Бизга боғланинг
018. Бадр жанги (давоми)
Макка қўшинининг жанг майдонидаги аҳволи, улар ичида келишмовчилик чиққанлиги
Қурайш тунни ал-Удватул-Қусводаги қўналғасида ўтказди. Тонг отгач, улар ҳам тепаликдан Бадр водийсига тушиб келишди. Бир нечталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузларига қараб юришди. У зот: «Майли, қўяверинглар», дедилар. Ўша куни улардан ким сув ичган бўлса, ҳаммаси ўлдирилди. Ҳаким ибн Ҳизомгина ўлимдан қутулиб қолди, у кейинчалик Исломни қабул қилиб, мусулмончилиги гўзал бўлди ва қачон қасам ичса: «Бадр куни мени (ҳалокатдан) қутқарган Зотга қасамки», деб қасам ичарди.
Қурайш ўрнашиб олгач, Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳийни Мадина лашкарининг кучлари ҳақида маълумот йиғиб келишга юборди. Умайр отига миниб лашкаргоҳни айланиб чиқди, қайтиб келиб: «Улар уч юз киши, бироз камроқ ё ошиқроқ бўлишлари ҳам мумкин. Озгина сабр қилсангиз, мен уларнинг пистирмада одамлари ёки қўшимча кучлари бор-йўқлигини билиб келаман», деди. Водийнинг ичкарироқларига бориб келгач: «Ҳеч нарса топмадим. Лекин, эй қурайшликлар, мен кўрдимки, Ясриб туялари ўзлари билан ажал олиб келмоқда. Қавмнинг қиличларидан бошқа суянадиган ва ҳимояланадиган нарсаси йўқ. Аллоҳга қасамки, афтидан улардан ҳар бири ҳеч бўлмаганда сизлардан бир кишини ўлдирмагунча ўлмайди. Агар улар сизларнинг сафларингизга талафот еткизгудек бўлишса, шундан кейин сизлар учун яшашдан ҳаловат қоладими?! Яна ўзингиз ўйлаб кўринг», деди.
Шундан кейин урушишни қаттиқ туриб талаб қилаётган Абу Жаҳлга қарши иккинчи бор, урушсиз Маккага қайтишга чақирувчи муораза (мухолафат) юзага келди. Ҳаким ибн Ҳизом одамлар ичида айланиб, Утба ибн Рабиъа ёнига борди ва унга: «Эй Абул Валид, сиз Қурайшнинг пешвоси ва саййидисиз, сизга кўпчилик итоат қилади. Умрбод яхшилик билан тилга олинишни истайсизми?», деди. У: «Нима қилинг дейсиз, эй Ҳаким?», деди. «Одамларни қайтариб кетинг, Нахла сарийясида ўлдирилган иттифоқчингиз Амр ибн ал-Ҳазрамийнинг ишини ўз бўйнингизга олинг», деди. Утба: «Майли, шундай қилганим бўлсин, у менинг иттифоқчим эди, хун пули ҳам, молига етган зарар ҳам менинг бўйнимга», деди.
Сўнг Утба Ҳаким ибн Ҳизомга: «Сиз Ибн Ҳанзалия (яъни, Абу Жаҳл, Ҳанзалия унинг онасининг исми) олдига боринг, ундан бошқа биронтаси бу тўғрида жанжал чиқаради деб ўйламайман», деди.
Сўнг Утба ибн Рабиъа хитоб қилиб деди: «Эй Қурайш жамоаси, қасам ичиб айтаманки, сизлар Муҳаммад ва унинг асҳоблари билан олишиб ҳеч нарсага эришмайсиз. Қасамки, агар уларга талафот етказган тақдирингизда ҳам ўрталарингизда нафрат ошиб, кимдир амакиваччасининг, кимдир холаваччасининг, яна кимдир қайсидир қариндошининг қотилига айланиб, қариндошлар бир-бирини умрбод ёмон кўриб юришига шубҳа йўқ. Орқангизга қайтинг, Муҳаммадни бошқа арабларга қўйиб беринг. Агар уни мағлуб этишса, бу сизлар учун айни муддао бўлади. Борди-ю иш аксинчасига айланса, у сизларни ўзига бирон зиён етказмаган деб топади».
Ҳаким ибн Ҳизом Абу Жаҳлнинг ёнига борди – у совутини кийишга тайёрлаётган эди – ва унга: «Эй Абул Ҳакам, Утба мени шундай-шундай гап билан юборди», деди. Шунда Абу Жаҳл: «У Муҳаммад билан унинг асҳобларини кўриб, ўпкаси шишиб кетибди. Йўқ, қасамки, то Аллоҳнинг ўзи Муҳаммад билан бизнинг ўртамизда ажрим қилмагунича энди ҳаргиз ортга қайтиш йўқ! Утбани бу гапни айтишга ундаган нарсани биламан. У Муҳаммад ва унинг асҳобларини биз учун лаққа гўшт эканини кўриб, улар ичида ўғли Абу Ҳузайфа ҳам борлиги учун унинг жонига хавф қилиб бу гапни айтган», деди.
Абу Жаҳлнинг: «Унинг ўпкаси шишиб кетибди» деган гапи Утбанинг қулоғига етгач: «Кетида ҳуштак чаладиган у ярамасга менинг ўпкам шишганми, ўзиникими, ҳали билиб олади», деди. Абу Жаҳл ўртада қарама-қаршилик кучайиб кетишидан чўчиб, тезлик билан бунинг тадоригини кўриб қўйиш учун Омир ибн Ҳазрамийни – Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг сарийясида ўлдирилган Амр ибн Хазрамийнинг инисини – чақиртирди ва унга: «Мана бу иттифоқчинг (яъни Утба) одамларни ортга қайтириб юбормоқчи бўлаяпти. Мен сенинг кўзларингда қасос алангасини кўриб турибман. Тур, аҳдингни ва акангнинг ўлдирилганини ўртага ташла», деди. Шундан сўнг Омир ўрнидан туриб, орқасини (кетини) яланғочлаб: «Вой акам, вой акам» деб фарёд кўтарди. Шунда қавмнинг ҳамияти қўзғолиб, уруш истаги алангаланди, дилларига туккан шумликлари шиддатли тус олиб, Утбанинг чақириқлари бир четда қолиб кетди. Шундай қилиб, енгилтаклик ақлу ҳикматдан устун келди ва қаршилик бефойда кетди.
