Истихора дуоси

    3548 марта кўрилган

    (Истихора – яхшиликни талаб қилиш)

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Барча оламлар парвардигори, ҳамма нарса Ўз қўлида, ҳамма нарсага қодир, қайси ишнинг оқибати хайрли, қайсиники хайрсиз ҳаммасидан хабардор, яхшиликни сўровчига яхшилик ато этгувчи Аллоҳу таолога беадад ҳамду-санолар, яхшилик йўлларига етакловчи, хайрсиз йўллардан огоҳлантиргувчи, умматларига меҳрибон пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга, аҳли байтларига ва у зотдан яхшилик йўлларини таълим олиб, кейингиларга таълим берган саҳобалар ва тобеинларга ҳамда уларга яхшилик билан эргашган – қиёмат кунига қадар келгувчи – барча мўминларга дуруду-саловотлар бўлсин!

    Абдурраззоқ ал-Бадр айтади:

    Бу ўринда, ″Истихора″ дуоси ҳақида сўз боради. Мусулмон одам оқибати–келажаги қандай бўлишини билмаган бир ишга қасд қилган пайтда, ушбу дуони ўқимоғи керак (яъни, ана ўша ишга қадам қўйишдан аввал ″Истихора″ дуосини ўқимоғи суннатдир).

    Саҳиҳ ал-Бухорийда Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.

    Жобир айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга Қуръондан сура таълим берганлари каби, барча ишларда ″Истихора″ қилмоқни таълим бериб айтар эдилар: ″Қачонки, сизлардан бирингиз бир ишни (қилмоқликни) қасд қилса, фарз номоздан бошқа (алоҳида) икки ракаат намоз ўқисин, кейин айтсин: ″Эй, Аллоҳим албатта мен Сенинг илминг билан, Сенинг Ўзингдан яхшилик талаб қиламан ва Сенинг қудратинг билан Сенинг Ўзингдан қудрат талаб қиламан ва Сендан буюк фазлингдан сўрайман, Сен албатта Қодир Зотсан, мен қодир эмасман ва Сен биласан, мен эса билмайман ва Сен ғайб(иш)ларни жуда яхши билгувчи Зотсан. Эй, Аллоҳим агар билсанки, албатта мана шу иш (шу ўринда ҳожатини номи билан айтади (яъни, қандай ҳожати бўлса, уйланишми, сафарми ва ҳоказо… шуни баён қилади) менинг учун динимда, маишатимда (ҳаётимда) ва ишимнинг оқибатида (охирида) — ёки айтсаки: ишимнинг ҳозири ва келажагида — хайрли бўладиган бўлса, уни менга тақдир айлаб, муяссар қилгин сўнгра у нарсада менга баракот ато эт. Агар билсангки, албатта бу иш менинг учун динимда, маишатимда (ҳаётимда) ва ишимнинг оқибатида (охирида) — ёки айтсаки: ишимнинг ҳозири ва келажагида — ёмон (хайрсиз) бўладиган бўлса, у ишни мендан ва мени у ишдан (четга) бургин – йироқлаштиргин, қаерда бўлса ҳам, менга яхшиликни тақдир айла сўнгра мени ўшанга рози қилгин (яъни, рози бўлмоғимни насиб айлагин)» (Бухорий: 1162 ва 7390 – ҳадисларга қаранг)

