Қиёматнинг катта аломатлари: Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишлари

    Охират ҳовлиси силсиласи

    الشيخ محمد حسان

    في رحاب الدار الآخرة

    علامات الساعة الكبرى

    نزول عيسى ابن مريم عليه السلام

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан бешинчи суҳбат бўлади. Олдинги суҳбатимизда Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни музокара қила бошлаган эдик. Унда шундай дейилади:

    «Гаплашиб ўтирган эдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима тўғрисида гаплашаяпсизлар?», дедилар. Биз: «Қиёмат ҳақида гаплашаяпмиз», дедик. «Қиёмат то ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунларингча қоим бўлмайди», дедилар ва тутунни, Дажжолни, добба (ер жонивори)ни, қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишини, Ийсо ибн Марямнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта ер ютишни – биттаси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси араб жазирасидаги ер ютишини зикр қилдилар, охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт эди» (Муслим: №2901, Абу Довуд: №4311, Термизий: №2184).

    Бугун биз мазкур катта аломатлардан яна бири, яъни Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишлари ҳақида сўз юритамиз.

    Одатимизга кўра, суҳбат мавзусини бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз:

    1. Биринчи: Ийсо ибн Марям ва мўъжизакор таваллуд.
    2. Иккинчи: Балки, Аллоҳ уни ўз ҳузурига кўтарди.
    3. Учинчи: Ийсонинг самодан ерга тушишлари.

    Диққат билан қулоқ солишларингизни умид қиламан. Зеро, мавзу ўзига хос аҳамиятга эга бўлган мавзулардан биридир.

    Биринчи: Ийсо ибн Марям ва мўъжизакор таваллуд

    Севикли биродарим! Ушбу мавзудаги сўзни бошлаш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан кўра гўзалроқ ва муносиброқ сўз топмадим:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг! Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир.—«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан». Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Оли Имрон: 35-37).

    Ушбу латиф ва гўзал сўзлар бўстонида сайр қилишга киришишдан олдин шуни айтиб ўтмоқчиманки, башарият тарихида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратганидан бери илк маротаба пайғамбарни онасига нисбат берилаётган эди.

    Марям – Аллоҳ таоло энг покиза ҳомиладорлик ва мўъжизакор таваллуд борасидаги Ўзининг буюк сирини омонат қўйиши учун бутун дунё аёллари ичидан танлаб олган борлиқдаги ягона аёл эди.

    Марям покиза ва тавқодор қиз бола эди. Аллоҳ таоло уни бутун олам аёллари ичидан танлаб олиб, унга Ўз руҳидан пуфлади ва унга бутун дунё оналарига насиб этмаган мана шундай олий рутбани тақдим этди.

    Марямнинг онаси Ҳанна бинт Фоқуд туғиш ёшидан ўтиб қолган эди. Шундай бўлса-да, у Аллоҳдан ноумид бўлмади ва бир фарзанд ато этишини сўраб, Унга илтижо қилди. Зотан, Аллоҳ ҳар бир ишга қодир зот. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди. Еру осмонлардаги ҳеч бир куч-қудрат Уни ожиз қила олмайдиган ва ҳар нарсани биргина «Бўл!» амри билан бўлдирадиган Зотнинг қудрати билан унинг вужудида ҳомила ҳаракатга келди. Ҳомиладор бўлганининг шукронасини адо этишни истади ва: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитувчи, билувчисан», деди. Кексалик ёшига етганидан кейин ўзига инъом этилган бу неъматга шукрона ўлароқ қорнидаги ҳомиласини Аллоҳ йўлида – яъни, Байтул Мақдис хизмати учун – назр қилди. Ой-куни етиб, чиройли ва ширингина бир қиз фарзандни дунёга келтирди. Аллоҳ йўлига назр қилган фарзанди қиз бўлганидан ғамгин бўлиб, деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир.—«Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».