Қўшинларнинг юзма-юз келиши
Мушриклар жанггоҳга кириб келиб, қўшинлар ораси яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Мана, Қурайш ўзининг бор кибру ҳавоси ва калондимоғлиги билан, пайғамбарингни ёлғончи қилиш ва Сенга қарши урушиш учун келиб турибди. Эй Парвардигор! Сендан мен учун ваъда қилган нусратингни сўрайман. Эй Парвардигор! Уларни шу бугун ҳалок қилгайсан» деб дуо қилдилар.
Утба ибн Рабиъанинг қавм ичида қизил туясига миниб юрганига кўзлари тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қавм ичида бирон кишида зиғирча яхшилик бўлса, шу қизил туя соҳибида бўлади. Унинг сўзига киришса хато қилишмайди», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг сафларини текислашга киришдилар. Сафларни текисларканлар, ажиб бир воқеа юз берди. Қўлларида камон ўқи бўлиб, шу билан сафни текислаётган эдилар. Савод ибн Ғазийянинг гавдаси сафдан чиқиб турган экан, унинг қорнига камон ўқи билан туртиб: «Текислан, эй Савод», дедилар. Шунда Савод: «Ё Расулуллоҳ, мени оғритдингиз, қасос истайман», деди. У зот қоринларини очиб: «Майли, қасосингни ол», дегандилар, Савод у зотни қучоқлаб, қоринларини ўпди. «Нега бундай қилдинг, эй Савод?», дедилар. Савод деди: «Ё Расулуллоҳ, кўриб турганингиздек, жанг олдида турибмиз. Шу боис сиз билан бўлган охирги ҳолатим баданингизга баданим тегиши бўлишини истадим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яхшилик тилаб дуо қилдилар.
Сафларни текислаб чиққач, лашкарга то у зот томонидан якуний буйруқ бўлмагунча жанг бошламасликни буюрдилар, сўнгра жангга хос бўлган баъзи кўрсатмалар бердилар, «Душман яқинлашиб келганда отинглар, найзаларни олдинга чиқаринглар, то ўраб келишмагунича қиличларни ишга солманглар», дедилар. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга чодирга қайтдилар, Саъд ибн Муоз қўриқчилар гуруҳи билан чодир эшиги олдида турди.
Мушриклар ичида Абу Жаҳл ҳам шу куни: «Илоҳим, (бу одам) қариндошлар ўртасини узди, биз билмаган нарсаларни келтирди, бугун уни ҳалок қилгин. Илоҳим, қай биримиз сенга суюмлироқ ва мақбулроқ бўлсак, бугун унга нусрат-ёрдам бергин», деб дуо қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «(Эй аҳли Макка), агар ғалабани истаган бўлсангизлар, мана сизларнинг (зиёнингизга) ғалаба келди. Агар (пайғамбарга қарши урушишдан) тўхтасангизлар, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар (яна урушга) қайтсангизлар, Биз ҳам қайтамиз ва гуруҳингиз қанча кўп бўлмасин, сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмайди. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир» (Анфол: 19).
Жангнинг бошланиши
Урушни биринчи бўлиб Асвад ибн Абдуласад ал-Махзумий бошлаб берди, у ахлоқсиз ва ваҳший одам эди, чиқиб келиб: «Аллоҳга аҳд бераманки, уларнинг ҳовузидан ичаман ё уни бузиб ташлайман ё эса ўша ерда ўламан», деди. Унинг қаршисига Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу чиқиб борди ва ҳовуз ёнида унга тўқнаш келиб, қиличи билан уриб, оёғини болдирининг ярмидан узиб ташлади. У оёғидан қон отилган ҳолда орқачасига йиқилди. Бироқ, шунда ҳам қасамининг устидан чиқиш мақсадида ҳовуз томон эмаклай бошлади. Ҳовузга етиб борган жойида Ҳамзанинг иккинчи бор урган қиличи уни асфаласофилинга жўнатди.
Мубораза – яккама-якка олишув
Бу – уруш оловини ёқиб юборган биринчи қатл бўлди. Шундан сўнг Қурайш отлиқларидан, бир оиладан уч киши – Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа ва Валид ибн Утба ўртага чиқиб келиб, мубораза (яъни рақиб томонидан яккама-якка олишувга талабгор) талаб қилишди. Уларга ансор ёшларидан уч киши – Авф ибн Ҳорис, Муаввиз ибн Ҳорис – бу иккисининг онаси Афро – ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа талабгор бўлиб чиқишди. Мушриклар сўрадилар:
– «Сизлар кимсизлар?», деб сўрашди.
– «Биз ансорлар жамоасиданмиз», деб жавоб беришди мусулмонлар.
– «Сизлар ҳурматга сазовор рақибсизлар, бироқ бизга сизлар керакмассизлар, биз ўз қариндошларимиздан рақиб истаймиз», дейишди. Уларнинг жарчиси:
– «Эй Муҳаммад, бизга ўз қавмдошларимиздан бўлган рақибларни чиқар», деб жар солди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Убайда ибн Ҳорис, сиз туринг! Эй Ҳамза, сиз туринг! Эй Алий, сиз туринг!» дедилар. Улар ўртага тушиб, рақиблари томон яқинлашганларида улар: «Сизлар кимсизлар?» деб сўрашди. Ўзларини танитишгач: «Ҳа, жуда мос рақиб бўлибсизлар», дейишди. Булар ичида ёши каттароғи бўлган Убайда Утба ибн Рабиъа билан олишадиган бўлди, Ҳамза Шайба билан, Алий эса Валид билан олишувга чиқди. Ҳамза билан Алий ўз рақибларини бир зумда қатл қилишди. Убайда билан рақиби бир-бирига биттадан зарба бериб, иккиси ҳам олган жароҳатидан ҳаракатлана олмай қолишди. Шу пайт Алий билан Ҳамза иккалови Утбага ҳужум қилиб, уни ҳам ўлдиришди ва бир оёғи кесилган Убайдани кўтариб майдондан олиб чиқишди. Убайда шу жароҳати туфайли Бадр воқеасидан тўрт ё беш кун кейин, мусулмонлар Мадинага қайтаётганларида Сафро деган жойда вафот этди. Алий розияллоҳу анҳу мана бу оятлар улар ҳақида нозил бўлганини қасамёд билан таъкидлардилар: «Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Парвардигорлари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар» (Ҳаж: 19).
