012. Учинчи босқич: Ислом даъвати Макка ташқарисида

    Расулуллоҳ (сав) Тоифда

    Нубувватнинг ўнинчи йили шаввол ойида (милодий 619-йилнинг май ойи охирлари ёки июн ойининг бошларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга бордилар. Тоиф Маккадан олтмиш милча узоқликда жойлашган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса билан ана шунча масофага пиёда бориб қайтдилар. Йўлда қайси қабила манзилидан ўтсалар, уларни Исломга даъват қилардилар. Бироқ бу даъватга жавоб берувчи топилмади.

    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга кириб Сақиф қабиласининг улуғларидан бўлмиш уч оға-ини билан учрашдилар. Улар Амр ибн Умайр ас-Сақафийнинг Абдуёлил, Масъуд ва Ҳабиб исмли уч ўғли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан ўтириб, бу кимсаларни Аллоҳга ва Ислом хизматига чақирдилар.

    – Агар сени Аллоҳ жўнатган бўлса, Каъбанинг пўшини парча-парча қилиб йиртиб ташлайман, – деди уларнинг бири.

    – Аллоҳ сендан бошқани топмабдими? – деди иккичиси.

    – Аллоҳга қасамки, сен билан асло гаплашмайман. Агар чиндан Пайғамбар бўлсанг, сенга бир гап қайтармоқ хатарли. Агар Аллоҳнинг номидан ёлғон гапираётган бўлсанг, сен билан гаплашишимнинг ҳожати йўқ, – деб жавоб берди учинчиси.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Қилар ишни қилдингиз, энди менинг хабаримни сир тутинглар», деб уларнинг олдидан қўзғалдилар. Сўнг Тоифда ўн кун туриб, шаҳарнинг барча таниқли кишилари билан учрашиб, гаплашиб чиқдилар. Улар: «Бизнинг еримиздан чиқиб кет» дейишди ва нодон-паст кимсаларини у зотга қарши қайрашди. Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан жўнаб кетаётганларида ўша жоҳиллар ва қуллар у зотнинг ортларидан эргашиб, ҳақоратлар қилиб, қичқиришга тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларига одам йиғилди. Улар икки қаторга бўлиниб, у зотни тошга тутдилар, ҳақоратлар қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёқларини тош билан уриб қонатдилар, ҳатто оёқ кийимлари қонга бўялди. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзининг гавдаси билан тўсарди. Зайд розияллоҳу анҳунинг боши бир неча жойидан ёрилди. Ярамас кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Тоифдан уч мил узоқликдаги Утба ва Шайба ибн Рабиъаларнинг боғ-қўрғонигача шу тариқа таъқиб қилиб бориб, У зотни қўрғонга киришга мажбур қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғонга кирганларидан кейингина улар ортларига қайтиб кетишди. Пайғамбаримиз бир узум дарахтининг соясига келиб ўтирдилар. Деворга суяниб тин олиб ўтирганларида, ўзларининг машҳур дуоларини айтдилар. Бу дуо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озор-азиятлардан диллари нечоғлик оғриганини, бирон кимсанинг иймон келтирмаганидан қанчалар афсус қилганларини кўрсатиб беради.

    – Эй Аллоҳим! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Қувватимнинг заифлигидан, чора-тадбиримнинг камлигидан ва одамларга хор бўлганимдан Сенга шикоятлар қиламан. Эй Меҳрибонларнинг Меҳрибони, сен заифларнинг Хожасисан, Сен Роббимсан, мени кимларга ташлаб қўйдинг?! Мени нохуш қаршилайдиган бегоналарга қолдирдингми? Ёки ишимни душманимга топшириб қўйдингми? Менга Сен ғазаб қилмасанг, бас, парво қилмасман, лекин Сенинг офиятинг мен учун кенг-мўл-ку!! Зулматларни ёритган, дунё ва охират ишини ислоҳ қилган Юзингнинг Нури билан менга ғазабинг тушишидан ёхуд норизолигинг нозил бўлишидан паноҳ сўрайман. Рози бўлгунингга қадар танбеҳинг устимгадир. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Сенинг биландир.»

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳолатларини кўриб, Утба ва Шайба ибн Рабиъаларнинг қариндошликлари ҳаракатга келиб, Аддос исмли насроний қулини чақиришди ва унга «Бир бош узум олиб анави кишига обориб бер» дейишди. Аддос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига узумни қўйгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бисмиллаҳ» деб қўл чўзиб ея бошладилар.