    Ҳанна деди: «Ё Парвардигор! Менинг фарзандим қиз бўлиб туғилди. Ҳолбуки, Сен менинг нима туққанимни Ўзинг яхшироқ биласан. Яъни, Сен уни менга бердинг ва Сен унинг қиз бўлишини тақдир қилдинг. Куч-қувватда ва Масжидул Ақсо хизматида ўғил бола билан қиз бола баробар бўлмайди. Ё Парвардигор! Мен унга ва унинг зурриётига – яъни унинг фарзанди Ийсо ибн Марямга – шайтоннинг шарридан Ўзингдан паноҳ истайман». Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунёга келадиган ҳар бир гўдак борки, (туғилажак пайтида) шайтон уни ушлайди, (нўқийди) шунда у шайтоннинг ушлашидан қичқириб овоз қилади. Фақат Ибн Марям ва онаси бундан мустасно бўлди». (Аҳмад: №7182, Муслим: №2366, Саҳиҳул-жомиъ: №5775).

    «Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди..». Яъни, онасининг назрини мақбул айлади ва унинг кўринишини ёқимтой ва кўркам қилди, қабул сабабларини унга муяссар айлаб, бандалари ичидаги солиҳ зотларга яқин қилиб қўйди. У улардан илм, яхшилик ва дин ўрганди.

    «Унга Закариёни кафил қилди..» Марям етим бўлгани туфайли Закариё унга кафил бўлганди. Бир қавлга кўра, ўша йили қаҳатчилик бўлгани туфайли Марямни холасининг риояси ва тарбияси остида бўлиши учун уни холасининг эри (Закариё) ўз кафолати остига олди. Бу икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Яна бир қавлда уни опасининг эри бўлгани ҳам айтилган.

    Қуръон бизга шуни ҳам таъкидладики: «Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билиш учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз» (Оли Имрон: 44).

    Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ўшанда улар ўртасида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларда сиз йўқ эдингиз. Бироқ, Аллоҳ бу ишларни сизга худди кўриб турганингиздек қилиб билдирди, улар Марямни – бу покиза ва тоҳира навниҳолни ким ўз кафолати ва тарбиясига олиши ҳақида баҳслашиб, бунинг савобига ноил бўлиш умидида қуръа ташлаганлари хабарини берди. Ҳанна Марямни кўтариб, Мусо пайғамбарнинг оғаси Ҳоруннинг авлоди бўлмиш Банул-Коҳин қавми олдига олиб чиқди ва уларга: «Бу қизим назр қилинган, мен уни уйимга олиб кетолмайман, ҳайзли аёл масжидга ҳам киролмайди», деди. Шунда Закариё: «Уни менга беринглар, унинг холаси менинг аёлим бўлади», деди. Улар: «Буни биз ҳам истаймиз, чунки у имомимизнинг қизидир», дейишди. Кейин улар қуръа ташлашга келишишди ва шундай қилишди.

    Қуръани қандай ташлаганларини биласизми? Тавротни кўчириб ёзадиган қаламларини Ундун дарёсига отадиган ва кимнинг қалами оқим билан бирга оқиб кетмай, ўрнида қолса, ўша киши Марямни ўз кафолатига оладиган бўлди. Дарҳақиқат, шундай қилдилар.

    Оқмай қолган биргина қалам эгаси ким бўлди, деб ўйлайсиз?! Ҳа, у Закариё алайҳиссалом бўлди. Бу эса Аллоҳнинг Ўзигагина аён бўлган ва У Зот бизларга билдирган ҳикмат туфайли, яъни Марям пайғамбар таълимини олиши, Аллоҳнинг пайғамбари, заковат соҳиби Закариёдан илм ва билим ўрганиши учун бўлганди. Закариё уларнинг пешволари, имомлари ва ўша замон пайғамбари эди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди».

    Закариё Марямни Аллоҳ наздида бу қадар олий рутбага етказган бу поклик, бу зоҳидлик ва бу тавҳиддан таажжубланарди. У қачон унинг ҳузурига кирса, у у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўрарди. (Бу ёз ва қишдан совуқ юртларники тушунилмасин, ҳодиса Фаластинда юз берган. Тарж)

    «У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилди».

    Шундай қилиб, Аллоҳ Марямни танлаб олди, поклик, иффат, салоҳият ва тақво бўстонидан бир тоза гулни ажратиб олди. Марям шу покиза жойда ва шу тоза иймоний муҳитда ўсиб-улғайди. Аллоҳ уни танлаб олди ва бутун дунё аёллари ичидан уни Ўз башоратига хослади. Нақадар буюк башорат! Нақадар олий танланиш!

