Хулуфлар ва олимларнинг фазилати ва улар билан боадаб бўлиш

    Шайх Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!». (Оли Имрон: 103).

    «Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир». (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, у буюк саодатга эришибди». (Аҳзоб: 70, 71).

    Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ таоло айтади: (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса» (Юсуф: 46).

    Ушбу ояти каримада улкан сабоқлар мавжуд бўлиб, мен улардан бир қисмини ўтган жумъа айтиб ўтгандим. Бугун ҳам уларнинг баъзилари ҳақида айтиб бермоқчиман.

    Жумладан: Кўзланган мақсадга эришиш учун тингловчига лутф билан муомала қилиш саҳиҳ-соғлом услубдир. Туш таъбирини сўрагани келган ҳалиги одамнинг Юсуф алайҳиссаломга қандай лутф билан мурожаат қилганига эътибор беринг. Уни бу ерга жуда катта ҳожат ва жуда муҳим эҳтиёж тортиб келганди. Қаранг, у Юсуф алайҳиссаломга қандай мулойим оҳангда сўзламоқда: «Юсуф, эй ростгўй зот». Унга яхши кўриниш учун исмини атаб чақирмоқда, унинг исмини айтиб чақириш билан гўё ўрталарида бўлган эски танишликка ва зиндонда бирга ётган пайтларида бўлган кўнгил яқинликка ишора қилмоқда. Ортидан унинг энг улуғ сифатларидан бирини айтиб: «эй ростгўй зот» демоқда. Бундай чиройли муомала билан у Юсуфнинг кўнглига йўл топишга уринаётган эди, шояд унинг ҳожатини раво қилса ва унинг бу ерга келишидан бўлган мақсадини амалга оширса деб умид қилаётганди. Хоссатан, бу шундай вазият эдики, у ўзи зиндондан қутулиб чиқиб кетаётганида Юсуфнинг унга қилган илтимосини ва унга арз қилган ҳожатини, яъни: «Ҳожангнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин (зора, у мени бу зулмдан озод қилса)» (Юсуф: 42) деган талабини ўшандаёқ эсидан чиқариб юборгани учун Юсуф ҳам унга айни ўшандай муомала қилишидан ва ундан юз ўгириб, талабини бажаришдан бош тортишидан қўрқаётган эди. Аммо, интиқом олиш пайғамбарлар ахлоқидан эмас. Балки, сабр, чиройли кечиримлилик ва ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш уларнинг хулқларидан саналади. Пайғамбарларнинг имоми ва саййиди бўлган зот – Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмлари Қурайш томонидан ўзларига ва саҳобаларига етган жуда катта ёмонликларни қанчалар бағрикенглик ва нақадар олийжаноблик билан кечириб юборган эканларини эсга олинг. Хусусан, ўшанда, Макка фатҳи кунида барча қурайшликлар у зотнинг олдиларида бош эгиб, қўл қовуштириб туришган пайтда уларнинг бошлари устида қилич ўйнатсалар ва душманларини битта қўймай қириб ташласалар, бу уларнинг қилган жиноятларига муносиб жазо бўлган бўларди ва у зотни ҳеч ким бу учун маломат қилмаган бўларди. Лекин, ана шундай қулай фурсатда у зот уларга қарата хитоб қилдилар: «Мен сизларга Юсуф ўзининг қавмига айтган сўзларни айтаман: Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни кечирсин. Боринглар, сизлар озодсизлар».

    Худди шунга ўхшаш, Аллоҳнинг пайғамбари Юсуф алайҳиссалом ҳам подшоҳнинг ҳалиги соқийси ўз ҳузурларига илтимос билан келган пайтида унинг ёмонлигини унутдилар, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтардилар ва унинг ҳожатини раво қилдилар. Ғоят муҳим бўлган подшоҳнинг туши таъбирини айтиб бердилар ва шу туфайли жуда катта манфаатлар келишига сабаб бўлдилар. Бу ҳақда иншооллоҳ, ушбу оятлар тафсирида айтиб ўтилади.

