Жамоат бўлмаса қандай йўл тутилади?


    Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин.

    Имом Бухорий “Саҳиҳ”да “Фитналар китоби”да қуйидаги ҳадисни келтиради:

    حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْمُثَنَّى، حَدَّثَنَا الْوَلِيدُ بْنُ مُسْلِمٍ، حَدَّثَنَا ابْنُ جَابِرٍ، حَدَّثَنِي بُسْرُ بْنُ عُبَيْدِ اللَّهِ الْحَضْرَمِيُّ أَنَّهُ سَمِعَ أَبَا إِدْرِيسَ الْخَوْلانِيَّ أَنَّهُ سَمِعَ حُذَيْفَةَ بْنَ الْيَمَانِ يَقُولُ كَانَ النَّاسُ يَسْأَلُونَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْخَيْرِ وَكُنْتُ أَسْأَلُهُ عَنْ الشَّرِّ مَخَافَةَ أَنْ يُدْرِكَنِي فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّةٍ وَشَرٍّ، فَجَاءَنَا اللَّهُ بِهَذَا الْخَيْرِ فَهَلْ بَعْدَ هَذَا الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ». قُلْتُ: وَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الشَّرِّ مِنْ خَيْرٍ؟ قَالَ: «نَعَمْ وَفِيهِ دَخَنٌ». قُلْتُ: وَمَا دَخَنُهُ؟ قَالَ: «قَوْمٌ يَهْدُونَ بِغَيْرِ هَدْيِي تَعْرِفُ مِنْهُمْ وَتُنْكِرُ». قُلْتُ: فَهَلْ بَعْدَ ذَلِكَ الْخَيْرِ مِنْ شَرٍّ؟ قَالَ: «نَعَمْ دُعَاةٌ عَلَى أَبْوَابِ جَهَنَّمَ مَنْ أَجَابَهُمْ إِلَيْهَا قَذَفُوهُ فِيهَا». قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ صِفْهُمْ لَنَا؟ قَالَ: «هُمْ مِنْ جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُونَ بِأَلْسِنَتِنَا» قُلْتُ: فَمَا تَأْمُرُنِي إِنْ أَدْرَكَنِي ذَلِكَ؟ قَالَ: «تَلْزَمُ جَمَاعَةَ الْمُسْلِمِينَ وَإِمَامَهُمْ» قُلْتُ: فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُمْ جَمَاعَةٌ وَلاَ إِمَامٌ؟ قَالَ: «فَاعْتَزِلْ تِلْكَ الْفِرَقَ كُلَّهَا وَلَوْ أَنْ تَعَضَّ بِأَصْلِ شَجَرَةٍ حَتَّى يُدْرِكَكَ الْمَوْتُ وَأَنْتَ عَلَى ذَلِكَ».

    Бу ҳадиснинг маъносини Ибн Хажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг “Фатҳул Борий” китобидан қисқача шарҳлари билан таржима қилиб олсак:

    Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшилик ҳақида сўрашар эди. Мен ўзимга ёмонлик етиб қолишидан чўчиганим боис у зотдан ёмонлик ҳақида сўрар эдим. (Ибн Абу Шайба ривоятида: “Яхшиликдан ҳеч қачон қолиб кетмаслигимни билганим учун ёмонлик ҳақида сўрар эдим”, деб келган.) Мен дедим: “Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ботқоғида эдик. (Ҳузайфа бу сўзлари билан Исломдан олдинги куфр, бир-бирларини қатл ва талон-торож қилиш ҳамда фоҳишабозликларга ишора қилмоқда.) Шунда Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни иймон, омонлик, жамият салоҳияти ва иффат ҳолатини) берди. Айтингчи, бу яхшиликдан кейин бирор ёмонлик борми?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар (ушбу ёмонликдан мурод Усмон разияллоҳу анҳу қатл қилинганидан кейин содир бўлган фитналардир). Мен яна айтдим: “У ёмонликдан кейин бирор яхшилик бўладими?” У зот: “Ҳа, унда хиралик бор” дедилар. (Унинг хиралиги ҳақида айримлар “хақни кўролмаслик”, баъзилар “қалбнинг бузилиши”, дейишди.) “Унинг хиралиги нима?” деганимда, айтдиларки: “Бир қавм бўлади. Улар менинг ҳидоятим билан юрмайдилар. Улар(нинг тўғри амаллари)ни биласан ва (нотўғриларини) инкор қиласан”. Мен айтдим: “Бу яхшиликдан кейин яна бирор ёмонлик борми?” У зот: “Ҳа, жаҳаннам дарвозалари олдида турадиган чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар”, дедилар. (Чорловчилар ноҳақ нарсага чақирувчилардир. “Жаҳаннам дарвозалари” деган сўз ишлатилиши сабаби уларнинг ҳоли жаҳаннамга олиб боргани учундир. Бунинг мисоли, ҳаром иш қилган киши ҳақида “дўзах ёқасига келиб қолди” дейилганига ўхшайди.) Мен айтдим: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга сифатлаб беринг”. У зот айтдилар: “Улар бизнинг  қавмимиздандир ва бизнинг тилимизда гапиришади”. (Яъни улар бизнинг тилимиз ва миллатимиз аҳлидан бўлади. Бу гапда уларнинг араблардан эканига ишора бор. Довудий айтишича, улар Бани Одам, яъни инсонларир. Қобисий айтади: “Бу иборанинг маъноси шуки, улар зоҳирида бизнинг миллатимиздан, ботинида эса мусулмонларга мухолиф бўлишади”. Абул Асвад ривоятида: “Уларнинг орасида шундай кишилар бўладики, уларнинг қалблари инсон жасади ичидаги шайтонларнинг қалбларидир”, дейилган. Қози Иёз деди: “Биринчи ёмонликдан мурод Усмон вафотидан кейин содир бўлган фитналардир. Бу ёмонликдан кейинги яхшиликдан мурод, Умар ибн Абдулазиз халифалик замонида содир бўлган гўзал ишлардир. “Уларни биласан ва инкор қиласан” деган сўздан мурод, Умар ибн Абдулазиздан кейинги амирлардир. Чунки улар орасида суннатни мустаҳкам тутиб, адолат қилганлари бўлди ва бидъатга чақириб, зулм қилганлар ҳам бўлди”. Менимча, жаҳаннам дарвозаларига чақирувчилардан мурод мол-дунё талабида халифаларга карши урушган хаворижлар ва улар кабилардир. “Мусулмонлар жамоати ва уларнинг имомини лозим тут” деган сўзлари бунга ишора қилади. Ҳадисга қайтамиз:) Мен дедим: “Агар шу ишлар бошимга тушса, мени нималарга буюрасиз?” Ул зот айтдилар: “Мусулмонлар жамоати ва имомини (яъни, амирларини, халифаларини) маҳкам тут”. (Абул Асвад ривоятида: “Қулоқ сол ва итоат қил, гарчи саваланиб, молинг тортиб олинса ҳам” деган қўшимчаси бор. Табароний ривоятида эса: “Агар халифани топсанг, уни лозим тут, гарчи орқангга қамчи билан урилса ҳам. Халифа бўлмаса, унда қочмоқ керак”, яъни, фирқалар ва гуруҳлардан ўзингни йироқ тутишинг керак – таржимон изоҳи)”. Мен айтдим: “Агар уларда жамоат ҳам, имом ҳам бўлмаса-чи?” Ул зот дедилар: “Дарахтнинг томирини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четлан ва то ўлгунча шу ҳолатда қол”. (Ибн Можа ривоятида: “Бу фирқалардан бирор кишига эргашганингдан кўра дарахт танасини тишлаган ҳолингда ўлишинг сен учун яхшироқдир”, дейилган).

    Байзовий айтади: “Бунинг маъноси шуки, агар ер юзида халифа бўлмаса, ёлғиз қолиш ҳамда ўша замон машаққатини кўтаришда сабр қилиш сенга лозимдир”. Табарий айтади: “Мазкур буйруқ ва жамоат тўғрисида ихтилоф қилинди. Бир жамоа айтишича, буйруқ вожибликни, жамоат эса “саводи аъзам” (мусулмонлар жамоатини)ни билдиради. Муҳаммад ибн Сийрин айтади: “Усмон қатл қилинганидан кейин савол сўраб келган одамларга Абу Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Жамоатни маҳкам тутиш сенга вожибдир, чунки Аллоҳ Муҳаммад умматини залолат устига жамламайди”, деб васият қилган. Бошқа бир уламолар жамоаси айтишича, жамоатдан мурод саҳобалардир, улардан кейингилар эмас. Яна бир жамоа сўзига кўра жамоатдан мурод илм аҳлидир, чунки Аллоҳ уларни халқ устига ҳужжат қилди ва одамлар дин ишларида уларга эргашди. Табарий айтади: “Тўғриси шуки, жамоатни лозим тутиш буйруғидан мурод одамлар бир инсонни амир-халифа бўлишига келишиб, кейин ўша амирга итоат қилишларидир. Шунда ким (ўша амирга берган) байъатини бузса, жамоатдан чиққан бўлади”.

