Бизга боғланинг
Ҳаёт чироқларига нур бахш этувчи шуъла (ёки ҳижрат дарсидан сабоқлар)
الشيخ محمد حسان
شعلة توقد شموس الحياة
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.
Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
«Ҳаёт қуёшларига нур бахш этувчи шуъла». Бугунги суҳбатимизни ана шундай атадик. Вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб оламиз:
- Биринчи: Хотира ва дил яраси!
- Иккинчи: Йўл очиб берувчи мардлар.
- Учинчи: Ўта пухта тузилган режа.
- Тўртинчи: Меҳр-муҳаббатнинг тошқин булоғи.
- Бешинчи: Фидокорлик намуналари.
- Олтинчи: Нега ҳижрат қилмайсиз?!
Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан барчамизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.
Биринчи: Хотира ва дил яраси!
Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ўтмишини билмаган халқнинг ҳозири йўқ, фазилатларини унутган умматнинг келажаги йўқдир. Ўтмишдан воқиф бўлиш фақатгина йиғи-сиғи ва оҳ-воҳ қилиш учун бўлса, бу бекорчиларнинг ишидир. Ўтмишга қора чаплаш ва ундаги яхши ва нурли кунларни ҳам қўшиб, бутунлай қоралаш жоҳил ва ғаразгўй кимсалар ҳолидир.
Уммат душманлари уммат билан унинг нурли ўтмиши ўртасига ўтиб бўлмас тўсиқ тортишга зўр бериб уриндилар. Мақсадлари – уммат ўз ўтмишидан ҳаёт қуёшларига нур берувчи шуълани топиб олмасин! Уммат ўз ўтмишидан келажак авлодлар томирида гупирувчи тоза қон ола билмасин! Душман ўз ғаразли мақсадига етди, десак хато қилмаган бўламиз. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари қуруқ тарихий маълумот ва совуқ зеҳний билим олиш учунгина ўқиладиган бўлиб қолди. Гўёки, ушбу пок сийратни ҳаётимиз воқелигига айлантириб олиш ҳар биримиздан талаб қилинмагандек!
Бечора умматимиз шу кунларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратлари муносабати билан йиғинлар ўтказмоқда. Ваҳоланки, умматнинг жароҳати ер юзининг ҳамма жойида қон оқизиб турибди.. Фаластинда, Кашмирда, Косовода, Сомалида, Тожикистонда, Туркистонда, Филиппинда, Жазоирда… Уммат жароҳатидан тўхтовсиз қон оқмоқда.. Уммат ҳижрат муносабати билан йиғинлар ўтказиш билан машғул, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида мақтовли ва ўта муболағали сўзларни тараннум этиш билан овора..
Ҳа, ҳамма жойда уммат жароҳатидан қон силқимоқда.. Унинг номуслари топталди.. Ерлари босиб олинди.. Шарафи поймол қилинди.. Иззати кетди.. Қуръони хор қилинди.. Пайғамбари масхара қилинди.. Уммат хўрлик ва хорликка дучор бўлди.. Уммат чуқур уйқуга чўмди.. Уйқусидан уйғонганда ҳам унинг қўлидан фақат норозилик билдириб, ғулдирашдан бошқа нарса келмайди..
Шеър мазмуни:Эй ожизлик унинг тизгинига айланган, заифликда зарбулмасал бўлган уммат..
Эй умрининг кузида мудраб ётган, ўзининг қабрга кўмилган ўтмишини чайнаётган уммат..
Ўзини хорлик ва хўрликка гирифтор этди.. Тиз чўкиб, хазиналарини қароқчига топширди..
Шерлари қафасларга солиниб, мутеъликка маҳкум этилди.. Шерлари ҳам энди бошқа шерларга ўхшамас..
Бошига мусибат тушиб турганида ҳаммаси фақат оғизда норозилик билдиришдан ўтмайди..