    Аллоҳ таоло айтади: «Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат) қил!», деганларини эсланг!» (Оли Имрон: 42, 43).

    Оҳ, нақадар олий рутба, нақадар юксак даража, эй Марям!!

    Марям Парвардигорнинг ибодатида бир зум бўлса-да бўшашмади, ҳаёти мудом рукуъ ва сажда ичида ўтиб борарди. Бир кун келиб, Аллоҳ таоло унга бутун дунё оналарига насиб этмаган ўша олий мартабани ато этишни истади.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз – (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди.

    (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди.

    (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

    (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»

    (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир» (Марям: 16-21).

    Кунлардан бирида Марям ўзининг хос хонасида бокира қизларга хос ишлари билан банд экан, тўсатдан қўрқувдан овози бўғилди, даҳшатдан кўзлари қинидан чиқаёзди.. Чунки, покиза ва бокира қизнинг юрагини ёриб юборгудек ва ақлини карахт қилгудек бир синоат юз берганди!! Унинг хилват хонасида рўйи-рост бир эркак кўринишида малак пайдо бўлганди! Марям жон ҳолатда еру осмонлар Парвардигоридан ёрдам сўраб, илтижо қила бошлади. «(Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди».

    Ақлу заковатнинг ўткирлигига қаранг! У Жабборга (қудратли Зотга) сиғиниб, сендан паноҳ тилайман, демади, Ғаффорга (кечиримли Зотга) сиғиниб, сендан паноҳ тилайман, демади. Балки, Раҳмон (раҳмли Зот) зикри билан унинг қалбида раҳм-шафқат уйғотишни умид қилди ва Раҳмонга сиғиниб, сендан паноҳ беришини илтижо қиламан, деди. Яъни, менинг заифалигимга, аёллигимга, хилватда ёрдамчисиз эканимга раҳминг келсин, демоқчи бўлди.

    Бироқ, Аллоҳ таоло унга бундан-да каттароқ муфожаани (кутилмаган ишни) тайёрлаб турган эди. Аллоҳнинг изни билан ҳалиги инсон қиёфасидаги малак унга шундай хитоб қилди: «Сен қўрқма ва дилгир бўлма, мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун келган Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».

    Марям деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!». Ҳа, фаҳшдан мутлақо узоқ бўлган бу покиза қиз фарзанд вужудга келиши учун турмуш қурган бўлиш лозимлигидан бошқа нарсани билмас ва ўзини ҳали турмушга чиқмагани учун фарзандли бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасди!

    Шунда қатъий жавоб янграйди, малак ва буюк элчи хитоб қилади:

    «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».

    Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтганидек: «Яна ўз номусини сақлаган аёлни (яъни Марямни эсланг). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди) ва уни ҳамда ўғлини барча оламлар учун оят-ибрат қилдик» (Анбиё: 91).

    Шу ерда халқлар ичида умуман кўрилмаган ғайриоддий бир иш содир бўлди: «Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик». Ва у Ийсога ҳомиладор бўлди. Яъни, фаришта Жаброил Аллоҳнинг амри билан унинг кўйлаги устидан пуфлади. Бу эса Аллоҳнинг қудрати беқиёс ва чек-чегарасиз эканини халқларга кўрсатиб қўйиш учун эди. Ўз қосир ақли билан Аллоҳнинг қудрати чек-чегарасига етаман деб уринган кишининг мисоли тоғни бир жойдан бошқа жойга кўчиришга уринган чумолидан фарқсиздир! Ахир, Аллоҳ шундай Зотки: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

    Аллоҳ шундай Зотки, еру осмонлардаги бирон нарса Уни ҳаргиз ожиз қолдира олмас!

    Хўш, ким у осмонларни устунсиз яратиб қўйган Зот?!

    Ким у ерни яратган ва унда дарёлару денгизларни ёриб қўйган, уни дарахтлару ўт-ўланлар билан зийнатлаб қўйган Зот?!

    Ким у буғдой бошоғини яратган ва ундаги донни шундай мустаҳкам-метин парда билан ўраб қўйган, ҳар бир буғдой донаси учига тикан ўрнатиб қўйган Зот?! Хўш, нега У шундай қилиб қўйди?!

