Ота-онага оқ бўлиш (2)

    18 – Ота-онани ҳижолатга қўйиш

    Масалан, катта қарз олиб тўлай олмаслик, мактабда одобсизлик қилиш ёки қарз олган фарзанди йўқолган ҳолатда ёки мадрасада одобсизлик қилганида масъул тарафларнинг ота-онани чақириши.

    Баъзида ота фарзанд қарзини тўлагунича ёки таслим бўлмагунича қамаб қўйилиши мумкин.

    19 – Узоқ вақт уйдан ташқарида қолиш

    Бу ҳолат ота-онани безовта қилади, қайғуга солади. Бундан ташқари улар гоҳида фарзанднинг ёрдамига муҳтож бўлишади. Агар фарзанд уйдан ташқарида бўлса, уларнинг хизматини ким қилади?

    20 – Турли оғир талаблар билан ота-онани қийнаш

    Баъзи одамлар ота-онасини турли оғир истаклар билан қийнайдилар. Ҳолбуки, уларнинг ота-оналари камбағал бўлишлари мумкин. Шундай бўлсада, фарзанд ота-онасидан машина ёки янги уй олиб беришлари ёки уйлашларини ёхуд дўстларидан кам бўлмасдан, уларга тенглашиб юриш учун катта маблағлар сўрайди.

    21 – Хотинни ота-онадан афзал кўриш

    Баъзи одамлар ота-онасига қулоқ солишдан кўра хотинига қулоқ солишни аввалга қўяди. Ҳатто хотин ота-онасини уйдан қувиб чиқаришни талаб қилса, уларнинг турар-жойлари бўлмасада, қувиб чиқаради.

    Баъзилар эса ота-онаси олдида хотинларига қаттиқ меҳрибончилик қиладилар, бир вақтнинг ўзида ота-оналарига қаттиқ муомала қилиб, уларнинг ҳақларини риоя қилмайдилар.

    Бу масалада кейинги саҳифаларда кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

    22 – Ота-онани муҳтож бўлганларида ёки ёшлари улғайганида ёлғиз ташлаб қўйиш

    Баъзи фарзандлар камолот ёшига етиб, бирон бир касб эгаси бўлиб пул топади-да, ўзи билан ўзи бўлиб, ота-онасига қарамай қўяди.

    23 – Ота-онадан воз кечиш, уларни тилга олиш ёки уларнинг фарзанди бўлишдан уятиш

    Бу – оқликнинг энг хунук кўринишларидан биридир. Баъзи фарзандлар ижтимоий ҳаётдаги мансаблари кўтарилиши билан ота-онасидан воз кечадилар ёки уларнинг оҳори тўкилган кийимлари билан уйида ҳозир бўлишларидан уяладилар.

    Ҳатто баъзида улар ҳақида сўралсалар: «Улар бизнинг хизматкорларимиз!», деб айтишдан ҳам тоймайдилар!

    Баъзилар эса ўз отасининг исмини тўй ва бошқа маросимларда тилга олинишини рад қилади. Бу инсоннинг тубанлиги, ақли пастлиги, сафиллиги ва калтабинлигига далолат қилади.

    Йўқса, саховатли ва шарафли инсон ўз наслу-насаби билан фахрланади. Зотан, карам соҳиби бўлган инсонлар, яхшиликни ҳеч қачон унутмайдилар.

    24 – Ота-онага қўл кўтариш

    Бу ҳаракат бағритош, қалби қора, қалбида раҳму-шафқат ва ҳаё қолмаган, мурувватсиз ва ғурурсиз инсонлардангина содир бўлиши мумкин.

    25 – Ота-онани қариялар уйига жойлаштириш

    Бу – инсон баданини титратиб, сочларини тикка қиладиган разил иш бўлиб, қалбида эзгуликнинг асари ҳам бўлмаган фарзанддан содир бўлади, холос.

    26 – Ота-она баъзи гуноҳ ишларга мубтало бўлганларида уларга насиҳат қилмай, ўз ҳолларига ташлаб қўйиш

    Бу хато ва камчиликдир. Ота-она кофир бўлсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш вожиб. Шундай экан, улар мусулмон бўлишлари билан бирга уларда баъзи камчиликлари бўлса, қандай жим турилади?

