Савоблар ва каффоратларнинг олтмиш эшиги (3)

    (41) Шаввол ойида олти кун рўза тутиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан ҳам олти кун рўза тутса, гуёки бир умр рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти, 1164).

    (42) Арафа кунидаги рўза

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арафа кунида тутилган рўза ўтган ва келаси йилдаги гуноҳларга каффорат бўлади» (Имом Муслим ривояти, 1162).

    (43) Ошуро кунининг рўзаси

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ошуро кунида тутилган рўза ўтган йилдаги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан» (Имом Муслим ривояти, 1162).

    (44) Рўзадорга ифтор бериш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўзадорга ифтор қилиб берган кишига рўзадорнинг савоби каби савоб берилади ва бу рўзадорнинг рўзасидан бирон савобни камайтирмайди» (Имом Термизий ривояти, 807).

    (45) Қадр кечасида бедор бўлиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасида иймон билан ва Аллоҳдан савоб умид қилиб бедор бўлган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий (4/221) ва Имом Муслим (1165) ривояти).

    (46) Садақа бериш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Садақа гуноҳларни сув оловни ўчирганидек ўчиради» (Имом Термизий ривояти, 2616).

    (47) Ҳаж ва умра

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умра келгуси умрага қадар ўртадаги (гуноҳлар) учун каффоратдир. Мабрур (холис, мақбул) ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Имом Муслим ривояти, 1349).

    (48) Зул-ҳижжа ойининг биринчи ўн кунида қилинган амаллар

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу кунлар (яъни зулҳижжанинг аввалги ўн куни)да бажарилган солиҳ амалларчалик Аллоҳга суюклироқ бўлган амаллар йўқ”. Саҳобалар дедилар: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)ми?”. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ҳам (зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қилинган амалларга тенг келмайди)” – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, – фақат мол ва жони билан жиҳодга чиқиб, бунинг ҳеч бири билан уйига қайтмаган (яъни жанг майдонида шаҳид бўлган) киши бундан мустаснодир» (Имом Бухорий ривояти, 2/381).

    (49) Аллоҳ йўлидаги жиход

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ йўлида бир кун (Ислом давлатининг чегарасида) қўриқчилик қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир. Бирингизнинг қамчисининг жаннатдаги ўрни дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир» (Имом Бухорий ривояти, 6/11).

    (50) Молни Аллоҳ йўлида сарфлаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ғозийни (Аллоҳ йўлидаги жиҳодга чиқувчи кишини қурол-аслаҳа ва харажатлар билан) таъминлаган одам ғазот қилган киши каби савоб олади. Ғозийнинг оиласига (у жиҳодга кетган пайти) қараб турган киши ғазот қилган киши каби савобга эга бўлади» (Имом Бухорий (6/37) ва Имом Муслим (1895) ривояти).

    (51) Маййитга жаноза ўқиш ва у дафн қилингунига қадар жанозада ҳозир бўлиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жанозага ҳозир бўлган ва маййитга намоз ўқиб бўлингунига қадар иштирок этган кишига бир қийрот, дафн қилингунига қадар иштирок этган кишига икки қийрот савоб бор», дедилар. «Бир қийрот қанча?» деб сўралганида: «Икки улкан тоғ каби», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий (3/158) ва Имом Муслим (945) ривояти).

    (52) Тил ва жинсий аъзони ҳаромдан сақлаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасига кафолат берса, (яъни тилини ва жинсий аъзосини ҳаромдан сақлашни кафолатласа,) мен унга жаннатнинг кафолатини бераман» (Имом Бухорий (11/264) ва Имом Муслим (265) ривояти).

    (53) «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ва «Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳи» зикрларининг фазилати

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким ҳар куни: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лахул-мулку ва ва лаҳул-ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» (Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиз, шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники ва У барча нарсага қодир) деб юз марта айтса, унга юзта қулни озод қилиш савоби ва юзта яхшилик (савоб) ёзилади ҳамда юзта ёмонлик (гуноҳ) ўчирилади. У ўша куни давомида кеч тушгунга қадар шайтондан ҳимояда бўлади. Шунча ёки ундан кўп айтган кишидан ташқари бирон киши бунинг ажрига тенг келадиган иш қилмаган бўлади».

    Ким бир кунда юз марта «Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳи (Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир ва Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтаман)», деб айтса, хатолари денгиз кўпигичалик бўлса ҳам ўчирилади (Имом Бухорий (11/168) ва Имом Муслим (2691) ривояти).

    (54) Йўллардан озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир киши йўл ўртасида одамларга озор бераётган дарахтни олиб (кесиб) ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрганини кўрдим» (Имом Муслим ривояти, 3033).

    (55) Қиз фарзандларни едириб-ичириш ва чиройли тарбия қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларга сабр қилиб, едириб-ичирса, ўз мол-давлатидан кийинтирса, қиёмат куни қизлари унга дўзахдан тўсиқ бўлади» (“Саҳиҳи сунани Ибн Можа”, 3669).

    (56) Ҳайвонларга яхшилик қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир бузуқ хотин йўлда бораркан, бир итни ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турганини кўрди ва маҳсисини ечиб, қудуққа тушди. Маҳсисини тўлдириб сув олиб чиқиб, итни суғорди. Аллоҳ таоло шу иши туфайли унинг гуноҳини кечирди» (Имом Бухорий (2363) ва Имом Муслим (2244) ривояти).

    (57) Тортишувни тарк этиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг чеккаларидан бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).

    (58) Дўстларни Аллоҳ розилиги йўлида зиёрат қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга жаннатдаги кишиларингиз ҳақида хабар берайинми?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Пайғамбар жаннатда, сиддиқ жаннатда, шаҳар четидаги дўстини фақат Аллоҳ розилиги учунгина зиёрат қилган киши жаннатда» (Табароний ривояти, ҳасан ҳадис).

    (59) Хотиннинг эрига итоати

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, (фарз) рўзасини тутса, номусини (авратини зинодан) сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кир, дейилади» (Ибн Ҳиббон ва Абу Нуайм «Ҳиля»да ривоят қилган. Саҳиҳ ҳадис).

    (60) Одамлардан ҳеч нарса сўрамаслик

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар («Сунан» эгалари ривоят қилган. Саҳиҳ ҳадис).

    Манба: www.islomnuri.com

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963