    Чунки, Аллоҳ таоло бу донни сен учун озуқа бўлишини истади ва қурт-қумурсқалардан ҳимоя қилиб қўйди эй одамзот!!

    Ким у инсоннинг ўзини ҳам шундай мукаммал ва гўзал қилиб яратиб қўйган Зот?!

    Аллоҳдир У, Аллоҳдир У, Аллоҳдир!!!

    «У — Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи ҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб турувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсиндирувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир» (Ҳашр: 22-23).

    Шеър (мазмуни):«Уфқларда Аллоҳга йўлловчи аломатлар бисёрдир,
    Эҳтимолки, сиз улардан жуда камин биларсиз.
    Унинг вужудингизда жойлашган аломатлари ҳам
    Жуда ҳайратомуздир агар очиқ кўз билан боқсангиз.
    Борлиқ сир-асрорлар билан тўладир,
    Уларга ечим қидирсангиз, ожиз қоласиз.
    Ўлим чангалига тушган табибдан сўранг:
    Эй дардларни даволовчи, сени ким ўлдирди?
    Тиббиёт фани даволашдан ожиз қолганидан сўнг
    Буткул тузалиб кетган бемордан сўранг, сени ким тузатди?
    Соппа-соғ туриб ўлиб қолган кишидан сўранг:
    Эй соғлом инсон, сени ўлимга ким маҳкум этди?
    Тиқилинчда туртинмай бораётган кўрдан сўранг:
    Эй кўзи ожиз, сени ким йўлга солмоқда?
    Кўзи очиқ бўла туриб чуқурга йиқилган
    Кишидан сўранг: Сени ким қулатди?
    Ташқи оламдан узилган, озуқасиз яшаётган
    Ҳомиладан сўранг: Сенга ким ризқ берди?
    Туғилиш пайти чинқириб йиғлаган
    Гўдакдан сўранг: Ким сени йиғлатди?
    Заҳар сочаётган илонни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сени заҳарга бой қилди?
    Сўранг: Оғзинг тўла заҳар бўла туриб,
    Ўзинг қандай ўлмай, омон юрибсан?
    Асаларидан сўранг: Қандай бол ясайсан?
    Асалдан сўранг: Сени ким тотли қилиб қўйди?
    Тезак ва қон орасидан отилиб чиқувчи
    Тоза сутдан сўранг: Ким сени мусаффо қилди?
    Ўликдан чиқиб келаётган тирикни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сенга жон бахш этди?
    Саҳрода ўсиб турган ёлғиз бутадан
    Сўранг: Ким сенга озуқа берди?
    Уруғни ёриб чиққан ниҳолни кўрсангиз
    Сўранг: Данагингни ким ёрди?
    Атрофга нур сочаётган ойни кўрсангиз
    Сўранг ундан: Ким сенга нур берди?
    Булутларга юзлашган тоғни кўрсангиз
    Сўранг: Сени ким бунчалар пурвиқор этди?
    Алангаси кўкка ўрлаган ўтни кўрсангиз
    Сўранг: Сенга ким бунчалар ҳарорат берди?».

    У Аллоҳдир.. У Аллоҳдир!!

    Жаброил айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир».

    Ҳа, бу иш Парвардигорга жуда осон.. ахир У эмасми бутун халқларни яратган Зот?! У эмасми Одам алайҳис-саломни отасиз ва онасиз яратган Зот?! Бас, шундай экан, Ийсони отасиз, онадан яратиш Унга ҳеч қийин эмас!! Бу иш одамлар учун Холиқнинг қудрати ҳадсиз-ҳудудсиз эканига бир далил бўлсин!

    Аллоҳ таоло айтади: «Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни  Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этувчилардан бўлди» (Таҳрим: 12).

    Ҳомила зоҳир бўлди.. Муфассирлар сўзлари ичида рожиҳроқ (кучлироқ) қавлга кўра, Марямдаги ҳомиладорлик одатий, тўққиз ой давом этди. Шубҳасиз, Аллоҳ жалла ва ало ғайриоддий бошланган бу ҳомиладорликни ғайриоддий ҳолда ниҳоясига етказишга, уни бир лаҳзанинг ўзида ёруғ дунёга келтиришга ҳам қодир Зот эди.. Лекин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Марямнинг сабру бардошини синамоқни, бокира ва пок Марямдан ўзга ҳеч бир аёл кўтаришга тоқати етмайдиган бундай улкан имтиҳон ва синовни кўтаришга бўлган куч-тоқатини имтиҳон қилишни истади.