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бир ишга қадам қўйиб, унинг оқибати хайрли ё хайрсиз, фойдали ё зарарли эканини билмай, тараддудланиб қолган мусулмон кишини ушбу муборак, буюк дуога иршод этдилар (яъни, далолат қилдилар). Бу муборак дуо, Ислом уммати учун жоҳилият аҳлларидан бир киши, уйланиш, сафар қилиш, олди-сотти ва шу каби ишларга ҳожати тушганида, амал қиладиган қуш учириб фол очиш, азломлар (камон ўқлари) билан қисмат талаб қилиш каби амаллар ўрнига эваздир. (Яъни, Ислом бу каби хурофий ишлардан ман қилиб, ўрнига ушбу муборак дуони жорий этди). Улар бу (хурофий)амаллар билан ўзларига тақсим этилган, ғайбдаги нарсаларни билишни талаб қилишар эди. Жоҳилият аҳлларининг бу қилиб келган амаллари гумроҳлик ва ақлсизликдир. Аллоҳ таоло Ислом умматини, яхши ишларга ва яхшилик калитларига ва икки дунё саодатига олиб боргувчи йўлларга ҳидоят этиб қўйди. Ислом умматига ҳидоят тариқасида это этилган ушбу буюк дуо ҳам, ана ўша, сизларга баён қилганимиз – ҳидоятлар жумласидандир.

    Ибнул Қаййим раҳимахуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло уларга (мўминларга) мунажжимдан хабар сўраш, толеи (юлдузи баланд, паст экани)ни ахтариш ва шу каби хурофотлар ўрнига, тавҳидни, У Зотнинг Ўзига муҳтожликни, убудийят (ҳақиқий бандалик)ни, таваккулни ва сўрашликда ҳар бир яхшилик қўлида бўлган, бандасига яхшилик(эшик)ларини очиб қўйса, ўзга биров ёпа олмайдиган, агар ёпиб қўйса, ўзга биров оча олмайдиган Буюк Зотнинг ўзидангина сўрашни ўзида мужассам этган ушбу дуони эваз қилиб берди. (Яъни, жоҳилият хурофотларидан ман этганлиги эвазига ушбу муборак дуони ато этди). Ушбу дуо Аллоҳ таоло томонидан яхшиликлар берилган, тавфиқ ва саодат аҳлларининг саодатли, баракотли, баланд ва нурли толесидир. Аллоҳ таолодан ўзгани Аллоҳ билан биргаликда илоҳ (маъбуд) қилиб олган – ″бу қилмишларининг оқибатини яқинда биладир″ – ширк, бадбахтлик ва омадсизлик аҳлларининг паст ва нурсиз толелари эмас!

    Ушбу дуо Аллоҳ Субҳанаҳунинг борлигини, беқиёс илм, чексиз қудрат, ирода ва шу каби комил сифат соҳиби эканини, У Буюк Зотни парвардигор деб иқрор этишни, барча ишларни Унга топшириб, Ундан ёрдам сўраб, Унинг Ўзига таваккал қилишни, ўзининг заифлигини тан олиб, куч-қудрат фақатгина У Зот томонидан ато этилишига қатъий ишонишни, банда ўзига нима нарсалар фойдали эканини билмаслиги ва уларни ўзига жалб этишдан ожизлигини эътироф этишини ва албатта бу нарасаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қўлида эканига иймон келтиришни ўзида мужассам этади…» ва сўзининг охирида Ибнул Қаййим айтади: ″Мақсад шуки, албатта ″Истихора″ Аллоҳга таваккал қилиб, ўзни Унга топширишдир. У Зотнинг бандасига яхшиликни ихтиёр этиши, илми ва қудрати билан У Зотнинг Ўзидангина қисмат талаб қилишдир. Яна, у (яъни, ушбу дуо) банда У Зотни роббим деб, рози бўлишининг талабларидандирки, бу даражага етиб бормаган одам иймоннинг лаззатини татий олмайди. Банда буларнинг барчасидан кейин тақдирга тан берса, мана шу унинг бахт-саодатининг аломатидир″. (Ибнул Қаййимнинг ″Зодулмаъод″ китобидан)

    Раббининг ҳамма нарсани иҳота қилиб олгувчи илми билан, У Зотнинг Ўзидан яхшилик талаб қилган, ҳамма нарса устидаги Унинг Комил Қудрати билан қудрат талаб қилган ва У Буюк Зот Субҳанаҳунинг Буюк Фазлидан умид қилиб, сўраган киши асло пушаймон бўлмагай.

