Даъват аҳлига инсоф билан ёндошайлик

    دعاة لا أدعياء

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Азиз биродарлар, фозила опа-сингиллар, даврамизга хуш келибсиз, қадамларингизга ҳасанотлар бўлсин. Бизларни Ўзининг муборак уйида тоати устида жамлаган Аллоҳ таоло охиратда ҳам Ўзининг жаннатида даъватчилар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жамласин.

    Аллоҳ учун севган дўстларим! Бугунги суҳбатимиз номи «Давъат аҳлига инсоф билан ёндошайлик» деб аталади. Одатимизга кўра суҳбатимизни бир неча бўлимга бўлиб олиб борамиз.

    1. Биринчи: Йўлнинг табиати.
    2. Иккинчи: Даъватчилар икки турлидир.
    3. Учинчи: Адолат ва инсоф билан ёндошиш.
    4. Тўртинчи: Умидсиз бўлмангиз.. Тонг зулматлар бағрини ёриб чиқажак.

    Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан бизларни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман. Зеро, ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир ва ўшалар ақл эгаларидир.

    Биринчи: Йўлнинг табиати

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Аллоҳга даъват қилиш йўли узоқ ва машаққатли йўлдир… У тўсиқлар, тиканлар ва балолар билан ўралган йўлдир.. У қонлар билан алвон рангга кирган йўлдир.. У озорлар, меҳнат-машаққатлар, синов ва имтиҳонлар билан тўла йўлдир.. Унинг икки четида энг янги турдаги тарғибот-ташвиқот карнайлари билан қуролланган мунофиқ кимсалар ўз шовқин-суронлари билан даъват соҳибларининг овозларини босиб кетишга жон-жаҳдлари билан уринишади..

    Агар бу йўл енгил, осон ва қулай, гуллар ва райҳонлар тўшалган йўл бўлганида, ҳар қандай одам даъват соҳибига айланиши осон бўлар ва у ҳолда ҳақиқий даъватчилар билан сохта даъвогарлар аралашиб, кимнинг кимлиги билинмай, ҳақ даъват билан сохта даъволар ажралмай қоларди.

    Даъват йўли пайғамбарлар йўлидир.. У Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад саловотуллоҳи алайҳим ажмаъийн йўлларидир, улардан бошқа пайғамбарлар ва набийлар йўлларидир.

    Даъват йўлидаги бу меҳнат ва машаққатлар, бало ва имтиҳонлар бежиз эмас… Улар ҳақиқат аҳли бўлмиш пайғамбарлар, набийлар, раббоний уламолар ва содиқ даъватчилар учун Аллоҳнинг азоби ҳам эмас. Йўқ, йўқ, ундай эмас.. Аксинча, бу машаққат ва имтиҳонлар ҳаққа даъват қилувчи ҳақиқий даъватчилар билан ботилга чақирувчи сохта даъвогарлар орасини ажратиб берувчи бир мезондир… Ушбу меҳнат-машаққат ва бало-ю имтиҳонлар оламлар Парвардигорига даъват қилиш йўлида юрувчиларни ғалвирдан ўтказувчи, сохтакор ва даъватни тирикчилик манбаига айлантириб олган даъвогарларни аниқлаб берувчи, даъватчиларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка айириб берувчи бир ғалвир ва элакдир… Токи, Аллоҳга даъват қилиш йўлида қалбларини ёлғиз Парвардигор азза ва жаллага холис қилган ихлосли зотлар ва даъват дарахтини ўзининг қони, жони, тери билан суғорувчи, йўл ҳар қанча узоқ ва машаққатли бўлмасин, фитналар ва имтиҳонлар нақадар қаттиқ бўлмасин, бутун вужудларини шу йўлга бахш этувчи кишиларгина собитқадамлик билан давом этсинлар. «Бу Ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники» эканини яхши билган зотларгина бу йўлда давом этсинлар.

    Мусулмон биродарлар! Тарихга боқинг, балоларга дучор бўлмаган, озорланмаган, қавми тарафидан азоб ва қувғинларга йўлиқмаган биронта бўлса ҳам пайғамбар ё набий бўлганми ўзи?!!

    «Саҳиҳайн»да келган, шафоат ҳақидаги узун ҳадис далолатига кўра, Аллоҳнинг ердаги биринчи пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, у киши қавмига пайғамбар қилиб юборилгач, «У улар орасида эллик йили кам минг йил турди» (Анкабут: 14). Тасаввур қилинг, қанча узоқ муддат!! Бироқ, шунча вақт ичида Нуҳ пайғамбар Аллоҳга даъват қилишни бир зум бўлсин, ташламади: «(Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўрашиб, оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар. Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим. Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!» (Нуҳ: 5-13).

