Бизга боғланинг
Бидъат (2)
Иккинчи бўлим
Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг келиб чиқиши ва сабаблари
Биринчи: Мусулмонлар ҳаётида бидъатларнинг пайдо бўлиши. Бу ерда иккита масалага тўхталамиз:
Биринчи масала: Бидъатларнинг келиб чиқиш вақти:
Шайхулислом Ибн Таймия ёзади: «Илм ва ибодат масалаларидаги бидъатлар рошид халифалар замонининг охирларида пайдо бўла бошлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофу келишмовчиликларни кўради. Ўшанда менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифалар суннатини маҳкам ушланглар», деганлар»[1].
Энг биринчи бидъат тақдир масаласида чиқарилган қадарийлик бидъати, кейин муржиалик, шиалик ва хаворижлик бидъатларидир. Бу бидъатлар ҳижрий иккинчи асрда вужудга кела бошлаган ва ўша пайтда ҳаёт бўлган саҳобалар бу бидъатни бошлаганларга қаттиқ қаршилик кўрсатишган. Кейинчалик мўътазилий тоифасининг бидъатлари қорасини кўрсатган, мусулмонлар орасида ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар, фитналар келиб чиққан ва баъзи одамларда бидъатларга мойиллик пайдо бўла бошлаган. Кейин тасаввуф, қабрлар устига мақбара қуриш ва бошқа бидъатлар келиб чиққан. Шундай қилиб, вақт ўтган сари бидъатнинг турлари кўпайиб борган.
Иккинчи масала: Бидъатларнинг пайдо бўлиш жойи:
Ислом ўлкаларини бидъатларнинг келиб чиқишига қараб бир неча турга бўлиш мумкин. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромлари яшаган ва улардан илму иймон тарқалган шаҳарлар бешта: Ҳарамайн (Макка ва Мадина), Ироқон (Кўфа ва Басра) ҳамда Шом диёри. Бу шаҳарларда Қуръон, ҳадис, фиқҳ илми ва ибодат аҳкомлари ёйилган. Мазкур шаҳарлардан (Мадинадан ташқари) аслий бидъатлар келиб чиққан. Ислом шаҳри сифатида машҳур бўлган йирик шаҳарлардан бири Ироқдаги Кўфа шаҳри бўлиб, у ердан шиа ва муржиа тоифаларининг бидъатлари чиққан ва бошқа шаҳарларга тарқалган. Бу шаҳарлардан яна бири Басра бўлиб, ундан қадарийлик, мўътазилийлик ва хато ибодат қилиш бидъатлари чиққан, кейинчалик бошқа шаҳарларга ҳам тарқалган. Шомда эса қадарийлик ва носибийлик бидъатлари пайдо бўлган. Жаҳмийлик эса Хуросон томонларда пайдо бўлган энг ёмон бидъатлардандир. Шаҳарларда бидъатларнинг келиб чиқиши ушбу шаҳарларнинг Мадинага нисбатан узоқлигига ҳам боғлиқ эди. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг ҳарурийлик бидъати келиб чиқди. Мадина шаҳри эса бидъатлардан пок эди. Бу ердаги баъзи бидъатчилар ўз бидъатларини ошкор этишга ботина олмас, бордию эҳтиётсизлик туфайли ошкор қилиб қўйишса, Мадина аҳли томонидан таънаю дашномга қолар эди. Шу сабабли бу ерда Кўфа, Шом ва Басра шаҳарларида бўлгани каби бидъатлар ва бидъатчилар кенг тарқалмаган эди. Саҳиҳ ҳадисларда Мадинага Дажжол кира олмаслиги айтилган. Мадинада илм ва иймон Имом Молик яшаган давргача (ҳижрий IV аср) давом этган. Унгача бўлган уч аср ичида Мадинада ҳеч қандай бидъат зоҳир бўлмаган ва бу ердан Ислом асосларини бузадиган бидъатлар ҳам келиб чиқмаган»[2].
Юқорида зикр этилган атамалар фирқа ёки тоифалар номларидир. Улар ўзларининг бидъатлари ёки уламолар жамоасининг ҳукмидан бошқача ҳукм чиқарганлари сабабли ҳақ аҳлидан ажралиб қолган тоифа ва фирқалар саналади.
Иккинчи: Бидъатларнинг келиб чиқиш сабаблари:
Банда Аллоҳ таолонинг Китоби ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини маҳкам ушласа, бидъат ва адашишдан шак-шубҳасиз саломат қолади.