    Жобир разияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга, барча ишларда ″истихора″ қилмоғимизни, худди Қуръон сураларини таълим берганларидек таълим берардилар», деган сўзларида: ″Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуога қаттиқ аҳамият берганларига, унга риоя қилиб, қаттиқ эътибор қаратганларига далолат бор″.

    У зот разияллоҳу анҳунинг «Бизларга, сизлардан бирингиз бир ишни қасд қилса», деган сўзлари эса: ″Яъни, сафарга чиқмоқ, уйланмоқ ва шунинг каби ишларнинг оқибати қандай бўлишини билмаса, деганидир. Аммо фарз амалларни бажаришда, ҳаром қилинган амалларни тарк этишда ″истихора″ қилинмайди″. (Масалан, закот вожиб бўлган киши закот беришдан аввал ″истихора″ қилмайди, шунингдек, ароқ ичишдан қайтарилган шахс, аввал истихора қилайин кейин… демайди).

    «Фарздан бошқа икки ракаат номоз ўқисин» деган сўзлари: Яъни, аслида фарз этилган номозлардан бошқа, икки ракаат номоз ўқисин, зеро у ўқиган икки ракаат номози яхшилик эшикларини очгувчи калит, талабларини қабул этилиши ва мақсадларини рўёбга чиқарилиши учун асосий омилдир.

    Бирон бир ҳадисда мана шу номоз – ″истихора″ учун ўқилган номозда, қироат қилиниши учун, Қуръондан муайян бир оят ёки сурани таъйин этилган эмас. Шунинг учун ″истихора″ қилувчи киши, Қуръондан муайян бир ўринни ўқиш лозим деб билмай, Аллоҳ муваффақ қилганича билган еридан ўқиши мумкин.

    «Кейин айтсин» деган сўзларининг зоҳири шуни кўрсатадики, дуони номозни тамомлагандан кейин яъни, салом бергандан кейин ўқилиши керак. Аммо саломдан аввал яъни, намоз охирида айтиладиган дуолар сўнгида ўқиш жоизлигининг эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бироқ салом бериб, намоздан чиқиб, ўқиши афзалроқдир. Қўл кўтариб дуо қилиш ижобат сабабларидан бўлгани учун, икки қўлини кўтарган ҳолда дуо қилиши янада яхшироқдир.

    ″Истихора″ дуосини ёд билмаган киши, уни китобдан қараб ўқиши ҳам мумкин. Аммо, дуо қилаётган чоғида қалбини ҳозирламоғи, Аллоҳ таолога ёлбормоғи, дуони сидқи дилдан қилмоғи ва бу муборак дуонинг маъноларини тааммул қилмоғи лозим бўлади. Дуони ёд билмаган, китоби ҳам бўлмаган киши эса, ″Истихора″ қилмоқлиги зарур бўлиб қолса, икки ракаат намоз ўқиб, яхшилик талаби маъносидаги дуолардан муяссар бўлганича (яъни, билганича) дуо қилса ҳам, жоиз бўлаверади.

    «Эй, Аллоҳим албатта мен, Сенинг илминг билан, Сенинг Ўзингдан яхшилик талаб қиламан» деган сўзлари: Яъни, Эй, Аллоҳим мен Сендан менинг учун, ҳамма нарсани – бўлган, бўлажак ва ҳали бўлмагану агар бўлса қандай шаклда бўлишини–иҳота қилиб олган илминг билан ишларимдан энг хайрлигини, энг тўғрисини ихтиёр этишингни сўрайман.

    «Сенинг Ўзингдан буюк фазлингдан (ато этишингни) сўрайман» деган сўзлари: Эй, Аллоҳим Сен мени Ўз фазлинг билан икром этиб (ёрлақаб), неъматларинг билан, менга миннат этмоғингни сўрайман. Сенинг ёлғиз Ўзинг, инъом этувчи, фазлу-карам соҳиби, шериксиз, Ягона, Маъбуди барҳақсан!