    Нега сизлар Аллоҳнинг ҳақиқий тавҳидиин рўёбга чиқармайсизлар?!! Унга ҳақиқий кўринишда ибодат қилмайсизлар?!! Уни тўғри танимайсизлар ва қадрламайсизлар?!!.

    Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади: «Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳнинг қавми ҳам (уни) ёлғончи қилган эди. Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишиб: «(У) бир мажнун», дедилар ва у (ўз пайғамбарлик вазифасини адо этишдан) тўсиб қўйилди» (Қамар: 9).

    Воажаб, Нуҳ пайғамбар мажнун бўлса-я?!!

    Оламлар Парвардигорининг халили (яқин дўсти) бўлган Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмини етук ҳикмат ва мулойимлик билан, яхши гапириб даъват қилди. Аллоҳ таоло айтади:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» — деганида, улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Уларга содиқлигимизча қолурмиз», дедилар. (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» (Шуъаро: 69-73).

    «Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сиз эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қиласиз? Эй ота, дарҳақиқат сизга келмаган илм-маърифат менга келди. Сиз менга эргашинг, сизни ҳақ йўлга ҳидоят қилурман. Эй ота, сиз шайтонга ибодат-қуллик қилманг. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан мен сизга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингиздан қўрқаман», деди» (Марям: 42-45).

    Қаранг, қандай ажойиб сўзлар, нақадар меҳрибонлик намунаси!! Отасини ва қавмини ягона ва шериксиз Аллоҳнинг ибодатига чорлади, уларга етук ва узил-кесил далиллар барпо қилди. Бироқ, одамлар ичида унга энг яқин киши бўлган ўз отаси унга нима деганига қулоқ солинг: «(Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени бутунлай тарк эт!» (Марям: 46).

    Қавмининг гапини эшитинг: «Улар (бир-бирларига) дедилар: Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бино қуриб уни ўша оловга ташланглар» (Вас-соффат: 97).

    «(Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган Намруд бошчилигидаги мушриклар:) «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар», дедилар» (Анбиё: 68).

    Халилуллоҳ – Аллоҳнинг яқин дўсти бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг жазоси ана шундай – ловуллаб ёниб турган оловга ташланиш бўлди.

    Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломни эсга олинг. У оламлар Парвардигори билан бевосита сўзлашган, Аллоҳ таоло пайғамбарликка танлаган зот эди: «Ва Мен сени Ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим» (Тоҳа: 41).

    «Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим» (Тоҳа: 39).

    Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан Фиръавн ва унинг қавми ҳузурига борди, уларни етук ҳикмат ва юмшоқ сўзлар билан даъват қилди. Чунки, Аллоҳ таоло уни ва Ҳорунни ана шундай қилишга буюрганди: «Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа: 43, 44).

    Улар Фиръавн ҳузурига бориб, унга юқорида айтилганидек, мулойим сўзлар билан ҳужжат барпо этдилар. Бироқ, Фиръавн нима деб жавоб берди?!

    «Фиръавн деди: Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман» (Ғофир: 26). Мантиқни қаранг, Мусо бузғунчи, Фиръавн эса ислоҳ қилувчи экан?!!

    Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни олинг. Аллоҳ таоло уни очиқ-равшан ҳужжатлар ва рад этиб бўлмас далиллар билан Бану Исроилга юборганди. У уларни еру осмонлар Парвардигорига даъват қилганида улар уни сеҳргарлик билан айбладилар, айримлар эса ҳатто валади зино деб деб туҳматладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Ийсо ибн Марям: «Эй Ба­ни Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди. Бас қачонки (Ийсо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар» (Саф: 6).

    Аллоҳнинг яна бир улуғ пайғамбари Юсуф алайҳиссалом аввал қудуққа, кейинроқ зиндон қоронғулигига ташланди. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра, уларга (яъни Миср ҳокими ва унинг одамларига Юсуф пок эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир вақтгача (яъни гап-сўзлар тингунча) зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўринди. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди» (Юсуф: 35, 36).

    Аллоҳнинг яна бир пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига пайғамбар қилиб юборилганди. У уларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка чақирди. «Самуд (қабиласи ҳам Солиҳ пайғамбар келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. Бас, улар айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга (пайғамбар деб) эргашурмизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва ахмоқлик-нодонликда бўлурмиз-ку! Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма-ваҳий ташланибдими?! Йўқ, у ҳаддан ошган ёлғончидир» (Қамар: 23, 25).

    Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом ҳаддан ошган, ёлғончи бўлсалар?!!

    Аллоҳ таоло яна бир пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломни Од қавмига пайғамбар қилиб юборди. У уларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка чақирди. Улар эса:

    «(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз, дейишди» (Аъроф: 66).

