Бизга боғланинг
Ҳажнинг мийқотлари ҳақидаги боб
Мийқот луғатда чегара маъносини, шариат истилоҳида эса ибодат ўрни ёки вақти маъносини ифода қилади. Ҳажнинг ҳам замон, ҳам макон нуқтаи назаридан мийқотлари бор:
– Вақт жиҳатидан бўлган мийқот. Буни Аллоҳ таоло шундай зикр қилади: «Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. Ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197). Маълум ойлардан мурод – Шаввол, Зулқаъда ойлари ва Зулҳижжа ойининг ўн кунидир. Кимда-ким мазкур ойларда ҳаж қилиш учун эҳром боғлаган бўлса, ҳажга халал етказадиган ҳар хил айбли ишу сўзлардан сақланиши ва фақат яхши амаллар билан машғул бўлиб, тақвони маҳкам тутиши лозим бўлади.
– Макон ва ўрин жиҳатидан бўлган мийқот – ҳаж қилувчи киши ўша жойдан эҳромга кирмасдан Маккага ўтиб кетиши жоиз бўлмайдиган чегаралардир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қуйидагича белгилаб берганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зул-Ҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қорнул-манозилни, Яман аҳлига Яламламни мийқот қилиб бердилар. Ана шу (мийқотлар) улар учун ва уларнинг аҳлидан бўлмаган, бироқ ҳаж ва умра учун улар устидан ўтаётган кишилар учундир. Улар ичкарисида бўлган кишиларнинг эҳром боғлаш ўрни ўз уйларидан, шунингдек Макка аҳли ҳам Маккадан эҳром боғлайди (Бухорий (1524) ва Муслим (1181) ривоятлари).
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Ироқ аҳлининг мийқоти Зоту ирқдан» (Муслим (1183) ривояти).
Бунинг ҳикмати шундаки, Байтуллоҳ муаззам ва мушарраф бўлгани боис Аллоҳ таоло Ўзининг уйини улуғлаш учун унга Маккани қўрғон қилиб қўйди, Ҳарамни унинг чегараси қилди, Ҳарамга эҳром боғламасдан ўтиш мумкин бўлмаган мийқот-чегаралар қилиб қўйди.
Ушбу мийқотлар ичида энг узоқда жойлашгани Мадина аҳлининг мийқоти Зул-Ҳулайфа бўлиб, унинг Маккадан узоқлиги ўн кунлик йўл эди.
Шом, Миср ва Мағриб аҳлининг мийқоти бўлмиш Жуҳфа Робиғ яқинида жойлашган бўлиб, унинг Маккадан узоқлиги уч марҳала[1]дир, айримлар ундан узоқроқ эканини айтганлар.
Яман аҳлининг мийқоти Яламлам бўлиб, унинг Маккадан узоқлиги икки марҳаладир.
Нажд аҳлининг мийқоти Қорнул-манозил бўлиб, Сайл деб ҳам аталади, у Маккадан икки марҳала узоқликдадир.
Ироқ ва машриқ аҳлининг мийқоти Зоту ирқ бўлиб, унинг Маккадан узоқлиги икки марҳаладир.
Ушбу ўринлар ўша санаб ўтилган диёрлар аҳлининг, шунингдек, ўша ер орқали ҳаж ёки умра ниятида келувчилар эҳром боғлаб киришлари лозим бўлган мийқотлардир.
Яшаш жойи мазкур мийқотлар ичкарисида бўлган киши ҳаж ва умрага ўз уйидан эҳром боғлайди. Макка аҳли эса Маккадан эҳром боғлайдилар, ҳажга эҳром боғлаш учун мийқотга чиқишларига ҳожат йўқ. Умрага эса энг яқин ҳилга (ҳарам чегараси ташқарисига) эҳром боғлаш учун чиқадилар.
Кимнинг йўли ушбу мийқотлардан бирортаси устидан ўтмаса, ўзига энг яқин бўлган мийқот билан тенглашган жойидан эҳромга киради. Умар розияллоҳу анҳу: «Йўлингиздан мийқотга баробарлашган жойни белгилаб олинглар», деганлар (Бухорий (1531) ривояти).
Шунингдек, тоира (самолёт) йўловчиси ҳам ҳавода мазкур мийқотлардан бирортаси устидан ўтаётганда эҳромга киради. Шунинг учун тоирага минишдан олдин ювиниб, покланиб олиши лозим. (Агар ҳараж бўлмаса, эҳром либосини тоирага минишдан аввал ёки тоиранинг ичида мийқотга етишдан аввал кийиб олиш лозим). Мийқот устига келганда эҳромга киришни ният қилиб, лаббайка айтади. Айрим ҳожилар қилгани каби то Жидда аэропортига тушгунича эҳромни кечиктириб, кейин Жиддадан ёки Баҳрадан эҳромга кириши дуруст бўлмайди. Чунки, Жидда мийқот эмас. У ердан фақат Жиддаликлар ҳаж ё умрага эҳромга киришлари мумкин. Жидда аҳлидан бўлмаган қай бир киши у ердан эҳром боғласа, фарзни, яъни мийқотдан эҳром боғлашни тарк қилган бўлиб, унга фидя лозим бўлади.
Бу кўпчилик одамлар хатога йўл қўядиган ишлардан бири бўлиб, бунга жиддий эътибор қаратиш лозим. Чунки, айрим кишилар эҳром учун ғусл қилиш зарур деб ўйлашади ва: «Тоирада ғусл қилиш имкони йўқ, фалон-фалон нарсани қилиш имкони йўқ», деб эҳромга киришни кечиктиришади. Ваҳоланки, шу нарсани яхши билиб олиш керакки, эҳромга кириш дегани маъноси – эҳромда ман қилинган ишлардан имкон қадар тийилиб, ҳаж ё умра ибодатига киришга ният қилиш, деганидир.
Ғусл қилиш, хушбўйланиш ва шу каби ишлар суннат амаллардир. Мусулмон киши бу ишларни тоирага минишдан олдин қилиб олиши мумкин. Буларсиз эҳромга киришнинг ҳам зарари йўқ. Мийқот устига келганда ёки унга яқинлашганда ўтирган жойида эҳромни ният қилиб, лаббайка айтади. Мийқотга яқинлашгинини тоира хизматчиларидан сўраб ёки чамалаб билади. Шундай қилган киши имконяти доирасида иш қилган бўлади. Лекин, бепарволик билан хатога йўл қўйиб, узрсиз фарзни тарк қилса, ҳаж ва умрасига нуқсон етказган бўлади.
Мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетган одам ортига қайтиб, эҳромга кириб келиши зарур. Чунки, бу фарз амал бўлиб, тадорикини қилса бўлади ва тарк қилиш жоиз эмас. Агар ортга қайтмасдан, Жиддадан ё бошқа жойдан эҳромга кирса, фидя бериши лозим бўлади. Яъни, бир қўй сўйиб ёки бир сигирнинг ё бир туянинг еттидан бир қисмини олиб, Ҳарамнинг мискинларига тарқатиб юборади, ўзи ундан емайди.
Мусулмон киши ўз динига тааллуқли бўлган ишларга эътибор билан қараши, ҳар бир ибодатни машруъ кўринишда адо этиши фарз бўлади. Шу жумладан, ҳаж ва умра учун эҳромга кириши ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган ўриндан бўлмоғи ва мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетмаслиги лозим.
[1] Марҳала 43 км 352 м га
тенг (Муъжами луғатил фуқаҳо) – ИНТ изоҳи.