Оммавий ҳужум
Мазкур мубораза якуни мушрикларга нисбатан ёмон бошланиш бўлди. Чунки, улар энг яхши чавандоз ва бошлиқларидан уч кишини бирданига йўқотдилар. Шу боис улар ғазаблари қайнаганча мусулмонлар устига ҳаммаси бир бўлиб ёпирилдилар.
Мусулмонлар ихлос билан, Парвардигорларидан ялиниб-ёлбориб мадад ва нусрат сўраб, мушрикларнинг кетма-кет ҳужумларини қайтариб туришди. Улар «Аҳад, Аҳад» деганларича ўз ўринларида сабот билан мудофаада туришиб, мушрикларга сезиларли талафот етказишди.
Расулуллоҳ (сав) Роббиларига ялиниб-ёлборадилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лашкарнинг сафларини текислаб қайтганларидан бери тинимсиз Роббиларига илтижо қилаётган, Ундан: «Эй Парвардигор, менга ваъда қилган нусратингни бергин, Парвардигор, Сендан аҳдинг ва ваъдангни сўрайман» деб Ўзи ваъда қилган ғалабани сўраётган эдилар. Жанг қизиб, уруш шиддат билан бораётган, тўқнашув кучайиб, маърака ўзининг чўққисига чиққан пайтда у зот Аллоҳга илтижо қилиб: «Эй Парвардигорим, агар бугун бу жамоа ҳалок бўлса Сенга ибодат қилинмай қўйилади. Парвардигорим, агар истасанг, бугундан бошлаб ҳеч қачон Сенга ибодат қилинмай қўйилади», дедилар, қаттиқ ёлбориб қўлларини осмонга чўзганларидан ридолари елкаларидан тушиб кетди. Абу Бакр Сиддиқ уни елкаларига қайтариб ўраб: «Ё Расулуллоҳ, етар, Роббингиздан жуда қаттиқ туриб сўрадингиз», дедилар.
«Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув соламан…», деб ваҳий қилди» (Анфол: 12).
Пайғамбарига эса: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди (Анфол: 9).
Фаришталарнинг тушиши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир зум мудрагандек ҳолатга тушдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Хушхабар, эй Абу Бакр, ана Жибрил кўринди, елкаларига чанг қўнган», дедилар. Ибн Исҳоқ ривоятида: «Хушхабар, эй Абу Бакр, сизга Аллоҳнинг нусрати келди. Мана, Жибрил отининг тизгинидан тутиб турибди, унинг елкаларига чанг қўнган», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совут кийган ҳолларида, «Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) оятини ўқиганларича чодир эшигидан шитоб билан чиқиб келдилар, бир ҳовуч майда тош-тупроқ олиб, Қурайш томонга юзланиб: «Бу юзлар расво бўлсин» деб уларга қараб отиб юбордилар. Биронта ҳам мушрик қолмай, юз-кўзига, оғизларига ўша тош-тупроқлар бориб тегди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят нозил қилдики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тошчаларни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди» (Анфол: 17).
Қарши ҳужум
Шундан сўнг лашкарга қарши ҳужумга ўтиш ҳақида якуний буйруқ бердилар, «Маҳкам бўлинглар» деб уларни жангга ундадилар, «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, ким бугун улар билан жанг қилиб, сабр-матонат билан, ажр истаб, олға интилиб, ортига чекинмаган ҳолда ўлдирилса, Аллоҳ албатта уни жаннатга киритади» дедилар. Уларни жангга тарғиб қилиб: «Кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннат сари қўзғолинглар!» дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳумом: «Бай-бай», деб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Нега «бай-бай» дедингиз?» деб сўраган эдилар, у: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, фақат унинг аҳлидан бўлиш орзу-иштиёқи мени шундай дейишга ундади», деди. «Сиз унинг аҳлидансиз», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Шунда у халтасидан бир неча дона хурмо чиқариб, ея бошлади, сўнг: «Агар шу хурмоларни еб тугатгунимча яшасам, бу жуда ҳам узоқ чўзилган ҳаёт бўлади», деди-да, уларни отиб юбориб, жангга шўнғиб кетди ва шу жангда шаҳид бўлди.
Авф ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, Парвардигорни бандасининг қайси амали кулдиради?» деб сўраган эди, у зот: «Енгини шимариб душманга отилиши», дедилар. Шунда у устидаги совутини ечиб, улоқтирди, сўнг қиличини олиб жангга кириб кетди ва то шаҳид бўлгунича жанг қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қарши ҳужумга ўтиш буйруғини берган пайтга келиб душманнинг ҳужуми анча пасайиб, ғайрат-шижоати ҳам сезиларли даражада сусайиб қолганди. Ушбу доно режанинг мусулмонлар мавқифи (позициялари) кучайишига катта таъсири бўлди. Чунки, улар ҳужумга ўтиш буйруғини олганларида жанговор ғайрат-шижоатлари ҳали барқ уриб турган ҳолда эдилар. Шу боис уларнинг ҳужумлари шиддатли ва давомли тус олди, душман сафларини тирқиратиб, бошларни таналардан жудо қила бошладилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари майдонга тушиб келганларини кўриш уларнинг ғайратларига ғайрат қўшиб юборди. У зот олдинги сафда, мушрикларга энг яқин жойда турар, қатъий ишонч билан баралла: «Яқинда бу жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) оятини ўқирдилар. Мусулмонлар қаттиқ жанг қилдилар, уларга фаришталар ҳам ёрдам бердилар.