    Аллоҳнинг пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом нодон эмишлар!!

    Аллоҳ яна бир пайғамбари Шуъайб алайҳиссаломни Мадян аҳлига пайғамбар қилиб юборди. У уларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ширк келтирмасликка чақирди. Улар эса нима деб жавоб қайтаришди?!!

    «(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган киши­ларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз, ёки сизлар бизнинг динимизга қайтасизлар», дейишди» (Аъроф: 88).

    Аллоҳнинг пайғамбари Лут алайҳиссалом қавмини ягона Аллоҳга ибодат қилишга, фазилат, поклик ва тозалика чақирди. Бироқ, улар нима деб жавоб беришди?!! Аллоҳ таоло айтади: «(Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди» (Намл: 56).

    Хўш, Лут алайҳиссалом ва у кишига эргашганлар нима айблари туфайли қувиб чиқарилишга маҳкум бўлишди?! Айблари – «Улар жуда «покиза» кишилардир!!».

    Ҳа, айблари шу эди, улар покиза инсонлар эди, иффат аҳли эди!! Кимлар учундир поклик ва иффат то қиёмат жиноят бўлиб қолаверади!!

    То қиёмат ер юзининг энг улуғ кишиси, энг олий ва энг покиза пайғамбар бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлар имоми, элчилар саййиди, оламлар Парвардигорининг ҳабиби эдилар. Ана шундай зотни қавмлари ёлғончилик, сеҳргарлик, шоирлик, фолбинлик, мажнунлик билан туҳматладилар:

    «Улар (яъни, Макка кофирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилишиб): «Эй (ўзига) эслатма  Қуръон нозил қилинган (деб даъво қилаётган) киши, дарҳақиқат, сен, мажнунсан…», дедилар» (Ҳижр: 6).

    «(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантирувчи – пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир»» (Сод: 4).

    Муҳаммад Мустафо сеҳргар ва ёлғончи бўлсалар?!!! Шундай улуғ зот мажнун бўлсалар?!!

    У зотнинг муборак ва покиза бошларига тупроқ сепдилар, Аллоҳга сажда қилиб турганларида пок елкаларига нажосат тўкдилар, Уқба ибн Аби Муъийт отлиқ бир нопок ва тубан кимса келиб, у зотнинг бўйинларини кийими билан қаттиқ бўғди, шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, унинг елкасидан ушлаб тортиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажратиб олдилар ва: «Бир кишини, «Менинг Парвардигорим Аллоҳдир», дегани учун ўлдирасизларми?!» дедилар. (Бухорий (№3856) ривояти).

    «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, малъун Абу Жаҳл қавмига: «Муҳаммад сизларнинг орангизда туриб, юзини тупроққа белаяптими?! (яъни, сажда қилаяптими?)», деди. «Ҳа», деб жавоб беришгач, «Лот ва Уззога қасамки, агар унинг шундай қилаётганини кўрсам, албатта бўйнини оёғим билан эзаман ё юзини тупроққа булайман…», деди (Бухорий (№4958), Муслим (№2797) ривоятлари).

    Покликлари бутун оламга тўлиб тошувчи ва етиб ошувчи зот бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам обрў-номусларида ва покликларида туҳматга тутилдилар. Уммат ичида ҳурматларни сақлашни назорат қилувчи зот ҳурматларини сақламасликда туҳматга тутилдилар.. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам покиза жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо хусусида туҳматга тутилдилар. У зотнинг покиза жуфтлари зино билан туҳматланди!!

    Бу юракларни қинидан чиқариб юборадиган оғир имтиҳон эди!! Тасаввур қилинг, Аллоҳнинг элчиси аёллари хусусида туҳматга тутилсалар!! Яна ким денг?!! Қалбларига энг яқин ва энг суюкли аёллари Оиша розияллоҳу анҳо хусусида!!

    Шу қадар қабиҳ жиноят бўладими?!! Шу қадар оғир туҳмат бўладими?!!

    Бир ой тўла муддат ўтиб кетдики, Оиша ҳақларида оят нозил бўлмади! Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юраклари бетоқат бўлиб, инсонлик туйғулари ғолиб келиб, асҳоблари олдига Оиша розияллоҳу анҳонинг ахлоқлари ҳақида сўраш учун чиқдилар.

    Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Воқеадан хабар топгач, кун бўйи йиғидан ўзимни тўхтатолмадим, кейин туни билан ҳам йиғлаб чиқдим, ҳатто йиғи жигаримни парчалаб ташласа керак, деб гумон қилдим».

    Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал ташаҳҳуд калимасини айтгач, кейин Оишага қараб: «Аммо баъд, эй Оиша, сен ҳақингда шундай-шундай гаплар менга етди. Агар пок бўлсанг, Аллоҳ тез орада сенинг поклигингни эълон қилар, аммо агар гуноҳга қўл урган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт ва тавба қил…», дедилар.

    Ушбу сўлар бағрига жойланган алам-оғриқнинг ҳажмини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дилларини эзиб ётган зил-замбил юкнинг залворини ўзингиз тасаввур қилаверинг!! Оиша розияллоҳу анҳо нима деб жавоб беришни билмай, жовдираб, бир Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга, бир ота-онасига қарадилар. Улардан садо чиқмагач, дард-алам билан: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан менинг ҳолатимга Юсуфнинг отасининг: «Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сизлар сўзлаётган бу нарса устида мадад сўраладиган зот ёлғиз Аллоҳдир» (Юсуф: 18) деган пайтдаги ҳолатидан ўхшашроқ мисол топа олмайман», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ унинг поклигини эълон қилувчи оятларни нозил қилди (Бухорий №2661), Муслим (№2770) ривоятлари).

    Шарафда Пайғамбар хонадонидан кейин иккинчи ўринда турувчи хонадонда ўсиб-улғайган, кейин ер юзининг энг шарафли хонадони бўлмиш Пайғамбар хонадонларига кўчиб ўтган, Қуръонни янги нозил бўлиш пайтида шахсан Пайғамбарнинг ўзларидан эшитадиган зот – нубувват хонадонининг покиза гули бўлмиш Оиша розияллоҳу анҳо ана шундай туҳматга учрадилар!!

    Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам туҳматга учрадилар!!

    Умматнинг энг покиза хонадони бўлмиш Пайғамбар хонадони туҳматга учради!!

    Умматнинг Сиддиқи хонадони бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳу хонадони туҳматга учради!!

    Бу йўлнинг табиати шундай.. У узоқ ва машаққатли йўлдир.. Тўсиқлар, ғовлар ва тиканлар оралаб юриладиган, қонлар билан алвон рангга кирган, озору балолар билан ўралгандир бу йўл.. Унинг икки четида, ҳар бир қарич ерда энг янги турдаги тарғибот-ташвиқот карнайлари билан қуролланган мунофиқ ва мужримлар покиза суратларни булғаш ва улуғ шахсларнинг обрўларига чанг солиш мақсадида шовқин-сурон кўтариб ўтирадилар.. Ана шундай йўлдир бу йўл..

    Мусулмон биродарлар! Бу йўлнинг табиати шундайдир. Аллоҳ таоло буни ўзгармас қонуният қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3).

    Сохтакор ва алдоқчилар, даъватни тижоратга айлантириб олганлар ҳақиқий даъватчилар сафидан тўкилиб қолиши учун ана шундай тозаловлар, синов ва имтиҳонлар зарурдир. Токи сафда фақат дили соф, нияти тоза, Аллоҳнинг дини ғамини кўтаришга сидқидилдан интилган покиза зотларгина қолсин. Зеро, бу юмуш ғоят шарафли юмушдир, унга фақат ихлосли кишилар муносиб, фақат тоза қалб ва соф ниятда пайғамбарлар йўлида юришни истаганлар лойиқдир. Даъватчилар икки турли бўлади.

    Иккинчи: Даъватчилар икки турлидир

    «Саҳиҳайн»да Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашар, мен эса ўзимга ёмонликлар етишидан қўрққанимдан ёмонликлар ҳақида сўрардим. «Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичида эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?», деб сўрадим. «Ҳа», дедилар. «У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?», дедим. «Ҳа, бироқ унда тутун (хиралик) бўлади», дедилар. Тутуни (хиралиги) нима?» дедим. Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз», дедилар. «Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?», дедим. «Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг», дедим. «Уларнинг кўриниши бизникидек, бизнинг тилларимизда гапиришади», дедилар…» (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№3606), Муслим (№1847) ривоятлари).

    Имом Муслим ривоятида: «Улар ичида кўринишлари инсон шаклида, қалблари шайтонларнинг қалби бўлган кишилар туради».

    Ҳа, улар сўзамол, ғоят гапга уста кишилардир.. Жозибадор сўзлар сўзлашади.. Тиллари ширин, диллари хабис-нопок кимсалардир улар..

    Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!» (Бақара: 204-206).

    Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сиз уларга боқсангиз, уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар» (Мунофиқун: 4).

    Улардан бирови телестудия саҳнасидаги курсига ястаниб олиб, айтмоқда: «Тасаввур қилинг, улар эркак-аёларнинг аралашиб юришларини ҳаром қиладилар!! Шу қадар зулм, бунчалар оғир террор бўладими?!! Улар ҳеч қандай

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962