Бизга боғланинг
Эҳтимол бу сен учун охирги Рамазондир
Шодий Саййид Ахмад
Тез кунда кириб келадиган Рамазон ойини кутаётган мусулмон юртларга назар ташлаган одам бизларнинг бугунги Рамазонни кутиб олишимиз билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларнинг кутиб олишлари ўртасида катта фарқ кўради.
Афсус-надоматлар билан йўғрилган сўзларни кўнгил бармоқларга етказади, бармоқлар эса уларни кўз ёшлар сиёҳи билан ёзади, қалб бугунги фитналардан эзилиб адо бўлади.
Салаф-солиҳлар олти ой давомида «Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга етказгин», деб дуо қилар, Рамазонга етсалар ибодатда қаттиқ тиришар, яна олти ой «Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт», деб дуо қилишар эди.
Аммо бизнинг замонамиздаги телеканаллар ва баъзи радиодастурларнинг мутасаддилари Рамазон келишидан олти ой аввал Рамазон учун тайёргарлик кўрадилар. Барча ахлоқсиз филмларни, ҳонандаларнинг ҳамма янги қўшиқларини жамлашда жонбозлик кўрсатадилар. Гоҳида кофирлар ишлаб чиқарган «исломий» кинофилмларни хам эфирга узатиб, «мана биз ҳам Исломга хизмат қиляпмиз», дейдилар.
Уларнинг ҳол тиллари гўёки «Сериаллар ва видеоклиплар нозил бўлган Рамазон ойи» демоқда.
Бу улуғ ойда жин-шайтонларнинг занжирбанд қилиниши уларга қўлларидан келганича ёрдам берадиган инс-шайтонларига оғир келгани боис, Аллоҳнинг динини ўзларига душман билиб, унга қарши Рамазон ойида уруш эълон қиладилар.
Рамазон ойи киришидан бир неча кун аввал бозорга ва катта савдо дўконларига борсангиз, одамларнинг турли-туман озиқ-овқат ва ичимликларни сотиб олаётганлари гувоҳи бўласиз. Гўёки улар Рамазон ва тақво ойига эмас, уруш ва очарчиликка тайёргарлик кўришмоқда.
Улар дунёдаги миллионлаб оч-яланғоч мусулмонларнинг ҳолларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар!
Оҳ! Азиз меҳмоннинг ғафлатдаги қавм олдидаги аламларига.
Қани энди улар Рамазоннинг қадрига етсалар, ҳеч бўлмаса унинг қадрини билсалар!
Кечаларни бедор ўтказадиганлар қани?!
Рўза одобларига амал қиладиганлар қани?!
Тун зулматларида жонбозлик кўрсатадиганлар қани?!
Рамазон ойи собиқийн – ҳақиқий мусобақачилар майдони, содиқлар ўлжаси ва мўминлар хушнудлигидир. Рамазоннинг кеча-кундузлари замон боши узра тождирки, аҳли мўмин унинг яхшиликларини ғанимат билсин!
Ғафлатидан уйғонган, эҳтиёт чорасини кўрган ва бугунидан эртасига захира олган бандага жаннат бўлсин!
Ҳой, Рамазон ойидан ғафлатда қолган, кўзингни оч!
Ҳой, беҳуда сўзлагувчи, тилингни тий!
Ҳой, телеканаллар, уятсиз сайтлар ботқоғига ботган одам, сенга нима бўлди?!
Рамазонга етиш неъматларнинг энг улуғидир. Қанча-қанча дўстларни ўлим ўз домига тортди. Бир кун бўлсада рўза тутсам, бир кеча бўлсада қиём қилсам деб қон йиғлаган, юраклари эзилган касаллар билан қанча-қанча каравотлар тўлиб тошди. Ва лекин… «…улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг ўртаси тўсиб қўйилди» (Сабаъ, 54).
Замонамиздаги аксар мусулмонлар рўзанинг ҳақиқатини англаб етмайдилар. Улар рўзадан мақсад саҳардан шомгача емоқ-ичмоқ ва жимоъдан сақланишгина деб ўйлайдилар. Улар Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалардан тийилиб, У ҳаром қилган нарсалар билан ифтор қиладилар. Мана бу, шом азонини эшитган пайтида «чанқоқ кетди, томирларга сув югурди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди» деб дуо қилиб, орқасидан сигарет тутатган одамнинг рўзасида нима маъно бор?!
