Бизга боғланинг
Хаворижларнинг ҳадисларда келган сифатлари
Хаворижларнинг ҳадисларда келган сифатлари
Аммор Саёсина
Ислом Нури таржимаси
Алҳамдулиллаҳ вассолaту вассаламу ала Расулиллаҳ.
«Хавориж» калимаси охирги пайтларда кўп тилга олинадиган, ҳар хил жамоат ва ҳаракатларга ҳақу-ноҳақдан тиркаладиган бўлиб қолди. Шунинг учун Пайғамбар ҳадисларида келган хаворижларнинг сифатларига тўхталиб ўтишни маъқул кўрдик. Сифатлар маълум бўлса, ҳар қандай жамоатни бу сифатларга яқин узоқлигига қараб ўзига муносиб баҳо бера биламиз.
Ҳадисларда бу умматдан чиқиши мумкин бўлган фирқалар ичидан хаворижлардан бошқа муайян бирон фирқа-жамоадан огоҳлантириш келмаган. Ушбу фирқа борасида йигирмадан ортиқ саҳиҳ ва ҳасан ҳадис келган. Бу эса ушбу фирқанинг умматга нақадар зарарли экани, одамларга уларнинг ҳақиқий башараси кўринмаслиги ва натижада уларга алданиб қолишларидир. Чунки улар четдан қаранган кишига салоҳиятли ва тақводор бўлиб кўринадилар. Яна бошқа томони уларнинг йўли тушунча ва мафкураларга чекланиб қолмай, қон тўкилишигача боради.
Ҳадисларда келган сифатлари
1- Кичик ёшда бўлишлари: Замон охирлаб қолганда чиқадиганларининг кўпчилиги ёш йигитлар бўлишади. Сафларида билимли ва тажрибали катталар, ёши улуғ кишилар кам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳақида: «Охир замонда бир қавм келади уларнинг ёшлари кичик ва ақллари калта бўлади» – деганлар. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Фатҳул Борий китобларида бу сўзни ёш йигитлар, деб шарҳ қилганлар.
2- Енгилтаклик ва ақлсизлик: Хаворижлар ва бу фикр намоёндларининг кўпчилиги енгилтак, шошқалоқ, қизиққон ва калтабинлик сифатлари ғолиб бўлган ёшлардан иборат бўлиб, яна улар тор фикрли ва узоқни кўра билмаслик сифатлари билан ҳам ажралиб туришади. Имом Бухорий Алий разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилдики: – «Охир замонда бир қавм келади уларнинг ёшлари кичик ва ақллари калта бўлади».
Имом Нававий айтадилар: – Бу ҳадисдан тушинилишича; босиқлик ва узоқни кўра билиш ёш катта бўлиб, ақл етилиб, тажрибалар кўпайганда бўлар экан! Бу сўзларни ибн Ҳажар Фатҳул Борийда нақл қилганлар.
3- Ғурур ва мутакаббирлик: Хаворижлар кибр, катта кетиш ва худбинлик билан ажралиб турадилар. Шунинг учун қилган ишлари ва муваффақиятлари билан кўп мақтанадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадисда шундай дейилади: «Сизларнинг орангизда ибодатажўй ва ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Шу даражада ғайратли бўладиларки одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар. Улар бориб-бориб ўзларига бино қўядилар. Уларнинг диндан чиқишлари куч билан отилган камон ўқининг ўлжани бир томонидан кириб иккинчи томонидан чиқиб кетишидан тезроқ бўлади. Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.
Улардаги ғурур илмни даъво қилишга, уламоларни назар-писанд қилмасликка, катта ишларга ўйламасдан ва шошқалоқлик билан ақлли ва билимли кишиларнинг фикрини олмасдан киришишга олиб келади.
4- Ибодатларда ғайрат кўрсатиш: Улар ибодатнинг ҳар тури: намоз, рўза, Қурон тиловати, зикр, садақа ва фидойиликка қаттиқ берилган бўладилар. Шу сабабли ҳам одамлар уларга алданиб қоладилар. Шунинг учун баёни набавийда уларнинг мана шу сифатларига алоҳида урғу берилади: – «Сизларнинг тиловатингиз уларнинг тиловати олдида ҳеч нарса эмас! Сизларнинг намозингиз уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас! Сизларнинг рўзангиз уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас!» Имом Муслим ривоятлари.
«Сизларнинг бирингиз уларнинг намози олдида ўз намозини, рўзаларининг олдида ўз рўзасини арзимас санаб қолади.» Муттафақун алайҳи.
Агар уларнинг нафл намозлари олдида саҳобийларнинг нафл намозлари арзимас бўлиб қолса бошқаларнинг намози ҳақида нима дейиш мумкин?!
