Бизга боғланинг
Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши
Охират ҳовлиси силсиласи
الشيخ محمد حسان
في رحاب الدار الآخرة
مجيء الرب جل جلاله
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд…
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
«Охират ҳовлиси» силсиласидан бугунги суҳбатимиз ўн иккинчи суҳбат бўлади. Аввалги суҳбатларимизда қиёматнинг баъзи кўринишлари ҳақида сўз юритиб, одамларнинг маҳшаргоҳга йиғилиб турган пайтдаги ҳолатлари ҳақидаги сўзда тўхтаган эдик.
Одамлар маҳшаргоҳга йиғилган, вужудларни ер юзининг энг сўзамол кишиси ҳам тасвирлаб беролмайдиган қаттиқ қўрқув ва ғам-қайғу ўраб олган, тиқилинчдан нафаслар бўғилган, қуёш бош устига бир мил миқдорида яқин келтирилган ва этдан ўтиб, суякларни ҳам эритиб юборишга яқин бўлган..
Одам алайҳиссалом яратилганидан тортиб то қиёмат қоим бўлгунига қадар яшаб ўтган бутун башарият битта майдонга тўпланган.
Ҳамма одамлар амалига ва Аллоҳга яқин-узоқлик ҳолига қараб терга ғарқ ботган..
Жаҳаннамнинг олиб келиб қўйилиши эса бор ғам-қайғуларни чўққисига етказиб қўйган.. Унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади. Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб ўтириб қолишади.
У куни пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким оғиз очиб гапиришга ботинолмайди. Пайғамбарларнинг сўзлари ҳам фақат: «Аллоҳумма саллим, саллим! Эй Аллоҳ! Ўзинг асрагин, Ўзинг саломат қилгин!»дан ўтмайди.
Ана шундай оғир ҳолат юзага келгач, баъзи бир одамлар бир-бирларига мурожат қилиб: «Аҳвол жуда оғирлашиб кетди-ку! Бирор иложини қидирайлик! Ўртамизда тезроқ ажрим ва ҳисоб-китобни бошлашини сўраб, Парвардигорга илтижо қиладиган бирон киши йўқмикин?!», дейишади.
Шундан сўнг Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, бирин-кетин Аллоҳнинг танланган бандалари бўлмиш пайғамбарлар ҳузурига келадилар. Ҳаммалари: «Раббим бугун шундай ғазабланганки, бундан олдин шу қадар ғазабланмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон шу қадар ғазабланмагай. Жоним, жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Фақат биргина Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оғир вазифани ўз зиммаларига олишга рози бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шунда улар менинг ҳузуримга келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизнинг аҳволимизни ва бизга нималар етганини кўрмаяпсизми?! Биз учун Раббингизга воситачи бўлмайсизми?!», дейишади. Шундан сўнг мен туриб: «Майли, мен бу ишга (ҳозирман)», дейман. Сўнг (Раббим ҳузурига) йўл оламан ва Арш остига бориб, Раббимга сажда қилиб йиқиламан. Сўнгра Аллоҳ таоло мендан илгари ҳеч кимга илҳом қилмаган Ўзига айтиладиган мақтовлар ва чиройли ҳамду-санолар (айтиш)ни менга илҳом қилади. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг. Тиланг, (тилагингиз) берилади. Шафоатчи (воситачи) бўлинг, шафоатингиз қабул қилинади», дейилади. Шунда мен бошимни кўтариб: «Эй Раббим! Умматим, умматим (яъни, умматимга раҳм қил)», дейман» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3340, Муслим: №194, Термизий: №2436).
Табарий, Табароний, Байҳақий, Абу Яъло ривоят қилган, Суютий келтирган ва Ибн Абил-Из ал-Ҳанафий далил қилиб олиб келган сур ҳақидаги узун ҳадисда ривоят қилинишича – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис заифдир, чунки ровийлар силсиласида Исмоил ибн Рофиъ бор, жарҳ ва таъдил илми уламолари сўзларига кўра, у заифдир. Яна унда Муҳаммад ибн Зиёд бор, у мажҳулдир. Бироқ, бу ҳадисда юқорида мен келтирган Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадис сиёқига мувофиқлик бордир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шунда мен Арш остида саждага бош қўяман. Кейин менга – Унинг Ўзи яхши билувчи бўлгани ҳолда – «Нима истайсан?», дейилади». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Раббим, менга шафоат ваъда қилгансан, халқларинг хусусида менинг шафоатимни қабул қилиб, улар ўртасида ҳукм қилгайсан», дейдилар. Аллоҳ жалла ва ало: «Мен сени шафоатингни қабул қилдим.. Мен сизларнинг ўртангизда ҳукм қилиш учун бораман», дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кейин мен маҳшаргоҳда одамлар билан бирга туриш учун ортимга қайтаман. Бутун башарият Малик жалла жалолуҳунинг келишини кутади».