Ибн Саъд Икримадан ривоят қилади: «Ўша куни кимнингдир боши узилиб тушар, унга ким қилич солганини ҳеч ким билмасди, яна кимнингдир қўли узилиб тушар, уни ким чопганини билмай қолишарди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Мусулмонлардан бир киши бир мушрикнинг ортидан қаттиқ қувиб бораркан, бирдан ҳавода қамчининг шувиллаган овозини ва чавандознинг: «Олға, Хайзум!» деган товушини эшитди. Шунда олдида кетаётган мушрик бирдан гурсиллаб чалқанчасига йиқилди. Қараса, худди қамчи зарбаси тушгандек, бурни йиртилиб, юзи ёрилиб кетган ва бутун жасади кўкариб кетган экан. Ансорий келиб, бу воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эди, у зот: «Рост айтасан, бу учинчи осмондан келган мадад эди», дедилар».
Абу Довуд ал-Мозиний розияллоҳу анҳу айтади: «Мен қилич кўтариб мушриклардан бири ортидан қувиб бораётган эдим, тўсатдан ҳали қиличим етиб бормасидан унинг калласи учиб тушди. Билдимки, уни бошқа биров ўлдирди. Ансорлардан бири Аббос ибн Абдулмутталибни асирга тушириб олиб келди. Шунда Аббос: «Аллоҳга қасамки, мени бу одам асир олмади, мени асирга туширган одам ялтирбош, гўзал юзли, чавкар от минган киши эди, уни бу ерда кўрмаяпман», деди. Ансорий: «Уни мен асир олдим, ё Расулуллоҳ» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жим бўл, Аллоҳ сени улуғ фаришта билан мададлади», дедилар».
Алий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни менга ва Абу Бакрга хитоб қилиб: «Бирингизга Жибрил, бирингизга Микоил ҳамроҳ бўлиб турибди, Исрофил эса жанггоҳ ичида юрибди», дедилар».
Иблис жанг майдонидан четланади
Иблис юз бераётган воқеаларни кўргач – юқорида айтганимиздек, у Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум суратида келган ва ҳали ҳануз мушриклардан ажралмай келаётган эди – фаришталар мушрикларни нима аҳволга солаётганларини кўргач, жанг майдонини ташлаб, қочишга тутинди. Ҳорис ибн Ҳишом уни Суроқа деб ўйлаб, ушлаб қолмоқчи бўлган эди, унинг кўкрагига мушт тушириб, ерга йиқитди, сўнг жанггоҳни ташлаб чиқиб кетди. Мушрикларнинг: «Ҳой Суроқа, қаёққа? Мен сизларга ҳимоячиман, сизлардан асло ажралмайман, деб айтмаганмидинг, ахир?!» деган хитобларига жавобан: «Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир», деди» (Анфол: 48), сўнгра шу қочганича бориб, ўзини денгизга отди.
Мушрикларнинг бутунлай тор-мор этилишлари
Мушриклар ичида бесаранжомлик ва муваффақиятсизлик белгилари кўриниб, мусулмонларнинг шиддатли ҳужумлари оқибатида уларнинг сафлари тирқираб кетди. Жанг ниҳоясига яқинлашиб, мушриклар қочишга ва тартибсиз равишда чекинишга тушдилар. Мусулмонлар эса уларни тўла-тўкис мағлуб бўлмагунларича асир олишда ва ўлдиришда давом этишди.
Абу Жаҳлнинг бефойда уринишлари
Туғёнкорлар боши Абу Жаҳл лашкар сафида илк беқарорлик белгилари кўзга ташланган пайт бу сел йўлини тўсишга урина бошлади. Аскарларнинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилиб, калондимоғлик билан: «Суроқанинг ташлаб кетиши сизларни умидсизликка туширмасин, у Муҳаммад билан келишиб олган. Утба, Шайба ва Валиднинг ўлими сизларни қўрқитмасин, улар ўзлари шошқалоқлик қилишди. Лот ва Уззога қасамки, биз уларни (мусулмонларни) арқонларга боғлаб, ҳайдаган ҳолдагина ортга қайтамиз. Сизлардан бирон киши улардан ҳеч кимни ўлдирмасин, ҳаммасини қўлга тушириб, қилмишларига минг бор пушаймон қилдирамиз, тавбаларига таянтирамиз», деб сурбетларча шовқин соларди.
Бироқ, ҳеч қанча ўтмай, унинг кеккайишлари ўринсиз экани билиниб қолди, мусулмонларнинг кетма-кет ҳужумлари оқибатида лашкари тутдек тўкилиб, қолган-қутгани ҳеч нарсага қарамай қоча бошлади. Тўғри, мушриклардан бир жамоаси унинг атрофида жипс туриб, қилич ва найзалари билан мустаҳкам девор ва иҳота ҳосил қилиб туришди. Бироқ, мусулмонларнинг ҳужумлари бўрони олдида бу иҳота дош беролмади, девор қулаб, оти устида савлат тўкиб ўтирган мустабид зўравон кўзга ташланди. Ўлим унинг қонини иккита ансорий боланинг қўллари билан симиришга тайёр бўлиб турарди.