Оҳ!. Эй мусулмонлар! Аллоҳга қасамки, мўмин-муваҳҳиддар заифлигидан, содиқ ва мухлис инсонлар чорасизлигидан, мушриклар зулми ва мунофиқлар хиёнатидан кўзлар ёшга тўла, юрак қайғу-аламдан ёрилай дейди!. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.
Уммат шу кунларда ҳижрати набий хотираси муносабати билан йиғилмоқда. Ваҳоланки, у ўзининг нимага йиғилаётганини яхшироқ тушунмайди ҳам. Уммат ер юзининг ҳар жойида ҳижрат ҳақидаги чиройли сўзларни тараннум этмоқда. Ваҳоланки, у ҳижрат – ҳаёт қуёшларига нур улашувчи шуъла бўлганини англамайди. У ҳижратнинг янгиланиб турувчи ато эканини англамайди. Уммат куфр харсанглари, ширк тошлоқлари ва халқаро низомлар чақиртошлари аро ўзининг иззат ва каромат йўли сари интиларкан, бу иш аввалда йўлни харсанг ва чақиртошлардан тозалашда тер ва қонлари тўкилган мард йигитлар ҳаракатларисиз бўлмаганини билмайди.. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратларига йўл ҳозирлаш мақсадида жонларини, молларини, вақтларини фидо қилган покиза зотлар уринишларисиз амалга ошмаганини англамайди. Суҳбатимизнинг давоми ана шундай улуғ зотлар ҳақида бўлади.
Иккинчи: Йўл очиб берувчи мардлар
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга у зотнинг жароҳатларига малҳам бўлувчи мард инсонларни ато этди. Улар бармоқлар билан санагудек даражада оз, муборак бир жамоа эди, Ясрибдаги Хазраж қабиласининг ўн икки нафар аъзоси эди.. Бошланиши шундай бўлди.. Бу Ислом жамиятининг пойдевори эди.. Мана шу сони оз, улуғ жамоа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат (аҳд-паймон) бердилар, бу байъат тарихда биринчи ақаба байъати деган ном билан машҳур бўлди. Сўнг улар ўзларига бириктириб берилган рашид ва ҳаким муаллимлари Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Ясрибга йўл олдилар. У ерда ширк тошлоқлари ва куфр тиканзорлари орасига тавҳид дарахти кўчатини ўтқиздилар ва бу дарахт жуда тез ривожланиб, тез кунларда ҳосилга кирди.
Бор йўғи бир йил ўтиб, келгуси йили ҳаж мавсумида энди улар етмиш киши бўлиб келдилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан иккинчи ақаба байъатини ўтказдилар, унда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар қандай ҳолатда ҳам итоат қилишга, қийинчилигу енгилчиликда нафақа қилишга, амри маъруф ва наҳий мункар қилишга, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар уларнинг юртларига ҳижрат қилиб борсалар, у зотга ёрдам кўрсатишга, у зотни ўз жонлари, моллари, бола-чақаларини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишга, эвазига эса жаннатни мукофот қилиб олишга байъатлашдилар. Ушбу мазмундаги саҳиҳ ҳадисни Аҳмад, Ибн Ҳишом, Баззор ва бошқалар ривоят қилганлар.
Иккинчи байъатнинг рукнлари эди бу айтилганлар. Шунинг учун ҳам мен айтаманки, уммат учун иззат ҳам, каромат ҳам фақат ундаги ҳар бир шахс мана шу байъатни янгидан берса ва ушбу байъат бандларига тўла-тўкис амал қилувчи аскар бўлишга Парвардигори субҳанаҳу ва таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аҳд берса, шундагина амалга ошади.
Ҳа.. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга аҳд бердилар. Ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввало Аллоҳнинг фазли билан, кейин ўзларининг сабру матонат билан олиб борган ҳикматли даъватлари фазли билан, қолаверса ўша покиза ансорлардан бўлган мард йигитлар ёрдамида куфр билан мавжланиб ётган саҳролар ўртасида Ислом учун ватан барпо этишга муваффақ бўлдилар.
