Хотиннинг нафақаси ҳақидаги боб

    Нафақа луғатда пул-мол маъносида, шариатда эса ўз қарамоғида бўлган кишини озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва шу кабилар билан етарли даражада таъминлашни англатади.

    Инсонга энг аввал ўз аёлининг нафақаси фарз бўлади. Эр киши аёлининг етарли даражада емак-ичмаги, кийим-кечаги, уй-жойини ўз зиммасига олиши лозим бўлади.

    Аллоҳ таоло айтади: «Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни бойлигига ярашадиган) нафақа берсин» (Талоқ: 7).

    Яна айтади: «Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара: 228).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларнинг зиммангизда уларни яхшилик билан ризқлантириш ва кийинтириш вазифаси бордир» (Муслим (1218), Абу Довуд (1905) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор» (Бақара: 228) оятига аёл кишининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари киради. Бу одамлар ўзаро таниган-билган ва улар маъруф (яхшилик) деб билган нарсага қараб бўлади» (Иъламул-муваққиъийн: 1/334).

    Ҳоким хотиннинг нафақасини белгилашда эр-хотиннинг бой-камбағаллик ҳолини эътиборга олади ёки улар ўртасида келишмовчилик ҳосил бўлганда бирининг бойлигини ва иккинчисининг камбағаллигини ҳисобга олади.

    Бой эрнинг никоҳидаги бой хотинга бошқа бой эрлар остидаги бой хотинларга кифоя қиладиган миқдордаги нафақа белгиланади, кийим-кечагини ҳам ўша шаҳар аҳлидан бўлган бой хотинлар кийимича қилиб берилади, кўрпа-тўшак ва бошқа буюмлари ҳақида ҳам шундай қилинади.

    Камбағал эрнинг никоҳи остидаги камбағал хотин учун озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва бошқа анжомларни шу шаҳар аҳлидан бўлган ўзи каби хотинларга лойиқ бўлганидек қилиб берилади.

    Ўртаҳол эрнинг никоҳи остидаги ўртаҳол хотинга, камбағал эрнинг никоҳидаги бой хотинга ва бой эрнинг никоҳидаги камбағал хотинга урф-одатга кўра, энг юқори даража – яъни бойларнинг нафақаси – билан энг паст даража – яъни камбағалларнинг нафақаси – ўртасидаги нафақа белгиланади. Чунки, уларнинг ҳолига энг лойиқ нарса шудир.

    Эр хотинининг орасталигига керакли бўлган совун, сидр, мой каби нарсаларни, шунингдек, ичиш, таҳорат қилиш ва ювиниб покланиши учун сув етказиб беришга масъулдир.

    Бу юқорида айтганларимиз хотин киши эрнинг никоҳида бўлган ҳолатга тааллуқлидир. Аммо, агар эр хотинни талоқ қилган ва у идда сақлаб ўтирган бўлса:

    – Агар талоқи ражъий бўлса, модомики иддада бўларкан, унинг хотин сифатида оладиган нафақаси эрга фарз бўлади. Чунки, у ҳали унинг хотинидир. Далил шуки, Аллоҳ таоло: «Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар» (Бақара: 228), деди.

    – Аммо, катта ёки кичик боин талоқ билан талоқ бўлган аёлга нафақа ҳам, уй-жой ҳам йўқдир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳони эри бутунлай талоқ қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сен учун нафақа ҳам, уй-жой ҳам йўқдир», деганлар (Муслим (1480) ривояти).

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сунатларига кўра, боин талоқ қилинган аёлга нафақа ҳам, уй-жой ҳам йўқдир, бу суннатга зид келувчи бирон далил йўқ, у Аллоҳнинг Китобига мувофиқ, қиёс тақозоси ҳам шу, аҳли ҳадис фуқаҳоларининг мазҳаби ҳам шу» (Иъламул-муваққиъийн: 3/378).

    – Аммо, боин талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, унга нафақа бериш лозим. Чунки, Аллоҳ таоло: «Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда то ҳомилаларини қўйгунларича уларга нафақа бериб туринглар!» (Талоқ: 6), деди, «Уларга (яъни талоқ қилиниб, идда сақлаётган аёлларингизга) ўзларингиз маскан тутган – қудратингиз етган жойдан маскан беринглар» (Талоқ: 6), деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Қайс розияллоҳу анҳога: «Сенга нафақа йўқдир, ҳомиладор бўлсанг бундан мустасно», деганлар (Абу Довуд (2290), Насоий (3222) ривоятлари). Чунки, ҳомила талоқ қилувчининг боласидир, унга нафақа лозим бўлади, бу эса унинг онасига нафақа қилиш билангина мумкин бўлади.

    Ал-Муваффақ ва бошқалар айтганлар: «Бунга илм аҳли ижмоъ қилганлар. Бироқ, уламолар нафақа ҳомила учунми ёки ҳомилани кўтариб юргани учун ҳомиладоргами, деган масалада ихтилоф қилганлар» (Ал-муғний: 8/110).