    – Ушбу сўзни бу юрт аҳли айтмайди, – ажабланди Аддос.

    – Сен қаерликсан, дининг нима? – сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам

    – Мен насронийман, Найнаво аҳлиданман.

    – Юнус ибн Матто исмли солиҳ киши юртиданми?

    – Сиз Юнус ибн Маттони қаердан биласиз?

    – У менинг оғам. У пайғамбар бўлган, мен ҳам пайғамбарман.

    Шунда Аддос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларидан, қўлларидан ва оёқларидан ўпишга тушди. Рабиъанинг икки ўғлидан бири иккинчисига шундай деди:

    – У ғуломингни ҳам йўлдан урди.

    Аддос келгач, «Ҳой қуриб кетгур, бу нима қилганинг?» деб сўрашди.

    – Эй саййидларим, ер юзида мана шу инсондан хайрлироқ ҳеч нарса йўқ. У менга фақат пайғамбаргина билиши мумкин бўлган бир ишни айтди.

    – Ҳой қуриб кетгур Аддос, у сени динингдан айнитмасин. Сенинг дининг унинг динидан яхшироқ, – дейишди Рабиъанинг ўғиллари.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрғондан чиққанларидан кейин маҳзун бўлиб, ғамга тўлиб синиқ қалб билан Макка йўлидан қайтдилар. Қорнул-Манозилга етганларида Аллоҳ таоло Жибрил алайҳис-саломни жўнатди. Жибрилнинг ёнида Малакул Жибал (тоғлар фариштаси) ҳам бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Макка аҳли устига икки тоғни ёпиб ташлашга изн сўради.

    Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бошингизга Уҳуд кунидан-да оғирроқ кун келганми?» деб сўрадим. «Қавмингдан кўрадиганимни кўрганман. Улардан кўрганларим ичида энг қаттиғи Ақаба кунида бўлди. Мен ўзимни қилишларини Ибн Абдиёлил ибн Абду Кулолга таклиф қилдим. Улар мен истаган нарсага жавоб бермадилар. Ғамга тўлиб йўлимга кетдим. Ўзимга келсам, Қорнус-Саолибда (яъни, Қорнул-Манозилда) эканман. Бошимни кўтарсам, бир булут устимга соя ташлаб турибди. Қарасам, унда Жибрил бор. Жибрил менга нидо қилиб шундай деди: «Аллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзини ва берган жавобини эшитди. Аллоҳ улар хусусида истаган нарсангизни буюришингиз учун сизнинг ҳузурингизга Малакул Жибални жўнатди.» Малакул Жибал ҳам менга нидо қилиб салом берди, сўнг деди: «Эй Муҳаммад, худди шундай. Нима истайсиз? Истасангиз, уларнинг устига икки ахшабни – Макканинг бир-бирига қараб турган Абу Қубайс ва Қуайқион номли икки тоғини – қоплаб қўяман.» «Аллоҳ азза ва жалла уларнинг пушти камарларидан ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзига ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.»

    Ана шу улуғ жавобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ шахсиятлари, туби кўринмайдиган улуғ хулқлари ўз ифодасини топган.

    Аллоҳ таолонинг етти осмон тепасидан туриб қилган мана шундай ғайбий марҳаматидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келиб хотиржам тортдилар. Сўнг Макка йўлига тушиб, Нахла водийсига келдилар ва шу ерда бир неча кун турдилар. Нахла водийсида яшаса бўладиган сув ва ҳосилдор ерли икки жой – Сайлул Кабир ва Займа бор. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан қаерда турганликлари ҳақида манбаларда ҳеч нарса топмадик.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нахла водийсида эканларида Аллоҳ таоло у кишининг ҳузурига бир гуруҳ жинларни жўнатди. Бу воқеа Қуръоннинг икки жойида зикр қилинган:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқ қилувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри Йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватини) қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 29-31).

    «(Эй Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга бирон нарсани шерик қилмасмиз» (Жин: 1-25-оятлар).