    Бу ҳадисдан хулоса қилинадики, қачон мусулмонлар раҳбарсиз қолиб, одамлар гуруҳларга бўлиниб кетса, гуруҳлардан бирортасига эргашилмайди. Агар қўлидан келса, ёмонлик домига тушиб қолмаслик учун барчаларидан четланади.

    Ушбу ҳадис хулосаларидан яна бири шуки, динда Қуръон ва Суннатга хилоф бўлган бир қонун тузиб олиш ва Қуръону Суннатни ўша пайдо қилган қонунлари сабабли ташлаб қўйиш қораланади. Шунингдек, ботилни рад этишнинг вожиблиги ҳамда пайғамбарлик йўлига қарши бўлган ҳар қандай нарсани, гарчи уни одамларнинг катталари ёки кичиклари айтган бўлишидан қатъи назар, рад этишнинг вожиблиги хулоса қилинади.

    Манба: “Фатҳул-Борий” китоби, 14-жилд, 531-бет.

    (Баъзи биродарларимизнинг ҳадис шарҳига берган мулоҳазалари сабабли унинг маъносини янада чуқурроқ англашимиз учун ҳадис шарҳига қуйидаги китобнинг нақлларини илова қилдик.)

    Ушбу ҳадис ҳошиясида “Сабилул-жанна би шарҳи усулис-сунна” китобининг муаллифи Валид ибн Сайф ан-Наср қуйидаги сўзларни ёзади:

    “Бу ҳадисда қачон мусулмонларда жамоат (яъни, илм аҳли) бўлса ва уларда имом (раҳбар) бўлса, уламолар имомни лозим тутиб, унинг тоатидан чиқиб кетмасликларига ишора бор. Шунингдек, бу ҳадисда баъзан жамоат бўлиб, имом бўлмаслиги мумкинлигига ишора бор. Бу хулоса ҳадиснинг “Агар уларда жамоат ҳам, имом ҳам бўлмаса-чи” деган лафзидан олинган. Бундай ҳолда ораларида илм аҳли ва суннат имомлари бўлган жамоатни лозим тутиш вожибдир. Борди-ю, бир юртда имом ҳам, жамоат ҳам топилмаса, бироқ уларни бошқа бир маконда топиш имконияти бўлса, ўша ерга кетади. Агар тополмаса, ёки суннат олимлари этагидан маҳкам тутишга қодир бўлмаса, гуруҳларнинг барчасидан четланади. Бу гуруҳлардан мурод чалкашлик ва беқарорликдан келиб чиққан, залолат, ҳақдан оғиш ва жаҳолат ботқоғига тушиб қолган гуруҳлардир.

    Бу гапларни фирқаланишга оид ҳадисда келган сўзлар қувватлайди. Ўша ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Яқинда умматим етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг биттасидан бошқа барчалари дўзахда бўлади”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ўша биттаси ким?” деб сўраганида, “У жамоатдир”, деб жавоб бердилар. (Ҳадис саҳиҳ.)

    Таҳовия ақидасининг шарҳловчиси айтади: “Жамоат мусулмонлар жамоатидир. Улар саҳобалар ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашувчи кишилардир”[1].

    Ибни Ҳиббон айтади: “Жамоатга бўлган буйруқ лафзи умумийдир, аммо ундан бўлган мақсад хосдир. Чунки жамоат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларининг ижмосидир. Ким саҳобалар юрган йўлни лозим тутиб, улардан кейин келган (яъни саҳобаларда бўлмаган нарсаларни пайдо қилиб, бошқа йўлларга эргашиб кетган) кимсаларнинг йўлларига қарши бўлса, жамоатга қарши чиққан ҳисобланмайди ва жамоатдан ажралган, дейилмайди. Ким саҳобалар йўлига қарши чиқиб, улардан кейингиларнинг кетидан эргашиб кетса, шу одам ҳақида жамоатга қарши чиққан дейиш мумкин”.

    “Саҳобалардан кейинги жамоат – гарчи уларнинг сони оз бўлса ҳам –уларда дин, ақл ва илм жамланган ҳамда кучлари етганча ҳавои нафсни тарк этишни лозим тутган одамлардир. Жамоат бу, фирқаланган инсонлар ва уларга эргашган жоҳиллар эмас, гарчи сонлари кўп бўлса ҳам”[2].

