009. Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижрат

    Нубувватнинг тўртинчи йили ўрталарида ёхуд охирларида заиф тарзда бошланган тазйиқлар кундан-кунга кучайиб бориб, бешинчи йилнинг ўрталарига келиб бағоят қаттиқлашди. Ҳатто мусулмонлар учун Маккада яшаш имконсиз бўлиб қолди ва саҳобалар бундай аламли азобдан қутилиш чорасини излай бошладилар. Ана шу оғир кунларда ҳижрат йўлини тутишга ишора қилиб, Аллоҳнинг ери кенг эканини эълон қилиб, «Зумар» сураси нозил бўлди: «Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.» (Зумар-10).

    Расулуллоҳ (сав) ҳабаш шоҳи Асҳама Нажошийнинг одил подшоҳ эканини ва унинг юртида бировга зулм қилинмаслигини билардилар. Шу боис асҳобларига динларини фитнадан сақлаш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрдилар. Нубувватнинг бешинчи йили ражаб ойида саҳобаларнинг биринчи гуруҳи ҳижрат йўлига чиқди. Ўн икки эркак ва тўрт аёлдан иборат бу гуруҳнинг раиси Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бўлиб, у билан бирга Расулуллоҳ (сав)нинг қизлари саййида Руқайя ҳам бор эди. Набий (сав) Усмон билан Руқайя ҳақида шундай дедилар: «Бу иккиси Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломдан кейин Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган биринчи оиладир.»

    Муҳожирлар Қурайш сезиб қолмаслиги учун тун қоронғусида Маккадан пинҳона чиқиб, денгиз томон – кемалар лангар ташлайдиган қирғоқ томон шошилишди. Уларга икки тижорат кемасига ўтириш насиб қилган экан. Кемалар муҳожир мўминларни Ҳабаш юртига йўл олди. Воқеадан хабар топган Қурайш мушриклари ортларидан қувиб келганида улар эсон-омон қирғоқдан жўнаб кетган эдилар. Мусулмонлар Ҳабашистонда Нажошийнинг яхши ҳимояси остида яшадилар. Мушрикларнинг мусулмонлар билан бирга сажда қилишлари ва муҳожирларнинг қайтиши

    Шу йилнинг Рамазон ойида Набий (сав) Ҳарамга чиқдилар. У ерда Қурайшнинг кўп кишилари ўтирган бўлиб, улар орасида қавмнинг улуғлари ва оқсоқоллари ҳам бор эди. Баногоҳ, Муҳаммад (сав) уларнинг олдига келиб «Ван-нажм» сурасини тиловат қила бошладилар. Бу бадбахтлар шу пайтга қадар Аллоҳ каломини эшитишмаган эди. Чунки уларнинг бир-бирларига тайинлаб айтадиган услублари қуйидагича бўлганди: «Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғзингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», деди. (Фуссилат-26).

    Ана шунда – Қуръоннинг таърифига тил ожиз бўлган мафтункор, ажиб оятлари мушрикларнинг қулоқларини ёриб кирганда, Илоҳий Калом Аллоҳнинг чин Пайғамбари томонидан тиловат қилинаётганида мушриклар ўзларини унутиб, жим қулоқ солиб қолишди. Уларнинг хаёлига бошқа ҳеч нарса келмасди. Расулуллоҳ (сав) сура охирларидаги қалбларни титроққа соладиган қаттиқ-қаттиқ оятларни тиловат қилиб, сўнг «Бас, сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар» (Ван-нажм-53) дея саждага бош қўйганларида, мушрикларнинг биронтаси ўзини саждадан тўхтатиб қололмади. Улар Расулуллоҳ (сав)га қўшилиб саждага бош қўйишди. Ҳақиқатан, кибр ва истеҳзо қилувчи мутакаббир мушрикларнинг саркашлигини Илоҳий Каломнинг илоҳий босими парчалаб ташлаган эди. Шу боис, улар Аллоҳга сажда қилиб йиқилишдан ўзларини тўхтата олмадилар.

    Аллоҳ Каломининг жалолати қаршисида ўзларини йўқотиб қўйиб, шу пайтгача ўзлари уни йўқотиш ва ўчириб ташлашга бор кучларини сарфлаб келган ишни қилиб қўйганларини сезиб қолишгач, талмовсираб, нима қилишларини билмай қолишди. Ушбу воқеада иштирок этмаган мушриклар Аллоҳга сажда қилган қавмдошларини қаттиқ маломат қилганларида эса улар Расулуллоҳ (сав) шаънларига туҳмат тўқишди. Яъни, Муҳаммад бизнинг санамларимизни яхши сўз билан тилга олди, «Булар олий санамлардир ва уларнинг шафоатига кўз тикилади!» деб айтди, қабилида Расулуллоҳ (сав)га туҳмат қилиб, ўзларининг У Зотга қўшилиб саждага бош қўйганларини бошқа мушриклар олдида оқламоқчи бўлишди. Аслида, касби ёлғончилик бўлган, иғво ва туҳмат қилишга меҳр қўйган мушриклардан бундан ўзга нарса кутилмасди ҳам.