    Оятлар сиёқидан, шунингдек, мазкур воқеа шарҳ қилинган ривоятлар сиёқидан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу жинлардан бехабар эканликлари, фақат Аллоҳ таоло Ўз оятлари орқали билдирганидан кейингина ҳузурларига жинлар келиб кетганидан бохабар бўлганликлари тушунилади. Бу жинларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган биринчи вакиллари эди. Ривоятлар сиёқи кейинчалик уларнинг яна бир неча бор келганликларига далолат қилади.

    Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига маълум бўлган лашкарлари ила махфий ғайб хазиналаридан яна бир бор қўллаб-қувватланган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бу ҳодиса чиндан-да улуғ воқеа бўлган. Мазкур ҳодиса ёритилган оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларининг ғалаба қозониши ва борлиқдаги ҳеч қандай куч-қудрат унинг ғалабасига тўсиқ бўла олмаслиги ҳақидаги башоратлар билан келди.

    «Ким Аллоҳга даъват қилувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у ер юзида (Бирон жойга) қочиб қутулувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга (Унинг азобидан қутқарувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар» (Аҳқоф-32).

    «Албатта бизлар (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, ер юзида ҳаргиз Аллоҳни ожиз қила олмасмиз (яъни, фақат Аллоҳ ирода қилган ишгина бўлур) ва У Зотдан (яъни, Унинг жазосидан) қочиб ҳам қутула олмасмиз» (Жин-12).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан хўрланиб, қувланиб чиққанларидан буён у кишининг бошларига қуюқ соя ташлаб турган ғам-алам, маҳзунлик ва тушкунлик булути ана шундай нусрат ва башоратлар қаршисида парча-парча бўлиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна Маккага, Исломни тарқатиш ва Аллоҳнинг абадий рисолатини бандаларга янги куч, янги қувват билан етказиш учун яна аввалги ишларини давом эттиришга қайтмоққа қарор қилдилар. Ана шунда Зайд ибн Ҳориса: «Улар сизни чиқариб юборишди-ку, қандай қилиб кирасиз?», деб сўради. «Эй Зайд – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳ таоло бу кўриб турганларингга бир ёруғликни ва чиқар йўлни пайдо қилур. Зеро, Аллоҳ динига нусрат бериб, Пайғамбарини олий қилувчидир.» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага яқин келиб, Ҳирога қўндилар ва хузоалик бир кишини Ахнас ибн Шурайҳнинг олдига ўзлари учун ҳимоя сўраб жўнатдилар. «Мен ҳалиф, яъни иттифоқдош кишиман. Ҳалиф ҳимоясига ололмайди», деб жавоб берди Ахнас. Суҳайл ибн Амрнинг олдига жўнатдилар. «Бану Омир Бану Каъбга қарши туриб ҳимоясига олмайди», деб жавоб айтди Суҳайл. Мутъим ибн Адийнинг олдига жўнатдилар. Мутъим рози бўлди. У қуролланиб, ўғиллари ва қавмини чақирди. «Қурол-аслаҳаларингизни тақиб, Каъба рукнлари олдида туринглар. Мен Муҳаммадни ҳимоямга олдим», деди Мутъим Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга «Кираверинг» деб одам жўнатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса ҳамроҳлигида Маккага кириб Ҳарамгача келдилар. Мутъим ибн Адий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг роҳила-уловлари олдида туриб: «Эй Қурайш жамоаси! Мен Муҳаммадни ҳимоямга олдим, уни ҳеч ким безовта қилмасин!» деб қичқирди. Расулуллоҳ рукнни истилом қилиб, икки ракаат намоз ўқиб, уйларига кетдилар. Мутъим ибн Адий қуролланган ўғиллари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўраб, уйларига қадар кузатиб қўйди.

    Айтишларича, Абу Жаҳл Мутъимдан: «Сен ҳимояга олувчимисан ёки эргашувчи яъни, муслим?» деб сўраганида: «Ҳимоясига олувчи!» жавобини эшитиб: «Сен ҳимоянгга олган кишини биз ҳам ҳимоя қиламиз!» қабилида жавоб берган экан.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мутъимнинг бу хизматини унутмаганлар. Пайғамбаримиз Бадрда асир олинган мушрикларни кўрсатиб шундай деганлар: «Агар Мутъим ибн Адий ҳаёт бўлиб, манави бадбўйлар ҳақида менга илтимос қилганида, уларни унга берган бўлардим!»

