олисларга етиб борарди. Чунки ҳабашларнинг румликлар билан алоқаси жуда кучли бўлгани боис, форслар улардан кўз узмай туришарди. Форслар учун румликлар ва уларнинг иттифоқдошлари бошига тушган ҳар бир нарса муҳим эди. Шунинг учун мазкур воқеадан кейин форслар тезда Яманга етиб келишди. Аслида бу икки кучли давлат – Рум ва Форс империяси ўша пайтда тараққий топган дунёнинг асосий қисми саналарди. Бинобарин, Фил воқеаси бутун оламни Байтуллоҳнинг муқаддас ва шарафли жой сифатида танланганига амин қилди. Демак, ҳамманинг кўз ўнгида турган ана шу Каъба аҳлидан кимдир пайғамбарлик даъвоси билан чиқса, бу айнан Фил воқеаси тақозо қилган ва иймон аҳли бўлган насороларга қарши араб мушриклари учун нима сабабдан фавқулодда илоҳий нусрат берилганини изоҳлайдиган ҳақиқат бўлар эди.

    Абдул Муттолибнинг ўнта ўғли бўлган: Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ҳамза, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ, Муқаввим, Зирор ва Аббос. Баъзилар ўғиллар сонини ўн битта деб, Қусамни ҳам киритишган. Ўғилларни ўн учта деювчилар эса Абдул Каъба ва Ҳажлни ҳам қўшишган. Абдул Каъба деб Муқаввим, Ҳажл деб Ғайдоқни айтилган, Абдул Муттолибнинг Қусам исмли ўғли бўлмаган, дейилади. Абдул Муттолибнинг қизлари олтита бўлган: Уммул Ҳаким – яъни Байзо, Барра, Отика, Софийя, Арва ва Умайма.[7]

    3) Расулуллоҳ (сав)нинг оталари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолиб

    Унинг онаси Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқзо ибн Мурра эди. Абдуллоҳ Абдул Муттолибнинг энг яхши, покиза ва суюкли ўғли эди. Ўғилларининг сони ўнтага етиб, уларнинг ҳимоясига таяниш мумкинлигига амин бўлгач, Абдул Муттолиб ўғилларига ўзининг бир вақтлар қилган назрини маълум қилди. Ўғиллар отанинг иродасига бўйсунишди. Абдул Муттолиб ўғилларининг исмларини қуръа ташланадиган ўқларга ёзиб Ҳубал ходимига берди. Қуръа ташланганида Абдуллоҳнинг номи чиқди. Абдул Муттолиб қўлига ўткир тиғ олиб, Абдуллоҳни етаклаб Каъба томон юрди. Бироқ Абдуллоҳнинг сўйилишига Қурайш, хусусан, унинг Бану Махзумлик тоғалари ва оғаси Абу Толиб қарши чиқди.

    – Ахир, мен назр қилганман-ку?! – деди Абдул Муттолиб. Улар Абдул Муттолибга аррофа – коҳин аёл олдига боришни маслаҳат беришди. Абдул Муттолиб аррофанинг ҳузурига келди. Коҳин аёл унга Абдуллоҳ ва ўнта туяга қуръа ташлашни, агар Абдуллоҳнинг номи чиқса, то Робби рози бўлгунга қадар туялар сонини ўнтага ошираверишни маслаҳат берди. Абдул Муттолиб қайтиб келиб аррофа ўргатганидек иш тутди. Бироқ қуръа ҳар сафар Абдуллоҳга чиқарди. Ота ҳар гал туялар сонига ўнта туя қўшиб бошқатдан қуръа ташларди. Ниҳоят, туяларнинг сони юзтага етганида, қуръа Абдуллоҳга эмас, туяларга чиқди. Абдул Муттолиб ўғлининг эвазига юзта туя қурбонлик қилди-да, уларни на бир инсон ва на бир ҳайвон ман қилинмайдиган гўшт сифатида ташлаб кетди. Дия, яъни хун пули шу пайтгача Қурайшда ҳам, бошқа арабларда ҳам ўнта туя эди. Абдуллоҳ воқеасидан кейин хун пули юзта туяга чиқди ва буни Ислом ҳам ўз ўрнида қолдирди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исмоил алайҳис-салом ва оталари Абдуллоҳни назарда тутиб: «Мен икки қурбоннинг ўғлиман», деганлари ривоят қилинган.[8]

    Абдул Муттолиб ўғли Абдуллоҳга Омина бинти Ваҳб ибн Абду Маноф ибн Зуҳра ибн Килобни келин қилиб танлади. Отаси Бану Зуҳранинг бообрў саййиди бўлган Омина Қурайшнинг насл-насабда ва фазл-фазилатда энг олди қизи эди. Абдуллоҳ Омина билан Маккада қовушди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Абдул Муттолиб Абдуллоҳни хурмо ғамлаш учун Мадинага жўнатди. Баъзилар Абдуллоҳ Шомга тижорат сафарига чиққан эди, дейишади. Қурайш карвони билан йўлга чиққан Абдуллоҳ касал ҳолида Мадинага кириб келади ва шу ерда вафот этади. Уни Нобиға Жаъдийнинг ҳовлисига дафн қилишади. Ўшанда Абдуллоҳнинг ёши йигирма бешда эди. Аксарият муаррихлар Абдуллоҳ вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали туғилмаган эдилар, дейишади. Баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ойлик чақалоқ эканликларида оталари вафот этган, деб айтишади.[9] Абдуллоҳнинг вафоти ҳақидаги хабар Маккага етиб келганида Омина унга атаб дилларни эзадиган марсиялар айтди:

    Ҳайҳот, Батҳо водийлари бугун ундан йироқларда
    Ибн Ҳошим лаҳаддан жой топди, юриб фироқларда.
    Ўлим келмиш хитоб айлаб, олиб кетмиш шитоб айлаб,
    Борми унингдек бир йигит, куярман мен сўроқларда.
    Тунда тобутин дўстлари издиҳомда узатдилар,
    Кузатдилар уни, аммо зикри қавму қўноқларда.[10]

    Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибдан бор-йўқ қолган нарса бешта туя, бир қанча қўйлар ва Барака исмли ҳабаший жория бўлди. Умму Айман куняси билан танилган бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энагалик қилди.[11]

    Расулуллоҳнинг (сав) таваллудлари ва рисолатгача бўлган қирқ йил
    Таваллудлари:

    Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Кисро Ануширвон ҳукмронлигига қирқ йил тўлганида, Фил ҳодисасининг биринчи йилида робийъул аввал ойининг тўққизинчи куни душанба тонгида Маккада, Бану Ҳошим оиласида дунёга келдилар. Улкан олим Муҳаммад Сулаймон Мансурпурий аниқлашига кўра, бу мелодий 571-йилнинг йигирманчи ёки йигирма иккинчи апрелига тўғри келади.[12]

    Ибн Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Оминанинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Уни туққанимда (тушимда) фаржимдан бир нур чиқиб, Шом қасрларини ёриштириб юборди». Имом Аҳмад ҳам Ирбоз ибн Сориядан шунга ўхшаш ривоятни нақл қилган.[13]

    Нубувватдан дарак берувчи аломатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган пайтларида ҳам рўй берган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро кўшкининг ўн тўртта улкан устуни қулаб тушган, мажусийлар сиғинадиган олов ўчиб қолган ва Сова кўли қуриб қолгач, унинг атрофидаги канисалар қулаб тушган. Табарий, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар.[14] Бироқ бу ривоятларнинг исноди собит эмас, ёзиб қолдирилишга лойиқ ушбу воқеалар ҳақида мазкур халқлар тарихида бирон нарса ёзилмаган.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида оналари Омина боболари Абдул Муттолибга севинч хабарини жўнатди. Набирасининг дунёга келганидан қувонган Абдул Муттолиб келиб гўдакни Каъбага олиб кирди. Аллоҳга дуо қилиб, шукроналар айтиб набирасига Муҳаммад деб исм қўйди – Араблар одатда бундай исм қўйишмасди – Абдул Муттолиб араблар одатига кўра, набирасини еттинчи куни хатна қилдирди.[15]

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оналаридан бир ҳафта кейин энг биринчи эмизган аёл Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба бўлган. Ўша пайтда унинг ҳам Масруҳ исмли гўдаги бор эди. Сувайба бунгача Ҳамза ибн Абдул Муттолибни ва кейин Абу Салама ибн Абдул Асад Махзумийни эмизган.[16]

    Бану Саъдда:

    Арабларда шундай одат бор эди: Шаҳар аҳли болалари соғлом, бақувват, шаҳар касалликларидан саломат бўлиши ва тоза араб тилига бешикданоқ тиллари ўрганиши учун гўдакларига саҳройи аёллардан эмизувчилар қидиришарди. Абдул Муттолиб ҳам набираси Муҳаммадга эмизувчи қидирди. Унинг набирасини Бану Саъд ибн Бакр қабиласидан Ҳалима бинти Абу Зувайб эмизишга олди. Ҳалиманинг эри ҳам мазкур қабиладан бўлиб, унинг исми Ҳорис ибн Абдул Уззо, куняси эса Абу Кабша эди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бану Саъддаги эмикдошлари: Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Аниса бинти Ҳорис ва Ҳузофа ёки Жузома бинти Ҳорис. (Унинг Шаймо деган лақаби исмидан кўра машҳурроқ бўлган.) У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у кишининг амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдул Муттолибни катта қилган.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдул Муттолиб ҳам Бану Саъдлик бир аёлга эмизишга берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эмизувчи оналари Ҳалиманинг қўлида эканликларида Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Бану Саъдлик онаси бир куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизади. Шу сабабли Ҳамза розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки томонлама – Сувайба ва Бану Саъдлик аёл томонидан сутдош ҳисобланади.[17]

    Ҳалима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни тарбия қилар экан, бу муборак гўдакнинг баракоти ва шарофатига кўп бора гувоҳ бўлди. Келинг, ана шу ҳақиқатни Ҳалиманинг ўзидан эшитайлик:

    Ибн Исҳоқ ёзади: Ҳалима шундай ҳикоя қилади: «Мен эмизикли боламни олиб, эримнинг ҳамроҳлигида Бану Саъдлик аёлларга қўшилиб эмизишга бола олгани йўлга чиқдим. Ўша йили қурғоқчилик бўлиб, бизнинг ҳеч вақомиз қолмаганди. Мен оқиш эшагимни миниб олгандим. Бизнинг бир қари туямиз ҳам бўлиб, унинг елини бўм-бўш эди. Гўдакларимизнинг очликдан чирқирашлари сабабли тун бўйи ухлаёлмасдик. Кўкрагимда уни жим қиладиган, туямизда эса тўйдирадиган ҳеч нарса йўқ эди. Биз ёмғир ёғиб, аҳволимиз ўнгланишини умид қилардик. Хуллас, ўша эшагимда имиллаб юриб, ҳолсизлик ва очлик сабабли ҳамроҳларимнинг ҳам жонига тегиб кетдим. Ниҳоят, Маккага етиб келдик. Биз билан келган ҳар битта аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эмизишга олишни таклиф қилишди. Бироқ ҳамма бу болани олишдан бош тортди. Чунки у етим эди. Биз асосан, боланинг отасидан бирон нарса ундиришни умид қилардик. «Бу бола ўзи бир етим бўлса, унинг онаси билан бобоси нима ҳам қилиб берарди», деб уни олишни истамасдик. Мен билан келган ҳамма аёл эмизишга бола олди. Битта ўзим қолдим. Қайтиб кетмоқчи бўлганимизда, хўжайинимга шундай дедим: «Аллоҳга қасамки, ҳамроҳларимнинг ичида ёлғиз ўзим боласиз қайтишни истамайман. Энди бориб, ўша етим болани оламан.» У: «Шундай қила қол. Эҳтимол, Аллоҳ ўша болани бизга баракотли қилар!», деди. Бориб ўша болани эмизишга олдим. Мен фақат бошқа бола топа олмаганим учунгина шу ишга жазм қилдим. Болани олиб нарсаларимиз ёнига қайтдим. Уни бағримга олишим билан икки кўкрагимга тўлиб сут келди. Бола тўйгунича эмди. Кейин унинг эмикдоши ҳам тўйгунича эмди. Сўнг ҳар иккиси ухлаб қолишди. Шу пайтгача боламиз туфайли ухлаёлмасдик. Эрим туямизнинг олдига бориб унинг елини сутга тўлиб турганини кўрди. У сут соғиб келди. Иккаламиз ҳам сут ичиб, тўйиб-қониб, тунни яхши ўтказдик. Тонг отгач, хўжайиним деди:

    – Билгинки, эй Ҳалима, Аллоҳга қасамки, сен бир муборак болани олдинг.

    – Мен ҳам шундай деб умид қиламан.

    Сўнг эшагимга миниб, болани қўлимга олиб йўлга тушдим. Аллоҳга қасамки, эшагим шундай йўрғалашга тушдики, ҳамроҳларимдан биротасининг эшаги ундай юра олмасди. Хатто улар менга бақира бошлашди:

    – Эй Абу Зувайбнинг қизи! Ҳолингга вой бўлгур, бизни ҳам кутиб тур! Бу уйингдан миниб чиққан ўша эшагингми?!

    – Ҳа, ўша, ўша! – дедим.

    – Аллоҳга қасамки,унга бир нарса бўлибди!

    Сўнг Бану Саъд ерларига – ўз уйимизга келдик. Мен Аллоҳ ерининг бирон бир қисми мана шу ер каби қуриб-қақшаган эканини билмайман. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Бану Саъдга олиб келганимиздан кейин қўйларимиз кеч кирганда қоринлари тўйиб, елинлари сутга тўлиб қайтиб келарди. Биз уларни соғиб ичардик. Бошқа ҳеч ким бир томчи сут соғмас, елинларда сут ҳам топмасди. Ҳатто қавмдагилар ўз қўйчивонларига: «Ҳой ғам юткурлар, сизлар ҳам Абу Зувайб қизининг чўпони қўйларни боқадиган ерга ҳайдасаларинг-чи?», деб тайинлашарди. Барибир уларнинг қўйлари оч қайтиб, бир томчи ҳам сут бермас, бизнинг қўйларимиз эса тўйиб, сутга тўлиб келарди. Аллоҳнинг ана шундай фазлу-баракотлари билан икки йил ўтди. Мен болани сутдан ажратдим. У бошқа болаларга ўхшамасди. Икки ёшга тўлмасидан аломат бола бўлди. Болани онасининг олдига олиб келдик. Биз унинг баракотини кўрганимиз учун уни ўзимизда олиб қолишни истар эдик. Онаси билан гаплашиб, унга шундай дедим: «Ўғлимни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) катта бўлгунга қадар бизда қолдирсангиз. Мен унга Макканинг вабоси тегишидан қўрқяпман.» Хуллас, охири онасини кўндирдик ва у болани бизга бериб юборди.»[18]

    Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Саъдда қолдилар.

