Бизга боғланинг
Қариндошлар ва қўл остидагиларнинг нафақалари ҳақидаги боб
Бу ердаги қариндошлардан мурод – фарз ё асабалик орқали унга ворис бўладиган кишилардир. Қўл остидагилар эса инсоннинг қўли остидаги қулллари ва (чорва) ҳайвонларидир.
Агар кишининг қариндоши насабнинг устунларидан бўлса, яъни нафақа берувчининг ота-онаси ва боболари – ҳар қанча юқориласа ҳам – ва болалари – ҳар қанча қуйига кетсалар ҳам – бўлса, инфоқ фарз бўлиши учун қуйидагилар шарт қилинади:
Нафақа бериладиган одам ҳеч вақоси йўқ, ёки ўзига етарли нарсага эга
бўлмаган ва касб қилишга қодир бўлмайдиган камбағал бўлиши.
Нафақа берувчи киши бой-бадавлат бўлиб, ўзининг ва хотинининг ҳамда
мамлуки (қул-чўриси)нинг озуқасидан ортиқча нарсага эга бўлиши.
Нафақа берувчи ҳам, нафақа олувчи ҳам битта динда бўлишлари.
Нафақа қилинадиган одам нафақа қилувчининг оталаридан ё фарзандларидан бошқа бўлса – юқоридаги шартларга қўшимча – нафақа қилувчининг нафақа қилинадиган одамга ворис бўлиши ҳам шарт қилинади.
Ота-онанинг нафақаси фарзанд зиммасига фарз бўлишига далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Ота-онага яхшилик қилишингиз (лозим)» (Бақара: 83). Ота-онага инфоқ қилиш ҳам уларга яхшилик қилишдир, балки бу ота-онага яхшиликнинг энг каттасидир.
Болаларнинг нафақаси ота зиммасига фарз бўлишига далил қуйидаги оятдир: «Уларни (яъни болаларининг оналарини) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир» (Бақара: 233). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга ва болангга кифоя қилгудек миқдордаги нарсани яхшилик билан (эрингнинг мулкидан) олавер» (Бухорий (5364) ва Муслим (1714) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Нафақа қилувчи киши фарз ё асабалик орқали ўзи унга ворис бўладиган кишига нафақа бериши вожиблигига далил «Меросхўр – ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор» (Бақара: 233) оятидир. Чунки, бир-бирига ворис бўлувчи кишилар ўртасида ворис мерос қолдирувчининг молига бошқалардан кўра ҳақлироқ бўлишини тақозо қиладиган қариндошлик бордир. Шунинг учун у нафақа бериши фарз бўлишида ҳам бошқа меросхўр бўлмаганлардан ажратилиб хосланишга лойиқ бўлди.
Ушбу оят маъноси шундайки, фаразан бола вафот этиб, ундан мерос моли қолса, шу молга ворис бўладиган – отасидан бошқа – қариндошлари зиммасига ўша бола учун унинг отаси бериб турган нафақани бериб туриш фарз бўлади.
Яна Аллоҳ таоло: «Қавми-қариндошга… (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг» деди (Исро: 26).
Муҳтож қариндошларнинг нафақаси бадавлат қариндош зиммасига фарз бўлиши ҳақида бундан бошқа ҳам далиллар мавжуд.
Абу Довуд ривоят қилади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Кимга яхшилик қилай?» деб сўради. У зот: «Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга», деб жавоб бердилар (Абу Довуд (5140) Кулайб ибн Манфаъа бобосидан ривоят қилган). Ториқ ал-Муҳарибий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўз қарамоғинг остидагилардан бошла: онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга, сўнг яқинроқ, кейин эса узоқроқ қариндошларингга», дедилар (Насоий (2532), Ҳоким (4/167) ривоят қилганлар, Ҳоким саҳаҳ санаган). Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг «Қавми-қариндошга… (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг» деди (Исро: 26) оятини тафсир қилиб беради.