Абу Жаҳлнинг ўлдирилиши
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: «Бадр куни сафда эдим, ўнгу-сўл томонимга назар ташладим, қарасам икки томонимда иккита ёшгина ўспиринлар турибди. Мен уларнинг ўртасига тушиб қолганим учун хотиржамликни ҳис қилмадим. Шунда улардан бири иккинчисига билдирмай менга паст товушда: «Амаки, менга Абу Жаҳлни кўрсатинг», деди. Мен: «Эй жиян, уни нима қиласан?», деб сўрадим. «Айтишларича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаб сўкар эмиш. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар уни кўрсам, то иккимиздан биримиз ўлмагунича уни қўймайман», деди. Мен унинг бу шижоатидан ажабландим. Шунда иккинчиси бошқа ёғимдан туртиб, айни шу гапни такрорлади. Одамлар ичида юрган Абу Жаҳлга кўзим тушиши билан у иккисига: «Кўраяпсизларми, сизлар сўраган киши шу бўлади», дедим. Шунда улар у томон интилишди ва қиличлари билан уриб, уни ўлдиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига боришди. У зот: «Уни қай бирингиз ўлдирдингиз?» деб сўрадилар. Иккаласи ҳам: «Мен ўлдирдим» деб жавоб беришди. «Қиличларингизни артдингизми?» деб сўрадилар. «Йўқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қиличларига назар солиб: «Тўғри, уни ҳар иккалангиз ўлдирибсиз», дедилар. (Жангдан сўнг) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жаҳлнинг нарсаларини Муоз ибн Амр ибн Жамуҳга ўлжа қилиб беришга ҳукм қилдилар. Ҳалиги икки ўспириннинг бири Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ, иккинчиси Муаввиз ибн Афроъ эди».
Ибн Исҳоқ айтади: Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ деди: Мушриклар Абу Жаҳлни қўриқлаб найза ва қиличлари билан ўраб олишгани учун у бамисоли чирмашиб кетган дарахтлар ичидаги етиб бўлмас дарахтга ўхшаб қолган, шу боис қавми: «Абул Ҳакамнинг ёнига етиб бўлмайди», дейишарди. Буни эшитганимдан кейин мен унга етиб боришга қаттиқ қасд қилдим. Имкони бўлиши билан унга ҳамла қилдим ва қиличимнинг зарбаси унинг оёғини болдиридан узиб ташлади. Шунда унинг ўғли Икрима бўйнимга қилич солган эди, қўлим елкамдан узилиб, терисига осилиб қолди. Бироқ, жангга қаттиқ берилиб кетганимдан бунга эътибор бермадим, кун бўйи қўлимни осилтириб жанг қилиб юрдим. Охири бундай юраверишдан қийналиб кетиб, оёғим билан босиб, куч билан тортиб узиб ташладим. Кейин жароҳат ичидаги Абу Жаҳл ёнидан Муаввиз ибн Афроъ ўтиб қолиб, уни қиличи билан уриб, чалажон қилиб қўйди. Муаввизнинг ўзи шу куни жангда ҳалок бўлди.
Жанг ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қарангларчи, Абу Жаҳл нима бўлди экан», дедилар. Одамлар уни қидириб ҳар томонга кетишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд уни жони узилай-узилай деб турган ҳолда топди, оёғини унинг бўйнига қўйиб туриб, калласини узмоқчи бўлиб соқолидан ушлади ва: «Аллоҳ сени расво қилибди-ку, эй Аллоҳнинг душмани!», деди. У: «Нега расво қиларкан?! Қавми тарафидан ўлдирилган киши бўлиш мен учун ор саналмайди, ўлдирган кишиларингиз ичида мендан кўра улуғроқ ҳеч ким йўқ», деди. Сўнг: «Бугун жанг кимнинг фойдасига якунланди ўзи?» деб сўради. «Аллоҳ ва Расули фойдасига» деб жавоб берди Ибн Масъуд. Сўнг Абу Жаҳл унинг бўйнига оёғини қўйиб олган Ибн Масъудга қараб: «Сен чиқиб бўлмас баландликка оёқ қўйдинг, эй қўйбоқар», деди. Бу билан у Ибн Масъуднинг Маккадалик пайтида қўйбоқарлик қилганига ишора қилди.
Ўртада шу гап-сўз бўлиб ўтганидан сўнг Ибн Масъуд унинг бошини танасидан жудо қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирди ва: «Ё Расулуллоҳ, мана бу Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳлнинг калласи», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар, ваъдасининг устидан чиққан, бандасига нусрат берган, душманларни ёлғиз Ўзи мағлуб этган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Юринг, менга унинг жасадини кўрсатинг», дедилар. Унга кўзлари тушгач: «Бу шу умматнинг Фиръавни эди», дедилар.
Мазкур жангда кўринган иймоннинг гўзал намуналари
Юқорида Умайр ибн Ҳумом ва Авф ибн Ҳорис томонидан содир бўлган ажойиб иккита намунани айтиб ўтгандик. Ушбу жангда улардан ташқари ҳам ақиданинг қуввати ва иймондаги саботни кўрсатиб берадиган ажойиб ҳолатлар рўй берди. Бу маъракада ақида туфайли бир-бирига душманга айланган оталар фарзандлар билан, акалар укалар билан тўқнаш келди ва улар ўртасини қиличлар ажрим қилди, бу жангда мазлумлар ўзларига зулм ўтказганлар билан тўқнаш келиб, аламларига малҳам топдилар.
1) Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Менга маълум бўлишича, Бану Ҳошим ва бошқа уруғлардан бир қанча кишилар зўрлик билан олиб чиқилганлар, аслида улар биз билан урушмоқчи эмасдилар. Шундай экан, кимда-ким Бану Ҳошимдан бирон кишига дуч келса, уни ўлдирмасин, кимда-ким Абул-Бахтарий ибн Ҳишомга дуч келса, уни ўлдирмасин, кимда-ким Аббос ибн Абдулмутталибга дуч келса, уни ўлдирмасин, чунки у мажбуран олиб чиқилган», дедилар. Шунда Абу Ҳузайфа ибн Утба: «Оталаримизни, фарзандларимизни, ака-укаларимиз ва қариндош-уруғларимизни ўлдирамиз-у, Аббосни ўлдирмас эканмизми?! Аллоҳга қасамки, агар унга дуч келсам, қиличим билан тилка-пора қилиб ташлайман», деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етгач, Умар ибн Хаттобга: «Эй Абу Ҳафс, Расулуллоҳнинг амакисининг юзига қилич билан уриладими?!», дедилар. Умар: «Ё Расулуллоҳ, менга изн беринг, унинг ўзини қилич билан чопиб ташлай, Аллоҳга қасамки, у мунофиқ бўлибди», деди.