    Кўксининг ёрилиши:

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларининг тўртинчи ёки бешинчи йилида «Шаққу содр» (кўксининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг улушини чиқариб ташланиши) воқеаси бўлиб ўтди. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалар билан ўйнаб юрганларида, Жибрийл келиб у кишини ерга ётқизади ва кўкракларини ёриб юрагини чиқариб олади. Юракдан бир қуюқ қонни олиб ташлаб: «Бу шайтоннинг сиздаги улуши эди», дейди. Сўнг тилла тоғорадаги Зам-зам суви билан юракни ювиб, ўнглаб-яхшилаб кейин жойига солиб қўйди. Болалар онанинг, яъни, Ҳалиманинг олдига югуриб келиб: «Муҳаммадни ўлдиришди», дейишди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаршилаганларида, у зотнинг ранглари ўзгариб кетган эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен у зотнинг кўксиларида ўша тикилган ип изларини кўрар эдим».[19]

    Мушфиқ она бағрига:

    Ана шу воқеадан кейин қўрқиб кетган Ҳалима бу муборак болани онасига олиб бориб берди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олти ёшларигача оналарининг бағрида яшадилар. Омина эрининг хотирасига вафо қилиб, Ясрибга, унинг қабрини зиёрат қилишга отланди. Маккадан тақрибан беш юз километрлик масофага сафар қилар экан, унинг ёнида етим ўғли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ходимаси Умму Айман ва қаровчиси Абдул Муттолиб бор эди. Омина Ясрибда бир ой тургач, изига қайтди. Йўлда касалга чалиниб, сафарининг бошларидан дарди оғирлашди ва Макка билан Мадина оралиғидаги Абво деган жойда вафот этди.[20]

    Меҳрибон бобо қарамоғида:

    Абдул Муттолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Маккага олиб келди. Эски жароҳатлари яна бир мусибат билан тирналган бу етим набирага нисбатан Абдул Муттолибнинг қалби меҳрга тўла эди. Бинобарин, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳеч қайси фарзандига қилмаган меҳрибонликларини қиларди. Етим набирасини кутилганидек ёлғизликка ташлаб қўймасдан, ҳатто ўз болаларидан ортиқ кўрарди.

    Ибн Ҳишом ёзади: Каъба соясига Абдул Муттолиб учун тўшак тўшаб қўйиларди. Абдул Муттолиб чиққунга қадар фарзандлари тўшакнинг теварагидан жой олар ва отасининг ҳурмати учун ҳеч бири тўшакка ўтирмас эди. Ўша пайтда ёшгина бола бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, тўшакка ўтириб олардилар. Амакилари пайғамбаримизни тўшакдан четлаштирмоқчи бўлишарди. Агар Абдул Муттолиб буни кўриб қолса: «У ўғлимга тегинманглар. Аллоҳга қасамки, у улуғ одам бўлади!» дер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёнига ўтирғизиб, елкаларини силар ва қилаётган ишидан қувонар эди.[21]

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларидан саккиз йил, икки ой ва ўн кун ўтгач, Абдул Муттолиб Маккада вафот этди. Ҳаётдан кўз юмар экан, Абдул Муттолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарашни Абдуллоҳ ибн Абдул Муттолибнинг туғишган акаси Абу Толиб ибн Абдул Муттолибга васият қилиб кетди.[22]

    Ғамхўр амаки хонадонида:

    Абу Толиб укасидан қолган ёдгорга астойдил ғамхўрлик қилди, уни ўз болалари қаторига қўшиб, улардан-да муқаддам қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида бир меҳр-муҳаббат билан қараган Абу Толиб қирқ йилдан зиёдроқ вақт мобайнида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, ёнларини олиб ва Пайғамбаримизни деб кимнидир дўст, кимнидир душман тутиб яшади. Иншааллоҳ, бу ғамхўрликнинг айрим кўринишлари билан ўз ўрнида танишиб ўтамиз.

    Хосиятли бола:

    Ибн Асокир Жалҳума ибн Урфутадан ривоят қилади: Қурғоқчилик йили Маккага келган эдим. Қурайш Абу Толибга шундай деди:

    – Эй Абу Толиб, водийлар қақшаб, бола-чақа сувсиз қолди. Кел, ёмғир тилагин.

    Абу Толиб бир болани етаклаб келди. Бамисоли қуёшдек бўлган бу боладан кучли нур тараларди. Унинг атрофида ёш болалар бор эди. Абу Толиб болани олиб, елкасини Каъбага қилиб қўлларини болага чўзди. Осмонда бир парча ҳам булут йўқ эди. Бирдан ҳар ер, ҳар ердан булут йиғилиб келиб қаттиқ ёмғир қуйди. Водийлар тўлиб-тошиб чор-атроф кўм-кўк бўлди. Абу Толиб ана шу воқеага ишора қилиб қуйидаги байтни айтган эди:

    Порлоқ юзин восита қилиб
    Булутлардан ёмғир сўралур.
    Етимларнинг суянчиғию
    Беваларнинг ҳомийси эрур.
    Роҳиб Баҳийро:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки ёшга кирганларида — баъзилар 12 ёш, икки ой ва ўн кун бўлган дейишади — Абу Толиб у зотни олиб Шомга тижорат сафарига чиқди. Улар Бусрога етиб келишди. Бусро Шом ерларидаги Ҳавроннинг бош шаҳри. Ўша пайтларда у румликлар ҳукми остидаги араб ерларига кирувчи қасаба-шаҳар саналарди. Хуллас, ўша шаҳарда Баҳийро номи билан танилган Георгий исмли роҳиб яшарди. Қурайш карвони келиб қўнгач, роҳиб уларнинг олдига чиқди. Баҳийро авваллари уларнинг олдига чиқмасди. Карвон аҳлини оралаб, улар ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва у кишининг қўлларидан тутиб: «Бу оламларнинг саййиди, Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб жўнатади!» деди.

