Бизга боғланинг
Бошларига ғам-ташвиш ва мусибат тушган кишиларг
Абдулмуҳсин ибн Муҳаммад ал-Қосим
Арабчадан Муҳаммад Исмоил таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Барча ҳамдлар Аллоҳгагина хос, У зотга ҳамд айтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Сўнг…
Аллоҳ таоло халқларнинг тақдир ва ажалларини белгилаб қўйди, ўрталарида ризқларини тақсимлаб, қай бирлари яхшироқ амал қилишларини имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратиб қўйди, Аллоҳнинг қазоси ва қадарига иймон келтиришни иймоннинг рукнларидан бир рукн қилди, ерда бор бўлган ҳар қандай ҳаракату сукунатлар, ҳамма-ҳаммаси фақат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина вужудга келади. Борлиқдаги ҳар бир мавжудот фақат Аллоҳнинг тақдири ва яратиши билангина мавжуддир, дунё қийинчилик, меҳнат ва машаққатлар ховлисидир, у худди иссиқ ва совуқ каби банда учун чорасиз нарсадир.
«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева – чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг» (Бақара: 155).
Мусибатлар – содиқни козибдан ажратадиган имтиҳонлардир. «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!» (Анкабут: 2).
Нафс синов билан покланади, балолар мардларни кўрсатади. Ибн Жавзий айтади: «Ким бошига синовлар тушмасдан офият ва саломатлиги давом этаверишини истаса, у одам на мукаллафликни билибди ва на Исломни тушунибди».
Ҳар бир одам хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлсин, алам-оғриқларга дучор бўлмай иложи йўқ. Ҳаёт машаққат ва хатарларга рўпара бўлиш устига қурилган, ҳеч ким мен бало-имтиҳонлардан ва алам-оғриқлардан буткул омондаман, дея олмайди. Киши умрини неъматларнинг келиб-кетиши-ю, имтиҳонларга дучор бўлиш ўртасида ўтказади. Одам алайҳиссаломга малоикалар сажда қилдилар, кейин ҳеч қанча вақт ўтмай у зотни жаннатдан чиқарилди. Синов – кўнгил истакларининг акси, орзу-тилакларнинг зидди, лаззатларга чек солиш демакдир. Кимдир озроқ, кимдир кўпроқ, унинг аччиқлигини тотмай иложи йўқ. Мўмин кишини поклаш мақсадида имтиҳонга солинади, азоблаш учун эмас. Яхши кунлар ҳам, ёмон кунлар ҳам имтиҳондан бошқа нарса эмас: «Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонликлар (балолар) билан синаб кўрдик» (Аъроф: 168). Гоҳо машаққатлар ёқимли нарсаларни, ёқимли нарсалар эса машаққатларни олиб келади. Бас, яхшилик деб кўрган тарафингиздан ёмонлик келиб қолишидан хотиржам бўлманг, ёмонлик деб кўрган томонингиздан яхшилик келишидан умидсиз ҳам бўлманг. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
Шундай экан, мусибатлар келмасдан туриб ўзингизни уларга ҳозирлаб олинг, шунда уларнинг зарбаси остида гангиб қолмайсиз ва жазавага тушмайсиз. Синов-имтиҳонларнинг Аллоҳ ҳузурида белгилаб қўйилган муҳлати бор, ношукурчилик қилиб тилингиздан кетиб қолманг. Оғиздан чиққан бир калима сўз баъзан инсонни ҳалокатга олиб боради. Ҳақиқий мўмин мусибатларни сабот билан қаршилайди, қалби ўзгармайди, тилидан ножўя сўзлар чиқмайди. Мусибатлар туфайли ажр берилишини ёдга олинг, шунда мусибатингиз енгиллашади ва имтиҳондан шиква-шикоятсиз чиқиб кетасиз. Оқиллар душманлар кулгисига қолиб, мусибатларига мусибат қўшилмаслиги учун мусибат пайтида доим матонат кўрсатиб келадилар. Чунки душманингиз сизнинг мусибатингизга гувоҳ бўлса, бундан шод-хуррам бўлади. Мусибат ва алам-оғриқларни яшириш улуғ кишилар сифатларидандир. Балонинг аламига чиданг, у тез орада ўтиб кетади. Ҳалокатга дучор бўлганлар сабрсизликлари туфайли шу ҳолга тушганлар. Сабр қилувчилар улуғ ажру савобларга эришадилар: «Биз албатта сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 96), уларга қайта-қайта ажрлар берилади: «Ана ўша зотларга (дину-иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилур» (Қасас: 54), ҳатто беҳисоб равишда ажрга эга бўладилар, Аллоҳ улар билан бирга, нусрат ва кушойиш уларнинг сабрларига боғлиқ қилинган.