    Исломни қабилалар ва шахсларга таклиф қилиш

    Пайғамбарликнинг ўнинчи йили Зул-қаъда ойида (619 милодий июннинг охирлари ё июлнинг бошларида) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қайтиб, Исломни қабилалар ва шахсларга таклиф қилишни қайтадан бошладилар. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолгани туфайли одамлар ҳаж фарзини адо этиш, муайян кунларда Аллоҳни зикр қилиш ва ўзлари учун бўлган диний ва дунёвий манфаатларни қўлга киритиш учун ҳар тарафдан кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу фурсатни ғанимат билиб, худди пайғамбарликнинг тўртинчи йилидан бери қилиб келаётганлари каби улардан ҳар бир қабилани алоҳида-алоҳида Исломга даъват қила бошладилар. Ушбу – ўнинчи – йилдан тортиб энди улардан Аллоҳнинг рисолатини етказиш йўлида ўзларига мадад, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳам сўрай бошладилар.

    Исломга таклиф қилинган қабилалар

    Зуҳрий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирма-бир бориб, Исломга даъват қилган қабилалар қуйидагилар эди: Бану Омир ибн Саъсаъа, Муҳориб ибн Хосфа, Фазора, Ғассон, Мурра, Ҳанифа, Салим, Абс, Бану Наср, Банул-Бакко, Кинда, Калб, Ҳорис ибн Каъб, Узра, Хазорама. Аммо улардан биронтаси ҳам у зотнинг даъватларини қабул қилмади».

    Зуҳрий номларини келтирган бу қабилалар Исломга бир йилнинг ёки бир мавсумнинг ўзида даъват этилмаганлар. Уларнинг даъват этилиши Пайғамбарликнинг тўртинчи йили билан ҳижратдан олдинги охирги мавсум оралиғида бўлиб ўтган. Муайян бир қабила ҳақида у аниқ фалон йили даъват этилган, дея олмаймиз. Тўғри, аллома Мансурпурий бир неча қабилалар ҳақида улар Исломга ўнинчи йилнинг мавсумида даъват этилганлар, дея қатъий айтган. Ибн Исҳоқ мазкур даъват ва унинг рад этилиши тарзини ҳикоя қилган. Қуйида шу ҳақда қисқача айтиб ўтамиз:

    1. Бану Калб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг Бану Абдуллоҳ номли бир уруғига бориб, уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Ҳатто уларга: «Эй Бану Абдуллоҳ, Аллоҳ отангизнинг исмини гўзал қилди», деган гапни ҳам айтдилар. Аммо улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таклифини қабул қилмадилар.

    2. Бану Ҳанифа. Уларни қўнимгоҳларига бориб, Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Араблардан бирортаси у зотга булардан кўра хунукроқ жавоб қилмаган эди.

    3. Бану Омир ибн Саъсаа ҳузурига бориб, уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва уларни ўзларига ҳимоячи бўлишга таклиф қилдилар. Улар ичидан Буҳайра ибн Фаррос деган шахс: «Аллоҳга қасамки, агар мен қурайшлик мана шу йигитнинг қўлидан маҳкам тутсам, у билан бутун арабларга ғолиб бўлардим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Агар шу ишингда сенга байъат берсак, кейин Аллоҳ сени мухолифларинг устидан ғолиб қилса, сендан сўнг иш (ҳокимият) бизнинг қўлимизга ўтадими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иш (ҳокимият) Аллоҳникидир, уни Ўзи хоҳлаган ўринга қўяди», деб жавоб бердилар. Шунда у: «Биз сени деб ўзимизни арабларга қурбон қилайликми?! Аллоҳ сени ғолиб қилганидан кейин ҳокимият биздан бошқасининг қўлига ўтадиган бўлса, бизга бу ишнинг кераги йўқ», деди. Шу билан улар ҳам юз ўгиришди.

    Бану Омир қайтиб боргач, бўлган воқеани кексалиги туфайли ҳажга келолмаган бир қарияга айтишди ва: «Қурайшнинг Бану Абдулмуттолиб уруғидан бир йигит олдимизга келиб, пайғамбарман, деб даъво қилди, бизга, мени ҳимоя қилинглар, мен тарафга ўтинглар ва мени ўз юртларингга олиб кетинглар, деб даъват қилди», дейишди. Шунда қария қўлларини бошига қўйиб: «Эй Бану Омир, бу нақадар улкан талофат, ахир бошга қўниб турган бахт қушини учириб юборибсизлар-ку! Фалончининг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, Исмоил авлоди бўлган ўша йигит бу гапни асло тўқиб чиқармаган, унинг гаплари ҳақ, мияларинг қаёқда эди ўзи?!» деди.