    Мазкур оятдан олинадиган сабоқлардан яна бири – улуғ зотларга нисбатан одоб сақлаш зарурлигидир. Дунёда анбиёлардан кўра ҳам улуғроқ ва мартабалироқ одамлар бўладими?! Пайғамбарлардан сўнг уларнинг издошлари бўлмиш уламолар энг улуғ шахслар саналишади. Қаранг, ҳалиги савол сўраб келган киши Аллоҳнинг набийси Юсуф алайҳиссалом ҳузурларида қандай одоб сақлаб турди, ваҳоланки, у афтидан у кишининг пайғамбарликларига иқрор эмасди. Шундай бўлса-да, уни юқоридагидек гўзал васфлари билан атаб: «Эй ростгўй зот» деб мурожаат қилди. Аввал номини айтиб чақириши, модомики ортидан бу улуғ сифати билан мурожаат қиларкан, у кишининг ҳақларида у томонидан қилинган нуқсон саналмайди. Аммо, исмларини айтиш билангина кифояланса эди, бу унинг тарафидан у кишига нисбатан беадаблик саналган бўларди. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни исмларини айтиб чақирган ва: «Эй Муҳаммад, бизнинг ҳузуримизга чиқ» деган аъробийларга Аллоҳ таолонинг қаттиқ танбеҳи нозил бўлган эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта (сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир» (Ҳужурот: 4).

    Аллоҳ таоло ислом умматига улуғларнинг имоми ва халқларнинг саййидига қандай хитоб қилиш одобини таълим бериб, қуйидаги оятини туширди: «(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур: 63). Уламолар ҳам худди шундай, улар пайғамбарларнинг ворислари, улар билан бизнинг ўртамиздаги воситалардир. Биз илмни, Аллоҳнинг Ўз пайғамбарларига нозил қилган ваҳийси илмини уламолар воситасида ўрганамиз. Шундай экан, умматнинг уламоларини ва имомларини ҳурмат қилиш, уларга нисбатан одоб сақлаш лозим. Зеро, бу иймоннинг белгиларидан, ақиданинг дурустлиги ва ақлнинг комиллигидан саналади. Лекин, фасодга тўлган бу замонда илмнинг бу муаззам чинорлари пойига болта урилаётганига, уларнинг ҳурматларини тўғри келган одам беодоблик билан оёқости қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, атрофда уларни бундай беодобликдан ман қиладиган ва уларни тийиб қўядиган одам топилмай қолди. Ҳам ўтмиш, ҳам замонамиз уламоларининг обрўларига бемалол чанг солинадиган бўлиб қолди, улар ҳақида истаган одам истаганича сўзларни андишасизларча айтадиган бўлиб кетди. Уларнинг адабини бериб қўядиган ва бундай номаъқулчиликдан тийиб қўядиган одамларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмай қолди.

    Ана шундай фасод даврда, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, оммавий равишда исломий уйғониш ва ёшлар тарафидан шаръий илмларни ўрганишга, Аллоҳнинг динини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганишга кучли қизиқиш пайдо бўлгани ҳам кўриниб келмоқда. Аксарият ёшлар, алҳамду лиллаҳ, шаръий илм билан бирга одобни ҳам ўрганмоқдалар. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида матолари ўтмас ва ақидалари бузуқ бўлган айрим ақлсиз ва ғўр ёшлар ҳам учрамоқдаки, улар ўтган ва замонамиздаги забардаст уламоларнинг обрўларига тил теккизишмоқда, уламоларнинг айбларини санаш билан ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам вақтларини беҳуда сарф бўлишига сабаб бўлишмоқда. Улар аҳли илм ҳам эмас, бор-йўғи илмга энди қадам қўйиб келаётган ёшлар, аслида. Шу ҳолларида улар бу умматнинг имомлари ва забардаст уламолари шаънида оғизларига келганини қайтаришмайди. Бугунги кунда биз ундай кимсалардан бирови бемалол тўрт мазҳаб имомларидан бирини чайнаётганини, ёки имом Нававий ё Шавконийни кофирга чиқараётганини эшитадиган, бироқ унинг адабини бериб қўядиган ва тилини тийиб қўядиган бир мард йўқлигини кўрадиган бўлиб қолдик. Бундан ҳам қизиғи ва бундан ҳам ёмони, бу беадаблар ёки улардан баъзилари замонамизнинг халқларга тавҳидни ўргатган ва ёшларга тавҳидни таълим беришда жуда катта таъсири бўлган, соғлом ақида аҳлидан бўлган уламоларини ерга урмоқдалар, вақтларини уларнинг айб ва камчиликларини қидириш ва эълон қилишга сарфламоқдалар. Ҳатто, улардан бирлари шу даражада эс-ҳушидан ажрабдики, унинг тасмага ёзилган сўзларини ўз қулоғим билан эшитдимки, мазкур уламолардан баъзилари гарчи зоҳирда муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўлса-да, ботинда мубтадиъ (бидъатчи) эмишлар!! Ушбу жоҳил жоҳиллиги туфайли ўзини ҳатто пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларини қўймаган ўринга қўйибди!! У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Мен фақат ўзим эшитганимга қараб ҳукм қиламан», деганлар. Яъни, мен ишларнинг зоҳирига қараб ҳукм чиқараман, ботиннинг илми эса Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола, деганлар. Бу беадаб ва беақл ёшлар ушбу уммат ичидаги энг хабис-нопок икки фирқанинг энг хабис сифатларини ўзларига қабул қилиб олишибди! Яъни, хавориж ва рофизий-шийъаларни ўзларига устоз тутишибди! Ўзлари билиб-билмай рофизийлардан ушбу умматнинг саҳобалардан тортиб то бугунги кунгача бўлган имомлари ва уламоларини сўкиш, ҳақоратлаш, шаънларини булғаш, уларга лаънат айтиш, айбу нуқсонларини санаш ва улар хусусида шубҳалар қўзғатиш касбини ўрганибдилар! Хаворижлардан эса гуноҳлар ва тойилишлар хусусида – агар улар айтаётган нарсани гуноҳ ва тойилиш деб аташ мумкин бўлса – ўта қаттиққўллик билан ҳукм чиқаришни, шошма-шошарлик билан одамларни кофир, фосиқ, бидъатчига чиқаришни, мунофиқ деб ҳукм қилишни таълим олибдилар! Бу сифатлар хаворижларнинг энг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, улар мусулмонларни чалғитиш ва уларнинг соф ақидаларини бузишга, шунингдек уларнинг имомлар ва уламоларга бўлган ишончларига путур етказишга жуда катта таъсир ўтказган энг хабис фирқа аҳлидирлар.