    Эргашиш вожиб бўлган жамоат саҳобалардир (улардан Аллоҳ рози бўлсин). Далиллар шуни кўрсатади. Шунингдек, ҳадис, фиқҳ ва асар борасида саҳобалар минҳожи-йўлига эргашган илм аҳлидир.

    Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Эргашиш лозим бўлган жамоат кимлар?” деб сўралганида, “Абу Бакр ва Умар” деб жавоб берди. “Абу Бакр ва Умар вафот этиб кетишган” дейилганида, “фалончи” деди. “Фалончи ҳам вафот этиб кетган”, дейилганида, “Абу Ҳамза Суккарий (Муҳаммад ибн Маймун) жамоатдир” деди.

    Абу Исо Термизий айтади: “Абдуллоҳ ибн Муборак бу гапни айтганда Абу Ҳамза ҳали ҳаёт эди”.

    Исҳоқ ибн Роҳавайҳ[3] айтади: “У замонда Абу Ҳамза бўлса, бизнинг замонимизда Муҳаммад ибн Аслам ва унга эргашган кишилардир”. Кейин Исҳоқ деди: “Агар мен жоҳиллардан “саводул аъзам ким?” деб сўрасам, “одамларнинг жамоати”, деб жавоб берган бўлишарди. Улар билишмайди-ки, жамоат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг излари ва йўлларини мустаҳкам тутган олимдир. Бас, ким шундай олим билан бирга бўлса ва унга эргашса, у жамоатдир. Ким унинг йўлида унга мухолиф бўлса, жамоатни тарк этгандир”[4].

    Имом Шотибий[5] жамоат тўғрисидаги сўзларга қуйидагича мулоҳаза билдиради: “Ушбу сўзлар суннат ва иттибоъ (эргашиш) аҳлининг доирасига тааллуқлидир. Ҳадисларда мақсад қилинган зотлар шулар бўладилар. Бундай бўлишига сабаб, барча олимлар иттифоқ қилганки, улар илм ва ижтиҳод аҳлидир. Омма одамлар уларга қўшилсин, қўшилмасин, фарқи йўқ. Агар омма уларга қўшилмаса, муаммо йўқ. Чунки “саводи аъзам” ижтиҳодлари тан олинган уламолар билан эътиборлидир. Ким бу олимларга қарши чиққан ҳолида ўлса, у жоҳилиятга ўлган ҳисобланади. Агар омма бу олимларга қўшилса, улар олимларга яхшилик йўлида эргашгувчилар ҳукмида бўлади. Зеро, омма шариат маърифатидан узоқдадир. Улар динларида уламоларга қайтишлари (мурожаат қилишлари) лозимдир. Борди-ю, омма уламоларга қарши жамланса, уламолар чизган чегарадан тажовуз қилса, зоҳирда уламоларнинг озлиги ва жоҳилларнинг кўплиги боис бу жоҳиллар ғолиб ва “саводи аъзам” бўлиб кўринса ҳам, аслида уламолар оз бўлишига қарамай саводи аъзам бўлиб қолаверадилар. Агар омма олимларга мухолиф бўлса, уларга нисбатан “жамоатдан ажралганлар” дейилади. Агар олимларга мувофиқ бўлсалар, аслида уларга вожиб бўлган иш шудир”[6].

    Усмон Аҳмад таржимаси

    [1] “Шарҳу ақидатит таҳовийя”, 430-бет.
    [2] Мифзол Солим Ҳилолийнинг “Басоиру завиш-шараф” китобидан, 102-бет.
    [3] У катта имом, машриқ шайхи ва ҳофизлар саййиди бўлади. Бухорийнинг ҳам шайхларидан биридир. Ҳижрий 161-238 йилларда яшаган (“Сияри аъломин нубало” китобидан, 11-ж., 358-б.).
    [4] “Ҳилятул авлиё”, 9-ж., 239-б.
    [5] Имом Шотибий Ибн Абдулбар вафот этган ҳижрий 463 йилда туғилган. Шотибий ҳадис ҳофизи, унинг иллатларини билувчи ва ровийлар соҳасида билимдон бўлган. Ҳижрий 505 йилда вафот этган. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин! (“Сияри аъломин нубало”, 19-ж., 421-б.)
    [6] “Ал-эътисом” китоби, 2-жилд, 776-бетдан қисқартириб олинди.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963