    Бу хабар Ҳабашистон муҳожирларига ҳам етиб борди. Бироқ тамомила ўзгариб, яъни, Қурайш Исломни қабул қилибди, деб етиб борди. Муҳожирлар шу йилнинг ўзида Шаввол ойида юртларига қайтишди. Фақат Маккага жуда яқин қолгандагина ҳақиқий аҳволдан бохабар бўлишди. Кимлардир яна Ҳабашистонга қайтиб кетди. Қолмоқчи бўлганлар эса Маккага яширинча ёхуд қурайшлик бирон кишининг ҳимояси остида киришди. Кейин Ҳабашистондан қайтиб келганларга ҳам, бошқа мусулмонларга ҳам Қурайшнинг зулми ва тазйиқи янада кучайди. Иймон келтирганларни ўз қариндошлари ўртага олишди. Нажошийнинг мусулмонларга яхши муносабатда бўлаётгани Қурайшга жуда алам қилганди. Расулуллоҳ (сав) асҳобларига яна Ҳабашистон ҳижратини тавсия қилишга мажбур бўлдилар.

    Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижрат

    Мусулмонлар иккинчи бор, бу сафар кенгроқ кўламда ҳижратга ҳозирланишди. Лекин бу сафарги ҳижрат аввалгисидан оғирроқ бўлди. Чунки мусулмонларнинг ҳижрат қилишидан хабар топиб қолган Қурайш имкон қадар уларни ушлаб қолишга уринарди. Бироқ мўминлар мушриклардан эпчиллик қилишди. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг сафарини Ўзи осон қилди. Саҳобалар Қурайш етиб келмай туриб Нажошийнинг юртига бориб олишди. Ушбу ҳижратда муҳожирларнинг сони Аммор розияллоҳу анҳуни ҳам қўшиб ҳисоблаганда – унинг ушбу ҳижратда қатнашганлиги ихтилофли – саксон уч эркак ва ўн саккиз ёки ўн тўққиз аёл эди.

    Қурайшнинг Ҳабашистон муҳожирларига қарши макр қилиши

    Муҳожирларнинг ўз жонлари ва динлари учун омонлик ери топгани мушрикларга сира тинчлик бермасди. Шунинг учун улар икки қаттиқ ва ичидан пишган кишини – Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Аби Рабиъани (улар ҳали Исломни қабул қилмаган эдилар) танлаб олиб, Нажоший ва унинг арбобларига аталган қимматбаҳо совғалар билан Ҳабашистонга жўнатишди. Қурайш элчилари аввало Нажошийнинг аъёнлари билан учрашиб, уларга совға-саломлар топшириб, уларни мусулмонларга қарши далил-у, ҳужжатлар билан «қуроллантириб», улардан «Нажошийга мусулмонларни қувиб юбор деб маслаҳат берамиз» деган ваъдани олиб, Нажошийнинг ҳузурига киришди. Шоҳга ҳам қимматбаҳо совға-саломлар топшириб, сўнг муддаога кўчишди:

    – Эй подшоҳ, – дейишди улар, – бир гуруҳ нодон ёшлар сизнинг юртингизга қочиб келибди. Улар ўз қавмларининг динини тарк қилишган, сизнинг динингизга ҳам кирганлари йўқ. Улар ўзларича бир дин ўйлаб топишганки, бу динни на биз ва на сиз биласиз. Хуллас, қавмнинг улуғлари – ўшаларнинг оталари, амакилари ва қариндош-уруғлари уларни қайтариб юборишингизни сўраб, бизни ҳузурингизга жўнатишди. Албатта, улар бу нодонларни яхшироқ билади, уларнинг айби нима ва нима учун маломатга қолганлар, барчаси қавмнинг улуғларига яхшироқ аён.

    -Бу иккиси тўғри гапираяпти, эй шоҳ! – деб маъқуллашга тушди аъёнлар. – Уларни мана шу кишиларга топширинг, ўз қавмлари ва юртларига олиб кетишсин.

    Лекин Нажоший масалани атрофлича ўрганиб чиқишга ва ҳар иккала томонни эшитишга қарор қилди. У муҳожирларни ҳузурига чорлаб чопар жўнатди. Мусулмонлар етиб келишди. Улар нима бўлса ҳам фақат ҳақиқатни сўзлашга келишиб олишганди.

    – Қавмингизнинг динини тарк этиб, на менинг ва на бошқа бирон миллатнинг динига кирмаслигингизга сабаб бўлган сизларнинг динингиз нима ўзи? – деб сўради Нажоший саҳобалардан.

    Мусулмонлар номидан уларнинг хатиби Жаъфар ибн Аби Толиб жавоб берди:

    – Эй подшоҳ, биз жоҳилият аҳли бўлган қавм эдик. Бут-санамларга ибодат қилардик, ўлимтик ердик, бузуқликлар қилардик, қариндош-уруғчиликни узардик, ёмон қўшничилик қилардик, кучлиларимиз заифларимизни ерди. Ана шундай ҳолатда эканимизда Аллоҳ таоло бизга ўз ичимиздан Пайғамбар юборди. Унинг насл-насабини, ростгўйлигини, омонатдорлигини ва покизалигини яхши биламиз. Пайғамбар бизни Аллоҳга – Уни Бир деб билишга, Унга ибодат қилишга, биз ва ота-боболаримиз сиғинадиган тошлар ва бутларни тарк қилишга чақирди. Бизни ростгўйликка, омонатни адо қилишга, силаи раҳмга, яхши қўшничилик қилишга, тақиқланган ишлардан ва қон тўкишдан тийилишга буюриб, бузуқликлардан, ёлғон сўздан, етимнинг молини ейишдан ва покиза аёлларга туҳмат қилишдан қайтарди. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни ва Унга ҳеч нарсани шерик этмасликни буюрди. Намозга, закотга ва рўзага буюрди. – Жаъфар розияллоҳу анҳу бир қанча Ислом амалларини санаб ўтди. – Биз уни тасдиқладик, унга иймон келтирдик ва У олиб келган Аллоҳнинг динига эргашдик. Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмадик. Аллоҳ бизга ҳаром қилган ишларни ҳаром, ҳалол қилган ишларни ҳалол деб билдик. Ана шунда қавмимиз бизга ташланди. Бизни Аллоҳ таолонинг ибодатидан бутларнинг ибодатига қайтариш учун, илгари қилиб юрган нопок ишларни яна қилишимиз учун қийноққа солиб, динимиздан фитналадилар. Бизга қаҳр, зулм ва тазйиқ ўтказиб динимиздан тўсмоқчи бўлганларида сизнинг юртингизга қочиб чиқдик. Ўзгалардан сизни афзал кўриб ҳимоянгизда яшашга рағбат билдирдик ва умид қилдикки, сизнинг олдингизда зулм кўрмаймиз, эй подшоҳ.

    – Пайғамбарингиз Аллоҳдан олиб келган нарсадан (яъни, Қуръондан) бирон нарсани биласизми? – сўради Нажоший.

    – Ҳа, – деди Жаъфар розияллоҳу анҳу

    – Уни менга ўқиб беринг-чи?!

    Жаъфар розияллоҳу анҳу «Марям» сурасидан ўқиди. Аллоҳгу қасамки, Нажоший йиғларди. Кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Унинг усқуфлари (яъни, диний арбоблари) ҳам йиғлашди. Тиловат қилинаётган оятларни эшитиб, кўз ёшлари билан олдидаги китобларини ҳўл қилиб юборишди.

    – Бу (Қуръон) билан Ийсо олиб келган нарса бир манбадан чиққан. Сиз иккингиз эса кетинглар. Аллоҳга қасамки, бу кишиларни сизларга топширмайман, уларга ёмонлик қилинмайди, – деди Нажоший.

    Қурайш элчилари Нажошийнинг ҳузуридан чиқишганида Амр ибн Ос Абдуллоҳ ибн Аби Рабиъага шундай деди:

    – Аллоҳга қасамки, эртага мен уларнинг томирларини суғириб ташлайдиган бир гапни айтаман.

    – Қўй, унақа қилма, – деди Абдуллоҳ, – Улар бизга қарши чиққан бўлсалар ҳам, барибир қариндошларимиз-ку.

    Бироқ Амр ибн Ос ўз фикридан қайтмади. Эртаси куни Нажошийнинг ҳузурига кириб деди:

    – Эй подшоҳ, улар Ийсо ибн Марям ҳақида жуда ёмон гап айтишади.

    Нажоший мусулмонларнинг Масиҳ ҳақида нима дейишларини билиш учун уларга одам жўнатди. Муҳожирлар қўрқиб кетишди. Сўнг нима бўлса ҳам ростини айтишга қарор қилиб, Нажошийнинг ҳузурига киришди. Нажошийнинг саволига Жаъфар розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берди:

    – Биз Ийсо ҳақида Пайғамбаримиз айтганларини айтамиз: Ийсо Аллоҳнинг қули, расули, руҳи ва бокира Марямга туширган калимасидир!

    Шунда Нажоший ердан бир чўпни олиб деди:

    – Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган сўзлардан мана шу чўпчалик ҳам ташқарига чиқмайди.

    Буни эшитган сарой аъёнлари ғала-ғовур кўтариб юборишди.

    – Ҳа, Аллоҳга қасамки, сизлар ғала-ғовур қилсангиз ҳам барибир шундай! – деди Нажоший ва мусулмонларга юзланди, – Бораверинглар, сизлар менинг еримда меҳмондирсизлар. Сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади, сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади, сизларни ҳақорат қилган кимса жазога тортилади. Сизлардан бирон кишига озор бериш бадалига ҳатто олтин тоғи берилишини ҳам истамайман.

    Сўнг ходимларига деди:

    – Бу иккисининг ҳадяларини ўзларига қайтариб беринглар. Уларнинг менга кераги йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга мулкимни қайтариб берганида мендан пора олмаганки, мен энди Унинг йўлида пора олсам. Аллоҳ менинг хусусимда одамларга итоат қилмадики, мен энди Унинг хусусида одамларга итоат қилсам!

    Умму Салама розияллоҳу анҳо мазкур қиссани ривоят қилиб, айтади: «Қурайш элчилари келтирган ҳадялари ўзларига қайтарилиб, хор бўлиб чиқиб кетишди. Биз эса Нажошийнинг юртида – яхши жойда яхши қўшни билан яшаб қолдик. Бу Ибн Исҳоқнинг ривояти. Бошқа манбаларда Амр ибн Оснинг Нажоший ҳузурига жўнатилиши Бадрдан кейин бўлгани айтилган. Баъзилар Қурайш Нажоший ҳузурига икки марта элчи жўнатган, деб мазкур ривоятлар ўртасини жамламоқчи бўлишди. Бироқ Нажоший ва Жаъфар розияллоҳу анҳу ўртасида кечган савол-жавоблар уларнинг ривоятида ҳам, Ибн Исҳоқ ривоятида ҳам бир хил. Боз устига ривоятдаги савол-жавоблардан бу Нажоший билан қилинган биринчи мусоҳаба экани кўриниб турибди.

