Бизга боғланинг
Эҳромда таъқиқланган ишлар ҳақидаги боб
Эҳромда таъқиқланган ишлар – эҳромга кирган киши эҳром сабабли тийилиши шарт бўлган ва қилиши ҳаром бўлган ишлар бўлиб, улар жаъми тўққизтадир:
Биринчи: Соч ва тукларни олиш. Эҳромдаги киши узрсиз баданидан биронта ҳам тукни қириш, юлиш ё бошқа йўллар билан кетказиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло: «Ҳадянгиз ўз жойига етиб бормагунча бошларингизни (сочларингизни) қирманг!», деди (Бақара: 196). Аллоҳ таоло бошни қиришга оят туширди, бадандаги ҳамма туклар ҳам бунга мувофиқ келади, чунки шунинг маъносидадир. Қолаверса, соч-тукларни олиш билан дабдаба (ўзига парво қилиш) ҳосил бўлади, бу эса эҳромга зид келади. Чунки, эҳромдаги киши сочлари тўзғиган ва баданига чанг-ғубор қўнган бўлади.
Агар кўзига тук чиқса (киприк ичкарига қараб ўсса), уни олиб ташлайди, унга фидя бериш лозим эмас. Чунки, у ўз ўрнидан бошқа жойдаги тук бўлиб, озорни кетказган бўлади.
Иккинчи: Узрсиз қўл-оёқ тирноқларини олиш. Агар тирноғи синса, уни олиб ташласа ёки тери билан бирга кўчиб кетса, унга фидя бермайди. Чунки, у бошқа бир аъзога эргашиб тушиб кетган бўлади, тобеъга эса алоҳида ҳукм йўқдир.
Аммо, агар бит ёки бош оғриғи туфайли сочини қирдирса, унга фидя лозим бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга ярим соъ таом) садақа бериш ёҳуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин!», деди (Бақара: 196).
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Бошимда озор-оғриқ билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кўтариб олиб келиндим, юзимда битлар ўрмалаб юрарди. У зот: «Сизга бу даражада қийинчилик етади деб ўйламаган эдим. Бир қўй топа оласизми?», дедилар. Мен: «Йўқ», дедим. Шунда «У ҳолда рўза тутиш ёки садақа бериш ёҳуд (қўй) сўйиш билан эваз тўласин!» ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У (яъни, эваз) уч кун рўза ёки олтита мискинга таом бериш ёки битта қўй сўйишдир», дедилар (Бухорий (1816) ва Муслим (1201) ривоятлари).
Чунки, бу ерда озор сочдан бошқа нарсадан, яъни битдан ҳосил бўлган эди.
Эҳромдаги киши сочини сидр ёки бошқа нарса билан ювиши мумкин. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромда бўлган ҳолларида бошларини ювдилар, сўнг қўлларини бошлари устида юргизиб, олдинга ва орқага қилдилар» (Бухорий (1840) ва Муслим (1205) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эҳромдаги киши билиттифоқ жанобатдан (яъни, уйқусида эҳтилом бўлса) ғусл қилиши, шунингдек, жанобатдан бошқа сабаб билан ҳам ғусл қилиши мумкин» (Мажмуъул-фатава: 26/116).
Учинчи: Эркак киши бошини ўраши. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам салла ва бош кийим кийишдан қайтарганлар.
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бошни ўраш кўзланган ҳар бир бошга тегиб ва ёпишиб турувчи, салла, шляпа, дўппи, дубулға ва шу каби нарсалар билиттифоқ мамнуъдир» (Зодул-маъод: 2/243).
Бошни ўраб турувчи нарса саллага ўхшаган оддий бош кийими бўладими, ёки қоғоз, лой, хинага ўхшаш нарсами, ёки боғичми, фарқсиздир.
Чодир, дарахт, уй ёки шу кабилар билан сояланиши мумкин. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун чодир тикилган ва у зот эҳромда бўлган ҳолларида унга келиб тушган эдилар (Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда келган).
Эҳромдаги киши зарурат бўлса шамсия (соябон, зонтик) билан сояланиши жоиз, шунингдек, томи ёпиқ автоуловга миниши, боши устида бирон матони кўтариб сояланиши мумкин.