Бугун сизлар билан суҳбатимиз мана шу мавзу атрофида кечади.
Вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни қуйидаги бир неча мавзуларга бўлиб оламиз:
- Биринчи: Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши.
- Иккинчи: Қиёмат куни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб гаплашадиган киши.
- Учинчи: Аллоҳ жалла ва алога рўбарў келиш ва китобларнинг берилиши.
Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратишингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.
Биринчи: Парвардигор жалла жалолуҳунинг келиши
Аллоҳ йўлидаги дўстларим!
Ҳеч бирингиз шу дунёда бўлиб турадиган маҳкама жараёнларидан биронтасида иштирок этганмисиз?
Айбланувчиларни олиб келиб, панжара ортига ўткизадилар.. Айбланувчиларнинг яқинлари ва ҳимоячилар билан гавжум маҳкама зали ичра тўсатдан: «Ўрнингиздан туринг, суд ҳайъати келмоқда!», деган эълон эшитилади. Залга сув қуйгандек жимлик чўкади. Қозилар (суд ҳайъати) кириб келиб, ўз ўринларини эгаллайди. Юраклар қинидан чиққудек гурсиллаб ура бошлайди. Қораловчи ва оқловчилар ишга киришади, баҳс-мунозаралар бошланади, далил-исботлар келтирилади. Ҳакамлар (судялар) ҳар икки томоннинг сўзларини диққат билан эшитиб, саволлар беришади. Ўзаро нималарнидир муҳокама қилишади. Кейин суд ҳайъати бир хонага ўтиб, ҳукм чиқариш олдидан бир-бирларининг фикрларини ўрганишади, баҳслашишади. Кейин маҳкама залига қайтиб, мазкур иш бўйича ҳукмни эълон қилишади.
Аллоҳ ҳаққи, шу пайтда маҳкама залида ўтирган одамларнинг юзларига диққат билан боққанмисиз?!
Кўзлар ёшланган.. Юраклар қинидан чиқиб кетаёзган.. Ҳаяжондан нафаслар бўғизга тиқилган.. Ўзаро шивир-шивирлар.. Кўзларда савол назари.. Ҳамманинг кўзи қозида, нима ҳукм чиқараркин, нима деркин, деган ҳадик ҳаммани қамраб олган..
Ваҳоланки, қози ҳам бошқалар қатори ҳамма нарсага Қодир Буюк Подшоҳнинг фақир ва ҳақир бир бандаси!
Ана энди маҳшаргоҳни кўз олдингизга келтиринг.
Даҳшат ва ҳаяжоннинг зўридан юраклар кўкрак қафасидан чиқиб, бўғизларга қадалиб қолган.. Ҳамма халойиқлар, ораларида пайғамбарлар ҳам бор, маҳшаргоҳда йиғилиб, самога тикиладилар, Одил Подшоҳ жалла жалолуҳунинг келишини кутадилар.
Аллоҳ таоло айтади:
«108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз.
109. У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).
110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.
111. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).
Осмон ёрилиб, биринчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келадилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Булутли осмон ёрилиб, фаришталар туширилган (қиёмат) кунини (эсланг)!» (Фурқон: 25).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: Биринчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келади, сўнгра малоикалар маҳшаргоҳдаги халойиқларни ўраб оладилар. Халойиқлар малоикаларни кўрган вақтларида улардан: «Орангизда Парвардигоримиз борми?», деб сўрайдилар. Фаришталар: «Йўқ, У энди келади», дейишади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).
Аллоҳ таоло айтади:
«22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда. 23. (Кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда — ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?! 24. У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур! 25. У Кундаги (Аллоҳнинг) азоби каби ҳеч ким азоблай олмас! 26. Ва У зотнинг (кишан ва занжирлар билан) боғлаши каби ҳеч ким боғлай олмас!» (Вал-фажр: 22-26).
Ўзинг нажот бергайсан эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!! Аллоҳумма саллим, саллим!!
Аллоҳ жалла ва ало Ўзининг улуғлиги ва буюклигига мос келувчи тушиш билан тушиб келади.
Бу ҳақда кўнглингизга келган ҳар қандай кўриниш ва тасаввурларни тарк қилинг, Аллоҳ таоло унинг хилофича бўлади. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11).
