Ҳадя ва қурбонлик ҳукмлари ҳақидаги боб

    Ҳадя – Ҳарамга ҳадя қилинган ва унинг ҳудудида сўйиладиган туя ва бошқа жонлиқлар бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло йўлига ҳадя қилингани учун ҳадя деб номланган. Қурбонлик эса ийд куни ва ташриқ кунлари Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун уйларда сўйиладиган жонлиқдир.

    Мусулмонлар ҳар иккисининг машруълигига ижмоъ қилганлар.

    Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қурбонлик ва ҳадялар эса Холиқ субҳанаҳуга қурбон бўлиб, талафга (яъни, фидо бўлишга) муносиб жон ўрнига фидя ўрнида туради» (Мифтаҳу дарис-саъада: 2/5).

    Аллоҳ таоло айтади: «Биз (сизлардан аввалги мўмин жамоалардан ҳам) барча мўъмин жамоага (Аллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Аллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз» (Ҳаж: 34). Жонлиқлар бўғизлаш ва Аллоҳнинг номи билан қон чиқариш барча мўмин қавмларда машруъ бўлиб келган.

    Ҳадянинг афзали бутун бошли туя, кейин қорамолдир, чунки, баҳоси ҳам қимматроқ, фақирларга фойдаси ҳам кўпроқ бўлади. Ундан кейинги ўринда қўй-эчкилар туради.

    Ҳар бир жинсдаги жониворларнинг энг афзали семизроғи, сўнг баҳоси қимматроғидир. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32).

    Қўйнинг жазаъ – яъни, олти ойлик бўлгани, бошқа ҳайвонларнинг (яъни, туя, қорамол ва эчкиларнинг) саний бўлгани қурбонликка яроқли бўлади. Туянинг санийси – беш ёшни тўлдиргани, қорамолнинг санийси – икки ёшга тўлгани, эчкининг санийси – бир яшар бўлганидир.

    Ҳадяда бир қўй бир киши номидан кифоя қилади, қурбонликда эса киши ва унинг оиласи номидан кифоя қилади. Туя ва қорамол эса ҳадяда ҳам, қурбонликда ҳам етти киши номидан кифоя қилади. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни етти киши бир туяда ва бир қорамолда шерик бўлишга буюрдилар» (Муслим (1213) ривояти). Абу Айюб розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир киши бир қўйни ўзи ва аҳли оиласи номидан қурбонлик қилар, ўзлари ҳам ейишар, бошқаларга ҳам едиришар эди» (Термизий (1505), Ибн Можа (3147) ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган). Бир қўй сўйиш туя ё қорамолнинг еттидан бирига шерик бўлишдан афзалдир.

    Ҳадя ва қурбонлик учун фақат саломат, аъзоларида нуқсони бўлмаган ва ўта озғин бўлмаган жонивор яроқли бўлади. Кўзи ўта ғилай ёки кўр, эти суягига ёпишган озғин, соғлом жонивор билан бир хил юришга қурби келмайдиган чўлоқ, тишлари тўкилиб кетган, қарилигидан елини қуриб кетган, касаллиги аниқ кўриниб турган ҳайвон қурбонликка ярамайди.

    Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг орамизда туриб, шундай дедилар: «Тўртта (ҳайвон) қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги аниқ кўриниб турган ғилай, касаллиги билиниб турган касал, чўлоқлиги билиниб турган чўлоқ, илиги бўлмаган озғин ҳайвон» (Абу Довуд (2802), Насоий (4370), Термизий (1497), Ибн Можа (3144) ривоятлари).

    Таматтуъ ҳажи қилувчи кишининг ҳадяси ва қурбонликлар сўйилиш вақти саҳиҳ сўзга кўра, ийд намози ўқилганидан бошлаб, ташриқ кунларининг охиригачадир.

    Киши ўзининг ҳадяси ва қурбонлиги гўштидан ейиши, учдан бирини ҳадя ва садақа қилиши мустаҳабдир. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар», деди (Ҳаж: 28).

    Аммо, жарима сифатида сўйилган, яъни, эҳромда ман қилинган ишлардан биронтасини қилиб қўйиш ёки бир вожибни тарк қилишга фидя қилиб сўйилган жонлиқ гўштидан ўзи емайди, ҳаммасини тарқатиб юборади.

    Қурбонлик қилиш ниятида бўлган киши зул-ҳижжа ойи киргач, то қурбонлигини бўғизламагунича соч ва тирноқларини олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўн кунлик кирса ва сизлардан бирон киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлигини қилмагунича соч-туклари ва тирноқларидан биронтасини олмасин», деганлар (Муслим (1977) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган).

    Агар бу ишлардан бирортасини қилиб қўйса, Аллоҳга истиғфор айтсин, лекин унга
    фидя лозим бўлмайди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963