Ислом Нури

Рамазонга ҳозирдан тайёрланайлик (6): Асосий қадам: тавба (2)

Махфий тарзда қилинадиган гуноҳлар      

Аллоҳ билан ўртангиздаги алоқани бузадиган ва иймонингизни барбод қиладиган нарса махфий кўринишда қиладиган гуноҳларингиздир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматим орасида шундай одамлар борлигини биламанки, улар қиёмат куни Тиҳома тоғлари мислича оппоқ (пок) савоблар билан келишади. Аллоҳ азза ва жалла уларни тўзғиган тўзондек қилиб юборади”. Тоғлардек савоблар!!! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганларига бир назар солинг! Савбон разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг сифатларини бизга айтиб беринг. Токи ўзимиз билмаган ҳолда улардан бири бўлиб қолмайлик”, деди. “Билиб олинглар! Улар ўзларингизнинг биродарларингиз”, дедилар. Қаранг, у зот: “Ўзларингизнинг биродарларингиз”, яъни сизларга ўхшаган одамлар, дедилар. “Сизларнинг ўзларингиздан, сизлар каби кечаси (таҳажжуд) намоз ўқишади”. Энг катта мусибат шуки, улар кечаси таҳажжуд намози ҳам ўқишади! Пайғамбаримиз сўзларини давом эттирар эканлар: “Лекин улар шундай одамларки, агар ёлғиз ўзлари қолишса, Аллоҳ ҳаром қилган ишларни тап тортмай қилаверишади”, дедилар.

Бу йўлнинг яқинига ҳам йўламанг! Холи қолганда гуноҳларга қўл уришдан сақланинг! Мана шулар сизни синдиради, расво қилади. Аллоҳга қасамки, иймоннинг энг чўққисига чиққан бўлсангиз-у, лекин махфий ҳолда биргина гуноҳ қилсангиз, шу гуноҳингиз сизни ер билан яксон қилади. Бундан жуда эҳтиёт бўлинг! Агар холи қолганингизда ўзингизни ҳаромдан тия олмасангиз, у ҳолда холи қолмасликка ҳаракат қилинг. Ҳозирдан қайта-қайта тавба қилиш билан машғул бўлинг.

Тил балосидан тавба қилиш

Нега айнан тил балосидан? Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида бундай деганлар: “Банданинг қалби ўнгланмагунча иймони ўнгланмайди. Қалби эса то тили ўнгланмагунча ўнгланмайди”.

Бинобарин, ҳозир қуйида тавба қилишимиз керак бўлган айрим ишларни зикр қилмоқчимиз:

  • Гапиришни, хусусан, беҳуда гапларни гапиришни камайтиринг. Ушбу оятда Аллоҳнинг мўмин бандаларининг сифатларидан бири: “Улар беҳуда – фойдасиз (сўзлардан) юз ўгирувчилардир” (Мўминун, 3) экани айтилади. Ражаб ва шаъбон ойларида беҳуда сўзларни камайтиринг. “Фалончи бундай дебди, ундай эмиш, бундай эмиш”, деган гапларни тўхтатишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло бундай сўзларни ёмон кўради. Ҳатто бу иш Аллоҳнинг ғазабини келтиради ҳамда азоби ва жазосини чақиради.

Икки саҳиҳ тўпламда ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деган эдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизларнинг уч ишингизни ёмон кўради”. Яъни Аллоҳ буларни ёмон кўради, ёқтирмайди. “Мол-мулкни зое қилишни, “Фалончи бундай дебди, ундай эмиш, бундай эмиш”, дейишни, кўп савол беришни”.

  • Гапиришни камайтиринг. Ҳозир жиддий саъй-ҳаракат қилидиган вақт. Гапни камайтиришимиз керак. Ернинг турли жойларида одамларнинг қонлари ноҳақ тўкилмоқда, биз эса ҳеч нарса бўлмагандек кулиб юрибмиз, вақтимизни ҳазил-ҳузул билан ўтказмоқдамиз. Ўзимизга келишимиз учун албатта бошимизга бир мусибат тушиши керакми?! “Азобни тотинглар. Золимларга бирон ёрдамчи йўқ” (Фотир, 37), дейилгунга қадар юраверамизми?!
  • Ҳаддан ортиқ ҳазиллашиш ва кулишни тўхтатинг! Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кулгуни камайтиринглар. Зеро, кўп кулиш қалбни ўлдиради”, деганлар.

Кулинг, ҳазиллашинг. Лекин меъёрида бўлсин. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам каби бўлинг. Мен сизга умуман кулманг, умуман ҳазиллашманг, деб айтмайман. Аммо буни озайтиринг, демоқчиман. Ҳаддан ортиқ кўп ҳам, ҳаддан ортиқ кам ҳам бўлмасин.  

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ҳазиллашаман. Лекин ҳазиллашсам ҳам фақат рост сўзларни айтаман”, дер эдилар.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари кулишармиди?” деб сўрашганида, “Ҳа, лекин қалбларидаги иймонлари тоғдек бўлиб тураверар эди”, деб жавоб берган экан.