Тушиш сифати, юриш сифати, келиш сифати, ғазаб сифати ва шу каби Аллоҳ таолонинг барча сифатларини Унинг Ўзи ёки Пайғамбари қандай айтган бўлсалар, шундай исбот қиламиз (яъни тасдиқлаймиз), таҳриф, ташбиҳ, такйиф, таътил, тамсил қилмаймиз.
Мисол учун, Аллоҳ таоло: «У Ўз аршига ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5), деган.
Уламоларимиз айтадилар: Аллоҳ Ўзи хабар берганидек ва Ўзи хоҳлаган кўринишда ва Ўзи айтган маънода, биз билган маънодаги тушиш ва кўчишдан пок ҳолда ўрнашгандир.
(Шеър мазмуни)
«Арш Уни кўтарувчи эмасдир, курсий Унга суянчиқ ҳам эмасдир.
Аксинча, арш ва уни кўтарувчилар ҳам, курсий ва унинг улуғворлиги ҳам, барча-барчаси Унинг қудрати лутфи билан кўтарилган, Унинг қабзаси билан мақҳур (бўйсундирилган)».
Истиво (кўтарилиш, ўрнашиш) маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол қилиш бидъатдир.
Кимда-ким Аллоҳнинг зоти қандайлигини биламан деб даъво қилса, унинг даъвоси пуч бўлиб қолаверади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).
Жалла жалолуҳ.. Тенги йўқ, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, баробари йўқ.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Аввал ва Охир зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).
«Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир)» (Наҳл: 74).
«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).
Кейин иккинчи осмон аҳли бўлган фаришталар ердаги биринчи осмон фаришталари ва инсу жиннинг (икки) баробарича сонда тушиб келади, сўнг иккинчи осмон аҳли бўлган малоикалар маҳшаргоҳдаги инсу жин ва фаришталардан иборат халойиқларни ўраб оладилар.
Кейин эса учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи осмон аҳли бўлган фаришталар худи шу тартибда тушиб келишади.
Кейин Буюк Подшоҳ жалла ва алонинг аршини кўтарувчи фаришталар аршни олиб тушадилар, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тасбеҳ айтиб: «Субҳана зил-мулки вал-малакут.. Субҳана зил-иззати вал-жабарут.. Субҳана ман катабал-мавта алал-холааиқи ва ла ямуут.. Суббуҳун Қуддусун Роббул-малааикати вар-руҳ.. (Мулк ва подшоҳлик эгаси бўлган Зотни поклаймиз. Иззат ва қудрат эгаси бўлган Зотни поклаймиз. Барча халойиқларга ўлимни битган, Ўзи эса абадий барҳаёт Зотни поклаймиз. У Покдир, Муқаддасдир. Малоикалар ва Руҳ (Жибрил)нинг Раббидир)», дейишади.
Аллоҳ таоло айтади:
«13. Бас, қачон сур бир бор чалинганида. 14. Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида). 15. Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни Қиёмат қойим бўлур!) 16. Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур! 17. Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур. 18. Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-Ҳааққо: 13-19).
Аллоҳ жалла жалолуҳу Ўз курсийсини Ўзи истаган ерига қўяди ва айтади: «Эй инсу жинлар жамоати! Сизларни яратганимдан бери Мен сизларга жим қулоқ солдим, сўзларингизни эшитиб, ишларингизни кўриб-кузатиб келдим. Бугун энди Менга қулоқ солинглар! Мана, сизларнинг амалларингиз. Саҳифаларингиз сизларга ўқиб берилади. Ким яхшиликни топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқача топса, фақат ўзини айбласин!».
Кейин Аллоҳ жалла ва ало айтади:
«60-61. Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у
сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб
буюрмаганмидим?!
62. Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир
ақл юритувчи бўлмадингизларми?!
63. Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!
64. Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда
(жаҳаннамга) кирингиз!
65. Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 60-65).
Биласизларми, Аллоҳ таоло бандалари ичидан биринчи бўлиб ким билан сўзлашади?
Суҳбатимизнинг иккинчи моддасида шу ҳақда сўз боради.