Тўртинчи: Эркак киши бутун баданига ёки баданининг бир қисмига кўйлак, салла, шим каби бирон мослаб тикилган кийимни кийиши, бир аъзо миқдорида қилинган маҳси, қўлқоп, пайпоқ каби нарсаларни кийиши. Чунки, «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан муҳрим (эҳромдаги киши) нима кийиши мумкинлиги ҳақида сўралганда: «Кўйлак, салла, бурнус (кулоҳ ёки ёқасига қалпоқ бириктирилган устки кийим номи), сирвол (шалвар, иштон), варс (сариқ-қизғиш ранг) ва заъфарон теккан кийим, махси киймайди», деганлар (Бухорий (1542) ва Муслим (1177) ривоятлари).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳримни кўйлак, бурнус, сирвол, маҳси ва салла кийишдан қайтардилар, вафот этган муҳримнинг бошини ўрашдан қайтардилар, жубба билан эҳромга кирган кишини жуббасини ечиб ташлашга буюрдилар. Мана шу жинсдан бўлган нарсалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалар маъносидадир. Кўйлак маъносида бўлган нарсалар кўйлак билан бир хил бўлади, хоҳ енгли бўлсин, хоҳ енгсиз бўлсин, хоҳ қўлини киргизиб олсин, хоҳ киргизмасин, хоҳ бутун бўлсин, хоҳ йиртилган бўлсин, фарқи йўқ. Шунга ўхшаш, жубба ва икки қўлини орасидан чиқариб оладиган абоъ (чопонсимон устки кийим) ҳам киймайди…»
«Бу фуқаҳоларнинг тикилган кийим киймайди, деган сўзлари маъносидир. Тикилган кийим – аъзонинг ўлчамида бўлган кийимдир. Сирвол маъносида бўлган шим ва бошқа кийимларни ҳам киймайди» (Мажмуъул-фатава: 26/110-111).
Эҳромдаги одам наъл (тўпиқни ўрамайдиган барча оёқ кийимлар: туфли, шиппак, сандал, кета, кроссовка кабилар, ИНТ изоҳи) тополмаса, маҳси (яъни тўпиқ ва болдирни ўраб турадиган оёқ кийими, ИНТ) кийиши мумкин, изор-лўнгги тополмаса, то топгунича шалвар кийиб туради. Изор топилса, шалварни ечиб ташлаб, изор кийиб олади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда изор тополмаган кишининг сирвол кийишига рухсат берганлар (Бухорий (1841) ва Муслим (1178) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Аёл киши эса сатрга эҳтиёжи борлиги учун эҳромдалик ҳолида ўзи истаган кийимини кияверади. Фақат бурқуъ – икки кўзининг ўрнигина очиқ бўлган, юзга тўсиб олинадиган кийим киймайди, юзини рўмол ва жилбоб каби бошқа бирон нарса билан тўсиб олади.
Қўлларига қуффоз – қўлқоп ҳам киймайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳрима аёл ниқоб тутмайди, қуффоз киймайди», деганлар» (Бухорий (1838) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривояти).
Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «У зотнинг аёл кишини ниқобланишдан ва қуффоз кийишдан қайтаришлари унинг юзи эркак кишининг боши эмас, балки баданига ўхшаган эканига далил бўлади. Демак, аёл киши юз ўлчовида қилинган ниқоб ва бурқуъ тақиши ҳаром бўлади, бироқ юзини жилбоб каби бирон нарса билан тўсиши ҳаром эмас. Сўзларнинг саҳиҳроғи шудир» (Таҳзибус-сунан: 2/350-352).
Ниқобдан бошқа бирон нарса билан юзини эркаклардан албатта тўсади. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга муҳрим бўлган ҳолимизда отлиқлар ёнимиздан ўтиб туришар, рўпарамизга яқинлашганларида (ҳар) биримиз юзига жилбобини тушириб оларди, ўтиб кетишгач, яна очиб олардик» (Абу Довуд (1833), Ибн Можа (2935), Аҳмад (6/30, №24021) ривоятлари.
Юзига ташлаб олган нарса юз терисига тегиб туриши зарар қилмайди. Чунки, аёл киши фақат (юзга мослаб тикилган) бурқуъ ва ниқобдан қайтарилган, юзини бошқа нарсалар билан тўсишдан эмас.