 Ҳа, кулсак бўлади. Бироқ шуни унутмайликки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп кулишдан қайтарганлар. Кечаю кундуз кулиб юравериш ҳам тўғри эмас. Бу туришда жиддий саъй-ҳаракат қилишга кириша олмайсиз.

  • Одамлар шаъни ҳақида гапиришдан тавба қилиш. Шундай “биродарлар” борки, “Шариат қонун-қоидалари доирасидан чиқмаган ҳолда ғийбат қилса бўлади”, деб айтишади. Ваҳоланки, ушбу шаръий қонун-қоидалар ҳақида ўзи ҳеч нарса билмайди. Хоҳлаганича одамлар шаъни ҳақида гапираверади.

Йўқ! Қалбим ўнглансин десангиз ушбу муборак ойларда одамлар шаъни ҳақида гапиришдан тилингизни тийинг. Ўзингизни ислоҳ қилиш билан машғул бўлинг.

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Ғийбат нима эканини биласизларми?”, деб сўрайдилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва расули билади”, деб жавоб беришади. Шунда у зот: “Биродаринг ҳақида у ёмон кўрадиган сўзларни айтишинг”, деб жавоб берадилар. Бир саҳоба: “Айтган нарсам (яъни айб ё камчилик) ўша биродаримда бўлсачи?” деб сўрайди. “Айтган нарсанг чиндан унда бўлса, уни ғийбат қилган бўласан”, дедилар. Сиз биродарингиз ҳақда айтган гапингиз юз фоиз рост бўлиши мумкин. Лекин у ўша нарса ҳақида гапиришларини ёмон кўрадиган бўлса, у ҳолда сиз бу ҳақда гапиришингиз ҳаром бўлади. Ҳадис давомида у зот бундай дейдилар: “Агар сен айтган нарса унда бўлмаса, у ҳолда унга тухмат қилган бўласан”. Яъни у ҳақда ёлғон маълумот гапирган бўласиз. Бу эса энг катта гуноҳлардан биридир.

Одамлар билан аралашишдан тавба қилиш

Ҳуда-беҳудага одамлар билан аралашишдан тавба қилиш – тийилиш керак. Айниқса, ишхоналарда эркак ва аёлларнинг ҳаддан ортиқ бир-бирлари билан аралашиб юришидан узоқлашиш керак. Аёллардан ўта эҳтиёт бўлинг!

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарилироқ фитна қолдирмадим”.

Дунёга ҳирс қўйган одамлар билан аралишишни камайтиринг. Фақат зарурий ишлардагина улар билан борди-келди қилинг. Улар билан иқтисод, иш, автомашина ва уларнинг маркалари ва ҳоказо нарсалар ҳақида гаплашиш учун борди-келди қиладиган бўлсангиз қалбингиздаги охиратга нисбатан бўлган ишонч ва рағбат озаяди. Мен қалбингиз ислоҳ бўлиши учун уни фарзандларингиз, мол-дунёйингиз ва жуфти ҳалолингиз учун бўлган ташвишлардан холи қилишингизни истайман. Ёлғиз илоҳ бўлмиш Аллоҳга қасамки, сизга Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг фойдаси йўқ. Аллоҳга қасамки, бандалар билан – у ким бўлмасин – борди-келди қилиш мобайнида албатта жафосини тотасиз. Қалбингиздаги чинакам муҳаббат фақат Унинг муҳаббати бўлишини билиб оласиз. Синаб кўринг, албатта шуни ҳис қиласиз.

Эрига қаттиқ боғланиб қолган аёл кишини мисол қилиб олайлик. Эри унинг бутун ҳаёти, бор дунёси ҳисобланади. Агар эри ундан юз ўгирса ёки устига бошқа хотин олса ёки унга бирон кор-ҳол бўлса, ортиқ яшай олмайди ёки жонига суиқасд қилади. Бу унга жуда қаттиқ таъсир қилади. Нега? Демак, бу сизни Раббингизга элтувчи йўл эмас экан. Сиз эрингизга Аллоҳ буюргани учунгина итоат қиласиз. Бундай ҳолат эркакларда ҳам рўй беради. Баъзи эркакларни фақат аёли билан, уни ва фарзандларининг хоҳиш истаклари билан овора бўлиб юрганини кўрасиз. Афсуски, кўпчиликнинг ҳолати шундай.

Шу сабабли мен хоҳлайманки, сиз ўзингизни: “Хўш, аёлим ва фарзандларимни рози қилдим ҳам дейлик, кейинчи? Қачонгача?” деб терганг. Ҳозир тўхтаб шу ҳақда бир ўйланинг ва қалбингизни Раббингиз учун бўшатинг.

Шунингдек, қуйидаги ишлардан ҳам тавба қилиш даркор:  

  • Вақтни Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан бошқа нарсаларга зое қилиш;
  • Ёмон ўй-хаёллардан;
  • Пуч орзу-ҳаваслардан тавба қилиш. Яъни қуруқ орзу-ҳавасларни назарда тутмоқдаман. Бу бизнинг йўлимиз эмас.