Дарҳақиқат, муборак ҳижратнинг илк қалдирғочлари Мадинага етиб кела бошлади. Маккада мушрик зўравонларнинг зулм қамчиси остида эзилган мўминлар ватанларини, мол-мулкларини, қонларини ва жонларини ақида йўлида қурбон қилиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини олий қилиш мақсадида, Аллоҳнинг калимаси ер юзида олий бўлиши учун Мадинага кета бошладилар. Мадинага етиб келган муҳожирлар ансорларнинг ҳовли-жойларидан – йўқ, йўқ, ҳовли-жойлари десам, унча тўғри бўлмас, уларнинг бошлари-ю кўзларидан – макон топдилар. Аллоҳ таоло рост хабар берганидек: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).
Ҳа, муҳожирлар ансор биродарларининг юракларидан ва кўзларидан ўрин олдилар.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини ҳам ҳижрат қилишга буюрди.
Имом Аҳмад «Муснад»да, Термизий «Сунан»да ҳасан санад билан ривоят қилишларича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эдилар, ҳижратга буюрилдилар, узотга Аллоҳнинг мана бу ояти нозил бўлди: «Ва айтинг: Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гунохлардан пок бўлган ҳолимда) доҳил қилгин ва (Қиёмат куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин» (Исро: 80)» (Термизий: №3138, Аҳмад: №1/223).
Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга жуда пухта, тўғри ва доно бир режани ҳозирладилар. Бу ҳақда суҳбатимизнинг давомида сўзлашамиз.
Учинчи: Ўта пухта тузилган режа
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида ҳижратга отландилар. У зот аввалдан ҳижрат учун ўта пухта, чуқур ўйланган бир режани ҳозирлаб қўйгандилар. Орзу қилардимки, қанийди уммат ўз Пайғамбаридан мана шундай ажойиб дарсни ўзлаштириб олса. Чунки, уммат ҳозирда умуман режа тузиш, тартиблаш, сабабларни ушлаш борасида ўз пайғамбарига муносиб уммат бўлмай қолди.
Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга дастлабки қадамларини қўярканлар, ишнинг аввалида Алий розияллоҳу анҳуни ўз ўрин-тўшакларига ёткизишни режаладилар. Бу билан у зот нафрат ва адоват кўзларини кўр қилиб қўйган тоғутларнинг кўзини шамғалат қила олдилар. Чунки, мушриклар шу куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилиш қасдида у зотнинг эшиклари олдига йиғилишиб, чиқиб келишларини кутиб туришган ва эшик тирқишларидан қараб, ҳали ўринларида ухлаб ётганликларига ишонч ҳосил қилиб туришар эди. Зеро, Маккадаги ширк парламенти фавқулодда мажлис чақириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилиш қарорини олган, бу билан Исломнинг нурини атрофга зиё соча бошламасидан туриб бутунлай ўчириб ташлашни истаган эдилар. Лекин, Аллоҳ ўз ишига ғолибдир, бироқ кўп одамлар буни билмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ушбу воқеа ҳақида мана бу оятларни нозил қилди: «(Эй Муҳаммад), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир» (Анфол: 30).
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини душманлари макридан сақлади. Шундай қилиб, у зот уларни доғда қолдириб, чиқиб кетдилар. Куфр ва ширкнинг энг катта зўравон тоғутлари ўз мақсадларига эришолмай, аламдан бўзариб, оҳ тортиб қолишаверди. Бироқ, улар ўзларининг алданганларини тонг отганидан кейингина, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёпинчиқлари остидан буюк фидоий инсон, бутун дунёга фидокорлик ва жасурлик дарсидан сабоқ бериб қўйган Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу туриб келганидан кейингина билдилар.