    – Сиз буни қаердан биласиз? – сўрашди.

    – Сизлар тепаликдан ошганларингизда барча тош ва дов-дарахтлар сажда қилди. Улар фақат пайғамбарларгагина сажда қилишади. Мен уни кураги остидаги нубувват муҳридан танийман. Биз уни китобларимизда ўқиганмиз.

    Баҳийро карвон аҳлини меҳмон қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Шомдаги яҳудийлар ва румликлар зарар етказишидан қўрқиб Абу Толибдан уни Шомга олиб бормасликни ва орқага қайтариб юборишни ўтинди. Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғуломларидан бирига қўшиб Маккага қайтариб юборди.[23]

    Ҳарбул фижар:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма ёшга кирганларида Қурайш — Киноналиклар улар билан бирга эди — билан Қайс Айлон ўртасида Сувқи Укозда уруш бўлиб ўтди. Урушнинг сабаби – Киноналик Барроз исмли бир киши Қайс Айлонлик учта одамни ўлдириб қўйган эди. Қурайш ва Кинонанинг саркардаси қавмнинг ёшда ва шарафда улуғи саналмиш Ҳарб ибн Умайя бўлди. Эрталаб Қайснинг қўли баланд келса-да, кун ўрталарига бориб зафар Кинона қўлига ўтди. Сўнг Қурайшнинг ташаббуси билан икки тараф сулҳга чорланди. Сулҳ шартига кўра, икки томоннинг ҳам ўликлари санаб чиқилиб, ортиқчасига хун пули тўланадиган бўлди. Уруш ҳаром қилинган ой поймол этилгани боис, бу уруш «Ҳарбул фижар», яъни қонунсиз уруш номини олди. Ана шу жангда пайғамбаримиз ҳам қатнашганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларига камон ўқи ҳозирлаб бериб турганлар.[24]

    Хайрли иттифоқ:

    Ҳарбул фижардан сўнг Зул-қаъда ойида хайрли бир иттифоқ тузилди. Мазкур иттифоққа Қурайшнинг қуйидаги уруғлари бош қўшди: Бану Ҳошим, Бану Муттолиб, Асад ибн Абдул Уззо, Зуҳра ибн Килоб ва Тайм ибн Мурра. Улар ёши ва обрў-эътибори улуғ бўлгани учун Абдуллоҳ ибн Жудъон ат-Таймийнинг ҳовлисида тўпланишди. Иттифоқ аъзолари Маккада шу ерлик ёки бошқа жойдан келган бирон кишига зулм қилинса, унинг ёнини олишга ва ҳақини ундириб беришга ўзаро аҳд қилишди. Мазкур иттифоқда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бўлганлар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни рисолат билан мукаррам этганидан кейин У зот шундай деган эдилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида шундай бир иттифоқнинг гувоҳи бўлган эдим-ки, бу иттифоқнинг эвазига мен учун қизил туялар берилишини-да истамасдим. Агар унга исломда чақирилсам ҳам, албатта жавоб берардим!»[25]

    Аслида бундай иттифоқ руҳи қавмпарастликни тарғиб қиладиган жоҳилий ҳамиятга мутлақо тўғри келмасди. Ушбу иттифоқнинг тузилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган дейишади: Зубайдлик бир киши Маккага мол олиб келади. Унинг нарсаларини Ос ибн Воил Саҳмий сотиб олади-ю, лекин ҳақини ушлаб қолади. Зубайдий ёрдам сўраб Абдуд Дор, Махзум, Жумаҳ, Саҳм ва Адий уруғларига мурожаат қилади. Бироқ улар қулоқ солишмайди. Шунда у Абу Қубайс тоғига чиқиб, кўрган зулмини баён қилиб баланд овозда шеър ўқийди. Зубайр ибн Абдул Муттолиб Зубайдийнинг додига қулоқ тутиб, унга ёрдам беришга киришади. Оқибат юқорида зикр қилинганлар ана шундай иттифоқ тузишади ва Ос ибн Воилнинг олдига бориб, Зубайдлик кишининг ҳақини олиб беришади.[26]

    Оғир ҳаёт:

    Улғайгунларига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тайин бир ишлари бўлмаган. Ривоятларнинг бир овоздан таъкидлашига қараганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўй боққанлар. Аввал Бану Саъдда, кейинчалик эса маълум ҳақ эвазига Маккада Макка аҳлининг қўйларини боққанлар. Улғайганларидан кейин тижорат билан шуғулланганлар. Ривоятларда айтилишича, Соиб ибн Абу Соиб ал-Махзумий билан шерик бўлиб тижорат сафарларига чиққанлар. Бу одам ҳалол-тўғри шерик бўлган экан. Фатҳ куни Соиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келганида уни чиройли кутиб олдилар ва: «Марҳабо, биродарим ва шеригим», деб саломлашдилар.[27]

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма беш ёшларида Ҳадича розияллоҳу анҳонинг молларини олиб Шомга тижорат сафарига чиққанлар.

