Бизга боғланинг
Намоз ва унинг Исломнинг асосига бўлган алоқаси
Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
Ислом Нури таржимаси
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!». (Оли Имрон: 103).
«Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир». (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, бас, у буюк саодатга эришибди». (Аҳзоб: 70, 71).
Дарҳақиқат, сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.
Аммо баъд…
Албатта, бу дин бамисоли илдизи ер остига маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева бериб турадиган бир покиза дарахтга ўхшайди. Ҳар бир дарахтнинг илдизи, тана ва шохлари бўлганидек, бу диннинг ҳам илдизи, шох ва тармоқлари бордир.
Унинг илдизи ҳар бир мўминнинг қалбида маҳкам ўрнашгандир. Яъни, у олтита рукнга иймон келтириш бўлиб, биринчиси Аллоҳни ягона деб билишдир. Фарълари, яъни, шохлари ва тармоқлари эса Исломнинг зоҳирий амаллари ва шариат қонун-қоидаларидир.
Дарахтнинг илдизи тирик ва бақувват бўлса, у баъзи бўлаклари ва шохларининг қуриб ё синиб тушиши билан қуриб қолмайди. Лекин, агар илдизи қуриб қолса, дарахт танаси ўлимга маҳкумдир. Шунингдек, шохлари ва танасидан бутунлай жудо қилинган дарахтни ҳам дарахт дейилмайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиқодга тааллуқли бўлган амалларни иймон деб номладилар. Зоҳирий амаллар ва шариат тартиб-қоидаларини эса ислом деб атадилар. Зеро, у зот ҳузурларига Жаброил алайҳис-салом келганлари ҳақидаги машҳур ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон маъносини баён қилганларидан сўнг Жаброил алайҳис-салом: «Энди менга Ислом ҳақида айтиб беринг», дедилар. У зот: «Ислом Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик беришингиз, намозни барпо қилишингиз, закотни ўташингиз, Рамазонда рўза тутишингиз ва агар қодир бўлсангиз, Байтуллоҳни ҳаж қилишингиздир», дедилар (Имом Муслим (1/36, №1) ривояти). Жаброил алайҳис-салом: «Тўғри айтдингиз», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида қалб эътиқодига доир ишларни баён қилдилар, улар олтита рукнга бўлган иймондир. Биз Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан то шу кунгача ушбу минбарда ушбу олти рукндан биринчисини, яъни, Аллоҳга иймон келтиришни шарҳлаб келмоқдамиз.
Шу ўринда мазкур мавзуга алоқадор бўлган айрим ҳақиқатлардан огоҳланишимиз лозим бўлади:
1) Агар дарахтнинг илдизи қуриб қолса, унинг танаси ва шохлари тирик қолиши тасаввур қилинмайди. Илдизнинг қуриши одатда ҳар доим дарахтнинг қуриб қолишига олиб келади. Бу дин иши ҳам айни шунга ўхшаш, агар инсоннинг ақидаси ва иймони бузилса, динининг ҳаммаси бузилади. Зотан, иймонсиз Ислом йўқ, иймонсиз дин йўқ.
2) Дарахтнинг илдизи ва танаси соғлом бўлса, унда оби-ҳаёт юриб турган бўлса, бу оби-ҳаёт унинг бутун танасига, шохлари ва баргларига етиб бормаслиги ҳам тасаввур қилинмайди. Чунки, илдиз бақувват ва тана соғлом бўлса, зоҳирда бунинг асари албатта кўриниши ва оби-ҳаёт унинг бутун танаси бўйлаб югуриб, охир-оқибат бу дарахт гуллаб, мева тугишида шак-шубҳа йўқдир. Инсонга нисбатан бу дин ҳам айни шунга ўхшайди. Яъни, мукаллаф инсон агар Исломнинг шариати қоидаларига амал қилмаса, унинг фарзлари ва зоҳирий амалларини умуман адо қилмаса, бу унинг мўмин эмаслигига далил бўлади. Чунки, Исломнинг фарзларини ва рукнларини бутунлай тарк қилган кишидан Ислом деган исм, яъни, мусулмонлик кетади. Кишидан мусулмонлик кетиши эса унинг иймони ҳам кетишига далил бўлади.