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо улар билан кўришиб келганларидан кейин шундай деган эканлар: – Мен ибодатда уларга ҳеч ким ета олмайдиган бир қавм орасига кириб қолдим. Қўллари туянинг тиззасига ўхшаб (қадоқ бўлиб) кетган, пешоналарида кўп сажда қилганларидан ғурра пайдо бўлган экан. Абдурраззоқ Мусаннаф китобларида ривоят қилганлар.
(Бу сифатлар биринчи хаворижларда тўла топилган. Бироқ, охир замонда чиқадиганларининг ҳаммасида ҳам топилиши лозим эмас. Чунки «охир замон»да чиқадиганларининг сифатлари қаторида ибодат сифатига урғу берилмаган. Уларнинг кичик ёшли бўлишлари, ғўр бўлишлари, Қуръонни англамасликлари, диндан тез чиқиб кетишлари ва бутпарастлар қолиб аҳли исломни ўлдириш сифатлари айтилган.)
5- Қуръонни нотўғри тушуниш: Улар Қуръонни кўп тиловат қилишади ва ундан кўп далил келтиришади. Бироқ, буни тушунмай, илмсизлик билан қилишади. Қуръон оятларини нотўғри ўринларга ишлатишади. Шунинг учун ҳам ҳадисларда уларнинг сифатларида қуйидаги сўзлар бор; «Қуръонни ўқиб, ўзларининг фойдасига деб ўйлашади, ваҳоланки Қуръон уларнинг зиддигадир.» «Тиллари Аллоҳнинг китобидан тинмайди, бироқ бўғизларидан уёғга ўтмайди.» «Қуръон ўқийдилар, бироқ ўмровларидан ўтмайди.»
Имом Нававий Саҳиҳи Муслимга ёзган шарҳларида шундай дейдилар: – Уларнинг Қуръондан олган улушлари уларнинг тиллари тиловат билан ҳаракатланиши, холос. Ўмровларидан ўтиб қалбларига етмайди. Қуръон ўқишдан мақсад бу эмас. Қуръон ўқишдан мурод унинг қалбга етиб бориши билан Унга боғланиш ва қалбга таъсир қиладиган даражада тафаккур қилишдир.
Шайхул Ислом айтадилар: – Хаворижлар бидъатига ўхшаш аввал бошда пайдо бўлган бидъатлар Қуръонни нотўғри тушунишдан келиб чиққан. Қуръонга қарши чиқишни қасд қилмаганлар, балки Қуръондан у далолат қилмайдиган нарсани тушуниб олганлар. Мажмул фатово китобидан.
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо улар ҳақида: – Кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни олишиб мўминларга қарши қўлладилар! – деганлар. Бу сўзни имом Бухорий таълиқотларида зикр қилганлар.
Ибн Ҳажар айтадилар: – Улар ибодату-тиловaтда полвон бўлганлари учун ҳам «қорилар» деган номни олишган. Бироқ, улар Қуръонни у ҳақда нозил бўлмаган нарсага таъвилу-тафсир қилишар, фикрларига маҳкам туриб олишар, хушуъ, зоҳидлик ва бошқа нарсаларда ўта қаттиқлик қилишар эди. Фатҳул Борий китобидан.
6- Сўзамоллик: Уларнинг сўзлари гўзал ва чиройли. Балоғату фасоҳатларида хилоф бўлиши мумкин эмас. Баҳсу мунозара ва нутқ майдонида ҳам етарли улушлари бор. Шариат ҳукмларини жорий қилишга, ҳукм фақатгина Аллоҳники бўлишига, муртадлару-кофирларга қарши курашга чақирадилар. Лекин амалда эса бунинг аксини қиладилар!!!.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: – «Гапни яхши гапиришадию амални ёмон қилишади.» «Ҳақ сўзларни сўзлашади.» «Инсонлар айтадиган сўзларнинг енг яхшиларини айтишади.»
Синдий Сунанун Насаий шарҳида шундай дейдилар: – Улар одамлар айтадиган сўзларнинг энг гўзалларини айтишади. Мисол учун, «ҳукм Аллоҳникидир», «Аллоҳнинг китобига даъват қиламиз» ва шу каби сўзларни айтишади.
7- Такфир ва қонлар ҳурматини поймол қилиш: Ноҳақ кофирга чиқариш ва мухолифларнинг қонларини поймол қилиш – бу сифат хаворижларни бошқа фирқалардан ажратувчи энг асосий белгидир.
Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муттафақун алайҳи бўлган ҳадисда: – «Бутпарастларни қўйишиб, аҳли исломни ўлдирадилар!» – деганлар.
Бу сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хаворижларни қоралаган сифатлар орасидаги энг қабиҳидир. Мажмуъул фатово.