    Ибн Исҳоқ ёзади: Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бообрў ва бадавлат савдогар аёл эди. У одамларни ёллаб ишлатар, маълум ҳақ эвазига улар Хадича розияллоҳу анҳонинг савдосини юргизишарди. Умуман, Қурайш тижоратчи қавм саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва гўзал ҳулқларидан хабар топган Хадича розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам жўнатди. Хадича розияллоҳу анҳо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Майсара исмли ғуломи ҳамроҳлигида Шомга тижорат сафарига чиқишни ва эвазига бошқа савдогарларга берадиган маблағдан ошириб ҳақ беришини таклиф қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадичанинг таклифини қабул этдилар ва унинг молини олиб, Шомга тижорат сафарига чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Хадича розияллоҳу анҳонинг Майсара исмли қули ҳамроҳ бўлди.[28]

    Муҳаммад (сав)нинг Хадича (ра)га уйланишлари:

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомдан Маккага қайтиб келдилар. Молида авваллари кўрилмаган омонатдорлик ва бараканинг гувоҳи бўлган, ғуломи Майсарадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажиб садоқатлари, карим хислатлари, ўткир фикрлари, рост сўзлашлари ва ҳалол иш юритишлари ҳақида эшитган Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо кўнгилдагидек одамини учратганига амин бўлди. Кўп саййид ва улуғ кишилар Хадича розияллоҳу анҳога уйланишга орзуманд бўлсалар-да, аёл уларга розилик бермай келарди. Хадича розияллоҳу анҳо юрагидаги гапни дугонаси Нафиса бинти Мунаббиҳга сўзлаб берди. Нафиса эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, У кишига Хадича розияллоҳу анҳога уйланишлари ҳақида гап очди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам розилик бердилар ва бу ҳақда амакилари билан сўзлашдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Хадича розияллоҳу анҳонинг амакиси олдига совчиликка боришди. Шундай қилиб никоҳ бўлди. Никоҳ аҳдида Бану Ҳошим кишилари ва Музор оқсоқоллари иштирок этишди. Бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомдан қайтиб келганларидан сўнг икки ой ўтгач амалга ошди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳонинг маҳрига йигирмата ёш урғочи туя бердилар. Ўшанда Хадича розияллоҳу анҳонинг ёши қирқда бўлиб, қавмининг энг оқила, насл-насабли ва бой аёли эди. Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи уйланган аёлларидир. У вафот этгунга қадар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа аёлга уйланмаганлар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Иброҳимдан бошқа барча фарзандлари Хадича розияллоҳу анҳодан туғилган. Қосим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўнғичи эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу ўғиллари номи билан Абул Қосим деб куняланганлар. Қосимдан кейин Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима ва Абдуллоҳлар дунёга келишди. Абдуллоҳни Тоййиб ва Тоҳир деб ҳам аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари гўдаклигида вафот этиб кетишган. Қизлари эса Исломгача яшаб, Исломни қабул қилиб, ҳижрат ҳам қилишган. Бироқ Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа барчалари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётликларида вафот этганлар. Фотима розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиздан кейин олти ой яшаб вафот этган.[29]

    Каъбанинг қайта қурилиши:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллудларининг ўттиз бешинчи йили Қурайш Каъбани қайтадан қуришга киришди. Шу пайтгача Каъба одам бўйидан баландроқ қилиб тошлардан тикланган, Исмоил алайҳис-салом замонидан буён баландлиги тўққиз зироъ[30] эди. Каъбанинг томи йўқ эди. Ўғрилар Каъба ичидаги хазинасини ўғирлаб ҳам кетишди. Шунингдек, узоқ йиллардан буён турганидан турли ҳодисалар унинг биносини анча тўкиб қўйган, деворларига ёриқлар туширган эди. Рисолатдан беш йил олдин Маккага кучли сел келиб, Байтул Ҳаромгача кирган эди. Шу боис, Каъба қулай-қулай деб қолганди. Каъбанинг қадрини яхши билган Қурайш энди уни бузиб, янгидан қуришга мажбур эди. Улар Каъба қурилишига фақат ҳалол молларидан ажратишга, фоҳишаликдан, рибодан ҳамда бировга зулм қилиб топилган маблағдан Каъба қурилиши учун ишлатмасликка қарор қилишди. Қурайш Каъбани бузишдан қўрқарди. Каъбани бузишни Валид ибн Муғийра Махзумий бошлаб берди. У чўкични қўлига олиб: «Парвардигоро, бизнинг ниятимиз фақат яхшилик» деди ва икки рукн ўрнашган томонни бузишга киришди. Валидга ҳеч нарса қилмаганини кўргач, эртасига бошқалар ҳам унга эргашишди. Улар Иброҳим алайҳис-салом қурган пойдеворгача етишди. Кейин қурилишни бошлашди. Қурайш Каъбани қисмларга бўлиб олиб, ҳар бир уруғ ўзига тегишли бўлган қисмни қуриш учун алоҳида тош тўплаб, девор тиклашга киришди. Каъбанинг қурилишига Боқум исмли румлик уста раҳбарлик қилди.