3) Дарахт танасининг баъзи бўлаклари қуриши ё кесилиши дарахтнинг буткул, таг-тугидан йўқ бўлганини англатмайди, албатта. Лекин, бу нарса ўша қуриган ё кесилган қисмининг дарахтда тутган ўрнига қараб белгиланади. Бинобарин, дарахт шохлари, гуллари ва меваларининг йўқ бўлиши ушбу дарахтнинг тамомила йўқ бўлганини билдирмайди. Чунки, модомики, томири ва танаси мавжуд экан, гарчи, камчилик ва нуқсон билан бўлса-да, дарахт мавжуд бўлиб қолади. Лекин, агар дарахтнинг бамисоли чодирнинг устунлари вазифасини бажарувчи танаси йўқолса, дарахт ҳам бутунлай йўқолган бўлади. Намоз ҳам бу диннинг устунидир, унинг динда тутган ўрни худди тананинг дарахтдаги ўрнига ва устуннинг чодирдаги ўрнига ўхшайди. Агар банда намозни буткул тарк қилса ва намоздан бутунлай юз ўгирса, унинг исломи бекор ва иймони ботил бўлиб, дини бутунлай хароб бўлади. Чунки, намоз бу диннинг устунидир. Устуни қулаб тушган чодир бутунлай йиқилади, бу ҳам дарахтнинг баъзи бўлакларига ўхшайдики унинг кетиши билан дарахт ҳам йўқ бўлади. Бироқ, баъзи бир бўлаклари бўладики уларнинг йўқолиши билан дарахт буткул қуриб қолмаган тақдирда ҳам, барибир ўта нимжон ва йўқолган бўлаклар миқдорида нуқсонли бўлиб қолади.
4) Ушбу мавзуда келган баъзи оятларга қаралса улар айрим қалбий ва эътиқодий амалларни, исломнинг баъзи зоҳирий амалларини иймон деб атаган ва иймонни зиёда ва ноқис бўлади, деб сифатлаган.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ иймонларингизни зое қилувчи эмас» (Бақара: 143). Муфассирлар иймондан мурод намоз эканини айтганлар. Аллоҳ таоло намозни иймон деб атади. Намоз эса Исломнинг зоҳирий амалларидандир.
Аллоҳ таоло айтади: «Бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар» (Оли Имрон: 173).
Аллоҳ таоло айтади: «Ўз иймонларига яна иймон қўшишлари учун» (Фатҳ: 4). Бу оятларда Аллоҳ таоло иймонни зиёда ва ноқис бўлади, деб сифатлади.
Аллоҳ таоло айтади: «Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар» (Анфол: 2, 3).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятларда иймонни баъзи қалбий-эътиқодий амаллар билан, яъни, Аллоҳдан қўрқиш, иймоннинг зиёдаланиши ва Аллоҳга таваккул қилиш билан тафсир қилди. Шу билан бир қаторда иймонни баъзи зоҳирий амаллар билан, яъни, намоз ва закот билан тафсир қилди. Яъни, ана шу сифатдаги кишилар ҳақиқий иймон эгалари эканини баён қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Абдулқайс қабиласидан вакиллар келгани ҳақидаги ҳадисда у зот иймонни исломнинг зоҳирий амаллари, шариатлари ва фарзлари билан тафсир қилдилар. Уларни ягона Аллоҳга иймон келтиришга буюриб: «Ягона Аллоҳга иймон келтириш нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир» деб жавоб беришди. «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо қилиш, Рамазон рўзасини тутиш ва ғанимат (жангда қўлга киритилган ўлжа)дан бешдан бирини беришларинг» дедилар (Имом Бухорий ривояти). Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида иймонни зоҳирий амаллар билан тафсир қилдилар.
Имом Аҳмад «Муснад»ида Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни баъзи қалбий амаллар ҳамда зоҳирий амаллар билан тафсир қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Абасага: «Ислом – қалбинг Аллоҳга бўйсунишидир», дедилар. Бу эса қалбий-эътиқодий амаллардан ҳамда иймонга тааллуқли ишлардандир.
