023. Мадинада

    Расулуллоҳ (сав) Мадинага кириб келадилар

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни – 3 – ҳижрий шаввол ойининг еттинчиси, шанба куни – кечки пайт Мадинага етиб келдилар. Уйларига келгач, қиличларини қизлари Фотимага узатиб: «Бунинг қонини ювиб ташла эй қизим, Аллоҳга қасамки, у бугун менга содиқ хизмат қилди», дедилар. Алий ибн Аби Толиб ҳам қиличини узатиб: «Мана бунинг ҳам қонини ювгин, Аллоҳга қасамки, бу ҳам бугун менга садоқат кўрсатди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Агар сиз садоқат билан жанг қилган бўлсангиз, сиз билан бирга Саҳл ибн Ҳунайф ва Абу Дужоналар ҳам садоқат билан жанг қилишди», дедилар.

    Ҳар икки томондан ўлганлар сони

    Кўпчилик ровийлар иттифоқига кўра, мусулмонлардан ўлганлар 70 киши бўлиб, мутлақ кўпчилиги ансорлардан эди. Улардан 65 киши – қирқ биттаси Хазраждан, йигирма тўрттаси Авсдан – шаҳид бўлди. Яҳудлардан бир киши ҳалок бўлди. Муҳожирлардан фақат тўрт киши шаҳид бўлди.

    Ибн Исҳоқнинг айтишича, мушриклардан 22 киши ўлдирилган. Бироқ, ушбу жангнинг сийрат ва тарих китобларида зикр қилинган тафсилотларини, жангнинг турли босқичларида ўлдирилган мушриклар сонини чуқурроқ тадқиқ ва таҳқиқ қилиб кўрилганда мушриклардан ўлганлар сони йигирма иккита эмас, балки ўттиз еттита экани маълум бўлади, валлоҳу аълам.

    Мадинада фавқулода ҳолат

    Мусулмонлар Уҳуд жангидан қайтишган – 3- ҳижрий 8- шаввол якшанба куни – тунни фавқулодда ҳолатда ўтказдилар. Чарчаб, ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, шу кеча Мадинанинг барча кириш-чиқиш йўлларини, шунингдек, шахсан бош қўмондонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриқлаб чиқдилар. Чунки, уларни ҳар томондан шубҳалар қамраб келаётган эди.

    Ҳамроул-асад ғазоти

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу куни тунни юзага келган ҳолат ҳақида фикр юритган ҳолда ўтказдилар. У зотнинг хавотирлари шундан эдики, мушриклар жанг майдонида қозонилган ғалабанинг самараларини кўрмасдан қайтиб кетишаётганидан пушаймон бўлиб, ортларига қайтишга ва Мадинага қайтадан ҳужум қилишга қарор қилиб қолишлари мумкин эди. Шу боис у зот Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиётини ўтказишга қарор қилдилар.

    Солномачиларнинг ёзишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангининг эртаси, яъни 3- ҳижрий шаввол ойининг саккизинчиси, якшанба куни тонггида асҳобларини душман билан тўқнашувга чиқишга чорладилар ва: «Биз билан фақат кеча жангда иштирок этганларгина чиқсин!», дедилар. Абдуллоҳ ибн Убай бирга чиқишга изн сўраган эди: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Мусулмонлар оғир жароҳатлар олган ва ҳолдан тойган бўлишларига қарамай, ҳаммалари бу чақириққа «лаббай» деб жавоб бердилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилишларини билдирдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ жангга чиқишга изн сўраб: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳам биронта жангдан қолмай, ҳаммасида сизнинг ёнингизда бўлишни истайман. Бироқ, отам мени сингилларимга бош қилиб қолдирган эди. Изн берсангиз, сиз билан бирга чиқсам», деган эди, унга изн бердилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар билан йўлга чиқиб, Мадинадан саккиз мил узоқликдаги Ҳамроул-асад деган жойгача бордилар ва ўша ерда қароргоҳ тикдилар.