    Марямда ҳомиладорлик белгилари кўриниб қолди.

    Юсуф ан-Нажжор – Байтул Мақдис хизматини қилиб юрувчи обид инсон – Марямнинг қорнида ҳомиладорлик белгилари бўртиб турганини кўргач, унга мурожаат қилиб, деди:

    – Эй Марям, уруғсиз ҳам экин бўлиши мумкинми?! Ёмғирсиз ўсимлик униб чиқадими?! Отасиз фарзанд вужудга келадими?!

    Юсуф закий ва фаросатли инсон эди. У Марямнинг покиза ва обида зот эканини биларди.

    Марям жавоб берди:

    – Ҳа, эй Юсуф.

    – Қандай қилиб, эй Марям?

    – Эй Юсуф, Аллоҳ Одамни яратганида уни отасиз ва онасиз вужудга келтирганини, биринчи бор ўсимликни яратганида уни уруғсиз вужудга келтирганини, набототни илк яратганида сувсиз ва ёмғирсиз яратганини унутдингми?!

    – Ҳа, шундай. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан – деди Юсуф.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».

    И з о ҳ. Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.

    Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.

    (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.

    Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.

    Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!

    Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар.

    Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»

    (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.

    Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.

    Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.

    Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». (Марям: 22-33).

    Ҳа, бешикда ётган чақалоқ Ийсо ана шундай деди! Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ! Мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Инжилни ато этди, мени пайғамбар қилди, модомики ҳаёт эканман, намозни адо этишга ва закотни ўташга буюрди, мени онамга меҳрибон қилди ва ерда зўравонлардан ва бадбахтлардан қилмади.

    Қуръон бизга Ийсонинг қиссасини шундай давом эттиради:

    Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо ибни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.

    Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.

    (Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга ибодат қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир». (Марям: 34-36).

    Аллоҳ насронийлар айтадиган сўздан покдир. Комиллик Унинг сифатларидан биридир! Аллоҳ таоло учун бола тутиш муносибми?!

    У нега фарзанд тутиши керак, ҳолбуки халқларидан беҳожат бўлса, халқлар эса Ундан асло беҳожат бўлолмасалар?!!

    Аллоҳ таоло фарзанддан ҳам, шерикдан ҳам, жуфтдан ҳам беҳожат Зот!!

    Шеър (мазмуни):Эй Масиҳга сиғинувчилар, сизга бир саволимиз бор,
    Унинг жавобини сиздан кутамиз.
    Агар илоҳ бир қавмнинг қўли билан ўлса
    Уни илоҳ деб аташ мумкинми?!
    Қизиқ, қабр худони ўз бағрига олса?!!
    Ундан ҳам қизиқроғи, она қорни уни кўтарса!!
    У ерда тўққиз ойни ўтказса,
    Зулматлар ичра ҳайз қонидан озиқланса?!!
    Заиф ва ночор гўдак ҳолида дунёга келса,
    Очликдан чинқириб, кўкракка талпинса?!!
    Еса, ичса, кейин ҳожат танг қилса?!!
    Илоҳ шундай бўладими?!!
    Насронийларнинг бўҳтонидан Аллоҳ покдир!!
    Эртага улар бу қилмишларига жавоб бергайлар!!

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Суҳбатимизнинг ушбу қисмини мана бу гўзал ва муборак сўзлашув билан якунламоқчиман. Унда Парвардигоримиз Ўз пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни мана бундай поклайди:

    «Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?»  деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 116-118).

    Иккинчи: Балки, Аллоҳ уни ўз ҳузурига кўтарди

    Яҳудийлар – уларга Аллоҳнинг тинимсиз лаънатлари бўлсин – Ийсо ибн Марямни ўлдиришганини ва чормихга тортишганини даъво қилишди. Насронийлар эса жаҳолат ва билимсизлик билан, Ийсо чормихга тортилиб, қатл қилинган, кейин уч кундан сўнг қабридан чиқиб келиб, самога кўтарилиб кетган, у Тангрининг – отасининг ёнида ўтиради, у тириклар ва ўликлар ўртасида ҳукм қилиш учун халос кунини кутади, деб даъво қилишди. «Уларнинг оғизларидан чиққан сўз оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар» (Каҳф: 5).