    Азобни кучайтириш ва Расулуллоҳ (сав)ни йўқ қилишга уриниш

    Қурайшнинг макр-ҳийласи иш бермагач ва муҳожирларни ортга қайтариш режаси барбод бўлгач, ғазабдан ёниб кетай дейишди, янада ваҳшийлашиб, бутун ғазабларини қолган мусулмонларга соча бошлашди. Энди улар фақат ўз ҳудудларидагина тазйиқ ва таъқибларини ўтказа олардилар.

    Маккада қолган мусулмонлар нисбатан озчилик бўлиб, айримлари шарафли кишилар бўлса, айримлари кимнингдир ҳимояси остига кирган, бунинг устига исломларини яширишга ва золимлар кўзига имкон қадар кўринмасликка мажбур бўлишар, шу ҳолда ҳам озор ва жавру зулмдан тўла саломат эмасдилар.

    Аммо Расулуллоҳ (сав) золимларнинг кўзида очиқ-ошкор намозларини ўқир, яширину ошкор даъватларида давом этар, у зотни бундан ҳеч ким ва ҳеч нарса тўса олмас эди. Зеро, Аллоҳ таолонинг: «Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) ошкор қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр – 94) ояти нозил бўлганидан бошлаб, ҳар қандай ҳолат ва шароитда ҳам рисолатни етказиш у зотнинг вазифаларига айланган эди. Шу боис мушриклар истаган пайтларида у зотга суиқасд қилиш имконига эга бўлишса-да, уларни бу жирканч истакларидан Расулуллоҳ (сав)нинг ҳайбатлари ва у кишининг Абу Толибдек шарафли кишининг ҳимоясида эканликлари тўсиб турарди. Яна улар бундай ёвузликка қўл ургудай бўлишса, оқибати ўзлари учун яхши бўлмаслигини, Бану Ҳошим уруғи уларга қарши жамланиши мумкинлигини ҳам ҳисобдан қочиришмасди. Бироқ, бора-бора уларнинг сабр косалари тўлиб, бу нарсалар ҳам кўзларига кўринмай қолди

    Бинобарин, уларнинг ёвуз қалбларида янги бир ёвуз истак туғилди. Қурайш бу «мусибат»дан қутилишнинг ягона йўли Расулуллоҳ (сав)ни даъватдан буткул тўхтатиш ёки уни йўқ қилиш деган фикрга келди.

    Ҳадис ва сийрат китобларида келтирилган ривоятлар ўша кунларга тааллуқли айрим ҳодисалардан хабар беради:

    Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба бир куни Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига келиб: «Мен «Ботиб кетаётган юлдузга..» ҳам (Ван-нажм-1), «Сўнгра яқинлашиб пастлади» (Ван-нажм-8) деганига ҳам куфр келтираман» деди-да, Набий (сав)га ташланди. У Муҳаммад (сав)нинг либосларини йиртиб ташлади, юзларига қараб туфлади. Бироқ унинг туфлагани Расулуллоҳ (сав)га етиб бормади. Шунда Пайғамбаримиз «Эй Аллоҳим, унга итларингдан бирини жўнатгин», деб дуоибад қилдилар. Набий (сав)нинг дуолари ижобат бўлди. Утайба Қурайш кишилари билан сафарга чиқиб Шомнинг Зарқоъ деган ерига қўнганда, тунда уларнинг атрофида бир шер пайдо бўлди.

    – Шўрим қурсин, Аллоҳга қасамки, бу шер Муҳаммад дуоибад қилганидек мени егани келди. Муҳаммад Маккада туриб Шомда турган мени ўлдирди.

    Ҳамроҳлари уни ўртага олиб ётишди, бироқ шер қавм орасидан унга ташланиб, бўғизлаб ташлади.

    Набий (сав)га қилинган зулмларнинг яна бири қуйидагича бўлди: Муҳаммад (сав) сажда қилганларида Уқба ибн Аби Муийт у зотнинг муборак бўйниларидан босиб турди. Расулуллоҳ (сав)нинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди.

    Қурайш тоғутларининг Расулуллоҳ (сав)га суиқасд қилиш ҳақидаги ниятлари тобора етилиб келарди. Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

