Мени таниганлар Менга осий бўлсалар, улар устига Мени танимайдиган кимсаларни ҳукмрон қилиб қўяман

    Муаллиф: Абу Сора
    Мутаржим: Муҳаммад Исмоил

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Ибн Абид-Дунё Фузайл ибн Иёсдан зикр қилади: Аллоҳ таоло пайғамбарларидан бирига шундай ваҳий қилди: «Мени таниган кишилар Менга осий бўлсалар, Мен улар устига Мени танимайдиган кимсаларни ҳукмрон қилиб қўяман.» («Ал-жавабул-кафий» : 31, «Ҳилятул-авлия» : 1/19)

    Бу асар икки нарсани ўз ичига олади:

    1) Аллоҳ таолони таниган кишиларнинг осий бўлишларини;

    2) Аллоҳ таолони таниб туриб, Унга осий бўлганлар устига Аллоҳ таолони танимайдиган кимсаларнинг ҳукмрон қилиб қўйилишини.

    Аллоҳни танийдиган киши ким? Аллоҳни танимайдиган киши ким? Қандай қилиб буниси униси устига ҳумрон қилиб қўйилади?

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! У зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди.» («Қурайш» сураси : 3-4.)

    Тинчлик-хотиржамлик неъмати улкан неъматки, унинг қадрини хавф-хатар ичидаги одам яхши билади. Инсон хотиржамлик нималигини билмасдан хавф-хатар ичида яшаётган, уй-жойлари вайрон қилиниб, юртларидан қувилаётган, бошпана тополмаётган, жонларию моллари, аҳли оилаларию номус-обрўлари омонликда бўлмаган кишиларнинг ҳолига яхшироқ назар ташласа, мазкур неъматнинг нақадар улкан неъмат экани янада равшан бўлади. Тинчликнинг ўзи бир неъмат. Бундан ҳам каттароғи – тинчлик-омонликка эга бўлмасдан, соатма-соат хавф ичида яшаётган кишиларнинг аҳволларини кўришимиз, ўқишимиз ва эшитишимиз, шу билан биз бу неъматнинг қадрини тушуниб етамиз.

    Тўқлик неъмати ҳам катта неъмат. Унинг муқобилида очлик ва муҳтожлик бор. Ҳар куни чор-атрофдан қанча-қанча оч-яланғоч ва муҳтож инсонлар ҳақидаги хабарлардан бохабар бўламизки, бу нарса тўқликнинг неъмат эканини бизга эслатиб туради. Баъзилар ўт-ўланлар билан кун кечиришга мажбур, баъзилар емиш топишдан умидлари узилиб, ўз қўллари билан қабрларини қазиб, ўлимларини кутмоқда. Бугун ҳамма жойда, ҳатто ён-веримизда очлик бор.

    Аллоҳ таоло бу икки неъматни бандаларига танитмоқда, шояд шу билан бандалар У зотга ибодат қилиш лозимлигини эсга олсалар:

    «Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! У зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди.» («Қурайш» сураси : 3-4.)

    Дунёвий неъматларини танитиб қўйганидан кейин энди ким У зотга осий бўлса, Аллоҳ энди унинг устига Роббини танимайдиган ва Ундан қўрқмайдиган кимсани ҳукмрон қилиб қўяди.

    Аммо, диний неъматларга келсак, улар дунё неъматларидан кўра улканроқ. Улар ичида энг каттаси Ислом неъматидир. Ким унга ҳидоятланган бўлса, яхшиликнинг ҳаммасига ҳидоятланибди. Аллоҳ таоло айтади:

    «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир.» («Оли-Имрон» сураси : 85.)

    Ундан кейинги ўринда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари суннатларига эргашишга ҳидоятланиш неъмати туради. Уларга эргашган киши дўзахдан нажот топади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бани Исроил 72 фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса 73 фирқага бўлиниб кетади. Барчаси дўзахда, фақат бир фирқаси ундан нажот топади«, дедилар. «Улар кимлар, ё Росулуллоҳ?» деб сўралганда: «Менинг ва асҳобларимнинг йўлида бўлганлар» деб жавоб бердилар. (Имом Термизий ривояти.)