    Аллоҳ таоло ҳақни баён қилиб берди ва яҳуд ҳамда насронийларнинг ёлғонларини фош этди. Аллоҳ таоло айтади:

    «Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо ибн Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур» (Нисо: 157-159).

    Муфассирлар айтишларича, яҳудийлар Ийсони қатл қилиш учун келаётганларида Аллоҳ Яҳузо ал-Исхарютий (Judas Iscariot) деган шахсни Ийсо қиёфасига киритиб қўйди. Бу кимса яҳудийларга Ийсонинг турган жойини кўрсатиб бериш учун келаётган эди. Аллоҳ унинг ўзини балога гирифтор этиб, уни Ийсо қиёфасига киритиб қўйди. Шундан сўнг яҳудийлар уни тутиб, қатл қилдилар ва чормихга тортдилар.

    Бошқа бир қавл ҳам борки, уни саҳиҳ санад билан Ибн Аби Ҳотим ва Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Ибн Касир «Нисо» сураси тафсирида уни саҳиҳ санаган.

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар:

    Аллоҳ таоло Ийсони самога кўтаришни истаганида у ҳаворийларидан ўн икки нафари йиғилиб ўтирган хонага кирди ва уларга: «Ораларингиздан бир киши менга иймон келтирганидан кейин тезда яна кофир бўлади», деди.

    Сўнг уларга: «Қай бирингиз менинг қиёфам унга ташланишини ва менинг ўрнимга қатл этилиб, жаннатда мен билан бир даражада бўлишни қабул қилади?», деди.

    Шу ерда ўтирганлар ичида энг ёши кичиги бўлган бир ёш йигит ўрнидан туриб: «Мен», деди.

    «Ўтир!», деди унга Ийсо. У жойига ўтирди.

    Кейин Ийсо яна ҳалиги сўзларини такрорлади. Яна ўша йигит ўрнидан турди. «Ўтир!», деди унга Ийсо яна. У яна жойига ўтирди.

    Кейин учинчи марта ҳалиги сўзларини такрорлади. Яна ўша йигит ўрнидан турди. Шундан сўнг Ийсо: «Ҳа, у сен экансан», деди. шундай қилиб, Аллоҳ таоло ўша йигитга Ийсонинг қиёфасини туширди, Ийсони эса самога кўтарди.

    Ийсони ўлдириш қасдида келган яҳудийлар у йигитни тутиб, қатл қилдилар ва уни чормихга тортдилар. Ийсога иймон келтирганлар ичидан баъзиси Ийсо бироз олдин хабар берганидек, унга кофир бўлди.

    Энди Аллоҳ таоло Ийсони бир неча ҳикматлар туфайли ерга туширади.

    Жумладан, уни ўлдирганларини даъво қилган яҳудийларни ёлғончи қилиш учун;

    Шунингдек, ушбу ҳақиқатдан кўз юмган жоҳил насронийларни ёлғончи қилиш учун;

    Барча инсонларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашган муваҳҳидлар одамлар ичида Ийсога энг яқинроқ кишилар эканини, чунки Ийсо тушиб келгач, Аллоҳнинг Китоби ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари бўйича ҳукм қилишларини билдириш учун туширади.

    Қолаверса, Аллоҳ таоло Ийсони шу ер юзида вафот эттириш учун ҳам туширади. Акс ҳолда, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзларига нима дейсиз:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилувчиман ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўюрман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман» (Оли Имрон: 55).

    Жумҳур муфассирлар сўзларига кўра, оятда айтилган вафот қилдириш кичик ўлим маъносидадир. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтганидек: «У кечаси «жонингизни оладиган» (яъни уйқу берадиган), кундузи қилган ишингизни биладиган зотдир» (Анъом: 60).

    Яна бир оятида айтганидек: «Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Зумар: 42).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уйқудан турганларида: «Бизни ўлдирганидан сўнг яна қайта тирилтирган ва қайтиш ҳам Унинг ҳузурига бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дердилар (Бухорий: 6312, Термизий: №3413, Абу Довуд: №5049).