    «Мушриклар Ҳижрда тўпланганларида мен ҳам бор эдим. Улар Расулуллоҳ (сав) ҳақларида гапириб шундай дейишди: «Биз ҳеч бир ишга бу кимсанинг ишига сабр қилгандек сабр қилмаган эдик. Дарҳақиқат, унинг жуда ёмон ишига сабр қилдик.» Шу пайт Набий (сав) кўриндилар. У зот келиб рукнни истилом қил (сила) дилар-да, Каъбани тавоф этар эканлар, мушрикларнинг ёнидан ҳам ўтдилар. Мушриклар нимадир деб у киши ҳақида ёмон гапиришди. Мен буни (яъни, Расулуллоҳ (сав)нинг мушрикларнинг қилиғидан норози бўлганликларини) у кишининг юзларида кўрдим. Мушрикларнинг ёнидан иккинчи марта ўтганларида улар яна пичинг отишди. Мен буни Расулуллоҳ (сав)нинг юзларида кўрдим. Учинчи марта ўтганларида ҳам улар пичинг қилишди. Шунда Расулуллоҳ (сав) тўхтаб дедилар: «Эшитаяпсизларми, эй Қурайш жамоаси! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен сизларга бўғизланиш (ўлим) олиб келдим.» Мушриклар гап-сўзни тўхтатишди. Уларнинг ҳар бири худди бошига қуш қўнгандай жим бўлиб қолди. Ҳатто энг ашаддийлари ҳам яхши гаплар билан Расулуллоҳ (сав)ни хотиржам қилишга тушишди: «Боравер, эй Абул Қосим, Аллоҳга қасамки, сен жоҳил кимса эмассан-ку?!» Эртаси куни мушриклар йиғилиб яна Расулуллоҳ (сав) ҳақларида гаплашиб ўтирганларида Набий (сав) кўриндилар. Мушриклар худди бир кишидек Расулуллоҳ (сав)га ташланиб, У Зотни ўраб олишди. Бир мушрикнинг Расулуллоҳ (сав)нинг ёқаларидан ушлаб олганини кўрдим. Абу Бакр ўртага тушди. У «Роббим Аллоҳ дегани учун бир кишини ўлдирасизларми?» деб йиғларди. Кейин мушриклар тарқалдилар. Бу мен кўрган Қурайшнинг Расулуллоҳ (сав)га етказган энг қаттиқ озори эди.»

    Бухорий Урва ибн Зубайрдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан сўрадим: «Мушрикларнинг Набий (сав)га қилган энг қаттиқ ишлари ҳақида сўзлаб беринг.» У деди: «Расулуллоҳ (сав) Каъба ёнида намоз ўқиётганларида Уқба ибн Аби Муийт келиб, кийимини Расулуллоҳ (сав)нинг бўйниларига ташлади ва У Зотни қаттиқ бўғди. Шунда Абу Бакр келиб унинг икки елкасидан ушлаб, Расулуллоҳ (сав)дан четлаштирди. «Бир кишини «Роббим Аллоҳ» дегани учун ўлдирасизларми? – дерди у.» Асмо розияллоҳу анҳо айтади: Кимдир Абу Бакрнинг олдига келиб «Соҳибингнинг ёнига етиб бор», деб кетди. Абу Бакр бизнинг олдимиздан чиқиб кетганда бошида тўрт ўрим кокили бор эди. У «Кишини Роббим Аллоҳ дегани учун ўлдирасизларми?» дея чиқиб кетди. Мушриклар Расулуллоҳ (сав)ни қўйиб, Абу Бакрга ташланишди. Абу Бакр қайтиб келганида унинг қайси соч ўрими-кокилини ушласак, узилиб тушарди.

    Ҳамза ибн Абдул Муттолибнинг Исломни қабул қилиши

    Зулм ва зўравонликнинг қуюқ булутлари билан қопланган ана шундай оғир соатларда мазлумлар йўлини ёритиб бир чақмоқ чақди. Билингки, бу нур Ҳамза ибн Абдул Муттолибнинг Исломга кириши эди. Ҳамза розияллоҳу анҳу нубувватнинг олтинчи йили охирларида, кучли қавлга кўра зулҳижжа ойида Исломга кирди.

    Ҳамза розияллоҳу анҳунинг Исломга киришига қуйидаги воқеа сабаб бўлди: Бир куни Абу Жаҳл Сафо тоғида Расулуллоҳ (сав)нинг ёнларидан ўтаётиб, у кишига озорлар берди, азиятлар етказди. Расулуллоҳ (сав) ҳеч нарса демасдан сукут қилиб турдилар. Сўнг Аллоҳ душмани у зотнинг бошларини тош билан уриб ёрди. Набий (сав)нинг бошларидан қон оқди. Кейин Абу Жаҳл Каъба ёнида ўтирган Қурашийлар даврасига бориб ўтирди. Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг чўриси Сафодаги уйида туриб бу воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳамза ибн Абдул Муттолиб розияллоҳу анҳу камонини тақиб овдан келганида, чўри Абу Жаҳлнинг қилмишини унга айтиб берди. Қурайшнинг энг мағрур ва азиз йигитларидан бўлган Ҳамза ғазабга миниб, шошилиб чиқиб кетди. У ҳеч кимнинг олдида тўхтамасдан Абу Жаҳлни жазолаш учун уни қидириб келди. Ҳарамга кириб Абу Жаҳлнинг тепасида тўхтади-да, «Ҳой кетида ҳуштак чаладиган, мен жиянимнинг динида бўлсам-у, ҳали сен уни ҳақорат қиласанми?!» деб Аллоҳнинг душманини камон билан уриб, қаттиқ жароҳатлади. Абу Жаҳл Уруғи бўлмиш Бану Махзум кишилари ўрниларидан сапчиб туришди. Бану Ҳошим, яъни Ҳамзанинг Уруғи ҳам сакраб турди.

    – Абу Амморага тегманглар, – деди Абу Жаҳл – Ҳақиқатан, мен унинг жиянини қаттиқ ҳақорат қилган эдим.