    Ўша ерда турганларида Хузоъа қабиласидан бўлган Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, исломни қабул қилди. Баъзилар уни мушрик бўлган, бироқ, Хузоъа билан Бану Ҳошим ўртасида бўлган иттифоқчилик туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамдардлик билдиргани келган, дейишган. У: «Эй Муҳаммад, асҳобларингиз хусусида сизга етган мусибатдан биз ҳам қайғурдик, Аллоҳ сизга офият беришини тилаймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Абу Суфён олдига бориб, уни чўчитиб қўйишини сўрадилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларнинг Мадинага қайтишга қарор қилишлари ҳақидаги хавотирлари ўринли бўлиб чиқди. Мушриклар Мадинадан ўттиз олти мил узоқликдаги Равҳоъ деган жойга бориб тушишгач, бир-бирларини маломат қила бошладилар. Баъзилари баъзиларига: «Ҳеч нарсага эриша олмадингиз, уларнинг шавкатини синдириб қўйиб, шу бўйи ташлаб кетавердингиз. Сизларга қарши қўшин тўплашга қурби келадиган бошлиқлари тирик қолаверди. Келинглар, орқага қайтиб, уларни таг-томири билан қуритиб ташлайлик», дейишди.

    Афтидан, бу фикр ҳар икки гуруҳнинг моддий ва маънавий куч-қудратини тўғри баҳолай олмайдиган одамдан чиққан юзаки бир фикр эди. Шунинг учун масъул раҳбарлардан бўлган Сафвон ибн Умайя бунга қарши чиқди ва: «Эй қавм, бундай қилманглар! Мен уларнинг жангда иштирок этмай қолган Хазражни ҳам қўшиб, сизларга қарши жангга чиқишларидан хавотирдаман. Яхшиси, обрўларингиз борида қайтиб кетаверинглар. Агар яна қайта урушга кирсангиз, ғолиб бўлишингизга кўзим етмайди», деди. Бироқ, унинг бу гапи мутлақ кўпчиликнинг фикрини ўзгартира олмади ва Макка қўшини Мадинага юриш қилишга қарор қилди.

    Абу Суфённинг қўшини йўлга чиқиши арафасида Маъбад ибн Абу Маъбд ал-Хузоий улар олдига етиб келди. Абу Суфён унинг мусулмон бўлганини билмаган эди. Шу боис ундан: «Ортингда нима хабарлар бор, эй Маъбад?», деб сўради. Маъбад унга қарши кучли асаб жангини (психологик уруш) бошлади: «Муҳаммад асҳоблари билан йўлга чиққан, сизларни таъқиб қилиб келмоқда. Уларнинг сони мен илгари асло кўрмаган даражада кўп. Ҳаммалари қасос алангасида ёнишмоқда. Ўша куни жангда иштирок этмаган кишилар бу ишларидан пушаймон бўлиб, қўшин сафига қўшилишган. Сизларга қарши уларнинг ғазаб-нафратлари шу қадар кучлики, мен унақасини асло кўрган эмасман».

    Абу Суфён: «Ҳой, қуриб кетгур, нималар деяпсан ўзи?», деди.

    «Худо ҳаққи, то отларнинг ёллари кўзга ташланмагунича ёки қўшиннинг олдинги сафлари мана бу тепалик ортидан чиқиб келмагунича юриш бошлашингни маслаҳат бермайман», деди Маъбад.

    Абу Суфён: «Худо ҳаққи, биз уларни таг-томири билан қуритиб ташлаш учун ҳужум уюштиришга қарор қилиб турибмиз-ку», деди.

    «Ундай қила кўрма, менинг сенга насиҳатим шу», деди у.