Мусулмонларни ўлдиришларининг сабаби уларни кофир санашларидандир. Имом Қуртубий «Алмуфҳим» номли китобларида шундай ёзадилар: – Бунинг сабаби улар мусулмонлардан ўзларига қарши чиққанларини кофир деб ҳукм қилдилар ва бу билан уларнинг қонларини ҳалол санадилар.
Шайхул Ислом Ибн Таймия «Мажмуул фатово»ларида шундай деганлар: – Улар аҳли қиблани «муртадлар» — деб ҳисоблаганлари сабабли уларнинг қонларини муртад бўлмаган кофирларнинг қонидан кўра ҳалолроқ, деб билишади.
Яна: – Бидъатларига қарши чиққан кишиларни кофирга чиқаришиб, уларнинг қонларию молларини ҳалолга чиқаришади. Аҳли бидъат одати шундай, аввал бир бидъат ўйлаб чиқаришадида унга қарши бўлганларни кофирга чиқаришади.
Хаворижлардаги такфирнинг бир неча кўринишлари бор: Масалан, гуноҳи кабира қилган одамни кофирга чиқариш, аслида гуноҳ бўлмаган нарсалар билан кофирга чиқариш, шубҳаю гумонлар билан, ҳар хил эҳтимолга йўйилиши мумкин бўлган нарсалар билан, ихтилоф қилиш жоиз бўлган масалалар ёки ижтиҳод қилиш жоиз бўлган масалалар сабабли кофирга чиқариш. Кофирга чиқариш шартларининг бўлиши, монеъ-тўсиқларни йўқ бўлишига амал қилмайдилар. Билимас(бехабар)лик ёки таъвил қилишни узр ҳисобига қўшмайдилар. Айтилган сўзнинг лозимига ва мазмунига қараб кофирга чиқарадилар. (Ундай деди, бундан фалон нарса лозим бўлади, бундай деди, бунинг мазмуни мана бундай, деб ҳақиқатда шундайми ёки шундай эмасми текширмайдилар. Тарж.). Кофирга чиқарган кишиларини ҳеч қандай маҳкамасиз, ҳукмсиз, тавба қилишни талаб қилмасдан қонини тўкадилар.
Шунинг учун ҳам Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар бу қилмишлари билан диндан қанчалик тез чиқиб кетишларини қуйидагидек тасвирлаганлар: – «Уларнинг диндан чиқишлари камон ўқи ўлжанинг бир томонидан кириб, иккинчи томонидан чиқиб кетганидан тезроқ бўлади!» – деганлар. Уларнинг диндан чиқишларини шиддат билан ўлжага теккан ўқ мисолига ўхшатдилар. Овчининг кучли ҳамласидан ўқ шу қадар куч ва тезлик билан ўлжага санчилиб, бир томонидан кириб иккинчи томонидан чиқиб кетади-ки ўқнинг тезлигидан унга ўлжанинг қони, гўштидан асорат юқмайди. Умдатул қорий китобидан.
Саҳиҳи Муслимдаги ҳадисда: – «Сўнгра улар динга қайтмайдилар, улар махлуқотлару халойиқларнинг энг ёмонларидир!» – дейилади. Имом Аҳмад Муснадларида яхши санад билан келган ҳадисда: – «Уларни ўлдирганларга ва улар ўлдирганларга Тубо жаннати бўлсин!» – дейилган. Инб Ҳажар бу ҳадис шарҳида: – Бу ҳадис хаворижлар уммати Муҳаммадиядан ажралиб чиққан бидъатчи фирқаларининг энг ёмони эканига далил! – деганлар. Фатҳул Борий китобидан.
8- Одамлардан ажралиб турадиган белги танлашлари: Ҳар замон ва ҳар маконда ўзларига хос белги билан ажралиб турадилар. Бу белги гоҳида байроқда, гоҳида кийимларининг рангида ёки шакл-шамойилда ва ёки бошқа нарсаларда бўлиши мумкин. Алий ибн Аби Толиб замонларида тақирбошлик уларнинг белгилари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: – «Белгилари соч қиришлик!» – деганлар. Шайхул ислом Мажмул фатаволарида: – Бу Зус-судайянинг белгиси бўлганидек аввалгиларнинг белгисидир. Бу белги – тақирбошлик – ҳар замонда уларнинг белгилари бўлиши шарт эмас! – деганлар.
Қуртубий «Алмуфҳим» китобларида: – Белгилари соч қиришлик!– дегани дунё зебу-зийнатларини тарк қилганларига белги ўлароқ ва шу сифат билан танилишликлари учун танлашган! — деб шарҳлаганлар.
Алҳамдулиллаҳи роббил оламийн!