    Даставвал жигарининг хорланишига қарши туриб Исломни қабул қилган Ҳамза розияллоҳу анҳу кейин Аллоҳ инояти билан қалби Исломга астойдил мойил бўлиб, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини ушлашга мушарраф бўлди. Мусулмонлар у туфайли анчагина азизлик кўрдилар.

    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши

    Ана шундай зулм ва туғён булутлари қуюқлашган кунларда аввалгисиданда кучлироқ ва ёрқинроқ яна бир чақмоқ чақди – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилди. Бу нубувватнинг олтинчи йили Зул-ҳижжа ойида, Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан сўнг уч кун ўтгач содир бўлди. Расулуллоҳ (сав) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган эдилар. Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан, Табароний Ибн Масъуд ва Анас розияллоҳу анҳулардан шундай ривоят қилади: Набий (сав): «Эй Аллоҳим, шу икки киши – Умар ибн Хаттоб ва Абу Жаҳл ибн Ҳишомнинг қай бири Сенга суюклироқ бўлса, ўшаниси билан Исломни қувватлагин!» деб дуо қилдилар. Иккисидан Аллоҳга суюклиси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлди!

    Умар розияллоҳу анҳунинг Исломга кириши ҳақидаги барча ривоятлар ўрганиб чиқилса, Ислом у кишининг қалбига тадрижий суратда – аста-секинлик билан кириб келгани аён бўлади. Бироқ, охирги хулосани айтишдан аввал Умар розияллоҳу анҳунинг қандай ички кечинмаларни бошидан кечирганлиги ҳақида тўхталиб ўтсак:

    Умар розияллоҳу анҳу ўзининг ўткир табиати ва мағрурлиги билан машҳур эди. Кўпинча, қаттиққўл Умарнинг турли озорли зарбалари мусулмонларга келиб тегарди. Аслида, Умар розияллоҳу анҳуни бир-бирига қарама-қарши туйғулар қийнарди. Ота-боболари жорий этган урф-одатларга эҳтиром, кўнгилга хуш ёқадиган ўйин-кулгу ва маст-аластликлар муҳаббати бир томонда турса, мусулмонларнинг собитлиги ва ўз ақидалари йўлида бало-мусибатларни кўтаришларига маҳлиё бўлиш иккинчи томонда турарди. Боз устига Ислом даъват қилаётган нарсанинг бошқа нарсалардан улуғроқ ва покизароқ экани хусусидаги ўйлар ҳар бир оқил киши каби Умар розияллоҳу анҳуга ҳам тинчлик бермасди.

    Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиши ҳақидаги ривоятларни бир-бирига мувофиқлаштириб, қуйидагича мазмунда хулоса ясаш мумкин: Бир кеча Умар розияллоҳу анҳу ўз уйидан бошқа жойда тунашига тўғри келди. Ўша кеча у Ҳарамга келиб, Каъба ёпинчиғи орасига кирди. Набий (сав) намоз ўқиётган эдилар. Расулуллоҳ (сав) «ал-Ҳааққо» сурасини ўқий бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу Қуръоннинг таълифи-ички мутаносиблиги ва тузилишидан ҳайратга тушиб, унга қулоқ тутарди. Умар розияллоҳу анҳу айтади: Мен ичимда «Аллоҳга қасамки, бу Қурайш айтганидек шоир!» дедим. Расулуллоҳ (сав) қуйидаги оятларни ўқидилар: «У (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У Бирон шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар камдан-кам иймон келтирурсизлар.» (Алҳаққа: 40-41). «Бу фолбин!» дедим ўзимча. Расулуллоҳ (сав) қуйидаги оятларни ўқидилар: «Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир) (Набий (сав) сурани охиригача ўқидилар). Ўшанда қалбимга Ислом кирди.»

    Бу Умар розияллоҳу анҳунинг қалбига ташланган Исломнинг дастлабки уруғи эди. Бироқ жоҳилий ҳаёт, тақлидий мутаассиблик ва ота-боболар динини муқаддас деб билишнинг қалин пардаси қалбнинг қаъридан элас-элас таралаётган ҳақиқат овозини тўсиб турарди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу қалин парда ортида милтиллаётган туйғуларга унчалик эътибор бермасдан, ҳамон Исломга қарши ҳаракатида фаол эди.

    Жаҳлдорлиги ва Расулуллоҳ (сав)га адовати кучлилиги боис бир куни Умар қиличини тақиб Набий (сав)ни ўлдиргани отланди. Йўлда Нуъайм ибн Абдуллоҳ Наҳҳом Адавий ёки Бану Зуҳралик бир киши ёхуд Бану Махзумлик бир киши (ривоятларда ихтилоф бор) унинг қаршисидан чиқди.

    – Эй Умар, қаерга кетяпсан?

    – Муҳаммадни ўлдирмоқчиман!

    – Муҳаммадни ўлдирсанг, Бану Ҳошим билан Бану Зуҳранинг қўлидан қандай омон қоласан?

    – Кўриб турибман-ки, сен ҳам ўз динингни тарк этиб, диндан қайтибсан!

    – Эй Умар, сенга бундан-да қизиқроқ нарсани айтайми?! Синглинг билан куёвинг ҳам диндан қайтиб, сенинг динингни тарк этишган!