Шайхулислом айтади: «Аёл киши сутрасини (ёпинчиғини) қўли билан ё бирон чўп билан юзидан узоқлаштириб туриши лозим эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўллари ва юзини бир хил санаганлар, ҳар иккаласи эркак кишининг баданига ўхшагандир, бошига эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари юзларига бирон нарса ташлаб олишар, бироқ уни юздан узоқроқ тутишга риоя қилишмасди» (Мажмуъул-фатава: 26/112).
Яна айтади: «Юзини ниқоб ва бурқуъдан бошқа, юзга тегиб турувчи нарса билан тўсиши жоиз» (Ал-фатавал-кубро: 5/382).
Бешинчи: Хушбўйлик суриш. Эҳромдаги киши баданига ёки кийимига хушбўйлик суртиши ёки емак-ичмагига хушбўй модда аралаштириши мумкин эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жубба кийиб олган кишини жуббасини ечиб ташлашга ва хушбўйлигини ювиб ташлашга буюрганлар (Бухорий (1789) ва Муслим (1180) Яъла ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Туясининг оёқлари остида қолиб, вафот этган муҳрим ҳақида: «Унга ҳанут (хушбўйлик) суртманглар», деганлар (Бухорий (1265) ва Муслим (1206) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Имом Муслим ривоятида: «Унга хушбўйлик теккизманглар».
Муҳримни хушбўйликдан ман қилинишдаги ҳикмат – унинг дабдаба ва дунё зеб-зийнатидан узоқроқ бўлиши ва охиратга юзланиб туриши учундир.
Эҳромдаги киши хушбўйликни қасд билан ҳидлаши, хушбўй моддалар билан мойланиши мумкин эмас.
Олтинчи: Қуруқликдаги ов ҳайвонларини овлаш ва ўлдириш.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, эҳромда бўлган чоғингизда бирон овни ўлдирманг!» (Моида: 95).
Аллоҳ таоло айтади: «Ва модомики эҳромда экансизлар, сизларга қуруқлик ови ҳаром қилинди» (Моида: 96). Яъни, модомики, эҳромда экансизлар, қуруқликдаги ов ҳайвонларини овлаш сизларга ҳаром қилинди.
Муҳрим қуруқликдаги ов ҳайвонларини ўзи ҳам овламайди, бировга овида ёрдам ҳам бермайди, сўймайди ҳам.
Муҳрим ўзи овлаган ёки у учун овланган ёки овига ёрдам берган нарсадан ейиши ҳаром бўлади. Чунки, у нарса ўлимтикдек саналади.
Муҳримга денгиз (сув) ҳайвонларини овлаш ҳаром бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло: «Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз (сув) ови ва унинг емишлари (яъни сизлар овламай ўзи соҳилга чиқиб қолган нарсалар) ҳалол қилинди», деди (Моида: 96).
Муҳрим товуқ, мол-қўй каби уй ҳайвонларини сўйиши мумкин, чунки улар ов эмас.
Гўшти ҳаром бўлган шер, қоплон каби одамларга озори тегадиган ҳайвонларни ҳам ўлдириши мумкин.
Жони ва молини ҳимоя қилиб, қароқчини ўлдириши ҳаром бўлмайди.
Эҳромдаги киши эҳромда ман қилинган ишлардан биронтасини қилишга мажбур бўлиб қолса, қилади ва фидя беради. Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар сизлардан (ҳожилардан) кимдир касал ёки бошида бирон дарди бўлса (шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёҳуд (бир қўй) сўйиш билан эваз тўласин!» (Бақара: 196).
Еттинчи: Никоҳ ақдини қилиш. На ўзига, на бошқага валийлик ва вакиллик билан никоҳ ақди қилади. Чунки, Усмон розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ҳадис борки: «Муҳрим никоҳланмайди ва никоҳламайди» (Муслим (1409) ривояти).
Саккизинчи: Жинсий алоқа. Аллоҳ таоло айтади: «Ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди» (Бақара: 197). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бундан жимоъ мурод қилинган», деганлар (Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да (3/178, №13225) ривоят қилган).