Эй синовга дучор бўлган мўмин биродар, унутманг, Раббингиз сизга бирон нарсани ман қилган бўлса, ортидан мўл-кўл ажрлар билан сийлаш учунгина шундай қилган. Сизга бирон бало юборган бўлса, сизнинг офиятингизни кўзлабгина юборган, имтиҳонга солган бўлса, сизни танлагани учунгина солган. У зот неъматлар билан имтиҳонга солади, балолар билан неъмат беради. Сиз аллақачон ўзингиз учун кафолатлаб қўйилган ризқ ҳақида бош қотириш билан вақтингизни зое қилманг, умрингиз бор экан ризқингиз албатта келади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6). Агар Аллоҳ Ўзининг ҳикмати туфайли сизга йўллардан бирон йўлни тўсиб қўйган бўлса, Ўз раҳмати билан сизга ундан кўра манфаатлироқ бошқа йўлни очиб қўяди.
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу айтади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор бўладигани кимлар?» деб сўраган эдим: «Пайғамбарлар, сўнгра солиҳлар, сўнг фозиллар, сўнг фазлда улардан қуйироқдагилар. Киши динига қараб балоланади. Агар динида салобат (мустаҳкамлик) бўлса, балоси ҳам зиёда қилинади, динида енгиллик (заифлик) бўлса, балоси ҳам енгил қилинади. Мўмин кишига балолар берилаверади, бориб-бориб у ер юзида гуноҳсиз ҳолда юрадиган бўлади», дедилар. (Термизий ривояти).
Имтиҳон йўли машаққатли сўқмоқлардан иборат. Бу йўлда Одам алайҳиссалом машаққат чекди, Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланди, Исмоил алайҳиссалом қурбонликка ётқизилди, Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнига кирди, Айюб алайҳиссалом дард-алам тортди, Юсуф алайҳиссалом арзимас чақаларга сотилди, зулм билан қудуққа ташланиб, туҳмат билан зиндонбанд қилинди, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам анвойи азиятларни бошдан кечирдилар. Демак, сиз имтиҳонланган зотлар йўлидасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ кимга яхшилик истаса, унга мусибат беради» (Бухорий ривояти).
Аҳли илмлар айтганидек: «Аллоҳ кимни жаннат учун яратган бўлса, унинг боши кўргуликлардан чиқмайди». Аслида, ҳақиқий мусибат – диндаги мусибатдир, ундан бошқа ҳар қандай мусибат банда учун офият бўлиб, у сабабли даражалар юксалади ва гуноҳлар ўчирилади. Савобдан маҳрум бўлган одамни мусибатдор деса арзийди, шундай экан, қўлдан кетган дунё матоси учун ортиқ даражада қайғуриш ярамайди. Дунё ўзгариб турувчи нарса, лаззатлар ортидан аламлар туғилади, шодликлар ортидан ғамлар келади.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Дунё Аллоҳ наздида эътиборсиз бўлганидан фақат у туфайли осий бўлинади, Аллоҳ ҳузуридаги мартабаларга уни тарк қилиш билангина эришилади».
Бас, камчиликларни тузатиш, хатоларга узр айтиш, Парвардигори оламга тавбалар қилиш каби ўзингиз учун фойдалироқ бўлган ишларга машғул бўлинг, балоларнинг тезлик билан аришига гувоҳ бўласиз. Машаққатлар юки остида эзилмаган одам истироҳат мазасини билмай ўтган бўларди.