    Умар ғазаб билан синглисининг уйига йўл олди. У ерда Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу бор эди. Унинг қўлида «Тоҳа» ёзилган саҳифа бўлиб, уни Умарнинг синглиси ва куёвига ўқиб бераётганди, – Хаббоб уларникига келиб, Қуръондан таълим берарди, – Умарнинг шарпасини сезган Хаббоб уйга яширинди. Фотима бинти Хаттоб эса Қуръон ёзилган саҳифани яширди. Бироқ Умар розияллоҳу анҳу уйга яқинлашаётиб қироатини эшитиб қолганди.

    – Сизларникидан бир ғўнғиллаган овоз чиқаётган эди. У нима ўзи? – сўради Умар.

    – Ҳеч нарса. Биз иккимиз гаплашиб ўтирган эдик!

    – Эҳтимол сизлар ҳам диндан қайтгандирсизлар?!

    – Эй Умар! Агар ҳақ сенинг динингдан бошқа нарсада бўлса-чи! – деди унинг куёви. Шунда Умар куёвига ташланиб, уни қаттиқ эзғилаб ташлади.

    Синглиси келиб Умарни эридан ажратиб олмоқчи бўлганида, синглисини қўли билан уриб юбориб юзини қон қилди – Ибн Исҳоқ ривоятида уриб, юзини ёриб юборди, дейилган – Шунда синглиси ҳам дарғазаб бўлиб: «Эй Умар! Агар ҳақ сенинг динингдан бошқа нарсада бўлса-чи! Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир!» деди.

    Ҳафсаласи пир бўлган Умар розияллоҳу анҳу синглисининг юзидаги қонни кўриб қилган ишидан афсусланди ва уялди.

    – Қани ўша саҳафангизни беринглар-чи, мен ҳам ўқиб кўрайин, – деди Умар.

    – Сен нопоксан. Уни фақат покиза кишилар қўлига олиши мумкин. Тур, ювиниб кел! – деди синглиси Фотима.

    Умар розияллоҳу анҳу бориб ювиниб келди. Сўнг саҳифани қўлига олиб ўқиди: «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан». «Покиза ва тоҳир исмлар!», деди у ва «Тоҳа» сурасини қуйидаги оятигача ўқиди: «Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Мен ҳақдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!»

    – Бу калом нақадар гўзал ва нақадар мукаррам! Мени Муҳаммаднинг олдига бошланглар! – деди Умар розияллоҳу анҳу. Умарнинг сўзларини эшитган Хаббоб розияллоҳу анҳу уйдан чиқиб келди.

    – Суюнчи, эй Умар! – деди Хаббоб розияллоҳу анҳу – Умид қиламан-ки, Расулуллоҳ (сав)нинг пайшанба кечаси: «Эй Аллоҳим! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Абу Жаҳл ибн Ҳишом билан қувватлагин!» деб қилган дуолари сенга насиб этибди! Расулуллоҳ (сав) Сафо тоғидаги ҳовлидалар!

    Умар розияллоҳу анҳу қиличини олиб тақди ва айтилган ҳовлига етиб келиб, эшикни қоқди. Бир киши эшик тирқишидан қараб қилич таққан Умарни кўрди ва келиб Расулуллоҳ (сав)га хабар берди. Ичкаридагилар бир жойга тўпланди.

    – Сизларга нима бўлди? – деб сўради Ҳамза розияллоҳу анҳу

    – Умар! – дейишди.

    – Умар бўлса ҳам эшикни очинглар! Агар яхши ниятда келган бўлса, ниятига етказамиз! Ёмон мақсадда келган бўлса, ўз қиличи билан ўлдирамиз! – деди Ҳамза розияллоҳу анҳу. Расулуллоҳ (сав) ичкарида эдилар. У кишига ваҳий тушаётган эди. Набий (сав) Умарни қаршилагани чиқдилар ва хонада унга дуч келдилар. Пайғамбаримиз унинг либосининг кўкрагидан ва қиличининг тасмаларидан тутиб қаттиқ силтадилар.

    – Эй Умар! Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийранинг бошига солган хорлик ва жазони сенинг ҳам бошингга солмагунга қадар тўхтамайсанми?! Эй Аллоҳим, мана Умар ибн Хаттоб. Эй Аллоҳим, Умар ибн Хаттоб билан Исломни қувватлагин! – дедилар Набий (сав). Умар розияллоҳу анҳу: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва сиз Аллоҳнинг Расулисиз!» деб Исломни қабул қилди. Шунда ҳовли ичидаги мусулмонлар «Аллоҳу Акбар!» деб қичқиришди ва бу такбирни Ҳарамдагилар ҳам эшитди.

    Умар розияллоҳу анҳу биров дахл қила олмайдиган ҳайбат эгаси эди. Унинг Исломни қабул қилиши мушриклар ўртасида хорлик ва зиллат қичқириғини қўзғаган бўлса, мусулмонларни иззат, шараф ва шодлик либосига буркади.