Ҳадиснинг давомида: «ва мусулмонлар сенинг тилинг ҳамда қўлингдан омон бўлишларидир», дедилар. Бу эса Исломнинг зоҳирий амалларидандир. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни бир вақтнинг ўзида иккита иш билан – қалбий-эътиқодий-иймоний амал ва ислом шариатидаги зоҳирий амал билан тафсир қилдилар.
Сўнг Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу у зотдан: «Исломнинг қайси (амали) афзалроқ?» деб сўраганида «Иймон», деб жавоб бердилар. Демак, иймонни исломнинг зимнига киритдилар.
Амр: «Иймон нима?», деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иймон – Аллоҳга, китобларига, пайғамбарларига ва ўлимдан кейин қайта тирилишга ишонишинг», дедилар. Ана шу тарзда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида Исломни эътиқодий-қалбий амаллар ва зоҳирий-шаръий амаллар билан тушунтирдилар ҳамда иймонни Ислом ичига киритдилар.
Буларнинг ҳаммаси шунга далолат қиладики, иймон ва ислом бир-бирига киришиб кетган ва бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалардир. Мутлақ (якка-якка ҳолда) айтилган пайт бири иккинчисининг маъносида истеъмол қилинади, бири иккинчисининг зимнига киради. Ислом дейилганда иймон ҳам унинг ичига киради, иймон дейилганда ислом ҳам унинг зимнига киради. Агар иккиси бир сиёқ ва бир гап ичида жамланса, юқорида Жибрил ҳадисида келгани каби, маънолари бир-биридан фарқли бўлади. Яъни, у ҳолда иймон деганда олтита рукнга эътиқод қилиш, Ислом деганда фарзлар, шариат қонун-қоидалари ва зоҳирий амаллар тушунилади.
Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида (1/34, №62) келтиришича, Қуръонда (Иброҳим: 24) айтилган покиза дарахтни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо дарахти деб тафсир қилдилар. Хурмонинг асли-илдизи ер тагида ўрнашган ва ер қатламлари ичра мустаҳкам қарор топган, танаси эса осмонга бўй чўзиб, узоқдан кўзга ташланиб туради. Бу дин ҳам худди шу каби, яъни унинг асли-илдизи бўлмиш иймон ва ақида мўминнинг қалбида мустаҳкам ўрнашган, фаръ-шохлари бўлмиш исломнинг зоҳирий амаллари, фарз ва нафллар бўй чўзиб, кўзга ташланиб, ўз эгаларини олийликка олиб чиқадилар. Мўмин киши исломнинг шариатларини, фарзу вожибларини, суннату нафл амалларини мукаммал адо этаркан, булар орқали у юксакликларга кўтарилиб боради ва охирида жиҳод воситасида ишнинг ўркачига чиқиб боради.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу динни боши, устуни ва ўркачи (чўққиси) бор, деб сифатладилар. Бу диннинг боши Исломдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва ўркачининг тепаси (яъни чўққиси) жиҳоддир» (Аҳмад (5/231), Термизий (2616), Ибн Можа (3973) ва бошқалар ривояти).
Ҳеч нарса бошсиз тик тура олмагани каби, дин ҳам эгасининг тавҳидисиз ва Исломнинг аслисиз тиклана олмайди. Устуни йиқилган бино қулаб тушгани каби, бу дин ҳам намозсиз барпо бўлмайди. Лекин, баъзан ишнинг ўркачи бўлган жиҳодсиз ҳам у давом этиб туриши мумкин. Зеро, жиҳод кўп ҳолларда фарзи кифоя бўлади.
«(Эй инсон), Аллоҳ яхши Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у Сўз худди бир асил-пок дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шоҳлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур» (Иброҳим: 24, 25).
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримдаги оятлар ва ҳикматли зикрлар билан фойдалантирсин. Ушбу сўзларни айтарканман, Аллоҳдан ўзимга ва сизларга истиғфор сўрайман. У Зотга истиғфор айтингиз, зотан У кечирувчи ва раҳмдил Зотдир.