Одамлар қўлидаги нарсалардан умидвор бўлманг, энг бадавлат одам бўласиз. Аллоҳдан ноумид бўлманг, У зотнинг сизга бўлган неъматлари нақадар кўплигини тафаккур қилинг, қазога рози бўлиш билан маҳзунлигингизни аритинг. Тун ҳар қанча узун бўлмасин, барибир тонг отади, ёмон кунлар ортидан албатта яхши кунлар келади. Замон бир хилда туравермайди, ҳар қандай меҳнат-машаққатнинг ҳам ниҳояси бор. Кулфат ҳар қанча устма-уст келмасин, асло умидни йўқотманг. Зеро, бир машаққат икки енгиллик устидан ҳаргиз ғолиб бўлмайди.
Яъқуб алайҳиссалом битта фарзандини йўқотганда фироқ ўтида ҳар қанча куйиб-ёнмасин, ёруғ кун келишидан ва висол они етишишидан асло умидсиз бўлмади, иккинчи фарзандидан ажралганда ҳам Аллоҳдан умиди узилмади, балки: «Шоядки, Аллоҳ уларнинг барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У зот билим ва ҳикмат соҳибидир» (Юсуф: 83) деди.
Ҳамду-саноларимиз ҳам, шикоятларимиз ҳам Парвардигори оламнинг ёлғиз ўзига, мусибатингизни кўтариш ва балоларни аритишни Ундан бошқадан умид қилманг. Бошингизга оғир кунлар тушганда, олдингизда барча йўллар бекилганда тунлари юзингизни осмонга буринг, ялиниб-ёлвориб дуога қўл кўтаринг, мусибатингизни кўтаришини ва ишингизни осон қилишини сўраб Аллоҳи Каримга илтижо қилинг. Қаттиқ умидворлик билан, чин қалбдан қилинган дуо асло рад қилинмайди: «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?!» (Намл: 62).
Ҳар ишга қодир бўлган Зотнинг Ўзига таваккул қилинг, хушуъ ва дардли қалб билан Унинг Ўзига илтижо қилинг, У албатта сизга Ўз раҳмат эшигини очади.
Фузайл ибн Иёз айтади: «Агар халқлардан умидсиз бўлиб, улардан ҳеч бир нарса тамаъ қилмаганингда эди, кўнглинг тилаган барча нарсани Хожанг ўзи ато қилган бўлар эди».
Иброҳим алайҳиссалом аёли Ҳожар билан ўғли Исмоилни на ўт-ўлан ва на сув бўлган кимсасиз дашту биёбонда қолдирди, охир-оқибат эса Исмоил алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбарига айланди. Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан соғ-омон чиқди. Ким ўз ишини Хожасига топширса, орзусига албатта эришади. Зуннуннинг (Юнус алайҳиссалом) дуосини тилдан қўйманг: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимиин» «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» (Анбиё: 87).