    Шундан сўнг инсон ҳалол ва ҳаромни таниса, энди унинг устида ҳужжат барпо бўлган бўлади ва у Аллоҳни таниган кишилар сафидан ўрин олади. Энди бу инсон гуноҳ қилишда узрли ҳисобланмайди, агар осийлик қилса Жаббор таолонинг ғазабига гирифтор бўлади ва Аллоҳни танимайдиган кимсанинг ҳукмронлигидан омонда бўлмайди.

    Неъматда булардан ҳам каттароқ, Аллоҳни танишда кўпроғи бир кишики, Аллоҳ илм ва уламоларни мавжуд қилиш билан уни илм талабига муяссар қилиб қўйган, уни дунё ташвишларидан кифоялантириб, илм ўрганишга чиқариб қўйган. Бас, у ҳалол-ҳаромни, макруҳ, мустаҳаб ва мубоҳни билган, Аллоҳ уни динда фақиҳ қилиб қўйган, у Аллоҳнинг амрларини тушунган, яхшиликка олиб борувчи ва ёмонликка олиб борувчи воситаларни таниган, шариатнинг мақсадлари ва одобларидан воқиф бўлган, ўтганларнинг тарихларини, солиҳларнинг ҳам, ҳалок бўлганларнинг ҳам хабарларини ўқиган, нима қилиш кераклиги, нимадан сақланиш лозимлиги, нима манфаатли, нима зарарли экани, ҳаммаси маълум бўлган. Мана бундай одамга энди ҳужжат ғоят мукаммал тарзда барпо бўлгандир. Айтиладики: «Залолатнинг энг ёмони – ҳидоятдан кейинги залолатдир.» Мана бундай – билганига амал қилмайдиган кишилар ҳақида ваъийдлар келган. Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир).« («Саф» сураси : 2-3.)

    Аллоҳ дин неъматига мушарраф айлаган ва Роббини ҳақиқий таниган одамнинг маъсияти бошқаларникига ўхшаган бўлмайди. Аллоҳ бунга пайғамбарлар ва пайғамбарларнинг аёлларини мисол қилиб келтирган.

    Аммо пайғамбарлар – Аллоҳ уларнинг манзилатини олий қилди, шаънларини юксалтирди, уларни Ўзининг рисолатига танллаб олди, уларга аломату мўъжизалар берди, қалбларини иймонга очиб қўйди, дилларини Ўзининг маърифати билан мунаввар қилди, уларга кўп ажру савоблар ваъда қилди, неъматларини уларга мукаммал қилди. Энди улар учун тоатдан бошқаси лойиқ эмас. Сўнгра уларни маъсиятдан қаттиқ огоҳлантирди ва бир неча баробар азоблар билан қўрқитди:

    «Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилади. Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлар эди.» («Анъом» сураси : 88.)

    «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан!» («Зумар» сураси : 65.)

    Хусусан, бизнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида шундай деди:

    «(Эй Муҳаммад, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. У ҳолда албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.» («Исро» сураси : 73-75.)

    «Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.« («Ал-Ҳааққа» сураси : 44-46.)

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳақида мана бундай оятлар нозил қилди:

    «Эй пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир.» («Аҳзоб» сураси: 30.)

    «Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур.» («Аҳзоб» сураси : 32.)

    Зеро, улар нубувват хонадонида яшадилар, ояту ҳикматни эшитдилар:

    «Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» («Аҳзоб» сураси : 34.)

    Яхшилик маъноларини сипқордилар, қалблари иймон билан мунаввар бўлди, уларга сакинат ва раҳмат ёғилди, уларни чор-атрофдан яхшилик ўраб олди, ёмонлик уларга йўл тополмайдиган бўлди. Энди уларга маъсият қилишларига ҳеч қандай узр йўқ.