    27 – Ота-онага бахиллик ва қурумсоқлик қилиш

    Баъзи одамлар ота-онасига нисбатан ўта қурумсоқ бўлиб, уларга нисбатан бахиллик қиладилар. Гоҳо ота-онанинг пулга қаттиқ эҳтиёжи бўлади, бироқ фарзанд бунга эътибор ҳам қилиб қўймайди.

    28 – Ота-онага миннат қилиш

    Баъзилар ота-онасига бирон яхшиликни қилади-да, орқасидан миннат қилиш ва озор бериш билан қилган яхшилигини чиппакка чиқаради. Қилган яхшилигини муносабат билан ёки бемуносабат тилга олади.

    29 – Ота-онадан ўғирлаш

    Бу иш икки таъқиқ: ўғирлик ва оқ бўлишни ўзида жамлайди. Баъзи одамларни пулга бўлган эҳтиёжлари ота-оналаридан — ё уларнинг кексаликлари ёки сезмаганлари сабабли — пул ўғирлашга ундайди.

    Қуйидаги ҳолатлар ўғирлик кўринишларидандир: баъзилар ота-онасини алдаб улардан қарз сўрайди ёки эвазига ер, пул ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар беришни ваъда қилиб шартномага имзо қўйишини талаб қилади. Аслида эса, айтилган нарсаларнинг бирортасига ҳам амал қилмасликни юрагига тугади.

    30 – Ота-она олдида инграш ва аламни сездириш

    Бу – оқликнинг энг кўзга кўринмаган суратларидан биридир. Чунки ота-она, хусусан муштипар она фарзандининг мусибатлари боис безовталанади ва унинг қийналиши билан қийналади. Ота-она фарзанднинг алами сабабли аламланадилар, балки улар фарзандидан кўра қаттиқроқ аламланадилар.

    31 – Ота-онадан изнсиз ва ҳеч бир эҳтиёжсиз узоқ бўлиб кетиш

    Баъзи фарзандлар ота-онадан узоқ бўлиш таъсирини билмайдилар ва ота-оналаридан изн олмай ва эҳтиёжлари бўлмай туриб узоқларга кетадилар. Ота-онаси яшайдиган юртни бирон бир сабабсиз ташлаб кетади. Айрим ҳолларда эса ўз юртида имкони бўлишига қарамай, бошқа юртларда ўқийди. Ёки бундан бошқа узоқлашишга омил бўла олмайдиган нарсаларни сабаб қиладилар.

    У ўзининг узоқда қолиши ота-онасига ҳасрат ва безовталик келтиришини билмайди. У ота-онаси ёки улардан бирининг ўлганини билмай қолиши мумкин. Натижада, ота-онага яхшилик ва хизмат қилиш неъматини бой беради.

    Аммо ўғил ҳақиқатан ғурбатга чиқишга эҳтиёжли ва ота-онасидан рухсат сўраган бўлса, зарари йўқ.

    32 – Ота-онанинг ўлимини орзу қилиш

    Баъзи фарзандлар — агар бадавлат бўлсалар меросларига эгалик қилиш учун, касал ёки фақир бўлсалар уларга қарашдан тезроқ қутилиш ёки залолат ва жаҳолатида ота-онасининг қаршилигисиз давом этиш учун уларнинг ўлишларини орзу қиладилар.

    33 – Ота-онани ўлдириш ёки улардан қутилиш

    Гоҳида фарзанд бахтиқаролик қилиб, жоҳиллиги, ғазаби, мастлиги ёки меросга бўлган ҳарислиги ёхуд бошқа бир сабаб туфайли падаркушлик қилади.

    Бу – Аллоҳ ўз раҳматига олмаса, шумлик, нақадар хунук оқибат, ва юзнинг шувутлигидир!

    Булар ота-онага оқ бўлиш кўринишларидан баъзиларигина, холос. Бу қабиҳ ишлар ва разил ахлоқлар оқил, тақволи, солиҳ ва тўғри йўлдаги одамлардан асло содир бўлмайди.

    Ота-онасига оқ бўлган одамдан эзгуликлар нақадар йироқ! Унинг уқубати нақадар яқин! Ёмонликларнинг унга етиши эса нақадар тез!

    Буни ҳамма билиб, ўз кўзи билан кўрмоқда ҳамда ота-онасига оқ бўлган инсонларнинг ҳикоялари ва қандай ёмон оқибатларга дучор бўлганларини эшитмоқда.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962