Аллоҳ таоло деди: «Албатта шу (Ислом) Менинг тўғри йўлимдир. Шу йўлга эргашинглар. Бошқа йўлларга эргашманглар. Чунки улар сизларни Аллоҳнинг тўғри йўлидан узоқлаштириб юборади» (Анъом, 153).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис мазкур оятни шарҳлаб беради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерга тўғри чизиқ чиздилар ва: «Бу Аллоҳнинг йўлидир», дедилар. Кейин унинг икки тарафига қисқа чизиқлар чиздилар ва: «Бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида биттадан шайтон туриб, инсонларни унга чорлайди», дедилар. Сўнг юқоридаги оятни ўқидилар»[3].
Ким Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг суннатидан юз ўгирса, нотўғри йўлларга ва бидъатларга аралашиб қолади.
Бидъатнинг келиб чиқиш сабабларини тўртга бўлиш мумкин:
Биринчи сабаб: Диндаги қонун-қоидаларини яхши билмаслик. Вақт ўтиб, инсонлар шариат қонун-қоидаларидан узоқлашгани сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда бундай хабар берганлар: «Аллоҳ таоло илмни инсонлар орасидан суғуриб олиб қўймайди, балки уни олимларни вафот этдириш билан кўтаради, ҳатто бирор олимни қолдирмайди. Олимлар қолмагач, инсонлар нодон кимсаларни ўзларига бош қилиб олиб, улардан йўл-йўриқ сўрайдилар. Улар ҳам илмсиз бўлатуриб жавоб берадилар. Натижада ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар»[4].
Бидъатни фақат илм енга олганидек, бидъатчини ҳам фақат олим енга олади. Илм ва олимлар йўқолиб кетса, бидъат ва бидъатчиларга қулай фурсат топилади.
Иккинчи сабаб: Нафси ҳавога эргашиш.
Ким Қуръон ва суннатдан юз ўгирса, ўз ҳавои нафсига эргашади.
«Улар сизнинг (китоб келтириш ҳақидаги) талабингизни бажара олишмаса ва уларда бошқа бирон баҳона қолмаса, билингки, улар нафси ҳаволарига эргашмоқдалар холос. Аллоҳнинг ҳидоятини ташлаб, нафси ҳавосига эргашган кишидан кўра ҳам адашганроқ ким бор?!» (Қасас, 50).
Бидъатлар ҳавойи нафсга берилиш натижасида келиб чиққан ишлардир.
Учинчи сабаб: Бир одамнинг сўзини маҳкам ушлаб олиб, бошқасини тан олмаслик.
Бундай қилиш инсонни ҳақиқатга эргашиш ва далил-ҳужжатлар билан иш кўришдан тўсиб кўяди.
«Эй Расул, нафс-ҳавосини илоҳ қилиб олган ва илм етганидан кейин Аллоҳ адаштиргани туфайли Унинг эслатмаларини эшитмаётган ва улардан ибрат олмаётган, Аллоҳ қалбини муҳрлаб қўйгани туфайли ҳеч нарсани англамаётган, Аллоҳ кўзларига парда тўсиб қўйгани туфайли Унинг далилларини кўрмаётган кимсани кўрдингизми? Аллоҳ адаштириб қўйганидан сўнг ким ҳам уни ҳидоятлай олади?!» (Жосия, 23).
Ҳозирги кунда баъзи тоифалар мазҳабларга ёки тасаввуфга қаттиқ берилиб, худди юқоридаги оятда айтилган кишиларга ўхшаб қолмоқдалар. Чунки бу инсонларга Қуръон ва ҳадисга эргашинглар, дейилса, улар ўз шайхлари, тариқатлари, мазҳаблари, ота-боболари юрган йўллари ва қилган ишларини рўкач қиладилар.
Тўртинчи сабаб: Кофирларга ўзни ўхшатиш:
Бу амал ҳам бидъатга олиб борадиган энг яқин йўллардан биридир. Имом Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Абу Воқид Лайсий разияллоҳу анҳу айтади: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга йўлга чиқдик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушрикларнинг «сидра» номли бир дарахти бўлиб, унинг олдига бориб сиғинишар ва ирим қилиб, қуролларини унга боғлашар ва у «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахтлардан бири ёнидан ўтдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз», дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бани Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Шубҳасиз, сизлар билмайдиган жоҳил қавмсизлар». Сизлар ҳам илгари ўтган умматларнинг йўлларини тутмоқдасиз!» дедилар».
Қаранг, кофирларга ўзни ўхшатиш оқибатида Бани Исроил ўз пайғамбаридан худо ясаб беришни талаб қилди ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи саҳобалари у зотдан ўзларига махсус дарахт қилиб беришларини сўради. Ҳозир ҳам кўп кишилар кофирларга тақлид қилиб турли байрамлар, туғилган кунлар, юбилейлар, ҳайкаллар, бюстлар, ўликларга қилинадиган маросимлар, қабрларга тошлар қўйиш каби ва булардан бошқа турли хил бидъатлар ўйлаб топмоқдалар.
[1] Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 10/354.
[2] Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово», 20/300.
[3] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
[4] Абу Довуд ва Термизий ривояти.