Абу Ҳузайфа кейинчалик: «Ўша куни айтган гапим туфайли (дўзахи бўлиб қолишдан) кўнглим хотиржам бўлмайди, менинг бу хатойимни фақат шаҳидлик ювиб кетиши мумкин, деб ўйлайман», деб юрарди. У Ямома куни шаҳид бўлди.
2) Абул-Бахтарийни ўлдиришдан қайтаришларига сабаб – у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эканларида у зотга озор беришдан қавмни тўсар, ўзи ҳам озор бермасди, у зотга нисбатан бирон ёмонлик истамасди. Қолаверса, у Бану Ҳошим ва Бану Мутталибни яккалаб қўйиш қарори битилган саҳифани йиртиб ташланишига фаол ҳисса қўшганди.
Шунга қарамай, Абул-Бахтарий барибир шу куни ўлдирилди. Сабаби, у ёнида бир шериги билан жанг қилаётганида Мужаззар ибн Зиёд ал-Балавий унга дуч келиб қолиб: «Эй Абул-Бахтарий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни ўлдиришдан бизни қайтарганлар», деди. «Шеригим нима бўлади?», деб сўраган эди: «Шеригингиз тирик қўймаймиз», деди. «Ундай бўлса, мен у билан бирга ўламан», деб, жангдан воз кечмади, шундан сўнг Мужаззар уни ўлдиришга мажбур бўлди.
3) Абдурраҳмон ибн Авф жоҳилият пайти Маккада Умайя ибн Халаф билан ошна эди. Бадр куни Абдурраҳмон унинг ёнидан ўтиб қолди, у ўғли Алий ибн Умайянинг қўлидан тутиб турганди. Абдурраҳмоннинг қўлида ўлжа қилиб олган бир неча совут бор эди. Умайя уни кўриб деди: «Мени асир олишни истамайсанми? Мен қўлингдаги бу совутлардан яхшироқ бўлсам керак. Бугунгидек кунни бошдан кечирмагандим. Сизларнинг сутга ҳожатингиз бордир? – яъни, мени асирга олган кишидан серсут туя эвазига ўзимни қутқариб олардим демоқчи» – шунда Абдурраҳмон қўлидаги совутларни ташлаб, иккаласининг қўлидан тутиб, етаклаб кетди.
Абдурраҳмон айтади: Умайя ибн Халаф билан ўғлининг ўртасида борарканман, у мендан: «Ораларингизда кўкрагига туяқуш пати қадаб олган киши ким ўзи?» деб сўради. Мен: «У Ҳамза ибн Абдулмутталиб», дедим. «Ўша одам бугун бизга кунимизни кўрсатди», деди.
Абдурраҳмон айтади: Мен уларни етаклаб бораётганимда тўсатдан Умайяга Билолнинг кўзи тушди – Умайя Маккада Билолни азоблар эди – ва: «Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф?! Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деб қичқирди. Мен: «Ҳой Билол, бу менинг асирим», дедим. Билол яна: «Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деди. Мен: «Мени эшитяпсанми ҳой қоравачча?!» десам у яна: «У қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деди. Сўнг бор овози билан: «Эй Аллоҳнинг ансорлари! Куфрнинг боши Умайя ибн Халаф! Агар у қутулиб кетса, менинг қутулмаганим бўлсин!» деб қичқирди. Шундан сўнг улар бизни ўраб, қисиб кела бошладилар. Мен уни ҳимоя қиларканман, бир кишининг қиличи унинг ўғлига тегиб ерга қулатди. Умайя жон аччиғида шундай бақириб юбордики, мен унақасини ҳечам эшитмаганман. Шунда мен: «Ўзингни қутқар, Аллоҳга қасамки, мен сени қутқариб қололмайман», дедим. Шундан сўнг унга қиличлари билан ёпирилишиб, иккаласини ҳам ўлдиришди.
Абдурраҳмон айтарди: «Аллоҳ Билолга раҳм қилсин, совутларимдан айрилганим етмагандек, асиримни ҳам аяб ўтирмади».
Бухорий Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилади: «Мен Умайя ибн Халаф билан хатлашиб, у менинг Маккадаги мол-мулкимни ҳимоя қилишига, мен эса унинг Мадинадаги молини ҳимоя қилишга келишгандик. Бадр куни мен уни ўлимдан сақлаб қолиш учун одамлар ухлаган пайт тоққа олиб чиқиб кетаётган эдим, бирдан унга Билолнинг кўзи тушиб қолди ва ансорлар йиғилиб ўтирган жойга бориб: «Умайя ибн Халаф! Умайя қутулиб кетса, мен қутулмайман!», деб қичқирди. Шунда бир гуруҳ ансорлар у билан бирга изимиздан тушишди. Етиб олишлари хавфи пайдо бўлгач, уларни машғул қилиб туриши учун унинг ўғлини ортда қолдирдим. Бироқ, уни ўлдиришди ва яна ортимиздан югуришди. Умайя семиз одам эди. Улар ортимиздан етиб олишгач, мен унга: «Ерга ёт!», дедим. У ерга ғужанак бўлиб ётган эди, мен ўзимни унинг устига ташлаб, ҳимоя қилмоқчи бўлдим. Бироқ, тагимдан қиличларини тиқишиб, охири уни ўлдиришди, ҳатто битталарининг қиличи менинг оёғимни кесиб ҳам кетди». Шундай деб Абдурраҳмон оёғида қолган жароҳат изини бизга кўрсатарди. 4) Шу куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тоғаси Ос ибн Ҳишом ибн Муғийрани ўлдирди, қариндошлигига парво ҳам қилмади. Лекин Мадинага қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асир тушган амакилари Аббосга хитоб қилиб: «Эй Аббос, Исломга кир! Аллоҳга қасамки, сенинг мусулмон бўлишинг мен учун Хаттобнинг (яъни, ўз отасининг) мусулмон бўлишидан ҳам яхшироқ. Сабаби, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенинг Исломга киришингни исташларини кўрганман», деди.
5) Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклар ичида бўлган ўғли Абдурраҳмонга узоқдан туриб қичқирди: «Менинг молларим қаерда қолди, эй ифлос?» деганида ўғли унга жавобан деди:
Бошқа мол-мулк битди, йўқолди.
Гумроҳ чолни ўлдирмоқ учун
Яна битта қилич ҳам қолди.
6) Одамлар бири қўйиб бири асир олишга тушиб кетишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодир ичида, Саъд ибн Муоз эса эшик олдида қилич яланғочлаб у зотни қўриқлаб тураркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг юзида одамлар қилаётган ишдан норозилик аломатини кўрдилар ва: «Эй Саъд, сиз одамдар қилаётган ишни ёқтирмаётганга ўхшайсиз?», дедилар. Саъд: «Ҳа, эй Расулуллоҳ, бу Аллоҳ таоло ширк аҳлининг бошига солган биринчи кўргилик эди, ширк аҳлини қириб ташлаш орқали заифлаштириш уларни тирик қолдиргандан кўра яхшироқ бўларди, деб ўйлайман», деди.
7) Ўша куни Уккоша ибн Миҳсан ал-Асадийнинг қиличи синиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келган эди, у зот унинг қўлига бир калтак тутқазиб: «Шу билан жангга кир, эй Уккоша», дедилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидан калтакни олиб, бир силкитган эди, калтак узун ва мустаҳкам, темири оппоқ қиличга айланди. У уруш то мусулмонларнинг тўла-тўкис ғалабаси билан якунлангунига қадар шу билан жанг қилди. Ўша қилични «авн» (мадад) деб аталар, кейинчалик ҳам барча урушларда уни ёнидан қўймаган, муртадларга қарши жангларда шу қиличи билан жанг қилиб шаҳид бўлган эди.
8) Жанг ниҳоясига етгач, Мусъаб ибн Умайр ал-Абдарий ўзининг акаси, мушриклар сафида туриб мусулмонларга қарши жанг қилган Абу Азиз ибн Умайрнинг ёнидан ўтиб қолди, ансорлардан бири унинг қўлларини боғлаётган экан. Шунда Мусъаб ансорийга: «Буни маҳкам ушла, чунки онасининг пули кўп, яхшигина тўлов тўлаб қутқариб олиши мумкин», деди. Абу Азиз Мусъабга: «Бу ака-укачилигимиз ҳурмати менга қилган яхшилигингми?!» деган эди, у: «Менинг акам сен эмас, мана бу ансорий», деб жавоб берди.
9) Мушрикларнинг мурдаларини чоҳга ташлашга буйруқ бўлгач, Утба ибн Рабиъанинг мурдаси чоҳга ташланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўғли Абу Ҳузайфанинг юзи қайғудан ўзгариб кетганини кўриб: «Эй Абу Ҳузайфа, отангизнинг ҳолига раҳмингиз келган кўринади?», дедилар. У: «Йўқ, ё Расулуллоҳ, мен отамнинг ўлимида шубҳа қилмаган эдим, бироқ отамни ақлли, ҳалим ва фазлу марҳамат соҳиби деб билардим ва бу сифатлари охир-оқибат уни Исломга етакласа керак, деб умид қилардим. Унинг бошига тушган аҳволни кўриб, умидим чиппакка чиққанидан ва у куфрда ўлиб кетганидан хафа бўлдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳузайфанинг ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилдилар ва унга яхши сўзларни айтдилар.
Бадр жангида ҳалок бўлганлар сони
Жанг мушрикларнинг тўла тор-мор қилиниши ва мусулмонларнинг улкан ғалабаси билан тамом бўлди. Унда мусулмонлардан ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши – олтита муҳожир ва саккизта ансорий шаҳид бўлди.
Мушриклар эса катта талафот кўришди. Улардан етмиш киши ўлдирилди, етмиш киши асирга олинди, кўпчилиги Қурайшнинг аслзодалари эди.
Жанг тамом бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг мурдалари устида туриб, уларга: «Сизлар пайғамбарингизга нисбатан нақадар ёмон қавму-қариндош бўлдингиз. Сизлар мени ёлғончи қилдингиз, бошқалар тасдиқладилар. Сизлар мени ёрдамсиз қўйдингиз, бошқалар менга ёрдам бердилар. Сизлар мени диёримдан қувиб чиқардингиз, бошқалар менга бошпана бердилар», дедилар, сўнгра уларни Бадрдаги чоҳлардан бирига ташлаб юборишга буюрдилар.
Абу Талҳадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги куни Қурайш пешволаридан йигирма тўрттасининг жасадини Бадрдаги жуда ифлос қудуқлардан бирига ташлаттирдилар.
Бир қавм устидан ғалаба қозонганларида у ерда уч кун турардилар. Бадрда туришларининг учинчи куни туяларини эгарлатиб миндилар, сўнг юра бошладилар, асҳоблари у кишига эргашдилар. Қудуқнинг лабига бориб турдилар ва уларни номма-ном чақириб: «Эй Фалончи Фалончи ўғли, эй Фалончи Фалончи ўғли, Аллоҳ ва Расулига итоат қилмаганингиздан афсус чекяпсизларми?! Биз Раббимиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини топдингизми?!» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни сизлар улардан кўра яхшироқ эшитаётганингиз йўқ», дедилар.
Бир ривоятда: «Сизлар улардан яхшироқ эшитолмайсизлар, лекин улар жавоб беришолмайди», дедилар. Макка мағлубият хабарини қаршилайди
Мушриклар Бадр майдонидан тартибсиз суратда чекиниб, водий ва дараларга сочилиб кетишди. Мағлубият билан Макка сари йўл олишаркан, хижолатдан бошлари эгилган, унга қай юз билан кириб боришни билишмасди.