Иккинчи: Қиёмат куни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб гаплашадиган киши
Бутун халойиқлар ана шундай ғоят оғир ҳолатда турганларида Аллоҳ таоло биринчи бўлиб Одам алайҳиссаломга хитоб қилади. «Саҳиҳайн»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Аллоҳ қиёмат куни: «Эй Одам!», деб хитоб қилади. Одам алайҳиссалом: «Лаббайка ва саъдайк, ҳамма яхшиликлар Сенинг қўлингда эй Парвардигор!», деб жавоб беради. Аллоҳ азза ва жалла: «Дўзахга юборилувчиларни чиқар!», дейди. Одам алайҳиссалом: «Кимлар у дўзахга юборилувчилар?», деб сўрайди. «Ҳар минг кишидан тўққиз юз тўқсон тўққизтаси жаҳаннамга, биттаси жаннатга!», дейди Аллоҳ таоло». Бу эса гўдаклар (ғамнинг зўридан) кексайиб қоладиган кунда бўлади. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир».
Бу гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини жуда қийин аҳволга солиб қўйди.
Бир ривоятда: «Қавм бутунлай умидсизликка тушиб, кулгуни эсдан чиқариб қўйди».
Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари йиғлаб: «Ё Расулуллоҳ! Қайси биримиз ўша бир киши?», деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Хурсанд бўлингиз! Хурсанд бўлингиз! Тўққиз юз тўқсон тўққизтаси Яъжуж ва Маъжуждан, бир киши эса сизлардан».
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг тўртдан бири бўласизлар». Биз шунда такбир айтиб юбордик.
Кейин дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг учдан бири бўласизлар». Биз яна такбир айтиб юбордик.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен умид қиламанки, сизлар жаннат аҳлининг ярми бўласизлар. Сизларнинг бошқа умматлар ичидаги мисолингиз худди қора ҳўкиз терисидаги оппоқ тук ёки эшакнинг оёғидаги (тиззасидаги) қадоқ мисолидир» (Бухорий: №6530, Муслим: №222).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига хитоб қилиб деди: «Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз». Эй Аллоҳ! Эй бизларни тавҳид аҳлидан ва пайғамбарлар саййиди умматидан қилиб яратган Зот! Сенга беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Шундан сўнг Парвардигор таборака ва таоло: «Эй Нуҳ!», деб хитоб қилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда улар унинг етказган эканига гувоҳлик берадилар, пайғамбар эса сизлар устингизда гувоҳ бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа).
Ибн Можа ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ менинг умматимдан: «Нуҳ — қавмига етказганини сизларга ким хабар берди?», деб сўрайди. Шунда уммат: «Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга барча пайғамбарлар ўз қавмларига етказганларини хабар берганлар, биз у зотни тасдиқлаганмиз», дейдилар» (Шайх Албоний санадини саҳиҳ санаган).
Сўнгра Ийсо алайҳиссаломни чақирилиб, унга: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?», дейилади (Моида: 116).
Нима учун Аллоҳ таоло бу саволга пайғамбарлари орасидан Ийсони хослади?!
Чунки, қайси бир пайғамбар қавмига юборилган бўлса, қавмидан айримлар унга иймон келтиришган, айримлар инкор қилишган. Фақат Ийсо алайҳиссаломнинг қавми ундай қилмади. Балки, улардан баъзилари Ийсони Аллоҳ деб даъво қилишди. Баъзилари эса Ийсони Аллоҳнинг ўғли дейишди. Яна баъзилари эса Аллоҳни қўйиб, Ийсо ва унинг онасини худо қилиб олишди.
Хўш, худо ҳам ейдими, ичадими?! Худо ҳам оила қурадими?! Худо ҳам қазои ҳожатини ўтайдими?! Ибнул Қаййимни Аллоҳ раҳмат қилсин, нақадар гўзал сўзларни айтганлар:
Шеър (мазмуни):
Унинг жавобини сиздан кутамиз.
Агар илоҳ бир қавмнинг қўли билан ўлса
Уни илоҳ деб аташ мумкинми?!
Қизиқ, қабр худони ўз бағрига олса?!!
Ундан ҳам қизиқроғи, она қорни уни кўтарса!!
У ерда тўққиз ойни ўтказса,
Зулматлар ичра ҳайз қонидан озиқланса?!!
Заиф ва ночор гўдак ҳолида дунёга келса,
Очликдан чинқириб, кўкракка талпинса?!!
Еса, ичса, кейин ҳожат танг қилса?!!
Илоҳ шундай бўладими?!!
Насронийларнинг бўҳтонидан Аллоҳ покдир!!
Эртага улар бу қилмишларига жавоб бергайлар!!
Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг дилингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан. Мен уларга фақат Ўзинг амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени (нг ердаги) муддатимни туганганингдан (ва Ўз ҳузурингга мени тириклайин кўтарганингдан) кейин эса Сен Ўзинг уларнинг устида кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни Қиёмат Куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган. Кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир» (Моида: 116-119).