    Ибн Исҳоқ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мусулмон бўлганимдан кейин Макка аҳлининг қай бири Расулуллоҳ (сав)га энг қаттиқ душман, деб ўйладим. Абу Жаҳл деган тўхтамга келиб, уникига йўл олдим. Абу Жаҳлнинг эшигини қоқдим. У чиқиб келди ва: «Хуш келибсан, хизмат?» деди. Мен Аллоҳга ва Унинг расули Муҳаммадга иймон келтирганимни ва У Зот (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган динни тасдиқлаганимни сенга айтиб қўйгани келдим, дедим. Абу Жаҳл юзимга эшикни ёпди ва шундай деди: «Ўзингни ҳам, олиб келган хабарингни ҳам Аллоҳ кўтарсин!»

    Ибн Жавзий ёзади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: Ким мусулмон бўлса, одамлар унга ёпишиб кетарди ва икки ўртада қаттиқ муштлашув бўларди. Мусулмон бўлганимдан кейин тоғам Осий ибн Ҳошимнинг олдига бориб, Исломни қабул қилганимни айтдим. Тоғам уйига кириб кетди. Сўнг Қурайшнинг кибор кишиларидан бирининг – эҳтимол, Абу Жаҳлнингдир – уйига бордим. Унга ҳам мусулмон бўлганимни айтган эдим, уйига кириб кетди.

    Ибн Ҳишом ва Ибн Жавзийлар мухтасар ривоят қиладиларки, Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгач, Жамил ибн Муаммар Жумаҳийнинг – У Қурайшнинг хабарчиси эди – олдига бориб, унга мусулмон бўлганини айтади. Жамил баланд овоз билан: «Ибн Хаттоб диндан қайтибди», деб қичқиради. Унинг орқасида турган Умар эса: «Ёлғон айтаяпти, мен мусулмон бўлдим» дейди. Шунда мушриклар Умарга ташланишади. Умар розияллоҳу анҳу билан мушриклар то қуёш тепаларига келгунга қадар муштлашишди. Охири, Умар розияллоҳу анҳу чарчаб ўтириб қолди. Мушриклар у кишининг тепасида туришарди.

    – Қўлларингдан келганини қилинглар! – дерди Умар – Аллоҳга қасамки, агар уч юз киши бўлганимизда шу ерни сизларга ташлаб кетардик ёхуд сизлар уни бизга қолдириб кетардингиз!

    Кейин мушриклар Умар розияллоҳу анҳуни ўлдирмоқчи бўлиб, унинг уйини ўраб олишди. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу уйида хавф ичида ўтирганида унинг олдига Абу Амр Ос ибн Воил Саҳмий келди. Оснинг эгнида юпқа яманча чопон ва ипак ҳошияли кўйлак бор эди. Ос Саҳм Уруғидан бўлиб, улар жоҳилиятда бизнинг иттифоқдошларимиз саналарди.

    – Нима бўлди? – деб сўради Ос.

    – Қавминг мусулмон бўлганим учун мени ўлдиришмоқчи.

    Ос: «Сен омонлик топдинг, сен томон (уларга) йўл йўқ», деб ташқарига чиқди. У водийни тўлдирган одамларга дуч келди.

    – Қаерга кетаяпсизлар? – деб сўради Ос.

    – Диндан қайтган анави Ибн Хаттобнинг олдига, – дейишди.

    – У томон йўл йўқ! – деди Ос.

    Мушриклар орқага қайтди. Ибн Исҳоқ ривоятида: «Аллоҳга қасамки, улар гўё унинг устидан сидириб ташланган кийимдек бўлдилар» (яъни, худди шундай қайтиб кетишди) дейилган.

    Бу мушрикларнинг билдирган муносабати эди. Келинг, энди гапни мўминлардан эшитайлик. Мужоҳид Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттобдан: «Нима учун Форуқ деб аталгансиз?» деб сўрадим. Умар розияллоҳу анҳу қуйидагича жавоб берди: «Ҳамза розияллоҳу анҳу мендан уч кун олдин Исломни қабул қилган эди – Сўнг Умар розияллоҳу анҳу ўзининг Исломга кириш тарихини ҳикоя қилиб берди ва охирида деди – Исломга кирганимдан сўнг: «Ё Расулуллоҳ, биз ўлсак ҳам, яшасак ҳам ҳақ устида эмасмизми?!», деб сўрадим. «Ҳа, – дедилар Набий (сав) – Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар вафот топсангизлар ҳам, яшаб қолсангизлар ҳам ҳақдасизлар». «Унда беркинишнинг нима кераги бор? Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, (очиқ даъватга) чиқамиз!» – дедим. Икки саф бўлиб Расулуллоҳ (сав)ни олиб чиқдик. Сафларнинг бирида Ҳамза, иккинчисида мен борардим. Унинг эгнини чанг босган эди. Шу ҳолда Ҳарамга кирдик. Қурайш менга ва Ҳамзага қаради. Мушрикларга ҳеч кўрилмаган бир ғам тушди. Ўша куни Расулуллоҳ (сав) мени Форуқ (ҳақ билан ботилни ажратувчи) деб атадилар.»

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: То Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгунга қадар Каъбада намоз ўқий олмасдик.

    Суҳайб ибн Синон ар-Румий айтади: Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганидан кейин Ислом ошкор этилиб, унга очиқ даъват қилинди, Каъба атрофида давра қуриб ўтирдик, Каъбани тавоф қилдик, бизга қўполлик қилганлардан ҳақимизни олиб, уларга қилмишига яраша жавоб қайтардик.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: Умар Исломни қабул қилганидан бошлаб азиз бўлдик.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963