Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар ҳақидаги боб

    Юқорида нафл намози аҳкомларини баён қилиб ўтдик. Билингки, баъзи вақтлар борки, уларда истисно ҳолатлардан бошқа пайт нафл намоз ўқишдан қайтарилган. Улар бешта вақтдир:

    Биринчи: Тонг отганидан тортиб то кун чиққунча. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тонг отгач, бамдоднинг икки ракъат (суннат)идан бошқа намоз йўқдир» (Аҳмад (4/385, №19435), Абу Довуд (1277) Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Демак, тонг отганидан кейин бамдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа нафл намоз ўқилмайди.

    Иккинчи: Кун чиққанидан кейин кўрган кўзга то найза бўйи кўтарилгунича.

    Учинчи: Кун тиккага келган пайт, то ботиш томонга бироз мойил бўлгунича. Куннинг тиккага келгани соянинг ортмай ва камаймай туришидан билинади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни уч вақтда намоз ўқишдан ёки ўликларимизни дафн қилишдан қайтарар эдилар: қуёш чиқаётган вақтда то кўтарилиб олгунга қадар, кун тиккага келганида то мойил бўлгунича ва қуёш ботишга яқинлашганида то ботгунига қадар» (Имом Муслим (831) ривояти).

    Тўртинчи: Аср намозидан сўнг то кун ботгунича. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бамдоддан кейин то кун чиққунича ва асрдан кейин то кун ботгунича намоз йўқдир», деганлар (Бухорий (586), Муслим (827) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Бешинчи: Кун бота бошлаган пайт то ботиб олгунича.

    Бироқ, ушбу намоздан қайтарилган вақтларда фарз намозлар қазосини ўқиш мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бир намозга ухлаб қолса ё эсидан чиқиб қолса, эсига тушгач ўқиб олсин» (Бухорий (597), Муслим (648) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар) деган ҳадислари умумийдир.

    Ушбу вақтларда Каъбани тавоф қилишдан кейинги икки ракъатни ҳам ўқиш жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу Байтни тавоф қилган ва намоз ўқиган кишини кеча ё кундузнинг ҳар қандай соатида ҳам қайтарманглар!», деганлар (Термизий (868), Насоий (585), Абу Довуд (1894), Ибн Можа (1254) Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий саҳиҳ санаган). Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ушбу амални намоздан қайтарилган вақтларнинг ҳаммасида қилишга бўлган изндир. Чунки, тавофни куннинг ҳар қандай вақтида қилиш жоиз, унинг ортидан ўқиладиган икки ракъат ҳам шундай.

    Уламолар айтган икки хил сўзнинг саҳиҳроғига кўра, ушбу вақтларда бирор сабабга боғланган намозларни ҳам ўқиш жоиздир. Масалан, жаноза намози, таҳийятул масжид намози, кусуф (кун тутилиши) намози каби. Чунки, бу борада келган далиллар шунга далолат қилади. Яъни, бу далиллар ушбу вақтларда намоздан қайтариш умумийлигини хослаб қўяди ва қайтариқни сабабсиз намозларга боғлаб қўяди. Демак, ҳеч қандай сабабга боғланмаган мутлақ нафл намозларни ушбу вақтларда ўқиш мумкин эмасдир.

    Бамдод намози суннатининг қазосини ҳам бамдоддан (яъни фарзидан) кейин ўқиб
    олиш жоиз. Шунингдек, пешиннинг суннати қазосини асрдан кейин ўқиб олиш мумкин.
    Хусусан, пешин билан асрни жамлаб ўқилганда бу жоиз бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам пешиннинг суннатини асрдан кейин ўқиганлари нақл қилинган
    (Бухорий (1233), Муслим (834) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962