Кундузи билан рўза тутиб, намоз ўқиб, садақа бериб, Қуръон ўқиб ҳасанотлар жамлаган, кейин эса туни билан шаҳватларининг қулига айланган, ётиб олиб телевизор томоша қилган ёки интернет саҳифаларининг энг расволарини варақлаган одамнинг қилмишларида тақво нима қилсин!
Қанча рўзадор борки, унинг рўзадан олган улуши очлик ва чанқоқликдан иборат!
Қанча қоим (тунда намоз ўқувчи) бор, унинг қиёмидан улуши бедорлик холос!
Ривоят қилинишича, Ҳасан ибн Солиҳ исмли зоҳид ва тақводор киши ўтан, унинг бир чўриси бўлган экан. Уни кимлардир сотиб олибди. Тун ярим бўлгач, чўри янги хожасининг ҳовлисида қичқира бошлабди: “Ҳой, одамлар, намоз! Намоз!” Уй аҳли чўчиб уйғонибдилар ва: “Нима гап? Бомдод бўлдими?” деб сўрашибди.
– “Ие, сизлар фақат фарз намозларни ўқийсизларми?” – ажабланиб сўрабди чўри. Тонг отгач, чўри Ҳасан ибн Солиҳнинг ҳузурига бориб, “Сиз мени ёмон одамларга сотибсиз, улар фақат фарз намозларни ўқир ва фақат фарз рўзани тутар экан, илтимос, мени қайтариб олинг”, дебди. Кейин у чўрини қайтиб олибди.
Мен шу сўзларни ёзар эканман, хижолатдан ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам… Чунки бугунги мусулмонлар ичида таровеҳ ва хатм Қуръонларни қўйинг, ҳаттоки фарз намозларни тарк қиладиганлар бор! Ахир намоз ўқимай рўза тутган одамнинг рўзаси бир пул эмасми?!
Ҳой, умрини иймонни кемирувчи ишлар билан зое қилувчи!
Ҳой, фойдалардан юз ўгириб, зиёнга юз тутувчи, тавба қилиш пайти келмадими?! Аллоҳга қайтиш ва тазарру қилиш фурсати етмадими?!
«Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ — Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими?» (Ҳадид, 16).
Тақводорларнинг қалблари бу ойга талпинади, ундан ажралиш аламидан инграйди… Ғафлатнинг чеки борми?!
Эй, шаҳватлар ва шубҳаларнинг қуллари!
Эй, ўйин-кулги ва мессенжер-чатлар қуллари!
Эй, телевизор ва каналлар қуллари!
Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни, яъни Унга ибодат қилишни ўйламайсизлар?!
Нега сизлар Рамазон ойида ҳалол ва ҳаромни танимайсизлар?!
Эй, Рамазонга етиб келган, бироқ ундан юз ўгирган инсон… Ўзинг учун нажот ва кечирим кафолатини олдингми?!
Қуръон ойи ва дўзахлардан озод қилиш ойи кетиб қолишидан олдин сен бу хорлик уйқусидан уйғонармикинсан?!
Эҳтимол бу сен учун ОХИРГИ РАМАЗОНДИР!
Эй, ўзига зулм қилган, нафсини ҳавосига эргаштирган ғўр банда, ана, Рамазон эшик қоқмоқда, сен унда иймонингни янгила ва унда гуноҳларингни юв.
Аллоҳга қасамки, бу бебаҳо фурсат ва улуғ неъматдир. Агар сен уни рад этсанг, туриб таҳорат қил-да, сўнг тўрт бор такбир айтиб, ўзингга ўзинг жаноза ўқи. Ана энди сен ўликсан!
Эй Ражабда гуноҳларга тўймаган инсон,
Шаъбонда ҳам Раббисига тек қилган исён,
Сенга кириб келди шаҳри Рамазон,
Бас, уни айлама шаҳри ғалаён!
Эй яхшилар, олға босинг! Эй ёмонлар, доғда қолинг!
Эй Аллоҳим, бизларни йиллар давомида Рамазонга етказ ва бизларни унда дўзахдан озод бўлган қулларинг қаторида қил!
Абдулҳафиз Домла (раҳимаҳуллоҳ) таржимаси
Манба: www.islomnuri.com