    Шу билан Макка қўшинининг қатъияти синди, уларни қўрқув ва хавотир эгаллади, жонларининг омонлигини Маккага қайтишда деб кўра бошлашди. Бироқ, Абу Суфён ҳам ислом қўшини таъқиб қилишни тўхтатсин деган ниятда ва тўқнашувдан четлашишга муваффақ бўлиш умидида уларга қарши асаб жанги олиб боришга қарор қилди. Абдулқайс қабиласининг Мадинага қараб бораётган карвони улар ёнидан ўтиб кетаётган эди. Абу Суфён уларга: «Муҳаммадга мендан бир хабар етказа оласизларми? Агар шундай қилсангиз, эвазига Маккага қайтганингиздан сўнг Укоз бозорида мен сизларга бир туя кўтаргудек майиз бераман», деди. Улар: «Хўп», дейишди. «Ундай бўлса, Муҳаммадга биз уларни таг-томирлари билан йўқ қилиб ташлаш учун яна қайта ҳужум қилмоқчи эканимизни етказиб қўйинглар», деди.

    Карвон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ҳали Ҳамроул-асадда экан пайтларида етиб борди ва у зотга Абу Суфённинг сўзларини етказди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар беради: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон: 173, 174).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамроул-асадга якшанба куни келган бўлсалар, душанба, сешанба, чоршанба кунлари – 3- ҳижрий шаввол ойининг 9, 10, 11 кунлари – ўша ерда туриб, сўнг Мадинага қайтиб келдилар. Мадинага қайтишларидан олдин Абу Изза ал-Жумаҳийни – Бадрда асирга тушганида камбағаллиги ва қизларининг кўплиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга қарши бирон ҳаракатга қўшилмаслиги шарти билан марҳамат кўрсатиб қўйиб юборган, бироқ шартни бузиб ва аҳдга хиёнат қилиб, ўз шеърлари билан арабларни мусулмонларга қарши жангга чорлаган ва ўзи ҳам Уҳудга чиққан шоирни – қўлга туширдилар. Шунда у: «Эй Муҳаммад, менга шафқат қилинг, қизларимга раҳмингиз келсин, қайтиб бундай ишга қўл урмасликка сўз бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугундан кейин Маккада керилиб: «Муҳаммадни икки марта лақиллатиб кетдим» деб юрмайсан, мўмин киши бир ковакдан (яъни, газанданинг инидан) икки марта чақилишига йўл қўймайди» (яъни, ўзбекларнинг мақолида айтилганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади), дедилар, сўнг Зубайрга – ёки Осим ибн Собитга – унинг бошини танидан жудо қилишга буюрдилар.

    Шунингдек, Макка жосусларидан бир жосусни, яъни Муовия ибн Муғийра ибн Абул-Осни – Абдулмалик ибн Марвоннинг она томондан бобосини – қатл қилишга ҳукм қилдилар. Сабаби, Уҳуд жангидан сўнг мушриклар қайтиб кетишгач, Муовия амакиваччаси Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуникига келган, Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга омонлик тилаганида у зот омонлик берган, бироқ уч кун ичида жўнаб кетмаса ўлдирилиши билан огоҳлантирган эдилар. Мадина исломий қўшиндан бўшаб қолгач, у бу ерда Қурайш фойдасига жосуслик қилиб, уч кундан ортиқ қолиб кетди ва қўшин қайтиб келганидан сўнг Мадинадан қочиб чиқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Зайд ибн Ҳориса билан Аммор ибн Ёсир уни ортидан қувиб етиб, қатл қилдилар.

    Шубҳасиз, Ҳамроул-асад ғазоти мустақил ғазот эмас, балки Уҳуд ғазотининг бир қисми ва унинг саҳифаларидан бир саҳифадир.

    Сиз юқорида Уҳуд жангининг барча босқичлари ва тафсилотлари билан танишиб чиқдингиз. Тадқиқотчилар ушбу жангнинг натижаси мағлубият бўлдими, йўқми, деган савол атрофида кўп баҳслар юритишган. Шубҳа йўқки, жангнинг иккинчи босқичида ҳарбий устунлик мушриклар томонида бўлди ва жанг майдони улар назорати остига ўтди. Мусулмонлар томонидан берилган қурбонларнинг сони ҳам анча кўп бўлди, мўминларнинг бир тоифаси мағлубиятни бўйинларига олиб қўйишди. Урушнинг тегирмон тоши Макка лашкари фойдасига айланди. Бироқ, мана шуларнинг ҳаммасини тўла ғалаба ва зафар деб аташга монеълик қиладиган бир неча ишлар бор.