    Маккалик бўлмаган мўъминлар

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилалар ва вакиллар билан бир қаторда якка шахсларни ҳам Исломга даъват қилдилар. Уларнинг айримлари тарафидан ижобатлар кўриниб, мавсумдан бироз кейинроқ бир нечалари мусулмон бўлишди. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

    1. Сувайд ибн Сомит. У Ясриблик бўлиб, зукко шоир эди. Қавми уни обрўси, шоирлиги ва насабини эътиборга олиб «Комил» деб атарди. У ҳаж ёки умра қилиш учун Маккага келган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват қилдилар. Шунда у: «Эҳтимол, сиздаги нарса мендаги нарса билан бир хилдир», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиздаги нарса нима ўзи?» дедилар. У: «Луқмоннинг ҳикмати», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани, уларни менга айтиб берингчи», дедилар. У айтиб бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Булар шубҳасиз, гўзал сўзлар, аммо мендагиси улардан яхшироқ, у Аллоҳ менга нозил қилган Қуръондир, ҳидоят ва нурдир», деб унга Қуръон ўқиб бердилар ва уни Исломга даъват этдилар. Шундан сўнг у: «Ҳақиқатан, булар ғоят гўзал сўзлар экан», деди ва Исломни қабул қилди. Мадинага қайтиб келганидан сўнг кўп ўтмай Буос воқеасидан сал олдин Авс ва Хазраж ўртасидаги жанглардан бирида ўлдирилди. Устунроқ гап шуки, унинг Исломга кириши пайғамбарликнинг 11- йили бошларида бўлган.

    2. Иёс ибн Муоз. У Ясриблик ўспирин йигит бўлиб, Авс вакиллари орасида келганди. Улар Хазражга қарши Қурайш билан иттифоқ тузиш мақсадида келишганди. Бу иш Буос урушидан сал олдинроқ пайғамбарликнинг 11- йилида бўлиб ўтганди. У пайтда Ясрибда уруш олови ёнарди. Авс Хазражга нисбатан кам сонли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг келганидан хабар топгач, олдиларига бориб ўтирдилар ва: «Сизларга ўзингиз истаб келган ишдан кўра яхшироқ бир ишни айтайми?» дедилар. Улар: «Нима иш экан?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Аллоҳнинг бандаларига юборган пайғамбариман, уларни ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка даъват қиламан, Аллоҳ менга Китоб нозил қилган», дедилар ва уларга Исломни тушунтириб, Қуръондан тиловат қилиб бердилар. Иёс ибн Муоз: «Эй қавм, Аллоҳга қасамки, бу нарса сизлар истаб келган нарсадан кўра яхшироқ», деди. Шунда вакиллар ичидан Абу Ҳайсар Анас ибн Рофеъ деган кимса Батҳо тупроғидан бир сиқим олиб, Иёснинг юзига сочиб юборди ва: «Қўй бу гапни, қасамки, биз бу иш учун келмаганмиз», деди. Иёс жим бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб кетдилар. Вакиллар Қурайш билан иттифоқ туза олмасдан Мадинага қайтиб кетишди.

    Ясрибга қайтганларидан кейин ҳеч қанча ўтмасдан Иёс вафот этди. Ўлими олдидан ҳамд, такбир, таҳлил ва тасбеҳ айтганди. Унинг мусулмон бўлиб ўлганига шубҳа қилмайдилар.

    3. Абу Зар Ғифорий. У Ясриб атрофида яшарди. Сувайд ибн Сомит ва Иёс ибн Муоз воситасида Ясрибга етиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги хабарлар унинг қулоғига ҳам етиб борган ва шу нарса унинг Исломга киришига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