    Каъбанинг тикланиши Ҳажарул асвад ўрнига етганида, қора тошни жойига қўйиш шарафига ким ноил бўлиши хусусида тортишиб қолишди. Тортишув тўрт ёки беш кунга чўзилди. Вазият тобора таранглашиб, Ҳарамда қонли уруш бошланишига бир баҳя қолди. Абу Умайя ибн Муғийра Махзумий қонли низонинг олдини олди. У Байтул Ҳаром эшигидан биринчи бўлиб кирган кишини ўзларига ҳакам қилишни таклиф этди. Қурайш бу таклифга рози бўлди. Аллоҳнинг хоҳиши билан ана шундай ҳакам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб чиқди. Қавм Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришлари билан: «Бу Муҳаммад, бу Амин (ишончли киши). Биз унга розимиз!» деб хитоб қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлиб ўтган гаплардан хабар топганларидан кейин бир ридо сўраб олиб, Ҳажарул Асвадни унинг устига қўйдилар. Сўнг талашиб-тортишаётган уруғларнинг оқсоқолларини чақириб, уларга ридонинг четларидан ушлаб кўтаришни буюрдилар. Ҳаммалари биргаликда кўтариб қора тошни олиб келганларидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қўйдилар. Қавм бундай муросали ечимдан рози бўлди.

    Қурайшнинг қурилишга ажратган маблағи камлик қилиб қолгач, улар шимолий тарафдан тахминан олти зироъни қурилишдан чиқариб ташлашди. Мазкур қисм Ҳижр ва Ҳатим номини олди. Каъбага фақат ўзлари хоҳлаган кишиларни киритиш мақсадида Қурайш унинг эшигини баланд қилиб қурди. Каъбанинг баландлиги ўн беш зироъга етгач, олтита устун ўрнатиб, томини ёпишди.

    Қайта қурилгандан кейин Каъба тўрт бурчак шаклида бўлиб, баландлиги тахминан 15 метр, Ҳажарул асвад турган томон билан унга қарши томонининг узунлиги 10 метр, қора тош тавоф қилинадиган ердан бир ярим метр баландликда эди. Каъба эшиги ўрнатилган томон билан унинг қаршиси 12 метр, эшикнинг ердан баландлиги 2 метр эди. Уни ташқаридан пастак девор ўраб туриб, ўртача баландлиги 25 см, кенглиги эса 30 см эди. Шозурвон деб аталувчи бу қисм ҳам Байтул Ҳаромдан бўлса-да, Қурайш уни чиқариб ташлаганди.[31]

    Муҳаммад (сав)нинг рисолатдан аввалги умумий сийратлари:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз давридаги энг яхши хислатларни жамлаб улғайдилар. Ўткир фикрли, тўғри назарли бу инсон закийлик, тафаккур, восита ва мақсаднинг тўғрилиги борасида кўп насибадор эди. У зотнинг узоқ сукут қилишлари тааммул ва тафаккур юритиб ҳақиқатнинг аслини топишлари учун хизмат қиларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг оқилликлари ва тоза табиатлари билан ҳаёт саҳифаларни, инсонларнинг ишлари ва ҳолатларини мутолаа қилиб, ўзга хурофотлардан йироқ юрганлар. Одамлар орасида ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам кузатиб яшар эканлар, уларнинг яхши ишларига шерик бўлдилар, ёмон ишлардан узоқ турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр ичмасдилар, бут-санамларга атаб сўйилган жонлиқлар гўштидан емасдилар, санамларга аталган маросим ва тантаналарда иштирок этмасдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бу ботил маъбудларни ёмон кўриб, улардан қаттиқ нафрат қилганлар. Сохта маъбудларни жуда ёмон кўрганликлари боис, Лот ва Уззо номига ичилган қасамни эшитишга тоқатлари йўқ эди.[32]

    Ҳеч шубҳасиз Аллоҳнинг белгилаган тақдири ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ана шундай ёмонликлардан тўсарди. Баъзан нафс дунё матоларига бўйлашни хоҳлаб қолса, номаъқул тақлидларга тақлид қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг илоҳий инояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бундай хоҳишларнинг ўртасига тўсиқ бўлиб тушарди. Ибнул Асир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Жоҳилият аҳли қиладиган ишларга фақат икки марта майл билдирганман. Ҳар сафар Аллоҳ мен билан ўша ишлар ўртасини тўсган. Шундан кейин Аллоҳ мени рисолат билан мукаррам этгунга қадар уларга майл билдирмаганман. Бир кеча Макка юқорисида бирга қўй боқадиган болага «Қўйларимга қараб турсанг. Мен ҳам Маккага бориб тунни ёшлар каби ўтказардим», дедим. «Майли, бора қол», деди у бола. Йўлга чиқиб Макканинг биринчи уйига етганимда, куй-қўшиқ овозини эшитдим.

    – Бу нима? – деб сўрадим.