    Анави хулуф[1]лар ўтиб кетган ва яшаб турган дин пешволарига, уламоларга тилларини теккизган эканлар, уларнинг кичикроқ уламоларга тил теккизишлари турган гап. Каттароқ ва обрўлироқ кишилар-уламоларга журъат қилган кимса улардан кичикроқларга ва оддий мусулмонларга журъат қилиши муқаррар. Хулуфлар ўзларининг заҳарли тилларини икки қарич қилдилар ва бошқаларнинг бу кескир тилларидан омон қўймадилар. Узоқ ва яқин тарих тажрибалари кўрсатиб турибдики; кимнинг қилмиши ва одати одамларга хусусан уламоларга тил теккизиш бўлса, улар улкан фитналар ўтини ёққанлар. Агар оқил кишилар уни ўчириб қолмаса, у хўлу-қуруқни бирдан куйдиради. Бу ўтдан ўша хулуфларнинг қилиқларига рози бўлиб турганлар ҳам саломат қолмайдилар.

    «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Оли Имрон: 147).

    «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмадилар, лекин улар мана шу илмни мерос қилдилар. Ким уни олган бўлса, етарли улушни олибди.» (Ибн Можа ривояти, Албоний саҳиҳ деган).

    Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: бири олим ва иккинчиси обид бўлган икки киши ҳақида айтиб берилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг сизлардан энг оддийларингиздан афзаллигим кабидир» дедилар. (Термизий ривояти, ҳасан ҳадис)

    Мана шундек буюк манзилат, улуғ мартаба ва олий мақом Пайғамбарларнинг рисолатларини етказишда жонбозлик кўрсатаётган олимлар учундир. Улар мана шу рисолатни етказишга ишончли кишилар. Одамларга тавҳидни ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатини таълим бермоқдалар. Бунинг йўлида етаётган озор ва машаққатларни сабр ва матонат билан кўтармоқдалар. Пайғамбарларнинг йўли узра сабот билан бормоқдалар. Ҳой мусулмон, сен ўша уламолардан биронтасини камситган ҳолингда Аллоҳнинг ҳузурига боришдан эҳтиёт бўл! Бу жуда катта гуноҳ. Сен улардан биронтасининг обрўсига путур етказган ҳолингда Роббингга йўлиқишдан сақлан! Сен тилингни саҳобалардан тортиб то бугунги кунгача мавжуд уламоларга теккизишдан сақлан, чунки уларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаган меросхўрлардир.