Шундан сўнг мушриклар изиллаганларича, тоғу-тошлар ва қумлоқларнинг тит-питисини чиқариб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қидиришга тушдилар. Лекин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам режаларининг яна бир гўзал жиҳатини кўрингки, у зот мушриклар ўзларини қидириб, шимол тарафга, Мадинага олиб борувчи йўлу сўқмоқларга йўл солишларини билганларидан йўлларини Макканинг жануб тарафига қараб солдилар ва то таъқиб қилувчиларнинг ҳаракатлари тингунича дўстлари билан бирга ўша ерда яшириниб туришга, тўполонлар тинганидан кейингина Мадинага қараб йўл олишга қарор қилдилар. Шундай қилиб, у зот ўша ердаги бир ғорда уч кун турдилар. Дўстлари Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ – ушбу маъраканинг ишончли аскари – кундузи Қурайш орасида юриб, Маккада кечаётган воқеалар хабарини чуқур фаҳм билан яхшилаб уқиб олиб, тунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб, ҳамма гапдан хабардор қилиб турарди. Абу Бакрнинг хизматкори ва ишончли қўйбоқари Омир ибн Фуҳайра қўй ҳайдаб юрган киши бўлиб, оқшом пайти сут ва егуликлар келтирар, қўйларнинг излари одам оёғи изларини босиб, ўчириб кетарди. Ишни нақадар пухта режалаштирилганини қаранг!
Улар йўл кўрсатишга моҳир бир одамни, Мадинага олиб борувчи саҳролар аро сўқмоқларни яхши билувчи Абдуллоҳ ибн Урайқит Лайсийни ёллагандилар. У Қурайш кофирларининг динида эди. Шундай бўлса ҳам унинг омонатдорлигига ишонишиб, ушбу машаққатли сафар учун ҳозирланган иккита туяни унга беришган ва уч кундан кейин Савр ғорида кўришишга ваъдалашишганди. Ваъдалашилган муддатда улар Ясриб сари отландилар.
Ўта пухта ва оқилона режа.. Орзу қилардимки, қанийди уммат ишларнинг сабабларини ушлаш таваккулга зид келмаслигини англаб етса! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳтиёткорлик сабабларидан биронта ҳам сабабни қўймай, ҳаммасини қўлладилар. Ваҳоланки, у зот сабабларнинг ёлғиз ўзи уларни натижаларга боғлаб қўювчи Зотнинг амрисиз ҳеч нарсага ярамаслигини, фойда ҳам, зиён ҳам бермаслигини яхши билардилар.
Қувиб борувчилар улар яшириниб ётган ғорнинг оғзигача боришди. Абу Бакр уларни кўргач, нафаслари бўғизларига тиқилиб, юракларига қўрқув оралаб, дўстлари ва ҳабибларига ҳаяжон билан: «Эй Расулуллоҳ, агар улар шундоқ пастга қарасалар, бизни кўрадилар», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умид ва ишонч билан лиммо-лим овозда, хотиржамлик билан: «Учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумондасиз, эй Абу Бакр?!», дедилар (Бухорий: №3653, Муслим: №2381).
Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 40).
Ким Аллоҳга таваккул қилса, Унинг Ўзи кифоя қилади, ким Аллоҳга боғланса, У нажот беради, ким ўз ишини Аллоҳга топширса, Ўзи уни йўлга солиб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).
Чин дилдан орзу қиламанки, қанийди уммат таваккулнинг ҳаловатини билсайди, ушбу дарсдан сабоқ олсайди, сабабларнинг ўзи то сабабларни натижаларга боғловчи Зотнинг изнисиз ҳеч нарсага ярамаслигини англаган ҳолда иззат, ғалаба ва нусрат сабабларини маҳкам тутсайди, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсайди!!
Севикли дўстларим! Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалбларидан ўз севикли дўстлари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан тўлиб-тошган меҳр-муҳаббат булоғи мазкур ҳодисада яна ҳам аниқроқ кўринади. Суҳбатимизнинг давомида шу ҳақда сўз юритамиз.