    Шубҳа йўқки, Макка қўшини мусулмонлар қароргоҳини истило қилишга қодир бўлмади. Мадина қўшинидан мутлақ кўпчилиги – оммавий тартибсизлик ва қаттиқ парокандалик юзага келган бўлса-да – қочишга уринмадилар, аксинча, бошқарув қароргоҳи атрофида жипслашиб, матонат билан жангни давом эттирдилар, тарозининг палласи Макка қўшини уларни олдига солиб қувиши даражасига тушиб кетмади. Мадина қўшинидан бирон киши кофирлар қўлига асирга тушмади, кофирлар мусулмонлардан ўлжаларни қўлга кирита олишмади. Мусулмонлар ўз қароргоҳларидан чекинмасдан турган бўлишларига қарамай, кофирлар жангнинг учинчи, ҳал қилувчи босқичини бошлашга ботинишмади. Ўша замондаги ғолибларнинг одатича, мушриклар жанггоҳда икки-уч кун турмадилар, балки жанг майдонини мусулмонлардан олдин тарк қилишга ва Маккага қараб жўнаб кетишга шошилдилар. Мусулмонларнинг бола-чақалари ва мол-мулкларини қўлга киритиш мақсадида Мадинага бостириб боришга журъат қилишолмади. Ваҳоланки, Мадинага бир неча одим қолган, у тўлалигича очиқ ва ҳимоясиз эди.

    Мана шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қурайш мусулмонларга жиддий шикаст етказишга муваффақ бўлишдан бошқа нарсага эришолмади, исломий қўшинни қуршаб олганидан сўнг кўзлаган мақсадлари, яъни уларни тамомила қириб ташлаш режаси барбод бўлди. Аслида, кўп ҳолларда ғолибларга ҳам мусулмонларга етгани каби шикастлар етади. Аммо, Қурайшнинг мана шу муваффақиятини ғалаба ва зафар деб аташ асло тўғри бўлмайди.

    Аксинча, Абу Суфённинг тезроқ қайтиб кетишга шошилишидан жангнинг учинчи саҳифаси очилгудек бўлса, қўшинининг шармандали мағлубиятга дучор бўлишидан қўрққанлиги маълум бўлади. Унинг Ҳамроул-асад ғазотидаги ҳатти-ҳаракатларини кузатсак, бу нарса яна ҳам очиқроқ кўринади.

    Демак, Уҳуд ғазоти узил-кесил ажрим бўлмаган жанг бўлди. Яъни, ҳар икки томон маълум даражада муваффақиятга ҳам эришди, зарар ҳам кўрди. Ҳар икки томон ҳам жанг майдонидан қочиб кетмаган ва ўз қароргоҳини душман истилосига топшириб қўймаган ҳолда чиқиб кетди.

    Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шу маънога ишора қилади: «Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104). Ушбу оятда ҳар икки тарафни қийинчилик ва зарар тортишда бир-бирига ўхшатилдики, бу ҳар икки томоннинг ҳолати бир-бирига жуда ўхшаш бўлганини ва ҳар икки томон ғолиб бўлмаган ҳолда жанг майдонини тарк этганини англатади.

    Қуръон жанг мавзуси атрофида сўз юритади

    Мазкур жанг босқичларининг барчасини босқичма-босқич ёритиб берувчи Қуръон оятлари нозил бўлди. Уларда шу қадар катта талафотга олиб келган сабаблар баён қилиб берилди, мана шундай муҳим паллаларда иймон аҳлининг баъзи тоифаларида ўзларига топширилган вазифаларга нисбатан, шунингдек, ушбу уммат қўлга киритиши ва уни энг яхши уммат сифатида бошқалардан ажратиб туриши лозим бўлган олийжаноб ва улкан мақсадларга нисбатан ҳали-ҳануз мавжуд бўлиб келган кучсиз томонларни кўрсатиб берилди.