    Бу икки сўздан кўпгина ҳукмлар келиб чиқадики, уларнинг ўрни фиқҳ китоблари ва фиқҳий қоидалар ичидадир.

    Айрим сабаблар пайдо бўлганда хотиннинг нафақаси эрнинг зиммасидан соқит бўлади. Жумладан:

    – Агар хотин эрдан ҳабс қилинса (яъни, тўсиб қўйилса), ундан (жинсий томондан) фойдаланиши имкони бўлмагани боис унинг нафақаси соқит бўлади. Чунки, нафақа фойдаланиш муқобилига фарз бўларди.

    – Хотин эрга итоатсиз бўлса, шунда ҳам унинг нафақаси соқит бўлади. Бу ердаги итоатсизликдан мурод – ўзининг зиммасига фарз бўлган эрининг ҳақини бермасликдир. Масалан, у билан бирга ётишдан бош тортиш, у билан бирга бошқа ўзига муносиб жойга кўчиб ўтишдан бош тортиш, унинг изнисиз уйидан чиқиб кетиш каби ҳолларда унга нафақа бериш лозим бўлмайди. Чунки, бундай ҳолларда у итоатсиз эътибор қилиниб, ўзидан фойдалантиришга имкон бермагани боис фойдаланиш муқобилига лозим бўладиган нафақага нолойиқ деб кўрилади.

    – Ўзининг ҳожати туфайли сафарга чиқиб кетган бўлса ҳам нафақаси соқит бўлади. Чунки, бу билан ўзига тегишли сабаб туфайли ўзидан эрини ман қилди, эрига тегишли сабабдан эмас. Шу боис нафақаси соқит бўлди.

    Эри вафот этган аёлга эрининг қолдирган мерос молидан нафақа чиқарилмайди. Чунки, мол энди меросхўрларга ўтди ва унга нафақа фарз бўлишига сабаб қолмади. Энди нафақаси ўзининг зиммасига бўлади ёки агар камбағал бўлса, уни ўз қарамоғига олувчи кишиси зиммасига бўлади.

    Агар эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, унинг нафақаси агар эри мерос қолдирган бўлса, меросдаги ҳомиланинг улушидан бўлади. Мерос қолдирмаган бўлса, ҳомиланинг меросхўри зиммасига бўлади.

    Агар эр-хотин нафақанинг қийматига келишиб олсалар ёки нафақани нақд беришга ё озми-кўпми муддат кечиктириб беришга келишиб олсалар, жоиз бўлади. Чунки, ҳақ иккаласиникидир. Агар келишмасалар, бошидан тортиб ҳар кунлик нафақани тайёр ҳолда бериш фарз бўлади. Агар нафақани дон ҳолида беришга келишиб олсалар ҳам жоиз бўлади. Бироқ, аёл буни фақат ўз розилиги билангина қабул қилиши мумкин.

    Кийим-кечаги ҳар йилнинг бошидан фарз бўлади ва эр унга бир йиллик кийимини бериши лозим. Хотинидан узоққа кетган ва унинг нафақасини қолдирмаган ёки олдида бўлса ҳам нафақа бермаган кишига шу пайтгача ўтиб кетган нафақа ҳам лозим бўлади. Чунки, бу бойликда ҳам, камбағалликда ҳам унинг зиммасига фарз бўлувчи ҳақдир ва вақт ўтиб кетиши билан соқит бўлмайди.

    Эр зиммасига хотиннинг нафақаси фарз бўлиши хотин ўзини унга бағишлаган вақтдан бошланади. Агар эр нафақага қийналса, хотин никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадисда хотинига нафақа қилишга нарса тополмайдиган эр ҳақида: «Ўрталари ажратиб юборилади», дейилган (Дорақутний (3/206, №3742) ривояти). Аллоҳ таоло айтади: «(Оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229). Нафақа бермай олиб ўтириш яхшилик билан сақлаш бўлмайди.

    Агар бой-бадавлат эр хотинидан узоққа кетган бўлса ва унга нафақа қолдирмаган бўлса, агар унинг молидан олиш ё унинг номидан қарз кўтариш имконсиз бўлса, хотин ҳокимнинг изни билан никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Агар эрининг молидан олишга қодир бўлса, етарли даражада олади. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Ҳинд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эри унга ва боласига етарли нарсани бермаслиги ҳақида айтганида у зот: «Ўзингга ва болангга кифоя қилгудек миқдордаги нарсани яхшилик билан (эрингнинг мулкидан) олавер», деганлар (Бухорий (5364) ва Муслим (1714) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

    Буларнинг ҳаммаси ушбу шариатнинг комиллиги ва ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини
    беришига далолат қилади, унинг барча қонун-қоидалари ана шундай кўринишдадир.
    Ана шундай олий шариатни қўйиб, бошқа куфр низомларини унга алмаштираётган
    қавмлар бахтсиз инсонлардир. «Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?!
    Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким
    бор?!»
    (Моида: 50).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963