    Бухорий Ибн Аббосдан, у Абу Зарнинг ўзидан ривоят қилади: Мен ғифорлик бир одам эдим. Бизга Маккада ўзини пайғамбарман, дейдиган бир одам чиқибди, деган хабар келди. Укамга: «Бор, ўша одам билан гаплашиб, нима гаплигини билиб кел», дедим. У кетди. Бориб учрашди. Қайтиб келгач, «Нима гап?» деб сўраган эдим, у: «Аллоҳга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган бир одамни кўрдим», деди. Унга: «Бу гапинг мени қониқтирмади», дедим-да, сафар халта ва асони олиб Макка сари йўлга тушдим. Ўзим уни танимас эдим. У ҳақда сўрашни истамадим. Замзамдан ичиб, масжидда бўлиб турдим. Олдимдан Алий ўтиб қолди ва: «Мусофирга ўхшайсиз», деди. Мен: «Ҳа», дедим. «Ундай бўлса, юринг бизникига», деб уйига олиб кетди. У ҳам мендан ҳеч нарса сўрамади, мен ҳам ҳеч нарса демадим. Тонг отгач, масжидга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўрай дегандим, у ҳақда бирон гап айтадиган одамни топа олмадим. Олдимдан яна Алий ўтиб қолиб: «Ҳали ҳам борар жойингизни топа олмадингизми?» деди. Мен: «Ҳа, топа олмадим», дедим. У яна уйига таклиф қилиб: «Бу юртларга нима иш билан келган эдингиз?» деб сўради. «Агар сир сақласангиз, айтаман», дедим. У: «Шундай қиламан», деди. Мен: «Шу ерда ўзини пайғамбарман, дейдиган бир одам чиқибди, укамни у ҳақда билиб келишга юборган эдим, унинг олиб борган хабари мени қониқтирмади, шунинг учун у билан ўзим учрашмоқчи бўлиб келдим», дедим. У: «Муродингиз ҳосил бўладиган бўпти, ҳозир ўша ёққа кетаётган эдим, ортимдан бориб, мен кирган жойга кириб бораверинг, агар бирор сизга нисбатан хавфлироқ одамни кўриб қолсам, девор остига бориб, оёқ кийимимни тўғрилагандек бўламан, сиз эса ўтиб кетаверасиз», деди. Унинг ортидан бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Исломни тушунтиринг», деган эдим, у киши тушунтирдилар. Мен ўша турган жойимда дарҳол мусулмон бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абу Зар, бу ишни сир тутиб, шаҳрингизга қайтиб кетинг, бизнинг ғолиб бўлганимиз ҳақида эшитсангиз келарсиз», дедилар. Мен: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен буни уларнинг орасида қичқириб айтаман», дедим. Сўнг масжидга келдим. Қурайш ҳам ўша ерда эди. Ҳаммага эшиттириб: «Эй Қурайш жамоаси, мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман», деб қичқирдим. Улар: «Туринглар, бу муртадни уринглар», дейишди-да, мени ўласи қилиб калтаклашди. Аббос келиб, устимга ётиб олди ва уларга қараб: «Ғифорлик одамни урасизларми, ахир савдо билан Ғифордан ўтасизлар-ку!», деди. Шунда улар мендан четланишди. Эртаси куни яна кечагидек ишни қилдим. Яна ўша гапни айтдим. Улар: «Туринглар, бу муртадни уринглар» дейишди-да, мени яна ўласи қилиб калтаклашди. Яна Аббос келиб, устимга ётиб олди ва кечаги гапини қайтарди.

    4. Туфайл ибн Амр Давсий. Бу одам шарафли инсон, Давс қабиласининг бошлиғи, зукко шоир эди. Унинг қабиласи Яманнинг айрим тарафларига бошчилик ёки яримбошчилик қилган. У Маккага пайғамбарликнинг 11- йилида келди. Шаҳарга етмасиданоқ Макка аҳли унинг истиқболига чиқиб, иззату ҳурматини жойига қўйишди, сўнг: «Эй Туфайл, ичимиздан чиққан мана бу одам бизни оғир аҳволга солиб қўйган, жамоамизни бўлиб, ишимизни чалкаштириб юборган бир ҳолатда сиз бизнинг юртимизга келдингиз, у гапириб туриб, одамни сеҳрлаб қўяди, кишини отасидан, ака-укасидан, хотинидан ажратиб юборади, бизга тушган бу бало сизнинг ва қабилангизнинг бошига ҳам тушиб қолмаса, деб қўрқамиз, шунинг учун у билан гаплашманг, унинг гапига қулоқ солманг», дейишди.