Фарзанднинг нафақаси тўлалигича отанинг зиммасига фарз бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиндга: «Ўзингга ва болангга кифоя қилгудек миқдордаги нарсани яхшилик билан (эрингнинг мулкидан) олавер», деганлар (Бухорий (5364) ва Муслим (1714) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Ушбу ҳадис шариф фарзанднинг нафақасига ота бир ўзи масъул эканига далил бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло: «Уларни (яъни болаларининг оналарини) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир», деди (Бақара: 233), «Энди агар сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг (эмизганликлари учун) ажр-ҳақларини беринглар!» (Талоқ: 6), деди. Яъни, эмизикли боланинг нафақасини онага эмас, ота зиммасига юклади.
Бир камбағалнинг яқин қариндошлари бадавлат бўлсалар ва отаси бўлмаса, ўша яқинлари унга нафақа беришда шерик бўладилар ва ҳар бири унга ворислиги миқдорига қараб нафақа беради. Чунки, Аллоҳ таоло нафақани ворисликка тартиблади ва: «Меросхўр – ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор» (Бақара: 233), деди. Демак, нафақанинг миқдори ворислик миқдорига қараб тартибланади. Яъни, масалан, кимнинг бувиси ё туғишган ака-укаси бўлса, бувисига унинг нафақасининг олтидан бири фарз бўлади, қолгани ака-укаси зиммасига бўлади, чунки улар шу тартибда мерос оладилар. Бошқа мисоллар ҳам шунга қиёс қилиб олинаверади.
Қул-чўрилар ва ҳайвонларнинг нафақасига келсак, қулининг озиқ-овқати, кийими, яшаш жойидан иборат нафақасини яхшилик билан бериш хожа зиммасига фарз бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эгалик (қул)га унинг таоми ва кийими яхшилик билан (берилиши лозим), унга фақат кучи етадиган ишни юкланади», деганлар (Шофиий «Муснад»ида (305-б), Муслим (1662) «яхшилик билан» деган сўзларсиз ривоят қилганлар.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, биродарларингиз ходимларингиздир. Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари унинг қўли остида бўлса, унга ўзи еган нарсадан едирсин, ўзи кийган нарсадан кийдирсин, уларга оғир келадиган ишларни юкламанглар, агар оғир келадиган ишларни юкласангиз, уларга ёрдам қилинглар!» (Бухорий (2545), Муслим (1661) ривоятлари). Қолаверса, Аллоҳ атоло: «Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари хақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир», деди (Аҳзоб: 50). Ушбу насларда (яъни, далилларда) қулнинг нафақаси хожанинг зиммасига фарз бўлишига далил бордир.
Агар қул турмуш қуришни сўраса, хожаси уни уйлантиради ёки сотиб юборади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар», деди (Нур: 32).
– Агар чўри турмуш қуришни сўраса, хожаси ундан зарарни даф қилиш учун ё унга қўшилиш ё турмушга узатиш ё сотиб юборишда ихтиёрли бўлади.
– Ҳайвони бор одам унинг еми, суви ва бошқа керакли нарсаларини бериши фарз бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади» (Бухорий (3365), Муслим (2242) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Ушбу ҳадис кишига қўли остидаги ҳайвоннниг нафақаси фарзлигига далил бўлади. Чунки, у аёлнинг дўзахга киришига сабаб мушукни инфоқсиз қолдириши бўлди. Мушук ҳақидаки шундай бўлгач, кишининг қўлидаги бошқа ҳайвонлар нафақаси ҳам албатта фарз бўлади.
– Ҳайвоннинг эгаси унга тоқатидан ортиқ юк юклаши жоиз бўлмайди, чунки бу уни азоблаш бўлади. Унинг сутини боласига зиён етказадиган даражада соғиб олиши ҳам жоиз бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ўзига) зарар етказиш ҳам, (бировга) зарар бериш ҳам йўқдир», деганлар (Ибн Можа (2340), Аҳмад (5/326, №22778) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Ҳайвонни лаънатлаши, юзига уриши ва юзига тамға босиши ҳаром бўлади.
Агар ҳайвоннинг эгаси унга инфоқ қилишдан ожиз бўлса, сотиб юборишга ёки
ижарага бериб юборишга ёки гўшти ейиладиган ҳайвон бўлса, сўйиб юборишга мажбур
қилинади. Чунки, унинг мулкида инфоқсиз ташлаб қўйилиши ҳайвон учун зулмдир.
Зулмни эса кетказилиши фарз бўлади. Валлоҳу аълам.