    Демак, юқоридаги оятда айтилган «Мен сени вафот қилдирувчиман» деган оятдан мурод – кўзингга уйқу солувчиман, демакдир. Мана шу билиттифоқ кичик ўлимдир. Шундан сўнг Аллоҳ уни осмонга кўтарди, кейин уни Ўзи истаган пайтда туширади.

    Учинчи: Ийсонинг самодан ерга тушишлари

    Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Ўз ҳузурига кўтарганини ва уни Ўзи истаган кунда қиёмат қойим бўлишининг катта аломатларидан бири сифатида яна қайта ерга туширишини баён қилди. Қуръонда шундай дейилади:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачонки (Ийсо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. Улар: «Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни Ийсоми?!) дедилар. Улар (бу мисолни) сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!

    И з о ҳ. Бу оятлар мушриклар Ийсо ибн Марямни мисол қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни мулзам этмоқчи бўлишгани хусусидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшликларга «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир», оятини (Анбиё сураси, 98-оят) тиловат қилганларида, мушриклар ғазабга минишиб: «Эй Муҳаммад, бу фақат бизларга тегишлими ёки барча миллатларгами?» деб сўрашади. Ҳазрат уларга «Бу оят барча замонлардаги мушриклар ва улар сиғинадиган нарсаларга тегишлидир», деб жавоб бергач, улардан бири туриб: «Ахир сен Ийсони Аллоҳнинг пайғамбари деб эдинг-ку! Ҳолбуки насронийлар уни худо деб сиғинадилар. Бас, агар Ийсо насронийлар уни худо қилиб олганлари сабабли дўзахга тушадиган бўлса, бизлар ҳам ўз худоларимиз билан дўзахга тушишга розимиз. Энди бизларга айтгин-чи, бизларнинг худолари­миз яхшироқми ёки Ийсоми?!» деди. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, Ийсо пайғамбардан кейин насронийлар у зотни худо қилиб олишганлари учун у киши айбдор эмасликлари, бу мушриклар эса фақат талашиб-тортишиш учун­гина бундай беҳуда мисолларни келтиришлари баён этилади. Қуйидаги оятларда Ийсо ибн Марям ким бўлганликлари хусусида яна бир бор уқтирилади.

    У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни (отасиз дунёга келтириш билан) Бани Исроил учун (Бизнинг қудратимизни намойиш қиладиган) бир мисол-ибрат қилдик. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга Ерда ха­лифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик.

    Албатта у (яъни Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (Соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! (Эй Муҳаммад, Макка аҳлига айтинг): «Менга эргашинглар. Мана шу Тўғри йўлдир» (Зухруф: 57-61).

    Ибн Жарир саҳиҳ санад билан ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Албатта у қиёмат ҳақидаги аломатдир» ояти ҳақида, яни, Ийсонинг тушиши, деганлар. Ийсо тушса, бу қиёматнинг яқинлашганига далолат қилувчи катта аломат бўлади.

    Аллоҳ таоло юқорироқда зикр қилинган оятда айтганки: «Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур». Яъни, Ийсо алайҳиссалом ўлимларидан олдин, демакдир.

    Саҳиҳ ва мутавотир Суннат (ҳадислар) ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан ерга тушишларини баён қилган.

    «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Шунда у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади, молу дунёни тошириб юборганидан уни биров олмай қўяди» (Бухорий: №2222, Муслим: №155).

    Абу Довуд «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    «Мен билан Ийсо ибн Марямнинг орамизда набий йўқ. У албатта нозил бўлгай. Қачон уни кўрсангиз, таниб олингиз. У ўрта бўйли ва ўртача жуссали, оқ-қизилга моил рангли кишидир. Боши ҳўл бўлмаса ҳам, ундан сув томчилаб турганга ўхшаб кўринади». (Абу Довуд: №4324, Албоний «Ас-саҳийҳа»да (№2182) саҳиҳ санаган).