    Аллоҳ таоло бирор неъмат билан бошқалардан хослаб қўйган ҳар бир инсоннинг ҳолати ҳам худди шундайдир. Зеро, унинг ҳисоби ҳам ўзига хос бўлади. Хосланиш бир томондан неъмат бўлса, иккинчи томондан имтиҳон ва фитнадир. Бировга мол-давлат берган бўлса, уни манфаатли ўринларга сарфлайдими, йўқми, бировга мулк-салтанат берган бўлса, бандалар ўртасида қандай ҳукм юргизади, имтиҳон устидадир. Агар у имтиҳондан яхши ўтса, Аллоҳ унга икки карра ажр беради – биттаси тоатига, иккинчиси неъматга шукр адо этгани учун:

    «Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.» («Аҳзоб» сураси : 31.)

    Агар ёмон ўтса, икки карра азобланади – бири маъсиятига жазо бўлса, иккинчиси куфрони неъмат қилгани учундир.

    Энди Аллоҳни танимайдиган кимса ҳақида гапирадиган бўлсак, у Аллоҳдан қўрқмайдиган, Унга иймон келтирмайдиган, ҳалокатли амаллардан тийилмайдиган фожир, золим кимсадир. Агар бундай кимсалар ҳукмрон қилиб қўйилса, раҳм-шафқат нималигини билмайдилар, бегуноҳ гўдаклару мўйсафидларни, заифлару ожиза аёлларни тап тортмасдан ўлдирадилар, тажовузкорлик билан талончилик қиладилар, гуноҳ деган тушунчадан йироқ, хижолат бўлиш деган нарсани билмайдилар. Одамийлик маънолари уларнинг дилларидан олиб қўйилган, мўминнинг ор-номуси ва обрў-эътибори улар учун бир чақалик қадрли эмас, имкони борича мўминларга қўллари ва тиллари билан зарар етказишга ҳаракат қилишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бундай кимсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилаб Аллоҳга дуо қилишни ўргатганлар. Машҳур дуода келганидек: «Гуноҳларимиз сабабли бизнинг устимизга Ўзингдан қўрқмайдиган ва бизга раҳм қилмайдиган кимсани ҳукмрон қилиб қўймагин.»

    Бир одам Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳга қўпол муомала қилган эди, у киши ичкарига кириб юзларини тупроққа ишқаладилар, сўнг чиқиб: «Вакиъ гуноҳи сабабли ўзи бундан бадтарига ҳам лойиқ, гуноҳи бўлмасайди, унга асло қодир бўлмаган бўлардинг», дедилар. (Сияру аълом ан-нубала: 9/155).

    Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ 615 ҳ.й. воқеалари ҳақида шундай ёзадилар: «Шу йилнинг Ражаб ойида «Муаззим» раққосалар, маст қилувчи ичимликлар, қўшиқчилар ва бундан бошқа фаҳш-мункар ишларга қайтадан кафолат берди. Ҳолбуки, отаси буларнинг кафолатини бекор қилган, унинг даврида бирон кимса Дамашққа яширин ҳийлаларсиз бир қултум ҳам ичкилик олиб киришга журъат қилолмас эди. Аллоҳ «Одил»ни яхши мукофотласин, «Муаззим»ни эса қилмишига яраша жазоласин. «Муаззим» ўзининг бу қарорини лашкарга мол етишмаётганлиги ва фарангларга қарши урушда сарф-харажатларга муҳтож бўлаётганликлари билан изоҳлади. Бу эса унинг жоҳиллигидан, динининг камлигидан, ишни кўзини билмаслигидан келиб чиққан эди. Зеро, бу қилмиш ўз устларидан душманнинг ғалабасини таъминлаш, ўзларига қарши душманни кучлантириш, ўзларини заифлантириш ва лашкарни урушдан тўхтатиб қўйиш дегани эди. Бу эса вайроналик келтирувчи, диёрларни хароб қилувчи, давлатларни емирувчи ишлардан ҳисобланади. Асарларда айтилганидекки: (Агар Мени таниганлар Менга осий бўлсалар, улар устига Мени танимайдиганларни ҳукмрон қилиб қўяман.)» (Ал-Бидоя ван-Ниҳоя: 8/13).