    – Фалончи билан фалончихоннинг тўйи, – дейишди. Эшитмоқчи бўлиб ўтирдим. Шунда Аллоҳ таоло қулоқларимга урди, ухлаб қолдим. Мени қуёшнинг тафти уйғотди. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Сўраган эди, (бўлган воқеани) гапириб бердим. Сўнг яна бир кеча шундай деб Маккага кирдим. Яна аввалги кечадаги нарса юз берди. Шундан кейин номаъқул ишга майл билдирмадим.»[33]

    Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Каъба қурилаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аббос тош ташишарди. «Изорингизни бўйнингизга ташлаб олинг, тошнинг ботишидан сақлайди», деди Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилгандилар ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга қараб қолди. Сўнг ўзларига келиб: «Изорим, изорим» дедилар ва изорларини маҳкамлаб тақиб олдилар.» Яна бир ривоятда шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авратлари кўрилмагани айтилган.[34]

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг ичида ўзларининг мустаҳкам садоқатлари, гўзал ҳулқлари ва мукаррам сифатлари билан ажралиб турганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмнинг энг мурувватли, чиройли ҳулқли, кўп иззатли, ҳалим, ростгўй, азиз, мулойим, покиза, карим, саховатли, солиҳ, вафодор ва омонатдор кишиси эди. Шунинг учун қавми у кишини “Амин” деб атарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳо айтганларидек, йиқилганни суяйдиган, йўқнинг ҳолидан хабар оладиган, меҳмонни иззат-икром қиладиган, мусибатланганларга ёрдам берадиган бағри кенг инсон бўлганлар.[35]

    [1] Қайнатилган гўшт сувига нон бўлаклари солиниб тайёрланадиган овқат тури

    [2] Ибн Ҳишом: 1/107.

    [3] Ибн Ҳишом: 1/137, 138.

    [4] Қаранг: Тарихут-Табарий: 2/248-251.

    [5] Ибн Ҳишом: 1/124, 147.

    [6] Ибн Ҳишом: 1/43, 56.

    [7] Ибн Ҳишом: 1/108, 109. Талқиҳу фуҳуми аҳлил-асар: 8, 9-с.

    [8] Ибн Ҳишом: 1/151, 155. Тарихут-Табарий: 2/240-243.

    [9] Ибн Ҳишом: 1/156, 158. Тарихут-Табарий: 2/246.

    [10] Табақот Ибн Саъд: 1/ 100.

    [11] Саҳиҳу Муслим: 3/1392 (1771-ҳ).

    [12] Эски мелодий тақвим бўйича 20 апрел, янги мелодий тақвим бўйича 22 апрел. Батафсил маълумот учун қаранг: «Раҳматан лил-Оламийн» : 1/38, 39, 2/360, 361.

    [13] Муснаду Аҳмад: 4/127, 128, 185, Сунануд-Доримий: 1/9, Ибн Саъд: 1/102.

    [14] Байҳақий, «Далоилун-нубувват»: 1/126, 127; Тарихут-Табарий: 2/166, 167; Ал-Бидая ван-Ниҳая: 2/268, 269.

    [15] Баъзи муаррихлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатна қилинган ҳолда туғилганлар, дейишади. Ибн Қаййим «Зодул-маод»да: «Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис собит эмас» дейди.

    [16] Саҳиҳул Бухорий: 2645, 5100, 5101, 5106, 5107, 5372- ҳадислар; Тарихут-Табарий: 2/158.

    [17] Зодул-Маод: 1/19.

    [18] Ибн Ҳишом: 1/162-164; Тарихут-Табарий: 2/158, 159; Ибн Саъд: 1/111.

    [19] Саҳиҳу Муслим: 1/147 (261-ҳадис).

    [20] Ибн Ҳишом: 1/168; Талқиҳул-фуҳум: 7-саҳифа.

    [21] Ибн Ҳишом: 1/168.

    [22] Ибн Ҳишом: 1/169; Талқиҳул-фуҳум: 7-с.

    [23] Жомеут-Термизий: 5/550, 551 (3620-ҳ); Тарихут-Табарий: 2/278, 279; Ибн Аби Шайба: 11/489.

    [24] Ибн Ҳишом: 1/184-187; Ибнул Асир, Ал-Комил: 1/468-472.

    [25] Ибн Ҳишом: 1/154, 155.

    [26] Табақот Ибн Саъд: 1/126-128.

    [27] Сунан Абу Довуд: 2/611; Ибн Можа: 2/768; Муснад Аҳмад: 3/425.

    [28] Ибн Ҳишом: 1/187. 188.

    [29] Ибн Ҳишом: 1/189-191; Фатҳул Борий: 7/105.

    [30] Бир зироъ – тирсакдан ўрта бармоқ учигача бўлган узунлик, 46.2 см.

    [31] Ибн Ҳишом: 2/192-197; Тарихут-Табарий: 2/289; Саҳиҳул Бухорий: «Макканинг фазли ва қурилиши ҳақидаги боб» : 1/215

    [32] Ибн Ҳишом: 1/128; Тарихут-Табарий: 2/161.

    [33] Табарий ривоят қилган, Имом Ҳоким ва Заҳабий ушбу ҳадисни саҳиҳ деб топган бўлсалар, аллома Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя» асарида уни заиф деган.

    [34] Саҳиҳул Бухорий: 1582-ҳ; Фатҳул Борий: 3/513.

    [35] Саҳиҳул Бухорий: 3-ҳ.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963