    Қуръон, шунингдек, мунофиқларнинг ушбу жангдаги ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ҳам сўз юритиб, уларни шармандаи-шармисор қилди, ичларидаги Аллоҳ ва расулига бўлган яширин адоватларини очиб ташлади, бу мунофиқлар ва уларнинг фитнаю адоват чиқаришни ўзларига касб қилиб олган яҳудий ҳамтовоқлари томонидан қўзғотилиб, айрим иймони заиф мусулмонлар қалбига ўралашиб қолган шубҳа-гумонлар ва васвасаларни йўқотиб ташлади, ушбу жангнинг келиб чиқишига олиб келган мақтовга сазовор ғоялар ва ҳикматларга ҳам ишора қилди.

    Ушбу жанг мавзуси атрофида «Оли Имрон» сурасидан олтмиш оят нозил бўлган бўлиб, уларнинг аввали жангнинг энг биринчи босқичини зикр қилувчи: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аҳли оилангиз ҳузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг!» (Оли Имрон: 121) ояти билан бошланиб, охирида жангнинг натижалари ва ҳикматларини ўз ичига олувчи таълиқ (шарҳу изоҳ) билан якунланади: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғайбдан огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир» (Оли Имрон: 179).

    Ушбу ғазот остидаги ҳикмат ва ғоялар

    Ибнул Қаййим ушбу мавзуда батафсил сўз юритган.

    Ибн Ҳажар айтади: Уламоларнинг айтишларича, Уҳуд воқеаси ва унда мусулмонларга етган мусибатлар остида кўп улуғ фойдалар ва раббоний ҳикматлар бор. Жумладан:

    • Мусулмонларга итоатсизликнинг ёмон оқибатларини ва тақиқланган ишни қилишнинг зарарларини билдириб қўйиш. Зеро, барча кўргиликлар камончиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қимирламай туришга буюрган ўринларини ташлаб кетишлари оқибатида содир бўлди;
    • Одатда, пайғамбарлар синов ва имтиҳонларга дучор қилиниб, оқибат улар фойдасига бўлади. Бундаги ҳикмат шуки, агар улар доим ғолиб бўлаверсалар, мўминлар сафига улардан бўлмаган кимсалар ҳам кириб қолишар ва ҳақиқий мўминни бошқасидан ажратиб бўлмай қоларди. Аксинча, доим мағлуб бўлаверишса ҳам пайғамбар юборилишдан кўзда тутилган мақсад ҳосил бўлмай қоларди. Шу боис содиқни козибдан ажратиб олиш учун ҳар икки иш ўртасини жамлаш ҳикмат тақозосидан бўлди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, мунофиқларнинг нифоқи мусулмонлардан махфий эди, мазкур воқеа содир бўлгач ва мунофиқларнинг нифоқлари тилга ва амалга кўчгач, ҳамма нарса ошкор бўлди, мусулмонлар қўйинларида яшириниб ётган илонларни таниб олдилар ва улар билан ҳушёр бўлиб муомала қиладиган бўлдилар;
    • Баъзи ўринларда ғалабанинг кечикишида нафсни енгиш ва унинг кибрини синдириш ҳосил бўлади. Ушбу жангда ҳам имтиҳон келганда мўминлар сабр қилдилар, мунофиқлар эса жазавага тушдилар.
    • Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Ўзининг каромат ҳовлиси (Жаннат)да шундай мартабаларни ҳозирлаб қўйганки, у мартабаларга эришишга амаллари кифоя қилмайди. Шу боис ана шу мартабаларга эришишлари учун уларга меҳнат ва синов сабабларини тайёрлаб қўйди;
    • Шаҳидлик авлиёларнинг (яъни Аллоҳнинг дўстларининг) энг олий мартабаларидан, шу боис уларга шу мартабани ато этди;
    • Аллоҳ таоло Ўзининг душманларини ҳалок қилишни истади. Шу боис уларни ҳалокатга элтадиган сабабларга, яъни куфр ҳамда Унинг дўстларига зулму тажовузлар қилишга буриб қўйди. Бу билан мўминларнинг гуноҳларини ўчириб, кофирларни ҳалок қилди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963