Охират кунига иймон келтириш ва унинг мусулмон ҳаётига таъсири (2)


    Қайта тирилиш ва тўпланиш

    Сурга биринчи марта дам урилган пайт Ер юзидаги барча тирик жон ҳушидан кетиб, ўлади. Кейин иккинчи марта сурга дам урилади. Бу қайта тирилиш дам уришидир. У пайтда одамлар қабрларидан туриб, пойафзалсиз ялангоёқ, кийимсиз яланғоч ҳолатларида чиқиб келадилар. Улар ҳолатнинг даҳшатидан бир-бирларига қарамайдилар. Кейин одамлар тўпланиш ерига – маҳшаргоҳга ҳайдаб борилади. Ҳар бир одам ўзи ҳақида ўйлайди, бошқалар ҳақида ўйлаш унинг хаёлига келмайди. Аллоҳ таоло айтади: У кунда киши оғаси, онаси, отаси, аёли ва фарзандларидан қочади. У кунда ҳар бир одамнинг бошқаси ҳақида ўйлашга имкон бермайдиган иши бўлади” (Абаса, 34–37 оятлар).

    Офтоб одамларга яқин қилинади. Бадандан терлар қуйилади. Аллоҳнинг соясида қолган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳавзларидан сув ичган садоқатли мўминлардан (Аллоҳ бизларни ҳам уларнинг жумласидан қилсин!) бошқа барча қайғу ва мусибат лаҳзаларини бошидан кечиради.

    Ҳисоб

    Бандалар қилган амаллар ҳисоботи учун тўпланиладиган ер – мавқифда туриш вақти чўзилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳисоб-китоб бошланиши учун Аллоҳ таолога ялиниб ёлборадилар. Аллоҳ таоло у зотнинг ёлборишларини инобатга олиб, ҳисоботнинг бошланишига изн беради. Ҳар бир киши бу дунёда қилган катта ва кичик барча ишларини аниқ кўради. Чунки унинг барча ишлари Аллоҳга маълум эди. Аллоҳ таоло деди: Улар: «Ҳолимизга вой бўлсин, бу китоб катта ва кичик барча нарсани ҳисоблаб қўйибдику!» – дейдилар. Улар қилган ишларини ҳозир кўрадилар. Раббингиз бирор кишига зулм қилувчи эмасдир” (Каҳф, 49).

    Демак, ҳар биримиз қилган амалларимизни кўрамиз ва улар учун ҳисобот берамиз. Биз намоз, закот ва рўзалардаги нуқсонларимиз, қилган гуноҳларимиз, бойликларимизни қаердан топиб, қаерга сарф этганимиз, умримизни, хусусан ёшлигимизни қандай ўтказганимиз, билимимиз ва гувоҳликларимизни яхшилик ва ёмонлик учун қўллаганимизни кўрамиз ва унинг учун ҳисоб берамиз. Бу ҳисобот учун жавоблар, бўлганда ҳам тўғри жавоблар тайёрлаш учун ҳозирлик кўрайлик!

    У кунда мўминларнинг юзлари тўлин ой каби нурафшон, гуноҳкорларнинг юзлари эса зулматли кечанинг бир парчаси каби тим қора бўлади. Аллоҳ таоло деди: “У кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулувчи ва ҳуррам бўлур. Ва у кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб, у (юз)ларни қаролик қоплаб олур! Ана ўшалар фисқу фужур қилувчи кофирларнинг ўзидир!” (Абаса, 39-42).

    Жаннат

    Ҳисобот тугаганидан сўнг, жаҳаннам устига Сирот кўприги қурилади. Одамлар Сирот кўприги устидан ўтабошлайдилар. Мўминлар тезлик билан хотиржам ва саломат ўтадилар. Ундан сўнг жаннат томон йўналадилар. Жаннат нима эканини биласизми? Жаннат ҳақиқий ва мангу неъмат демакдир. Жаннатга кирганлар лаззатли ва қувончли бўлган нарсаларни кўрадилар. Биз (бу дунёда эканмиз,) жаннат неъматларини тасаввур, ҳақиқатини эса идрок эта олмаймиз. Балки жаннат тасаввуримиздан ташқари неъматдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари кифоядир: «Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсалар бордир«.

    Инсон бу дунёда турли неъматларга эга бўлиши мумкин. Бироқ ўлимни эслаш билан бу нематлар бир кун битиши хаёлга келади. Лекин жаннатда битиш йўқдир. Чунки жаннатда ўлим йўқ, абадийлик бор. Инсон бу дунёда ўзида бўлган неъматлардан малолланади ва унинг ўзгаришини хоҳлайди. Жаннатда эса малол олиш йўқ. Балки Аллоҳ таоло жаннат аҳлларини: “Улар жаннатда ўзгаришни умид қилмай, мангу қоладилар” (Каҳф, 10) деб сифатлади.

    Мусулмон дўстим, шу жаннат учун шошилинг! Аллоҳ таоло деди: “Раббингизнинг мағфирати ҳамда кенглиги Еру осмонча бўлган жаннат учун мусобақалашинг!” (Ҳадид, 21).

    Жаҳаннам

    Кофирлар тўпланиб ҳисобот берганларидан сўнг, мўминлар каби Сирот кўпригидан ўтмоқчи бўладилар. Фаришталар уларни ўз ҳолларига ташлаб қўймайди. Балки уларни чангаклар билан тортиб, жаҳаннамга отадилар. Жаҳаннам қандай ер эканини биласизми? У хорлик, хўрлик, азоб, алам ва фарёд чекиш жойидир. Унга кирганлар турли азоблар ичида мангу бахтиқаро ва мусибатлар ичрадир… Куйдирувчи олов, улкан илон ва чаёнлар, ичакларни парчалайдиган иссиқ сувлар ва йирингларни ичиш… Аллоҳ бизларни бу балолардан сақласин… Буларнинг барчаси сизнинг заиф жасадингиз энг озини ҳам кўтара олмайдиган ёмонликдир. Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, дўзахда энг енгил азоб бериладиган одамнинг оёқлари остидаги чўғ-оловдан мияси қайнайди.

    Жаҳаннамдан қутулиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилайлик! Ундан қутулиш эса, гуноҳларни қилмаслик ва ибодатларни қилиш билангина рўёбга чиқади. Аллоҳ ҳар биримизни бунга муваффақ айласин.

    Аллоҳ таолодан бизни, сизни ва барча мусулмонларни ўзининг розилиги ва жаннатга олиб борадиган амалларга муваффақ қилишини, Шайтоннинг тузоқлари, нафс-ҳаво ва ёмон дўстлардан узоқ қилишини сўраймиз. Мақоламиз сўнгида “Барча оламлар Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дея дуо қиламиз.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига кўплаб салавот ва саломлар йўлласин.

    Манба: www.islomnuri.com

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963