    «Саҳиҳ Муслим»да Наввос ибн Самъондан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ийсо Димашқнинг шарқий тарафидаги оқ минора олдида (оч сариқ рангга бўялган) икки кийим ичида, икки қўлини икки фариштанинг қанотига қўйган ҳолда нозил бўлади. Қачон бошини эгса, қатралар тушади. Қачон уни кўтарса, ундан луълуъ каби доналар тўкилади. Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо Димашқдан Байтул Мақдисга қараб йўл олади. (У етиб келганида) намозга иқомат айтилган пайт бўлади. Зийрак ва закий имом Аллоҳнинг пайғамбари Ийсони кўриб, танийди ва Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо намоз ўқиб берсинлар, деб орқага чекинади. Шунда Ийсо алайҳиссалом келиб, қўлини мусулмонлар имоми елкасига қўяди ва: «Сиз учун намозга иқомат айтилди. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди. Сўнг Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо мусулмонлар имоми ортида намоз ўқийди. Намоздан сўнг Ийсо пайғамбар Байтул Мақдис эшигига қараб кетади ва уларга уни очишни буюради. Эшикни очишгач, эшик ортида Дажжолни қуролланган етмиш минг яҳудий билан турганини кўрадилар. Дажжол Аллоҳнинг пайғамбари Ийсони кўриши билан сувга тушган туздек эрийди ва қоча бошлайди. Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо унинг ортидан қувиб бориб, Фаластиндаги Луд дарвозаси олдида тутиб олади ва уни ўлдиради ва халқларни Дажжолнинг ёмонлигидан қутқаради».

    Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббонда» келган ва Ҳофиз Ибн Ҳажар санадини саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда қизиқ бир гап айтганлар: «Ийсонинг даврида Исломдан бошқа барча миллатлар ҳалок бўлади, Аллоҳ таоло ал-Масиҳ ад-Дажжолни ҳалок қилади, ерга омонлик нозил бўлади, ҳатто шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан яйловда бирга бўлади» (Муснад: №8902).

    Мусулмон биродарим! Ҳадиснинг бошидаги сўзларга эътибор беринг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломдан бошқа барча миллатлар ҳалок бўлишини хабар бермоқдалар.

    Субҳаналлоҳ!! Аллоҳу акбар!!

    Шодлан эй муваҳҳид! Хурсанд бўл эй «ла илаҳа иллаллоҳ» ошиғи!

    Ҳа, Аллоҳга қасамки, Исломдан ўзга барча динлар ҳалок бўлгай! «Аллоҳ наздида мақбул дин Исломдир» (Оли Имрон: 19).

    Энди ҳадис давомига диққат қилинг! Шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан ёнма-ён юрса!!

    Абу Умома ривоятида – санади саҳиҳ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бўри қўйлар билан худди (поданинг) итидек бўлади. Гўдак бола шер ёнидан ўтса, у унга зарар етказмайди. Қизалоқ илон ёнидан ўтади, у унга зиён етказмайди. Зулм кўтарилиб, тинчлик-омонлик ва фаровонлик қарор топади. Барака зиёда бўлиб, ерга эминлик нозил бўлади».

    Наввос ибн Самъон ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кейин ерга: «Ҳосилингни ундир, баракангни қайтар» дейилади. Ўша кунда одамлар бир анорнинг ўзини еб, пўстлоғини соябон қиладилар. Подаларга барака киритилади. Ҳаттоки бир туянинг сути бир катта жамоа одамларга кифоя қилади. Бир сигирнинг сути бир қабила одамларга етади. Бир қўйнинг сути бир уруғ одамларга етади…» (Муслим: №2937).

    Субҳаналлоҳ!!

    Шундай қилиб, ер аҳли тарихда мисли кўрилмаган фаровон ҳаёт кечира бошлайди. Ҳатто, Дайламий ва Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Масиҳ (тушгани)дан кейинги ҳаёт нақадар яхши, Масиҳ (тушгани)дан кейинги ҳаёт нақадар яхши! Осмонга ёмғир ёғдиришга изн берилади. Ерга набототларни ундиришга изн берилади. Ҳатто, силлиқ тошга уруғ қадасанг ҳам, албатта униб чиқади. Одамлар ўртасида адоват, ҳасад ва нафрат бўлмайди. Бир киши шернинг олдидан ўтади, у унга зиён етказмайди. Илонни босиб олади, у унга зиён етказмайди. Одамлар ўртасида адоват, ҳасад ва нафрат бўлмайди» (Албоний «Ас-саҳийҳа»да (№1926) саҳиҳ санаган).

    2011 йил 2-июн

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962