Ибн Исҳоқ айтади: Қурайшнинг мағлубияти хабарини биринчи бўлиб Ҳайсумон ибн Абдуллоҳ ал-Хузоий олиб келди. Ундан хабар сўрашганида Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абул-Ҳакам ибн Ҳишом, Умайя ибн Халаф ва бошқа Қурайш аслзодаларининг ўлдирилганини айтди. Каъба ёнида ўтирган Сафвон ибн Умайя унинг Қурайш катталари номларини бирма-бир санаганини эшитиб: «Бунинг эси оғиб қолган кўринади, қани, ундан мен ҳақимда сўраб кўринглар-чи», деди. Шунда ундан: «Сафвон ибн Умайя нима бўлди?» деб сўрашди. У: «У Каъба ёнида ўтирибди, Аллоҳга қасамки, мен унинг отаси ва акасининг ўлдирилганни кўрдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари (озод қилган қуллари) Абу Рофеъ айтади: Мен Аббоснинг хизматкори эдим, Ислом бизнинг хонадонимизга кириб келган, Аббос, Уммул Фазл ва мен исломни қабул қилгандик, Аббос исломини яшириб юрарди. Абу Лаҳаб Бадр жангига бормаганди. Мағлубият хабари келгач, эзилиб, ўзини қўйгани жой тополмай қолди, биз эса ўзимизда қувват ва азизлик ҳис қилдик. Мен заиф-кучсиз одам эдим, қадаҳ (коса) ясаш билан шуғулланардим. Бир куни Зам-зам хонасида қадаҳимни йўниб ўтирган эдим, олдимда Уммул Фазл бор эди, биз келаётган хабарлардан хурсанд эдик. Тўсатдан Абу Лаҳаб бўшашган ҳолда, оёқларини судраганича кириб келди ва хонанинг бир четига, орқасини менинг орқамга қилиб ўтирди. Шу ҳолда ўтираркан, одамлар: «Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб келди», деб қолишди. Абу Лаҳаб уни ўз олдига чорлади. Абу Суфён унинг ёнига келиб ўтирди, одамлар атрофда тик туришарди. Абу Лаҳаб: «Қани сўзла, эй жияним, нима воқеалар бўлди?», деди. «Бор гап шуки, биз қавм билан тўқнашиб, уларга елкаларимизни тутиб бердик, улар бизни истаганча ўлдиришиб, истаганча асир олишди. Шундай бўлса-да, мен одамларни заррча айбдор деб билмадим. Биз осмон билан ер оралиғида чавкар отларга минган оппоқ кийимли чавандозларга дуч келдик. Қасамки, улар ҳеч нарсани қолдирмас ва ҳеч ким уларга қарши туролмасди», деди у.
Абу Рофеъ айтади: Мен ҳужранинг танобини қўлим билан тортиб туриб: «Аллоҳга қасамки, улар малоикалар бўлса керак», деган эдим, Абу Лаҳаб қўлини кўтариб, юзимга тарсаки тортиб юборди. Мен унга қаршилик кўрсатган эдим, у мени кўтариб ерга урди ва устимга миниб олиб дўппослай кетди. Шунда Уммул Фазл ҳужра устунларидан бирини олиб, у билан Абу Лаҳабнинг бошига туширди, бу зарбадан унинг бошида ёрилди. «Нима, уни хожаси йўқлиги учун заиф санаяпсанми?!», деди Уммул Фазл. Шундан сўнг Абу Лаҳаб бўйнини қисиб, жўнаб қолди. Худо ҳаққи, шу воқеадан бир ҳафтагина ўтгач, Аллоҳ уни адаса касалига (араблар жирканадиган яра-чақа касали) мубтало қилди ва шунинг ортидан ўлиб кетди. Болалари ҳам унинг яқинига йўламасдан, ҳеч ким уни кўмишни ҳам истамасдан шу ҳолда уч кун қолиб кетди. Охир-оқибат шу ҳолда қолиб кетса, иснодга қолишларидан қўрқиб, бир чуқур қазиб, ёғочлар билан суриб унга тушириб, узоқдан тошлар отиб кўмиб ташлашди.
Бадр майдонидаги қақшатқич мағлубият хабарини Макка аҳли ана шу тарзда қаршилади. Бу воқеа уларга жуда қаттиқ таъсир кўрсатди. Ҳатто, мусулмонлар устимиздан кулмасин, деган мақсадда ўлганлар учун овоз чиқариб йиғлашни ҳам ман қилиб қўйишди.
Бадр куни Асвад ибн Мутталибнинг учта ўғли ҳалок бўлганди. Болалари учун дод солиб йиғлагиси келар, ўзи кўзи ожиз одам эди. Кечаларнинг бирида бир аёлнинг овоз чиқариб йиғлаётганини эшитиб қолиб, ғуломига: «Бор, билиб келчи, овоз чиқариб йиғлашга рухсат бўлганмикин, Қурайш ўлганлари учун аза очиб йиғлаётганмикин? Шояд мен ҳам ўғлим Абу Ҳакима учун бир тўйиб йиғласам, аламдан ичларим куйиб кетди ахир», деди. Бола қайтиб келиб: «Бир хотин туясини йўқотиб қўйиб йиғлаётган экан», деди. Шунда Асвад ўзини тутолмай қолиб, ич-ичидан ушбу мисралар отилиб чиқди:
Азизмикан бир туянинг қадри шунча,
Ухламасдан йиғламасанг тўлиб бунча.
Йиғлар бўлсанг Бадр кунин эслаб йиғла,
Завол топган йигитлар чун бағринг тиғла.
Ҳалок бўлди унда Қурайш уруғлари,
Бани Ҳусайс, Бани Махзум улуғлари.
Ярашади Ақил учун чексанг фарёд,
Шерлар шери Ҳорис учун кўтарсанг дод.
Ҳакиманинг отасидек йигит ўлди,
Санайверсам адо бўлмас гуллар сўлди.
Саййидларга Бадр бўлгач сўнгги маъво,
Қолган-қутган «саййидман» деб қилар даъво.