Ким биринчи таҳаллул (учта ишдан: яъни, тош отиш, соч олдириш ва тавофи ифозадан иккитасини қилиш)дан олдин жимоъ қилган бўлса, нусуки (ҳаж ибодати) фосид бўлади, бироқ амалини давом эттириб, охирига етказади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!», деди (Бақара: 196). Келгуси йили қазосини қилиши, ундан ташқари, бир туя сўйиши лозим бўлади.
Агар жимоъ биринчи таҳаллулдан кейин бўлган бўлса, нусуки фосид бўлмайди, бироқ битта қўй сўйиши лозим бўлади.
Тўққизинчи: Мубошарат (яъни, шаҳват билан тегиниш, қучоқлаш). Эҳромдаги киши аёлига шаҳват билан тегиниши жоиз эмас, чунки, бу ҳаром қилинган жимоъга воситадир.
Муҳрим рафас (жимоъ), фусуқ (гуноҳ ишлар) ва жидол (жанжаллашиш)да сақланиши лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» (Бақара: 197).
Рафасдан мурод – жимоъ бўлиб, бундан жимоъга олиб борувчи мубошарат, бўса олиш, шу маънодаги гап-сўзлар қилиш ҳам тушунилади.
Фусуқ – гуноҳ ва маъсият ишлар бўлиб, тазарруъ ҳолати саналмиш эҳромда гуноҳ ишлар қилиш яна ҳам қабиҳроқ ва қаттиқроқдир.
Жидол – кераксиз тортишувлар ва ҳамроҳлар билан жанжаллашиш ва сўкишиш каби ишлардир.
Аммо, ҳақни баён қилиш учун, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш учун тортишиш яхшидир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).
Эҳромдаги кишига кам гапириш, гапирганда ҳам фақат фойдали гапларни гапириши суннатдир. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борки: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, (фақат) яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин» (Бухорий (6018) ва Муслим (47) ривоятлари).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда айтилади: «Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир» (Термизий (2317) ва Ибн Можа (3976) ривоятлари).
Муҳрим талбия билан, Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати, амри маъруф, наҳий мункар билан машғул бўлиши, вақтини беҳуда ишлардан сақлаши, ниятини Аллоҳга холис қилиши ва Аллоҳ ҳузуридаги ажру савобларга рағбат қилиши лозим. Чунки, у эҳром ҳолатида, буюк ибодатга юзланиш, муқаддас ва муборак ўринларга қадам қўйиш олдида турган бўлади.
Муҳрим Маккага етиб келгач, таматтуъ нияти билан эҳромга кирган бўлса, умра ибодатини адо этади:
– Каъбани етти марта тавоф қилади.
– Сўнг икки ракъат намоз ўқийди, имкони бўлса, Мақоми Иброҳим олдида ўқигани афзал бўлади, иложи бўлмаса, масжиднинг қай ўрнида ўқиса ҳам бўлаверади.
– Сўнг Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш учун Сафога кўтарилади. Улар ўртасида етти марта бориб келади. Саъйни Сафодан бошлаб, Марвада якунлайди, бориши бир марта, қайтиши яна бир марта саъйга ҳисобланади.
Тавоф ва саъй асносида дуо ва Аллоҳга тавба-тазарруълар қилиш билан машғул бўлади.
Саъйни тамомлагач, эркак киши сочининг ҳамма жойидан қисқартиради, аёл киши эса сочини жамлаб унинг учларидан бир бармоқ бўғими миқдорида кесади.
Шу билан умра ибодати тамом бўлиб, эҳромидан чиқади ва эҳром сабабли ҳаром бўлган аёллар, хушбўйлик, тикилган кийимлар кийиш, тирноқларни олиш, мўйловни қисқартириш, зарурат бўлса, қўлтиқ тукларини тозалаш каби ишлар яна қайта ҳалол бўлади. То тарвия (зул-ҳижжанинг саккизинчи) кунигача ҳалол бўлиб, шу куни ҳаж учун эҳромга киради.
Маккага қирон ёки ифрод нияти билан келган киши эса қудум тавофини қилади,
тавофдан кейин хоҳласа, ҳаж учун саъй қилади ва то қурбонлик кунигача эҳромида
қолади.