    Яна шундай ёзадилар: «Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: Аллоҳ Бани Исроил пайғамбарларидан Армиё номлик пайғамбарга, қавмида маъсиятлар кучайиб кетганида шундай ваҳий қилган экан:

    «Қавмингга бориб айт, уларнинг қалблари бору англамайдилар, кўзлари бору кўрмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Мен уларнинг оталарининг яхшиликларини эсда тутганимдан болаларига ҳам меҳрибонлик қилдим. Сен улардан сўра:

    Менга тоат қилишнинг натижасини қандай топдилар?

    Бирорталари Менга осий бўлиш билан саодатга эришдиларми?

    Бирорталари Менга итоат қилиш билан бахтсиз бўлдиларми?

    Ҳайвонлар ҳам ўз қўраларини эсдан чиқармай, қайтиб келишади. Бу қавм эса Мен уларнинг оталарини кароматга эриштирган ишни унутдилар ва кароматни бошқа тарафдан қидирдилар: олимлари Менинг ҳаққимни инкор қилишди, қорилари Мендан бошқага сиғинишди, обидлари билганларига амал қилишмади, волийлари эса Менга ва пайғамбарларимга ёлғонлар тўқишди, дилларига макр-ҳийлаларни жойладилар, тилларига ёлғонни одатлантирдилар.

    Ўзимнинг улуғлигим ва иззатимга қасамёд қиламанки, Мен энди улар устига тилларини тушунмайдиган, юзларидан танимайдиган, йиғиларига раҳм қилмайдиган бир лашкар юбораман. Уларга қудратли ва зўравон бир подшоҳни ҳукмрон қилиб қўяманки, унинг булутлар мисоли ёпирилиб келувчи аскарлари бўлади, водий тўла отлиқлари бўлади, байроқларининг хилпираши бургутларнинг қанот қоқишларидек, чавандозларининг ҳамласи лочинлар ҳамласидек, шаҳарларни харобага айлантарадилар, қишлоқларни кимсасиз ва шип-шийдам қиладилар…

    Ийлиё ва унинг аҳолиси ҳолига вой бўлсин! Мен уларни ўлимга дучор этаман, бошларига асирлик хорлигини тушираман, шодиёна қаҳқаҳаларини доду фарёдларга айлантираман, отларининг кишнашларини бўриларнинг увиллашига алмаштираман, уларни дабдабали қасрлардан йиртқичларнинг уяларига кўчираман, машъалалари нурини алангалар тутунига айлантираман, азизликларини хорликка, неъматни қулликка алмаштираман, аёлларини атир-упа ўрнига тупроққа белайман, жасадларини ерга ўғит қиламан, суякларини қуёш тиғида қолдираман, уларга азобнинг ҳар туридан тоттираман. Сўнг буюраман, осмон темир қопқоққа, ер қуйма мисга айланади. Ёмғир ёғса ҳам ерлари кўкармайди, кўкарса ҳам фақат ҳайвонларга бўлган раҳматим туфайли кўкаради…

    Ёмғирни экин-тикин пайтида ушлаб қоламан, йиғим-терим пайтида юбораман. Экинлари устига офат тушираман, қолган-қутган ҳосилларидан баракани кетказаман…

    Дуо қилишса ижобат қилмайман, сўрасалар бермайман, йиғиларига раҳм қилмайман, ялиниб-ёлворсалар улардан Юзимни буриб оламан».» (Ибн Асокир шу лафзлар билан ривоят қилган.)

    «Мени таниганлар менга осий бўлсалар, мен уларга мени танимайдиган кимсаларни ҳукмрон қилиб қўяман!!»

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962