    «Сен албатта Қодирсан ва мен қодир эмасман, Сен биласан ва мен билмайман ва Сен Ўзинг ғайб(иш)ларни жуда яхши билгувчи Зотсан» деган сўзларида, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодир эканига, Еру, осмондаги бирор нарса Унинг илмидан четда қолмаслигига иймон келтириш ва банданинг заифлиги – ожизлиги ва ўзининг валий – хожаси бўлмиш Аллоҳга муҳтож эканини эътироф этиш мавжуддир.

    «Эй, Аллоҳим агар билсангки, албатта мана шу иш…» деган сўзларидаги ″иш″дан мақсад қадам қўймоқчи бўлган ишидир. Шунинг учун у қилмоқчи бўлган ишни айни ўзининг номини – уйланишми, олди-соттидими, сафарми ва ҳоказо, нима иш қилмоқчи бўлган бўлса, ўша ишни номи билан зикр қилади.

    «Агар билсангки» деган сўзлари банда ўз ишларининг оқибати қандай эканини билмаслигига, Аллоҳ Субҳанаҳунинг илми эса, ҳамма нарсани иҳота қилиб олувчи эканига далолат қилади.

    «Менинг учун динимда, маишатимда (ҳаётимда) ва ишларимнинг оқибатида яхши бўлган…» деган сўзлари: Энг аввал динни зикр қилдилар зеро, дин соғлом бўлса, ҳамиша яхшилик мавжуддир, агар динга халал етгудек бўлса, ундан сўнг яхшиликдан умид йўқдир.

    «Ёки, ишимнинг ҳозири ва келажагида» деган сўзлари: Ҳадис ривоят қилувчининг шакка тушиб қолиши, яъни шу ўринда қайси лафзни ишлатганларини аниқ билмай қолганлигидир (бу эса саҳобаларнинг ҳадис ривоят қилишда қай даражада омонатдор эканликларига далолат қилади). Ушбу икки лафз ҳам юқоридаги маънони ифодалайди.

    «Уни менга тақдир қил, уни менга енгил қил» деган сўзлари: Яъни, шу ишни менга тақдир айлаб, муяссар қил.

    «Сўнгра, унда мен учун баракот ато эт» деган сўзларида уни (у ишни) мен учун бардавом айлаб, зиёда қилгин дейилган маъно бор, чунки, баракот неъматнинг давомли туришини ва униб-ўсишини ўз ичига олади.

    «Агар билсангки, бу иш менинг учун ёмон…» деган сўзлари ва дуонинг охиригача бўлган жумлалардан, бу ишдан унинг кўнглини четга буриб қўйишни, у билан бу ишнинг ўртасини узоқлаштиришини ва бу иш вужудга келиши ёки келмаслигида нимани қисмат этилган бўлса, ана ўша нарсага рози бўлишни насиб этмоқни Аллоҳнинг Ўзидан тиламоқ кераклиги тушунилади.

    Яхшилик Аллоҳ Субҳанаҳу ихтиёр этган нарсада, тавфиқ ҳам, У Зотнинг қўлидадир. У Буюк Зот Ўзигина тўғри йўлга етакловчидир.

    (Таржимон томонидан икки калима: Бизнинг юртларда ″Истихора″ ҳақида суннатда келмаган бир тушунча бор: «Ухлашдан аввал икки ракаат намоз ўқиб, ″Истихора″ дуосини ўқигандан сўнг ухласин, қилмоқчи бўлган иши хайрлими ёки хайрсизми тушида аён бўлади, шу тушига қараб амал қилади» дейилади. Бу нотўғри тушунчадир. Чунки, ″Истихора″ қандай суратда бўлишини баён қилинган саҳиҳ ҳадисда, туш ҳақида ҳеч қандай гап келган эмас. Суннатда баён қилинмаган. Асли йўқ нарсага амал қилинмайди).

    Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадрнинг ″Фиқҳул-адъияти вал-азкор″ китобидан олиб, эркин услубда таржима қилинди.

    Абдулҳафиз Сирож таржимаси

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962