    Туфайлнинг ўзи ҳикоя қилади: Бу ҳақда шу қадар кўп гапиришдики, у билан гаплашмасликка ва унинг гапини эшитмасликка қатъий қарор қилдим ва ҳатто масжидга борган пайтимда беихтиёр унинг сўзлари қулоғимга тушиб қолмасин деб қулоғимга пахта тиқиб олдим. Бир сафар масжидга борсам, у киши Каъбада намоз ўқиётган эканлар. Унинг яқинроғида турган эдим. Аллоҳ унинг гапини эшитмаслигимга йўл қўймади. Ўша гўзал ибораларни тингладим. Кейин ўзимга ўзим, бундан кўра ўлганим яхши, нима учун энди мен унинг гапини эшитмаслигим керак экан, ахир мен зукко шоир бўлсам, нима гўзалу нима хунуклигини ажрата олсам, эшитиб кўрай, агар яхши бўлса, қабул қиламан, бўлмаса, рад этаман, дедим. Шу ўй билан у киши уйларига қайтгунларича кутиб турдим. Қайтаётганларида ортларидан эргашдим. Уйларига кирган эдилар, ортларидан кирдим ва келганимдан буён бўлаётган ишларни, одамларнинг мени қўрқитганлари, қулоғимга пахта тиқиб олганим, кейин у кишининг айрим гапларини эшитиб қолганим, ҳамма-ҳаммасини ҳикоя қилиб бердим ва бошқаларга айтаётган гапингизни менга ҳам айтинг, дедим. У киши менга Исломни тушунтирдилар ва Қуръонни тиловат қилиб бердилар. Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон унингдек гўзал ибораларни эшитмаганман ва шу ишдек тўғрироқ ишни кўрмаганман. Дарҳол мусулмон бўлиб, ҳақ шаҳодатни келтирдим. Кейин у кишига: «Менга қавмим итоат қилади, қайтиб бориб, уларни Исломга даъват этаман, Аллоҳга дуо қилинг, менга бир белги-аломат берсин», дедим. У киши дуо қилдилар.

    Унинг белги-аломати шу бўлдики, қавмига яқинлашган пайтида Аллоҳ унинг юзида худди чироқдек бир нурни пайдо қилди. У: «Эй Аллоҳим, юзимдан бошқа жойда бўлса эди, одамлар мусла, деб ўйлашларидан қўрқаман», деб дуо қилганди, нур қамчисига кўчди. Шундан сўнг у отасини ва хотинини Исломга даъват қилди, улар мусулмон бўлишди. Қавми эса Исломга киришда сустлик қилди. Лекин у даъватда бардавом бўлди. Хандақ жангидан кейин ҳижрат қилган пайтида ўзи билан бирга етмиш ёки саксон хонадонни олиб кетди. У Исломдаги синовлардан гўзал тарзда ўтди ва Ямома кунида шаҳид бўлди.

    5. Зимод Аздий. Бу одам Яманнинг Аздишануасидан бўлиб, дам солиш билан шуғулланарди. У Маккага келиб, у ердаги қаланғи-қасанғилардан «Муҳаммад жинни» деган гапни эшитди. Олдига борсам, эҳтимол Аллоҳ унга мен сабабли шифо бериб қолар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб: «Эй Муҳаммад, мен дам соладиган одамман, бирон касалингиз борми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамд Аллоҳникидир, Унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятга бошласа, уни ҳеч ким адаштира олмас, кимни адаштириб қўйган бўлса, уни ҳеч ким ҳидоятга бошлай олмас. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У Ягонадир, Шериксиздир, яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва пайғамбаридир. Аммо баъд…» деб энди гап бошлаётган эдилар, Зимод: «Шу сўзларингизни яна бир қайтаринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларини уч бора қайтардилар. Шунда Зимод: «Мен коҳинларнинг, сеҳргарларнинг, шоирларнинг гапларини эшитганман, аммо сизнинг гапларингизга ўхшаганини эшитмаганман, улар уммон тубига қадар етиб борибди, қўлингизни беринг, сизга байъат бериб, мусулмон бўлай» деди ва байъат бериб, мусулмон бўлди.

    Ясриблик олти нафар солиҳ кишилар

    Пайғамбарликнинг 11- йили ҳаж мавсумида – 620- милодийнинг июлида – Исломий даъват майдонида сермаҳсул уруғлар вужудга келиб, улар тезда самога ўрловчи улкан дарахтларга айландилар. Мусулмонлар уларнинг сояларига ўтиб, йиллар мобайнида давом этиб келаётган зулму туғён зарбаларидан ҳимояландилар, воқеа-ҳодисалар бошқача тус олиб, тарихнинг йўналиши бутунлай ўзгарди.