Кейин барча пайғамбарларни чорланади.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?» — деб сўрайдиган кунида, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг билимдонисан», дейдилар» (Моида: 109).
Аллоҳ таоло айтади: «Энди албатта пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз» (Аъроф: 6).
Эй яхшилар! Расуллар, набийлар, шаҳидлар сўроққа тутилганда сиз билан биз сўралмай қоламизми?!
Аллоҳ таоло айтади:
«68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.
69. Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди.
70. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди, (Аллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши билур» (Зумар: 68-70).
Шундан сўнг Аллоҳ жалла ва алога рўбарў бўлиш ва амалларнинг ҳисоб-китоби бошланади.
Суҳбатимиз давоми шу мавзуда давом этади.
Иккинчи хутба
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.
Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.
Аммо баъд…
Учинчи: Аллоҳ жалла ва алога рўбарў қилиниш ва китобларнинг берилиши
Севикли биродарларим!
Шундан сўнг ҳисоб бошланади. Ҳисобнинг бир неча босқичи бордир. У энг аввал, Одил Подшоҳ ҳузурида туриш ва У зотга рўбарў бўлиш билан бошланади.
Тасаввур қилинг, маҳшаргоҳда, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида, қилган барча ишларингизга ҳисоб бериш учун турибсиз! Атрофингизда малоикалар, бутун маҳшар аҳли йиғилган.. Пайғамбарлар, малоикалар, жинлар.. Ҳамма жимжит!! Ҳамма қўрқувда!! Мангу Барҳаёт ва абадий Турувчи Зотнинг улуғворлиги ва ҳайбати ҳамма ёқни эгаллаб олган!!
Тўсатдан овоз эшитилади:
– Фалончи ўғли Фалончи қаерда?!
– Мееен?!! Бу менинг исмим-ку.. Нима истайсиз, эй малоикалар?
– Аллоҳ азза ва жаллага рўбарў қилиниш учун яқин кел!!
Маҳшаргоҳ ичра, барча халойиқлар кўзида сизни олиб кетиш учун вакил қилинган малоикалар ортидан юриб борасиз. Чақирувдан юрагингиз ёрилишга яқин бўлган, қўрқувдан юзингиз сарғайиб кетган, бутун вужудингиз қалтирайди.. Ўзингизни Аллоҳ жалла жалолуҳу олдида кўрасиз, У зот сиз билан ўртада таржимонсиз сўзлашади.
«Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари).
Яъни, Аллоҳ йўлида яримта хурмо садақа қилиб бўлса-да, Аллоҳнинг азобидан қутулингиз.
Аллоҳ таборака ва таоло амаллар саҳифаларини беришга амр этади, ҳар бир инсон номаи аъмолини қўлга олади.
Ушбу саҳифада сиз ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!!
Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча гуноҳларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!!
Қанча-қанча яшириб ўтган қилмишларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!!
Дунёдалик пайтимизда Парвардигоримиз тоатида сустлик қилганимизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиламиз у куни!!
Парвардигор азза ва жаллага қулоқ солинг, У айтади:
«47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик.
48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни қоим) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»
49. (Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 47-49).
Эй мусулмон!
Тасаввур қил, ҳисоб кун маҳшаргоҳ ичра,
Туришингни даҳшатдан вужудинг титраб..
Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,
Гуноҳкор бандани бағрига чорлар.
Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:
«Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!
Кўргинчи, бормикан унда лоақал,
Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»
Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,
Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:
«Эй фаришталарим, ушлангиз уни,
Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».
Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,
Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.
Шу нуқтада, яъни Аллоҳ азза ва жаллага арз – рўбарў қилиниш кўриниши устида бугунги суҳбатимизни якунлаймиз. Аллоҳ муваффақ қилса, келгуси суҳбатимизда қуйидаги мавзуларда сўзимизни давом эттирамиз:
Арз қандай шаклда бўлади? Ҳисоб қандай амалга оширилади? Аллоҳ таоло қиёмат куни мўмин бандани қандай ҳисоб қилади? Мўмин ўз китобини қандай ўқийди? Аввал яхши амаллар кўринадими, ёмон амалларми? Аллоҳ мўмин бандага нима дейди? Аллоҳ кофир бандани қандай ҳисоб қилади? Кофир ўз китобини қандай ўқийди?
Улуғ арш соҳиби бўлган Буюк Аллоҳдан оқибатларимизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодирдир.
2011 йил 23-сентябр