    Салафлар уламоларга нисбатан ўзларини ўта одобли тутиб, қаттиқ ҳурмат қилганлар. Ҳофиз Ибн Абдулбар “Илм ва унинг фазли” номли асарларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривояти қилади у зот дедилар: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши тил бириктирган икки аёллари ким бўлганлигини сўраш учун муносиб пайт пойлаб икки йил юрганман”. Бошқа ривоятда дейдилар: “Мени бу нарсадан Умар розияллоҳу анҳунинг ҳайбатлари тўсиб турарди”. Вақти келиб бир кун Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра нийятида сафарга чиқдилар. Мен ҳам бирга сафарга чиқдим. Марриз-Заҳрон номли жойга етганимизда, қазои ҳожат учун чиқа туриб менга: бир обдаста сув олиб орқамдан юринг, дедилар. Мен обдастани олиб ортларидан эргашдим. Ҳожатларини ўтаб келгач, мен у кишига сув қуйиб бериб турдим. Шу аснода савол бериш учун фурсат топилди. Эй Амирул-Муъминин, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши чиққан икки аёл кимлар эди? деб сўраётгандим, гапимни тугатмасимдан туриб, Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳумо, деб жавоб қилдилар.”

    Сиз мана бу олий одобга қаранг. Йиллаб Умар розияллоҳу анҳудан ана шу икки қарши чиққан аёл ҳақида сўрашга тайёрланиб, одоб сақлаб юрибди. Одоб илмдан аввал. Анави хулуфлар билиб олсинлар; илмни беадаблик билан олиб бўлмайди. Одоб илмдан аввал, одобсиз илм эгасига фойда бермайди. Билакс, уни ҳалокат жарликлари сари ва бидъатларга етаклайди. Аллоҳ сақласин!

    Олимлар билан одоб билан муомала қилиш керак. Агар улардан фойдаланмоқчи бўлсанг, одоб сақла. Уларнинг ўтганларинию яшаб турганларини ҳурмат қил

    Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Олимнинг ҳузурида бўлсанг кўп савол берма, жавобини қайсарлик билан қабул қилма, чарчаган бўлса мажбур қилма, турмоқчи бўлса этагидан ушлама. Асло унинг сирини ёя кўрма, унинг олдида бировни ҳеч қачон ғийбат қилма. Унинг хатосини излама. Агар у хато қилган бўлса, узри мақбулдир. У Аллоҳнинг буйруқларини адо етар экан сен уни улуғла, қаттиқ ҳурмат қил. Ундан юқорида ўтирма, агар унинг бирон ҳожати бўлса, сен биринчилардан бўлиб унинг хизматига шошгин. (Ибн Абдулбар “Илм ва унинг фазли” 1/519 ва Хатиб ал-Бағдодий “Ал-фиқҳ вал мутафаққиҳ” 382-бетида келтирган).

    Саҳобаларнинг, салаф солиҳларнинг илм ва уламоларга нисбатан одоблари мана шундай бўлган. Эй мусулмон, уламолар илмларининг баракасидан насибадор бўлишни истасанг уларнинг мажлисларида қатнаш, бироқ, юқоридаги одобларни ёдингдан чиқарма! Ҳасан ибн Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳумо ўғлига деди: “Эй ўғилчам, уламолар билан ўтирсанг, гапиришдан кўра тинглашга ҳарисроқ бўл. Сўзлаш одобини ўрганганингдек тинглаш одобини ҳам ўрган. Гапи чўзилиб кетса ҳам то сўзини тугатмагунича бировнинг гапини бўлма.” (Ибн Абдулбар “Илм ва унинг фазли” 1/519 да келтирган).

    Эй парвардигор, бу умматнинг имомларидан ва барча уламоларидан рози бўл, уларнинг барчаларини раҳматингга ол. Уларнинг фақиҳлари, муҳаддислари, муфассирларию адибларини Ўз марҳаматинг ила бурка. Хусусан тўрт имом: Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмадларни раҳмат қил. Эй Аллоҳ уларга бизнинг ва бутун Ислом умматининг номидан яхши мукофотларни бергин. Омин.

    [1] Араб тилида авлод ва ўринбосарларга халафун ахлафун ва халфун хулуфун (бирлик ва кўплик) калималари ишлатилади. Халафун ахлафун яхши авлодга халфун хулуфун эса ёмон авлодга ишлатилади. Қуръони Каримда халфун калимаси икки маротаба келган ва ҳар иккисида ёмон авлод учун ишлатилган. Хутба асносида беақллик ва беадаблик билан зикр қилинган кишиларни хулуфлар деб аталди. Бу ном оятларда зикри келган ёмон авлодларга уларни қиёслаб қўйилди. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар.» (Марям: 59) Улардан сўнг Китобга (Тавротга) меросхўр бўлган бир авлод келдики, улар бу тубан (дунё) нарсаларини (ҳалол, ҳаромлигига қарамай) оладилар ва «Албатта бизлар мағфират қилинурмиз», дейдилар.» (Аъроф: 169).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963