    Макка аҳлининг ёлғончига чиқариш, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш каби озорларини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикмат билан иш юритганларидан Макка мушриклари халақит қилмаслиги учун қабилаларни даъват қилишга кечасида чиқардилар.

    Ана шундай кечаларнинг бирида у зот Абу Бакр ва Алий билан бирга Зуҳл ва Шайбон ибн Саълабанинг қўналғалари ёнидан ўтиб қолдилар. Уларга Ислом ҳақида гапирдилар. Абу Бакр билан зуҳллик бир киши ўртасида ажойиб бир савол-жавоб ҳам бўлиб ўтди. Бану Шайбоннинг жавоби умид қилса бўладиган жавоб бўлди. Лекин улар Исломни қабул қилишдан тўхтаб турдилар.

    Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодаги Ақаба деган жойдан ўтаётиб, гаплашиб ўтирган одамлар овозини эшитдилар ва улар ёнига бордилар. Улар Ясриблик олти нафар ёш йигитлар бўлиб, ҳаммалари Хазраж қабиласи вакиллари эди:

    1. Асъад ибн Зурора (Бану Нажжордан).

    2. Авф ибн Ҳорис ибн Рифоа ибн Афро (Бану Нажжордан).

    3. Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон (Бану Зурайқдан).

    4. Қутба ибн Омир ибн Ҳадида (Бану Саламадан).

    5. Уқба ибн Омир ибн Нобий (Бану Ҳаром ибн Каъбдан).

    6. Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Риоб (Бану Убайд ибн Ғанмдан).

    Ясрибликларнинг бахти шунда эдики, иттифоқдошлари бўлмиш ясриб яҳудийлари билан ўрталарида гап қочган пайтларда улар яҳудийлардан: «Яқинда бир пайғамбар чиқади, биз унга эргашамиз ва у билан биргаликда сизларни худди Од ва Эрамдек қириб ташлаймиз» деган гапларни эшитиб юрардилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан учрашганларида:

    – Сизлар кимсизлар? – деб сўрадилар.

    – Хазражликлармиз, – жавоб беришди улар.

    – Яҳудларнинг иттифоқдошларимисизлар?

    – Ҳа.

    – Ўтириб, бир гаплашсак нима дейсизлар?

    – Майли.

    Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Исломнинг моҳиятини тушунтирдилар, Қуръон тиловат қилиб бердилар ва уларни Улуғ, Буюк Аллоҳга даъват қилдилар. Улар бир бирига: «Аллоҳга қасамки, бу одам ўша яҳудийлар кутаётган пайғамбардир, бас, улардан олдин отни қамчилаб қолайлик, унинг таклифини қабул қилиб, мусулмон бўлайлик», дейишди.

    Улар Ясрибнинг оқил кишиларидан эдилар. Яқинда бўлиб ўтган ички урушлар уларнинг тинкасини қуритган, бу урушнинг яна аланга олиш хавфи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари зора урушнинг олди олинишига сабаб бўлса, деб умид қилдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизнинг ортимизда шундай қавмлар борки, улар орасидаги адоватчалик адоват ҳеч жойда йўқ, сиз туфайли Аллоҳ уларни бирлаштириб юборса ажаб эмас, энди юртимизга қайтиб, уларни сизнинг ишингизга даъват қиламиз, ўзимиз қабул қилган мана шу таклифингизни уларга ҳам таклиф қиламиз, агар уларни Аллоҳ сизга бирлаштириб берса, сиздан азизроқ одам бўлмайди», дейишди.

    Улар Мадинага қайтишгач, у ерда Ислом рисолатини кўтариб чиқишди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида гапирилмаган биронта хонадон қолмади.

    Мавзудан бироз четга чиқиш
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишлари

    Шу йили – пайғамбарликнинг 11- йили – Шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳога уйландилар. Бу пайтда Оиша розияллоҳу анҳо олти ёш эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёли билан Мадинада ҳижратнинг биринчи йилида Шаввол ойида қўшилдилар. У пайтга келиб, Оиша розияллоҳу анҳо тўққиз ёшга киргандилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962