Уламолар айтишган: бирон мусибатдор киши мазкур дуо билан дуо қилса, Аллоҳ албатта унинг мусибатини аритади.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Тажрибадан ўтганки, ким: «Парвардигорим, мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё: 83), деб етти бор дуо-илтижо қилса, Аллоҳ унинг балосини аритади. Бас, Аллоҳ ҳузурига илтижо қилиб йиқил, умидингни Унгагина боғла, ишингни Раҳимга топшир, кушойишни Унинг ўзидан сўра, халоиқдан алоқаларингни уз, сажда ва туннинг охирги қисми каби ижобат пайтларини ғанимат бил, шунча дуо қилсам ҳам бало аримаяпти деб дуо қилишдан малолланиб қолма, зеро сен бало билан синалмоқдасан, сабр ва дуо қилиш билан ибодатдасан. Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлма. Бало ҳар қанча узун бўлмасин, кушойиш яқин. (Раҳмат) эшиклари Эгасига ёлвор, У Каримдир. Аллоҳ сенга бирон бало берган бўлса, Унинг ўзидан бошқа ҳеч ким уни аритолмайди. У Ўзи истаган ишни қилувчидир. Закариё алайҳиссалом кексайиб, ёши бир жойга бориб қолганда Аллоҳ унга инсонларнинг саййиди ва пайғамбар бўлган бир фарзанд ато этди. Иброҳим алайҳиссаломга фарзанд кўриш башорати берилганда аёли ўз ҳолидан сўзлаб: «Вой ўлмасам, мен туғаманми, ўзим кампир, эрим қари чол бўлса?!» деган эди. Агар ризқ-рўз кечикса, тавба ва истиғфорни кўпайтир. Чунки тойилиш уқубатни олиб келади. Агар ижобат асари кўринавермаса, ўз ҳолингни текшириб боқ, содиқ тавба қилмаётган бўлсанг керак. Ҳолингни тузатгин-да, яна дуога иқбол қил. Саховат ва хайр-садақадан кўра улуғ иш йўқ, камбағал-мискинларни йўқла, садақа балони даф қилади. Агар бало-офат сендан кўтарилса, ҳамду санони кўпайтир. Билгинки, саломатлик билан алданиб қолиш энг катта имтиҳонлардан, гоҳо азоб-уқубат кечикиб ҳам келади. Оқил одам оқибатларни кўздан қочирмайди. Доимо Аллоҳнинг қадари, яратиши ва тадбирига ишончинг комил бўлсин. Унинг балосига ва ҳукмига сабр қил, Унинг амрига таслим бўл.
Замон бир ҳолда туравермайди. Саодатли одам – тақвони лозим тутган одамдир, бой-беҳожат бўлса тақво унга зийнат бўлади, камбағал бўлса тақвоси уни бошқалардан беҳожат этади. Ҳар қандай ҳолда ҳам тақвони лозим тут, танглик ичида кенгликни, касалликда офиятни, фақирликда бойликни кўрасан. Пешонага битилган нарсадан қочиб қутулиш иложсиз, битилмаган нарсага эришаман деб интилиш бефойда. Аллоҳ таоло айтади: Айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!» (Тавба: 51).
Ризо ва таваккул тақдир қилинган ишни иҳота қилиб туради, ихтиёр ва тадбир қилувчи зот Аллоҳнинг ёлғиз ўзидир. У зотнинг банда учун қилган тадбири банданинг ўзи учун қилган тадбиридан яхшироқ. У бандага унинг ўзидан кўра ҳам меҳрибонроқ.
Довуд ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳ айтади: Мўминнинг тақвоси уч нарса билан: етолмаган нарсасига чиройли таваккул қилиш, етган нарсасига чиройли рози бўлиш, қўлдан кетган нарсасига чиройли сабр қилиш билан билинади.
Аллоҳ ихтиёр қилган ишга рози бўлган одам ҳам, рози бўлмаган одам ҳам барибир ўзига тақдир қилинган ишдан қочиб қутулмайди. Бироқ, фарқи шуки, аввалгиси ўз тақдирига мақталган, ташаккурга сазовор бўлган ва Парвардигорининг лутфу иноятига эришган ҳолда етади, иккинчиси эса мазаммат қилинган ва лутфу иноятдан маҳрум ҳолда эришади.
Донишмандлардан биридан: «Бойлик нима?» деб сўралганда: «Орзу-умидларга камроқ берилиш ва кифоя қиларли нарсага рози бўлиш» деб жавоб берган экан.
Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бандага бир мусибат етган бўлса, у учун ўша мусибатида учта неъмат бор: мусибатининг динида бўлмагани, ундан кўра каттароқ мусибатга дучор бўлмагани, бўладиган ишнинг бўлиб ўтгани».
Аллоҳ таолодан мусибатингизни кўтаришини, ғамларингизни аритишини, оғирингизни енгил қилишини, чеккан мусибатингиз ўрнига ундан яхшироқ нарсани эваз қилиб беришини, мусибатингиз сабабли дунё ва охиратда мартабангизни юксалтиришини сўраймиз.
Ва соллаллоҳу ва саллама ала набиййина Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.